Турмушимиз фаровон, ҳаётимиз тўкин, маъмурчиликда яшаётган бир пайтда ҳали у ерда, ҳали бу ерда ўз боласини сотибди, урибди, калтаклабди, бўғибди, ахлатхонага ташлаб кетибди, деган ғайриинсоний хатти-ҳаракатлар, ҳолатлар кузатиляпти. Кўп ҳолларда бу каби қабиҳ ишларни аёллар, оналар қилаётгани кишини ташвишга солади.
Ахир, “она” дейилганда, инсон кўз ўнгида меҳрибон, мушфиқ, муҳтарама, муниса, маъсума аёл сиймоси гавдаланади. Она – авлодлар узвийлигини таъминлашга ҳисса қўшувчи зот. Шу боис она мудом эъзозда, эътиборда, эҳтиромда.
Лекин, 1991 йилда Навоий вилояти Учқудуқ туманида туғилган Дилнура Беккамова (мақоладаги исм ва фамилиялар ўзгартирилган) ни улуғланган эъзозланган эҳтиром кўрсатилажак, оналар қаторига қўшиб бўлмайди. Нега дейсизми, унда эшитинг...
Дилнура 2016 йилда Икром исмли йигит билан турмуш қуриб, шаръий никоҳ асосида бирга яшай бошлаган. 2018 йилда уларнинг қизи Фарзона туғилган.
Аммо орадан кўп ўтмай, Икром ва Дилнура доимий давом этиб келаётган оилавий жанжаллар натижасида ажрашади. Шундан сўнг, у турли мавсумий ишларда ишлаб, ижарада туриб яшай бошлайди. Ёш фарзандини сотиш ниятида юрганини эшитган Лайло исмли аёл қизалоқнинг “нархи”ни билмоқчи бўлиб, Дилнурани гапга солади.
Она ҳеч иккиланмасдан қизи Фарзонани 60 миллион сўмга сотишини айтади. Улар ўзаро келишишади.
Эртаси куни Дилнура Фарзонани келишилган жойга олиб борди. Лайло берган пулларни шоша-пиша санаб чиқдию, “баракасини беринг” дегандек унга қўл чўзди. Аммо чўзилган қўлларига кишан тақилганини сезмай ҳам билмай ҳам қолди.
Дилнура Беккамова содир этган бу жинояти ўзбек аёлига, оналик виждонига мутлақо хос эмас. Она бўла туриб, энди бегуноҳ бир фарзанд тирик етим бўлиб ўсади...
“Билмай шу ишга қўл урдим, эрим ташлаб кетди, пулим қолмади...” деган баҳоналар, важу карсонлар суд мажлисида асло ўтмайди. Жирканч жиноятга қўл урган аёл ёшлигининг бир неча йили энди қамоқхоналарда ўтадиган бўлди.
Акмал Қурбонов,
жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси.