Hokimiyat matbuot xizmati
14.08.2023 йилда “Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2020 йил 28 сентябрдаги 592-сон қарорига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги 368-сон қарори қабул қилинди.
Киритилаётган ўзгартиришлар билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан фуқароликни олишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш учун имтиҳондан ўтиш учун аризани давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали топшириш имкони яратилмоқда.
Шунингдек, эндиликда ҳудудий давлат тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича ҳудудий имтиҳон комиссиясининг қароридан норози бўлган номзодлар апелляция беришлари мумкин.
Апелляция давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали имтиҳон натижалари эълон қилинган пайтдан бошлаб 5 кун ичида берилади.
Ушбу ҳолатда имтиҳон натижалари эълон қилинган пайтдан бошлаб 10 кун ичида апелляция имтиҳони ўтказилиб, натижаси бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
- апелляцияни қаноатлантиришда рад этиш;
- дастлабки имтиҳон натижаларини ўзгартириб, апелляцияни қаноатлантириш;
- дастлабки имтиҳон натижаларини бекор қилиб такрорий имтиҳон тайинлаш.
Апелляция комиссиясининг қарори юзасидан судга шикоят топшириш мумкин. https://www.norma.uz/
Учқудуқ тумани адлия бўлими
юридик хизмат кўрсатиш маркази
бош юрисконсульти Ф.Умурова
Ижтимоий тармоқларда Хайрия концертини ўтказиш нега ман этилди? сарлавҳасида хабар тарқатилди.
Фуқаро С.Эргашов ўзининг хатида “Мустақиллик” МФЙда яшовчи Нурислом билан юз берган кўнгилсиз ҳодиса муносабати билан хайрия концерти ташкил этилаётганлигини тадбирдан тушган маблағлар Нурисломни соғлигини тиклашга сарфланиш режалаштирилганлигини маълум қилиб, ушбу тадбирни кўтаринки руҳда ўтказиш учун (Учқудуқ газетаси балансида бўлган LED монитор ўрнатилишида амалий ёрдам сўраган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги “Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 205-сон қарорига асосан тадбирни ўтказиш бўйича Оммавий комиссия раҳбари туман ички ишлар бўлими бўлиб, ушбу тадбир юзасидан комиссия раҳбарига хат билан мурожаат қилмаганлиги, тадбир ташкил этилганда жамоат хавфсизлигини таъминлашга ва оммавий тадбирлар иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлашга ички ишлар бўлими масъул эканлиги маълум қилинади.
Шунингдек, Оммавий комиссия раҳбарининг ушбу тадбирдан хабари йўқлиги сабабли, туман ҳокимлиги томонидан LED экран ўрнатилишига рухсат берилмаганлиги маълум қилинади.
Учқудуқ туман ҳокимлиги матбуот хизмати!
Мамлакатимиз иқтисодиётида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрни ва мавқеи тобора ошиб бормоқда. Таъкидлаш жоизки, юртимизда тадбиркорлик ривожида банклар томонидан имтиёзли асосларда ажратилаётган кредит маблағлари ҳам муҳим ўрин тутади. Бироқ амалиётда тадбиркорлик субъектлари томонидан кредит шартномасида белгиланган мажбуриятларни бажармаслик ёки лозим даражада бежармаслик ҳолатлари ҳам учраб туради.
Савдо-саноат палатаси банк манфаатида ўз вақтида тўланмаган кредит қарздорлигини ундириш мақсадида тадбиркорга нисбатан даъво аризаси билан Учқудуқ туман иқтисодий судига мурожаат қилишга мажбур бўлди.
2020 йил 13 апрелда тузилган кредит шартномасига асосан тадбиркор
“Я” МЧЖга (тадбиркор номи ўзгартирилган) Автомойка ва ГИПС цех қуриш учун йиллик 24 фоиз устама тўлаш шарти билан 6 ой имтиёзли давр асосида
36 ой муддатга 500.000.000 сўм миқдорида кредит маблағи ажратилган эди.
Шартнома шартига кўра, банк томонидан жавобгарга шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериши, жавобгар эса шартноманинг ажралмас қисми бўлган тўлов графиги асосида пул суммаси (кредит)ни қайтариш ва унинг учун фоизларини тўлаш мажбуриятини олган.
Банк томонидан шартнома шартлари бажарилган бўлсада, жавобгар томонидан шартнома шартлари лозим даражада бажарилмасдан, кредитнинг асосий қисми ва фоизлари тўлов графигида белгиланган муддатларда тўланмасдан келинган.
Ишни кўриш жараёнида банк томонидан тақдим этилган
маълумотномага кўра, жавобгарнинг муддати ўтган кредит қарздорлиги жами 605.293.602 сўмни ташкил қилганлиги аниқланди. Бундан кўринадики, даъво аризаси судга берилганидан сўнг ҳам кредит тўловлари жавобгар томонидан умуман амалга оширилмаган.
Шу боис суд, даъвони қаноатлантиришни, жавобгардан банк фойдасига жами 605.293.602 сўм кредит қарздорлигини ундиришни лозим топди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, шартнома шартларига қатъий риоя қилиш тарафлар учун бирдек фойдали бўлиши баробарида иқтисодиётни юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга. Буни ҳеч қачон унутмаслик зарур.
Дилшод Турдиев
Учқудуқ туман иқтисодий
суди раиси
Судланувчи Хурсанд(исм ўзгартирилди) ўзи билан Учқудуқ туманидаги ишчилар ётоқхонасида бирга яшовчи хонадоши Шерзод (исм ўзгартирилди)нинг 4 млн 25 минг сўм миқдордаги пулларни ягона қасд билан 1хбет катализатор иловасида мавжуд бўлган авиатор ўйини орқали кўпайтириб, мўмайгина даромад қилишни ўзига мақсад қилган ҳолда, ўзининг телефон аппаратига ўрнатилган 1хбет шахсий кабинети ҳисоб рақамига ўтказиб олиб мазкур пулларни ўз эҳтиёжи йўлида ишлатиб юборган.
Хўш бу қандай содир бўлди? Минг афсуски судланувчи ҳам, жабрланувчи ҳам бир ишхонада ишлашади. Бир хонада яшашади. Шу учун улар ўртасида деярли сир йўқ эди. Хурсанд Шерзодга қачон ойлик маош тушишини ва уни қачон нималарга ишлатишидан хабардор эди. Ва унинг номига расмийлаштирилган пластик картаси телефонига ўрнатилган қора рангли резена ғилоф ичида телефонни орқа тарафида туришини ҳам яхши биларди. Хонадошининг кундузи ишга кетгани ва телефон аппарати ва пластик картаси уйда қолганидан фойдаланиб унинг картасини шу ўйин дастурига киритиб, бор пулни 1Хбет ўйинларига тикиб ютқизиб қўяди. Ишдан қайтган Шерзод эртасига озиқ-овқат олиш учун магазинга борганида пластигидан пуллар йўқолганини билиб қолади ва ИИБга мурожаат қилади. Ўғри эса ўз хонасида қўлга тушади.
Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди судьяси судланувчини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а,б” бандлари билан айбли деб топиб, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизи давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 2 (икки) йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Баъзида биз ўз мулкимизга беэътибор бўлиб ўзимизга ана шундай зиён етказамиз. Бировнинг жиноят кўчасига бемалол кириб келиши учун эшик очамиз.
Суд материаллари асосида Лайло Каримова тайёрлади
Йўл транспорт ҳодисалари ўз номи билан ҳодиса, уларни аввалдан режалаштириб, тайёргарлик кўриб бўлмайди. Бирданига содир бўлади ва авто эгалари олдига янги жумбоқлар, вазифалар, муаммоларни қўяди. Шундай шароитда муаммони камроқ зарар билан тезроқ битириш учун нима қилмоқ керак?
ЙТҲни расмийлаштиришнинг қандай бюрократияси бор?
Ҳозирда ЙТҲ содир бўлганда уни расмийлаштириш учун катта бюрократиядан ўтишга тўғри келади. Масалан, ҳодиса жойига ЙПХ инспектори чақирилади, ҳужжатлар расмийлаштирилади, тиббий-наркологик текширув ўтказилади, суғурталовчига хабар берилади.
Сўнгра терговга қадар текширув, турли экспертизалар ўтказилади. Судга ҳам боришга тўғри келади. Суддан сўнг иштирокчилар шахсини тасдиқловчи ва транспорт воситаларининг ҳужжатларини, экспертиза хулосасини, терговга қадар текширув, суд қарорларини тўплаб суғурталовчига тақдим этади. Суғурталовчи ҳужжатларни ўрганиб чиқиб товон тўлаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Ушбу ҳаракатларни амалга ошириш учун ўртача 1 ёки 2 ойдан ортиқ вақт сарфланади. Бу эса, фуқароларнинг ортиқча сарсон бўлиши ва қўшимча харажатлар қилишига сабаб бўлади.
Бироқ энди ҳайдовчилар бу оворагарчиликлар ҳақида ўйламасликлари мумкин. Қонунчилигимизга Европротокол тушунчаси киритилди.
Европротокол нима?
Содда қилиб айтганда, Европротокол – бу тан жароҳати билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисасини ЙПХ ходими иштирокисиз, иккала тарафнинг ўзаро келишуви асосида расмийлаштириш ҳисобланади.
Қандай йўл-транспорт ҳодисалари ўзаро келишув асосида ҳал қилиниши мумкин?
Европротоколни тузиш учун қуйидагилар асос бўлади:
- ЙТҲ жабрланувчига енгил тан жароҳати етказилишига ёки бошқа мол-мулк шикастланишига олиб келмаган бўлса;
- ЙТҲдаги ҳайдовчилардан бири ўз айбига тўлиқ иқрор бўлса;
- ЙТҲ пиёда иштирокисиз содир этилган бўлса;
- ЙТҲ иккита транспорт воситаси тўқнашуви натижасида рўй берган ҳамда фақат шу транспорт воситаларига шикаст етган бўлса;
- Ҳайдовчиларнинг фуқаролик жавобгарлиги ЙТҲ содир этилгунига қадар суғурта қилинган бўлса;
- ЙТҲда иштирок этган ҳайдовчиларда ҳайдовчилик гувоҳномаси, транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, ишончнома, йўл варақаси мавжуд бўлиб, уларнинг амал қилиш муддати ўтмаган бўлса;
- ЙТҲ иштирокчиси бўлган ҳайдовчиларда мастлик ҳолати бўлмаса;
- ЙТҲ натижасида транспорт воситаларининг шикастланиши ҳолатлари ЙТҲ иштирокчилари ўртасида келишмовчиликларни келтириб чиқармаса.
Юқоридаги асослардан биттаси мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам тузилган Европротокол ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Европротокол қандай тўлдирилади?
Агар сиз бахтсиз ҳодиса иштирокчиси бўлсангиз, Европротокол тузиш учун ушбу ҳаракатларни бажаришингиз керак:
- Тасдиқланган шаклдаги хабарномани тузиш (намуна билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин. Ушбу хабарномадаги маълумотлар кўк сиёҳранг ручка ёрдамида икки нусхада тўлдирилади;
- Спиртли ичимликлар истеъмол қилганлик ҳолати бўйича тиббий кўрикдан ўтиш;
- Тушунтириш хатини ёзиш ва тўлдирилган анкета ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни илова қилиш;
- Автоҳалокатдан кейинги машина ҳолатини фотосурат ёки видеога ёзиб олиш.
ЙТҲ бўйича барча материаллар бахтсиз ҳодиса содир бўлган кундан бошлаб 3 иш куни ичида суғурта компаниясига юборилиши керак. Бунда материаллар ва илова қилинган ҳужжатлар суғурталовчининг мобиль иловаси орқали электрон шаклда ҳам юборилиши мумкин. Ҳужжатларни олгандан сўнг, суғурталовчи уларни кўриб чиқиши ва Европротокол бўйича тўлов тўғрисидаги қарорни жабрланувчига 15 календарь кундан кечиктирмай топшириши шарт.
Ҳайдовчиларнинг ўзаро келишуви нима беради?
ЙТҲларни Европротокол асосида ҳал қилиш ЙҲХ ходимлари ва ҳайдовчилар ўртасидаги бевосита мулоқотни амалга оширишда «инсон омили»га ва ортиқча қоғозбозликка, фуқароларни ортиқча сарсон бўлишига чек қўйиб, автомобиль йўлларида юзага келадиган тирбандликларнинг олди олинади.
Бундан ташқари, ЙТҲ оқибатини ЙПХ ҳодимини чақирмасдан ўзаро келишув асосида ҳал қилиш, автотранспортни жарима майдонига олиб бориб овора бўлмаслик, мажбурий суғурта пули тўланиши учун йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими томонидан амалга ошириладиган расмиятчилик ва суд қарорини кутмасдан ҳал қилиш каби имкониятларни беради.
Саҳро бағридаги кенгликлар бўйлаб борар эканман, инсон ўзлигини англашга, ўтмишини сарҳисоб қилишга ундайдиган ҳислар гирдобида қоламан. Қум оралаб чиққаним тепаликлар бағрида эса кузатишларим ўзгаради. Юксакликда туриб кузатаётганим – каръер майдонидаги алпқомат техникалар гўёки болажонларнинг митти ўйинчоқ машиналари каби ҳаракатланмоқда.
490 метр баландликдан қараганда, майда-майда кўринган одамлар эса, бу беқиёс кенгликлар остида ухлаётган маъданларни қўзғатиб-уйғотиб, илм, техника, қолаверса башариятнинг салоҳият ва қудратини намоён этиш билан машғулдек гўё. Тупроқ бағрини бурғулаётган ускуна ер қаъридан олиб чиққан тошларни намуна олувчилар кичик-кичик қопларга жойлашмоқда. Айнан мана шу жараён мен фаолиятини ёритмоқчи бўлганим Марказий физика-кимёвий лабораториясининг меҳнат фаолияти билан бевосита боғлиқдир. Ҳудуддан олинган тупроқнинг физик-кимёвий хоссасини аниқлаш, таркибини ўрганиш, аниқ хулоса бериш каби ўта масъулиятли вазифа Марказий физика-кимёвий лабораториясининг зиммасидадир.
Бир сўз билан айтганда, лаборатория кон-металлургия саноатида кейинги қадамни қўйиш учун муҳим режалар белгилаб берувчи йўлбошловчи ҳисобланади.
XX асрда яйдоқ саҳро бағрида олиб борилган тадқиқотлар самараси ўлароқ, Қизилқумда кўп миқдорда уран ва олтин конлари мавжудлиги аниқланди. Изланишлар натижаси ҳозирда дунёнинг йирик компаниялари қаторида турувчи “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг пойдеворига асос солинди. Гигант корхона бўлинмалари Республикамизнинг Самарқанд, Жиззах, Хоразм ва Навоий вилоятлари бўйлаб ёйилиб кетган. Учқудуқ ҳудудида жойлашган Шимолий кон бошқармаси кўпмиллатли, кўптармоқли экани, таркибидаги бўлинмаларнинг фаолият турлари, касб ва соҳаларнинг хилма-хиллиги корхона узвийлигига акс таъсир этмай, балки, бир-бирини тақозо қилиб, жипслик ва якдиллик асосида узилмас занжир каби фаолият кўрсатади.
Тарих қатларини варақларканмиз, 1958 йилда ташкил топган Шимолий кон бошқармаси таркибида, аввалига, маълум бўлинмаларгина мавжуд бўлганини ва саноат эҳтиёжидан келиб чиқиб, яна бир муҳим бўлинма ташкил этиш зарурати туғилганини кўриш мумкин. Бу каби бўлинмаларга эҳтиёжнинг ортиши, саноат равнақи ва қудрати йўлида митти шаҳарчанинг ҳам яралиб боришига замин яратди.
Бу ривожланиш йўли, қолаверса Учқудуқ конининг ўзига хослиги геофизик ўлчовларни лаборатория тадқиқотларисиз ва намуналар таҳлилисиз тезкор-қидирув ишларида кенг қўллашга имкон бермаслиги, бундан ташқари, тупроқ ва физик-кимёвий маъданларни физик-механик синовдан ўтказмасдан туриб, режадаги самарага эришиш мумкин эмаслиги боис ҳам 1963 йилда Физика-кимёвий лабораторияси ташкил этилди. Кейинчалик, кон-металлургия комплексининг ривожланиши, янги шахталар ва каръерларнинг ишга туширилиши билан лаборатория тадқиқотларининг аҳамияти ҳам, ходимларининг техник салоҳияти ҳам шунга мос равишда ўсиб борди. Ходимлар таҳлилни такомиллаштириш, фойдали қазилмаларни ўрганишнинг янги усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича катта ҳажмдаги тематик ва услубий ишларни амалга оширдилар. Ўша даврда, уран конларини баҳолашда уларнинг аҳамиятини сезиларли даражада оширган принципиал янгича ёндашув 80-йилларнинг бошларида, қазиб олинган ва қидирилаётган уран конлари мураккаблиги аниқ исботлангандан кейингина амалга оширилди.
Учқудуқ тупроғида уран билан бир қаторда рений, молибден, скандий, ванадий, иттрий ва бошқа элементларнинг ҳам мавжудлиги уран конларининг аҳамиятини оширди. Ўрганилаётган ва ўзлаштирилаётган конларнинг мураккаблиги билан боғлиқ муаммолар корхонанинг геологик-геофизик хизмати олдига кўплаб вазифалар (пайдо бўлиш шакллари, минераллашув характери, тарқалиш зоналарини ўрганиш, концентрациянинг ўзгариши чегараларини, ўртача навларни баҳолаш, захираларни ҳисоблаш, боғлиқ компонентлар маъданларининг геотехнологик хусусиятлари)ниқўйганди, энг муҳими - ишончли лаборатория базасини яратишдек катта масъулият юклаганди. Фақатгина замонавий технологиялар билан саноат иқтисодиётини қудратли қилишниниг имкони бўлмаганидек, технологиялардан унумли фойдаланган ҳолда янгиликларга янги режаларга эҳтиёж сезилганди. Ана шу мақсадда, 1980 йилларнинг бошларида Физика-кимёвий лабораторияси техник ва услубий жиҳатдан қайта жиҳозланди, фойдали элементларнинг катта мажмуаси учун рентген-спектрал, спектрал таҳлиллар жорий этилди.
Учқудуқда олтин конларини қидириш ва баҳолаш бўйича қидирув ишларига йўналтирилганлиги, шунингдек, “Кокпатас” кони негизида олтин қазиб олиш комплексини қуриш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги муносабати билан, корхонанинг лаборатория хизматига олтин конструкцияларини таҳлил қилиш усулларини ўзлаштириш ва жорий этиш вазифаси юклатилди. Шу боис, 1990 йил бошида намуналарни таҳлилий таҳлил қилиш учун эритиш печи ўрнатилди, олтин ва кумуш учун намуналарни таҳлил қилиш бўйича атом-абсорбсия усули ўзлаштирилди.
1995 йилда “Марказий” мақомини олган Марказий физика-кимёвий лабораториясида ҳозирги кунда “Кимёвий таҳлил лабораторияси”, “Намуналар тайёрлаш лабораторияси”, “Намуна ва атом-абсорбция таҳлили гуруҳи” ва “Электр жиҳозларни таъмирлаш”, “Геофизик ўлчов воситалари ва уларга хизмат кўрсатиш гуруҳи” фаолият олиб бормоқда. Лаборатория рентген-спектрал, атом абсорбцион ютилиш, олтингугурт экспресс таҳлиллари, иономерлар, намуналарни флотация усулида бойитиш, намуналарни сорбцион цианлаш, микроаналитик ва таҳлил тарозилар, таҳлил лабораторияси, майдалаш ва майдалаш қурилмалари билан жиҳозланган. Лабораториянинг асосий вазифаси келтирилган намуналар таркибидан физика-кимёвий усулда фойдали элементлар миқдорини аниқлаб бериш, турли элементларнинг намуна таҳлилларини амалга оширишдан иборатдир. Ўзбекистон Республикаси мувофиқлаш соҳаси талабларига мувофиқ, саноат маҳсулотларида уран ва олтинни аниқлаш борасида техник асослаш бўйича мувофиқлаштирилди. Шу боис ҳам, ушбу мўъжаз бўлинманинг илмий иш ҳажми, тадқиқотларининг ўзига хос хусусиятлари ва малакали ходимлари мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, Марказий физика-кимёвий лабораториясини кон бошқармаси лаборатория ишларининг ишлаб чиқариш маркази, десак янглишмаймиз. Олтмиш йил давомида конлардан келтирилаётган саноат маҳсулотларининг лаборатория назоратини амалга ошириб келаётган жамоанинг эса интеллектуал салоҳияти ниҳоятда юқори. Бўлинма ходимлари иш услубларини такомиллаштириш билан бирга, берилган топшириқларни аниқ ва сифатли бажарадилар. Бугунги кунда лабораториянингЗебо Аҳмедова, Рамиля Рангова, Умид Давидов, Шоира Каландарова каби илмли, Ойдин Тошниёзова, Светлана Чернишова, Озода Шавозова, Оксана Мусина, Жамила Усманова, Бакиткул Иршимбетова, Дилдора Рахманова, Акмал Аброров каби тажрибали ходимлари, Жамшид Эшмаматов, Мадамин Муҳаммадиев, Мафтуна Низомова, Феруз Қурбонов, Маргарита Жумаева, Мадина Зарипова, Фарид Назаровдек шижоатли ёшлари томонидан атом-абсорбция таҳлили, спектрал таҳлил, кимёвий таҳлил усуллари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Улар томонидан ўтказилган таҳлил ва тадқиқот усуллари геологик қидирувдан тортиб технологиягача бўлган улкан илмий аҳамиятга эга ва ўта масъулиятли жараёнларда кенг қўлланилади.
Марказий физика-кимёвий лабораторияси кичик жамоа, бироқ бу масканда қалблари улкан инсонлар, турли миллат вакиллари бир оиладек аҳиллик ва ҳамжиҳатлик ила фаолият кўрсатиб келишмокда. Афғон урушининг оғир мусибатларини кўрган, тинчликнинг қадрини улуғловчи Шариф Абдиевдаги шукроналик, Яна Чуриковадаги самимийлик, Нилуфар Рахмоновадаги шижоат, Холида Нумановадаги камтарлик, Гулнара Ураковадаги меҳнатсеварлик каби фазилатларни кўрасизу яна ўша жамоа томон беихтиёр интиласиз.
Бўлинма Шимолий кон бошқармасида ўз ўрнига эга, бунинг ортида меҳнатсевар жамоа ва Алишер Ботировдек илмли, одамийлик фазилатлари билан ходимларига ўрнак-намуна бўлувчи инсоннинг ҳиссаси турибди.
Эътибор
Шимолий кон бошқармасида Янги Ўзбекистонга хос равишда янгиланишлар икки-уч йилдан бери авж палласида. Саноат-техника соҳасидан ташқари, таъмирлаш-қурилиш, жиҳозлаш-таъминот, ахборот-маънавият каби тармоқларда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ишлаб чиқариш корхонаси ҳам худди оиладек - таъминотчининг идроки ва саховати ниҳоятда зарур. Хонамиздаги эски стуллардан бири ҳақида ҳамкасбимнинг: “Бу стул мендан катта”, деган ҳазиломуз сўзидан стулнинг “ёши”ни аниқлаб кўрсам, унинг айтганича бор экан. Ўтган йили ана шу “оқсоқол” жиҳозларимизни “нафақага” кузатдик. Хоналаримиз кўркамлашиб, китоблар, ҳужжатлар ва кийимларни сақлаш учун янги, замонавий мебель жиҳозларига эга бўлдик. Таъминотчилар томонидан корхона бўлинмаларига қишки-ёзги кондиционерлар, музлатгичлар, микротўлқинли печлар, телевизорлар, сув куллерлари каби маиший техникалар келтирилди. Амалга оширилган янгиланишлардан худди янги уйга кўчиб кирган кишидек қалбга ажиб хурсандчилик инди. Янгиланиш жараёни тўхтаб қолгани йўқ, бутун кон бошқармаси бўйлаб давом этмоқда.
Ўзининг 60 йиллик юбилейига тайёргарлик кўраётган Марказий физика-кимёвий лабораторияси ҳам Шимолий кон бошқармасининг бошқа бўлинмалари каби янгиланиш ва ўзгаришлардан четда қолмай, ташкил топган қутлуғ сана муносабати билан янги бинога кўчиб ўтиш арафасида. Мен эса, мақоланинг давомини - эътибор ва эътирофнинг қувончини албатта янги бинодан давом эттираман, дея мақолага ҳозирча якун ясайман.
Нилуфар Муйдинова
ШКБ Ахборот ва маънавият-маърифат гуруҳи мутахассиси.
"Ассалому алайкум яхшимисиз? 11-6-чи уйни орқасида масжидга кетиш йулида колодец қопқоғи мошиналарни ғилдирагидан таққиллаб бутун уйда яшовчиларни ухлатмайди. Неча марта маҳалла раисасига мурожаат қилдик, у киши ДУК деган маъсулиятсиз ташкилотга бир неча бор мурожаат қилди. ЙПХ ходимларига мурожаат қилинди. Ижобий ҳал бўлмади. Амалий ёрдам сураймиз!"
Ана шундай мурожаат туман ҳокими томонидан беэътибор қолдирилмади. "Менга айтмадинг, мен эшитмадим" деган масъуллар колодес қопқоғи мустаҳкамланди. Жамоатчилик фикри ана шундай. Бирлашайлик! Муаммоларни ҳал қиламиз!
“Umra” tadbirlarini tashkil etish va o‘tkazishda ziyoratchilarning manfaatlarini samarali himoya qilish bo‘yicha qo‘shimcha chora-tadbirlar to‘g‘risida”gi Hukumat qarori qabul qilindi.
Qarorga ko‘ra, “Umra” tadbirlarini tashkil etish va o‘tkazishga oid xizmatlarni ko‘rsatish bilan bog‘liq turistik faoliyatni amalga oshirish lisenziyasi chiqish turizmi kichik turining alohida faoliyat yo‘nalishi hisoblanib, mazkur faoliyat faqat mahalliy turoperator tomonidan amalga oshirilishi belgilandi.
Turistik faoliyatni amalga oshirish lisenziyasi chiqish turizmi kichik turining “Umra” xizmatlarini ko‘rsatish faoliyati bo‘yicha quyidagi qo‘shimcha lisenziya talablari va shartlari joriy etiladi:
➖ 100 ming AQSH dollaridan kam bo‘lmagan mablag‘larni Turizm qo‘mitasining Xavfsiz turizm jamg‘armasiga zaxira qilib qo‘yish;
➖ “Umra” xizmatlari davomida ziyoratchilarning guruh rahbari etib O‘zbekiston musulmonlari idorasi bilan tuziladigan shartnoma asosida uning diniy bilim va ko‘nikmalarga ega bo‘lgan mutaxassislarini tayinlash;
➖ “Umra” xizmatlarini ko‘rsatuvchi turoperator shtatida diniy (islomiy) ta’lim yo‘nalishlari bo‘yicha respublika ta’lim muassasasi yoki O‘zbekiston xalqaro islom akademiyasining tegishli bakalavriat ta’lim yo‘nalishi yoxud magistratura mutaxassisligi bitiruvchisi bo‘lgan kamida bir nafar mutaxassisning bo‘lishi;
➖“Umra” xizmatlarini voyaga yetmagan fuqarolarga ko‘rsatmaslik;
➖ “Umra” xizmatlarini Saudiya Arabistoni Podshohligidagi hamkor tashkilot o‘rtasida imzolanadigan shartnomaga muvofiq amalga oshirish.
“Umra” xizmatlarini ko‘rsatuvchi turoperator murojaati asosida O‘zbekiston musulmonlari idorasi mutaxassisini ziyoratchilarga guruh rahbari (ellikboshi) sifatida jalb etish bo‘yicha quyidagi tartib joriy etiladi:
➖mutaxassisning ziyoratchilar guruhlariga rahbarlik qilishi bilan bog‘liq xizmati beg‘araz amalga oshiriladi, uning safar xarajatlari (transport, mehmonxona, oziq-ovqat, sug‘urta, viza to‘lovlari va boshqalar) “Umra” xizmatlarini ko‘rsatuvchi turoperator tomonidan qoplanadi;
➖ mutaxassis turoperatorning so‘roviga ko‘ra O‘zbekiston musulmonlari idorasi tomonidan 3 ish kunida ajratiladi;
➖1 nafar guruh rahbariga 50 nafardan oshmagan ziyoratchilar guruhi biriktiriladi.
➖2023-yil 1-oktyabrdan “Umra” xizmatlarini ko‘rsatuvchi turoperatorlar faoliyatini reyting asosida baholash tizimi joriy etiladi.
Qarorda belgilangan qo‘shimcha lisenziya talab va shartlari 2023-yil 1-noyabrdan qo‘llaniladi hamda ulardan lisenziyani qayta rasmiylashtirishda arizani ko‘rib chiqish uchun to‘lanadigan yig‘im va lisenziya uchun davlat boji undirilmaydi.
“Давлат пенсияларини тўлаш жараёнига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Белгиланишича:
2023 йил 1 ноябрдан бошлаб акциядорлик тижорат “Халқ банки” сайёр кассалари томонидан махсус планшетларда фуқароларнинг бармоқ изи маълумотларини Адлия вазирлиги ҳузуридаги Персоналлаштириш агентлигига электрон сўров юбориш орқали ўзаро мос келгани тасдиқланганидан сўнг нақд пул шаклида пенсия ва нафақа тўлаш тизими жорий этилади;
республиканинг тоғли ва олис ҳудудларида интернет тезлиги ёки бошқа муаммолар сабабли пенсия олувчининг бармоқ изларини электрон шаклда солиштириш имконияти бўлмаганда ҳамда ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган ишончнома орқали бошқа шахсга тўланаётганда нақд пул шаклда пенсия ва нафақалар тўлов қайдномаларини имзолаш орқали амалга оширилади.
Рақамли технологиялар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва “Киберхавфсизлик маркази” давлат унитар корхонаси Марказий банк билан ҳамкорликда:
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Персоналлаштириш агентлиги ва акциядорлик тижорат “Халқ банки” ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилади;
акциядорлик тижорат “Халқ банки” томонидан пенсия ва нафақа олувчиларнинг бармоқ изи электрон маълумотларини солиштириш имконияти мавжуд махсус планшетларни харид қилишга амалий ёрдам кўрсатади.
Катталари келиб кўрсин... Масъулларни иши... Энди бошимга шуни ташвишини олиш қолувди... Ўзлари билади...
Аслида кўпчилигимиз бирор камчиликни кўрсак худди ана шундай фикр юритамиз. У бизнинг ишимиз эмаску аралашиб нима қиламиз деймиз. Лекин жамоатчилик фикри кўп нарсани ўзгартиришга қодирлигини билмаймиз...
Бир-икки кун олдин бир ҳамшаҳримиз Чўл гули кўчасида калодис қопқоқсиз очиқ турганини , бу ерда ёш болалар гавжумни танқид қилиб каналимизга мурожаат қилган эди. Мурожаат масъулларга етказилди. Ва бугун шу ҳудудда яшовчи аҳоли хавфсизлиги таъминланди.