Hokimiyat matbuot xizmati
«Ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқотилса, гувоҳноманинг дубликати қайта имтиҳон топшириб олинадими?» деган савол сўнгги кунларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда
Ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқотиб қўйилса, гувоҳномани тиклаш учун қайта имтиҳон топшириш талаби мантиқсиз туюлса ҳам, қонунчиликда аслида шундай талаб мавжудлигига гувоҳ бўлиш мумкин.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарорида йўқолган миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг дубликати назарий ва амалий имтиҳонлар топширилганидан сўнг берилиши назарда тутилган.
Шунингдек, қарорга кўра, ўғирланган, ёнғин, табиий офат оқибатида ва бошқа шу каби сабабларга кўра йўқолган ҳамда дахлдор ваколатли идораларнинг ҳужжатлари билан тасдиқланган ҳолатларда қайта имтиҳон топшириш талаб этилмайди.
Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, ҳайдовчилик гувоҳномасининг узрли сабабларсиз йўқотилиши ҳайдовчилик гувоҳномасини олишдаги назарий ва амалий имтиҳонларни қайтадан топширишга сабаб бўлади.
Қизиғи, ушбу қоида 2018 йилгача ҳам мавжуд бўлган. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилгача амалда бўлган 1998 йил 19 октябрдаги 445-сон қарорида ҳам «Йўқолиб қолган ҳайдовчилик гувоҳномасининг «дубликати» «Йўлларда ҳаракатланиш қоидалари» бўйича назарий имтиҳон топширгандан сўнг берилиши, табиий офатлар: ёнғин, сув тошқини ва шу каби бошқа сабабларга кўра йўқолган ҳамда тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳоллар бундан мустасно эканлиги» белгиланган.
Бундай мантиқсиз талаб қонунчиликка қандай мақсадни кўзлаб киритилгани бизга қоронғи. Аммо бундай қоиданинг сақланиб қолиши коррупция учун йўл очиши тайин. Яъни ҳайдовчилик гувоҳномасини йўқотиб қўйган ҳайдовчи имтиҳонни қайта топширишдан қочиб, бунинг «узрли сабаб деб топилиши» учун тегишли ташкилотлар билан коррупцион муносабатларга киришишга ҳаракат қилиши мумкин. Масалан, ҳайдовчи гувоҳнома «ҳамёнга қўшилиб йўқолгани»ни тасдиқлатиш учун ички ишлар ходимига пора таклиф қилиши мумкин.
Бу эса чуқур ўйламасдан қабул қилинган қоида натижасида фуқароларни жиноят содир этишга ундайди.
Шунингдек, мазкур талаб бугунга келиб ўз аҳамиятини йўқотганини ҳам қайд этиш лозим. Яъни 2022 йил 1 мартдан бошлаб ёнида биометрик паспорти ёки ID-картаси билан юрган ҳайдовчидан гувоҳнома талаб қилинмаслиги, ҳайдовчилик гувоҳномасининг мавжудлиги ЙҲХХ ходимининг планшети орқали базадан текширилиши белгиланди. Кечадан кучга кирган ушбу қоида йўқолган ҳайдовчилик гувоҳномасининг дубликатини олишга эҳтиёж қолдирмайди ва эндиликда ҳайдовчилар ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжати билан ҳам автомобил бошқариши мумкин.
Ушбу ҳолат ҳам имтиҳонларни қайта топшириш талабини қонунчиликдан чиқариб ташлашга асос бўлиши керак.
Аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, кўмакка муҳтож фуқароларга ва ёлғиз кексаларга пул ёрдами кўрсатиш кўламини кенгайтириш ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича бериладиган имтиёзлар ўрнига ойликкомпенсация пул тўловлари жорий этилганди.
Жорий йил 28 январдаги Президент Фармонига кўра, 1 мартдан эътиборан ушбу имтиёзли тоифадаги шахслар сони яна ортди. Компенсация тўлови, уни олиш ҳуқуқига эга бўлган барча имтиёзли тоифадаги шахсларга, ушбу шахсларнинг пенсия (ижтимоий нафақа) олиши ёки олмаслиги ҳамда меҳнат фаолиятини олиб бориши ёки олиб бормаслигидан қатъи назар тўлаб борилади. Ижтимоий нафақа олувчи ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз шахсларга компенсация тўлови жорий этилди.
Бунда, ижтимоий нафақа олувчи ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз шахслар учун ҳар ойлик компенсация тўлови — пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 45 фоизи миқдорида тўланади.
Шунингдек ушбу фармон билан ёши 100 га тўлган ва ундан ошган ижтимоий нафақа олувчи шахслар учун ҳар ойда — пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 100 фоизи миқдорида қўшимча тўлов белгиланди. Яъни, 100 ёшга тўлган ва ундан ошган фуқаролар нафақасига ҳар ойда тўланадиган қўшимча тўлов пенсия ва нафақа тайинланган ташкилот орқали республика бюджети ва бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Маълумот учун, имтиёзли шахслар тоифасига қуйидагилар киради:
*1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар.
*Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсия ва нафақа олувчилар;
*Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари, Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари ва «Слава» орденининг учала даражаси билан мукофотланган шахслар;
*Фашист концлагерларининг собиқ вояга етмаган маҳбуслари;
*Ленинград шаҳри қамали даврида ишлаган фуқаролар;
* Кўриш қобилияти бўйича I - гуруҳ ногиронлари;
*Чернобил ҳалокати оқибатида жабрланган фуқаролар;
*Ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар.
*1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти қатнашчилари.
Отабек ХОЛМУРОДОВ,
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Учқудуқ туман бўлими бошлиғи.
“Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ташкил этилди.
Қарорга кўра, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари лавозимларига номзодлар очиқ танловлар асосида ишга қабул қилинади. Бу лавозимга оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тажрибасига эга, шахсий фазилатлари билан намуна кўрсатган, фидойи ва садоқатли номзодлар тайинланади.
2022 йил 1 майдан маҳалладаги хотин-қизлар фаолининг ойлик иш ҳақи миқдори у бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда қуйидагича белгиланади:
• хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3,5 баравари (2 млн 877 минг сўм) миқдорида;
• хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4 баравари (3 млн 288 минг сўм) миқдорида;
• хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4,5 баравари (3 млн 699 минг сўм) миқдорида.
2022 йил 1 августгача маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари “Аёллар дафтари”ни юритиш, масофадан туриб ҳисоботлар тақдим этиш ҳамда видеоконференцалоқа шаклида йиғилишларда иштирок этиш имконини берувчи планшетлар билан таъминланади.
Бош прокуратура тузилмасида Хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳаларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ташкил этилди.
Аҳрорбек (исми-шарифи ўзгартирилган) туппа-тузук давлат ишида ишлаб юрганди. Гиёҳвандликка ружу қўйгани боис, ишидан ҳам ажралди.
Отаси аввалига наркология диспансерида даволатди. Тузалгандай туюлган, наша, кўкноридан бутунлай воз кечганига ишонтирган йигит савдо-сотиқ билан шуғуллана бошлади.
Аммо “тарки одат амри маҳол” деганларидек, яқинларига билинтирмай гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиб юргани туфайли савдоси касодга учради. Оиласидаги можаролар туфайли аёли ўғлини олиб ота уйига кетиб қолди...
Таъкидлаш лозимки, тобеликни келтириб чиқариб, кишини эс-ҳушидан айирадиган, умрига зомин бўладиган наша, кўкнори каби ўсимликларни етиштириш, гиёҳванд моддаларни сақлаш, ўтказиш ва истеъмол қилиш жиноятларининг олдини олиш, фош этиш, жазонинг муқаррарлигини таъминлаш тадбирлари ўтказилмоқда.
“Ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш” ойлиги доирасида ўтказилган рейд ва тадбирлар давомида ана шундай ҳолатлар аниқланаётганлиги ачинарли албатта.
Жумладан, туман марказидаги бильярдхонада ўтказилган рейд давомида холислар иштирокида туман ИИБ ходимлари Аҳрорбекнинг чўнтагидан гугурт қутисига жойлаштирилган наша топишган.
Аҳрорбек: “Ўзим учун уйда гултувакда ёввойи нашар ўсимлигини етиштириб, баргларини қуритиб, майдалаб гугурт қутисига солиб олгандим”, дея изоҳ беради.
Суд мажлисида Аҳрорбек айбига тўлиқ иқрор бўлди. Нашани ўзи истеъмол қилиш учун олиб юргани, сотиш нияти бўлмагани, қилмишидан астойдил пушаймонлигини айтиб, енгиллик беришни сўради.
Наркологик экспертиза хулосасига кўра, судланувчи гиёҳвандлик хасталигига чалинган бўлиб, мажбурий тартибда даволанишга муҳтожлиги сабаб яна наркология диспансерида даволаниш учун жўнатилди. Шу тариқа Аҳрорбек аввалига даволанади, сўнгра озодликдан чеклаш жазосини ўтайди.
Маълумот ўрнида жиноят кодексида гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш (сотиш) учун оғирроқ – озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши белгиланган.
Ҳа, оғуни тотиш ҳам, сотиш ҳам ўз ҳаётига қасд қилиш билан баробардир.
Ж.Халиков,
вилоят прокуратураси бўлим прокурори,
О.Мирзаев,
туман прокурори ўринбосари.
Учқудуқ туманидаги 1-сонли мактаб кўп йиллик тарихга эга бўлиб, туманда илк ташкил этилган мактаблар бири ҳисобланади. Таълим даргоҳининг кўп йиллик фаолияти давомида қанча ўқувчиларни ўз қучоғидан учирма қилган. Мактаб битирувчиларидан Олий Мажлис депутатлари, фан арбоблари, академиклар, нуфузли давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари етишиб чиқишган.
Бугунги кунда ҳам мактаб жамоасининг аҳилли, иноқлигини, ишчан муҳитни ҳамма эътироф этади.
Мактаб биноси 2018 йилда Обод қишлоқ давлат дастури асосида мукаммал таъмирланиб, давлатимизнинг ғамхўрлиги натижасида Қулқудуқ овули ёшларининг сифатли таълим олишлари учун етарлича шарт-шароитлар яратилган. Айниқса мактаб ёнида барпо этилган сунъий чимли футбол майдони овулликларга ҳақиқий туҳфа бўлди.
Бугун мактабда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 3 февралдаги “Халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ф-22-сон фармойишига асосан илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш мақсадида ўқув-амалий семинар ўтказилди.
Семинарда иштирок этганлар мактабда мавжуд илғор иш тажрибалари, ўқувчиларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари учун яратилган шарт-шароитлар билан танишишди. Шунингдек, мактаб ўқитувчилари томонидан маҳорат дарслари ўтилиб, ўзаро метод алмашинилди.
Семинар сўнгида мактабнинг истеъдодли ўқувчилари томонидан тайёрланган “5 та муҳим ташаббус амалда” номли маънавий-маърифий тадбири намойиш этилди.
Аёл киши учун оналикдан ортиқ бахт йўқ!. Яхши ният билан турмушга чиққан ҳар бир қизнинг пинҳона орзуси бу боласига алла айтиш бўлади. Азизанинг ҳам келин бўлиб келган хонадонидаги илк тилаги ана шундай эди. Аммо, ҳаёт дарёсининг оқимларида оқсангда у сени қайсидир қирғоғида иложсиз қолдириб кетавераркан.
Азиза Ҳошимова ўзи туғилган Учқудуқ шаҳрида вояга етди, яхши ўқиди, НКМК сингари кўплар ишлашни орзу қиладиган улкан корхонага ишга жойлашди. Бу орада севиб-севилиб Самариддинга турмушга чиқди. Аммо тақдир шундай чиройли оилани фарзанд деган неъмат билан синади. Шифокорлар даволанишлар самарасининг давоси фақат чет элда эканлиги маълум қилишди. Бу эса катта маблағни талаб этар, бироқ бу хабар оила учун энг яхши хушхабар, умид учқуни эди.
ШКБ га қарашли иссиқлик сув таъминоти цехи аппаратчиси Азиза Ҳошимова НКМКнинг бош директори Қ. Санақуловнинг 2021 йил 13 февралдаги фуқароларнинг шахсий масалалар бўйича қабулида бўлиб, даволаниш учун фоизсиз ссуда олиш масаласида мурожаат қилди. Ана шу мурожаатдан кейин Азиза ва унинг турмуш ўртоғи Геотехнология кони ишчиси Самариддин ҳаётида кутилмаган воқеалар содир бўлди. Раҳбарнинг топшириғи билан оналик, оталик бахтидан бенасиб бўлиб келаётган ходимларга моддий ёрдам кўрсатилиши ҳақида қарор қабул қилинди.
Улар учун Санкт –Петербургнинг “Репродуктив саломатлик халқаро маркази” билан шартнома тузилди. Эр-хотин комбинат ҳисобидан бу ерда даволанишди.
Ҳамма нарсадан инсон қадри улуғланган юртнинг қизи бўлган Азизанинг бугун орзуси ушалди. 9 йиллик интизор кутилган фарзанд Муҳаммаджон 2021 йилнинг 17 декабрида дунёга келди.
- Ёши улуғлар дуо қилганда ҳамиша: "Фарзандларинг бахтини, роҳатини кўргин" дейишади. Зотан, ана шу ҳикматона сўз маъносини, яъни фарзанд бахти, роҳати қандай азиз ва тотли туйғу эканлигини бугун янада теранроқ англадим. Қалбимга бениҳоя қувонч ҳадя этган бу туйғу оналик бахти эканлигини ҳис этдим, - дейди Азиза кичкинтойини бағрига босиб. Турмуш ўртоғим билан даволанган Россия давлати шифохонасида кўплаб мамлакатлардан биз каби тирноққа зор инсонлар даволанишарди. Аслида фарзандли бўлиш учун одам бор бойлигини ҳадя этишга тайёр бўлади. Бироқ, қиммат даволаш муолажааларини олаётганимизда улар бизга ҳавас қилишганига кўп марталаб гувоҳ бўлдим. Наҳотки, Ўзбекистон оддий ишчисининг ҳамма харажатларини ўзи тўлашни бўйнига олган, дея ҳаттоки шифокорларнинг ўзлари ҳам ҳайрат билан сўрашарди. Шунда менинг руҳиятимда бир тетиклик бўларди. Мен албатта она бўламан!
Бугун Ўзбекистонда янги давр бошланди. Бу баландпарвоз гаплар эмас. Бугунги кунда давлатимиз инсон учун, халқ учун очилди. Президентимизнинг раҳбарлар фақат давлатга эмас, аввало, инсон ва оилага, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши керак, деган чақириқлари бир оиланинг бахтли кунига сабабчи бўлди. Аслида НКМКдай қудратли корхонанинг энг катта бойлиги – ишчи ходимларидир.
Кончилар оиласидаги бир олам қувонч билан дунёга келган чақалоқнинг ҳар бир куни НКМК масъулларининг диққат эътиборида бўлди. Бугун эса бир оилани парокандаликдан, умидсизликдан асраб қолган “НКМК” АЖ раҳбарияти ва касаба уюшмаси вакиллари чилласидан чиққан Муҳаммаджонни совға-саломлар билан кўргани келишди.
ШКБ ахборот хизмати.
Серқуёш ўлкамизга олам-олам қувонч-у шодликларга ва ширин ҳис туйғуларга бой баҳор фасли кириб келди!
Бу янгиланиш фасли юртимизга шунчаки ташриф буюрмайди. Ўзбек халқининг таниқли ва иқтидорли шоираси Зулфияхоним таваллуди билан қадам ранжида қилади.
Учқудуқ туманидаги 20-сонли умумий ўрта таьлим мактабида баҳорнинг биринчи куни Зулфияхоним таваллудининг 107-йиллиги билан қарши олинди. "Баҳор келди сени сўроқлаб..." деб номланган тадбирда 20-мактабнинг "Зулфияхоним издошлари" тўгарагининг энг фаол қизлари иштирок этди. Истеьдодли қизлар шеьр шаклидаги нафосат маликаси - Зулфияхоним шеьрларидан, унинг ҳаёти ва ижодига оид маьлумотлар билан даврага кўтаринки рўҳ бағишлаган бўлса, куй ва қўшиқлар, баҳорий рақслар кетма-кетлиги даврага янада файз киритди. Тадбир иштирокчилари ва меҳмонлар томонидан Зулфияхоним каби ўзбек қизлари юксак ҳурмат ва эҳтиромга муносиб эканлиги тарғиб қилинди.
20-мактабнинг она-тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Аннақулова Х.
Ҳурматли Президентимиз томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил “Яшил йиллик” умуммиллий тадбир йили деб эълон қилинди.
Ўз навбатида, баҳорнинг илк кунида туманимизнинг ҳар бир фуқаросини ён-атрофни хушманзара бўлишига ҳисса қўшишини хоҳлаймиз.
Шу кунларда Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги Дауғизтау кони ўзининг навқирон 20 ёшини нишонламоқда. Сана муносабати билан ўтказилган тадбир аввалида “Яшил йиллик” умуммиллий ҳаракат доирасида фахрийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида кўчат экиш ишлари олиб борилди.
Ватан боғини обод ва файзли бўлишига муносиб ҳисса қўшиб, кўчат экишда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ нуронийлар қадаган ниҳоллар эрта бир кун азим дарахтга айланишига шубҳа йўқ!
Фарруҳ АБДИМЎМИНОВ,
ШКБ ёшлар етакчиси.
Мамлакатимиз саноатининг фахри, байроқдори бўлган Навоий кон-металлургия комбинати Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги “Дағизтау” кони ташкил этилганлигига 20 йил тўлди.
Бугун ўзининг навқирон 20 ёшини нишонлаётган меҳнат жамоаси, соҳа фидоийлари ҳамда корхонада узоқ йиллар ишлаб, ҳозирда кексалик гаштини сураётган нуронийлар иштирокида тадбир ўтказилди.
Шунингдек тадбирда Навоий кон-металлургия комбинати АЖ бош директори Қ.Санақулов, Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев, Шимолий кон бошқармаси директори Н.Ахатов ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, “Дауғизтау” кони мустақил Ўзбекистон тарихида иш бошлаган дастлабки конлардан бири бўлиб, 3 - сонли гидрометаллургия заводининг хомашё базаси ҳисобланади. Албатта, 20 йил тарих учун қисқа давр бўлиши мумкин. Аммо, ана шу муддатда “Дауғизтау” конининг узунлиги қарийб 3 минг метрга етказилди. Бу эса ҳали унинг ён - бағирларида очилмаган мўъжизалар кўплигини англатади. Шу боис бу ерда кон умрини узайтириш мақсадида геологик қидирув ишлари олиб борилмоқда.
Бундан 20 йил муқаддам “Дауғизтау”да бошланган бунёдкорлик ишларини кенгайтириш, янада юқори босқичга кўтариш, мустақил юртимиз иқтисодий қудратини юксалтиришни кўзлаб, конда руда қазиб олиш режа-топшириқларини ортиғи билан адо этиш – бугунги жамоа зиммасидадир!
“Дауғизтау” кони – 20 ёшда мавзусида ўтказилган маърифий тадбирда корхона ишчи-ходимларининг бир гуруҳи 1,2,3 даражали “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони, фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалар билан мукофотландилар.
-Бугунги кунда 3 - сонли гидрометаллургия заводига олтинга бой маъданларни етказиб бераётган конда 500 нафарга яқин ишчи-ходим фаолият юритаяпти. Айни вақтда “Дауғизтау” кони 270 метрдан зиёд чуқурликка эга бўлиб, ундан фойдаланиш вақтидан бошлаб, 217 миллион куб метрга яқин тоғ жинслари 3 - сонли гидрометаллургия заводига хомашё сифатида етказиб берилган. 2021 йилда эса кон ташкил топгандан буён қазиб чиқариш бўйича рекорд натижа қайд этилди. “Дауғизтау” ва “Мағрибкон” карьерларидан 33 миллион куб метрдан ортиқ кон массаси қазиб олинди, - дейди кон бошлиғи Шерзод Ҳамроев.
-“Дауғизтау” кони ташкил этилганлигининг 20 йиллиги катта тантаналар билан нишонланмоқда – дейди кон бош маркшрейдери Шахобиддин Гадоев. -Менинг камтарона меҳнатларим юксак баҳоланиб, сана муносабати билан менга 3-даражали “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони берилди. Албатта бу каби эътироф ва эътибордан кўнглимиз тоғдек юксалди. Белгиланган режа-топшириқларни ортиғи билан уддалашга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Тадбир доирасида йиғилганлар “Дауғизтау” кони кузатув майдончасида бўлиб, техникаларнинг ҳаракатланиш жараёнини онлайн кузатишди. Кон фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Ҳа, бугунги дориламон кунларга шукроналик ҳисси билан меҳнат қилаётган Ҳуррият, деб аталмиш муқаддас неъматни кўз қорачиғидек асраш, уни ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва боқийлигини таъминлашга муносиб улуш қўшаётган “Дауғизтау” кони жамоасига мустаҳкам соғлик, оилаларига тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат тилаймиз. Олган тупроғингиз зар, иродангиз мустаҳкам бўлсин, деймиз!
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Пенсия жамғармаси мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида соҳага оид маълумотлар тақдим этилди.
Қайд этилишича, жорий йил 1 апрелдан ногирон бўлиб қолган муддатидан қатъий назар имконияти чекланган шахсларга бир хил миқдорда нафақа тайинланади. 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болаларни парвариш қилувчи она-оталарга минимал истеъмол харажатлардан кам бўлмаган миқдорда янги нафақа жорий этилади.
Шунингдек, меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ҳамда иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 440 минг сўмдан 622 минг сўмгача оширилади. Ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига ҳар ойда 500 минг сўм миқдорида нафақа тўлови (парваришлаш нафақаси) жорий этилади.
Парваришлаш нафақаси Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига мурожаат асосида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тайинланади ва тўланади.
2022 йил 1 апрелдан ўзгалар парваришига муҳтож болалар тўғрисидаги, 2022 йил 1 октябрдан ўзгалар парваришига муҳтож болаларнинг қонуний вакиллари тўғрисидаги маълумотлар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига электрон тақдим этиб борилади ҳамда октябрдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар ва одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка чалинган 18 ёшгача болаларга тўланадиган нафақалар ҳамда парваришлаш нафақаси фуқаролардан қўшимча ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда “проактив шакл”да тайинланади.
Ҳозирга қадар 5 турдаги имтиёзли тоифага эга салкам 70 минг фуқарога уй-жой коммунал хизматлари харажатларини қисман қоплаш учун компенсация пуллари тўлаб келинган. Жорий йил 1 мартдан эътиборан яна 30 минг нафар ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз нафақа олувчига ҳам 130 минг сўм миқдорида компенсация тўлови жорий қилинади. Шунингдек, 100 ёшга тўлган ва ундан ошган пенсионерларга ҳар ой 289 минг сўм миқдорида қўшимча тўлов амалга оширилади.
2022 йил учун давлат бюджети лойиҳасига кўра, иш ҳақи, пенсия, стипендия, нафақалар миқдорларини ва айрим хизмат турлари бўйича тарифларни ошириш билан боғлиқ харажатларга 11,7 триллион сўм йўналтирилиши режалаштирилган.
– Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчасидан мақсад битта – аҳолини турмуш даражасини яхшилаш, – дейди Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори Абдулазиз Ҳайдаров. – Жумладан, сўнгги икки йилда пенсия ва нафақа миқдорларини сезиларли даражада мунтазам равишда ошириб борилди.
Жорий йилдан ишламайдиган ва пенсия олмайдиган Афғонистондаги урушда ўз байналмилал бурчларини бажарганларга уй-жой коммунал тўловлари учун компенсация тўлови жорий этилади. Ёши 100 га тўлган ва ундан ошган ижтимоий нафақа олувчи шахслар учун ҳар ойда – пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 100 фоизи миқдорида қўшимча тўлов тўлаб берилади.
2022 йил 1 июлдан бошлаб пенсияларни биргина паспорт асосида тайинлаш тизими ишга туширилади. Эндиликда жорий йил 1 октябрдан бошлаб болаликдан ногиронлиги бўлган болаларга нафақаларни ариза талаб этилмаган ҳолда "проактив" тарзда тайинлаш хизмати амалиёти йўлга қўйилади.
Шунингдек, парваришга муҳтож ёлғиз пенсионерлар ва 100 ёшдан ошган фуқароларга компенсация тўлови учун бюджетдан 36,4 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган