LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

23 Nov 2024

Эл ифтихорлари

 

Меҳнат фаолиятини беморларга шифо улашишдек хайрли ва савоб билан ўтказадиган шифокорлар Учқудуқда талайгина. Ана шундайлардан бири НКМК жамғармаси ДМ “Учқудуқ” ҲБ 2-тиббий-санитария қисми бошлиғи Эркин Ибрагимович Нормуродовдир.

У 1970 йилда Хатирчи туманидаги “Араб” маҳалласида оддий колхозчи оиласида туғилган. Отаси Иброҳим ота “Ш.Рашидов” номли колхоз бригадири, онаси Бўритош ая шу колхознинг ишчиси бўлган бу оилада 7 нафар фарзанд улғайган.  

Болаларнинг энг каттаси Эркин ака отасининг ўша пайтда барчага ўрнак бўлган таъмагир бўлмаслик, холис хизмат қилиш, энг асосийси китоб билан дўст тутиниш каби хислатларини ўзига сингдириб борди. Чиройли яшаш учун яхши ўқиш, дилдан меҳнат қилиш, масъулиятни ҳис қилиш лозим, дея уқтирарди оила даврасида фарзандларига отаси.

Оддий оилада таваллуд топган Эркин Нормуродов болаликдан шифокорлик касбига меҳр қўйиб, етук шифокор бўлиш йўлида астойдил ҳаракат қилди. Камолот пиллапояларида улғайгач 1988 йилда Тошкент давлат тиббиёт инстутига ҳужжат топширди. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, институт талабаси бўлди. 1994 йилда санитария, гигиена ва эпидемиология мутахассислиги бўйича дипломни қўлга олиб, вилоят шифохонасининг юқумли касалликлар бўлимида инфексионист интерна шифокори, кейинчалик Учқудуқдаги 2-ТСҚ юқумли касалликлар бўлимида инфексионист шифокор бўлиб ишлади.

Бу эса ўз даврида умрини, ҳаётини тиббиётга бахшида қилган қаҳрамонимизга омад эшикларини бирма-бир очди. 1998 йилдан юқумли касалликлар бўлими мудири, 2009 йилгача 2-ТСҚ бошлиғининг тиббий масалалар бўйича ўринбосари, 2017 йилда Зарафшондаги 3-ТСҚ бошлиғи лавозимлари унга ишониб топширилди. 

Эл саломатлиги йўлида бор билим ва тажрибасини амалда қўллаб, ҳар бир беморнинг имконияти ва руҳиятига қараб, алоҳида ёндашди. Шифо сўраб олис-яқиндан, овул-у, чўлдан келганлардан ўз маслаҳатини аямади. Кези келганда ҳар бир беморнинг бошида парвона бўлди, шифохонада қолиб кунни тунларга, тунни тонгларга улади. Жонкуяр шифокор ва соҳа масъулининг бу эзгу ишларидан кўпчилик миннатдор бўлиб, ҳалигача дуо қилишади.

Кўпнинг дуоси мустажоб бўлиб, Эркин Ибрагимович 2018 йилдан буён 2-ТСҚ бошлиғи вазифасида фаолият юритиб келмоқда. Энди у фақат ўз ишигагина эмас жамоаси фаолиятига ҳам масъулликни қалбдан ҳис этади. Ташаббускорлик ва ташкилотчилик салоҳиятини амалда кўрсатиб, тизимда бир қатор янгиланишларни амалга оширмоқда. Тиббиёт муассасаси бўлим ва бўлинмаларида қўлланилаётган замонавий русумдаги тиббий жиҳозлар ва ускуналар дейсизми, биноларда амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини айтасизми, албатта буларнинг бош-қошида Эркин Нормуродов турибди.

Олимлардан бири: “Тўнғич фарзандингизни яхшилаб тарбияланг, қолганлари унга эргашиб катта бўлади”, деган эди. Бу ҳаётий ҳақиқатнинг тасдиғини қаҳрамонимиз улғайган Нормуродовлар оиласида кўриш мумкин. Ҳашамсиз қишлоқ уйининг китоб жавонида бобокалонимиз Мирзо Улуғбек осмондаги мингдан ортиқ юлдузнинг ҳар бирини қандай кашф қилгани, Ал-Хоразмий нима учун риёзиётга тартиб бериш йўлида шунчалар риёзат чеккани, Беруний қандай қилиб қишлоғидан чиқмай уммон ортидаги қитъани кашф қилгани, Имом Бухорий ниманинг илинжида дунёнинг қарийб ярмини пиёда кезиб чиққани ва бошқа кўплаб ўзбек ва жаҳон адабиётининг классикалари қатор терилган китоблар ўқилган. Узун тунлар липиллаб ёниб турган пилта фонус ё шам ёруғида муҳокама қилинган, болаларнинг ҳар бири ўз фикрини айтган. Эркин фикрлашга китоб мутолаасига рағбат бўлган бу хонадонда. 

Шу боисдан укаси Тўлқин Ибрагимович ҳам ака изидан бориб, шифокорликни танлади. Синглиси Эътиборхон ва укаси Нурали Нормуродовлар ҳам тиббий билим юртида таҳсил олиб, ўрта тиббиёт ходимлари бўлиб ишлаб келишмоқда.

Эркин Ибрагимовичнинг кўп йиллик самарали меҳнатлари муносиб тақдирланиб, бир неча бор фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Икки марта халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгаши депутатлигига сайланиб, шу ерликларнинг дардига дармон, масала ва муаммоларига ечим топиб, кўпчиликнинг ҳурматига ишончига сазовор бўлмоқда.Дарвоқе, Эркин ака ва Шоира опа Нормуродовлар оиласи “Навоий” маҳалласидаги ибратли оилалардан бири. Қизлари Мухлиса, Зуҳра, ўғли Зоиржонлар одобли, билимли, меҳнатсевар, иймон-эътиқодли фарзандлар бўлиб камолга етди. Бугун уларнинг ҳар бири олий маълумотли етук касб эгаларидир.

Ҳозирда 30 ёшни қаршилаган ота издоши Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмаси анестезиология ва реанимция бўлими анестезиолог-реаниматолог врачи Зоиржон Иброхимов ҳақида ҳам фақат яхши эътирофлар эшитилади. “От ўрнини той босади” деганлари шу бўлса керак.

21 Nov 2024

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2024 йилнинг йилнинг 4 март куни имзоланган «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-114-сонли қарори билан тасдиқланган «Йўл харитаси»га мувофиқ, республикамизда 2025-2026 йилларда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш белгиланди.

Бугунги кунда, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида (https://regulation.adliya.uz/project) «2026 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони лойиҳаси (2024 йилнинг 6 ноябрида жамоатчилик муҳокамаси якунланган) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш, натижаларини таҳлил қилиш ва эълон қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳалари (2024 йилнинг 8 ноябрида жамоатчилик муҳокамаси якунланган) белгиланган тартибда тегишли идоралар билан келишиш учун эълон қилинган.

Лойиҳаларга кўра, Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш 2026 йилнинг июль-август ойларида ўтказилиши режалаштирилган.

Аҳолини рўйхатга олиш 2 хил усулда, яъни Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали  ҳамда рўйхатга олувчи ходимлар томонидан уй-уй юрган ҳолда планшет қурилмалари ёрдамида рўйхатга олиш варағи шаклларини электрон тўлдириш орқали амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.

Аҳолини рўйхатга олишга кўмаклашиш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида Республика комиссияси ҳамда ҳудудий комиссиялар ташкил этилади.

2024-2026 йилларда Жаҳон банкининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан аҳолини рўйхатга олиш учун зарур техник ва дастурий воситалар харид қилинади.

Шунингдек, 2025 йил 1 июлига қадар масъул идораларга аҳоли пунктлари ва кўчалар номлари, уйлар ва ҳовлиларнинг тўлиқ рақамланганлик кўрсаткичларини ўрнатишни якунлаш топшириқлари кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш, натижаларини таҳлил қилиш ва эълон қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси 8 та илова ҳужжатларни ўз ичига олган:

1-Илова. Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш, натжаларини таҳлил қилиш тартиби тўрисидаги Низом;

2-Илова.    Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш, натижаларини таҳлил қилиш ва эълон қилиш бўйича чора-тадбирлар;

3-Илова. Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳолини рўйхатга олиш дастури;

4-Илова. Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳолини рўйхатга олиш варағи шакллари рўйхати;

5-Илова. Аҳолини рўйхатга олиш жараёнларига жисмоний шахсларни жалб этишва уларга ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом

6-Илова. Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳолини рўйхатга олишнинг шахсга доир маълумотларини ҳисоя қилиш тартиби тўғрисидаги Низом

7-Илова. Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳолини рўйхатга олишнинг якуний маълумотларини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги Низом

8-Илова. Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида ахборот-коммуникация технологияларини самарали қўллаш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишчи гуруҳи таркиби.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 1989 йилдан буён аҳолини рўйхатга олмаган. Президент Фармонига мувофиқ, аҳолини рўйхатга олиш 2022 йилда ўтказиш режалаштирилган эди, аммо CОВИД-19 пандемияси туфайли кейинги йилга кўчирилганди.

Шу мақсадда, аҳолини рўйхатга олишнинг махсус сайти https://aholi.stat.uz  жорий этилди, "Янги Ўзбекистоннинг бир қисми бўл!" тадбирининг логотипи ва шиори тайёрланди.

Статистика бўлими

20 Nov 2024

    Hozirgi vaqtda fuqarolar Qirg‘izistonga ID-karta bilan bemalol borib-kelmoqdalar. Endi shunday tartibni Qozog‘iston va Tojikiston bilan ham joriy etish rejalashtirilgan.

Prezident Shavkat Mirziyoyev ishtirokida Oliy Majlis Qonunchilik palatasining majlisi bo‘lib o‘tyapti.

Mamlakatni har tomonlama rivojlantirish uchun samarali tashqi siyosat olib borish, do‘st va hamkorlar doirasini kengaytirish, yaqin qo‘shnilar bilan mintaqaviy hamkorlikni chuqurlashtirish o‘ta muhim vazifadir.

     Shu maqsadda prezident Tashqi siyosat konsepsiyasini yangi tahrirda qabul qilish zarurligini ta’kidladi.

Markaziy Osiyo davlatlari o‘rtasida yaxshi qo‘shnichilik munosabatlarini yanada mustahkamlash, mintaqaviy xavfsizlik va barqarorlikni ta’minlash tashqi siyosatda ustuvor yo‘nalish bo‘lib qoladi. Kelgusi yili yurtimizda bo‘lib o‘tadigan “Markaziy Osiyo beshligi” uchrashuvi shu yo‘ldagi yana bir ulkan amaliy qadam bo‘ladi.

Hozirgi vaqtda fuqarolar Qirg‘izistonga ID-karta bilan bemalol borib-kelmoqdalar. Endi shunday tartibni Qozog‘iston va Tojikiston bilan ham joriy etish rejalashtirilgan.

    Markaziy Osiyo mamlakatlari hamda boshqa yetakchi hamkor davlatlar, nufuzli xalqaro va mintaqaviy tashkilotlar, moliya institutlari bilan samarali va tizimli aloqalarni yanada rivojlantirish doimo e’tibor markazida bo‘lishi ta’kidlandi.

     Prezident fursatdan foydalanib, bugungi yig‘ilishda ishtirok etayotgan diplomatik korpus va xalqaro tashkilotlar vakillarini qutladi, islohotlarni qo‘llab-quvvatlab kelayotgani, hududlarga chiqib, yangilanish va o‘zgarishlar bilan yaqindan tanishib, o‘z davlatlaridagi tajribalar bilan o‘rtoqlashayotgani uchun xalq nomidan minnatdorlik bildirdi.

19 Nov 2024

Har bir tuman (shahar)da bitta umumiy o‘rta ta’lim maktabi negizida “Jasorat maktabi” faoliyati yo‘lga qo‘yiladi. "Jasorat maktabi”ni a’lo baholar bilan tamomlaganlarga o‘qishga kirish uchun imtiyozli tavsiyanoma beriladi.

“O‘quvchi-yoshlarni chaqiruvga qadar boshlang‘ich tayyorlash tizimini yangi bosqichga olib chiqish chora-tadbirlari to‘g‘risida”gi prezident qarori qabul qilindi.

Qaror bilan har bir tuman (shahar)da bitta umumiy o‘rta ta’lim maktabi negizida “Jasorat maktabi” faoliyati yo‘lga qo‘yiladi. 

“Jasorat maktablari"da:

- matematika, ChQBT, tarix, jismoniy tarbiya, chet tili, fizika fanlari chuqurlashtirilgan holda o‘qitiladi;
- o‘qish uchun o‘quvchilarni saralash 5-sinfdan boshlab amalga oshiriladi;
- robototexnika, kelajak o‘yinlari, tibbiy tayyorgarlik, huquqiy savodxonlik, milliy sport o‘yinlari kabi to‘garak mashg‘ulotlari o‘tkaziladi;
- o‘quv yili davomida ikki marta harbiy poligonlarda, har chorakda bir marta harbiy qismlarda amaliy mashg‘ulotlar olib boriladi.

2026-2027 o‘quv yilidan boshlab “Jasorat maktabi”ni a’lo baholar bilan tamomlagan “Vatan tayanchi” otryadining a’zosi bo‘lgan bir nafar o‘quvchiga oliy harbiy  va harbiylashtirilgan hamda yuridik ta’lim muassasalariga o‘qishga kirish uchun imtiyozli tavsiyanoma beriladi.

Ta’lim tashkilotlarida yoshlarni vatanparvarlik ruhida tarbiyalashda “Turon” maktab teatri tanlovi o‘tkazib boriladi.

18 Nov 2024

 

    Ассалому алайкум ҳурматли тадбир иштирокчилари!

    Азиз ёшлар!

    Бундан 33 йил олдин яъни 1991 йил 18 ноябрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган ва Ўзбекистон деб аталмиш осойишта, эркин ва фаровон юртнинг она табиатидан андоза олиб ишланган давлат байроғи қабул қилинган эди.

     Шу муносабат билан сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун туманимиз аҳолисини Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан самимий муборакбод этаман!

   Ўтган йиллар давомида бу муқаддас туғ энг олий саҳналар, энг юқори марраларда, зафарли қўлларда баланд кўтарилмоқда. Ватандошларимиз қалбида шу юрт, шу ватан фарзанди эканлигидан ифтихор ҳиссини ошириб келмоқда.

  Бугун бу байроқ фақатгина Ўзбекистон Республикаси давлат рамзи эмас, у шу юртда туғилиб, шу заминнинг меҳридан қониб яшаётган барча эл-элатларнинг тинчлик ва аҳиллик тимсолига, қалбларни қалбларга яқинлаштирадиган, дилларни дилларга улайдиган воситага айланган. Дунёнинг қайси бурчида бўлманг, бу байроқ она юрт нафасини димоққа уради, қадрдон Ватанни ёдга солади.

    Республикамиз давлат байроғидаги рамзлар Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни ҳамда юртимиз ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг анъаналарини ўзида мужассамлаштирган.

   Байроқдаги мовий ранг – унинг остида барча миллатлар турли хил хавф-хатарлардан холи, эмин-эркин ҳолда аҳил-иноқ яшаб келаётган мусаффо осмонимиз ҳамда оби ҳаёт рамзидир.

   Байроқдаги оқ ранг – давлатимиз фуқароларининг ўзаро ҳамжиҳатликда, бир-бирини ҳурмат қилиб, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаётганининг тимсоли.

    Яшил ранг эса табиатнинг янгиланиши ҳамда юртимизнинг жаннатмонанд эканлиги рамзидир. Бу ранг кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади.

   Қизил чизиқлар давлатимиз фаровонлиги, жамият тараққиёти йўлида ўзаро ҳамжиҳатлик билан ҳормай-толмай меҳнат қилаётган юрт фарзандларининг вужудида оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларидир.

   Туғини жонидан ортиқ асраган Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Темур Малик, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ўнлаб саркардалар ҳаёти ҳам бугун авлодларимизга катта ибрат. Аслида Ватан байроғини кўзга суртиш, уни тўтиё қилиш Ватанни севиш, унинг учун жонини фидо қилишга тайёр бўлиш деганидир.

  Байроғимизнинг баландлиги юртимизнинг обрў-нуфузи юксаклигидан далолатдир. Шундай экан, сарбаланд қаддимиз ва қадримиз тимсолини ҳамиша эъзозлайлик ва бошимиз узра баланд кўтарайлик!

Яна бир бор барчангизни Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисидаги Қонун қабул қилинганлигининг 33 йиллиги самимий муборакбод этаман!

   Она юртимиздаги тинчлик ва осудалик ҳеч қачон бизни тарк этмасин, байроғимиз баланд-баландларда Ўзбекистон деб аталмиш жаннатмакон юрт шаъни, шону шавкатидан дарак бериб ҳилпирайверсин!

   Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

14 Nov 2024

 

 

Қозоғистонда “Ипак йўли” темир йўл саёҳати очилди. “Алмати – Туркистон – Тошкент – ​​Алмати” йўналиши бўйича биринчи тур 2024 йил 16 ноябрдан бошланади.

https://yuz.uz/imageproxy/100x/https://yuz.uz/file/news/dd89271629ffb805b09cdec363d945cd.jpg 100w, 

Бу ҳақда Kazinfrom агентлиги ҚР Туризм ва спорт вазирлигига таяниб хабар берди.

4 кунлик халқаро темир йўл саёҳати туристларга қадимий шаҳарлар атмосферасига шўнғиш ва Буюк Ипак йўли изидан саёҳат қилиш имконини беради. Йўналиш Туркистон ва Тошкентнинг асосий диққатга сазовор жойларини ўз ичига олади. Сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида экскурсия дастурига гидлар ёрдами, овқатланиш, транспорт хизматлари ва кириш чипталари киради.

Биргаликда олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида биз икки давлатни боғлайдиган ноёб поездлар саёҳатини яратишга муваффақ бўлдик. Бой маънавий-тарихий меросни ўрганишни хоҳловчи фуқароларимиз ва бошқа мамлакатлардан келган сайёҳлар учун саёҳат янада қулай ва ҳамёнбоп бўлади. Бу Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида туризмни ривожлантириш ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди”, - деди ҚР Туризм ва спорт вазири ўринбосари Ержан Еркинбаев.

Саёҳатчилар Марказий Осиёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири – муҳим савдо тармоғи бўлган Ўтрорни кўришлари мумкин бўлади.

Саёҳат дастуридан Аристон бобо мақбараси, “Ҳазрат Султон” тарихий-маданий қўриқ-музейи, Марказий Осиёдаги энг йирик “Карвонсарой” сайёҳлик мажмуасига ташриф буюриш ҳам ўрин олган.

Тошкентда экскурсия иштирокчиларига нафақат тарихий жойлар, балки шаҳарнинг замонавий тараққиёти билан ҳам яқиндан танишиш имконияти яратилган.

14 Nov 2024

     Ҳозирги кунда мамлакатимиз тиббиёт соҳасидаги тараққиётнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Соғлиқни сақлаш тизимида ҳам ўз фаолиятини янги давр талабларига мослаштириш учун қатъий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, №2-тиббий санитария қисмида ҳам сўнгги йилларда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ўз ижобий самарасини бераётир.
     Тиббиёт муассасаси “НКМК жамғармаси” ДМ “Учқудуқ” ҲБ таркибий бўлинмаси бўлиб, учқудуқликлар ва ундаги саноат корхоналари ходимларига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатишда муҳим роль ўйнайди. Муассаса бир вақтнинг ўзида 416 қатновга мўлжалланган 3 та поликлиника, 90 ўринли 6 та бўлим ва ишлаб чиқариш объектларида 10 та тиббиёт пунктида тиббий хизмат кўрсатилмоқда.
Даволаш-диагностика хизмати жарроҳлик, ички касалликлар, туғруқхона, болалар бўлими, юқумли касалликлар, жонлантириш-интенсив даволаш, паталогик – анатомия, функционал ташхислаш бўлими, клиник ташхислаш лабораторияси ва дорихона бўлим ва бўлинмаларини ўз ичига қамраб олган. Шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган тез тиббий ёрдам бўлими туну - кун ишлаб турибди.
Тиббий - санитария қисмидажами 474 нафар ходим фаолият кўрсатмоқда, улар орасида шифокорлар, ўрта тиббиёт ходимлари ва кичик тиббиёт ходимлари бор. Аксарияти қайта тайёрлаш курсларида малакаларини ошириб, соҳадаги янги технологиялар ва инновацияларни ўзлаштирган ҳолда фаолиятларини йўлга қўйишган.
    -Ҳозирда асосий эътибор, муассаса моддий-техника базасини яхшилашга қаратилган. НКМК маблағлари ҳисобидан маънан эскирган тиббий асбоб-ускуналар босқичма – босқич янгиланмоқда. Эътиборлиси, уларнинг аксарияти юқори технологияли тиббий ускуналарга алмаштирилмоқда. Бу эса беморларни қисқа вақт ичида текшириш, аниқ ташхислаш ва ўз вақтида даволаш имконини бермоқда, - дейди №2-ТСҚ бошлиғи Эркин Нормуродов.
    “BELLAVESTA” русумли чақалоқларга сунъий нафас бериш аппарати, муддатидан олдин оғир туғилган чақалоқлар учун “KOMEN” кувэз ускунаси, янги туғилган чақалоқларнинг эшитиш қобилиятини аниқлаш учун “АUDIOMETR”, қон томирлар касалликларини осон аниқлаш учун “VENAVIZOR” ускунаси, “MINDRAY” кардиомониторлари, “MINDRAY” дефибрилятор аппаратлари, “PLAZMOFOREZ” аппарати, “ELEKTROKOAGULYATOR” жарроҳлик ускуналари, "FABIUS" наркоз қурилмаси, “KORSIKS” портатив рентген аппарати, “PROSKAN” флюорограф ускунаси, "HUMAN" клиник лаборатория ускунаси, “AVTOREFRAKTOMETR” офтальмологик ускунаси, марказий стерилизация бўлимига ўрнатилган GK-100-3 русумли стерилизатор ва аквадистиллатор ускуналари келтирилган. Сўнгги русумдаги ушбу тиббий жиҳозлар халқаро стандартларга мувофиқ тиббий ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этишда қўл келмоқда.
    Рақамларни таҳлил қиладиган бўлсак, жорий йил давомида поликлиникада 20 мингга яқин бемор ва фуқаролар қабул қилинади, уйларга бориб хизмат кўрсатилади. 12 мингдан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналари ишчи-ходимлари профилактик кўрикдан ўтказилади. Бу эса касб касалликларини олдини олишда ва касалликларни эрта аниқлашда муҳим аҳамиятга эга.
Таъкидлаш жоизки, амалга оширилаётган янгиланишлар аҳолига сифатли ва замонавий тиббий хизмат кўрсатишни таъминлашга қаратилган бўлиб, соҳага янги тиббий ускуналар ва технологияларнинг жорий этилиши, ҳар бир инсон учун энг зарур ва тезкор тиббий ёрдамни амалга оширишни мақсад қилган. Бу йўналишда тиббиёт ходимларининг келгуси фаолиятларида зафарлар тилаб қоламиз.

14 Nov 2024

    Дарҳақиқат, инсон ҳаётидан қимматроқ нарса йўқ. Шу боис соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масалалари доимий диққат марказдаги масалалардан бўлиб келмоқда. Бош қомусимизда ҳам ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. Фуқароларнинг ушбу ҳуқуқини рўёбга чиқариш борасида тиббиёт муассасаларининг ўрни беқиёс!
     Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги 80 – ўринли стационар бўлими, 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 7 та оилавий шифокорлик пункти, 1 та оилавий поликлиника 3 та маҳалла тиббий пункти томонидан 37 594 нафар аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда.
Бирлашмада шифокорлар сони 56 нафарни ташкил этиб, бу ҳар 1000 аҳолига 14,9 та шифокор тўғри келишини англатади. Ўрта махсус маълумотли тиббиёт ходимлари сони эса 409 нафар бўлиб, бу кўрсаткич 1000 аҳолига 109,0 тани ташкил этади. Жорий йилда 2950 нафар бемор шифо топганлигини эътироф этиш ўринли, албатта1.
     Шифохонанинг моддий техник базасини яхшилашга берилаётган эътиборни, жарроҳлик бўлими мисолида кўриш мумкин. Бўлим 10 ўринли бўлиб, барча зарурий ва замонавий асбоб – ускуналар билан жиҳозланган. Йилида малакали жарроҳлар томонидан 500-550 нафар беморларда жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, беморлар соғлом ҳаётга қайтарилмоқда.
     «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида ажратилган маблағ ҳисобидан биполяр учлик ва пинцетли электрокоагулятор тўплами, катта жарроҳлик тўплами, жарроҳлик столи, амалиётхона ёритгич рефлекторлари, кардиомониторлар ҳамда республикамиз шифохоналарида саноқли ҳисобланган лапароскоп аппарати харид қилинди. Бу аппарат ёрдамида беморларда юқори технологияли жарроҳлик амалиётини амалга ошириш имкони яратилди.
     Ҳақиқатдан ҳам бу каби тиббиёт соҳасида қўлланилаётган янгиликлар бирламчи тиббий санитария муассасаларида юқори технологияли жарроҳлик амалиётларини ўтказиш, тиббиётни аҳолига янада яқинлаштириш, касалликларни эрта аниқлаш, шошилинч ҳолатларда беморлар ҳаётини сақлаб қолиш имкониятларини ошириши билан ҳам аҳамиятлидир.
Бугунги кунда Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмасида шифокорлар ва тиббиёт ходимларининг фидойилиги ва кўрсатаётган тиббий хизматлари, аҳолининг саломатлигини таъминлашда ва уларнинг турмуш сифати яхшиланишида муносиб ўрни бор.

14 Nov 2024

     Korxona va tashkilotlarda sog‘lom va xavfsiz mehnat sharoitlarini yaratish, xodimlarning mehnatga oid huquq va manfaatlari hamda ijtimoiy kafolatlarni ta’minlashda kasaba uyushmalarining o‘rni muhim ahamiyatga ega.
     Mana to‘rt yildirki, 11 noyabr – O‘zbekiston kasaba uyushmalari kuni yurtimizning barcha ishchi-xodimlari tomonidan muhim sana sifatida keng nishonlanib kelinmoqda. Shuning o‘ziyoq, yurtimizda inson qadri uchun amalga oshirilayotgan ishlar ko‘lamining nechog‘li kengligidan dalolat beradi.
     6-sonli Birlashgan kasaba uyushmasi “Navoiyuran” DK “Uchquduq” ishlab chiqarish maydonida faoliyat yuritadi. Bugun uyushma 1300 nafardan ortiq a’zolarni birlashtirgan bo‘lib, soha xodimlarining kasbiy, mehnatga oid ijtimoiy, iqtisodiy, huquqiy manfaatlarini himoya qilish bilan birga, ularga qulay va xavfsiz mehnat sharoitlarini yaratish borasida zarur ishlarni amalga oshirib kelmoqda.
Jumladan, tizimda faoliyat olib borayotgan 407 nafar ishchi-xodimlar va pensionerlarning salomatligini himoyalash maqsadida “Konchi”, “Metallurg”, “Gornyak” va boshqa sanatoriylarda sog‘lomlashtirildi. “Sarmish”, “Kelajak”, “Pahlavon”, “Geologlar”, “Bolajon” singari oromgohlarda 112 nafar bola hordiq chiqardi. "O‘zbekiston bo‘ylab sayohat qil!" dasturi asosida ishchi-xodimlar va pensionerlar uchun Buxoro, Samarqand, Toshkent va Shaxrisabzga turistik sayohatlar tashkil etilgan. E’tiborlisi, kasaba uyushma a’zolarining xohish va istaklari inobatga olinib, arizasiga ko‘ra, 120 mln. so‘m miqdorida moddiy ko‘mak ko‘rsatilgan. O‘tkazilayotgan turli sport tadbirlarida sovrinli o‘rinlarni qo‘lga kiritayotganlar kasaba uyushmasi tomonidan rag‘batlantirilmoqda.
     Kuni-kecha nishonlangan O‘zbekiston kasaba uyushmalari kuni bayrami munosabati bilan korxona xodimlarini ijtimoiy-iqtisodiy va huquqiy qo‘llab-quvvatlash yo‘nalishida ko‘p yillik fidokorona mehnati shuningdek, korxonaning ijtimoiy hayotida faol ishtirok etib kelayotgani uchun “Navoiyuran” DK hamda 6-Birlashgan kasaba uyushmasi qo‘mitasining bir guruh xodimlari “Navoiyuran faxriysi” unvoni, “Konchilik shuhrati” ko‘krak nishoni hamda faxriy yorliq va tashakkurnomalar bilan taqdirlandi. Ular safida taqdirlanganim kamtarona mehnatlarimning yuqori baholangani, deb bilaman. Bu e’tibor va e’tirof meni yanada g‘ayrat va shijoat bilan ishlashga, uyushma a’zolarining qonuniy manfaatlarini himoya qilishga undaydi.

Zaynudin ABRUYeV,
6-sonli Birlashgan kasaba uyushmasi rais o‘rinbosari.

14 Nov 2024

    Shoir ta’riflaganidek, Quvaning anoricha keladigan ona sayyorani tomosha qilarkansiz, yer sarhadlariga qon tomirlardek yoyilgan zilol chiziqlar, tomchi-sachratma ko‘kish bo‘yoqlar e’tiboringizni tortadi. Bu zilollar – hayot chiziqlari!. Ilm-fan in’ikosi o‘laroq, mitti globusga joylashgan ulkan yerning, unda yashovchilarning hayot gavhari, tiriklik manbai, Yaratganning bebaho va tengsiz ne’mati suvdir.
Darhaqiqat, suv bor yerda hayot mavjud, borliq jonzotning umri unga bog‘liq. XX asr boshlarida, ayni vaqtda biz istiqomat qilayotgan hududlardan o‘tgan karvon, adashgan yo‘lovchi yoxud cho‘pon-cho‘liqlar bu kengliklarga hayot baxsh etadigan goh-gohida uchraydigan quduqlardan boshqa tiriklik manbaini uchratmagan bo‘lsalar kerak. Sahroda qudratli korxonaning barpo etilishi, to‘g‘rirog‘i ilm minglab chaqirimlar naridagi daryoni cho‘l tomon boshlab keldi. Suv ortidan odamlarni ergashtirdi – moʻjazgina aholiga ega sanoat shahri paydo bo‘ldi. Boshida, oz sonli aholi bilan boshlangan hayot bugungi kunda jo‘shqin va qaynoq turmush tarzini qamrab olgan.
    O‘tgan davr va zamona zayli, o‘sib borayotgan aholi, shiddat-la o‘zgarib borayotgan hayot kechagi kun sharoiti va o‘tmish sanoati bilan yashash va ishlashni allaqachon yoqlamay qo‘ygan, yangi davr yana ilm sohiblari zimmasiga yangi-yangi vazifalar yuklagandi. Bugungi kunda, korxonadagi osmon qadar yuksalgan inshootlar, mahobatli texnikalar, aql bovar qilmas bio-kimyo ham kon boshqarmasining ilmli, vatanparvar va fidoyi mutaxassislari aql-zakovatlari ortidan yangilangan.
3-sonli gidrometallurgiya zavodini kezarkansiz, zavodning poydevoridan shifti qadar ilm ekanidan hayratga tushasiz. Qudratli texnologiyalar jamlangan zavod syexlaridagi jarayonni kuzatib, moʻjiza ichida qolgandek his etasiz o‘zni!
    Yuqorida, konchilik va metallurgiya ilmi mutaxassislarining cho‘l sharoitida zamon va vaqt bellashuviga ilm bilan muntazir turgani to‘g‘risida bejiz keltirmadim. 2000 yillarga kelib hududda oksidlangan ma’danlar zaxirasining yildan-yilga kamayayotgani to‘g‘risidagi xulosa, suyagi Vatan ishqida, xalq rizqi dardida simillaydigan ilm sohiblariga yangi texnologiyani sanoatga joriy etish - sulfidli ma’dandan oltinni ajratib olishdek, mas’uliyatli vazifani yuklagandi. Ushbu murakkab texnologiya talab etadigan vazifani amalga oshirish maqsadida jahonning bir nechta yetakchi kompaniyalarining taklif va tajribalari o‘rganib chiqildi. Sulfidli ma’danlarni biologik oksidlashga asoslangan ekologik toza, energotejamkorligi yuqori, texnologik jarayonlarni boshqarish qulayligi jihatlariga ko‘ra ham sulfidli ma’danlarni biologik oksidlash texnologiyasi tanlab olindi. Natijada, bu jarayon zavodning ishlab chiqarish quvvatini bir necha barobarga oshirish imkonini berdi.
Bir vaqtlar “Cho‘lda suv oltindan qimmat”, deyishardi. Aslida, suv qadri zamon va makon tanlamaydi va ushbu tushuncha Amudan tortilayotgan suvning hisobi o‘lchog‘lik bir paytda, cho‘llanish darajasi kundan-kunga ortayotgan bir davrda, kon boshqarmasi texnolog-mutaxassislarining biooksidlash syexi uchun kerakli suvni cho‘l bag‘ridagi suv konlaridan tortib olish to‘g‘risida maqsadli ish olib borishga undadi. Ilmning samarasi sifatida, 3-sonli gidrometallurgiya zavodi hududida issiqlik,
suv-gaz ta’minoti va oqova suvlari syexining tuzsizlantirish majmuasi ishga tushirildi.
     Tuzsizlantirish majmuasi 3-sonli gidrometallurgiya zavodining BIOX syexiga tuzsizlantirilgan suv yetkazib berish uchun xizmat qiladi. Bu ob’ekt Germaniyaning ilg‘or texnologiyasiga binoan “Yeurowater” kompaniyasi tomonidan 2016 yilda qurib ishga topshirilgan bo‘lib, Beshbuloq nasos stansiyasidan kelib tushadigan texnik suvni maxsus filtrlar va qurilmalar yordamida tuzsizlantirib beradi. Tuzsizlantirish majmuasining loyiha quvvati 800 m3/soat, shundan 600 m3/soat iste’molchiga, qolgan 200 m/soat tuzli konsentrlangan suv esa bug‘lanish kartasiga yuboriladi.
Majmua hajmi V=1200 m3 bo‘lgan tuzsizlantirilgan suv uchun 1 dona rezervuar, sanoat suvini tuzsizlantirish majmuasi va Beshbuloq suvini tuzsizlantirish uchun tozalash inshootlaridan tashkil topgan.
“Eurowater” kompaniyasi tomonidan Tuzsizlantirish majmuasiga bosim filtrlari, teskari osmoslar, yuvish va tozalash qurilmasi CIP, markaziy PLS boshqaruv shkafi o‘rnatilgan. 10 TFB 70 SPS turdagi 10 dona filtrning asosiy vazifasi teskari osmos tizimini Beshbuloq quduqlarining mahalliy nasosi orqali doimiy bosim
bilan beriladigan texnik suvning mexanik aralashmalaridan himoya qilishdir. Oddiy rejimda 10 ta filtr (TF-001 - TF-010) parallel ravishda ishlaydi. Har bir filtrning nominal quvvati 80 m3/soat. Bosim filtrlar ko‘p qatlamli filtrlar sifatida ishlab chiqilgan bo‘lib, asosan Beshbuloq quduqlarining texnik suvidan qattiq moddalar va erigan temirlardan xalos etish uchun qo‘llaniladi.
Beshbuloqdan keladigan texnik suv tarkibidagi tuz miqdori yettita teskari osmos qurilmalari tizimi yordamida kamaytiriladi. Har biri kamida 60 m3/soat suv tozalash xususiyatiga ega bunga qo‘shimcha ravishda
permeat 26 m3/soat oldindan tozalangan suv bilan aralashtiriladi. Shunga muvofiq, jami 600 m3/soat tozalangan suv ishlab chiqariladi va ushbu suvlar hajmi V=1200 m3 bulgan rezervuarga borib tushadi hamda ushbu rezervuardan mahalliy nasos yordamida iste’molchilarni tozalangan suv bilan ta’minlaydi.
      Suv tozalash inshootlari Siemens S7 prosessori bilan jihozlangan bo‘lib, asosiy PLS boshqaruv paneli tomonidan boshqariladi. Boshqaruv panelining vazifasi tuzsizlantirish majmuasidagi barcha texnologiyani avtomatlashtirilgan holda boshqarishdir.
     Yaratgan bashariyatga suvdek bebaho ne’matini yog‘in bulutlarini shamollari orqali haydab, tog‘u bog‘larga yomg‘ir shaklida yog‘dirib, quyosh nurlari bilan qorlarini eritib, insonlar foydalanishi uchun daryoyu ariqlarga suv qilib oqizib qo‘ydiyu keyingi jarayonni insonning aql-zakovatiga havola etdi. Tuzsizlantirish majmuasi ham inson zakovati, ilmi va shijoati ortidan bunyod etilgan bo‘lib, cho‘ldagi hayot davomiyligiga sanoatning sahrodagi g‘alabasiga yana bir misoldir.

Ahad Ortiqov SHKB bosh energetik bo‘limi boshlig‘i,
Nilufar Muydinova SHKB Axborot va ma’naviyat-ma’rifat guruhi rahbari.

Page 1 of 280

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: