Юртимизда касб байрамларини муносиб нишонлаш, ҳар қандай соҳада фидокорона меҳнат қилиб келаётган ходимларини тақдирлаш уларни янада касбига бўлган меҳрга ундайди.
Ҳар йили анъанавий тарзда октябрь ойининг сўнгги кунларида нишонланиб келинаётган “Автомобилчилар куни” муносабати билан Шимолий кон бошқармасининг Автомобил бошқармаси ҳамда “Даугизтау” конида байрам тадбири ташкил қилинди. Унда ШКБ директор ўринбосари, сенатор Б.Шарипов, 1-сонли Бирлашган касаба қўмитаси раиси Т.Бикова ва бошқалар иштирок этди.
Икки мингдан ортиқ ишчи-ходимларнинг аксарияти ҳайдовчилар меҳнат қилаётган ушбу корхоналар кончилик саноатида муҳим бўғин саналади. Ер қаъридан қазиб олинаётган таркибида табиий бойлик бўлган рудаларни қазиб олиш, манзилига етказишдек масъулиятли ишларни амалга оширадилар. Шарафли касб эгалари автоулов ҳайдовчилари қизилқумнинг аёвсиз табиати ёзнинг жазирамасию қишнинг қаҳратонини писанд этмай ризқ-рўз ундириш, мамлакат хазинасини тўлдириш, аҳоли фаровонлигига ҳисса қўшишни ўзларининг бурчи, вазифаси деб ҳисоблайдилар.
Дарҳақиқат, ҳар бир касбнинг ўзига яраша машаққату масъулияти бор. Улар орасида транспорт воситалари ходимларини энг масъулиятли шу билан бирга шарафли касб эгалари, дейиш мумкин. Ҳозирда Шимолий кон бошқармасида турли русумдаги 560 дан ортиқ транспорт воситалари ва 80 дан ортиқ йўл-қурилиш машиналари ва ёрдамчи техникалар бўлиб, уларни бир маромда хавфсиз бошқаришда корхонада меҳнат қилаётган ҳайдовчиларнинг касб маҳорати, иш тажрибаси ва масъулиятига кўп жиҳатдан боғлиқ.
Бўлиб ўтган тадбирда ана шундай масъулиятли ва шарафли касб эгаларининг бир гуруҳи ШКБ нинг фахрий ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.
Айниқса, Автомобил бошқармасида ўтказилган байрам тадбири турли мусобақалар, спорт беллашувлари, ҳаваскорлик жамоаларининг чиқишлари билан барчага бирдек манзур бўлди. Ўз навбатида беллашувлар ва спорт мусобақаларида фаол иштирок этган корхона ишчи-ходимлари 1-сонли Бирлашган касаба қўмитасининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.
Ҳар иккала корхонада ўтказилган байрам тадбирида “Учқудуқ” маданият саройи бадиий жамоалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар даврага кўтаринкилик улашди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.