Hokimiyat matbuot xizmati
OʻzLiDeP Учкудук туман Конференциясида муҳим масалалар муҳокама этилди
Учкудук туман партия ташкилотининг навбатдаги Конференцияси бўлиб ўтди.
Унда партия вилоят Кенгаши раиси ўринбосари М.Эшниёзов, вилоят, туман Кенгаши депутатлари, БПТ лардан сайланган делегатлар, партия фаоллари иштирок этди ва сўзга чиқди.
Конференцияда партия туман ташкилотининг ўтган давр мобайнида фаолияти сарҳисоб қилиниб, эришилган ютуқ ва йўл қўйилган камчиликларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Кун тартибидаги асосий масала-Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловларда O‘zLiDeP Учкудук туман партия ташкилотининг иштироки ва партия фаоллари олдида турган долзарб вазифалар юзасидан фикр ва мулохазалар билдирилди.
Kонференция иштирокчилари бўлажак муҳим сиёсий тадбирни уюшқоқлик билан юқори савияда ўтказишга пухта ҳозирлик кўрилиши зарурлигини, сайлов компанияси даврида ўтказиладиган партиявий тадбирлар партия электорати вакиллари, аҳолининг турли қатламлари, маҳалла фаоллари, ёшлар ва аёллар иштирокида ташкил этилиши муҳим аҳамиятга эга эканлигини айтиб ўтдилар. Юртдошларимиз сайлов кунида тўғри танловни амалга оширишлари учун ҳам улар орасида тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишлари талаб даражасида ўтказилиши мақсадга мувофиқдир.
Конференцияда бажарилиши лозим бўлган бир қатор партиявий тадбирлар юзасидан аниқ чора тадбирлар белгиланиб, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича тегишли вазифаларни амалга ошириш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. Йиғилишда келгусида бажарилиши лозим бўлган муҳим ишлар, хусусан партия туман Кенгаши ҳузуридаги сайловолди штаби фаолияти бўйича ҳам батафсил сўз юритилди.
Йиғилиш O‘zLiDeP вилоят партия ташкилоти конференциясига делегатлар сайлаш билан ўз якунига етди.
Диққат 3 кун!!!
Янги Меҳнат кодексидаги календарь кунлар бўйича 3 кунлик мажбуриятлар.
1.Жамоа шартномаси меҳнат жамоаси умумий йиғилишида маъқулланганидан кейин иш берувчи ва ходимларнинг вакиллари уни 3 кун ичида имзолайди (70-модда).
2. Иш берувчи шахснинг талабига кўра ишга қабул қилишни рад этиш сабабларини асослантирган ҳолда 3 кунлик муддатда ёзма жавоб қайтариши шарт (119-модда).
3. Ишга қабул қилиш ҳақидаги буйруқ ходимга иш ҳақиқатан бошланган кундан эътиборан 3 кунлик муддатда, имзо қўйдириб эълон қилинади (127-модда).
4. Ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ асосида ходимнинг меҳнат дафтарчасига ишга қабул қилиш тўғрисидаги ёзувни қайд этилади, ходим ушбу ёзув билан 3 кун ичида таништирилиши керак (127-модда).
5. Дастлабки синов муддати тугагунига қадар тарафларнинг ҳар бири иккинчи тарафни камида 3 кун олдин ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли (132-модда).
6. Ходимнинг меҳнат шартларини ўзгартириш ҳақидаги аризаси у берилган кундан эътиборан 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши керак (136-модда).
7. Ишдан четлаштириш тўғрисидаги буйруқнинг тасдиқланган кўчирма нусхасини ходимга у мурожаат қилган кундан эътиборан 3 кундан кечиктирмай ходимнинг талабига кўра бериши шарт (153-модда).
8. Меҳнат шартномаси ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) муносабати билан бекор қилинганда иш берувчи уни камида 3 кун олдин огоҳлантириши ёки бу муддатга мос компенсация тўлаши керак (165-модда).
9. Ходим томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган меҳнат дафтарчаси иш берувчи томонидан ходим меҳнат дафтарчасини бериш тўғрисида мурожаат қилган кундан эътиборан 3 кундан кечиктирмай берилиши керак (171-модда).
10. Ходим ишдан бўшатиш буйруғини йўқотиб қўйганда, ёки бузиб қўйганда, буйруқ кўчирма нусхаси ходимга у иш берувчига мурожаат қилган кундан эътиборан 3 кундан кечиктирмай берилиши керак (171-модда).
11. Агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ишламаган бўлса, тегишли суммалар ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида ходим томонидан талаб қўйилганидан кейин 3 кундан кечиктирмай тўланиши керак (172-модда).
12. Ўзи билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимга меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейинги даврда бирор-бир тўловлар (ой, чорак, йил якунлари бўйича мукофотлар) ҳисобланган тақдирда, ушбу тўловлар ходим томонидан тегишли талаб қўйилганидан кейин 3 кундан кечиктирмай амалга оширилади (172-модда).
13. Ходим ўз шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотни рад этиш учун хизмат текшируви ўтказилишини талаб қилишга ҳақлидир. Хизмат текширувини ўтказиш тўғрисидаги ариза иш берувчига ёзма шаклда берилади ва у тақдим этилган кундан эътиборан 3 кундан кечиктирмай кўриб чиқилади (306-модда).
14. Иш берувчининг ходимга ҳаётига ва соғлиғига етказилган зиённинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги буйруғининг кўчирма нусхаси ёки иш берувчининг асослантирилган ёзма рад жавоби ходимга ушбу буйруқ қабул қилинган кундан эътиборан 3 кунлик муддатда топширилади (336-модда).
15. Меҳнат низолари бўйича аввалги мажлисда тайинланган меҳнат низолари бўйича комиссия раиси ариза берувчига аризани қабул қилишга доир ёзма равишда асослантирилган рад жавобини 3 кунлик муддат ичида беради (553-модда).
16. Меҳнат низоси комиссияси қарорининг кўчирма нусхаси ходимга, иш берувчига ва касаба уюшмаси қўмитасига қарор қабул қилинган кундан эътиборан 3 кунлик муддат ичида юборилади (553-модда).
17. Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг қарорини иш берувчи ушбу қарор устидан шикоят қилиш учун назарда тутилган ўн кун ўтганидан кейин 3 кунлик муддатда ижро этиши керак (566-модда).
Учқудуқ туман адлия бўлими.
Мутахассислиги бўйича 5 йил иш стажига эга хотин-қизлар тавсиянома асосида ўқишга қабул қилинади. Қонунчиликка кўра, мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажи мавжуд, бироқ олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар давлат ОТМга алоҳида қабул параметрлари (жами 500 та квота) доирасида тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.
Бунда ўқишга қабул қилиш Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тавсияномаси асосида амалга оширилади. Тавсиянома олиш учун талабгор қуйидаги мезонларнинг барчасига мувофиқ келиши керак: ўрта махсус ёки профессионал таълим бўйича мутахассисликка эга бўлиши, тавсиянома олгунга қадар олий таълим олмаганлиги ёки олмаётганлиги, ўрта махсус ёки профессионал таълим мутахассислиги бўйича 5 йиллик меҳнат стажига эга бўлиши талаб этилади.
Тавсиянома берилган кундан бошлаб 3 йил давомида фақат бир марта ОТМга қабул қилиниши учун амал қилади.
Тавсиянома олиш учун талабгор доимий яшаш ёки вақтинча рўйхатда турган жойидаги туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимларига 1 июнгача ариза билан мурожаат қилади. Ариза ва ҳужжатлар 7 июнгача кўриб чиқилади.
Шунга кўра, ишчи гуруҳ хулосаси 10 июнгача Қўмитага тақдим қилинади. Ҳужжатлар Қўмита томонидан 14 июнгача кўриб чиқилиб, тавсиянома бериш ёки уни рад этиш тўғрисида буйруқ чиқарилади.
Феруза УМАРОВА,
туман адлия бўлими юридик
хизмат кўрсатиш маркази бош юристконсулти.
Барчамизга маълумки, мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга муҳим эътибор қаратиляпти.
Болалар орасида назоратсизликнинг ва улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга, шунингдек, ногиронлиги бўлган болаларни ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2023 йил 11 апрель куни қабул қилинган қонун айни шу ишларнинг мантиқий давоми ва албатта, кенг жамоатчиликни узоқ муддат давомида орзиқиб кутган воқелиги бўлди.
Саҳифамизда ҳуқуқшунослар томонидан ушбу қонун талаблари ҳақида батафсил маълумотлар берилади.
ЖАВОБГАРЛИК КУЧАЙТИРИЛМОҚДА!
Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзига хос муҳим ўзгаришлар қабул қилинди. Қонун билан Жиноят кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра:
18 ёшга тўлмаган шахсларни, яқин қариндош, собиқ хотин, бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахс ёхуд умумий фарзандга эга бўлган шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Мазкур жиноят 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Рустам МАМАЛАТИПОВ,
туман прокурори катта ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи.
МАЪЛУМОТЛАРНИ ОШКОР ҚИЛГАНЛИК – ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТИШГА САБАБ БЎЛАДИ
Шунингдек, оилавий (маиший) зўравонлик учун жавобгарлик киритилди. Унга кўра, хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғорда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга шахсга нисбатан:
- мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш;
- мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш;
- уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, мазкур ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача жарима ёки 160 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Юқоридаги шахсларни дўппослаш, тан жароҳати етказиш етказилган жароҳатдан келиб чиққан ҳолда оғирлаштирувчи ҳолатларни келтириб чиқарса, хусусан:
– соғлиқнинг узоқ вақт (камида 21 кун, аммо 4 ойдан кўп бўлмаган даврда) ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг 10 фоизидан 33 фоизигача йўқолишига сабаб бўлган қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш содир этилса, 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Вояга етмаган шахс билан жинсий алоқа қилганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Жумладан:
- 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилганлик учун – 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш;
- 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёки мулкий ёхуд бошқача тарзда манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш – 2 йилдан 4 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Шунингдек, шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Мазкур жиноят оғирлаштирувчи ҳолатларда 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шоҳруҳ РАХИМОВ,
туман прокурори ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи.
Ҳа, аёл — мукаррам зот. Юртимиз аёлларини, хотин-қизларини қадрлаш ва эъзозлашга доир қабул қилинган ва кучга кирган ушбу қонун бугун амалга оширилаётган эзгу ислоҳотларга ҳамоҳанглиги билан янада қимматлидир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган “Аёллар дафтари” тизими юртимизда хотин-қизлар, айниқса, эҳтиёжманд аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлашга қаратилган. Камбағалликка қарши курашиш сари ташланган бу ҳаракатнинг самараси ҳар бир оилада, ҳар бир аёл тақдирида яққол акс этмоқда.
Жумладан, Учқудуқ туманида ҳам 30 ёшдан ошган аёлларнинг ҳар бири билан мулоқотлар олиб борилиб, 421 нафар хотин-қизлар 6 та тоифага ажратилган ҳолда 4-босқич “Аёллар дафтари”га киритилди. Уларнинг 122 нафари ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз, 21 нафари кредит олиш истагини билдирган, 135 нафари боқувчисини йўқотган хотин-қизлар, 74 нафари ижтимоий ёрдамга муҳтож ногиронлиги бўлган аёллар, 65 нафари қарамоғида ногиронлиги бўлган болалари бор оналардир.
Ушбу опа-сингилларимизга кўрсатилаётган манзилли кўмакларни таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг 23 нафар доимий ишга жойлаштирилди, 62 нафарига субсидия асосида асбоб-ускуналар харид қилиниб, ўзини - ўзи банд қилган шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. 12 нафар кредит олиш истагини билдирган хотин-қизларга имтиёзли кредитлар берилиб, тадбиркорлик билан шуғулланишларига кўмаклашилди. 135 нафар боқувчисини йўқотган, 74 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож ногиронлиги бўлган ҳамда 65 нафар қарамоғида ногиронлиги бўлган болалари бор хотин - қизларнинг ҳар бирига 1.2 млн сўмдан жами 328 млн 800 минг сўм миқдорида бир марталик пул маблағи берилди. 4 нафарининг бир йиллик турар жой ижараси тўланган бўлса, уй-жой таъмирига муҳтож 6 нафар хотин-қизларнинг яшаш хонадонида таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Бундан ташқари, 15 нафар хотин-қизларнинг ўзи ва фарзандларини даволаниши, жарроҳлик амалиётини ўтказиши учун ҳамда 13 нафар дори воситаларига эҳтиёжи бор аёлларимизга жамғарма ҳисобидан жами 122 млн 465 минг сўм миқдорида маблағ тўлаб берилган.
Учқудуқлик опа-сингилларимизга “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами 21 млн 600 минг сўм миқдорида манзилли кўмак кўрсатилди.
Юқорида қайд этилган рақамлардан кўриниб турибдики, “Аёллар дафтари” шунчаки хўжакўрсинлик учун қилинаётган иш эмас. Ушбу улкан ва самарали тизим, аввало, узоқ истиқболга йўналтирилгани, аёлларнинг нафақат бугунги муаммоларини ҳал этиш, балки эртанга ташвишларини камайтиришга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Нафиса НАЖМИДДИНОВА,
туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи.
Ассалому алайкум азиз ҳамкасблар!
Қадрли меҳнат фахрийлари, соҳа фидойилари!
Ҳурматли учқудуқликлар!
Бугун комбинат тизимида меҳнат қилаётган ҳар бир ҳамкасбимиз олдида мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини юксалтиришдек эзгу ният турибди. Айниқса, кончилик ва металлургия саноатида ишлаётган ходимларимиз мураккаб иш ва иқлим шароитларида ер ости бойликларини самарали ўзлаштириш ҳадисини олиб бу масъулиятни ҳис этишига ишонаман.
Навоий кон-металлургия комбинатидек қудратли корхонанинг қатор ютуқларга эришишида, Шимолий кон бошқармаси жамоасининг ҳам улкан хизматлари бор.
1991 йили “Кокпатас” конининг очилиши билан шу йилнинг ўзида 1 040 000м3 кон массаси қазиб олинган бўлса, бугунги кунга келиб, ушбу натижа 445 214 420м3ни ташкил этмоқда. 2002 йилда мустақилликнинг ёш конларидан бири сифатида очилган “Даугизтау” конида ўша йили 3 646 000м3 кон массаси қазиб олинган. Қарийб, 21 йиллик фаолияти давомида ушбу кондан 269 883 500м3 кон массаси кончи азаматларимиз томонидан қазиб олинган.
1995 йилда истиқлолнинг илк заводи сифатида ишга туширилган 3-сонли гидрометаллургия заводида ўша йили 2,4163млн тонна маъдан қайта ишлаб чиқарилди, 2022 йилда бу кўрсаткич 8,1889 млн тоннани, 1995 йилдан шу кунга қадар эса заводда 147,749 тонна маъдан қайта ишлаб чиқарилган.
Сир эмаски Менделеев жадвалида юздан ортиқ элемент бўлса, шулар аксариятининг тасдиқланган заҳиралари, айниқса олтин конлари бўйича Ўзбекистон дунё миқёсидаги етакчилардан бири ҳисобланади. Уларни ўз вақтида қазиб олиш, ишлаб чиқаришга йўналтириш кончилар ва металлурглар олдидаги улкан вазифадир.
Ишонаманки мард, танти, кучли билим ва салоҳиятга эга бошқармамиз жамоаси жорий йилда қўйилган режа топшириқларни бажаради. Бунинг учун жамоамизнинг ҳар бир ходими белни маҳкам боғлаб, Ватан олдидаги бурчни ҳис этиб, меҳнат қилмоғи шарт.
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган “Инсон қадри учун” деган тамойил асосида корхонамизда ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш баробарида, ишчи-ходимларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш мақсадида бўлинмалардаги маъмурий ва маиший биноларни жорий таъмирлаш, замонавий офис мебеллари ва ахборот-коммуникацион технологиялари билан жиҳозлаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Энг асосий мақсад ходимларимиз учун муносиб меҳнат шароити яратиб, уларни рози қилишдир.
Қадрли ҳамкасблар!
Сизларни яна бир бора касб байрамимиз “Кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни” билан самимий табриклайман, Сизларга узоқ-умр, сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик, жонажон Ватанимиз иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида олиб бораётган барча эзгу ишларингизда муваффақиятлар тилайман!
Неъматилло АХАТОВ,
“Навоий” КМК АЖ Шимолий кон бошқармаси директори.
Ассалому алайкум азиз учқудуқликлар!
Ҳурматли соҳа фидоийлари!
Мамлакатимизда май ойининг учинчи якшанбасида, Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни сифатида кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан кўп минг сонли Навоий кон металлургия комбинати ҳамда Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги меҳнат жамоаларини, у ерда фидоийларча меҳнат қилаётган соҳа ходимларини касб байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман! Кончилик – машаққатли шу билан бирга шарафли касблардан бири. Мураккаб иш ва иқлим шароитларида фидокорона меҳнат қилиб келаётган ишчи-хизматчиларга, геолог ва муҳандислар, қурувчилар, қўйингки барчалари қазилма бойликларини қидиришдан бошлаб, маъданларни қазиб олиш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи юксак маҳорат билан уддалаб келмоқдалар. Кончилар ва металлургия саноати ходимларига берилаётган эътибор ва ғамхўрлик айтиш жоизки, соҳа фидоийлари олдига қўйилган вазифаларни юқори даражада бажаришда куч ва мадад бўлмоқда.
Бугун Навоий кон-металлургия комбинати турдош корхоналар ичида жаҳонда етакчи ўринларда турадиган энг йирик саноат корхоналаридан бирига айланган. Олтин қазиб олиш бўйича республикамиз Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида иккинчи, аҳоли жон бошига тўғри келадиган олтин бўйича эса биринчи ўринни эгаллайди. Қизилқум ҳудудида аниқланган қимматбаҳо қазилма бойликлар захирасининг 85 фоизи Навоий кон-металлурги комбинати ҳиссасига тўғри келади. Шу боис, комбинатни ҳақли равишда мамлакатимиз тоғ-кон саноатининг байроқдори, дейиш мумкин. Бугун мамлакат кон металлургия саноатининг пешқадамларидан бири бўлган Навоий кон-металлургия комбинатига бешик вазифасини ўтаган – Учқудуқ билан ҳар қанча фахрлансак, ҳар қанча ғурурлансак, арзийди.
Азиз учқудуқликлар!
Aвваллари, ер ости бойликларини қазиб олиш базаси ҳисобланган ушбу ҳудуд айни пайтда йирик саноат марказига айланиб бормоқда. Катта-кичик ишлаб чиқариш корхоналари, замонавий маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари барпо этилмоқда. Энг муҳими, инсонлар истиқлол ислоҳотлари моҳиятини теран англаган ҳолда, эзгу ишларга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Азиз ҳамкасблар!
Бугун дўстликнинг намунаси амалда ўз исботини топган жамоа аҳли мамлакат истиқлолини мустаҳкамлаш йўлида фидокорана меҳнат қилмоқда. Ана шундай самарали меҳнатингизга қут-барака, оилаларингизга соғлик-саломатлик тилайман!
Учқудуқ олтини жонажон Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши ва ёрқин келажагининг бир гарови бўлиб узоқ йиллар хизмат қилаверсин!
Байрамингиз яна бир бор муборак бўлсин, азиз соҳа ходимлари!
ЯНГИ МЕХНАТ КОДЕКСИГА КЎРА ИШДАН БЎШАТИШ АСОСЛАРИ!
Кодекснинг 155-моддасига аосан Меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари қуйидагилардан иборат:
тарафларнинг келишуви;
меҳнат шартномаси муддатининг тугаши;
меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига кўра бекор қилиш;
меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш;
ташкилот мулкдорининг алмашганлиги, унинг қайта ташкил этилганлиги, ташкилотнинг идоравий тааллуқлилиги (бўйсунуви) ўзгарганлиги муносабати билан ходимнинг ишни давом эттиришни рад этиши ;
ходимнинг янги меҳнат шартларида ишлашни давом эттиришни рад этиши;
ходимнинг иш берувчи билан бирга бошқа жойга ишлаш учун кўчишни рад этиши;
ходимнинг тиббий хулосага мувофиқ соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма бўлмаган бошқа ишга ўтказишни рад этиши ёхуд иш берувчида тегишли иш бўлмаган тақдирда;
тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар;
янги муддатга сайланмаганлик ёки танловдан ўтмаганлик ёхуд сайловда, танловда иштирок этишни рад этиш;
ушбу Кодекс ёхуд бошқа қонунлар алоҳида тоифадаги ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларида меҳнатга оид муносабатларни тугатишнинг қўшимча асослари тўғрисидаги шартни назарда тутиш имкониятини мустаҳкамлайдиган ҳолларда меҳнат шартномасида назарда тутилган асослар.
Учқудуқ туман адлия бўлими.
Янги Меҳнат кодекси бўйича меҳнат таътили бериш ҳақидаги буйруқдан намуна.
Изоҳ:
1. Буйруқ 1-бандидаги 21 календарь кунлик асосий таътил янги МК 217-моддасига мувофиқ, 5 календарь кунлик қўшимча таътил янги МК 219-моддаси 5-хатбошисида айтилганидек жамоа шартномаси (ва меҳнат шартномаси)га мувофиқ, 10 йиллик стажи учун берилаётган 4 календарь кунлик қўшимча таътил эса янги МКнинг 220-моддасига мувофиқ кўрсатилди.
2. Бунда, 5 календарь кунлик қўшимча таътил жамоа шартномаси (ва меҳнат шартномаси)да турлича кўрсатилиши мумкин эди. Мисол учун: 2 календарь кун, 4, 6, 7, 10 календарь кун ва ҳоказо.
3. Янги МК 221-моддага мувофиқ таътил кунлари (30 кун)нинг давомийлиги барча календарь кунлар (жумладан, шанба ва якшанба кунлари ҳам) қўшилган ҳолда ҳисобланди. Агар ўртага байрам куни тушиб қолганда, бу кун ҳисобланмас эди.
4. Буйруқнинг 3-бандидаги моддий ёрдам пули эса, агар бу жамоа шартномаси ёки меҳнатга доир бошқа ички ҳуқуқий ҳужжатларда кўрсатилган бўлса тўланади.
Учқудуқ туман адлия бўлими.
Янги МК бўйича меҳнат таътилидан чақириб олиш ҳақидаги буйруқ ҳақида.
Янги Меҳнат кодексининг 232-моддасига асосан:
- ҳар йилги меҳнат таътилидан чақириб олишга таътилнинг исталган вақтида фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади;
- шу муносабат билан таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми ходимга мазкур иш йили давомида бошқа вақтда берилиши ёки ушбу Кодекснинг 230 ва 231-моддаларида назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда кейинги иш йилида берилиши керак.
Учқудуқ туман адлия бўлими.
Савол: Ассалому алайкум, Ёшлар дафтарида турамиз, 2 нафар фарзандларимиз бор. Уй жойимни тамирлаш ва қўшимча хона хаммом ва бошқа қурилиш қилишим учун гаровсиз кредит олсам бўладими?
Жавоб: «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилгаи янги турмуш қурган ёшларнинг якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун гаровсиз кредит ажратиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 6-бандига асосан, кредит олувчилар қуйидаги мувофиқлик мезонларига мос бўлиши лозим: а) кредит олиш учун мурожаат қилган кунида 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган ёшларнинг алоҳида тоифаларига мансуб Ўзбекистон Республикаси фуқароси; б) «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг янги турмуш қурганлари (никоҳи қайд этилганига 3 йилдан ошмаган бўлиши лозим); в) даромад манбаларига, шахсий ёрдамчи ёки деҳқон хўжалигидан ёхуд якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан доимий даромадга, шунингдек, кредит бўйича ҳисобланган фоизларни ва асосий қарзни тўлов жадвалига мувофиқ ҳар ойда тўлаш учун етарли бўлган қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган бошқа даромад манбаига эга бўлиши; г) қарз юки кўрсаткичи қарз олувчининг барча кредитлари ва микроқарзлари бўйича ўртача ойлик тўловларининг ушбу қарз олувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг тасдиқланган ўртача ойлик даромадларининг 70 фоиздан юқори бўлмаслиги; д) якка тартибдаги хонадонда қўшимча уй-жой қуриш ишлари қийматининг камида 15 фоизи миқдорида бошланғич бадални шакллантириш имкониятига эга бўлиши; е) кредит ажратишни кўриб чиқиш вақтида қарз олувчининг кредит ташкилотларидан аввал олинган кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги; ж) илгари арзон уй-жой қуриш дастурлари доирасида имтиёзли ипотека кредитларидан ва ипотека кредитлари бўйича субсидиялардан фойдаланган ҳолда квартира ёки якка тартибдаги уй-жой ҳамда уй-жой билан таъминлаш бўйича бошқа ёрдам олмаган бўлиши; з) якка тартибдаги хонадонда қўшимча уй-жой қуриш учун ер участкасига умрбод эгалик қилиши ёки мулк ҳуқуқи ва белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига эга бўлиши. Юқоридаги Низомнинг 17-бандига асосан, якка тартибдаги қўшимча уй-жойни қуриш ишлари учун Молия вазирлиги томонидан жойлаштирилган маблағлар ҳисобидан ёшларнинг алоҳида тоифаларига кредитлар банклар томонидан қуйидаги шартлар асосида ажратилади: 1) бозор ставкасида мижоз хоҳишига кўра 6 ой имтиёзли давр билан; 2) 20 йилдан кўп бўлмаган муддатга; 3) бошланғич бадали якка тартибдаги хонадонда қўшимча қурилаётган уй-жой қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда; 4) бир қарз олувчига бериладиган кредитлар 33 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда берилади. Ариза узоғи 3 кун муддатда кўриб чиқилади. Аризангизни кўриб чиқиш натижасида ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилган ва унда камчиликлар ёки ёлғон маълумотлар аниқланмаган тақдирда, уй-жой таъмирлаш ёки қуриш учун, банк 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратади.
Учқудуқ туман Адлия бўлими
Савол: Аёллар дафтарига кирган фуқорога ҳеч қандай кредит олмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун субсидия асосида тикув машинаси олса бўладими? Шундай имтиёзлар борми? Жавоб: Ассалому алайкум. Тикув машинасини олиш учун субсидиялар берилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 3-февралдаги ПФ-6155-сон Фармонига асосан тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз, шу жумладан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуролларини харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар ажратилади. Бунинг учун Сиз 7 миллион сўмгача субсидиялар ажратилишини сўраб Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига (меҳнат биржаси) (дастлаб рўйхатдан ўтган ҳолда) ариза билан мурожаат қиласиз. Аризангизда ўз фаолиятингизни бошлаши учун керак бўладиган асбоб-ускуна, меҳнат қуролларининг номи ва тури, сони, таҳминий харид нархи ва бошқа қўшимча маълумотлар кўрсатилиши, шунингдек касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакани ошириш ва тадбиркорлик кўникмалари курсларини тугатганлиги ҳамда якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат хизматлари марказида давлат рўйхатидан ўтганлигингиз ёки ўзини ўзи банд қилиш истагидаги фуқаролар фаолият турлари бўйича солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтганлигиннгизни тасдиқловчи ҳужжат нусхасини илова қилишингиз лозим. Аризангиз узоғи 3 кун муддатда кўриб чиқилади. Аризангизни кўриб чиқиш натижасида ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилган ва унда камчиликлар ёки ёлғон маълумотлар аниқланмаган тақдирда, сизга тегишли меҳнат қуроли далолатнома асосида топширилади.
Учқудуқ туман Адлия бўлими
Савол; Олий таълимга имтиёзли кириш учун тавсиянома қандай тоифадаги хотин-қизларга берилади.? Жавоб; Эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга қўшимча 4% лик давлат гранти асосида ОТМларга қабул қилиш бўйича танловда иштирок этиш учун тавсиянома қуйидаги мезонлар асосида берилади: ➖ кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар (бунда кам таъминланган оила деганда, оиланинг ҳар бир аъзосига жами даромад аниқланадиган даврда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорнинг 0,527 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромадга эга бўлган оила тушунилади); - тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар; - турмуш ўртоғи вафот этган, вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбиялаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар; - ногиронлиги бўлган фарзанди бор эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар; - икки ёки ундан ортиқ фарзандларини тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида (ижарада) яшаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг қиз фарзандлари; ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар. Ушбу тоифаларга тўғри келадиган хотин-қизлар 8 июнга қадар aziz-ayol.uz сайти орқали электрон равишда ариза беришлари мумкин. Мабодо муаммо ёки тушунмовчилик бўлса, яхшиси яшаш жойидаги маҳалла фуқаролари йиғинларига мурожаат қилганлари маъқул. Учқудуқ туман Адлия бўлими Савол; Мен касб хунар мактабида директор уринбосари вазифасида ишлайман. Мехнат таьтилига чикмокчи эдим. Менга "таьтил кунингиз 19 кундан иборат " дейишди. Шу тўғрими? Жавоб; Йўқ бу нотўғри. Чунки янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 217-моддасида ҳар йилги асосий энг кам меҳнат таътилининг давомийлиги 21 календар кунни ташкил этиши мустаҳкамланган. Шунингдек, ушбу кодекс 501-моддаси билан таълим ташкилотларининг педагог ходимларига ҳафтасига 36 соатдан ортиқ бўлмаган иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланади ва йиллик узайтирилган меҳнат таътили берилади. Шундай экан, сиздаги ҳолатда таътил 19 кунни ташкил этиши мумкин эмас. Бу масалада туман адлия бўлимига мурожаат қилишингиз лозим.
Учқудуқ туман адлия бўлими.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан “Умумий ўрта таълим муассасаларида 2022-2023 ўқув йилини якунлаш ва “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини ўтказиш бўйича тавсиялар” ишлаб чиқилди.
Умумий ўрта таълим муассасаларида "Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари 25 май куни эрталаб соат 8:00 дан 9:00га қадар “Илмни қадрланг, илмга интилинг!” шиори остида ташкил этилади.
Тадбирни тартибли ўтказиш ва ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўқувчилар сонидан келиб чиққан ҳолда ушбу тадбирга фақатгина 1-, 4-, 9-, 11-синф ўқувчилари жалб этилади.
Тадбир маҳалла қўмитаси, ота-оналар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари билан ҳамкорликда ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилган ҳолда ўтказилади ҳамда мактаб ҳудудига техника воситалари ва бегона шахсларнинг киритилмаслиги таъминланади.
“Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини, босқичли назорат имтиҳонлари ва якуний давлат аттестацияларини ўтказишда, таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш борасида ўқувчи ва битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан турли хил пул йиғимларига йўл қўйилмайди.
Мактаб ҳаётида фаол иштирок этаётган ўқувчиларнинг ота-оналарини маънавий рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.