LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

29 Apr 2023

   Икки ва ундан ортиқ талабани ижарага қўйишда хонадоннинг майдони ҳар бир талаба учун 12 квадрат метрдан кам бўлмаслиги керак, деган қоида киритилиши мумкин.

  Вазирлар Маҳкамасининг "Олий таълим муассасалари талабаларини турар жой билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.Президент фармони билан тасдиқланган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида талабаларни ётоқхонага онлайн жойлашиш имкониятларини берувчи, Давлат хизматлари маркази ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган бепул электрон хизматни жорий этиш, бунда:

ётоқхоналар ҳисобини юритиш реестрини ишлаб чиқиш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларни устувор равишда жойлаштириш;

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон ариза бериш ва тўловларни амалга ошириш имкониятини яратиш назарда тутиш белгиланган.

2023 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат олий таълим муассасалари талабаларига ижара тўловининг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан қоплаб беришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади.

   Бунда:

талабгорларга ойлик ижара тўловининг бир қисми ижара шартномасининг суммасидан қатъи назар Тошкент шаҳрида – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, қолган ҳудудларда – базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўланади;

ижара шартномасида икки ва ундан ортиқ талабаларни расмийлаштиришда хонадоннинг майдони ҳар бир талаба учун 12 (ўн икки) метр квадратдан кам бўлмаслиги лозим;

талабалар сафига қабул қилинган ва талабалар турар жойи билан қамраб олинмаган олий таълим муассасасидан узоқ жойлашган ҳудудлардан келган биринчи босқич талабалари (доимий яшаш жойи бошқа туманда (шаҳарда) бўлган ижара асосида яшайдиган талабалар)га, олий таълим муассасаларига ушбу мақсадларда ажратилган маблағлар доирасида сентябрь ва октябрь ойлари учун ижара шартномаси талаб этмасдан ойлик ижара тўловининг бир қисми қоплаб берилади ҳамда белгиланган тартибда ижара шартномаси тақдим этган талабаларга ноябрь ойидан тўловлар давом эттирилади;

давлат олий таълим муассасалари томонидан ижара ҳуқуқи асосида яшаётган, бироқ ижара тўловлари ушбу қарорда белгиланган тартибда давлат бюджети ҳисобидан қопланадиган талабаларнинг 60 фоизидан ортган қисми учун ойлик ижара тўлови бир қисмини ушбу олий таълим муассасаси томонидан тасдиқланган мезонлар ва тартиб асосида молиявий имкониятидан келиб чиқиб бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши мумкин.

Талабалар билан тузиладиган турар жой ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали масофадан туриб биометрик идентификациялаш (Face-ID) технологияси орқали электрон шаклда реал вақт режимида ҳисобга қўйишга рухсат этилади.

 

29 Apr 2023

 

   Фармонга кўра, 2023 йил 1 майдан 2025 йил 1 январга қадар 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси иш берувчиларга Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб берилади. (ПФ–61-сон, 26.04.2023 й.)

  Эслатма: бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада тўловчилар бу имтиёздан мустасно.

Ижтимоий солиқ ишга кирган ёш ходимнинг еттинчи ойидан бошлаб қоплаб берилади.

 

29 Apr 2023

 

   Стюардесса ва ҳамшира Виолет Жессоп машҳур “Титаник” кемаси айсбергга урилиб чўкиб кетганда, ундан олдин ва кейин ҳам даҳшатли фалокатларга юзма-юз келган, бироқ шунда ҳам кемада ишлашни давом эттирган. Ундан ҳар сафар қандай омон қолгани ҳақида сўрашганда “ҳаётга бўлган муҳаббат сабаб” деб жавоб берган.

   1916 йил 21 ноябр тонгида Британия океан лайнери “Британник” Эгей денгизи бўйлаб сузиб борарди. У биринчи жаҳон уруши кетаётгани сабаб шифохона кемаси сифатида қайта жиҳозланганди. Ўша куни кема немис минасига урилиб кетади ва чўка бошлайди. Ҳамшира, кема стюардессаси Виолет Жессоп ўша пайти эндигина нонушта қилишга ўтирганди. У қутқарув қайиғига чиқишдан олдин ўзига керакли нарсаларни олишга шошилади. Виолетнинг бу даражада хотиржамлиги сабаби у бундан олдин ҳам икки марта даҳшатли кема фожиаларидан омон қолганида эди.

“Чўкаётган кемалар маликаси”, “Сувда чўкмас хоним” каби иборалар билан эсланадиган Виолет Жессоп 3 марта жуда йирик кема ҳалокатларига дуч келади ва ҳаммасидан ўзига бўлган ишонч, кучли ирода сабаб омон қолади. Охирги марта “Британник” кемасида бахтсиз ҳодисага учраганидан сўнг ҳам яна 32 йил, то нафақага чиққунча кемада ишлашни тўхтатмайди.

Виолет Жессоп ким эди?

Виолет Констанс Жессоп 1887 йилда Аргентинада ирланд иммигрантлари оиласида туғилган. Жессопнинг оиласи чорвачилик билан шуғулланарди. У болалигида оғир касалликлар: тиф ва туберкулёзга чалиниб, деярли ўлим ёқасидан қайтади. Тузалиб кетгани эса деярли мўъжизага тенг ҳодисалар эди.

“Виолетни ҳаётга бўлган кучли муҳаббат даволаган”, деб ёзади унинг хотиралари муаллифи Жон Макстон-Грем.

1903 йилда Жессопнинг отаси вафот этгач, унинг оиласи Англияга кўчиб келишади. Ўшанда Жессоп 16 ёшда эди. Онаси Кетрин оилани боқиш учун Атлантика океанини кесиб ўтувчи пароходларда стюардесса бўлиб ишлай бошлайди.

5 йиллик денгиздаги ишдан сўнг Кетрин касалликка чалинади ва 21 ёшли Виолет оиланинг ёлғиз таъминловчисига айланади. У онасининг изидан бориб стюардессаликни танлайди. Гарчи стюардессаликка жуда ёшлик қилса-да, Виолетнинг хушмуомалалиги ва инглиз, испан, француз тилларини билиши ишга киришига ёрдам беради.

Кемалардаги карьера

Виолет 1911 йилда White Star Line компаниясига қарашли учта машҳур “опа-сингил” кемаларнинг биринчиси, ўз замонасининг энг машҳур “Олимпик” кемасида иш бошлайди. Ўша йилнинг сентябр ойигача ҳаммаси яхши кетади. Бироқ 1911 йил 20 сентябрда “Олимпик” кемаси бошқа Британия кемаси билан тўқнашиб кетади. Олимпик кемасининг сув чизиғидан пастки қисмида катта ёриқ пайдо бўлади. Бахтсиз ҳодисага учраган бўлса-да, кема амаллаб Англияга қайтишга муваффақ бўлади.

   Даҳшатли чўкиш

“Олимпик” кемаси таъмирланиши кераклиги сабабли Жессоп учликдаги бошқа кема, ўша машҳур “Титаник” кемасига ишга ўтади. Жессоп ишга кирганидан 7 ойча ўтгач “Титаник” ўзининг биринчи ва сўнгги сафарини амалга оширади, бироқ элегант лайнер йўлга чиққанининг тўртинчи кунидаёқ айсбергга урилиб чўкиб кетади. Кемада бўлган 1,5 мингдан ортиқ йўловчи ва экипаж аъзолари ҳалок бўлади.

Тунги ўн иккига яқин Жессоп шовқинли товушларни эшитади. Дастлаб, у буни шунчаки дрель овози деб ўйлайди. Ахир “Чўкмас кема” – “Титаник” чўкаётган бўлиши мумкин эмас! Бироқ 3 соат ўтар-ўтмас қутқарув қайиғидан туриб улкан кеманинг чўкиб бораётганини кўрган Жессоп воқеаларни худди тушида бўлаётгандек ҳис қилади.

1914 йилда биринчи жаҳон уруши бошлангач, Жессоп кўнгилли тарзда ҳамшира бўлиб ишлай бошлайди. Дастлаб, бир муддат қуруқликдаги хизматдан сўнг, 1916 йилдан шифохона вазифасини бажараётган “Британник” кемасида ишлайди. Кема Грециянинг Кея ороли яқинида минага урилганда Жессоп денгизга сакраб омон қолишга муваффақ бўлади. Бироқ бош суяги дарз кетади, оёғи қаттиқ жароҳатланади. Жессопнинг жароҳатлари тузалиши учун уч йил керак бўлади. Бу орада уруш тугаб, лайнерлар Атлантика бўйлаб қатнай бошлаганди.Кетма-кет учта даҳшатли денгиз фожиаларидан омон қолган бошқа киши бўлганда, омад ҳар доим кулиб боқавермаслигини ўйлаб кемаларда ишлашни тўхтатган бўлиши мумкин эди, эҳтимол. Бироқ Виолет Жессоп эмас. У 1920 йил қайта тикланган “Олимпик” кемаси билан иш бўйича шартнома имзолайди ва то 1950 йил нафақага чиққунига қадар стюардесса бўлиб ишлашда давом этади.

Виолет Жессоп 1971 йилда, 83 ёшида вафот этади.

Интернет материаллари асосида тайёрланди

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

 

28 Apr 2023

photo 2023 04 28 10 50 53
Баҳор иссиғи айни тафтига олган шу кунларда Ободонлаштириш бошқармаси ишчи-ходимлари шаҳар кўчалари, йўл ёқалари, хиёбонлар, бекатлар атрофи умуман ҳудудда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини уюшқоқлик билан олиб боришаётир.
Кичик иссиқхоналар ташкил этилиб, йил давомида гул ва дарахт кўчатлари етиштирилмоқда. Баҳорда ушбу гул кўчатлари ва ниҳоллар шаҳар кўчаларига экилиб, парвариш қилинмоқда.

photo 2023 04 28 10 50 55
Албатта Учқудуқ шароитида кўчат экиб гул кўкартириш, ниҳол экиб дарахт ўстиришнинг машаққатини бу ерда яшовчилар билади. Шунинг учун ҳам азиз тумандошлар, соҳа ходимлари меҳнатини қадрлайлик, ҳудуд тозалиги ва ободончилигига ҳар биримиз ҳисса қўшайлик!
Учқудуқнинг бугунги қиёфасини кўрган ҳар бир киши учқудуқликлар том маънода бунёдкорлик ва яратувчанлик иштиёқи билан яшаётганига амин бўлишсин!

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

26 Apr 2023

 

  Иш ҳақи ошади

  Президент фармонига кўра, 1 май кунидан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори   7 фоизга оширилади. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 980 минг сўм, базавий ҳисоблаш миқдори – ойига 330 минг сўм этиб белгиланади.

Жарималар учун 50% чегирма

  Тегишли қонунга мувофиқ 2023 йил 1 майдан маъмурий жарималарни 15 кун ичида тўлаганлик учун чегирма миқдори оширилади. Бунда ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жарима миқдорининг 50 фоизини ёки 30 кун ичида 70 фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади. Мазкур тартиб суд қарорига асосан қўлланадиган жарималарга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Имтиёзли транспорт карталари “ишга тушади”

  1 майдан шаҳар йўловчилар транспортида айрим тоифадаги фуқароларга бепул юриш ҳуқуқини берувчи имтиёзли транспорт карталари республиканинг барча шаҳарларида берилади. Президент қарорига мувофиқ шаҳар йўловчилар транспортида айрим тоифадаги фуқароларга бепул юриш ҳуқуқини берувчи имтиёзли транспорт карталарини бериш республиканинг барча шаҳарларида амалга оширилади.

Айримларга хариди учун қўшилган қиймат солиғи қайтарилади

Президентнинг тегишли қарорига асосан 2023 йил 1 майдан бошлаб «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган жисмоний шахсларга айрим турдаги товарлар хариди учун қўшилган қиймат солиғи қайтариб берилади. Яъни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган жисмоний шахслар чакана савдо объектларида тухум, ўсимлик ёғи ҳамда мол, қўй, парранда гўштлари харидини амалга оширганда ва ушбу харидни солиқ органларининг махсус мобил иловасида харид чекининг фискал белгисини матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш орқали рўйхатдан ўтказганда, уларнинг банк карталарига ҳар ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи миқдоридаги тўлов ўрнига, харид суммасида тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаси республика бюджетидан қайтарилади.

“Метан-заправка”ларга онлайн камера ўрнатиш мажбурий бўлади

Президентнинг 2023 йил 10 февралдаги “Тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиш мезонлари ҳамда солиқ сиёсати ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан 1 майдан қатор тартиблар ўрнатилмоқда.

Жумладан: 

– автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари ва автомобилларга газ қуйиш станцияларида электрон ўлчаш ускуналари ва онлайн видео камераларини ўрнатиш ҳамда уларни солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш мажбурий ҳисобланади;

– пахта хомашёси, ғалла ёки шолини қабул қилиш ва ҳисобини юритиш бўйича ахборот тизимларининг операторлари ўз тизимларини солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилишлари мажбурий ҳисобланади;

– тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилганда, уларга кўрсатилган хизматлар учун (олинган ҳақ, комиссия учун «0» сўм бўлган тақдирда ҳам) электрон ҳисобварақ-фактуралар тақдим этади ва расмийлаштиради. 

Янги “дом”ларнинг томига қуёш панеллари ўрнатиш мажбурий бўлади

Президентнинг 2023 йил 16 февралда қабул қилинган “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 1 майдан бошлаб фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томлари бўш қисмининг камида 50 фоизида қуёш панелларини ўрнатиш талаби жорий қилинади. Шунингдек, 1 майдан бошлаб янги ташкил этиладиган иссиқхона хўжаликлари ҳамда цемент, ғишт ва оҳак маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга табиий газ тармоқларига уланиш учун техник шартлар берилиши тақиқланади. Республикадаги барча ёқилғи (автобензин, суюлтирилган ва сиқилган газ) қуйиш шохобчаларининг маиший-техник эҳтиёжлари ва ҳудудини ёритиш учун электр энергияси таъминотининг камида 50 фоизи ушбу объектларда ўрнатиладиган қуёш панеллари орқали қопланиши талаб этилади. 

Айримларга шифохонада бепул овқат берилади

Президентнинг тегишли қарори билан 2023 йил 1 майдан ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашда қатор тартиблар ўрнатилмоқда. Жумладан, тиббиёт муассасаларида даволанаётган ногиронлиги бўлган болага ғамхўрлик қилиш учун шу муассасада унинг отаси ёки онасига (уларнинг ўрнини босувчи шахсга) ёхуд оиланинг болани бевосита парваришлаётган бошқа аъзосига ногиронлиги бўлган боланинг ёнида бирга бўлиш учун шароит яратилади. Шунингдек, стационар тиббиёт муассасаларида ногиронлиги бўлган болани парваришлаётган шахсга мазкур давр учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади ҳамда болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга ғамхўрлик қилувчи шахслар (ота-онаси ва бошқалар) учун даволаш даврида давлат стационар тиббиёт муассасаларида бепул овқатланиш йўлга қўйилади. 

Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг яқинлари ижтимоий қўллаб-қувватланади

Президентнинг тегишли фармони билан ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида яраланганлиги, контузия ёки майиб бўлганлиги оқибатида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилари ва ходимларининг оила аъзолари ҳамда уларнинг қарамоғидаги шахсларга 2023 йил 1 майдан бошлаб қатор имтиёзлар берилмоқда.

Жумладан:

– оиланинг меҳнатга лаёқатсиз ҳар бир аъзосига боқувчисини йўқотганлик пенсияси пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун олинадиган пул таъминотининг (иш ҳақининг) 50 фоизи миқдорида белгиланади;

– оила аъзолари (ота-онаси, турмуш ўртоғи, 23 ёшга тўлмаган фарзандлари) даромадлар қайси ойда олинган бўлса, ўша ойда ҳар бир ой учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади;

– белгиланган тартибда турар жойга муҳтож деб тан олинган тақдирда, турар жой билан биринчи навбатдаги тартибда таъминланади;

– қонунчиликда белгиланган ҳарбий хизматчиларга (ходимларга) турар жой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари бериш тартибига мувофиқ узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитларини олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади;

– ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) янги никоҳга кирмаган турмуш ўртоғи ва (ёки) ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) қарамоғида бўлган ота-онасидан бирига Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсациясини тўлаш тартиби татбиқ этилади (мулкида турар жой бўлмаган тақдирда).

Раҳбар кадрлар учун ўқув курслари жорий этилади

Президентнинг 2023 йил 7 февралдаги тегишли қарорига асосан, 2023 йил 1 майдан бошлаб раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича ўқув курслари (соатлари)ни жорий қилинади. Бунда, мазкур ўқув курсларини Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш бўйича электрон платформаси орқали ташкил этишга рухсат берилади.

Банк ҳисобварағини масофадан туриб очишга рухсат этилади

Президентнинг 2022 йил 10 ноябрь куни қабул қилинган “Ҳисобот тақдим этиш ва архив ҳужжатларини сақлаш тартиб-таомилларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2023 йил 1 майдан қуйидагиларга рухсат берилмоқда:

– тижорат банкларига ариза берувчини масофадан туриб идентификация қилиш учун зарур шарт-шароитлар мавжуд бўлганда, таъсисчилари Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларга банк ҳисобварағини масофадан туриб очишга;

– юридик шахсларга электр энергияси, табиий газ, иссиқ сув, ичимлик сув таъминоти, оқова сув ва телекоммуникация хизматлари кўрсатиш бўйича шартномаларни, уларнинг истеъмоли тўғрисидаги ҳисоботларни ва келгуси давр учун шартномавий миқдорлар тўғрисидаги бир марталик ва даврий ҳужжатларни электрон шаклда расмийлаштиришга.  


 

25 Apr 2023

   Савол; Қайси ҳолатлар никоҳ тузишга тўсқинлик қилади ?

    Жавоб; Оила кодексининг 16-моддасига кўра, қуйидаги ҳолларда никоҳ тузишга йўл қўйилмайди:

-никоҳланувчилардан биттаси бошқа никоҳда турган бўлса; (Яъни бошқаси билан қонуний никоҳи узилмаган бўлса)

-никоҳланувчилар насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар бўлса, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида никоҳ тузилаётган бўлса шунингдек, фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида никоҳ тузилаётган бўлса;

-никоҳланувчилардан бири руҳий касаллик сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса.

Учқудуқ туман адлия бўлими.

 

   Савол; Мен ҳеч қаерда ишламайман. Шунда мен ишсиз шахс хисобланаманми ?

Жавоб;

Йўқ, Сиз амалда ишсизсиз лекин хужжатда эмас.

Меҳнат кодексининг 60-моддасига кўра, ишсизлар- ўн олти ёшдан то пенсия билан таъминланиш ҳуқуқини олишгача бўлган ёшдаги, ҳақ тўланадиган ишга ёки даромад келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, иш қидираётган ва иш таклиф этилса, унга киришишга тайёр бўлган ёхуд касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтишга ёки малакасини оширишга тайёр ва меҳнатга лаёқатли бўлган хамда ишга жойлашишда кўмак олиш учун маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилган ва улар томонидан иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган шахслар ишсиз деб эътироф этилади.

Юқоридаги нормани содда тилга таржима қилсак, Сиз расман ишсиз бўлишингиз учун;

1) Расман ишламаётган бўлишингиз керак;

2) Меҳнатга лаёқатли бўлишингиз керак. 

3) Иш сўраб меҳнат органларига мурожаат қилиб, улар томонидан ишсизлар рўйхатига киритилган бўлишингиз керак;

4) Иш бўлса ишлайман деб стартда турган бўлишингиз керак; 

Учқудуқ туман адлия бўлими.


 

25 Apr 2023

   Савол; Қайси ҳолатлар никоҳ тузишга тўсқинлик қилади ?

    Жавоб; Оила кодексининг 16-моддасига кўра, қуйидаги ҳолларда никоҳ тузишга йўл қўйилмайди:

-никоҳланувчилардан биттаси бошқа никоҳда турган бўлса; (Яъни бошқаси билан қонуний никоҳи узилмаган бўлса)

-никоҳланувчилар насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар бўлса, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида никоҳ тузилаётган бўлса шунингдек, фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида никоҳ тузилаётган бўлса;

-никоҳланувчилардан бири руҳий касаллик сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса.

Учқудуқ туман адлия бўлими.

 

   Савол; Мен ҳеч қаерда ишламайман. Шунда мен ишсиз шахс хисобланаманми ?

Жавоб;

Йўқ, Сиз амалда ишсизсиз лекин хужжатда эмас.

Меҳнат кодексининг 60-моддасига кўра, ишсизлар- ўн олти ёшдан то пенсия билан таъминланиш ҳуқуқини олишгача бўлган ёшдаги, ҳақ тўланадиган ишга ёки даромад келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, иш қидираётган ва иш таклиф этилса, унга киришишга тайёр бўлган ёхуд касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтишга ёки малакасини оширишга тайёр ва меҳнатга лаёқатли бўлган хамда ишга жойлашишда кўмак олиш учун маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилган ва улар томонидан иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган шахслар ишсиз деб эътироф этилади.

Юқоридаги нормани содда тилга таржима қилсак, Сиз расман ишсиз бўлишингиз учун;

1) Расман ишламаётган бўлишингиз керак;

2) Меҳнатга лаёқатли бўлишингиз керак. 

3) Иш сўраб меҳнат органларига мурожаат қилиб, улар томонидан ишсизлар рўйхатига киритилган бўлишингиз керак;

4) Иш бўлса ишлайман деб стартда турган бўлишингиз керак; 

Учқудуқ туман адлия бўлими.


 

25 Apr 2023

 

   Эслатиб ўтамиз, янги МК 2023 йил 30 апрелдан кучга киради.   Касаба уюшмаси ходимни бўшатишга розилик бериш ҳақида иш берувчига хабар бермаса...

   Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 164-моддасида амалдаги (бир ойдан кейин эскирадиган) Кодекснинг 101-моддасидаги умумий қоида сақланиб қолмоқда, яъни:

-агар жамоа келишувида ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитасининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, меҳнат шартномасини бундай розиликсиз бекор қилишга йўл қўйилмайди.

  Агар корхонанинг жамоа келишувида ёки жамоа шартномасида иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатишда касаба уюшмаси қўмитаси розилиги назарда тутилган бўлса, албатта бундай розилик олиш шарт. Акс ҳолда, иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатиш амалиёти ноқонуний бўлиб қолади.

   Лекин, баъзан, иш берувчи ходимни ишдан бўшатиш масаласида розилик олиш учун касаба уюшмаси қўмитасига тақдимнома чиқарса, касаба уюшмаси қўмитаси тақдимномани кўриб чиқиш натижаси бўйича ҳеч қандай ҳабар бермайди. Амалдаги ва эскираётган МКда бу масалага ҳеч қандай изоҳ ёки аниқ жавоб берилмаган.

   Янги таҳрирдаги МКнинг 164-моддаси эса ана шу саволга аниқ жавоб бермоқда, мана бундай деб:

-касаба уюшмаси қўмитаси ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилиги масаласи бўйича қабул қилинган қарор ҳақида меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахснинг ёзма тақдимномаси олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда иш берувчига хабар қилиши керак;

-агар кўрсатилган муддат тугаганидан кейин касаба уюшмаси қўмитаси қабул қилинган қарор ҳақида хабар қилмаса, иш берувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасини ушбу Кодексда белгиланган тартибда касаба уюшмаси қўмитасининг розилигисиз бекор қилишга ҳақли.

  Яъни, агар касаба уюшмаси қўмитаси иш берувчининг тақдимномасини қабул қилган бўлса, бироқ юқоридаги 10 кунлик муддат тугаганидан кейин ҳам якун юзасидан иш берувчига ҳеч қандай хабар бермаса, иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси розилигисиз ходимни бўшатиши мумкин бўлади.

Учқудуқ туман адлия бўлими.

   Диққат! 30 апрелдан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома амалиёти чекланади.

   Айни пайтда жуда кўплаб иш берувчиларни ўйлантираётган нарса фуқаролик-ҳуқуқий шартнома (кейинги ўринларда қисқартириб “ФҲШ” деймиз) масаласидир.

  Амалдаги МКдан фарқли равишда янги МКда ФҲШлар борасида бир қатор қоидалар, шу билан бирга чекловлар кўзда тутилмоқда.

   Биринчи қоида. Янги МКнинг 11-моддаси 3-қисми, “ходим билан иш берувчи ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ҳақиқатда тартибга соладиган фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар тузиш тақиқланади”.

   Айни мана шу қоида ФҲШ амалиётида ўзига ҳос кульминация бўляпти. Эътибор беринг, бу ерда қисқача “якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар бўйича ФҲШ тузилмайди” деган маъно бор. Масала шундаки, янги МК кучга кирадиган 2023 йил 30 апрелдан бошлаб иш берувчилар ФҲШ амалиётини чеклашга ва уларнинг аксарият қисмини меҳнат шартномасига ўтказишга мажбур бўладилар. 

   Кейин, юқоридаги қоидада қарама-қарши маъно ҳам борлигини айтишимиз керак. Яъни, агар корхонадаги мавжуд муносабат якка тартибдаги меҳнат муносабати ҳисобланмаса ва “якка тартибдаги меҳнат муносабати” деб номланган ҳудуднинг чегарасини кесиб ўтмаса, демак бундай муносабатлар юзасидан фуқарони ФҲШ асосида ишга ёллаш мумкин. Айни пайтда ўша чегара қаердан бошланиб, қаерда тугаши ҳақида алоҳида пост тайёрлаяпмиз.

   Иккинчи қоида. Янги МКнинг 11-моддаси 12-қисмига кўра меҳнат тўғрисидаги қонунчилик фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар асосида ишларни бажараётган (хизматлар кўрсатаётган) шахсларга нисбатан тадбиқ этилмаслиги белгиланмоқда.

   Ўзи, ФҲШ амалдаги МКда назарда тутилмаган бўлса ҳам, барибир бу амалиётга меҳнат қонунчилиги, шу жумладан, меҳнат соҳасидаги бошқа ҳужжатлар тадбиқ этилмас эди. Асосан, Фуқаролик кодекси нормалари қўлланилар эди. Яъни, масалан ФҲШ бўйича ишлаётган шахсга МКда назарда тутилган меҳнат кафолатлари (таътил, касаллик нафақаси, оналик нафақаси, меҳнат ҳақи билан боғлиқ мукофотлар, моддий ёрдам тўловлари), ёки интизомий жазо кабилар қўлланмас эди. Фарқи, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида бу масала аниқ норма сифатида белгилаб қўйилмоқда.

   Учинчи қоида. Янги МКнинг 33-моддаси 1-қисмига биноан:

-жисмоний шахс билан ушбу Кодекс 11-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган муносабатларни ҳақиқатдан тартибга солувчи фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномани тузиш ушбу муносабатларнинг суд томонидан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этилишига сабаб бўлади;

-бундай ҳолда меҳнат шартномаси фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартнома тузилган кундан эътиборан тузилган деб ҳисобланади, тарафларнинг муносабатлари эса шартномада шартлашилган ишни жисмоний шахс томонидан бажариш бошланган кундан эътиборан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этилади.

Бу нормаларнинг маъноси жуда оддий. Агар иш берувчи янги МКнинг 11-моддасидаги талабга риоя қилмай, меҳнат шартномаси ўрнига фуқарони ФҲШ асосида ишга жалб қиладиган бўлса, ўша фуқаро судга даъво киритиш ҳуқуқига эга бўлади, бундай ҳолларда фуқаролик суди вазиятни ЯККА ТАРТИБДАГИ МЕҲНАТ МУНОСАБАТИ деб эътироф этиш ҳақида фуқаронинг фойдасига қарор чиқариб беради. Натижада, ўша фуқаро билан ФҲШ тузилган вақтдан ёки ФҲШ бўйича иш бошланган кундан меҳнат шартномаси тузилган ҳисобланади.

   Бундай ҳолларда ФҲШ бўйича ишлаб келган шахсларга ўша даврдан (яъни меҳнат шартномаси тузилган деб ҳисобланган кундан) бошлаб барча меҳнат кафолатлари қайтадан ҳисоб-китоб қилиб берилади (тўлаб берилади). Масалан, таътиллар, касаллик нафақалари, бошқа ходимларга берилиб, бу шахсга берилмаган мукофотлар, моддий ёрдамлар ва ҳоказолар назарда тутилмоқда.

   Иш берувчиларга тавсия. ФҲШ амалиётидан кенг фойдаланиб келган иш берувчилар 30 апрелдан жиддий ўзгаришлар юз беришини тушунишлари керак. 

   ФҲШ амалиётининг маълум бир қисмидан воз кечишга, бундай шартномалар асосида ишлаётган шахсларни меҳнат шартномасига ўтказишга тўғри келади.

Янги МК ФҲШ амалиётини батамом бекор қилинглар демаяпти, фақат ўртадаги чегарани ажратиб олиш энг муҳими ҳисобланади.

Учқудуқ туман адлия бўлими.

 

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: