УЧҚУДУҚНИНГ ҚУРУВЧИ АЁЛИ
Ҳали эсимда учинчи ёки тўртинчи синфда ўқиётганимизда энг аълочи синфдошим мен катта бўлсам қурувчи бўламан деганида ҳаммамиз ҳайрон бўлиб, э,эээ... деб норозилик билдирган эдик.
Шунда устоз энг оғир касбни танлабсан баракалла, энди янаям ҳамма фандан аъло ўқишинг керак деганлари ёдимда. Шунда ҳам биз барибир ўша аълочимизни қурувчи бўлмасликка кўндиргандик. Болаликда иккита ғиштни бир –бирига уласа иморат пайдо бўлади деган ўй бўлган экан-да.
Бироқ, устоз айтганидек қурувчилик учун математикани, географияни, иқтисодни, физикани, геометрияни ҳаттоки фалакшуносликни ҳам пухта билиш керак экан.
Мен бунга яқиндагина ўз ишхонамда меҳнат қилган Шимолий кон бошқармасига қарашли қурилиш - таъмирлаш участкаси ишчи-хизматчиларининг ишларини кузата туриб, яна бир бора амин бўлдим.
Ҳа, қурувчи бўлиш шунчаки касб эмас экан... Дарҳақиқат, қурилиш мамлакат иқтисодиётининг етакчи соҳаларидан бири ҳисобланади. Халқимиз ҳаётининг янада обод ва фаровон бўлишида қурувчи-ю усталарнинг меҳнати беқиёс.
ШКБ қурилиш - таъмирлаш участкаси зиммасига бино ва иншоотларда ижтимоий соҳа объектларида қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш юклатилган. Жорий йилда уларнинг меҳнати сабаб, корхона тасарруфидаги кўплаб бинолар таъмирдан чиқарилди. Айниқса мен ишлаётган Ахборот хизмати биноси ўзгача чирой очди.
Ўзбекистонда август ойининг иккинчи якшанбаси қурилиш соҳаси ходимлари куни сифатида нишонланаркан. Клара опа хонам деворига ишлов бераётган маҳалида компьютеримда интернетга кириб янгиликларни ўқирканман уларга юзланаман. - Келинг сиз ҳақингизда газетага чиройли мақола ёзай, дейман сувоқ қилаётган Клара опага. - Мен қилаётган иш эркакларнинг ишимасмикан, дейди соддагина опа. Лекин 12 йилдан буён сувоқчи бўлиб ишлаяпман ҳозир уста даражасига етдим, - қўшиб қўяди, опахон.
-Барибир аёл киши учун қурилишда ишлаш қийин.
- Аммо ишнинг осони бормикан, - дейди мени уялтириб Клара опа.
“Биз ана шу ишнинг ортидан катта бўлганмиз. Отамни Қорақалпоқда Саъдулло уста дейишарди. Дурадгорлик борми, сувоқчилик иши борми, ғишт қуйишдан теришгача ҳамма ишни қилиб кетаверардилар. Отамнинг қўллари доим қадоқ бўларди. Кечалари сутнинг юзига ивиган қаймоғини қўлларини ёриғига суртардик. Отам ана яхши бўлди деганича иш қуролларини олиб ишга кетарди. Ўзимизга яқинроқ жойдан иш олса биз болалар ҳам унга ёрдамга борардик. Ғишт ташиш, сув ташиш ишларига кўмаклашардик. Энди ўйласам ота-она рўзғори, фарзандлари учун ҳамма нарсага тайёр тураркан. Отам бизни ўғилми, қизми ажратмай танлаган соҳамизга ўқиш учун имкон яратиб берди. Ўзим Москвада савдо техникумида ўқидим. “Қиз бола палаҳмон тоши” деганларидек, курсдошим билан турмуш қурдим, Наманганнинг Чортоғига келин бўлдим. Улар қорақалпоқ қизлари иш билмаскан демасин, деган ўйда рўзғорда нима иш бўлса қилиб кетаверганман. Катта оилага келин бўлганим учун биз бўлак иморат қилиб чиқишимиз керак эди. Эрим билан ғишт қуйиб, сувоқ қилиб уй қурдик. Ўшанда отамнинг совуқда қўллари ёрилганда қанчалик оғриганини ҳис этдим”.
Асли Қорақалпоғистонинг Тўрткул туманидан бўлган Клара Адашованинг 2 нафар фарзанди ва турмуш ўртоғи билан кейинги 20 йиллик умри Учқудуқ билан боғлиқ тақдир.
-Шимолий кон бошқармасига ишга кириш учун мурожаат қилганимда сувоқчилик учун бўш иш ўрни борлигини айтишганди. Хўжайиним менинг бошида лойсувоққа ботиб ишлашимни унчалик ёқтирмадилар. Лекин ҳар сафар ишимдан кўнглим тўлиб уйга қайтганимни кўриб рози бўлдилар, - дейди Клара опа.
- Олдинига устозларим Клара опа ва Холмурод акадан шогирд бўлиб иш ўргандим . Мана 12 йилдирки ўзим ШКБ қурилиш - таъмирлаш участкасида сувоқчиликда янги иш бошлаётган ёшларга касб сирларимни ўргатиб келяпман. “Ўзим ҳам бошида сувоқчилик аёлларнинг ишимас деб ўйлардим аммо ҳозир ўйласам сувоқчилик ҳам бир гўзаллик яратиш санъати экан. Нечта корхона ташкилотларда ишламай кўримсизгина хоналар бизнинг ишимиздан кейин шинам, ёруғ гўшага айланади. Бинолар чиройли тусга киради. Кўпчиликнинг “қўлингиз, асло дард кўрмасин”, деган сўзи бизга яна куч беради. Қурилишда иссиқ сувда ишлаш деган сўз камдан – кам бўлади. Совуқлар ўтиб кетганда қўлларим гипс, шкатуркалар “зарби”дан тилим-тилим ёриладиган пайтлар ҳам бўлади. Лекин қарангки, отамга ўхшаб менга ҳам энди оғриқлар билинмайди. Чунки эл, халқ дуоси шундай нарса эканда...” , дея биз билан суҳбатина якун ясайди Клара Адашова.
Лайло КАРИМОВА, ШКБ ахборот хизмати.