Инсон умрини эзгуликка интилиш, кишиларга мададкор бўлиш бировларга яхшилик қилиш безайди, десам ҳечам муболаға бўлмайди. Шундай инсонлар борки, қалб қўрини, куч-қудратини, ақл – заковатини ўзи ихлос қўйган, ўзи севган соҳага бағишлайди. Албатта, Учқудуқда ҳам ана шундай инсонлар кўплаб топилади. Улардан бири Раъно Аҳмедова!
ҲАКИМЛАРНИНГ АЪЛОЧИСИ
Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими мудири, терапевт врач Раъно Аҳмедова яқинда “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишонига сазовор бўлди. Ана шундай меҳнатининг муносиб рағбати билан қутлагани опани изладим, ишхонасига бордим. Меҳнат таътилида экан телефон орқали табрикладим. Доимгидай соғлигимдан хавотирланганлик ва меҳрибонлик қоришиқ сўзларини эшитарканман, ҳар бир бемор учун жонфидолик фақат Раъно опанинг ўзигагина тан бўлган хислатлигига яна бир бор амин бўлдим.
Опанинг ҳузурига келган бемор хоҳ туман марказидан бўлсин, хоҳ олис овулдан: “Кимсан, қаерликсан”, деб сўраб ҳам ўтирмайди. Ҳаммани бирдай қабул қилади. Ҳатто яшаш манзилини ўзгартириб, бошқа ҳудудларга кўчиб кетган “собиқ беморлари” ҳам опа билан телефон орқали маслаҳатлашаётганига кўп бора гувоҳи бўлганман. Бизнинг Раъно опа шундай! Ҳамманинг дардига бирдек дармон бўлишга ҳеч қурса сўзи билан жўяли маслаҳати билан малҳам бўлсам, дейди.
ЭЛ АРДОҒИДАГИ ШИФОКОР
Раъно Аҳмедова 1967 йилда Навоий вилояти Кармана туманида туғилган. Ўрта мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, Самарқанд давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетига ўқишга кирди. Битириш имтиҳонларини қўлида 5 ойлик чақалоғи билан топширди. Турмуш ўртоғи Одил Аҳмедов Тошкент давлат молия институтида таҳсил олган. Янгидан ташкил этилган ташқи иқтисодий фаолият миллий банк Учқудуқ туман филиалига раҳбар этиб тайинлангандан сўнг, ёш оила Учқудуққа кўчиб келишди.
Қум кўчиб, шамоллар увиллаб ётган қизилқум чўли бири врач бири молиячи бўлган Аҳмедовлар оиласи учун кундан-кун қадрдон, ёзу кузи, баҳори қиши тобора ёқимли бўлиб борарди. Бир-бирига қанот, мададкор, шогирду устоз, дўст бўлдилар. Ҳа, чўлликларнинг бағри кенг, меҳри бепоён экан, мана 30 йилдирки Раъно опа Аҳмедова эл ардоғидаги шифокор!
3 нафар қиз-ўғиллар камолга етган бу зиёли оилада фарзандларнинг бири молиячи, бири ўқитувчи бўлиб, элу-юрт равнақига муносиб улуш қўшаётир.
ЎЗИНИНГ ҲИКОЯСИ!
Синглим Гулшан 3 ёшда мен янаги йил мактабга чиқишим керак бўлган пайтда отамдан айрилдик, онам ҳали 25 ёшга кирмай бева қолдилар. Онам қишлоқда туғилиб ўсган, бирор бир олий даргоҳда ўқимаган бўлсалар ҳам қўлимиздан тутиб ёзишни, бармоқларимиз билан санашни ўргатган. Қалбимизда китобга меҳр уйғотган. Яхши ўқишимиз учун рағбатлантирган, қўллаб-қувватлаган. Аслида, бизнинг биринчи шифокоримиз ҳам онамиз. Эсимда синглим бироз касалланиб қолганида, онам қишлоқдаги юқумли касалликлар шифохонасига қатнаб даволатган, мени ўйлаган шифохонага бориб ётиб олмаган. Ёзнинг жазирамасида ҳар куни эрталаб ва кечки пайт уч ёшли гўдагини бағрига босиб касалхонага бориб келган.
Онам ишбилармон, рўзғорни сариштали юритадиган аёл эди. Уйимизни бежирим кашталар билан тахмон устига ташланган жойпўшни эса турли нақшлар ҳам тўрлар билан безатган онам яхшигина ҳунарманд эди. Волидамнинг шу ҳунари ҳақида энди айтаяпман. Афсус, гоҳида истиҳола қилиб, гоҳида хафсаласизлик сабабли онам ҳақида гапиришдан тийилганман.
Яна доимо: “Муборак умра сафарига борсанг, армоним бўлмасди”, дея қайта-қайта такрорлагани боис, хўжайиним билан умра сафарига кетгандик. Афсуски, муборак сафарнинг сўнгги кунларида онажонимни вафот этган хабарини етказишди. Соппа-соғ кулиб кузатган онамжонимдан айрилиб қолганимга ҳозир ҳам ишонмайман, ишонолмайман! Балким, балким дейман кўз ёшларимга эрк бериб, “Умра сафарига бориб-келганингни кўрсам...”, дея ният қилганларида онамнинг ўзлари кутиб олармиди, деган армон юрагимни куйдиради.
Онаси борларнинг суянадиган тоғи бор, ишонадиган боғи бор. Онаси борлар бахтли одамлар! Сизга айтарим, ота-оналаримиз ҳақида хотиралар эмас, улар ёнимиздалигида давлатимиз эканликларини айтиб, меҳр-муҳаббатимизни изҳор этайлик!
Хулоса ўрнида. Ўйлаб қарасам, Раъно опа Аҳмедова умрининг салкам ўттиз йили ўтган шу чўллар, миннатдор қўллар тутган гуллар, умри бўйи беморлар ҳузурига етаклаган йўллар унинг ҳаёти мазмуни экан!. Беназир шифокор, ҳакимларнинг аълочиси Раъно опа Аҳмедовага мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, беморлар дардига дармон бўлишдек, савобли ишларида муваффақиятлар ёр бўлишини тилаймиз!
Райҳон ҚОДИРОВА