Hokimiyat matbuot xizmati
Ўзбекистон «Яшил» ўсиш индексида Осиё давлатлари ичида 33-ўринда. «Яшил» иқтисодиёт ўзи нима дегани?
«Яшил» иқтисодиёт деганда экологик хавф-хатарларни камайтириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва атроф-муҳитга зарар етказмасдан барқарор ривожланишга қаратилган иқтисодиёт тушунилади. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги «Яшил» иқтисодиётнинг глобал кўрсаткичларини таҳлил қилди.
Инсоният келгуси ўн йилликда иқлим ўзгариши, табиий ресурслар тақчиллиги, биохилма-хилликнинг йўқолиб кетиши, ижтимоий тенгсизликнинг ошиб кетиши каби жуда долзарб муаммоларга дуч келишни бошлади.
Ушбу тизимли глобал инқирозларнинг барчаси ўзаро боғлиқлиги уларни алоҳида-алоҳида ҳал этиб бўлмаслиги, шунингдек, анъанавий иқтисодий ёндашув ушбу муаммоларнинг ечимига қаратилган ҳам экологик, ҳам ижтимоий мақсадларнинг мувозанатини таъминлай олмаслиги таъкидланади.
Анъанавий иқтисодий ёндашув ортиқча истеъмол қўллаб-қувватланиши, ижтимоий қамров сустлашиши ҳамда табиий ресурсларнинг кескин камайишига олиб келса, «яшил» иқтисодий ёндашув буларни барчасини рад этиб, ижтимоий фаровонликни ҳамда экологик барқарорлик мувозанатини таъминлаш учун хизмат қилади.
Охирги ўн йилликда деярли барча мамлакатларда табиий ресурслардан фойдаланишнинг ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсирни оширмасдан иқтисодий фаровонликни таъминлашга қаратилган шундай «яшил» иқтисодиётга урғу бериш тенденцияси кузатилмоқда.
«Яшил» иқтисодиёт концепцияси кўпгина мамлакатлар учун стратегик устувор вазифа сифатида юзага чиқмоқда. «Яшил» иқтисодиёт қайта тикланувчи энергия, яшил бино-иншоотлар, барқарор транспорт, сув ва ер ресурслари ҳамда қаттиқ маиший чиқинди бошқаруви каби секторлардан иборатдир.
Халқаро ташкилотлар томонидан дунёда ва алоҳида мамлакатларда «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш ва «яшил» ўсишга ўтиш ҳолатини баҳолаш имконини берувчи турли кўрсаткичлар тўпламлари ишлаб чиқилган бўлиб, амалиётда қўлланиб келинмоқда.
Хусусан, бугунги кунда дунё бўйича «яшил» иқтисодиёт самарадорлигини баҳолайдиган Глобал «яшил» иқтисодиёт индекси (Global Green Economy Index – GGEI) ҳамда «Яшил» ўсиш индекси (Green Growth Index – GGI) каби халқаро рейтинг кўрсаткичлари кенг қўлланилмоқда.
GGEI рейтинг кўрсаткичи 2010 йилдан бошлаб эълон қилина бошланган бўлса, охирги марта 2018 йилда жами 130 та мамлакатлар бўйича баҳолаш натижалари тақдим қилинган.
Мазкур индексда бошқарув ва иқлим ўзгариши (leadership & climate change); самарадорлик секторлари (efficiency sectors); бозор ва инвестициялар (market & investment); атроф-муҳит (environment) каби 4 та ўлчов категориялари бўйича баҳоланади.
Кейинги кенг қўлланилиб келинаётган кўрсаткич «Яшил» ўсиш индекси (GGI) ҳисобланади. Ушбу индекс барқарор ривожланиш мақсадлари (Sustainable Development Goals), Париж иқлим битими мажбуриятлари, Аичи биохилма-хиллик мақсадлари (Aichi Biodiversity Targets), шунингдек, ресурслардан самарали ва барқарор фойдаланиш, табиат мулкларини ҳимоялаш, «яшил» иқтисодий имкониятлар, ижтимоий қамров каби «яшил» ўсиш йўналишлари бўйича мамлакатлардаги ҳолатни баҳолайди.
«Яшил» ўсиш индекси 4 та мақсадли йўналиш, 16 та категориялар ҳамда 36 та индикаторлардан иборат бўлиб, доимий тарзда ҳамда барча давлатларни қамраган ҳолда юритиб келинади.
«Яшил» ўсиш индексига кўра, Швеция, Дания, Чехия ва Германия каби мамлакатлар энг юқори «яшил» ўсиш кўрсаткичларига эга. Энг қуйида эса Зимбабве, Жазоир, Нигерия ва Нигер каби Африка мамлакатлари ўрин эгаллаган. МДҲ давлатлари ичида Грузия, Марказий Осиё минтақасида Қирғизистон мазкур рейтинг бўйича юқори ўриндаги кўрсаткичларни қайд этган.
Ўзбекистон Осиё давлатлари ичида 33-ўринда қайд этилган. Мамлакатнинг мазкур индексда «Ижтимоий қамров» (Social inclusion) ҳамда «Табиий капитал ҳимояси» (Natural capital protection) кўрсаткичлари нисбатан яхшироқ бўлса, «Ресурслардан самарали ва барқарор фойдаланиш» (Efficient and sustainable resource use), «Яшил» иқтисодий имкониятлар (Green economic opportunities) йўналишдаги кўрсаткичларни янада яхшилаш имконияти мавжуд.
Президентнинг 2019 йил 4 октябрдаги қарори билан 2019–2030 йилларда Ўзбекистоннинг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси тасдиқланган. Ўзбекистонда «яшил» иқтисодиётни илгари суриш ва жорий этиш бўйича ваколатли орган сифатида эса Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги белгиланган.
Ушбу стратегияда юқорида кўрсатилган «яшил» ўсиш индекси бўйича мамлакатимизнинг паст кўрсаткичларини яхшилашга қаратилган қуйидаги устувор йўналишлардаги ишларни амалга ошириш белгиланган:
иқтисодиётнинг базавий тармоқлари энергия самарадорлигини ошириш;
энергия ресурслари истеъмолини диверсификациялаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш;
иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш ва уларни юмшатиш, табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва табиий экотизимларни асраш;
«яшил» иқтисодиётни қўллаб-қувватлашнинг молиявий ва номолиявий механизмларини ишлаб чиқиш.
Мазкур стратегия доирасида «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган амалий чора-тадбирлар натижаси ўлароқ, «Яшил» ўсиш индексидаги мамлакатнинг ўрни сезиларли яхшиланиши ҳамда глобал «яшил» экотизимни асраб-авайлашда унинг муносиб ҳисса қўшиши таъминланади.
Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ–761-сон, 29.03.2022 й.) билан Фуқаролик кодексига қўшимча киритилди.
Киритилган қўшимчага кўра, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суд томонидан шахсга нисбатан ҳар қандай қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш натижасида етказилган зарар давлат томонидан тўла ҳажмда қоплаб берилади.
Президент фармони билан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 75 нафар шахс афв этилди.
Афв этилган шахсларнинг 4 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 53 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 2 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 16 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Афв этилганларнинг 18 нафарини чет эл фуқаролари, 17 нафарини аёл, 15 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 6 нафарини ногиронлар ҳамда 9 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Аббос НУРИЛЛАЕВ,
Учқудуқ туман прокуратураси
терговчиси, 2-даражали юрист
6 ЙИЛЛИК БАҲОЛАРГА БАЛЛ БЕРИЛАДИ
2022/2023 йил ўқув йилидан мактаб битирувчиларининг шаҳодатномасидаги 11 йиллик таълимнинг сўнгги 6 йиллик баҳолари ОТМга киришдаги балга қўшилади. Баҳолар электрон платформалар орқали ҳисобланади ва ДТМнинг “ABITUR” дастурига юборилади.
Баҳоларнинг ўртача кўрсатгичи 6-11-синфлардаги ёки 6-9-синфлар ва 1-2-босқичлардаги йиллик баҳоларнинг умумий йиғиндисини ўқитилган фанларга бўлиш орқали чиқарилади.
Максимал балл 100 фоиз деб олинади ва баллар баҳо тизимига қуйидагича ўтказилади, 86–100 % учун – 5 баҳо, 71–85 % – 4 баҳо, 56–70 % – 3 баҳо ва 56 % гача – 2 баҳо.
КИМЛАР БАДАЛ ПУЛИДАН ОЗОД ЭТИЛАДИ
2022 йил 1 апрелдан бошлаб боқувчисини йўқотган хотин-қизларнинг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига тўланадиган ота-оналар бадалидан озод қилинади.
Президентнинг жорий йил 10 мартдаги «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, 3 ёшгача бўлган фарзандлари учун нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига Давлат бюджетидан субсидиялар белгиланган тартибда ажратилади.
Тўлиқ қувват билан ишламаётган давлат мактабгача таълим ташкилотларига 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болаларни пуллик хизмат кўрсатиш шаклида қабул қилишга рухсат берилади.
Шунингдек, кечки сменада хотин-қизлар ишлайдиган корхона ва ташкилотлар ўз ҳузурида мактабгача таълим ташкилотини ташкил қилганда, улардаги тарбиячиларнинг иш ҳақи Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Автомототранспорт сотиб олиш бўйича шартномаларни бошқа шахсларга сотиш олди олинади
“Автомототранспорт воситаларини сотиб олиш жараёнига ахборот тизимларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди
Қарорга кўра, 2022 йил 1 апрелдан “UzAuto Motors” АЖ томонидан автомототранспортни харид қилиш бўйича шартнома тузган шахсга автоматик равишда расмийлаштириладиган ҳисоб-маълумотни ички ишлар вазирлиги жамоат хавфсизлиги департаменти йўл ҳаракати хизматига фақат электрон шаклда тақдим этиш амалиёти жорий қилинади.
Мазкур тартиб орқали автомобиль сотиб олишда ҳаққоний харидорларга устуворлик берилади. Яъни, фуқароларнинг автомототранспорт сотиб олиш учун олган шартномаларини бошқа шахсларга сотишининг олди олинади. Шартнома кимнинг номига расмийлаштирилиб йўл ҳаракати хизмати базасига киритилган бўлса, автотранспорт ўша шахс номига расмийлаштирилади.
ГАРОВСИЗ 33 МЛН. сўмгача кредит берилади
"Аёллар дафтари" ва "Темир дафтар" га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда "Ёшлар дафтари"га киритилган янги турмуш қурган ёшларнинг якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун гаровсиз 33 млн сўмгача кредит берилади.
50 ФОИЗ КЎП СТИПЕНДИЯ БЕРИЛАДИ
Ота-оналар қаромоғидан маҳрум бўлган болаларга 50 фоиз кўпроқ стипендия берилади. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат боғчалари ва мактабларга навбатга қўйилмасдан жойлаштирилади.
Уларга техникум, коллеж, академик лицей ёки ОТМда ўқиётганда ҳар ўқув йилида 1 маротаба ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар (китоблар) харид қилиш учун БҲМнинг 5 баравари (1 млн. 350 минг сўм) миқдорида субсидия берилади.
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўқишни давлат ОТМларида давом эттирганда уларга стипендия 50 фоизга оширилган ҳолда тўланади.
СИНОВ МУДДАТИ ҚЎЛЛАНИЛМАЙДИГАН ТОИФА
Қуйидаги тоифадаги шахсларни ишга қабул қилишда дастлабки синов муддати қўлланилмайди булар ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга, корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахсларга, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчиларга ҳамда ходим билан 6 ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилган ҳолларда.
ХАРАЖАТЛАРНИНГ БИР ҚИСМИ ҚАЙТАРИБ БЕРИЛАДИ
2022 йил 1 июнгача Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун қуйидаги харажатларнинг бир қисми қайтарилади авиаташувчиларга – ички туризм йўналишларидаги авиақатновларда авиа чипта нархининг 25 фоизи, туроператор ва турагентларга – авиа ва темир йўл чипталари нархининг 15 фоизи ҳамда меҳмонхона хизматлари нархининг 10 фоизи.
Бунда, ушбу харажатларнинг бир қисмини қайтариш саёҳат амалга оширилган ҳудудлардаги жойлаштириш воситаларида камида бир кеча тунаб қолиш шарти билан тақдим этилади.
Уй-жой учун субсидия олиш тартиби ҳақида 5 саволга 5 жавоб
Субсидия кимларга берилади?
Субсидия олиш мақсадида ариза билан 18 ёшга тўлган фуқаролар мурожаат қилиши мумкин.
Субсидия даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга ижтимоий мезонлар асосида берилади.
Даромади юқори бўлмаган оила деб эса қуйидагилар эътироф этилади:
Қишлоқларда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан (2 млн 466 минг сўм) 6,9 бараваригача (5 млн 671 минг 800 сўмгача);
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида белгиланган МҲТЭКМнинг 3 бараваридан (2 млн 466 минг сўм) 8 бараваригача (6 млн 576 минг сўмгача);
Тошкент шаҳрида белгиланган МҲТЭКМнинг 3 бараваридан (2 млн 466 минг сўм) 9,2 бараваригача (7 млн 562 минг 400 сўмгача) бўлган оилалар.
Ипотека кредитининг энг кўп миқдори қанча?
2022 йил учун бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитининг энг кўп миқдори Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – 327 млн. 250 минг сўм, Тошкент шаҳрида – 416 млн 500 минг сўм.
Ипотека кредитининг фоиз ставкаси қанча ва унинг қанча миқдори қоплаб берилади?
Ипотека кредитлари бозор шартлари асосида белгиланадиган фоиз ставкаларида ажратилади.
Субсидиялар - квартира жойлашуви, қиймати ва майдонидан қатъи назар, дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун – 32 миллион сўм, кредит бўйича фоизнинг бир қисмини қоплаш учун – биринчи 5 йилда 10 фоиздан ошган қисмига тўланади.
Субсидия олиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?
Субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этиш ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (my.gov.uz) рўйхатдан ўтиш керак.
Қандай ҳужжатлар талаб қилинади?
Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами маълумотлари, оила аъзоларининг шахсий идентификация рақами маълумотлари ва никоҳ гувоҳномаси, фарзандлар туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар нусхалари (мавжуд бўлганда), никоҳ бекор қилинганлигига оид ҳужжатлар ёки оилавий ҳолати тўғрисида ФҲДЁ органлари архивидан маълумотнома. Доимий рўйхатга олинган жойидан кадастр рақами ва турига тегишли маълумотлар, доимий яшаш жойидан уй дафтарининг ёки квартиралар бўйича карточканинг (17-шакл) нусхаси.
Ариза берувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг даромади ва ушлаб қолинган даромад солиқлари тўғрисидаги маълумотнома.
Қонунчиликка оид янгиликлар Учқудуқ туман адлия бўлими томонидан тайёрланди.
Ёлғиз яшайдиган кексалар ҳар йили бир маротаба санаторийларда бепул соғломлаштирилади.
Президент қарорига мувофиқ 2022 йил 1 апрелдан кексалар учун қуйидаги бир қатор ижтимоий кафолатлар кучга киради:
а) ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳар йили бир маротаба санаторийларда бепул соғломлаштирилади;
б) шароити оғир ва кам таъминланган кексаларга шифокорларнинг рецептларига асосан 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситалари, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари олиб берилади ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатлари қопланади;
в) оғир ташхисли касалликлари ҳамда ногиронлиги бўлган кексаларга шифокорларнинг рецептларига мувофиқ, 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситаларининг 50 фоизигача бўлган суммаси компенсация қилинади;
г) кексаларнинг жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги муассасаларда (стадион, спорт заллари, бассейн ва бошқа спорт мажмуалари) жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун абонемент харажатлари қопланади;
д) давлат театрлари ва музейларига кексалар учун чипта нархлари тўлиқ қоплаб берилади.
Халқимизда “Инсоф сари барака”, “Инсоф – иймон белгиси” каби иборалар борки, улар кишиларни инсофли, диёнатли бўлишга бировнинг ҳаққидан, ноҳалол луқмадан қўрқишга ундайди. Бироқ, орамизда шундайлар ҳам борки, уларнинг инсофсизлигидан ёқа ушлайсан.
Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди томонидан қарздор фуқаро М.Н. дан “UCHQUDUQ DB” масъулияти чекланган жамият фойдасига 85 000 000 сўм миқдлорида маблағ ундириб бериш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинган.
Гап шундаки, М.Н. мазкур масъулияти чекланган жамият раҳбари бўлиб ишлаган вақтида камомадга йўл қўйганлиги боис, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 167-моддаси 2-қисми билан жиноят иш қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давомида М.Н. етказилган моддий зарарни тўлиқ қопланиши таъминланган.
Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг 16 февралдаги ҳукмига кўра, М.Н.га 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
А.НУРИЛЛАЕВ,
Учқудуқ туман прокуратураси
терговчиси, 2-даражали юрист.
Орзигул опа бу йил ҳам сумалак қўяётган экан. Мактабдан қайтаётиб синфдошим Нодирдан бу хабарни эшитдим-да, майдалаб ёғаётган ёмғирдан сумкамни бошимга соябон қилганча уйга қараб чопдим. Шу топда кўз ўнгимда бемор ётган отам намоён бўлди.
...Эндигина 56 ёшни қаршилаётган отам йиллаб давом этган оғир хасталик туфайли тўшакка михланиб қолганди. Отам сим кароватда ётган кўйи бизга ҳаёт синовларидан ҳикоятлар сўзлар, биз ака-укалар, опа-сингиллар эса ҳар бир сўзига маҳтал ўтирардик.
Оиламизда ҳеч биримизнинг кўнглимизга қувонч сиғмас, ҳеч кимнинг юзи кулмас, эрталаб ҳамма иш-ишига ўқишига кетгани билан уйдан чиқишдан олдин отамнинг ёнида дастурхон бошида нонуштамизни аранг ютардик. Суянган тоғимизнинг сўлиб бораётган юзига, нур қочган кўзларига сўзсиз тикилиб қолардик.
Ҳаммадан уйимизнинг кенжаси менга қийин эди. (Ҳарҳолда мен шундай ўйлардим). Отамнинг хасталиги туфайли бирдан улғайиб қолгандек, эдим.
-Қизим, мен яхшиман. Дарсингга боравер. Яхши ўқи, бу йил битирувчисан. Имтиҳонларга яхшилаб тайёрлан, ўқишга киришинг керак...
Отам бу гапларни айтардию, баъзан оғриқ титиб ташлаган вужудидан келаётган ғуссани яширолмай, юзига кўрпани босарди.
Эрталабки кайфиятингиз кунингизни белгилайди. Мен ҳар тонг шу тарзда уйдан чиқардим.
-Яхши ўқиб келдингми, болам?! – дерди отам дарддан чалғиш учунми, оиланинг кичиги мендан хавотир олибми.
-Ҳа... – нима десам отамни хурсанд қилишни ўйлардим, аммо тилимга бир сўз келмасди. Бироқ, орзуларга берилиб, отамга дил изҳорларимни, ниятларимни айтгим келарди. Меҳрибоним ҳам худди дилимдагини сезгандек маъюс жилмайганича яна сўрарди.
-Она қизим, мактабни тугатиб, қайси ўқишга кирасан?!
Деворга суяниб ўтирган жойимдан силжиб, отамнинг ёнига борардим ва иссиқ қўлларини ушлаб олардим.
-Мед. институтга ўқишга кираман. Сизни ўзим даволайман. Ҳовлимизда сумалак пиширамиз. Сиз онамга сумалак қайнатиш учун ўтин ёриб берасиз.
Мен гапиравераман, онам из-из йиғлайверади. Кўзларини юмиб олган отам: - Энди менинг бўларим, шу... , дейди қийналиб. –Журналист бўламан, дегандинг танлаган йўлингдан чекинма! Китоб ёзсанг, мени ҳам китобингга қўшиб ёз. Ишонаман менинг умрим сен билан узун бўлади.
Ҳа, менинг орзуларим кўп эди ...
Акам ва онам отамни вилоят марказидаги касалхонага олиб кетишди. Яна отам билан кечқурун қайтиб келишди.
-Ака отам касалхонада қолмади-ми, - сўрайман онамнинг киртайган кўзларига қараб.
Акам саволимга жавоб беришнинг ўрнига отамни суяб жойига ётқизди-да, ўша кароватга ҳолсиз суяниб ўтирди. Ҳаммамиз акамнинг оғзига тикилдик, у киши лом-мим демай кўзларини бир нуқтага тикканча жим ўтирарди. Гўё, тилдан қолгандек эди. Бу сукунатни охири, онам бузди.
-Болажонларим хавотир олманглар, уйда даволансалар ҳам бўларкан. Дўхтир шундай деди.
Ана шунда акам бошларини кўтариб, онамга тикилиб қаради-да, сўнг ташқарига чиқиб кетди.
Ўша кундан кейин акам бутунлай ўзгарди. Ишига ҳам номигагина бориб-келар, туну кун отамнинг ёнидан жилмасди. Лекин биз укалар ва онам отамнинг ёнига йиғилишимиз билан ташқарига чиқиб кетардилар. Худди уйга киришга юраги дов бермаётгандек, ҳовлида айланиб юрарди. Бундай пайтда отам мени ёнига чақириб бағрига босарди.
-Болам, илоҳим бошларинг тошдан бўлсин... Шу йилги сумалакка етсайдим, армоним йўқ эди.
...Бугун қўшнимиз Орзигул опанинг қозонга сумалак солаётганини эшитибоқ, югуриб келганимнинг боиси ҳам шу эди. Сумкамни даҳлизга қўйганча отамнинг ёнига отилиб кирдим.
-Отажон, акажон! – дедим ҳовлиққанча Орзигул опа яна сумалак солаётган экан. Пишиб тайёр бўлиши билан биринчи бўлиб отажон сизга илинаман, дея ният қилганман. Ниятим амалга ошадиган бўлди.
Акам сўзларимни эшитгач, негадир кўзларини олиб қочди. Юзини қўллари билан яширди. Мен энди жавдираган-ча, онамга қарадим. Во, ажаб! Онамнинг кўзлари жиққа ёш эди.
... Эрта тонгданоқ, биринчилардан бўлиб сумалак олишга боргандим. Орзигул опанинг сумалаги пишган тонг маҳал акамнинг йиғиси қишлоқ осмонини ларзага келтирди. Мен эса қўлимдаги косани ўчоқ бошига улоқтирганча уйга қараб чопдим.
Райҳон ҚОДИРОВА, журналист.
Табиат уйғониб, жонажон диёримизга барчамиз орзиқиб, соғиниб кутган Наврўзи олам ўзининг қутлуғ ва серёғин қадамлари билан ташриф буюрди.
Минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрку зийнати бўлиб келаётган бу ажойиб, хосиятли байрам бугун қалбларимизга яна чексиз қувонч ва завқ улашмоқда.
Туманимизнинг жонкуяр, фидойи, меҳнатсевар фуқаролари Наврўз айёмини кўтаринки кайфият меҳнатда эса катта ютуқлар билан қаршиламоқдалар.
Жумладан, Учқудуқ туманидаги “Шалхар” овули ҳам бу йилги янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўзни ўзгача шоду-хуррамлик билан кутиб олишди. Овулдаги Учқудуқ туман мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 6-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида “Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” мавзусида маданий тадбир ўтказилди.
Муассасадаги мусиқа зали ўзига хос байрамона ва баҳорий тарзда безатилди. Байрам тадбирида кенг жамоатчилик вакиллари, фахрийлар ҳамда боғча жамоаси иштирок этди.
Баҳорий таомлар, миллий ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари, жажжи болажонларнинг чиқишлари байрам тантанасига ўзгача файз киритди.
– Тобора юксалиб, обод бўлиб бораётган юртимизга фақат байрамлар ярашади, – дейди “Шалхар” ОФЙ раиси Кенес Нарчаев.– Бугунги байрам тадбирига овулимиз нуронийлари ва фахрийлари билан биргаликда ташриф буюрдик. Таълим муассасаси жамоасининг театрлаштирилган чиқишлари, тарбияланувчи болажонлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқларни тинглаб, мириқиб дам олдик. Тинч ва фаровон ҳаётимизга асло кўз тегмасин.
Шу куни байрам тадбирида 6-сонли давлат мактабгача таълим муассасаси жамоаси томонидан азалий қадрият ва урф-одатлар саҳна кўринишлари орқали намойиш этилди. Муассаса тарбияланувчилари ижросида куй-қўшиқлар ижро қилиниб, баҳор, Наврўз ва бахтли болалик мавзусида шеърлар ёд айтилди.
Aйниқса, таълим муассасасининг педагогик жамоаси қозоқ халқининг “Бешикка белаш”, “Алла айтиш” сингари ўлмас қадриятларини маромига етказиб ижро этиб, йиғилганларнинг олқишига сазовор бўлди.
Учқудуқ туман мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 6-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида ўтказилган “Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” деб номланган маданий тадбирда туман МТБ мудири Нигора Амонова иштирок этиб, барчани янгиланиш ва яшариш айёми Наврўзи олам билан муборакбод этди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
Давлатимиз раҳбарининг ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлашга доир қарорлари доирасида аҳоли турмуш даражаси ва сифатини янада яхшилашнинг самарали механизми йўлга қўйилди.
Хусусан, Учқудуқ туманида ҳам ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизматининг ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилигидаги тўртта сектор фаолият кўрсатмоқда.
Туман прокуратурасига бириктирилган 2-сектор ҳудуди Кокаяз, Боздун, Кокпатас, Навоий, Абай маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида жами 3 765 та хонадонда 14 428 аҳоли яшайди. Ҳозирда уйма-уй юриш орқали 2 379 та хонадоннинг аҳволи тўлиқ ўрганиб чиқилди. Ушбу хонадонларда 124 та муаммо аниқланган бўлиб, 117 таси ижобий ечимини топган.
Сектор ишчи гуруҳи аъзолари томонидан аниқланган муаммо ва таклифлар юзасидан 7 та туман ташкилот ва муассаса раҳбарларига топшириқ хатлари жўнатилиб, ижроси назоратга олинган. 32 та газ баллон масаласида, 19 та электр энергияси бўйича, 3 та ҳолатда ичимлик суви муаммоси, соғлигини тиклаш бўйича 5 та, иш сўраб 37 та фуқаро, кадастр ҳужжатлари ва моддий ёрдамга оид мурожаатлар 1 тани ташкил қилади.
Билдирилган ҳар бир мурожаат асосида олиб борилган амалий ишлар натижасида мавжуд муаммоларнинг аксарияти ечимини топган.
Хусусан, Кокпатас оилавий шифокорлик пунктида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси педиатр, эндокринолог, офтальмолог, гинеколог сингари ўндан ортиқ малакали мутахассислар маҳалла фуқароларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.
Вилоятнинг етакчи мутахассислари қолаверса, Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари иштирокидаги тиббий кўрикда жами 256 нафар аҳоли қатлами қамраб олинди. Уларнинг 86 нафарига тегишли кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган 4 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга бепул дори-дармонлар берилган. 5 нафар ётоқдаги беморнинг ҳолидан хабар олиниб, яна 4 нафар беморга даволаниш учун тегишли тиббиёт муассасаларига йўлланмалар берилган.
И Ўтказилган ушбу тиббий кўрик тадбирлари инсон қадрини улуғлаш, юртимизда ҳар бир соҳада рўй бераётган ўзгаришлар, аввало инсон учун яратилаётган қулайликларнинг ёрқин ифодасидир.
Бундан ташқари, сектор ташаббуси билан "Абай", "Навоий", "Кокпатас", "Боздун" маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида истиқомат қилаётган аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, айниқса ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида спорт мусобақалари ташкиллаштирилмоқда.
Куни-кеча "Спорт - соғлик гарови" шиори остида "Прокурор кубоги" спорт тадбирларига старт берилди. Дастлабки беллашувлар спортнинг футбол туридан ўтказилиб, ғолиб жамоалар ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Рашид РАХМАТОВ,
Учқудуқ туман прокурори, адлия катта маслаҳатчиси.
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида эътироф этилганидек, 2021 йилдан эътиборан “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида иш ташкил этиш вазифаси юклатилган эди. Бу борада Учқудуқ туман давлат солиқ инспекцияси томонидан бир қатор амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, туман давлат солиқ инспекцияси томонидан “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида иш ташкил этилмоқда. Бунда асосий эътибор, тадбиркорлик субъектларига берилган кредитлардан тўғри фойдаланиш, кичик бизнес вакиллари фаолиятида учраётган муаммоларни ўз вақтида тезкорлик билан ҳал этишга қаратилмоқда.
Биргина жорий йилнинг февраль ойида тадбиркорлик субъектларини ортиқча харажатлар ва қонун бузилишларидан сақлаш мақсадида, 14 тасига ҳисоботларини тўлдириш ва топширишга кўмаклашилди.
Янгидан фаолияти йўлга қўйилган тадбиркорлик субъектларининг 4 тасига фаолият туридан келиб чиқиб, оптимал солиқ режими танлаб берилди. Солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини кенг тарғиб қилиш орқали мавжуд имтиёзлардан фойдаланиш тартиби юзасидан 6 тасига тушунтириш берилди. Айланма маблағга муҳтож бўлган тадбиркорлик субъектларига кредит йўналишлари ҳақида тушунчалар берилди.
Мухтасар айтганда, тадбиркорларга кўрсатилаётган кўмак натижасида тадбиркор ҳамда солиқчи ўртасида ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда.
Учқудуқ туман давлат солиқ инспекцияси
тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш шўъбаси.