Hokimiyat matbuot xizmati
Ўттиз миллион гектар майдонни эгаллаб ётган Қизилқум кенгликлари ўрнида бундан бир неча миллион йиллар илгари Тетис океани мавжланиб турган, деган тахминлар мавжуд. Негаки, ҳозир ҳам Мингбулоқ овули атрофида тош қотган чиғаноқлар, акула тишлари ва суяклари, ҳатто ўрдакбурун динозаврнинг тошга айланган суякларини ҳам учратиш мумкин.
Мингбулоқ овулидан 30 километр узоқликда жойлашган «Жирақудуқ (ўзбек тилида “жира” – “жилға” маъносини билдиради) дарасидаги бундан 95-100 миллион йил аввал мавжуд бўлган “Тошўрмон”, деб аталувчи ноёб геологик, полеонтологик, тарихий ва табиий объект дунё олимларини ҳамон ўзига жалб қилиб келмоқда. Бундан бир неча йил аввал Калифорниялик палеонтолог олим, профессор Жеймс Дэвид Арчибальд раҳбарлиги даги Ўзбекистон, Россия, Буюк Британия, Америка ва Канада давлатлари ҳамкорлигида фаолият юритган (УРБАК) Халқаро экспедиция саъй-ҳаракатлари билан Қизилқум табиатининг бундай ноёб мўъжизаси тўғрисида кўпчилик хабардор бўлди.
Бу сафар бир гуруҳ Словакия олимлари Мингбулоқдаги Жирақудуқ дарасида бўлиб туришибди. Ўзбекистон ва Словакия мамлакатлари ўртасида имзоланган меморандумга асосан экспедиция таркибида Павла Йозефа Шафарика номидаги Словакия давлат университети доктори Мартин Кундрат, Дионисия Штура номидаги геология давлат институти доктори Марио Ольшавский, Словакия давлат музейи илмий ходими Габриэль Лешинский, Павла Йозефа Шафарика номидаги Словакия давлат университети магистр-докторанти франциялик Дэмиен Мартен, Павла Йозефа Шафарика номидаги Словакия давлат университети магистр-доктаранти перулик Джоселин Мендоза Йенгле бор.
-Бундан 100 миллион йиллар илгари Қизилқум ўрнида океан бўлган деган тахминлар бор. Океан қирғоқлари ва унга келиб тушган метеоритлар билан боғлиқ деган тахминлар ҳам йўқ эмас. Музлик давридан кейинги иқлим ўзгариши, глобал исиш даври бошланиб, коинотдан ерга метеоритларнинг қулаши натижасида денгиз суви парчаланиб, бу ерлар юз йиллар давомида қуёш нуридан панада-чанг ва тўзон гирдобида қолади. Натижада барча физик жинслар кимёвий тарзда қоришиб океан атрофидаги ўрмонзорлар сувда ва қуриқликда яшаган ҳайвонлар ўзга бир шаклга кириб тошга айланган бўлиши мумкин, - дейди биз билан суҳбатда экспедиция раҳбари Павла Йозефа Шафарика номидаги Словакия давлат университети доктори Мартин Кундрат.
-Ўзбекистон Республикаси давлат геология қўмитаси стратеграфия партияси Ўрта Осиё бўйича ягона ҳисобланади, - деди стратеграфия партияси етакчи геологи Юрий Фёдоров. – Икки мамлакат ўртасида қабул қилинган меморандумга биноан, биз томонимиздан экспедиция аъзоларининг тўлақонли фаолият олиб боришлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. 8-10 кун давом этадиган илмий изланиш ишлари бугунданоқ ўз самарасини бериб, Жирақудуқ дарасидан бироз ноёб геологик, полеонтологик қазилмалар топилди.
Икки мамлакат Ўзбекистон Словакия ўртасида имзоланган меморандумга кўра Жирақудуқ дарасидаги илмий изланишлар 5 йил давомида олиб борилади. Экспециядан кўзланган мақсад шу пайтгача олимлар томонидан фақатгина тахмин қилинаётган юқорида қайд этилган воқеа-ҳодисаларга аниқлик киритиш орқали Қизилқум кенгликлари ўрнида океан бўлганлигини илмий жиҳатдан асослаб беришдан иборат.
Ҳакикатдан ҳам Жирақудуқ дараси ва унинг атрофида бўлган киши тарихий-табиий манзарани: тош қотган чиғаноқлар, акула тишлари ва скелети суяклари, дарахт таналари, ҳаттоки, ўрдак бурун диназаврнинг тошга айланган болдир суякларини ҳам кўриш мумкин. Буларнинг барчаси Қизилқум ҳудуди качонлардир океаннинг бир бўлаги бўлганлигидан далолат беради.
Қолаверса, “Бохантау” дарасидаги қоятошларга битилган расмлар, “Жирақудуқ” дарасидаги тошга айланган дарахтлар, тош қотган ўрдакбурун диназаврлари болдир суяклари, акула тишлари ҳам мозийдан садо бериб турибди.
Буюк адиб Абдулла Қодирийнинг “Мозийга қараб иш кўрмак хайрлидир” деган сўзларида улкан ҳаёт ҳақиқати бор!
Райҳон ҚОДИРОВА, махсус мухбиримиз.
Учқудуқ-Жирақудуқ-Учқудуқ.
Коронавирус пандемияси ва карантин даврида ижтимоий ҳимояга мухтож оилаларга, кўп фарзандли оилаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга ва ёлғиз қарияларга, ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз бўлган жисмоний шахсларга пул маблағлари, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ва бошқа махсулотлари билан таъминлаш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини коронавирус пандемияси бутунлай бартараф этилгунга қадар моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга амалий ёрдамлар кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 апрелдаги 213-Ф-сонли фармойиши билан Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шахар бўлимлари, туман ва шаҳарлар бўлинмалари хузурида “Саховат ва кўмак” жамғармалари ташкил этилиб, туман (шаҳар) жамғармаларига келиб тушган маблағлар Халқ депутатлари туман (шахар) Кенгаши қарори асосида тасарруф этилиши белгилаб қуйилди.
“Саховат ва кўмак” жамғармаси тўғрисидаги Низомининг 8-бандида маҳаллалардаги моддий ёрдамга мухтож оилаларнинг руйхатини шакллантириш ва ҳақиқий эгаларини топиб ёрдам кўрсатиш жойлардаги сектор раҳбарлари ва фуқаролар йиғинлари зиммаларига юкланган. Туман ва шахар сектор раҳбарларининг тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари билан биргаликда фуқароларнинг моддий ўрганлиганлиги ҳақидаги маълумотномаларини қисқа вақт ичида Халқ депутатлари туман Кенгашига тақдим этиш лозим бўлади.
Учқудуқ туман “Саховат ва кўмак” жамғармасига 2020-2021 йиллар давомида 1 млрд 330 миллион сўм хомийлик ва хайрия маблағлари келиб тушган бўлиб, ушбу маблағлари Халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг қарорлари асосида 887 нафар ижтимоий химояга мухтож оилаларга, кўп фарзандли оилаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга ва ёлғиз қарияларга, ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз оилаларга 1 млрд 235 млн сўмлик пул маблағлари, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ва бошқа махсулотлари кўринишида фуқароларга тарқатилди.
Жорий йилнинг 3 ойида Учқудуқ туман “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан Халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг қарорлари асосида маҳаллаларда яшовчи кам таъминланган, ижтимоий химояга мухтож, кам даромадга эга 59 нафар оилаларга 107 980 000 (Бир юз етти миллион тўққиз юз саксон минг) сўм нақд пул кўринишида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди.
Шундан;
-Соғлигини тиклаш, жарроҳлик амалиётини ва дори-дармон олиш учун 13 нафари оилага 32 500 000 (Ўттиз икки миллион беш юз минг) сўм,
-оилавий шароитини яхшилаш учун 46 нафар фуқарога 75 480 000 (Етмиш беш миллион тўрт юз саксон минг) сўмни ташкил этди.
Учқудуқ туман “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан Халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг қарорлари асосида ижтимоий химояга мухтож оилаларга, кўп фарзандли оилаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга ва ёлғиз қарияларга, ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз бўлган жисмоний шахсларга пул маблағлари, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ва бошқа махсулотлари билан таъминлаш ишлари 2022 йил давомида олиб борилади.
Учқудуқ туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бўлинмаси бошқаруви раиси в.в.б И.Рахимов
Учкудук тумани ахолиси ўртасида санитария эпидемиологик осойишталикни таъминлаш максадида ўта хавфли юкумли ва паразитар касалликларни олдини олишга каратилган профилактик тарғибот ишлари амалга оширилмокда. Жумладан туманда лейшманиоз касаллигини олдини олишга каратилган дератизация ишлари амалга оширилмокда.
Лейшманиоз жуда кенг тарқалган паразитар касаллик бўлиб одамларда ва ҳайвонларда учрайди, трансмиссив характерга эга. Аксарият иқлими иссиқ мамлакатларда учрайди. Жумладан, Ўзбекистоннинг Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро ва Жиззах вилоятининг айрим ҳудудларида, бундан ташқари Қорақалпоғистон Республикасида ҳам касалликнинг эндемик учоқлари бор. Бутунжаҳон соғликни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра 350 миллион одам бу касаллик билан хасталанган. Ҳар йили 14 миллион одам касалланади ва 2 миллионга яқин янги касаллик қайд қилинмоқда. Бундан ташқари хар йили висцерал лейшманиоз билан 50 мингта ўлим ҳолатлари қайд қилинмоқда. Ўзбекистон Республикасида ҳозирги кунда 755 та бемор лейшманиоз касаллиги билан касалланган. Шундан 3 фоизигина фаол аниқланган. Ўзбекистонда бу касалликнинг 3 хил тури :висцерал зооноз, тери антропонози ва зооноз лейшманиози тарқалган. Лейшманиоз касаллигининг қузғатувчиси лейшманиялар ҳисобланади. Уларнинг ташувчиси искабтопар чивинлар бўлиб, чақиш йўли билан юқтирадилар. Инсонда касаллик интоксикация, иситмалаш, ички аъзолар ёки тери тўқималарининг шикастланиши билан намоён бўлади.
Висцерал лейшманиоз –паразитар трансмиссив зооноз юқумли касаллик бўлиб, сурункали кечиш билан характерланади. Лимфоид макрофагал тизимининг шикастланиши, ўзоқ давом этувчи иситма, талоқ ва жигарнинг катталашиши, камқонлик ва иккиламчи иммуносупрессия билан характерланади.
Висцерал лейшманиознинг ташувчиси хивчинлилар синфининг оиласи, вакили икки қанотли искаптопар чивинлардир, қузғатувчиси бир хўжайрали содда жонивор leishmania infantumдир. Унинг ҳаётий цикли навбатма –навбат 2 та ҳужайинда ўтади: умуртқали (чия бўри, тулки, ит, одам) ва умуртқасиз (ҳар хил турдаги искабтопарлар).Умуртқали хужайинда у туқима ичида яшайди, маскитларда эса ичагида хивчинли харакатчан шаклда учрайди. Аҳоли пунктларида қузғатувчининг асосий манбаи итлардир. Искаптопар чивинлар умуртқали ҳайвонларни (қумсичқон, юмронқозиқ, қизил думли қумсичқон) ёки касал одамларни чаққанида, шу билан биргаликда тўқима суюқлиги ва хужайраларни сўриш жараёнида лейшманияларни юқтиради. Кейинчалик ютилган хивчинсиз паразитлар чивинларниниг овқат ҳазм қилиш тизимидан ривожлана бошлайди ва хивчинли формаларга айланади. Жинссиз иккига бўлиниш йўли билан кўпаяди ва 6-8 кунга келиб лейшманиялар чивиннинг халқумида йиғилади. Орадан яна 7-8 кун ўтгач, искаптопар чивинлар касалликни одамларга (ёки кемирувчиларга ) юқтиришга тайёр холатга келади. Чивинлар чаққанда унинг халқумидан паразитлар терига киради ва юзага келган думбоқчаларда улар хивчинсиз формаларга айланади.
Тери лейшманиози билан касалланиш аниқ фаслий муддат билан белгиланади. Бу вақт искаптопар чивинларнинг фаол яшаш вақтига тўғри келади. Бу муддат июнь, июль, август, сентябрь, октябрь ойлари хисобланади. Касалликга клиник ва лаборатор ташхис қўйишда хасталикнинг тарқалиши ва географик харитасини билишнинг ахамияти катта. Авваламбор қўзғатувчини ташишга мослашган чивинлар ҳаёт цикли ва фаолиятини амалга оширишда иссиқ хавонинг ўрни бор.Хавонинг ўртача харорати +200С дан паст бўлмасагина чивинлар лейшманияларни ташиш имконига эга булади ва улар чивинлар ичагида ривожланади.Шунинг учун хам тери лейшманиёзининг эндемик учоқлари тропик ва субтропик давлатлар хисобланади.
Тери лейшманиозининг узига хос белгиси шуки,хашорат чаққан жойда узоқ вақтгача тузалмайдиган яра қолади.
Кўриладиган чоралар; касалликнинг илк белгилари сезилса, зудлик билан шифокорга мурожаат этилиши ҳамда унинг тавсиялари асосида даво-муолажаларини олиш керак.
Профилактик тадбирлар;Тери лейшманиози профилактик чора-тадбирлар 3 босқичдан ташкил топган. Буларнинг биринчиси касаллик манбаи, иккинчиси ташувчиси. Учинчиси эса юқтирадиган объектлар. Улардан исталган биттасининг булмаслиги касаллик занжирини узади ва касалликга бархам берилади ёки уччаласини хам зарарсизлантириш лозим.
Висцерал лейшманиозда касаллик манбаи уй ҳайвонларидан итлар,ёввойи ҳайвонлардан эса чиябури ,бури, тулки ва жайронлар ҳисобланади. Касаллик манбаи булган лейшманиоз касаллиги билан касалланган дайди итларни йўқотиш ва ветеринария ходимлари томонидан хонаки итларни текширтириб туриш.
Зооноз лейшманиозда касаллик манбаи булиб кемирувчилар ҳисобланади. Шунинг учун барча эътибор кемирувчиларни йўқ қилишга қаратилади.
Тери лейшманиозининг антропоноз типида касал одамларни аниқлаш ва даволаш асосий профилактик тадбир ҳисобланади.
Одамлар турар жойларининг ертўлалари, молхоналар, товуқхоналар ва қушларнинг инлари ҳам искаптопар чивинларнинг кўпайиш жойи ҳисобланади.
-Искаптопарларга қарши курашишда аҳоли пунтларида чивинлар кўпайиш жойларида инсектицидлар билан май- июль ойлари дезинцекция ишлари ўтказиш.
- қурилиш ишлари олиб бориладиган жойларни айниқса одамлар яшайдиган ҳовли атрофларини озода сақлаш,уй яқинида хўжалик ҳамда маиший чиқиндиларнинг тўпланиб қолишига йўл қўймаслик, хонадонлардан чиқадиган чиқиндилар ўз вақтида махсус жойларга ташиб олиб кетилишини йўлга қўйиш.
-искаптопар ва ҳашоратлар кўпаймаслиги учун кир уралар ва ҳожатхоналарни доимо ёпиқ ҳолда бўлиши ва дорилаб туриш.
-Хонадонлар ва хўжаликлардаги полларнинг тирқишлари очилиб қолишига йўл қўймаслик. искаптопарлар кўпайиши ва уларнинг кундузги яшайдиган жойларни, аҳоли ва хўжаликга яқин жойдаги кемирувчиларни йўқотиш ва уларнинг инларини кумиб ташлаш.
- искаптопарлар хужумидан индивидуал химояланиш, рапторлардан фойдаланиш, дераза ва эшикларга махсус турлар қоплаш.
-Аҳоли пункларининг санитария ҳолатини яхшилаш. Ободонлаштириш ишлари ўтказиш.
Юқорида кўрсатилган тадбирларни ҳар биримиз ўз яшаш жойимизда ўтказиб турсак лейшманиоз касаллиги билан касалланишнинг олдини олган бўламиз.
Соғлигингиз ўз қўлингизда эканлигини унутманг!
Учкудук туман Санитария эпидемиологик
осойишталик ва жамоат саломатлиги
бу'лими энтомологи: Г.А.Назарова
Закотнинг моҳияти нима?
Закот — Исломнинг беш фарзидан бири, молиявий ибодатдир. Унинг «ўсиш», «салоҳият» каби маънолари бор. Истилоҳда эса бой киши маълум бир моллардан зиммасига вожиб бўлган миқдорни камбағалга мулк қилиб беришидир. Закот беришда нисоб ва йил ўтиши эътиборга олинади.
Закотнинг фарзлигига Қуръони карим, ҳадислар ва умматнинг ижмоси далолат қилади. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Намозни қоим қилинг ва закотни беринг...» (Бақара сураси 43-оят). Қуръони каримда худди шу жумла буйруқ кўринишида такрор-такрор келган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ислом беш нарса устига қурилганини зикр қилиб уларни ичида закотни ҳам санадилар (Имом Бухорий ривоятлари).
У Зот атрофдаги мусулмонларнинг закот молларини йиғиш учун ходимлар жўнатар эдилар. Жумладан, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўната туриб: «Уларга маълум қилингки, Аллоҳ таоло уларнинг молида бойларидан олиниб камбағалларига қайтариладиган бир садақани вожиб қилган», деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).
Закотни бермайдиганларни Аллоҳ таоло қаттиқ азоб билан огоҳлантиради: «...Олтин ва кумушларни кон (махфий хазина) қилиб олиб, уларни Аллоҳ йўлида сарф қилмайдиганларга аламли азоб ҳақида «хушхабар» беринг!» (Тавба сураси 34-оят).
Киши закотга қодир бўлганини қандай аниқлайди?
Закот бериш фарз бўлиши нисоб ва йил ўтишига боғлиқ. Исломда нисоб-бойлик даражаси мол-мулкнинг 85 грамм тилла ёки унинг қийматига етиши билан ўлчанади. Бу бойликка аслий ҳожатлари: уй-жойи, уй асбоблари, кийим кечаклари, касб асбоблари ва улов (машинаси)нинг қиймати қўшилмайди. Демак, кимда қарзларидан ортиқча 85 г тилла ёки унинг қийматидаги кумуш, қоғоз пуллар ва тижорат моллари бўлса, унинг моли нисоб (бойлик миқдорига) етган бўлади. Бундай киши моли нисобга етгани учун энди закот ололмайди.
Қамарий тақвим бўйича роса бир йилдан кейин ҳам нисоб миқдоридаги мол-мулк эҳтиёждан ортиқча бўлиб, ишлатилмай турган бўлса, ана энди фақирларга мол-мулкининг 1/40 (қирқдан бир, яъни 2,5%)ини закот сифатида беради. Масалан, бир кишининг моли Муҳаррам ойида 85 грамм тилланинг қийматига етди. Келаси йил Муҳаррам ойида эса моли 100 грамм тилланинг қийматига етди. Шунда у мол-мулкининг 1/40 и, яъни, 2,5 грамм тилланинг қийматини закот қилиб беради. Йил ўртасида қийматнинг кўпайиб-камайгани эътиборга олинмайди.
Чорва молларидан қандай закот берилади?
Кумуш, қоғоз пуллар ва тижорат молларининг закоти бир-бирига қўшиб ҳисобланади. Лекин чорва молларининг закоти буларга қўшилмасдан, алоҳида ҳисобланади.
Закот бериладиган чорва моллари йилнинг кўп қисмида (6 ойдан кўпроқ) даладан ўтлаб юрган бўлиши керак. Қўлда боқиладиган ҳайвонлардан закот берилмайди. Тижорат мақсадида олиб боқилаётган ҳар қандай ҳайвонларнинг қиймати тилла-кумуш, қоғоз пул ва тижорат моллари қийматига қўшиб ҳисобланади.
Закот бериладиган чорва ҳайвонлари: қўй-эчки, сигир, туя ва от. Бу чорваларнинг турлари ҳам бир-бирига қўшиб ҳисобланмайди. Алоҳида-алоҳида нисобга етиши шарт бўлади. Қўй қирқтага етса, битта қўй; сигир ўттизтага етса, битта бир ёшни тўлдирган бузоқ; туя бештага етса, битта қўй; урғочи ёки эркак-урғочи отлар аралаш бўлганда, отнинг ҳар биттасидан қийматининг 1/40 и закот қилиб берилади.
Бу ҳайвонларнинг сони ортиб борган сари закотга бериладиган сони ўзгариб боради. Уларни батафсил билиб олиш учун фиқҳ китобларга мурожаат қилиш керак. Бунда ҳайвоннинг ўзидан ҳам, қийматини ҳам бериш мумкин. Қайси ҳайвон бўлса ҳам, фақат болаларининг ўзи бўлса, ундан закот берилмайди, лекин катталари билан аралаш бўлса, кичикларини ҳам ҳисобга қўшилади.
Закот беришда ният қилиш шартми?
Албатта, закотда ният шарт. Закот молини ажратаётганда ёки уни фақирга бераётганда закот беришни ният қилиш керак. Ҳеч қандай ниятсиз берилган закот садақа бўлиб, қайтадан закот бериш лозим бўлади. Фақирга бу закот деб айтиш шарт эмас.
Закот кимларга берилади?
Закот кимга берилиши ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади: «Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир» (Тавба сураси, 60-оят).
Демак, закот бериладиган 8 та тоифа инсонлар бор:
Фақир – моли нисобга етмаган шахс;
Мискин – ҳеч нарсаси йўқ киши;
Закот йиғиш ишида банд бўлганлар;
Диллари Исломга ошно қилинувчи ғайри динлар;
Мукотаб қуллар;
Агар зиммасидаги қарзини берса, пули нисобдан камайиб қоладиган қарздор киши;
Аллоҳ йўлида юрганлар (бунда асосан муҳтож бўлиб қолган ҳожилар тушунилади);
Йўлда қолганлар (моли бору, ўзи билан бирга эмас).
Юқорида санаб ўтилганлардан «диллари Исломга ошно қилинувчилар» ҳазрати Умар даврида закот бериладиганлар қаторидан чиқарилган. Қулдорлик тугатилгани сабабли «мукотаб қуллар» бугунги кунда мавжуд эмас.
Закот беришни, ҳақли бўлишса, ака-ука, опа-сингил ва уларнинг фарзандлари, кейин амаки-амма ва уларнинг фарзандлари, кейин тоға-хола ва уларнинг фарзандлари, кейин бошқадан қариндошлар, кейин қўни-қўшни, маҳалла ва ҳамкасблардан бошлаш афзалдир.
Кимларга закот берилмайди:
Шариатимизга кўра қуйидагиларга закот берилмайди:
Бой кишиларга;
Бошқа дин вакилларига;
Бой кишининг балоғатга етмаган фарзандига;
Ўрталарида туғилиш алоқаси бўлганлар яъни, ота-она ва уларнинг ота-оналари, ўғил-қизлар ва уларнинг фарзандларига;
Эр ёки хотинга;
Ҳошимийлар, яъни, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қариндошларига.
Рамазон ойи давомида мусулмонлар кун бўйи рўза тутиб, еб-ичишдан тийиладилар ва кеч тушиши билан таом истеъмол қиладилар. Аммо айрим ҳолатларда ифтор маҳалида ҳаддан ташқари кўп овқат ейиш кузатилади. Узоқ вақт оч ва чанқоқ ҳолда юрган кишининг бирданига меъридан ортиқ таом истеъмол қилиши саломатликка зарар келтириши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти рўза пайтида соғлом овқатланиш бўйича баъзи маслаҳатлар билан бўлишди. Ушбу маслаҳатларга амал қилиб, киши ортиқча вазнни йўқотиши ва қон босими ҳамда организмдаги холестерин миқдорини пасайтириши мумкин. Рамазон ойи пайтида организмнинг соғлом бўлиши учун керакли озуқаларни истеъмол қилиш учун вақт чегараланганлиги сабабли, парҳезнинг соғлом ва сифатли бўлиши жуда муҳим.
Ушбу маслаҳатларга Рамазон ойи тугагандан кейин ҳам риоя қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Кўп миқдорда сув истеъмол қилинг
Бу йил одамлар кунига ўртача 14-15 соат рўза тутишларига тўғри келади. Кундузи ҳаво ҳарорати юқори бўлган пайтда салқин ва сояли жойларда қолиш ҳамда қуёшда узоқ юрмаслик тавсия этилади.
Ифторлик ва саҳарлик орасида кўп миқдорда сув ичинг. Кундуз кунлари ҳаво ҳарорати юқори бўлиши кўп терлашни келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли, кун давомида йўқотилган суюқликнинг ўрнини қоплаш керак бўлади. Бунинг учун эса камида 10 стакан сув ичиш тавсия этилади.
Сув истеъмолини сувга бой маҳсулотларни тановул қилиб ҳам ошириш мумкин. Масалан, саҳарлик пайтида ёки ифторликдан кейин дессерт сифатида ҳўл мевалардан ейиш мумкин. «Ачиқ-чучук» салатида ҳам сувга бой бодринг ва помидорлар бор. Шўрва ёки тоза сабзавотли салатга ўхшаган серсув овқатларни ҳам истеъмол қилиш мумкин.
Таркибида кофеин мавжуд бўлган кофе, чой, кола каби ичимликлардан воз кечиб туринг, чунки кофеин баъзиларни ҳожатхонага югуртириши мумкин, бу эса инсон организмидаги сувнинг камайишига (дегидрация) олиб келади. Шунингдек, газланган шакарли ичимликлар калорияга бой бўлишини эсдан чиқарманг.
Кун давомида жуда кўп ҳаракат қилиш организмнинг кўп миқдорда сув йўқотишига олиб келиши мумкин. Қисқа сайрлар ёки қисқа муддатли чигалёзди машқлари сизни тонусда ушлаб туриши мумкин. Кун бўйи ҳаракатсиз ўтириш ҳам тавсия қилинмайди.
Соғлом саҳарлик учун тавсиялар
Оғизни ёпишдан олдин овқат ейиш муҳим. Саҳарлик пайтида енгил овқатланинг. Бу айниқса рўза тутишни мақсад қилган катта ёшдагилар, ўспиринлар, ҳомиладор аёллар ва боласини озиқлантираётган оналар ҳамда болалар учун ҳам муҳим.
Енгил нонушта сифатида сабзавотлар, таркибида углевод мавжуд бўлган бутун донли нонлар ёки булочкалар, сут маҳсулотлари (тузсиз пишлоқ, сузма, сут) ва/ёки тухум каби оқсилга бой маҳсулотларни истеъмол қилиш мумкин.
Секинроқ ва эҳтиёжингизга мос равишда овқатланинг. Кўп миқдорда овқат ейиш жиғилдон қайнаши (меъда қайнаши, зарда) ва безовталикни келтириб чиқариши мумкин.
Саҳарлик учун овқатларга мисол:
2 бурда нон;
сабзавотли омлет ёки қаттиқ қайнатилган тухум;
тўғралган сабзавотлар;
пишлоқ ёки сут маҳсулотлари;
чой;
етарлича сув ичишни унутманг.
Соғлом ифторлик учун маслаҳатлар
Ифторлик пайтида соғлом ва меъёрида овқатланиб, қувватингизни тўлдириб олинг.
Рўзани учта хурмо ёки сув билан очиш ифторликни бошлашнинг анъанавий ва соғлом йўли ҳисобланади.
Хурмо одам танасидаги кўпчилик аъзоларнинг тўғри фаолият кўрсатишини таъминлайдиган клетчаткага бой озуқа. АҚШдаги Cornell University мутахассисларининг ёзишича, организмга овқат киришидан олдин сув ичиш танани суюқлик билан озиқлантиришнинг энг яхши йўлидир. Лекин рўзани очибоқ бирданига кўп сув ичиб юборманг. Бир вақтнинг ўзида кўп миқдорда сув ичиш инсон саломатлиги учун хавфли ҳисобланган сув интоксикациясига олиб келиши мумкин.
Организмни муҳим витаминлар ва озуқа моддалари билан таъминлаш учун ифторлик учун менюга кўплаб сабзавотларни қўшинг. Шунингдек, организмни қувват ва клетчатка билан таъминлайдиган бутун донли (янчилмаган ва тозаланмаган) маҳсулотларни истеъмол қилинг.
Печда ёки грилда пиширилган ёғсиз гўшт, терисиз товуқ ва балиқ тановул қилиш орқали организмингизни соғлом оқсиллар билан бойитишингиз мумкин. Умуман олганда, ёғ ва шакарга бой, қовурилган ҳамда қайта ишланган маҳсулотлардан ўзингизни тийинг. Секинлик билан тановул қилиш сизга ҳаддан ортиқ кўп овқат емасликка ёрдам беради.
Ифторликдан сўнг кўп ширинлик ейишдан ўзингизни тийинг. Рамазон пайтида кўп истеъмол қилинадиган ширинликлар таркибида катта миқдорда шакар сиропи бўлади. Ширинлик сифатида сувга бой бўлган мавсумий меваларни, жумладан олма ёки тарвуз истеъмол қилиш мумкин.
Ифторлик учун овқатларга мисол
уйда пиширилган сабзавотли шўрва;
яшил салат ёки бошқа сабзавотлардан салат;
фаршли сабзавотлар (қовоқча, бақлажон, узум барглари);
печда пиширилган товуқ;
кўп миқдорда сув ичиш, таъмни яхшилаш учун лимон бўлаклари ва ялпиз қўшиш мумкин.
Соғлом овқат пишириш бўйича тавсиялар
Ёғларга бой бўлган маҳсулотлар, айниқса ёғли гўшт, қатламали хамирдан, ёғ/маргарин ёки сарёғ қўшилган хамирдан тайёрланган маҳсулотлар истеъмолини камайтириш керак. Қовуришнинг ўрнига овқат тайёрлашнинг бошқа усуллари: буғда пишириш, соусда пишириш, кичик миқдордаги ёғда қовуриб, печда пишириш каби усуллардан фойдаланиш тавсия этилади.
Таркибида катта миқдорда туз бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилманг: сосиска, қайта ишланган ва тузланган гўшт ва балиқ маҳсулотлари, тузланган бодринг, зайтун меваси, тузли пишлоқлар, газак маҳсулотлар, турли хил тайёр крекер, салат, соус (майонез, кетчуп, хантал).
Овқат тайёрлаётганда туздан иложи борича камроқ фойдаланиш ва туздонни стол устидан олиб ташлаш тавсия этилади. Пиширилаётган овқатларнинг таъмини яхшилаш учун турли хил ўтлардан фойдаланиш мумкин.
Қандли диабет ва гипертонияли кишиларнинг рўза тутиши
1-тур қандли диабет билан оғриган беморларга рўза тутмаслик маслаҳат берилади. 2-тур қандли диабет ва гипертония касалликлари борлар ўз ҳолатларини парҳез ёки дорилар билан назорат қила олган тақдирда рўза тутишлари мумкин. Улар бу борада ўз шифокорлари билан маслаҳатлашишлари керак.
Россияда коронавирусга қарши дунёдаги биринчи бурунга томизадиган вакцина рўйхатга олинди, деб маълум қилди жума куни Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати журналистларга.
Бу ҳақда куни-кеча ТАСС ахборот агентлиги ҳабар берди.
«Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги янги коронавирус инфекциясининг олдини олиш учун «Гам-ковид-вак» (Спутник V) вакцинасининг бурунга томизадиган шаклини рўйхатдан ўтказди, уни Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Н. Ф. Гамалея маркази ишлаб чиққан», - дейилади хабарда.
Бурунга томизадиган вакцина уч ҳафта оралиғида бериладиган икки дозадан иборат.
«Вакцина, Спутник V сингари, йигирма олтинчи ва бешинчи турдаги аденовирус векторлари асосидаги иккита компонентдан иборат бўлиб, бурун бўшлиғига махсус пуркагич ёрдамида уч ҳафталик интервал билан, яъни прайм-бустда юборилади», - дейилади хабарда.
Ундан 18 ёшдан ошган фуқаролар фойдаланиши мумкин, деб хабар қилди Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Ушбу босқичда 18 ёш ва ундан катта ёшдаги одамларни эмлашни амалга оширадиган тиббий ташкилотлар шароитида вакцинадан фойдаланишга рухсат берилади», - дейилади Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида
Бугун юртимизда магнит бўрони бўлиши кутилмоқда. Бундай вақтда шифокорлар қандай йўл тутиш кераклигини тавсия этишди.
— Магнит бўрони инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатади, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош неврологи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Ёқутхон Мажидова. — Бундан айниқса, артериал гипертония хасталигига чалинган беморлар кўпроқ азият чекади.
Яъни қон босимининг фавқулодда ошиб ёки пасайиб кетиши уларнинг саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкин. Бу ҳолат организмда ташқи стрессларга чидамлиликни таъминлайдиган мелатонин моддаси ишлаб чиқарилиши камайиши билан изоҳланади. Қолаверса, магнит бўрони бронхиал астма билан оғриган одамлар саломатлигида ҳам муаммоларни келтириб чиқариши кузатилган.
Шундай экан, бундай вазиятда, аввало, овқатланиш рационига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Кўпроқ ҳўл мевалар, қолаверса, майиз ва туршак каби калийга бой маҳсулотлар, таркибида C витамини кўп бўлган банан ва бошқа цитрус неъматлардан истеъмол қилиш зарур.
Шифокорнинг қайд этишича, магнит бўрони кузатиладиган кунларда спиртли ичимликлардан бутунлай воз кечиш ҳамда ёғли ва аччиқ таомлар истеъмол қилмаслик тавсия этилади.
Тинчлантирувчи хусусиятга эга чойлардан ичиш, уйқудан олдин тоза ҳавода сайр қилиш ҳам мақсадга мувофиқ.
Ўз навбатида, мутахассислар магнит бўрони пайтида ортиқча зўриқтирувчи ишлар ва машғулотлар билан вақтинча шуғулланмасликни маслаҳат беришади.
Сурункали касалликларга чалинганлар эса ўзлари билан шифокорлар томонидан буюрилган дори-дармонларни олиб юришлари ҳамда қон босимини тез-тез назорат қилиб туришлари лозим.
Кун давомида бир марта душ қабул қилиш ҳам катта фойда беради. Қон босимидан шикояти бор беморлар кўпроқ сув ичиб, шўр таомларни камроқ истеъмол қилганлари маъқул. Чунки туз қон босими ошишига сабаб бўлади.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ни сайлаш жараёнларининг ҳуқуқий асослари Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ни сайлаш жараёнлари “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунда белгиланган тартибда ташкил қилинади ва ўтказилади.
Маҳалла раиси (оқсоқоли) сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган.
Фуқаролар йиғини раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказиш принциплари:
Ошкоралик;
Муқобиллик;
Тенг сайлов ҳуқуқи.
Сайловни ўтказиш муддатлари сайлов бошланишидан камида 2 ой
олдин Олий Мажлис Сенат Кенгаши томонидан белгиланади.
Фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар кўрсатиш тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фики инобатга олинган ҳолда ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.
Фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар:
Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши Олий маълумотга эга бўлиши;
Бевосита сайловга қадар камида 5 йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши;
Ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларида ёҳуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, ҳаётий тажрибага, аҳоли ўртасида обру-эътиборга эга бўлиши керак.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, оғир ёхуд ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар, шунингдек суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган, ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар, диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига сайланиш учун номзод этиб кўрсатилиши мумкин эмас.
Фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ишчи гуруҳнинг раҳбари раислигида ўтказилади. Йиғилиш кун тартибига, қоида тариқасида, қуйидаги масалалар киритилади:
саноқ комиссиясини сайлаш;
фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлаш.
Фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) фуқаролар йиғинининг (фуқаролар вакиллари йиғилишининг) иш регламенти, шу жумладан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларнинг маърузалари, уларнинг муҳокамаси, саволлар ва жавоблар учун вақт белгиланади.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови бўйича овоз бериш натижаларини аниқлаш учун фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан камида уч кишидан иборат таркибда саноқ комиссияси сайланади.
Фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) раислик қилувчи фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларни эълон қилади. Шундан сўнг фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) раислик қилувчи фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларнинг ҳар бирига сўз беради.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ни сайлашда овоз бериш, овозларни санаб чиқиш, баённома тузиш шунингдек, сайлов якунларини чиқариш умумий сайлов қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
Мадад нодавлат нотижорат ташкилоти Учқудуқ туман ҳудудий бюроси бош мутахассиси Исмоилова Умида Ҳамро қизи
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 февралдаги “Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепcиясини тасдиқлаш тўғрисида“ги 140-сонли Қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ўз юрти ва халқи тақдири учун юксак маъсулият ва жавобгарлик каби муҳим хусусиятларни шакллантириш мақсадида Учқудуқ туманида «Ёш чегарачилар» ҳарбий-ватанпарварлик мусобақалари ўтказилди.
Унда Учқудуқ туманидаги умумий ўрта таълим мактаблари юқори синф ўқувчилари, Учқудуқ туман касб-ҳунар мактаби ўқувчи-ёшлари иштирок этиб, кўрик-танлов Низомида белгиланган сафда юриш, турникка тортилиш, югуриш ва бошқа кўплаб беллашувларда ўзаро куч синашдилар. Ҳудудда жойлашган касб-ҳунар мактаби ва умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган чақириққа тайёргарлик ёшидаги ўқувчиларни Ватанга муҳаббат, ҳарбий бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, чегара хизматига қизиқтириш ва босқичма босқич тайёрлаб боришни мақсад қилган беллашув шиддатли ва қизиқарли ташкил этилди.
Муросасиз кечган баҳсларда 10-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллаб, «Ёш чегарачилар» ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаларининг вилоят босқичида Учқудуқ тумани шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Маълумки, 2023 йилнинг 11 - 22 ноябрь кунлари аҳолини рўйхатга олиш варағи шакллари асосида уйма-уй юриб аҳолини рўйхатга олиш ўтказилади.
Аҳолини рўйхатга олишни ўтказишда рўйхатга олувчи ходимлар:
сўров ўтказишдан олдин ўзини таништириши, респондентга ўз гувоҳномасини кўрсатиши, ташриф мақсадини тушунтириши, шунингдек, рўйхатга олишда иштирок этишнинг муҳимлиги, респондентларнинг шахсга доир маълумотлари махфийлиги таъминланиши ва сўров тахминан қанча вақт давом этиши тўғрисида маълумот бериши;
шахсга доир маълумотларни йиғиш жараёнида аҳолини рўйхатга олиш дастурида белгиланган саволлар рўйхатига риоя этиши, уларнинг мазмуни бузилишига йўл қўймаслиги;
рўйхатга олиш варағида келтирилган кетма-кетлик бўйича саволлар бериши, рўйхатга олиш варағида мавжуд бўлмаган саволларни бермаслиги;
аҳолини рўйхатга олиш варағи шаклларини тўлдириш бўйича йўриқномада келтирилган тушунтиришлардан ташқари респондентга қулайлик яратиш мақсадида қўшимча равишда тушунтиришлар бериши;
хушмуомала бўлиши, бошқа шахсларнинг ўз мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилмаслиги ёки уларнинг ҳаёти, соғлиги ва мол-мулкига хавф солмаслиги, шунингдек, статистика органлари обрўсига путур етказадиган ҳаракатлардан сақланиши;
шахсга доир маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши ва уларнинг мазмунини ошкор қилмаслиги;
ўз ваколатларига мувофиқ ишларни тўлиқ, сифатли ва белгиланган муддатларда бажариши лозим.
Статистика бўлими