LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

05 Jun 2023

    Инсон саломатлигининг қарийб 20% атроф-муҳитнинг тозалигига боғлиқ. Атроф-муҳитни ифлослантирувчи омиллар эса инсон ва унинг фаолияти.

    Соғлиқ ҳақида гап кетганда, энг аввало биз табиат, хусусан унинг бирликлари тупроқ, сув, ҳавонинг инсон ҳаёти ва саломатлигини таъминловчи муҳим омиллар эканлигини чуқур англашимиз лозим. Чунки биз тупроқда ўсиб етилган овқатликларни истеъмол қиламиз, сув билан чанқоғимизни қондирамиз, ҳаводан нафас оламиз. Шу боис уларни турли чиқиндилар билан ифлосланишдан сақлашимиз керак. Акс ҳолда, улар турли касалликларнинг сабабчилари бўлиши мумкин. Шунинг учун жойларда мунтазам равишда атроф-муҳитни тозалигини асраб авайлашга қаратилган тадбирлар олиб бориш, соғлом турмуш тарзи тарғиботида ниҳоятда муҳимдир. Бу ишлар кенг жамоатчиликнинг бевосита иштирокида олиб борилиши лозим бўлганлиги учун жамоат санитарияси дейилади. 

     Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра жамики касалликларнинг 85%  бевосита сув билан боғлиқ. Сувнинг аҳамиятли томонига қараётганлигимизнинг сабаби шундаки, агарда тегишли эҳтиёт чоралари кўрилмаса, сув орқали кўпгина юқумли ичак касалликлари тарқалиши мумкин.  Сув манбааларини ҳожат ва чиқиндилардан эҳтиёт қилиш, ёзги мавсумларда фақат қайнатилган сув истеъмол қилишини таъминлаш, болаларни қайнатилган сув ичишга одатлантириш юқумли касалликларни олдини олувчи энг асосий тадбирлардан биридир.  Бунинг учун эса энг асосий талаб хожат билан тупроқни, сув манбааларини ифлосланишига йўл қўймасликдир.

    Индустрияси ниҳоятда ривожланган катта шаҳарлар ва саноат марказларининг атмосфера ҳавосидаги  чанг, тутун, қурум ва туманлар баъзи вақтларда осмонни қоплаб туради. Бу ҳолат қуёш нурларини тўсиб қўйиб, ер юзига улътрабинафша нурларини ўтишига йўл бермайди. Улълтрабинафша нурларини ер юзига етарли миқдорда тушмаслиги, ўз навбатида турли касалликларни, айниқса болаларда рахит касаллигини келтириб чиқаради. Ҳавонинг доимо тутун, туман билан қопланиши кишиларнинг асабига, беморларнинг кайфиятига салбий таъсир кўрсатади.  

    Атмосфера ҳавосидаги чанг заррачалари инсон организмига нохуш таъсир қилади. Чангларнинг асорати уларнинг таркибидаги кимёвий моддаларнинг биологик активлигига, табиатига, физик жиҳатига узвий боғлиқ. Масалан, ҳаводаги чанг таркибидаги қўрғошин, маргимуш, марганец, кадмий, фтор аэрозоллари доимий равишда организмга тушиб тургач, сурункали касалликларга олиб келиши аниқ. Айниқса, радиоактив хусусиятга эга бўлган чанглар ўта хавфлилиги билан ажралиб туради. 

    «Тоза ҳаво – танга даво» деган ҳикмат ҳаммага маълум. Тоза ҳаво-ҳисобига танада қон тозаланади, тери эркин “нафас” олади. Соф ҳаво қуёшнинг иссиқ нурини ўзида сақлаб қолади, у ерга намлик беради. Тоза ҳаво моддалар алмашинуви жараёнига, танамиздаги иссиқлик алмашинуви ҳамда физиологик жараёнларга ижобий таъсир кўрсатади.

    Ҳулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, хар бир инсон соғлом умр кўришни истаса, авваломбор ташқи муҳит, табиатнинг соғлом бўлишини таъминлашга бор илм ва малакасини бағишлаши даркордир. Ана шундагина она табиат ўз инъомларини дариғ тутмайди.     

                                        

Учқудуқ туман СЭО ва ЖСБ ходими

Н.Ж.Канатбаева

02 Jun 2023

     Ёшларимизнинг бугунги кунда ўқишга, билим олишга бўлган қизиқишлари, доимий изланишлари, илм-фанга, тараққиёт чўққиларини эгаллашга интилишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.

  Айни шу кунларда тумандош ёшларимиздан 345 нафари 11-синфни тамомлаётган бўлса уларнинг 30 нафари яратилган ана шундай имкониятлардан унумли фойдаланишди. Тенгдошлари қайси олийгоҳнинг  қандай йўналишини танласам, экан дея сўнгги қарорни қабул қилишаётганида  улар талабалик мақомига эга бўлишди.

  Ҳа, талабалик аслида бахт! Лекин муддатидан олдин талаба бўлиш нафақат ўқувчининг балки ота-она, устоз ва тумандошлар учун ҳам улкан ғурур, юксак шарафдир.  Бугун шундай билимга чанқоқ, изланишдан чарчамайдиган билимдон ёшларни  таништиришдан мамнунмиз.

3-ихтисослаштирилган давлат умумий ўрта таълим мактаби битирувчилари Дамир  Сапаров  - Бухоро давлат халқаро осиё университети,   Лилия Отаева - Россия давлат авиация университети, Зарина Ғафурова - WEBSTR университети, Севинч  Жўрақулова - BRITSH MANAGEMENT университети, Қирмизай Берекетова  - PERFECT университети талабалар сафига қабул қилинган.

7-МФЧЎИДУ мактаби битирувчилари Шоҳруҳ  Бахтиёров - Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Ферузабону  Абдувохидова - Бухоро давлат халқаро осиё университити, Дилшод  Исроилов – Тошкент - Британия университети, Шамшод  Нутфуллаев - Полшанининг Вистула менежмент университети  ҳамда Сингапур менежмент университети, Равшан Турсунов - Бухоро давлат халқаро осиё университетига ўқиш имкониятини қўлга киритган.

9-мактаб битирувчиси  Манзура  Мирзаева Тошкентдаги  Британия менеджмент университети, 10-мактаб битирувчилари Жавлонбек  Нусратуллаев - International Digital университети, Севинч Абдураҳмонова - British Management университети, Хушноза  Муҳаммадова  - Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Дурдона Холбўтаева - British Management университети, Суҳроб  Ғаффоров - International Agriculture университети, Жавоҳир  Шодмонов - International Digital университетига муддатидан олдин талабаликка  қабул қилинган.

18-мактаб битирувчилари Шуҳрат  Каримов - Навоий давлат педагогика институтига, Сарвар  Қўлдошев- British Management университетига ўқишга кирган.
Шунингдек, 20-мактабнинг  энг кўп яъни 11 нафар битирувчиси турли нуфузли олийгоҳларга муддатидан олдин талабаликка қабул қилинган. Жумладан,  Саиджон  Латипов - Аlfraganus университети, Беҳруз  - Ҳайитов - Аlfraganus университети, Улуғбек Ахатов - International Digital университети, Ферузжон  Ғаффоров - Аlfraganus университети, Моҳинабону  Мамаюсупова -  Аlfraganus университети, Севинч  Толипова - Аlfraganus университети,  Жасмина  Юсупова - Аlfraganus университети, Шаҳина  Бахшуллаева - Аlfraganus университети, Рухшона Бахтиёрова - Аlfraganus университети, Беҳруз  Ҳайитов -  Аlfraganus университети, Улуғбек  Ахатов -  International Digital университетига талабаликка қабул қилинган.

Бугун кўплаб тенгдошларига ўрнак бўлаётган ёшларимиз сафи йилдан йилган кенгайиб борар экан бунинг ортида меҳнати чексиз бўлган юқори малака ва тажрибага эга устозларнинг ҳиссасини алоҳида эътироф этиш жоиз. Юртимиз келажаги ва умиди бўлган сиздек ёшларга бутун Учқудуқ аҳли омад ва баланд парвозлар тилайди.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

02 Jun 2023

Гул ҳаётни асранг, одамлар,

Асрангерни, сувни, ҳавони.

Тинчликберингуларгафақат,

Болаларгаберинг, дунёни!.

 

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни!

 

Бола – будунё, бола – буҳаётмазмуни. Болаларўзтабассумибиланинсонларқалбидаҳаётга, яшашгақизиқишуйғотади. Кўзларидаэзгуликвамеҳрқалқибтурганболажонмусаффоосмондаэркинпарвозэтаётганқалдирғочгаўхшайди.

Мамлакатимизда 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни кенг нишонланиб, келажак эгалари учун турли тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилади. Ушбу азалий анъанага содиқ қолган ҳолда Учқудуқ туман ҳокимлиги томонидан тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болажонлар учун “Пирамида” кафесида  “Болаларга беринг дунёни” деб номланган байрам тадбири ўтказилди.

Тадбирда туман ҳокими С.Хамроев, туман прокурори Р. Рахматовлар иштирок этиб, болажонларни байрам билан қутлаш баробарида, келажакда юртга муносиб фарзанд бўлиб етишишлари учун тинмай ўқиб-изланишлари ва ўз касбининг моҳир устаси бўлиб етишишлари кераклигини таъкидлашди.Болаларга турли совғалар улашилди.

“Қизилқум” маданият уйи бадиий жамоалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқ ва рақслар болажонларга жўр бўлишди. Албатта, ўтказилган тадбирдан олам-олам завқ олган болажонларнинг кўзларидаги қувонч эртанги келажакка ишончдир.  

Шунингдек, сана муносабати билан 2-сонли “Каптарча” ДМТТ да ҳам "Мустақил юрт эртасимиз, истиқлолнинг эркасимиз" мавзусида маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда муассаса тарбияланувчилари томонидан бахтли болаликни, истиқлолни, она Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқ ва рақслар ижро этилди. Кичкинтойларга совғалар, ширинликлар улашилди.

Мухтасар айтганда, байрамни нишонлашнинг асосий мақсади – улғайиб келаётган ёш авлоднинг келажакда маънан бой, жисмонан соғлом ва ахлоқан пок бўлиб вояга етказишдир.

Жанагул БУЛЕКБАЕВА,

туман маънавият ва маърифат бўлими раҳбари.

02 Jun 2023

  Ҳар бир инсон атрофдагиларга хайрихоҳ, ҳалол бўлиб, барча муносабатларини одоб-ахлоқ нуқтаи назаридан тартибга солса, у жамиятда ҳурмат қозонади  ўз ўрнига эга бўлади.

   Одатдагидай  галдаги газета сонини режалаштириб, ҳар биримиз ўзимизга берилган вазифани бажаришга киришганимизда таҳририят эшиги очилиб, бир киши  кириб келди. У  узоқ йиллар  Шимолий кон бошқармаси “Шарқий” конида ишлаган бугуннафақадаэканлигини айтиб, ўзини Нартай Жанаев деб таништирди.

   Ташрифидан мақсади “Шарқий” конида фаолият юритаётган бир инсон ҳақида ёзишимни илтимос қилди.Самимий айтилган сўз мени руҳлантирди, қалам тебратишга иштиёқимни оширди, қалбимга нур олиб кирди. Мен мамнуният билан ёзишни бошладим.

   Шерали Жўраев Шимолий кон бошқармаси “Шарқий” кон 3-сонли касаба уюшмаси раиси бўлиб ишлайди. У 1987  йилда Хатирчи туманида оддий оилада туғилган. Учқудуқ туманидаги 7 – мактабни тугатган. 2003-2006 йилларда Кончилик коллежининг электр жиҳозларини таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш йўналишинитамомлаган. 2006 йилда “Шарқий” конига электр жиҳозларини таъмирлаш бўйича навбатчи чилангар бўлиб ишга жойлашган. Иш  ва ўқишни биргаликда олиб борган қаҳрамонимиз  аввалига Саноат  техникумида ҳозирда эса Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг сиртқи бўлимида таҳсил олмоқда.

Шерали Жўраев бир ярим мингдан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилаётган  корхонада меҳнат хавфсизлигига риоя этилишининг устидан назоратни кучайтириш, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, маънавиятини юксалтириш, уларни оммавий тарзда жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш ишларига бош бўлмоқда. Шунингдек,ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳам қўмита раисининг устувор вазифалари сирасига киради.

Бу каби вазифаларни ёш бўлса-да,  Шерали Жўраев аъло даражада уддаламоқда-ки, жамоадошлари ҳар бир масалада яхши ёки ташвишли кунларида ҳам ундан  маслаҳат кўмак сўрайди. Корхона ходимлари хоҳишига кўра сайланган  теран билимли ва жўмард касаба уюшмаси раиси Шерали Жўраев ҳар бир масалада  ўзлари ишониб сайлаган жамоадошларига хайрихоҳ.  Ёрдамини яхшиликларини аямайди.

Абдимурат Мирзакелдиев ва  Сабит Сатановлар билан елкама-елка фаолият юритаётган Шерали Жўраев йиллар давомида тўплаган билим ва тажрибасини ёшларга ўргатишдан чарчамайди, шундан-ми доимо катта кичикнинг бирдек ҳурматига сазовор бўлиб келмоқда.

Ҳақиқатдан ҳам Шерали қизиШаҳрибону, ўғиллари Зафарбек ва Муҳаммаднинг  беғубор кулгусидан, турмуш ўртоғи Дилшодахоннинг меҳру- муҳаббатидан ишда муваффақиятларга эришиб шукроналик билан умргузаронлик қилмоқда.

Шохрух Усмонов,

ЎзДЖТУ 2- курс талабаси.

02 Jun 2023

       Тарвуз — инсон организми учун энг фойдали маҳсулотлардан ҳисобланади. Айниқса иссиқ кунларда тамадди учун ушбу резавордан бошқа фойдали ва енгил ҳазм бўлувчи маҳсулотни топиш қийин.

      Бироқ тарвуз етарли даражада пишмаган ёки уни етиштиришда кимёвий ўғитлардан кўп фойдаланилган бўлса, саломатлик учун жиддий хавф туғдириши турган гап.

Хўш, дориланган тарвуз нимаси билан хавфли? Ундан заҳарланмаслик учун нималарга эътибор қаратиш лозим?

 Маҳсулот пишиб етилишидан 30 кун олдин унга кимёвий препаратлар берилиши мумкин эмас. Ваҳоланки, бугунги кунда терилишига 1 ҳафта қолганда ҳам кимёвий моддалар ишлатилади. Агар бемор хасталанганидан кейин бевосита унинг қонида микробирикмалар юқори бўлса ёки кимёвий моддалар топилган бўлса, шу моддадан заҳарланиш деб ташхис қўйилади. Масалан, нитратлар тарвузда 60 мг/кг, қовунда 90 мг/кг бўлиши меъёр ҳисобланади.

   Бугунги кундаги амалиётда полиз экинларидаги кимёвий моддаларнинг меъёрдан кескин фарқ қилиши жуда кам ҳолатларда учрайди. Меъёрда бўлганда одамга салбий таъсири кузатилмайди. Кўп ҳолатларда бемор бўлганларнинг еган полиз маҳсулотлари текширилганда улар меъёрдан ортиқ чиқмайди. Кўпинча иккиламчи ифлосланиш ҳисобига заҳарланиш кузатилади.

— Ҳўл мева-сабзавотдан заҳарланиш белгилари қандай?

— Бугунги кундаги юқумли касалликлар шифохоналарига келаётган аксарият ҳолатдаги беморлар қайт қилиш, кўп сув йўқотиш, ич кетиш, ҳолсизлик тана ҳароратининг кўтарилиши каби белгилар билан тушишади.

Ўткир юқумли ичак хасталикларига дучор бўлганлар организмидан кўп сув йўқотиши, қонидаги калий, натрий балансининг бузилиши мумкин. Заҳарланиш сурункали хасталиги бор беморлар, кексалар, ҳомиладор аёллар ва иммун тизими суст бўлган болаларда оғир кечиши кузатилиши мумкин.

— Беморга қандай биринчи ёрдам кўрсатиш тавсия этилади?

— Энг асосий омил бу – суюқлик ичиш. Имкон бўлса, рингер суюқлигини ёки озгина ош тузи ва қисман шакар қўшилган сувни ичиш керак ва албатта тезроқ тиббиёт ходимларига мурожаат этиш зарур.

Учқудуқ туман СЕО ва ЖСБ мутахассиси: М. Расулова

01 Jun 2023

    Куни-кеча туман ҳокимлигида ўтказилган “Очиқ мулоқот” давомида  ҳудуддаги 14 та ҳоким ёрдамчилари фаолияти таҳлил қилинди.

  Бежизга маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси лавозимига ўрта бўғим давлат хизматчилари тайинлангани йўқ. Улар уйма-уй юриб, хар бир хонадоннинг ҳолатини ўз кўзи билан кўриб, иқтисодий аҳволи бўйича таҳлил қилиш имкониятига эга.

   Натижада ҳақиқий эҳтиёжманд ва боқувчисини йўқотган оилалар, ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш, айниқса ёшлар ва аёлларни ишга жойлаштириш ҳамда  берилаётган имтиёзларни  аҳолига тўғри ва шаффоф етказилиши бўйича  тажрибага эга мутахассислардир.

IMG 20230602 121317 509

Ҳоким ёрдамчилари томонидан биринчи босқичда маҳаллалардаги 10495 та хонадонлар хатловдан ўтказилиб, ижтимоий-иқтисодий аҳволига кўра 4 та тоифага ажратиб олинди. Хатловда аҳолининг касб-ҳунарга ўқиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш, кредит олиш ва бошқа истаклари ўрганиб чиқилди.

Албатта, бу саъй ҳаракатлар  аввало, ҳудудлар ривожига хизмат қилиши, аҳоли турмуш тарзи, ҳаётида ўз аксини топиши лозим.

 

- Учқудуқ туманилаги 14 та маҳаллада ҳам бугун тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга энг устувор вазифа сифатида қараляпти, - дейди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими  бошлиғи Дилшод Шакаров, - Жорий йилнинг беш ойида оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 213 та жисмоний ва юридик шахсга 5237,2 млн. сўм кредит ажратилган. Масалан, "Дўстлик" маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Бекзод Аҳроров тавсияси асосида маҳаллада яшовчи Нуриддин Ҳақбердиев томонидан ташкил этилган SAMFORT MEBEL UCHQUDUQ MCHJ   мебель ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйиши учун "Микрокредит" Учқудуқ банк хизматлари маркази  томонидан  1 млрд.сўм имтиёзли кредит ажратилган. Ушбу фаолият йўлга қўйилиши ҳисобидан 10 нафар ишсиз фуқаро бандлиги таъминланди.

IMG 20230602 121317 626

Соҳаларни таҳлил қиладиган бўлсак, туманда ишлаб чиқариш йўналишида 34 нафар фуқарога 971,6 млн. сўм, хизмат кўрсатиш йўналишида 176 нафар фуқарога 4 171,9 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит берилган.

Алоҳида таъкидлаш лозим, тегишли банклар томонидан ажратилаётган микрокредитлар маҳаллада бирор фаолиятни йўлга қўйиш, шу билан оила аъзолари ёки 3-4 фуқаронинг бандлигини таъминлаш имконини беряпти. Масалан, "Дўстлик" маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Бекзод Аҳроров тавсияси билан маҳаллада яшовчи RASUL SHAX SULTAN MCHJ сувни қайта ишлаб аҳолига етказиб бериш фаолиятини йўлга қўйиши учун "Микрокредит" Учқудуқ банк хизматлари маркази  томонидан  160 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Ушбу кредитнинг 68 миллион сўм ўз маблағи ҳисобидан маҳалла марказида сувни филтрлаш хонаси  ишга туширилиб, оиласи даромад манбаига эга бўлди.

Туманимизда ҳоким ёрдамчилари томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида олиб борилган ишлар натижасида ўтган беш ой давомида 1526 нафар аҳоли бандлиги таъминланди. Уларнинг 463 нафари доимий ишлар, 768  нафари ўзини-ўзи банд қилиш, 123 нафари мавсумий, 37 нафари якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари ва 138 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.

Жорий йилнинг беш ойида оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 38 та жисмоний ва юридик шахсга 1743,0 млн. сўм кредит ажратилган. Масалан, Мустақиллик МФЙ маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Ҳ.М.Ўсаров тавсияси асосида маҳаллада фаолият юритувчи “UCHQUDUQ AVTO TEX 2222” MCHJ  автомобилларга техник ёрдам кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйиши учун Учқудуқ туман “Микрокредитбанк” хизматлари маркази томонидан  113,0 млн. сўм имтиёзли кредит ажратилган. Ушбу фаолият йўлга қўйилиши ҳисобидан 5 нафар ишсиз фуқаро бандлиги таъминланди.

“Мустақиллик” маҳалласининг яна бир  ишсиз фуқароси Мохичеҳра Бердиева ҳунармандчиликнинг миллий либослар тайёрлаш фаолият тури бўйича давлат рўйхатидан ўтиши юзасидан кўмак сўраган. Ҳоким ёрдамчиси Ҳ. Ўсаров унга йўл-йўриқ кўрсатиб, фаолият бошлашига ёрдам берди. Натижада маҳалладаги 2 нафар ишсиз фуқаро ишли бўлди.

IMG 20230602 121318 093

Шунингдек, қандолатчилик махсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “Firoj Uchquduq” MChJ да бугунги кунда 10 та иш ўрни яратилган. Мазкур корхона фаолиятини йўлга қўйишда маҳалла ҳоким ёрдамчиси Ҳ.Ўсаров томонидан ҳам ҳуқуқий ҳам амалий  йўл-йўриқлар кўрсатилди. Аниқроғи, тадбиркорга 300,0 млн. сўм имтиёзлик кредит расмийлаштиришида амалий кўмак берилиши натижасида бугун корхонада 20 дан ортиқ қандолатчилик махсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.

Учқудуқ туманида касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқишга 107 нафар фуқаро йўналтирилиб, «Ишга марҳамат» мономаркази ва бошқа нодавлат таълим муассасаларида ўқишни тамомлади.

Январь-май ойида 25 нафар банд бўлмаган фуқароларга шундан “Ёшлар келажагимиз” давлат дастури доирасида 11 нафар ёшларга 104,6 млн. сўмлик субсидия ажратилган.

Ҳоким ёрдамчилари тавсияси билан 5 нафар ишсиз фуқарога 20,7 млн. сўмлик асбоб-ускуна ва жиҳозлар олиб берилган бўлса 9 нафар фуқарога 5,1 млн. сўм миқдоридаги маблағ туман “Ҳунармандлар” уюшмасига аъзолик бадали тўлаб берилган. Ҳисобот даврида жами 50 нафар учқудуқликларга  130,4 млн. сўм субсидия ажратилган.

Ҳоким ёрдамчиларига яратиб берилган шароит ва молиявий дастаклар қисқа даврда, уларга маҳалла аҳли билан ижобий муносабат ўрнатиш имконини бериб, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлари натижадорлигини оширди.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ

 

31 May 2023

photo 2023 05 27 00 19 24
Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга йўналтирилган ижтимоий ҳимоя сиёсати доирасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ушбу ислоҳотлар доирасида пенсия тизимини такомиллаштиришга, пенсиялар миқдорини мунтазам ошириб боришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Жумладан, фуқароларнинг оворагарчилигини бартараф этиш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш, шунингдек қонунчилик базасини такомиллаштириш мақсадида фуқаронинг 2005 йил 1 январдан аввалги давр учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида, ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан пенсия тайинланмоқда.
Шунингдек, пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча яшаш жойи бўйича тайинланиши ва тўланиши йўлга қўйилган. Уч йил ва ундан аввал тайинланган, қайта ҳисобланган пенсияларнинг текширилишига йўл қўйилмайди. Аёлларга пенсия ҳисоблашда уларнинг болани парваришлаш таътилида бўлиш вақтидаги қўшиб ҳисобланадиган иш стажи даври икки баробарга, яъни уч йилдан олти йилга оширилганлиги пенсия тизими ислоҳотидаги муҳим қадамлар бўлди.
Шу билан бирга, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш ҳамда фуқароларнинг пенсия миқдорлари мамлакатнинг иқтисодий кўрсаткичларига мувофиқ изчил ошириб борилишини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Ҳозирги кунда туманимизда пенсия ва нафақа олувчилар сони 4267 нафарни, шундан, ёшга доир пенсия 3196 нафарни, ногиронлик пенсияси 565 нафарни, боқувчисини йўқотганлик пенсияси 237 нафарни, 18 ёшгача болаликдан ногиронлар 149 нафарни, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ижтимоий нафақа олувчилар 53 нафарни, болаликдан ногиронларга қаровчи парваришлаш нафақаси олувчилар 67 нафарни ташкил қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 майдаги “Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5102-сонли Қарорига асосан, 2023 йил 1 январдан бошлаб, давлат пенсияларини тайинлаш учун фуқаролардан фақат паспорт ёки идентификация ID-картаси талаб этилиши белгиланган бўлиб, давлат пенсияларини тайинлаш Ягона Миллий меҳнат тизимига киритилган электрон маълумотлар асосида амалга оширилмоқда. Бунда, меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатлар Пенсия жамғармаси томонидан ягона миллий меҳнат тизимидан фойдаланган ҳолда электрон маълумотлар алмашинуви асосида олинмоқда. Бу эса, фуқароларнинг аввал ишлаган корхона ва ташкилотларидан ҳамда архив идоларидан бир неча ойлаб ҳужжат йиғиб, овора бўлишининг олди олинмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 23 мартдаги 119-сон қарорига асосан “Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган айрим тоифадаги шахсларга нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди. Ушбу Низом билан, ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга ногиронлик нафақаси ҳамда парваришлаш нафақаси тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан пенсия жамғармасининг ахборот тизимига юборилган электрон маълумотлар асосида «проактив шакл»да, яъни фуқаронинг бирор бир шаклдаги мурожаати талаб этилмасдан тайинлаш жорий этилди.
Шунингдек, ногиронлик нафақаси, боқувчисини йўқотганлик нафақаси ҳамда ёшга доир нафақалар давлат хизматлари марказлари ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш натижасида ахборот тизими томонидан инсон омилисиз автоматик тарзда тайинлаш йўлга қўйилди.

2022 йил 19 сентябрдаги 791-сонли Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, 2023 йил 1 январдан, ёшга доир, ногиронлик ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсияларини ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг энг кўп миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробаригача оширилди. Натижада, туман бўйича 1837 нафар фуқароларнинг пенсияси 1000 сўмдан 950 минг сўмгача оширилди.
Шунингдек, 2022 йил 26 октябрдаги 795-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни билан киритилган ўзгартишга кўра, фуқарога I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейин камида 1 йил иш стажига эга бўлса, унинг аризаси асосида иш стажи ва иш ҳақи инобатга олинган ҳолда пенсия ҳар икки йилда бир маротаба қайта ҳисоблаб чиқилиши жорий қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 мартдаги “Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги ПФ-45-сонли фармонига асосан, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар миқдори 7 фоизга оширилди. Бу фармон асосида, туман бўйича 4297 нафар фуқароларнинг пенсия ва нафақалари қайта ҳисобланиб, апрел ойидан оширилган миқдорда тўлаб келинмоқда.
Мамлакатимизда аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар ва ёрдамнинг манзиллилигини янада ошириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тартиб-таомиллари босқичма-босқич рақамлаштирилмоқда.
Президентининг 2020 йил 4 августдаги “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4797-сонли қарорига асосан, 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб, кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва уларни тайинлаш “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда ижтимоий нафақа олувчилар сони 356 нафарни, шундан, болалар нафақаси 343 нафарни, моддий ёрдам олувчилар сони 13 нафарни ташкил қилади.
Юқорида айтиб ўтилган барча тоифадаги пенсия ва нафақа олувчиларга туман бўйича бир ойда 9 млрд. 710 млн сўмлик пенсия ва нафақа тўловлари тўлаб берилмоқда.
Ушбу факт ва рақамлардан кўриниб турибдики, пенсия таъминоти тизимида кечаётган изчил ислоҳотлар “Инсон қадри учун” эзгу ғоясини рўёбга чиқариш, кучли ижтимоий ҳимоя сиёсатини ҳаётга татбиқ этишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Отабек ХОЛМУРОДОВ,
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлими бошлиғи.

31 May 2023

IMG 8841

Бугунги кунда “тозалик фаришталари” терминини кўп ишлатяпмизу, лекин бу касб  эгаларининг меҳнатларини  тўла  англаб  етмаяпмиз  гўё…  Бу  атама  тилга  олинганда   кўз  ўнгимизда   фаррош  опаларимиз,   ободонлаштириш  соҳаси  вакиллари  сиймоси  гавдаланади.  Ҳар биримиз  уларнинг  хизматларини  қадрлаб,   мантиқан  давом  эттириб,  амалий  ёрдам  берганимизда  эди,  манзилларимиз  янада обод,   кўчаларимиз  ўта  файзли,   манзил-маконимизнинг   ҳар  бир  бурчаги   ораста  бўлар  эди.

 Бироқ,  мен  бугун  умумий  тарзда  эмас,  фақатгина Шимолий кон бошқармаси  3 - гидрометаллургия  заводининг  “орасталик  жонкуярлари”  тўғрисида  қоғоз  қораламоқни  истадим. Уларнинг  ҳам  эътибордан  четда  эмасликларини, уларнинг  хизматлари  туфайли  атрофимиз  файзли  эканлигини,  ишлаб  чиқариш соҳаси вакиллари орасида уларнинг  ҳам  ўринлари  борлигини  айтиб, хизмат  вазифаларининг  қанчалик  улуғлигини  кўрсатгим яна бир бор эслатгим келди.

Тўғри, завод  миқёсида уларнинг сони  кўп  эмас, бироқ юмушлари  машаққатли.  Чунки ишлаб чиқаришда тозаликни сақлашни ўзи  жуда  қийин. Бироқ,  заводга кираверишингиздаёқ атриумнинг файзли кўриниши остонадан  қадам қўяётган кишида илк илиқ таассуротларни уйғотади. Завод ҳудудини оласизми,  маъмурият биносиними ёки бўлмасам ишлаб чиқариш хоналари дейсизми,  ҳамма ёқ тоза – озода, ораста. Бундай муҳитнинг яратилишида   маъмурий-хўжалик  қисмида   фаолият  олиб  бораётган Любов Кайипова, Севара Нормуродова, Шаҳноза Эшқувватова, Лайло Маматова,  Шаҳноза Нуртошева, Турсуной Тешабоева, Элеза Нормуродова  ва  уларга  раҳбарлик қилаётган Дилрабо Темированинг хизматлари катта. Уларнинг кунлик  луғатидан артинг, тозаланг, супуринг, чангларни олинг, фаоллар залини тайёрланг, атриумни  тозалаш керак, бугун шанбалик, ҳамма ташқарига, деган сўзлару иборалар асосий ўрин  эгаллайди. Бу сўзлар қулоққа жуда оддий сўзлар туюлсада, бироқ бу касб ҳам ўзига яраша  маҳоратни, эпчиллигу чаққонликни, уддабуронликни талаб қилади.

Мазкур соҳа вакиллари  бир кун ишга чиқишмаса, “бугун хонамиз ювилмадиёв”,  “негадир ҳамма ёқ чанг”, “ахлат челак тўлиб қолибдими-а?” деган жумлалар тез-тез такрорланаверади ва кўнглимиз хира  тортгандек туюлади. Демак, тозалик, орасталик киши кайфиятига ва иш унумдорлигига  албатта таъсир қилади.

Шахсан ўзим соҳа вакилларининг меҳнатларини қадрлайман.  Маъмурий-хўжалик қисми вакиллари билан тез-тез суҳбатлашиб тураман. Айниқса, “гулчи  опа” -  Элеза Нормуродовадан  гуллар парваришига оид маслаҳатлар оламан, фикрларини сўрайман.  Опахон  атриум тозалиги, ободлиги учун жавобгар. Гулларга-ку икки марта  эътибор қаратадилар. “Гуллар менинг жону дилим, улар билан гаплашаман, дардлашаман,   улардан меҳримни, эътиборимни аямайман”, дейди. Шундан бўлса керак, гуллар  кундан кунга кўпайиб, “қишки боғимизга” ўзгача файз бермоқда.

Бошқа қизлар билан ҳам кўришганимизда, “чарчамаяпсизларми?” десам,  “йўқ, Оллоҳга  шукур. Ҳаммаси яхши”,  деб қўйишади. Бундан кўринади-ки, улар ишларидан мамнун. “Касбингиздан барака топинг”, дейман мамнунлик билан.

 “Тозалик фаришталари” нинг  хизматлари сабаб, тозалик, орасталик, ободлик  севимли корхонада меҳнат қилаётганлар  кўнглига ҳам  кўчиб борса, не  ажаб!.

Дилором САЛИМОВА,

ШКБ 3-гидрометаллургия заводи

маънавият ва маърифат ишлари бўйича инспектори.

31 May 2023

IMG 8823

Сўнгги йилларда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, спорт билан шуғулланадиганларнинг сонини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шунга кўра, «Беш ташаббус» олимпиадасининг туман босқичи спортнинг футбол туридан давлат хавфсизлик хизмати кубоги мусобақалари бир ой давомида ўтказилди.
Мусобақа натижаларига кўра, мини футбол бўйича “Айтим” маҳалласи ёшлари фахрли 1-ўринни эгаллаб, вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди. “Дўстлик” маҳалласи ёшлари 2-ўринни, “Абай” маҳалласи ёшлари эса 3-ўринни эгалладилар.
Футбол бўйича “Абай” маҳалласи фахрли биринчи ўринни эгаллаб, вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. “Айтим” маҳалласи 2-ўринни, “Боздун” овули ёшлари эса 3-ўринни эгалладилар.
Илк бор ўтказилаётган қизлар ўртасида секторлараро мини футбол мусобақалари натижасига кўра, “Айтим” МФЙ биринчи поғонадан жой эгаллаб, вилоят босқичида Учқудуқ тумани шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. “Йўлчилар” овули ёшлари иккинчи, “Дўстлик” маҳалласи ёшлари эса учинчи ўринни эгалладилар. Мусобақа ғолиблари Учқудуқ шаҳар давлат хавфсизлик хизмати кубоги ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Ўйлаймизки, “Беш ташаббус олимпиадаси” жорий йил ҳам ўз майдонида ўнлаб истеъдодларни кашф этади.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

30 May 2023

photo 2023 05 29 11 08 42
Куни-кеча туман ҳокимлиги катта мажлислар залида Халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг навбатдаги 68-сессияси бўлиб ўтди.
Сессия ишида туман кенгаши депутатлари, кун тартибида муҳокама қилинган масалаларга тегишли корхона-ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Мажлисни туман ҳокими, Халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгаши раиси С.Хамроев бошқариб борди.

photo 2023 05 29 11 08 31
Депутатлар сессия кун тартибида “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” туманда ёшлар томонидан кўтарилган таклиф ва ташаббуслар, муаммо ва масалалар ечими юзасидан комплекс чора-тадбирлар дастури, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг туман мактабгача таълим ташкилотларидаги ижросини ўрганиш натижалари тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.

photo 2023 05 29 11 12 04

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 ноябр куни Навоий вилоятига ташрифи давомида билдирилган ташаббуслар ва белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Учқудуқ туманида 2022-2023-йилларда амалга ошириладиган асосий вазифалар бўйича тасдиқланган “Йўл харитаси” ижроси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартдаги “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 145-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида туманда “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларга кўрсатилган ёрдамлар ҳақидаги масалалар юзасидан туман молия ва иқтисод бўлими бошлиғи ўринбосари Ф.Исломов, туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Н.Нажмиддиноваларнинг ҳисоботи тингланди
Шунингдек, депутатлар томонидан “Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларни тавсия этиш тўғрисида”ги масала ҳам кўриб чиқилди.
Сессияда референдум жараёнини намунали ўтказган 27 та референдумни ўтказувчи участка комиссия раисларига туман ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.
Халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг навбатдаги 68-сессияси кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва ижрога қаратилди.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: