Hokimiyat matbuot xizmati
Бугун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган муҳим сиёсий жараён, муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси президентлигига сайловларда фуқаролар ўз конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда фаол қатнашмоқдалар.
Учқудуқ туманида жойлашган 23 та сайлов участкасининг барчасида бугун эрталаб соат 8:00 да овоз бериш жараёнлари бошланди. Сайлов учаткаларида жами сайловчилар 24 минг 652 нафарни ташкил этаётган бўлса улардан 237 нафарини илк бора овоз бериш жараёнларида қатнашаётган ёшлар ташкил этади.
Овоз бериш Сайлов кодексида белгиланган талаблар асосида амалга оширилмоқда. Сайловлар мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинадиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда катта аҳамият касб этади. Бу эса фуқаролик позициясини теран англаб етган фуқароларимизнинг эрта тонгдан овоз беришга шошаётганлиги, оилавий ташрифлар, ёшлар ва ёш оилаларнинг ҳам бирдек сайловларда иштирокида ўз аксини топмоқда.
Бугун соат 13:00 ҳолатида тумандаги сайловчилардан 13696 нафари ўзлари муносиб деб билган номзодларига овоз бериб бўлдилар.
Ўз келажаги ва мамлакат истиқболига бефарқ бўлмаган барча учқудуқликларни доим шундай фаол бўлишга чорлаб қоламиз.
"Учқудуқ" газетаси таҳририяти
Ассалому алайкум ҳурматли Ободонлаштириш бошқармасининг фидоий, камтар ва камсуқум ходимлари!!
Ҳар кимнинг ватан ичра кичик ватани, яъни ўз уйи борки, уй-жой коммунал хизмат кўрсатилишига чор-атрофнинг тоза – озода ва саришта сақланишига эҳтиёжи бўлади. Шу маънода, турли касб эгалари орасида уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари қаторида Ободонлаштириш соҳаси вакилларининг ҳам муносиб ўрни бор.
Қишнинг совуқ кунларида, ёзнинг жазирамасида ҳудуд ободлиги айниқса, Учқудуқ шароитида ҳар бир қарич ернинг тозалиги ва кўкаламзорлаштирилганлиги муҳим аҳамиятга эга. Албатта бу каби ободлик кишилар саломатлиги ва жамиятнинг кайфиятига нечоғли таъсир қилишини инобатга олсак, соҳа фидойиларининг нақадар масъулиятли касб эгалари экани янада теранроқ англашилади.
Азиз дўстлар!
Ҳар куни эрталаб ишга ошиқаркансиз, кўча-кўйдаги саранжом-саришталикни, чор-атрофнинг озодалигини кўриб димоғингиз чоғ бўлади. Эрталабки кайфият эса кун давомида кишини тарк этмаслиги ўз тасдиғини топиб улгурган. Бунда чор-атрофни супуриб-сидириб юрган, мунис ва мушфиқ, камтар ва камсуқум, содда ва софдил фаррош опалар - озодалик фаришталарининг хизмати катта. Тан олиш керакки, улар қизғин ишга киришган бир пайтда баъзиларимиз уйқудан эринибгина тураётган бўламиз.
Саранжом-саришта, тоза-озода муҳит нафақат киши кўнглини равшан этади, балки бу саломатлигимиз учун ҳам муҳимдир. Шундай экан, фаррошлар - сариқ нимчали бу опа-сингилларимиз меҳнатига ҳар қанча таҳсин айтсак арзийди. Бугун улар орасида Баҳора Ҳусенова, Маъмура Адизова, Холида Пармонова, Гулжамол Мухторова, Наргиза Жалилова ва Нодира Қаҳҳорова каби юртимиз озодалиги ва кўркамлиги учун меҳнат қилиб келаётган опа сингилларимизни, алоҳида эътироф этиш керак назаримда.
Қадрли тадбир иштирокчилари!
Барча муқаддас неъматлар покиза жойларда бўлишини кексаларимиз болалигимиздан уқтиришган. Ҳатто, фаришталар ҳам бундай гўзал жойларга меҳмонга келиб, сўнг мангу мезбондек қолиб кетишию Яратгандан ўзи турган жойга кўпроқ марҳамат кўрсатиши, мурувватини дариғ тутмаслигини, қолаверса, қут-барака, ризқу рўз, тинчлигу осойишталик сўраб эртаю кеч дуода бўлишини эшитганмиз.
Жонажон диёримизнинг энг чекка ҳудуди Қизилқум чўлининг бўстонига айланган Учқудуқ ҳам худди шундай қут-баракали, ризқу рўзи мўл, тупроғи олтинга тенг замин эканлигига хонадонлардаги тотувлик, меҳр-оқибат, шунинг баробарида тозалик ва озодалик фаришталарининг меҳнати ҳам муҳим ўрин тутаётгани таҳсинга лойиқ, албатта!!.
Шу ўринда дунёнинг энг бадавлат кишиларидан бири Жек Ма космик станцияга ташрифи чоғида битта фаррошга дуч келиб, ундан ҳол-аҳвол сўраганда, фаррош “Мен коинотга одам учиряпман, халақит берма”, деганини алоҳида қайд этмоқчиман!
Бу билан Жек Ма унинг ўзини оддий фаррош деб эмас, балки коинотга одам учираётган жамоанинг муҳим бир вакили деб ҳисоблашини алоҳида таъкидлайди.
Ҳар сафар кўча-кўйда ишлаётган ободонлаштириш ходимларини кўрсам, ўша фаррошнинг гаплари ёдимга тушаверади. Юртимиз ободлигига ҳисса қўшаётган турли соҳа вакиллари ортида ана шу биз пайқаб-пайқамайдиган ободонлаштириш ходимларининг беминнат хизмати борлиги, айнан улар мамлакат ободлиги учун жон куйдираётгани хаёлдан ўтади.
Халқимизнинг “Обод жойда барака, унум бўлади”, “Сариштали маскан - фариштали маскан” деган пурмаъно иборалари аждодлардан авлодларга ўтиб келаётгани ҳам бежиз эмас.
Касбидан файзу барака топаётган опа-сингилларимизга доимо қўлларингиз меҳнатдан толмасин, қалбларингиздан меҳр, юзларингиздан нур ёғилиб турсин, деймиз!
Барчангизга мустаҳкам соғлик - саломатлик, куч-ғайрат, шижоат, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга қут-барака ва хотиржамлик тилайман!
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз опа-сингиллар!
Бу йилги қабулдан педагогик йўналишларнинг сиртқи таълим шакли қабулида ўзгариш бўлди. Баъзи йўналишларга сиртқига қабул бутунлай тўхтатилди, баъзиларига 5 йиллик стаж сўралади, баъзиларига эса стажсиз ҳам ҳужжат топшириш мумкин.
Педагогик йўналишда сиртқи таълим билан боғлиқ ўзгаришларни 3 тоифага бўлиш мумкин. Уларни алоҳида-алоҳида санаб ўтамиз.
14 та йўналиш учун сиртқига қабул бўлмайди
Президент қарори билан 2023 йилги қабулдан бошлаб 14 та педагогик йўналишга кадрлар тайёрлаш тўхтатилди. Булар:
60110600 — Математика ва информатика
60110700 — Физика ва астрономия
60110800 — Кимё
60110900 — Биология
60111000 — География ва иқтисодий билим асослари
60111400 — Ўзбек тили ва адабиёти
60111500 — Она тили ва адабиёти (тиллар бўйича)
60111600 — Ўзга тилли гуруҳларда ўзбек тили
60111700 — Ўзга тилли гуруҳларда рус тили
60111800 — Хорижий тил ва адабиёти (тиллар бўйича)
60112000 — Чақириққача ҳарбий таълим
60112500 — Мактаб менежменти
60112600 — Мактабгача ва бошланғич таълимда хорижий тил (тиллар бўйича)
60112700 — Махсус педагогика (фаолият турлари бўйича).
5 йиллик стаж сўраладиган йўналишлар
Қабул комиссияси баёни билан сиртқи таълим шаклига педагогик фаолиятга оид камида 5 йил иш стажига эга бўлган абитуриентлар қабул қилинадиган бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати тасдиқланди.
Булар:
- бошланғич таълим;
- тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси;
- мусиқа таълими;
- жисмоний маданият;
- технологик таълим.
Бунда ушбу таълим йўналишларининг сиртқи таълим шаклига халқ таълими тизимида камида 5 йил иш стажига эга бўлиб, ҳозирда ушбу тизимда фаолият кўрсатиб келаётган педагог ходимлар абитуриент сифатида рўйхатдан ўтиши белгиланди.
Педагогика соҳасидаги таълим йўналишларида сиртқи таълим шакли бўйича ўқиш истагида бўлган шахсларнинг таълим тизимида камида беш йиллик педагогик иш стажига эга эканлиги «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексидаги маълумотлар асосида белгиланади.
Қолган йўналишларда талаб йўқ
Қабул бўлмаётган юқоридаги 14 та йўналиш ва 5 йил стаж талаб қилинадиган 5 та йўналишдан ташқари қолган барча педагогик йўналишларга исталган абитуриент сиртқи таълим шаклига ҳужжат топшириши мумкин. Бундай таълим йўналишлари учун педагогик фаолиятга оид камида 5 йил иш стаж талаб этилмайди. Яъни абитуриентларга ҳеч қандай чеклов йўқ.
“Адашиб кетмайманми?”
“Маълумотлар кўплиги учун адашиб кетишим мумкин, ҳаммасини аралаштириб юбормаслигим учун осонроқ йўлини ўргатинг” дейдиганлар учун:
- Бакалавриат сиртқи таълим шакли учун эълон қилинган квотани очасиз;
- Ундаги педагогика ОТМнинг сиртқи таълим шаклидаги йўналишларига ажратилган квоталарни кўриб чиқасиз;
- Табиийки, бу рўйхатда 14 та таълим йўналиши йўқ, 5 йиллик стаж талаб қилинадиган 5 та йўналиш ва квота ажратилган қолган барча йўналишлар билан танишиб чиқишингиз мумкин;
- Агар сиз 5 йиллик педагогик стажга эга бўлсангиз, унда педагогик йўналишлардан исталган бирига ўқишга кириш учун ариза топшира олишингиз мумкин. Агар стажи бўлмаган абитуриент бўлсангиз, сиртқи таълимга ажратилган квотадан стаж сўраладиган 5 та йўналишни чиқариб ташлайсиз ва қолган барчасидан бирини танлаб ҳужжат топширишингиз мумкин.
Эслатма: бакалавриатга қабул 20 июл куни, чет тилидан ижодий имтиҳон олинадиган йўналишларга қабул эса 10 июл куни тугайди.
Халқимизда “Текин топган мол ёмон, охири қўймас омон” деган гап бор. Таассуфки, орамизда шундай насиҳатларни писанд илмаган, одоб-ахлоқ ҳеч бўлмаганда виждон амрини бажармаган айрим кимсалар борки, бировнинг ҳаққини осонгина ҳазм қилаверади.
Халқнинг тўкин-сочинлиги, тинч ва осуда турмуш кечириши учун жорий этилаётган имтиёзлардан “оқилона” фойдаланишни кўзлаган шундай уддабуронлардан бирининг кўзаси синадиган кун келди. Албаттада, ҳар кимнинг қилмиши адолат тарозиси билан ўлчаниб қонуний баҳо берилиши аниқ ва қатъий.
Бугун суднинг қора курсисида ўтирган М.Ҳамидов ҳам вақти келиб қилмишлари учун қонун олдида жавоб беришга мажбур эканлигини билмаган дейсизми?! 5 йил муддат ичида нафсининг истаги билан анча-мунча одамларни чув тушуришга улгурган қаҳрамонимиз ҳа деганда айбини тушунавермади. Сабрли, андишали инсонлар унинг қуруқ ваъдаси билан юравердилар.
Гап шундаки, тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида бўлган аммо моддий шароити туфайли фаолиятини амалга оширолмаётган кишилар унинг ёғли қопқонига ўлжа бўлдилар. 2017 йилда А.Маҳмудовнинг 10 млндан сўмдан ортиқ баҳоланган бройлер жўжаларини сотиб беришни ваъда қилди, айтганларини бажарди, аммо пул ҳақиқий эгасини юзини ҳам кўрмади. 2019 йилда эса кўпчиликка оворагарчиликларсиз кредит олиб беришни айтиб улар номига ажратилган имтиёзли кредитларни ҳеч ўйламай эҳтиёжига ишлатиб юборди. Кимдир иссиқхона қуриш учун яна кимдир чорва ва паррандачилик учун давлат имтиёзи асосида олган йиғин пуллар М.Ҳамидовга қимматга тушди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилди.
Шукроналик ҳисси билан яшайдиган бу даврда М.Ҳамидов каби айрим кимсаларнинг бу каби қилмишлари дилни хира қилади. Бир ҳаводан нафас олаётганимиз, қариндош-биродарларимизни оғирини енгил қилиш ўрнига уларнинг шижоатини сўндириш, ажратилаётган имтиёзли кредит маблағлари эгаларини алдаб ишончини суистеъмол қилиб ўзининг манфаати йўлида ишлатиб юбориш ҳеч қандай ҳуқуқ нормаларига тўғри келмайди.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати
1920 йилда АҚШда йигирма нафар ёши катта ва тажрибали ўйинчилар саккиз ёшли болакай билан шахмат ўйнагани ва ютқазгани шов-шув бўлади. Самуэл Герман Решевский Вест-Поинтдаги ҳарбий академияга боради ва у ерда тажрибали йигирма нафар шахматчи билан бирданига дона суради. Натижа ҳавас қилгулик эди: бола фақат битта дуранг қайд этади, қолганлар устидан эса ғалаба қозонади.
Унинг рақиблари таниқли математик-шахматчилар, обрўли кишилар эди. Боланинг ғайриоддий истеъдоди кўпчиликни қойил қолдиради.
Ўртаҳол оилада туғилган
Решевский 1911 йилда ҳозирги Полша ҳудудига тўғри келувчи Озоркув шаҳарчасида дунёга келган. Ўша пайтда ҳудуд Россия империяси назоратида эди. Болакай художўй яҳудий оиласида туғилганди, ундан ташқари оиланинг яна беш нафар фарзанди бор эди.
Тўрт ёшга кирган пайтдаёқ бола шахмат қонун-қоидаларини тўлиқ ўрганиб, дона сура бошлайди. Оила Лодз шаҳрига кўчганда истеъдодли бола поляк гроссмейстери Георг Салве эътиборига тушади. Шундан сўнг митти вундеркинд кучли шахматчилар билан шаҳар биринчиликларида ўйнай бошлади.
Решевский илк халқаро турнирини олти ёшида Австрия пойтахти Венада ўтказган. Иштирокчилар катта ва кучли шахматчилар эди, улар митти рақибга беписандлик билан қарашарди. Оқибатда ғалаба бола тарафида бўлди, ҳатто австриялик машҳур шахматчи Волф ҳам бола олдида ожиз қолди.
Кейин Решевский словениялик гроссмейстер Милан Видмар билан бир неча соат кучли жанг олиб борди. Якунда эса Видмар амаллаб ғалабани қўлга кирита олди.
Йўқотилган болалик
Кўпчилик вундеркиндлар каби фавқулодда истеъдод Решевскийга муаммо ҳам туғдирди: у шахмат билан овора бўлиб, мактабда тузукроқ ўқий олмади.
Бола интелектуал дунёқарашда тенгдошлардан орқада эди. Ҳатто саккиз ёшида топширган имтиҳонида бола маймун ва йўлбарс ўртасидаги фарқни ажрата олмагани ҳақида фактлар мавжуд.
Айнан машҳурлик ва пул топиш мақсадида ота-онаси болани АҚШга олиб келади.
Шахмат бола учун ҳаёт-мамотга айланганди, у хотираларида ушбу ўйин худди нафас олиш каби муҳим бўлиб қолгани ҳақида эслайди.
Бола ҳатто ўн ёшлигида машҳур актёр Чарли Чаплинга ҳам шахмат сирларини ўргатган.
1920 йилда ёш шахматчи Европа бўйлаб турнега отланади.
Тўққиз ёшли болакай Париж, Лондон, Вена ва Берлинда шахмат бўйича маҳоратини намойиш этишга муваффақ бўлди. Ҳар бир шаҳарда у соқолли, ёши улуғ рақибларга қарши курашиб, ҳақиқий қаҳрамонга айланди. Ҳайрон қолган томошабинлар ёш иқтидорни ҳаяжон ва олқишлар билан кутиб олишарди.
Бундай кичкина шахматчи қандай қилиб жаҳон шахмат усталари ва гроссмейстерларини мағлуб эта олишини ҳамма тушуна олмасди. “Шахмат” сафари давомида Решевский 23 та ўйин ўтказди, шундан 4 тасида дуранг, қолганларини эса ишончли ғалабалар билан якунланди.
Турне якунланиб, АҚШга қайтган болакайни ўқитиш масаласи кун тартибидан жой олди. 12 ёшли бола илк бор мактабга бориб, ўқиш, ёзиш ва бошқа малакаларни ўзлаштира бошлади. Шахмат орқали дунёга танилган Самуэл энди оддий тенгдошлари каби таълимни ўзлаштириши керак эди.
Шундан кейин Решевский бироз муддат омма эътиборидан четда қолади.
Самуэл 1927 йилда АҚШнинг Ғарбий қирғоғи биринчилигида барчани “ер тишлатди”. Рақиблари уни ҳатто дурангга ҳам кўндира олмайди. 1929 йилда эса йигитча Детройт иқтисодиёт университети талабасига айланди.
Кейинги ҳаёт
Решевский тўлиқ профессионал шахматчи бўла олмади, у ҳисобчилик касбини танлаганди. Аммо бир қанча турнирларда ўзини кўрсата олди. Жумладан, 1935 йилда Англиядаги турнирда кубалик машҳур шахматчи Капабланкани ортда қолдирди.
1948 йил жаҳон чемпионлиги учун Ботвинник, Керес, Эйве каби машҳурлар қатнашган турнир ўтказилди. Решевский ғолиб бўлмаса-да, ижобий таассурот қолдира олди.
1961 йил АҚШ шахмат тарихида қизиқарли учрашув юз берди: эллик яшар Решевский ёш Бобби Фишер билан тўқнаш келди. У муросасиз ўйинни ғалаба билан якунлади. Мазкур мағлубиятдан аламзада бўлган, ёш ва жиззаки Фишер рақибини судга беради, аммо суд ҳам якунда ғалабани Решевский томонида қолдиради.
Гарчи жаҳон етакчилиги насиб этмаган бўлса-да, Решевский саккиз карра АҚШ чемпионлигини қўлга киритган. Халқаро турнирларда ҳам рақибларга етарлича муаммолар туғдира олган.
Ёшлигида порлаган вундеркинд 1992 йил Нью-Йорк шаҳрида ҳаёт билан видолашади.
Иссиқ кунларда инсон танаси кўп суюқлик йўқотади. Бундай пайтда организмнинг сув балансини керакли ичимликлар билан тиклаш жуда муҳим.
Чанқоқ пайти оддий сувдан ташқари ўсимлик чойлари (ромашка, ялпиз ва бошқалар), олча, олхўри каби нордон мевалардан тайёрланган шарбатлар ва албатта, айрон ичиш жуда фойдали.
Айрон чанқоқни босиши билан бирга, иштаҳани ҳам кўтаради, ичак микрофлорасини тозалайди, нафас олиш ва юрак-қон томир тизими фаолиятини яхшилайди, иммунитет ва асаб тизими учун ҳам кони фойда.
Кўп айрон ичадиган инсонларда дисбактериоз кам учраши ҳам исботланган.
Яна шундай маҳсулотлар борки, улар ҳам чанқоқни яхши босади. Буларга бодринг, селдерей, қовун, тарвуз, апельсин киради.
Айниқса, ёзги таом бўлмиш окрошка ҳам чанқоқни босади ҳамда у керакли микроэлемент ва витаминларга бойдир.
Бироқ ёзда озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар таркиби тез бузилишини эътиборга олсак, бозорларда, йўл ёқаларида сотиладиган қўлбола ҳамда яроқлилик муддати ўтган ичимликларни ичиш саломатлик учун хавфли.
Муҳтарам ватандошлар!
Ер юзидаги жамики ислом уммати қатори меҳр-мурувват, эзгулик ва саховат рамзи – муборак Қурбон ҳайитини катта шоду хуррамлик билан кутиб олаётган сиз, азизларни, барча юртимиз мусулмонларини, бутун халқимизни ушбу улуғ айём билан чин қалбимдан самимий табриклаб, ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман.
Дилларимиз қувончга тўлган мана шундай қутлуғ дамларда аввало эл-юртимиз билан бирга Қурбон ҳайитига тинч-омон етказгани учун Яратганга чексиз шукроналар айтамиз.
Айни пайтда бу муқаддас байрам моҳиятида мужассам бўлган тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик, инсонпарварлик ғоялари бугунги кунда Янги Ўзбекистонда амалга ошираётган ислоҳотларимиз, улкан мақсад ва вазифаларимизга уйғун ва ҳамоҳанг эканини ҳис этиб, кўнгилларимиз янада шукуҳга тўлмоқда.
Юртимиздаги ҳар бир маҳалла, шаҳар ва қишлоқдаги тинчлик ва ободлик, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашда Қурбон ҳайити сингари азалий байрам ва қадриятларимизнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бормоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, ўзининг фидокорона ва олижаноб меҳнати билан ҳаётимизни янада эркин ва фаровон қилиш, инсон қадрини улуғлашдек эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшаётган барча азиз юртдошларимизга чин дилдан самимий миннатдорчилик билдираман.
Қадрли дўстлар!
Кейинги йилларда юртимизда миллий ва диний қадриятларимизни ривожлантириш, виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлаш борасида катта ишлар амалга оширилаётгани барчангизга яхши маълум, албатта.
Хусусан, мўмин-мусулмонларимиз учун яратилаётган қулай шароит ва имкониятлар туфайли мана шу Қурбон ҳайити кунларида 15 минг нафар ватандошимиз Маккаи мукаррамада муқаддас ҳаж зиёратини адо этмоқда.
Уларнинг барчасини бугунги улуғ айём билан қутлаб, Ватанимиз равнақи, эл-юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги, оилаларимиз, фарзандларимизнинг бахту иқболини тилаб қилаётган дуолари ижобат бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.
Ҳеч шубҳасиз, кўп миллатли ва кўп конфессияли халқимизнинг эзгу орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, гўзал юртимизни ягона Ватан деб биладиган барча миллат ва элат вакилларининг урф-одат ва анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантиришга биз бундан буён ҳам алоҳида аҳамият қаратамиз.
Ишончим комил, барчамиз биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан Янги Ўзбекистонни, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаромиз тинч-осойишта, эркин ва фаровон яшайдиган, том маънодаги дўстлик ва бағрикенглик диёрига айлантирамиз.
Мана шу мунаввар лаҳзаларда дунёнинг узоқ-яқин ҳудудларидаги барча мўмин-мусулмонларга самимий табрикларимизни йўллаб, уларнинг мамлакатлари ва халқларига тинчлик ва тараққиёт тилаймиз.
Ҳурматли ватандошлар!
Кейинги йилларда шаклланган яхши анъанамизга мувофиқ, Қурбон ҳайити муносабати билан бу йил ҳам бир неча кундан иборат дам олиш кунлари белгиланди.
Бу хонадонларимизга, ҳаётимизга Ийд ал-адҳонинг эзгулик нури, чинакам байрам кайфиятини олиб киришга хизмат қилади, деб ишонаман.
Муқаддас масканлар, улуғ аждодларимиз қадамжоларини зиёрат қилиш, мўътабар ота-оналаримиз, қариндош-уруғларимиз, ёру биродарларимизни йўқлаш, кўмак ва ёрдамга муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, юртимиз бўйлаб саёҳатларни амалга ошириш учун бу – яна бир қулай имконият, десак, тўғри бўлади.
Сиз, азиз юртдошларимни, бутун халқимизни Қурбон ҳайити билан яна бир бор муборакбод этиб, байрамни оила, дўстлар ва яқинлар билан бирга файзли ва мазмунли ўтказишингизни тилайман.
Илоҳим, барча пок ниятларимиз амалга ошсин!
Юртимиз тинч, халқимиз доимо омон бўлсин!
Барча эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи қўллаб-қувватласин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ассалому алайкум азиз тумандошлар!
Қадрли жамоат!
Сизларни меҳр - оқибат, эзгулик ва саховат айёми, ислом оламидаги улуғ байрам, муборак Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Ушбу байрамнинг файзу баракоти қалбларимизни, хонадонларимизни мунаввар ва хушнуд айласин. Юртимизга тинчлик-хотиржамлик, юртдошларимизга тани-сиҳатлик, оилалар-га фаровонлик олиб келсин!
Ҳар бир хонадонда кўтаринкилик билан нишонланадиган қутлуғ Қурбон ҳайитида ҳаммамиз аввало шундай кунларга етказгани учун Оллоҳ таолога чексиз шукроналар айтамиз.
Шу кунларда яхшилик, сабр - қаноат ва меҳр - эътибор сингари эзгу фазилатларни ўзида мужассам этган бу байрамнинг маъно мазмуни ҳамда халқимиз ҳаётида тутган ўрни ва аҳамиятини барчамиз янада чуқур ҳис этмоқдамиз.
Азиз тумандошлар!
Қурбон ҳайити – улуғ байрам. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу кунда янада меҳрибонроқ, шафқатлироқ бўлар, етим-есирлар бошини силар, қариялар, касалмандлар, муҳтожлардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар.
Зеро, Муборак ҳадисларда айтилганидек, икки дунё саодатини ўйлаб яшаган инсон, халқ ҳеч қачон кам бўлмайди.
Қалбларимиз қувончга ва эзгу ниятларга тўлган ушбу саодатли ва мунаввар дамларда аввало шундай табаррук кунларга етказгани, байрамни тинч ва осуда муҳитда, оиламиз, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар билан ҳамжиҳатликда кутиб олаётганимиз учун Яратганга чексиз ҳамдлар бўлсин!.
Дарҳақиқат, халқимиз азал-азалдан диний арконларни мукаммал адо этиб келган эл ҳисобланади. Бу борада динимизнинг энг катта байрамларидан ҳисобланган диний ва миллий байрам сифатида халқимиз онгу шуурига сингиб кетган икки Ҳайит байрамларини жуда кенг миқёсда, ўзгача шодиёналик билан нишонланиши эса азал-азалдан ота-боболаримиздан қолган бой миллий ва диний меросимиз ҳисобланади.
Бу борада эса Расулуллоҳ (с.а.в). бизларга исломнинг икки улуғ байрами хабарини берганлар: “Аллоҳ таоло исломгача бўлган даврда нишонлайдиган байрамлар ўрнига афзалроқ бўлган Рамазон ва Қурбон ҳайити байрамини ҳадя қилди” – деганлар.
Барча дунё мусулмонлари Ийд ал-Адҳа – Қурбон ҳайитини катта шукуҳ ва хурсандчилик ила нишонлаш остонасида турибди. Яна шу кунларда 25 нафар учқудуқлик биродарларимиз ҳаж сафарида бўлиб, Яратгандан Ватанимиз тараққиёти, халқимиз равнақини сўраб Маккаи мукаррамада, Арафот ва Мино водийсида дуои хайрлар қилмоқдалар.
Муҳтарам Президентимизнинг куни-кеча «Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарори халқимизнинг қадимий ва бетакрор байрамларидан бири бўлган муборак айёмни мазмун-моҳиятига мос тарзда нишонлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирларни белгилаб бердилар.
Унга кўра, ушбу муборак кунларни мазмунли ва кўтаринки кайфиятда ўтказиш учун Рамазон ҳайити муносабати билан юртимизда дам олиш кунлари эълон қилинганидан хабарингиз бор, албатта!. Ишонаманки, бундай қулай шароит байрамнинг файзу тароватини, қадр-қимматини янада оширади. Бинобарин, ушбу ҳордиқ кунлари – мўътабар ота-оналарни зиёрат қилиш, беморлар ва муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, яқинлар билан дийдор кўришиш учун яхши имкониятдир.
Жаннатмакон юртимизни турли бало-офатлардан Яратганнинг ўзи асрасин, кейинги Қурбон ҳайити кунларига сиҳат-саломатликда етиб боришимизни ҳаммамизга Аллоҳнинг ўзи насиб этсин. Юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик, Юртбошимизнинг эл-юрт манфаати йўлидаги хайрли ишларига юксак муваффақиятлар ёр бўлсин! Ватанимиз истиқболи порлоқ, диёримиз тинчлиги ва осойишталиги бардавом, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлишини Парвардигордан сўраб қоламиз. Келаётган қутлуғ байрамнинг файзу баракоти қалбларимиз ва хонадонларимизни мунаввар ва хушнуд айласин.
Ийд ал-Адҳа – Қурбон ҳайити ҳайити муборак бўлсин, қадрли тумандошлар!
Байрам шукуҳидан қалбларимиз янада нурафшон бўлсин!
Эътиборингиз учун рахмат!
Қадрли дўстлар!
Бугун юртимизда кенг нишонланаётган Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан сиз, азизларни, муҳтарам фахрийларимизни чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Бу айём нафақат ўз ҳаётини шу соҳага бағишлаган фидойи инсонлар, балки уларнинг машаққатли ижод ва меҳнат маҳсулидан баҳраманд бўладиган миллионлаб муштарийлар, тингловчи ва томошабинлар, бутун жамиятимиз учун ҳам қадрлидир.
Мана шундай кунларда миллий матбуотимизнинг тамал тошини қўйган жадид боболаримизнинг: “Матбуот фикрлар тилмочи, миллат ва эл-юрт ривожи йўлида хизматчи, одамлар онгу шуурининг қуёши, ҳар кимнинг виждонига тутилган кўзгу бўлмоғи лозим” деган фикрлари ҳозирги кунимиз учун ҳам ғоят муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлашимиз табиийдир.
Маърифатпарвар аждодларимизнинг бу олижаноб орзу-интилишлари фақатгина мустақиллигимиз туфайли рўёбга чиқди.
Кейинги йилларда юртимизда рўй бераётган тарихий ўзгаришлар натижасида оммавий ахборот воситаларини эркин фикр минбарига, халқимиз манфаатларининг фаол ҳимоячисига айлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин, ижтимоий муҳит яратилди.
Биз мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини, ахборот олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқини таъминлаш масаласини инсон қадрини улуғлаш, демократик жамият ва халқпарвар давлат қуришга қаратилган тараққиёт стратегиямизнинг муҳим ва ажралмас қисми деб биламиз.
Янгиланган Асосий қонунимизда ушбу йўналишдаги конституциявий қоидалар янада мустаҳкамлаб қўйилгани бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз бардавом эканини кўрсатади.
Ҳозирги кунда юртимизда 2140 та ёки 2016 йилга нисбатан 626 та кўп оммавий ахборот воситаси фаолият юритмоқда. Уларнинг 65 фоизи нодавлат медиа воситалари экани соҳада таркибий ўзгаришлар изчил амалга оширилаётганидан далолат беради. Анъанавий нашрлар билан бирга интернет нашрлар ҳам жадал ривожланиб, уларнинг сони 745 тага етгани ва ўқувчилар оммасини тобора кўпроқ ўзига жалб этаётганини қайд этиш лозим.
Давлат идоралари ва маҳаллий ҳокимликлар таркибида ахборот хизматлари йўлга қўйилгани халқ билан мулоқотни кучайтиришга сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш, уларнинг очиқлик борасидаги самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш ҳамда илғор халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизими жорий этилди. Жумладан, яқинда биринчи марта ўтган йил якунларига кўра, давлат органлари ва ташкилотларида амалга оширилган ишларни баҳолаш бўйича Очиқлик индекси натижалари эълон қилингани бу йўлдаги муҳим қадам бўлди.
Мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари халқаро ахборот маконига ҳам дадил кириб бормоқда. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда бир қатор хусусий телестудияларнинг кўрсатувлари жаҳоннинг 100 дан ортиқ давлатларига узатилмоқда. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Дунё” ахборот агентлиги ўз хабарларини 10 та хорижий тилда тарқатмоқда.
Кейинги вақтда юртимизда китобхонликни оммалаштиришдек эзгу ишга нашриёт-матбаа соҳаси ходимлари ҳам муносиб ҳисса қўшаётганини алоҳида эътироф этиш лозим. Сўнгги йилларда республика нашриётлари томонидан 132 миллион нусха бадиий китоб ва бошқа адабиётлар чоп этилгани китобсевар халқимиз, авваламбор, ёшларимизнинг онгу тафаккурини юксалтиришда муҳим роль ўйнаши шубҳасиз.
Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ушбу соҳа учун уч йил муддатга даромад солиғи бўйича имтиёзлар берилгани уларнинг иқтисодий ҳолатини барқарорлаштиришда катта мадад бўлмоқда.
Азиз дўстлар!
Бугунги шиддатли даврнинг ўзи барча соҳалар қатори ахборот йўналишида ҳам олдимизга ўта долзарб вазифаларни қўймоқда.
Ҳозирги вақтда ер юзининг турли бурчакларида юз бераётган, барчамизни ташвиш ва хавотирга солаётган воқеаларни ҳисобга оладиган бўлсак, глобал дунёда ахборотлашув жараёнларининг таҳдидли жиҳатлари ҳам борлиги ва улар тобора кучайиб бораётганидан кўз юмолмаймиз.
Дунёнинг айрим минтақа ва ҳудудларида оммавий ахборот воситалари муайян сиёсий кучлар қўлида информацион урушни авж олдиришга, жамоатчилик фикрини чалғитишга, оқни – қора, қорани – оқ деб кўрсатишга хизмат қилаётганини афсус билан қайд этишга тўғри келади.
Ахборот маконидаги устунлик кўп нарсани ҳал этадиган бугунги мураккаб вазиятда халқимиз сиз, азизларни демократик матбуотнинг асосий шарти ва талаби бўлган холислик, ҳаққонийлик, миллий манфаатларимизга содиқлик каби принципларга амал қилиб, ўз билим ва салоҳияти, ўткир қалами ва ҳароратли сўзи билан жамоатчиликка ижтимоий жараёнлар моҳиятини англаб етишга кўмаклашадиган, уларни бузғунчи ахборот хуружларидан ҳимоя қиладиган фидойи инсонлар деб билади.
Биз жамият ҳаётида учраётган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, бюрократия ва коррупция каби иллатларга қарши курашишда, аввало, сиз ҳурматли журналист ва блогерлар, айниқса, миллий медиа маконимизга янги ғоя ва ташаббуслар билан кириб келаётган истеъдодли ёшларимизга таянамиз.
Шу боис кенг миқёсда фикрлайдиган, она тили билан бир қаторда хорижий тилларни, ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган, юксак малакали, ватанпарвар журналист кадрларни тайёрлаш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Қорақалпоқ давлат университети, Бухоро давлат университети каби таълим муассасаларида журналистика йўналиши бўйича юзлаб мутахассислар тайёрланаётгани ҳам шундан далолат беради.
Ушбу олий таълим даргоҳларида талаба ёшларимиз босма оммавий ахборот воситалари ва ноширлик иши, аудиовизуал журналистика, интернет журналистикаси ва менежменти, медиа назарияси ва амалиёти, ҳарбий ва спорт журналистикаси, рақамли медиа, халқаро муносабатлар сингари йигирмадан зиёд таълим йўналишлари бўйича юқори малакали профессор-ўқитувчилардан маҳорат сирларини ўрганаётгани айниқса эътиборлидир.
Биз Янги Ўзбекистоннинг янги журналистикасини яратиш вазифасини ўз олдимизга қўйган эканмиз, бу борадаги миллий анъаналаримиз билан бирга ривожланган давлатлар тажрибасини ҳам ҳар томонлама ўрганишимиз, оммавий ахборот воситалари бўйича дунёдаги етакчи олийгоҳлар, нуфузли халқаро ташкилотлар ва медиа компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтиришимизни ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.
Шу сабабли оммавий ахборот воситаларини изчил ривожлантириш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлиб қолади.
Бу соҳада олдимизда турган вазифаларни аниқ белгилаб олиш ва амалга оширишда ҳозирги вақтда Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси томонидан тайёрланаётган Миллий маъруза катта амалий аҳамият касб этади, деб ишонаман.
Фурсатдан фойдаланиб, давлатимиз ва жамиятимиз оммавий ахборот воситалари ходимларининг иш ва турмуш шароитларини яхшилаш, уларнинг машаққатли ва масъулиятли меҳнатини рағбатлантириш, соҳанинг моддий-техник ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш учун зарур ёрдам кўрсатишга тайёр эканини яна бир бор таъкидлайман.
Сизларни қутлуғ касб байрамингиз ҳамда яқинлашиб келаётган улуғ айём – Қурбон ҳайити билан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, ижодий фаолиятингизда янги ютуқлар, хонадонларингизга бахт-саодат ва файзу барака тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
O’pka tuberkulyozi turli shakllarga ega bo’lishi mumkin:
Tuberkulyoz qo’zg’atuvchisi
Kasallik inson organizmi Mycobacterium bakteriyasi yoki Kox tayoqchasi bilan infektsiyalangandan so’ng rivojlanadi. Bu mikroorganizmlar past haroratlarda hayotiyligini saqlab qoladi, tashqi muhit ta’sirlariga va yuqori haroratga chidamli bo’ladi.
Kox tayoqchasi o’ta yuqumli infektsiya hisoblanmaydi, biroq kasallangan infektsiya tashuvchisi bakteriyalarni tashqi muhitga tarqatadi. Sog’lom odam bu bakteriyalar bilan kasallanishi ehtimoli juda past. Ko’p hollarda silga chalingan bemor kasallikning faol bo’lmagan shaklida kasalxonaga yotishi talab qilinmaydi va uning harakatlari, ijtimoiy faoliyati cheklanmaydi.
Sabablari va yuqish yo’llari
Sil kasalligi yuqishining asosiy yo’li — havo-tomchi yo’llari sanaladi. Kamroq hollarda kundalik aloqalar va transplatsental yuqish holatlari qayd etiladi. Bakteriya nafas olish yo’llari orqali organizmga kiradi. So’ng bronxlar shilliq qavati va alveolalarga o’tadi va qon orqali butun tanaga tarqaladi.
Inson tanasi uchun Kox tayoqchasi yot mikroorganizmdir. Odatda bunday bakteriyalar organizmga tushsa va rivojlana boshlasa, immun hujayralari ularga hujum qilib, ko’payishi va rivojlanishini oldini oladi. Biroq quyidagi ikki holatda kasallik rivojlanishi ehtimoli mavjud bo’ladi:
Immun tizimi zaiflashga, antitanalar ishlab chiqarilishi buzilgan, immunitet tanqisligi holati mavjud bo’lsa, tananing mudofaa qobiliyati boshqa kasalliklar tufayli zaiflashgan yoki boshqa ijtimoiy yoki yosh omili tufayli yetarli darajada shakllanmagan bo’lsa;
Kasallik qo’zg’atuvchisi bilan aloqa uzoq, uzluksiz bo’lsa, batsilla tashuvchida kasallikning ochiq shakli jarayoni kechayotgan bo’lsa va tegishli davolash choralari qo’llanilmasa.
Alomatlari
Odatda tuberkulyoz asta-sekin namoyon bo’la boshlaydi. Patogen bakteriyalar bemor organizmida juda uzoq vaqt davomida o’zini haiqda belgi bermaydi, ko’pincha o’pka to’qimalarida rivojlanadi va ko’payadi.
Sil kasalligi (tuberkulyoz) — sabablari, alomatlari, davolash va oldini olish
Sil kasalligi, tuberkulyoz (lot. tuberculum — do’mboqcha) — Mycobacterium tuberculosis complex guruhi mikobakteriyalari tomonidan chaqiriladigan dunyoda keng tarqalgan infektsion kasallik. Bakteriya odatda o’pkani shikastlaydi. Kasallik nafaqat salomatlik, balki ijtimoiy holatga ham bog’liq: sil qo’zg’atuvchisiga immuniteti pasaygan, to’yib ovqatlanmaydigan, gigiena standartlariga rioya qilmaydigan va kambag’al ijtimoiy sharoitlarda yashaydigan kishilar eng ta’sirchandir. Biroq, sil yoshi va jinsidan qat’iy nazar butun aholi qatlamiga xavf tug’diradi.
O’lim holatlarining yuqoriligi (yiliga taxminan 3 million kishi) va kasallikning keng tarqalganligiga nafaqat ijtimoiy omillar, balki sil kasalligining hech qanday alomatlarsiz (yashirin) davri uzoq davom etishi ham ta’sir ko’rsatadi. Bu davr uni davolash uchun eng qulay vaqt hisoblanadi. Infektsiya mavjudligini aniqlash uchun organizm Mantu sinov reaktsiyasiga baholanadi.
Epidemiologiya
M. tuberculosis bilan yer aholisining uchdan bir qismi infektsiyalangan va har soniyada yangi infektsiya holati sodir bo’ladi degan tushuncha bor. Butun dunyoda har yili tuberkulyoz bilan kasallanadigan insonlar ulushi o’zgarmaydi yoki kamaymaydi. Biroq aholi sonining oshishi tufayli yangi holatlarning mutlaq soni oshib bormoqda.
2007-yilda asosan rivojlanayotgan mamlakatlarda surunkali faol tuberkulyozning 13,7 million hollari qayd qilinishi, 9,3 million yangi kasallanish hollari va 1,8 million o’lim hollari hisoblangan. Bundan tashqari, rivojlangan mamlakatlarda insonlar tuberkulyoz bilan tobora ko’proq infektsiyalanmoqda, chunki ularning immun tizimi immunosupressiv preparatlar qabul qilish natijasida zaiflashib bormoqda, ayniqsa OIV-infektsiyalarda.
Sil kasalligi butun dunyo bo’ylab teng ravishda tarqalmagan. Ko’pchilik osiyo va afrika mamlakatlari aholisining taxminan 80%da tuberkulinli sinov ijobiy natija beradi. Solishtirish uchun AQSh aholisi orasida bu ko’rsatkich 5-10% ni tashkil etadi.
Jahon sog’liqni saqlash tashkiloti bergan ma’lumotlarga ko’ra, 2015-yilda dunyoda 10,4 millionga yaqin tuberkulyoz bilan kasallanish hollari qayd etilgan. Ulardan 5,9 millioni (56%) erkaklarga, 3,5 millioni (34%) ayollarga va 1,0 millioni (10%) bolalarga to’g’ri keldi. OIV bilan infektsiyalangan bemorlar 1,2 millionni (11%) tashkil etdi.
JSST kasallik haqida bergan ma’lumotlga ko’ra, 2015-yilda sil tufayli 1,4 million bemorning o’limi qayd etildi, ular ichida 0,4 millioni OIV bilan aloqador edi.
Tuberkulyoz bilan kasallanish noqulay sharoit (stressli holatlar), shuningdek inson organizmining individual xususiyatlari (masalan qon guruhi yoki yoshi) bilan bog’liq ekanligi qayd qilingan. Kasallanganlar orasida 18-26 yosh guruhi dominantlik qiladi.
Klinik shakllari
Ko’pincha tuberkulyoz nafas olish (asosan o’pka va bronxlar) va siydik-tanosil tizimini shikastlaydi. Tuberkuylozning suyak-bo’g’im shakllarida ko’pincha umurtqa va son suyaklarining shikastlanishi uchraydi. Shu sababli kasallikning ikki turi ajratiladi: o’pka va o’pkadan tashqari.