LOTIN-КИРИЛЛ

Табиат учун бирлашайлик!

Туман маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар,

хотин-қизлар ва ёшлар вакилларининг халқимизга

МУРОЖААТИ

          Азиз тумандошлар, қадрли учқудуқликлар!

       Маълумки, Ер сайёраси – инсониятнинг ягона Ватани. Ер – ҳаёт манбаи. Инсон ҳаёти учун нимаики зарур бўлса, барчасини бизга мана шу саховатли замин инъом этади. Афсуски, бугун сувдан, тупроқдан нотўғри фойдаланиш, экологик жиҳатдан зарарли технологияларни қўллаш оқибатида сайёрамизда иқлим ўзгариб, биохилма-хиллик йўқолиб бормоқда. Ер юзидаги 8 миллиарддан ортиқ инсониятнинг ҳаёти хавф остида қолмоқда.

     Давлатимиз раҳбари жорий йил 11 октябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам мазкур масала бўйича бир қатор муҳим таклифлар билдириб, устувор вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, 25 октябрдан 1 декабрга қадар юртимизда “Кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинди. Доимо она табиат билан уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, атроф-муҳит софлиги ва барқарорлигини сақлашга интилиб келадиган кўпмиллатли халқимиз номидан биз Президентимизнинг ана шу ташаббусларидан руҳ олиб, барчангизни, бутун эл-юртимизни “Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!” деган олийжаноб ғояни қўллаб-қувватлашга чақирамиз.

     Аждодларимиз азал-азалдан уста боғбон бўлганлиги билан ҳақли равишда фахрланамиз. Буюк бобокалонларимиз Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳриддин Муҳаммад Бобур қаерга қадами етса, боғ яратган, шаҳар ва қишлоқларни обод қилган. Шунинг учун ҳам “Яхшидан боғ қолади” деган пурмаъно ҳикмат ҳанузгача ўзининг маъно-мазмунини йўқотмай келмоқда.

     Шундай экан, миллий қадриятларимизга содиқ қолган ҳолда, оилада фарзанд дунёга келганида унга атаб кўчат экиш, ҳашар йўли билан боғ-роғлар яратиш, иморатлар атрофини кўкаламзорлаштириш каби эзгу анъаналаримизга ҳамоҳанг тарзда ҳар бир хонадон томонидан 5 туп кўчат экиш ва ўстириш ташаббусини илгари сурамиз.

    Шунингдек, ҳар бир фуқаронинг тўй ва бошқа яхши кунларида ниҳол экишни анъанага айлантирсак, бу ғоят савобли тадбир бўларди.

     Қадрли маҳалла фаоллари, кўчабоши ва уйбошилар!

    Айни вақтда айрим маҳаллаларда, кўча ва гузарларда бўш турган, дарахт экилмаган жойлар ҳам кўп. Эндиги вазифамиз ушбу жойларни боғ-роғларга айлантиришда маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлигини кучайтириш, ҳудуд ободлиги ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган лойиҳаларни кенгайтиришдан иборатдир. Бунинг учун ҳар бир маҳаллада “маҳалла боғлари”ни яратишимиз, яшил ҳудудларни кўпайтиришимиз, шахсий намуна сифатида дастлаб ўз хонадонимиз ва кўчамизни обод қилишимиз, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур.

    Экилган ҳар бир ниҳолни парваришлаш ва сақлашда маҳалла фаоллари, бошқарув-сервис компаниялари жонбозлик кўрсатиши лозим. Бунинг учун “маҳалла еттилиги”, кўчабоши ва уйбошилар ҳамда хонадон эгаларини масъул сифатида бириктириш мақсадга мувофиқдир.

     Муҳтарам нуронийлар!

    Сизларнинг ҳаётий тажрибангиз, дуо ва тилакларингиз халқимиз учун ҳамиша катта таянч ва суянч бўлиб келмоқда.

   Туманимиздаги нуронийлардан маҳаллаларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда, аҳоли томонидан кўчатларни намунали экишни ташкиллаштиришда янада фаоллик ва ташаббус кутиб қоламиз. Сизларнинг шахсий намунангиз, панду насиҳат, тавсия ва кўрсатмаларингиз барчамиз учун муҳим.

Нуронийларимизнинг ҳар бири 1 тупдан кўчат экса, маҳаллаларда минглаб янги дарахтлар пайдо бўлади. Ёнингизга 10 нафар ёшни жалб қилсангиз, дарахтлар сони 10 баробарга ошади.

      Қадрли зиёлилар, фан, адабиёт, санъат намояндалари ва спортчилар!

     Жонажон Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган ташаббусларни қўллаб-қувватлашда сизлар кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда келажак авлодга бош-қош ва намуна бўлишларингизга ишонамиз.

     Сиз каби эл таниган ижод аҳлига, зиёлилар ҳамда спортчиларга туманимиз ёшлари ўзгача ҳавас билан қарайди.

      Шундай экан, юртимизда амалга оширилаётган кузги дарахт экиш мавсумида сизлардан янгидан янги ташаббуслар, амалий ҳаракатлар кутиб қоламиз!

      Мўътабар онахонлар, азиз опа-сингиллар!

    Хонадонимиз, маҳалламиз файзу таровати ҳамиша сиз билан гўзалдир!

     Табиат ҳам она каби муқаддас саналади. Она ва табиат тушунчалари бир-бирига ҳамоҳанг. Онани қандай эъзозласак, табиатни ҳам шундай қадрлашни фарзандларимиз онгу шуурига чуқур сингдирайлик!

     Токи, фарзандларимиз ота-боболаримиз сингари боғу бўстонлар яратувчиси, она табиат ҳимоячиси бўлсин! Шундагина табиатни асл ҳолидек сақлаб, уни келажак авлодга безавол етказишга эришамиз.

Ҳафта ёки бир ойда бир маротаба бўлса ҳам – ота-боболаримиздан қолган удум, анъана – кўчат қадаш, ҳашарлар уюштириш каби эзгу ишлар бир оз оқсаётгандек.

Ўз навбатида Сизни ҳам ҳурматли Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббус - кузги дарахт экиш мавсуми доирасида амалга оширилаётган ишларда фаол иштирок этишга чақираман!

Бугунги ҳаракатимиз хайрли ва савобли ишларимизнинг бардавомлигига, ёшларимизнинг маънавияти ва тарбияси янада юксак бўлишига, миллий қадриятларимиз ривожига, халқимиз орасида ҳамжиҳатлик туйғулари мустаҳкамланишига пойдевор бўлиб хизмат қилсин!

      Азиз ва навқирон ёшлар!

      Сизлар Янги Ўзбекистоннинг, учинчи Реннесанс пойдеворининг бунёдкорларисиз!

       Юртимиз тараққиёти, халқимиз кўзлаётган юксак марраларга эришишда сизнинг ақл-заковатингиз, ғайрат-шижоатингиз, она Ватанга бўлган садоқатингиз беқиёсдир.

Она заминимизга меҳр беринг! Нурли келажак учун бугундан бошлаб ўз хонадонингиз, кўчангиз, маҳаллангизда ниҳол экиб, жойларда “Ёшлар боғи”ни ташкил этишда ташаббусни қўлдан бой берманг!

Унутманг, сиз истиқлол фарзандисиз, сизнинг ҳиссангиз – бу ота-онангиз, маҳаллангиз ва бутун халқимизнинг фаровонлиги учун хизмат қилади.

       Азиз учқудуқликлар!

      Дарахт экиш ва уни парваришлашни мажбурият эмас, қадрият сифатида эъзозлайлик!

Ҳар биримиз келажак авлод олдидаги бурчимизни чуқур ҳис қилган ҳолда, “Яшил макон” лойиҳасини умумхалқ миллий ҳаракатига айлантирайлик!

Ишонамизки, бу хайрли тадбирда ҳеч биримиз четда турмаймиз ва воҳамизни барча ҳавас қиладиган “Яшил макон”га айлантирамиз!

Токи, биздан фарзандларимизга обод, яшилликка бурканган гўзал ва бетакрор Ватан мерос бўлиб қолсин!

O'qilgan: 505 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: