Hokimiyat matbuot xizmati
“Таълим ва тарбиянинг асоси, пойдевори бу – мактаб. Мактабни мактаб қиладиган куч эса ўқитувчилардир!.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев
Таълим тизими ҳар доим эътибор қаратиш лозим бўлган муҳим соҳа саналади. Келажак авлод тақдирига қайғурган педагог борки, касбига масъулият юки ила ёндашади. Соҳа жонкуярларининг меҳнати, заҳматлари ўқувчи-ёшларнинг тақдирида, эришган ютуқларида яққол сезилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида мактабгача ва умумий ўрта таълимни янги босқичга олиб чиқиш, унинг сифатини ошириш ҳамда таълим дастурларини такомиллаштириш юзасидан бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан: умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларга қизиқиш ва қобилиятига мос бўлган билимларни беришга йўналтирилган ўқув дастурлари ва ўқув-методик мажмуалар жорий этилмоқда. Ўқувчилар билимини баҳолашнинг янги тартиби амалга тадбиқ этилмоқда. Шунингдек, умумий ўрта таълим муассасаларининг бошланғич синфларида информатика фани, ўрта синфларда эса ўқувчиларнинг молиявий саводхонлигини оширишга қаратилган дарслар жорий этилиб, барча фанлар бўйича амалий машғулотлар улуши 60 фоизга етказилмоқда.
Яна бир муҳим ўзгаришлардан бири 2024 йил 1 июндан бошлаб, давлат мактабгача таълим ташкилотларини олий маълумотли педагог ходимларининг базавий тариф ставкалари умумий ўрта таълим муассасаларининг тегишли педагог ходимлари базавий тариф ставкаларининг амалдаги миқдорларига тенглаштирилмоқда. Жорий йил 1 сентябрдан бошлаб, умумий ўрта таълим муассасалари директорларига ўз ўринбосарларини ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш, ажратилган умумий соатлар доирасида ўқув режаларига 15 фоизгача ўзгартириш киритиш масалаларини мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилади.
Фикримизни Учқудуқ тумани мисолида давом эттирадиган бўлсак, тизимда фаолият юритаётган 23 % олий тоифали, 30 % биринчи тоифали педагог ходимларнинг самарали меҳнатлари эвазига эътирофли натижаларга эришилаётир. 2022-2023 ўқув йилини таҳлил қилар эканмиз, таълим сифатини янада юқори босқичга кўтариш борасида амалга оширилган ишлар натижасида бир қатор ютуқлар қўлга киритилганлигини кўришимиз мумкин. Жумладан, фан олимпиадасининг вилоят босқичида билимли ва иқтидорли ўқувчиларимиз 13 та совринли ўринни қўлга киритишган бўлса, уларнинг 3 нафари республика фан олимпиадасида фаол иштирок этди.Халқ таълими вазири жамғармаси ҳисобидан ойлик устамага даъвогарлик қилган 150 нафар навоийлик педагоглар орасида 12 нафар учқудуқлик устозларимиз ҳам 9 ой давомида вазир устамасини олишдек шарафга муяссар бўлдилар.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловининг туман ва вилоят босқичида туманимиздаги 20-мактаб жамоаси фахрли 1-ўринни эгаллаб, танловнинг Республика босқичида фаол иштирок этди. Танловда қатнашган жамоа аъзолари Буюк Британияга бир ҳафталик саёҳат йўлланмасини қўлга киритдилар.
Ҳозирда туманда жами 35 та давлат ва нодавлат - оилавий мактабгача таълим ташкилотлари фаолият кўрсатаётган бўлиб, қамров даражаси 96 % ни ташкил этмоқда. Сўнгги йилларда соҳага қаратилаётган улкан эътибор натижасида мактабгача таълим ташкилотлари моддий – техник базаси янада яхшиланиб, таълим-тарбия сифати ва мазмуни анча юксалди. Мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагогларнинг 35 фоизи олий маълумотли мутахасислардан иборат.
Тарбиячиларнинг тоифа таркибида бирмунча ўзгариш сезилмоқда, яъни 1-тоифали тарбиячилар улуши 1,8 % ни, 2 -тоифали тарбиячилар улуши 13,4 % ни ташкил этади.
Албатта яратилган шарт-шароит, имконият ва имтиёзлар натижаси ўқувчиларга берилаётган таълим-тарбиянинг сифати ва самарадорлигида кўринади. Буни шараф билан уддалашимиз учун барча таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнлари замонавий талаблар асосида сифатли ташкил этилиши, ота-оналар, жамоатчилик билан фаол ҳамкорлик муҳити яратилиши, ҳар бир педагогнинг ўз ишига масъулият билан ёндашиб, дарсларда ўқувчиларга зарурий билимлар берилишига эришишимиз муҳим.
Айниқса, умумий ўрта таълим бўғинида ўқувчиларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, уларни катта ҳаётда ўз ўрнини топишида ҳал қилувчи билим берилиши зарурлигини инобатга олсак, елкамизда қандай масъулият борлигини чуқур англаймиз. Зеро, жамиятимиз тараққиёти, эртанги кунимизнинг қандай бўлиши бугунги ёшларимизнинг қандай таълим-тарбия олишларига боғлиқдир.
Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг қуйидаги сўзлари халқимизнинг сизларга бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром ва эзгу тилакларини ифодалайди: “Сизлар дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонларсиз. Буулканбойлик – ақл-заковатваилм, буўлмасмерос – яхшитарбиядир”.
Сизу - бизнинг шаънимизга билдирилаётган ана шундай эзгу тилакларни чексиз ҳурмат ва эҳтиром рамзи, деб биламиз албатта!.
Ҳурматли устозлар, сизларни давлатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги билан муборакбод этаман. Машаққатли аммо масъулиятли, шу билан бир қаторда шарафли касбингизда улкан муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман.
Жамшид ХАЛИЛОВ,
туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи.
Янги ўқув йилида 1-синфга қадам қўяётган болажонларга аталган “Президент
совғалари” жойларга етказилмоқда
Янги 2023 - 2024 ўқув йили бошланишига саноқли кунлар қолди. Анъанага кўра, 1-синф ўқувчиларига топшириладиган“Президент совғалари” айни пайтда вилоят марказидан 300 км олисда жойлашган Учқудуқ туманига ҳам етказиб берилди.
12 турдаги ўқув қуроллари, жумладан, портфел, дафтар, расм дафтари, акварел бўёқлари, рангли қоғоз, қаламдон, шарикли ручка, рангли ва оддий қаламлар, пластилин, елим, ўчирғични
ўз ичига олган совғалар янги ўқув йили бошлангунига қадар босқичма-босқич барча мактабларга етказилиб, ўқув йилининг илк куни ўқувчиларга топширилади.
Эслатиб ўтамиз: 2023 - 2024 ўқув йилида 920 нафар ўқувчи туманимиз мактабларининг 1-синфларига қабул қилиниши режалаштирилган.
МУХБИРИМИЗ
“Мустақиллик” маҳалласида 37 йиллик иш стажи ва малакага эга гинеколог-врач Дилбар Сахипова ташаббуси билан “SHADUS MED” хусусий клиникаси янгидан бунёд этилди.
Оилавий корхона томонидан фойдаланишга топширилган тиббиёт муассасаси гинекология, терапевт, педиатрия йўналишларида оналар ва болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатади. Шунингдек, тиббий масканда муолажалар олиш учун ҳам шарт-шароитлар яратилган. Клиника қурилиши ва тиббий жиҳозлар билан жиҳозланишига 1 миллиард сўмдан ортиқроқ маблағ сарфланди. Муҳими клиника фойдаланишга топширилиши билан 6 та янги иш ўрни яратилди.
- Такомиллашган тиббий технологиялар асосида тез ва аниқ ташхис қўйиш, сифатли муолажа билан беморларнинг саломатлигини тиклаш ва албатта аҳолини узоқ йўл босиб вилоят марказига бориб эмас, ўзимизда малакали тиббий хизматдан фойдаланишини таъминлаш асосий мақсадимиз. Яқин кунларда клиника қошида дорихона фаолиятини ҳам йўлга қўйишни режалаштирганмиз – дейди “SHADUS MED” хусусий клиникаси раҳбари Дилбар Сахипова.
Пенсия жамғармаси Ўзбекистонда қайси тоифадаги ходимларга ҳар ишлаган йили учун 2 йиллик иш стажи ҳисобланиши ҳақида маълумот берди.
Моховхоналарда, вабога қарши муассасаларда, иммунитет танқислиги вируси билан касалланган шахслар даволанадиган юқумли касалликлар муассасаларида ишлаганлик учун — икки ҳисса баробарида иш стажига қўшиб ҳисобланадиЯъни, 1 йил ушбу турдаги ишларда фаолият олиб борган фуқаронинг меҳнат стажи 2 йил деб ҳисобланади.
Бундан олдин фуқароларга пенсия ва нафақани нақд пул шаклида тўлаш тизими ўзгариши кутилаётгани хабар берилганди.
2023 йил 1 ноябрдан бошлаб акциядорлик тижорат “Халқ банки” сайёр кассалари томонидан махсус планшетларда фуқароларнинг бармоқ изи маълумотларини Адлия вазирлиги ҳузуридаги Персоналлаштириш агентлигига электрон сўров юбориш орқали ўзаро мос келгани тасдиқланганидан сўнг нақд пул шаклида пенсия ва нафақа тўлаш тизими жорий этилади.
Республиканинг тоғли ва олис ҳудудларида интернет тезлиги ёки бошқа муаммолар сабабли пенсия олувчининг бармоқ изларини электрон шаклда солиштириш имконияти бўлмаганда ҳамда ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган ишончнома орқали бошқа шахсга тўланаётганда нақд пул шаклда пенсия ва нафақалар тўлов қайдномаларини имзолаш орқали амалга оширилади..
Учқудуқ туман ҳокими С.Ф.Хамроев иштирокидаги навбатдаги сайёр қабул Дўстлик маҳалласидаги Нуронийлар масканида бўлиб ўтди. Туман ҳокими ва ўринбосарлари, ташкилотлар раҳбарлари иштирок этган қабул давомида фуқароларнинг ижтимоий ёрдам, ишга жойлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва фаолияти давомида юзага келаётган муаммоларга ечим сўраб қилган 40 га яқин мурожаатлари кўриб чиқилди.
Қабул давомида турмуш шароити оғир оилалардан 3 нафарига “Саҳоват ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан моддий ёрдам ажратилган бўлса, тадбиркорлик ва спорт машғулотларига жой ажратиш масалаларида қилинган яна бир қатор мурожаатлар жойида ҳал этилди. Муддат талаб этилувчи муаммоларнинг бартараф этилиши юзасидан туманнинг тегишли мутасадди ташкилот ва идораларига топшириқлар берилди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати
Энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллиги шодиёналари тобора яқинлашмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 июлда қабул қилинган 459-Ф-сон фармойиши бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим ўрин тўтиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ушбу қутлуғ айёмни муносиб кутиб олишга қизғин тараддуд кўрилмоқда.
Тоза-озода, обод жойда файзу барака бўлади – деганларидек юртимизда ката шодиёналар, байрамлар олдидан умумхалқ ҳашарлари уюштирилиб, хонадонлар, маҳалла, кўча ва хиёбонлар, гузарлар, муқаддас қадамжоларни янада обод қилиш яхши анъанага айланган.
Туманимизни ҳамиша озода ва саранжом – саришта тутиш ҳамда мустақиллигимизнинг
32 йиллигини нишонлашда “Маҳалладан хонадонгача” тамойили асосида маҳаллалар ҳудудларини ободонлаштириш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида “Ободонлаштириш ойлиги” ўтказилиб, ойлик давомида маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар ва бинолар, ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳ ва қабристонлар, ариқлар, кўча ва йўлаклар, болалар майдончаларини тартибга келтириш, ҳудудларни ободонлаштириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, уларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашиш режалаштирилган.
Фуқароларимиз томонидан доимий равишда ободонлаштириш ва санитария қоидаларига амал қилишда, яъни барча жамоат жойларида тозаликка ва тартиб-интизомга риоя қилишлари, бутун жамоатчилик ўз теварак атрофидаги ҳудудларни тозалаб туриши, яшил ниҳоллар кимга қарашли бўлишидан қатъий назар, улар шаҳарнинг дахлсиз яшил фонди ҳисобланганлиги сабабли дарахтларни парвариш қилиб боришлари ва ташкилотлар, корхоналар, муассасалар ҳамда уй эгалари улар эгаллаб турган бинолар атрофидаги ҳудудларни озода тутишлари керакдир. Корхона бинолар ва уйларни кўнгилдагидек саранжом-саришта тутиш, ўз вақтида таъмирлаб туриш, биноларнинг фасад қисмларини бўяб бориш лозимдир. Кўчалар, йўлаклар, гулзорлар ҳамда суғориш шаҳобчаларига маиший чиқиндиларни ташлаш, кўча томонга қаратилган балконларга ҳар хил рўзғор буюмларини илиш ва қўйиш, кўча ва йўлкаларни қазиш, ғишт қуйиш ҳамда қурилиш материалларини уйиб қўйиш шаҳарсозлик қоидаларига зиддир.
Аҳоли яшаш пунктларининг ҳудудларини ободонлаштириш қоидаларини бузиш, шунингдек тозалик ва санитария тартибини таъминлаш қоидаларига риоя қилмаслик жавобгарликга сабаб бўлади.
“Ободонлаштириш ойлиги” давомида амалга оширилаётган эзгу ишлардан четда турманг, азиз юртдошлар!
Надя Канатбаева
Учқудуқ туман СЭО ва ЖСБ ходими
2023 йилда кириш имтиҳонларида иштирок этган абитуриентларнинг 303 мингдан ортиғи умумтаълим мактаблари битирувчиларидир. Уларнинг 95497 нафари тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, талаба бўлган.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2023 йилда кириш имтиҳонларида иштирок этган абитуриентларнинг 303 мингдан ортиғи умумтаълим мактабларининг жорий ўқув йилги битирувчиларидир. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова маълум қилди.
Ушбу битирувчиларнинг 95497 нафари жорий тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, талаба бўлган.
«Аслида олий таълим муассасаларига қабул қилинган битирувчилар бундан ҳам кўп, ҳар йили ўртача 10-15 фоиз (44 минг нафар) битирувчи нодавлат ва хорижий олий таълим муассасаси талабаси бўлмоқда. Шу боис айрим битирувчилар хусусий ва хорижий муассасаларга кирган ва тест синовларида иштирок этмаган», деб ёзди у.
Қайд қилинишича, олий таълим муассасаларига кирган битирувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Хусусан, 2021 йилга нисбатан олий таълим муассасаларига кирган битирувчилар сони 14019 нафарга, 2022 йилга нисбатан эса 9 628 нафарга ортган (2021 йил 81478 нафар, 2022 йилда 85869 нафар битирувчи ўқишга кирган).
Битирувчиларнинг олий таълим қабул квотаси учун ажратилган давлат гранти ўринларини эгаллаш салмоғи ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. Жорий йилда давлат гранти учун 34930 та квота ажратилган бўлса, унинг 77 фоизини (26884 нафар битирувчи) айнан мактаб битирувчилари эгаллаган.
Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 3,5 фоизга, яъни 3 537 тага кўп (2022 йилда 23 347 нафар мактаб битирувчилар грантга кирган).
«Битирувчиларнинг билим самарадорлиги ҳам ўтган йилга нисбатан яхшиланганини кўриш мумкин. Жорий йилда ўртача балл 77,1 ни ташкил этиб, 2021 йилга нисбатан қарийб 3 балга, 2022 йилга нисбатан эса 1 балга ортган (2021 йилда 74,2 балл, 2022 йилда 76,3 балл)», деб ёзди Умарова.
Унинг таъкидлашича, максимал балнинг 75 фоизидан юқорисини тўплаб, ижобий натижа кўрсатган абитуриентларнинг 68 фоизи битирувчиларга тўғри келмоқда. Бу йил юқори натижа кўрсатган абитуриентларнинг 20873 нафари ҳам мактаб битирувчиларидир.
«Шу ўринда минимал ўтиш баллдан (56,7 балл) паст натижа кўрсатган абитуриентлар сони ҳам йилдан-йилга камайиб бормоқда. Жорий йилда 415159 нафар абитуриент 56,7 баллни ҳам тўплай олмаган бўлса, улар орасида мактаб битирувчилари 11,7 фоизни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан қарийб 4 минг нафарга камайган», деб ёзди Умарова.
Коррупция бу шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир. Яъни коррупция мансаб, мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган бир неча жиноятларни ўзида мужассамлаштирувчи иллатдир.
Бугун Навоий вилояти Учқудуқ туман қўриқлаш бўлимида Навоий вилояти ҳарбий прокурор ёрдамчиси С. Шодмонов томонидан «Коррупцияга қарши курашиш – ҳар биримизнинг вазифамиз» мавзусида учрашув ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят прокурори ёрдамчиси С.Шодмонов ўз маърузасида, коррупция ва унинг оқибатлари, вужудга келиш тарихи, бугунги халқаро жамоатчиликнинг коррупцияга қарши фаолияти ва Ўзбекистонда коррупцияни олдини олиш, соғлом инвестицион муҳитни яратиш, халқ манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумотлар бериб ўтди.
Учрашув очиқ савол-жавоблар билан ташкил этилиб, баҳс-мунозаралар билан давом этди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан Зарафшон шаҳрида хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари жумладан, корхоналардаги давлат улушлари, бўш турган давлат мулки объектлари ва сотилиши белгиланган ер участкалари тўғрисида навбатдаги “Roadshow” тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 мартдаги “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-102-сонли қарори мазмун-моҳиятини тушинтириш ва тарғибот қилиш ишларини жадаллаштириш мақсадида, жорий йилнинг 17 август куни ташкил этилган ушбу тадбирда Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди тумани тегишли масъул ташкилотлари ва ҳудуддаги тадбикорлик субъекттлари иштирок этди.
Ушбу тадбирда 100 нафардан зиёд соҳага алоқадор туман ташкилот вакиллари, тадбиркорлар ва инвесторлар иштирок этди.
“Roadshow” иштирокчиларига Давактив агентлиги Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2022 йил давомида хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ жами 117 та давлат активлари аукцион савдоларига чиқарилганлиги, шундан 21 та давлат активлари 58,3 млрд.сўм қийматга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилганлиги маълум қилинди.
Бундан ташқари, 2022 йил давомида тадбиркорлар ва фуқаролар учун 2110 та 25,4 гектар ер участкалари электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, шундан 730 та 97,9 гектар ер участкалари 35,1 млрд.сўмга сотилишига эришилган.
Учқудуқ туманида 2023 йил ўтган даври мабойнида жами 16 та давлат активлари аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, шундан 3 та давлат активлари 834 млн.сўм қийматга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилишига эришилди.
Ҳозирги кунда умумий қиймати 13,8 млрд.сўм бўлган 13 та давлат активларининг савдоси давом этмоқда.
Бундан ташқари туман бўйича 2023 йилнинг ўтган даври мобайнида тадбиркорлар ва фуқаролар учун 120 та 8,4 гектар ер участкалари қиймати 1 819,0 млн.сўм бошланғич нарх билан баҳоланиб электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган, шундан 41 та 4,4 гектар ер участкалари 1 056,0 млн.сўмга сотилганлиги билдирилди.
Шунингдек тадбир қатнашчиларга юридик ва жисмоний шахслар ўзларига тегишли доимий фойдаланиш ёки умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби бўйича тушунтиришлар берилди.
Ўз ўрнида, Давактив агентлиги мутасаддилари томонидан қатнашчиларга “E-auksion” электрон савдо платформасидан фойдаланиш бўйича "мастер-класс" ўтказилиб, савдо платформасида шахсий кабинет очиш, онлайн электрон имзо олиш ва савдоларда қатнашиш учун аризалар бериш тартиблари ҳам назарий, ҳам амалий тушунтирилди.
Ota-onalar o'z xohishiga ko'ra o'quv yilida yoki u tugaganidan so'ng farzandini bir maktabdan boshqasiga o'tkazish huquqiga ega. Bunda bir maktabdan boshqasiga o'tkazish uchun uning sabablarini ko'rsatib maktab direktori nomiga ariza beriladi. Ariza 1 ish kunida ko'rib chiqiladi va o'qishni davom ettirish uchun tanlangan maktabga taqdim etish uchun maktabdan ketish taloni beriladi.
Ota-onalar farzandi o'qishni davom ettirishi uchun tanlangan maktab direktoriga ariza beradi. Arizaga maktabdan ketish taloni ilova qilinadi. O'qishni davom ettirish uchun tanlangan maktab direktori ariza va talonni qabul qilgach, shu kunning o'zida ota-onalarga o'quvchi ta'lim olayotgan maktabga taqdim etish uchun maktabga kelish talonini beradi.O'quvchi o'qiyotgan maktab direktori maktabga kelish talonini olgach, shu kunning o'zida o'quvchini maktab o'quvchilari safidan chiqarish to'g'risida buyruq qabul qiladi.Maktab direktori mazkur buyruq bilan ota-onalarni tanishtirganligi to'g'risida imzo qo'ydirib, ularga quyidagi hujjatlarni taqdim etadi va hujjatlar berilganligi to'g'risida tilxat oladi:
o'quvchining maktab o'quvchilari safidan chiqarilganligi to'g'risidagi buyruqdan ko'chirma;
o'quvchining baholar (o'zlashtirish) tabeli;
o'quvchining tibbiy kartasi.
O'qishni davom ettirish uchun tanlangan maktab direktori boshqa maktabdan o'tkazilayotgan o'quvchining o'quv jarayonlaridan chetda qolib ketmasligini ta'minlash uchun barcha zarur choralarni ko'rishi shart.
O‘quvchini xorijiy davlatdagi ta'lim muassasasiga o‘tkazishda — Ota-onalar o‘qish, ishlash, uzoq muddatli davolanish yoki boshqa maqsadlarda doimiy yoki vaqtincha yashash uchun xorijiy davlatga ketayotgan bo‘lsa, farzandini doimiy yoki vaqtincha yashash uchun ketayotgan davlatdagi ta'lim muassasasiga o‘tkazish huquqiga ega.
Ota-onalar farzandini xorijiy davlatdagi ta'lim muassasasiga o‘tkazish uchun uning sabablarini ko‘rsatgan holda maktab direktori nomiga ariza bilan murojaat etadi. Arizaga tuman (shahar) hokimligi huzuridagi voyaga yetmaganlar ishlari bo‘yicha komissiyaning voyaga yetmaganni maktab o‘quvchilari safidan chiqarish uchun roziligi aks etgan qaroridan ko‘chirma ilova qilinadi.
Ariza maktab direktori tomonidan bir ish kuni ichida ko‘rib chiqilib, o‘quvchini maktab o‘quvchilari safidan chiqarish to‘g‘risida buyruq qabul qilinadi. Maktab direktori mazkur buyruq bilan ota-onalarni tanishtirganligi to‘g‘risida imzo qo‘ydirib, ularga belgilangan hujjatlarni taqdim etadi va hujjatlarni olganligi to‘g‘risida tilxat oladi.Ota-onalarning hujjatlarni olganligi haqidagi tilxati o‘quvchining maktabda saqlanadigan shaxsiy hujjatlar yig‘ma jildiga tikib qo‘yiladi.O‘quvchilar safidan chiqarish to‘g‘risidagi buyruq qabul qilingach, uch kun ichida sinf jurnali va o‘quvchilar harakati daftariga tegishli yozuv kiritiladi.
Maktab direktori tomonidan xorijiy davlatdagi ta'lim muassasasiga o‘tkazilayotganligi sababli o‘quvchilar safidan chiqarilgan voyaga yetmaganlar to‘g‘risidagi ma'lumotlar bazasi shakllantiriladi hamda har o‘quv yili choraklari oxirida tegishli tuman (shahar) xalq ta'limi bo‘limiga, tuman (shahar) ichki ishlar bo‘limiga (boshqarmasiga) va tuman (shahar) hokimligi huzuridagi voyaga yetmaganlar ishlari bo‘yicha komissiyasiga taqdim etiladi.
Uchquduq tuman Adliya bo`limi Yuridik xizmat
ko`rsatish markazi bosh yuriskonsulti
Shodiyeva Nafisa Minboy qizi