LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

08 Sep 2022

 

   Туман ҳокимлиги кичик мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 августдаги «Оқила аёллар» ҳаракати фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросига оид йиғилиш бўлиб ўтди.

   Учқудуқ туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Н.Нажмиддинова жамиятда янги маънавий макон яратишда хотин-қизларнинг фаоллигини қўллаб-қувватлаш, уларга эзгу ғояларни сингдириш муҳимлигини таъкидлади.

   Йиғилишда фарзанд тарбияси, оила, хотин-қизлар маънавиятини юксалтиришда жамоатчиликка, энг аввало, ёшларга тарбиявий таъсир кўрсата оладиган обрў-эътиборли ва катта ҳаётий тажрибага эга бўлган, фаол ва ташаббускор аёллар орасидан Учқудуқ туманида «Оқила аёллар» ҳаракати аъзоларини таркибини тасдиқлаш масаласига эътибор қаратилди.

   Тадбир давомида туман «Оқила аёллар» ҳаракати аъзолари ичидан очиқ овоз бериш йўли билан Камолова Мубина Бахшуллаевна ҳаракат етакчилигига сайланди. Иш режа тасдиқланди.

   30 нафардан иборат ҳаракат аъзолари тумандаги 14 та маҳалла ва овул фуқаролар йиғинлариларига бириктирилди. Шу билан бирга, ҳаракат аъзоларига келгусида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш, оилавий ажримларни олдини олиш ва бошқа белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ

 

07 Sep 2022

         Хозирга кунда мамлакатимизда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Хукуматимиз томонидан бир қатор имтиёз ва енгилликлар бериб келинмоқда.

         Жумладан 2022 йил 26 июлда Ўзбекистон Республикасининг  Қонуни     ЎРҚ-785-сон “Солиқ ва божхона қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида” Қонун қабул қилинди.

         Мамлакатимизни 2017 — 2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида, хусусан солиқ-божхона тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

        Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланганлиги солиқ-божхона имтиёзларини қайта кўриб чиқиш заруратини юзага келтирмоқда.

       Бунда мобиль алоқа хизматлари учун акциз солиғи ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари норезидент жисмоний шахслар учун пасайтирилганлиги, шунингдек ота-оналар фарзандларининг таълим олиши учун нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига ва мактабларга ойига тўлайдиган 3 миллион сўмгача бўлган тўловлар учун солиқ солишдан озод этилиши, шунингдек божхона божлари бўйича имтиёзлар фақат қонунларга асосан берилишига доир ягона тартиб белгиланиши миллий иқтисодиётни жадал ривожлантиришга кўмаклашади.

       Шу билан бирга, хизматлар соҳасини, капитал бозорини, чарм саноати ва тиббиётни ривожлантириш, шунингдек хотин-қизларнинг ишга жойлаштирилишини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик субъектларига вақтинчалик солиқ имтиёзлари берилмоқда.

      Ушбу Қонун солиқ-божхона тизимини такомиллаштириш ҳамда бизнес муҳитини яхшилаш орқали аҳолининг даромадларини оширишга хизмат қилади.

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-599-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, 12-сонга 1-илова; 2021 йил, № 1, 6-модда) 6-моддасининг учинчи қисми қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилсин:

      «Бунда ушбу солиқ имтиёзлари Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари орқали қайта молиялаштириладиган ёки қайта кредитланадиган халқаро молия институтларининг ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари (қарзлари, кредитлари) ҳисобидан сотиб олинадиган товарларга (хизматларга) нисбатан қўлланилмайди».

2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-599-сонли Қонуни билан янги таҳрирда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, 12-сонга 1-илова; 2020 йил, № 3, 198-модда, № 10, 593-модда, № 11, 652-модда, № 12, 690, 691-моддалар; 2021 йил, № 1, 6-модда, № 4, 294-модда, 4-сонга илова, № 8, 800-модда, № 9, 901-модда, № 10, 968, 969, 972, 973-моддалар, № 12, 1199-модда; 2022 йил, № 2, 79-модда, № 3, 215, 216-моддалар, № 5, 461, 464, 467-моддалар, № 6, 570-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:

1) 2893-модда биринчи қисмининг 5-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«

   

5.

Мобиль алоқа хизматлари

10 %

   

»;

2) 317-модданинг 3-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«3) солиқ тўловчининг ушбу Кодекс 376-моддасида назарда тутилган, жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромадлари ҳисобланадиган харажатлари, бундан товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадларининг 0,5 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда ўз ходимларига ва уларнинг яқин қариндошларига оммавий-маданий ҳамда концерт-томоша тадбирларига бориши учун чипталар харид қилишга доир харажатлар мустасно»;

3) 369-модда:

биринчи қисмининг 9-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«9) қонунчиликда белгиланадиган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари, шу жумладан талабаларнинг Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотлари ҳудудида пулли ўқув курсларини, спорт тўгаракларини ташкил этишдан ва бошқа таълим хизматларини кўрсатишдан олинган даромадлари»;

иккинчи қисми:

12-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«12) ўқувчилар ва талабаларнинг таълим олиши учун Ўзбекистон Республикасининг профессионал ва олий таълим ташкилотлари билан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича пулли-контракт асосида ўтказиладиган маблағлар»;

қуйидаги мазмундаги 121-банд билан тўлдирилсин:

«121) нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг ва мактабларнинг, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этилган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг ва мактабларнинг қонунчиликда белгиланган нормалар доирасида ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг истеъдодли ва иқтидорли фарзандларини, шунингдек махсус контингентдаги тарбияланувчиларнинг муайян сонини бепул ўқитиш билан боғлиқ харажатлари»;

4) 378-модданинг 16-банди:

қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«фарзандларига нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва (ёки) мактаблар кўрсатадиган таълимга оид хизматлар учун ота-она (фарзандликка олувчилар) томонидан ҳар бир фарзанд учун тўланадиган ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловлар»;

учинчи, тўртинчи ва бешинчи хатбошилари тегишинча тўртинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

5) 382-модданинг 3-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

3.

Меҳнат шартномалари (контрактлари) ва фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартномалар бўйича олинган даромадлар, 1 ва 2-бандларда кўрсатилмаган бошқа даромадлар

6) 389-модданинг иккинчи қисмидаги «бундан йирик солиқ тўловчилар мустасно» деган сўзлар чиқариб ташлансин;

7) 412-модда биринчи қисмининг 1-банди:

саккизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Агар объектнинг 1 кв. метри қиймати ушбу бандда белгиланган энг кам қийматдан паст бўлса, солиқ тўловчи кўчмас мулк объектлари қийматини мустақил баҳолашни амалга оширишга ҳақли. Бунда мустақил баҳолаш натижалари, шу жумладан солиқ тўловчи томонидан ўтган икки йилда ўтказилган мустақил баҳолаш натижалари солиқ базаси сифатида эътироф этилади»;

қуйидаги мазмундаги тўққизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Ушбу бандда белгиланган энг кам қиймат татбиқ этилмайдиган кўчмас мулк объектлари қонунчиликда белгиланади»;

8) 414-модданинг учинчи қисми қуйидаги мазмундаги 3-банд билан тўлдирилсин:

«3) қишлоқ жойларда жойлашган (бундан шаҳарлар ва туманларнинг марказлари мустасно) антенна-мачта металл конструкциялари, шу жумладан уларга ўрнатилган ҳамда уларнинг ажралмас қисми бўлган конструкциялар»;

9) 428-модданинг иккинчи қисми қуйидаги мазмундаги ўн учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«қишлоқ жойларда жойлашган (бундан шаҳарлар ва туманларнинг марказлари мустасно) антенна-мачта металл конструкциялари, шунингдек уларга ўрнатилган ҳамда уларнинг ажралмас қисми бўлган конструкциялар эгаллаган ер участкалари»;

10) 463-модда иккинчи қисмининг олтинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;

11) 464-модданинг иккинчи қисми қуйидаги мазмундаги 4-банд билан тўлдирилсин:

«4) тадбиркорлик субъектлари учун — товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадларининг 0,5 фоизидан ошмаган миқдорда ўз ходимларига ва уларнинг яқин қариндошларига оммавий-маданий ҳамда концерт-томоша тадбирларига бориши учун чипталар харид қилишга доир харажатлар суммасига»;

12) 483-модда қуйидаги мазмундаги йигирманчи — ўттиз олтинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

«Чакана савдо ва умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш), автотранспорт воситасида йўловчи ва юк ташиш, автотранспорт воситаларини таъмирлаш ҳамда уларга техник хизмат кўрсатиш, компьютер хизматларини, маиший техникани таъмирлаш, агро ва ветеринария хизматлари кўрсатувчи, шунингдек кўнгилочар марказларда хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари — 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди.

Ушбу модданинг йигирманчи қисмида назарда тутилган имтиёз, агар белгиланган фаолият турларини амалга оширишдан олинган даромадлар жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил қилса, тадбиркорлик субъектларига нисбатан татбиқ этилади. Ходимлар сонини яшириш фактлари аниқланган тақдирда мазкур имтиёзнинг амал қилиши бекор қилинади.

Маҳаллалараро савдо-хизмат кўрсатиш кўчалари бўйлаб жойлашган, уй-жой учун мўлжалланган кўчмас мулк объектлари ушбу модданинг йигирманчи қисмида белгиланган хизматлар турларини кўрсатиш учун яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк тоифасига ўтказилган тақдирда, 2024 йил 1 январга қадар жисмоний шахслар жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғини ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғини уй-жойга мўлжалланган кўчмас мулк объектлари, шунингдек ушбу объектлар эгаллаган ер участкалари учун белгиланган солиқ ставкалари бўйича тўлайди.

Маҳаллалараро савдо-хизмат кўрсатиш кўчаларининг рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланади.

Тадбиркорлик субъектлари 2022 йил 1 январдан 2027 йил 1 январга қадар бўлган даврда майдони беш минг квадрат метрдан юқори бўлган савдо комплекслари ва меҳмонхона (жойлаштириш воситалари), шу жумладан, улар эгаллаган ер участкалари бўйича қуйидагиларга ҳақли:

юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ ставкаларига нисбатан 0,1 коэффициентни қўллашга. Бунда 2027 йил 1 январга қадар янгидан қурилган ушбу кўчмас мулк объектларига ва ушбу объектлар эгаллаган ер участкаларига нисбатан мазкур имтиёз улар фойдаланишга топширилган ойдан эътиборан беш йил мобайнида қўлланилади;

фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш чоғида икки йил давомида мазкур биноларнинг қийматини амортизация тарзида чегириб ташланадиган харажатлар жумласига киритишга.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида кўрсатилган туманлар ва шаҳарларнинг белгиланган туризм зоналарида рўйхатдан ўтказилган ҳамда мазкур ҳудудларда умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш), савдо, кўнгилочар, туроператорлик ва турагент хизматларини кўрсатадиган тадбиркорлик субъектлари — 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда:

айланмадан олинадиган солиқни 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди;

ушбу ҳудудларда жойлашган объектларга, шунингдек мазкур объектлар эгаллаган ер участкаларига нисбатан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини ушбу солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдорида тўлайди.

Туманлар ва шаҳарлар туризм зоналари чегаралари Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳудудий бош бошқармаларининг хулосаларига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари томонидан белгиланади.

2022 йил 1 апрелдан 2024 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда:

Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари бўлган жисмоний шахсларнинг (акциядорларнинг) акциялар бўйича дивидендлар тарзидаги даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади;

Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган юридик шахсларнинг (акциядорларнинг) акциялари бўйича дивидендлар тарзидаги даромадларига фойда солиғи бўйича 5 фоиз миқдорида солиқ ставкаси қўлланилади;

Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг хўжалик жамиятлари облигациялари бўйича фоизлар тарзидаги даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан ҳамда фойда солиғидан озод этилади.

Тадбиркорлик субъектларининг миллий мусиқа чолғу асбобларини ишлаб чиқаришдан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этса, айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқ 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўланади.

Хўжаликларда балиқ етиштиришни кооперация асосида йўлга қўйган солиқ тўловчилар 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда барча солиқларни (бундан қўшилган қиймат солиғи ва ижтимоий солиқ мустасно) тўлашдан озод этилади.

Ушбу модданинг йигирма тўққизинчи қисмида назарда тутилган имтиёз жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг умумий ҳажмида балиқ етиштириш фаолиятидан олинган даромадининг улуши 90 фоиздан ортиқни ташкил этган солиқ тўловчиларга нисбатан қўлланилади.

Чарм, мўйна хом ашёсини ва жунни тайёрлаш, сақлаш ҳамда қайта ишлаш, қорамолни автоматлаштирилган тарзда сўйиш, жун, қоракўл ва сунъий чармдан буюмлар, чарм-атторлик маҳсулотлари, пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи солиқ тўловчилар 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар бўлган даврда ушбу фаолияти бўйича фойда солиғини, айланмадан олинадиган солиқни ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод этилади.

Ушбу модданинг ўттиз биринчи қисмида белгиланган солиқ имтиёзлари қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилади:

чорва молларни сўйишга ихтисослаштирилган, замонавий автоматлаштирилган комплекслар билан жиҳозланган солиқ тўловчиларга;

ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг умумий ҳажмида чарм, мўйна, қоракўл хом ашёсини ва жунни йиғиш ҳамда тайёрлаш, уларни қайта ишлаш (фойдаланиш) учун кейинчалик сотиш фаолиятидан олинган даромадининг улуши 80 фоиздан кам бўлмаган солиқ тўловчиларга;

ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг умумий ҳажмида чарм, мўйна, қоракўл хом ашёсини ва жунни қайта ишлаш, шунингдек бутловчи буюмларни, фурнитура, аксессуарлар, пойабзал қолиплари, пойабзал тагликлари, устки қисмлари, желатин, сунъий чарм, пойабзал, чарм-атторлик, мўйначилик, қоракўл маҳсулотини ва жундан ишланган буюмларни ишлаб чиқаришдан олинган даромадининг улуши 60 фоиздан кам бўлмаган солиқ тўловчиларга.

Чорва молларни сўйиш бўйича замонавий автоматлаштирилган комплексларга эга бўлган, шунингдек терини қайта ишловчи ва чармдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи солиқ тўловчилар юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод этилади.

Ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг умумий ҳажми қуйидаги талабларга жавоб берса, солиқ тўловчилар ижтимоий солиқни 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди:

болалар, аёллар ва спорт пойабзалларини, сунъий (эко) чарм, фурнитура, пойабзал қолиплари ҳамда тагликларини реализация қилишдан олинадиган даромадларининг улуши камида 60 фоизни ташкил этса;

пойабзалларни, чарм-атторлик маҳсулотларини ва мўйнадан тайёрланган буюмларни экспорт қилишдан олинадиган даромадларининг улуши камида 80 фоизни ташкил этса.

Белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича тиббиёт асбоб-ускуналари ва буюмларининг эҳтиёт қисмларини ҳамда тиббиёт мақсадлари учун сарфлов материалларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.

Меҳнат ресурслари зич бўлган қишлоқ жойларнинг реестрига киритилган ҳудудларда ходимларининг умумий сони 10 нафардан кам бўлмаган ҳамда у ерда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи хотин-қизлар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 50 фоизидан кам бўлмаган кичик тадбиркорлик субъектлари ўзида меҳнат фаолиятини амалга оширувчи хотин-қизларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фондидан олинадиган ижтимоий солиқни 2022 йил 1 сентябрдан 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди».

3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 20 январда қабул қилинган ЎРҚ-400-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, 1-сонга илова; 2017 йил, № 9, 510-модда; 2018 йил, № 4, 224-модда, № 7, 433-модда, № 10, 670-модда; 2019 йил, № 1, 5-модда, № 2, 47-модда, № 5, 267-модда, № 9, 589-модда, № 10, 671-модда, № 12, 880-модда; 2020 йил, № 10, 593-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 10, 969-модда; 2022 йил, № 2, 75-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимча киритилсин:

1) 289-модданинг тўртинчи қисмидаги «ва солиқларнинг» деган сўзлар чиқариб ташлансин;

2) 297-модда иккинчи қисмининг 8-банди қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Бунда Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари орқали қайта молиялаштириладиган ёки қайта кредитланадиган халқаро молия институтларининг ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари (қарзлари, кредитлари) ҳисобидан сотиб олинадиган товарлар бўйича имтиёзлар қўлланилмайди».

4-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 1 июлга қадар қабул қилинган ҳужжатларида назарда тутилган божхона божи бўйича имтиёзлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар амал қилади.

5-модда. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

7-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ушбу Қонун 2-моддаси 12-бандининг йигирманчи — йигирма бешинчи хатбошилари 2023 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.

Ушбу Қонун 2-моддаси 12-бандининг ўттизинчи хатбошиси 2022 йил 1 сентябрдан эътиборан амалга киритилади.

Ушбу Қонун 1-моддасининг ва 3-моддаси 2-бандининг қоидалари тижорат банклари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида 2022 йил 1 майдан кейин янгитдан тузиладиган битимлар (расмийлаштириш шакли ва усулидан қатъи назар) асосида сотиб олинадиган товарларга (хизматларга) нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу Қонун 2-моддаси 1 ва 7-бандларининг ҳамда 12-банди олтинчи — саккизинчи хатбошиларининг қоидалари 2022 йил 1 январдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Ушбу Қонун 2-моддаси 4, 8, 9-бандларининг ҳамда 12-бандининг иккинчи, учинчи, тўққизинчи — ўн еттинчи, йигирма олтинчи — йигирма тўққизинчи хатбошиларининг қоидалари 2022 йил 1 апрелдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Ушбу Қонун 2-моддаси 5-бандининг қоидалари 2022 йил 1 майдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

 Ушбу Қонунни ижросини таъминлаш мақсадида туманимиздаги ахоли ва тадбиркорлик субъектларига тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.    

Учқудуқ туман ДСИ Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш шўьбаси

07 Sep 2022
 
 

   Кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирокида соҳа фаолияти билан боғлиқ кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган долзарб масалаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

    Тадбир аввалида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан вазирлик томонидан амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар хусусида атрофлича маълумот бериб ўтилди.

Қизғин ва турли мавзуларга бой бўлган анжуман давомида журналистларнинг халқ таълими тизими, жумладан, мактаб дарсликларини чоп этиш, уларнинг ижараси, электрон кундалик тизими ва бошқа муҳим саволларга мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб берилди.

   Таъкидланганидек, эндиликда мактаб дарсликларининг ижара тўловлари доимий равишда бепул бўлади ва айни дамда бунинг механизми ишлаб чиқилиши бўйича Давлатимиз раҳбари томонидан топшириқ олинган. 

    Тадбир давомида таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва малакасини оширишга доир қатор муҳим масалалар юзасидан иштирокчилар саволларига жавоб берилди.

06 Sep 2022

     Кексалик ёшига етиб бориш ҳам аслида неъматлардан бири ҳисобланади. Юртимиздаги табаррук ёшдаги отахон-у оналаримизнинг ҳолидан хабар олиб турсак, уларга имконимиз даражасида оқибат, меҳр-мурувват кўрсатсак улкан савобларга эга бўлиш билан бирга уларнинг ҳаётий тажрибалари ҳамда турмуш сабоқларидан фойдалана олишимиз мумкин. Кексалар ва муҳтож инсонларнинг кўнглини, руҳини кўтариш, савоб амалларини бажаришга интилиш — буларнинг ҳаммаси халқимизда авлоддан авлодга ўтиб келаётган азалий қадрият сифатида мужассам. Нуронийларга берилаётган эътиборни эътироф этган ҳолда ҳозирда жойларда  энг - улуғ, энг - азиз, байрам арафасида кенг кўламли меҳр-мурувват тадбирлари ўтказилмоқда. Айни хайри-эҳсон тадбирларининг узвий давоми ўлароқ, Шимолий кон бошқармасига қарашли Идоравий Ҳарбийлаштирилган  Қўриқлаш отряди ёшлари ва 21 сонли Касаба уюшмаси раиси  билан биргаликда, отряднинг ижтимоий ҳимояга муҳтож ва нуроний ёлғиз нафақахўрлари холидан хабар олинди. Жумладан шундай нуронийлардан бўлмиш Акрамова Галина Александровна, Гуляева Тамара Георгевналарнинг яшаш хонадонларига ёшлар ташриф буюриб, ШКБ раҳбарияти ва ИҲҚ отряди бошлиғининг байрам табрикларини етказдилар ва улар учун махсус тайёрланган озиқ овқат  жамланмаларини топширдилар.

    Алломалардан бири яхшилик қилган одамнинг умри узун бўлади, деган экан. Дарҳақиқат, Оллоҳ яхшилик эгасининг умрига умр қўшади, унинг яхшилигини авлодларига мерос қолдиради, бу мерос зурриёдларида абадул-абад давом этади. Бугун ёшлар қўли билан кексаларга юборилган эътибор ва меҳр намунаси келажакда албатта ёшларнинг самарали мехнати ва шижоатига сабаб бўлиши шубҳасиз.

Шимолий кон бошқармасига қарашли

Идоравий Ҳарбийлаштирилган  Қўриқлаш отряди

ёшлар етакчиси Тўйев Нодирбек

05 Sep 2022

    Ўқув йилининг дастлабки соатларида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида «Мустақиллик дарслари» ва «Маънавият соатлари» ўтказилди.
Тумандаги 10-умумтаълим мактабида 1034 нафар ўқувчи таҳсил олади. Уларга 106 нафар мутахассис ўқитувчилар таълим-тарбия бермоқда. Таълим масканида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

    Шундан сўнг туман ҳокими Хамроев Соли Фармонович тадбир иштирокчилари ҳузурида сўзга чиқиб, барчани мустақиллигимизнинг ўттиз бир йилиги ҳамда бошланаётган янги ўқув йили билан табриклади. Тадбирда ўқувчи-ёшлар ўзлари тайёрлаган бадиий дастурларини намойиш этишди.
Тантанали тадбирдан сўнг барча ўқувчилар синфларга йўл олди. Туман ҳокими мактабнинг 11-синф ўқувчиларига «Мустақиллик дарси»ни ўтди. Мустақиллик – энг улуғ неъмат. Мамлакатимиз тарихан қисқа даврда жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллагани, улкан ютуқ ва марраларни қўлга киритгани, бугунги кунда ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган Янги Ўзбекистондаги ўзгариш ва янгиланишларни мисоллар асосида тушунтириб берди.

   Келажак сари интилаётган сиз ёшларга Ватанни севиш, унинг тинчлигини асраб-авайлаш, тараққиётига ҳисса қўшиш ҳар бирингизнинг бурчингизга айланиши, асосийси, бу ният ва мақсадларга эришиш йўлида сиз ўқувчилар кучли билимга эга бўлишингиз, одоб-ахлоқ, тарбия билан камолга етишингиз зарурлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Сиз муқаддас даргоҳдасиз, мақсадингиз билим олиш, шундай экан янги ўқув йили янги марралар, янги ғалабалар билан бошланишига тилакдошман дея ўз фикрларини билдириб ўтди – туман ҳокими.

    Туман ҳокими мактаб остонасига илк бор қадам қўяётган 156 нафар жажжи ўғил-қизларга ва мактабнинг 11-синф ўқувчиларига турли хилдаги китобларни эсдалик совғаси сифатида топширди. Ўтган ўқув йили давомида вилоят ва Республика миқёсида ютуқларга эришган ўқувчи ва ўқитувчилар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

    Янги ўқув йили бошланишига бағишланган тантанали тадбирлар туман халқ таълими бўлимига қарашли 19 та умумтаълим мактабларида бўлиб ўтди. 8000 га яқин ўқувчи таҳсил олаётган таълим муассасаларида 800 дан ортиқ ўқитувчилар таълим тарбия бериб келмоқда. Янги ўқув йилида ташкил этилган биринчи қўнғироқ тадбирлари туман бўйлаб юқори савияда ташкиллаштирилди. Тадбирларда корхона, ташкилот, муассасалар вакиллари, тарғиботчилар, кенг жамоатчилик, депутатлар иштирок этдилар.

31 Aug 2022

 

   Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида ҳаётимизда юз бераётган оламшумул ўзгаришларни узоғимизни яқин қиладиган транспорт воситаларию равон йўллар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

   Буни биргина Учқудуқ тумани мисолида айтадиган бўлсак, “Обод маҳалла” дастури доирасида “Айтим” маҳалласида 2 млрд. 263 млн. сўм мабла- эвазига 6,13 км. “Навоий” маҳалласида 2 млрд. 279 млн. сўм ҳисобидан 5,14 км. ички хўжалик автомобиль йўлларини таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

   Ҳар қандай ҳужжат — ижроси билан кучли, ижроси билан фойдали. Буни бежиз таъкидламадик, сабаби ҳаётга татбиқ этилаётган “Обод марказ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ҳам ижроси билан одамлар ҳаётига ўзгача файз олиб киряпти.

   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 январдаги “2022–2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-98-сонли қарорларига асосан “Обод марказ” дастури доирасида Учқудуқ тумани марказидаги Мустақиллик кўчасининг қиёфасини тубдан ўзгартириш ишлари олиб борилди. 

   3 млрд. 225 млн. сўм маблағ ҳисобига 618 метр масофадаги автомобиль йўлида таъмирлаш-кенгайтириш ишлари амалга оширилди. Бу ерда 1236 метр пиёдалар йўлаклари, 618 метр велосипед йўлаклари янгидан қурилди. Йўл бўйларига 32 дона кўча ёритиш чироқлари, 3 дона светафор ўрнатилиб, бугун аҳолимиз учун фойдаланишга топширилмоқда.

   Учқудуқ тумани марказидаги ички йўларга 50 йилдан ортиқ вақт мобайнида эътибор берилмаган, қурилиш-кенгайтириш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмаган. Сўнгги 3 йилда туманнинг бюджет харажатларидан орттириб бажарилган қисми маблағларининг аксариятини ички йўлларга сарфланмоқдамиз.

   Бу йўналишдаги ишларни давом эттирган ҳолда, жорий йилда “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида 7 та лойиҳа овозга қўйилмоқда. Булар Абай маҳалласи ҳудудидаги 65 метр, “Деҳқон бозори” га киравериш қисмининг 80 метр, Йўлчилар овули ҳудудидаги 85 метр, Мустақиллик маҳалласи ҳудудидаги 745 метр, Дўстлик маҳалласидаги 270 метр, Олтинтоғ кўчасида 55 метр, М.Авезов кўчасида 34 метр, Тоғли кўчасида 72 метр жами 3 км. 347 метр масофадаги ички йўлларга 2 млрд. 390 млн. сўм маблағ йўналтирилмоқда.

   Йўлсозлик – улуғ, шу билан бирга, машаққатли касб. Бугун фойдаланишга топширилаётган “Мустақиллик” кўчасидаги йўлда қурилиш-таъмирлаш ва кенгайтириш ишларини Учқудуқ туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ишчи-ходимлари олиб боришди. Улар ёзнинг жазирамасини писанд этмай ўзларига берилган вазифани сидқидилдан адо этишди. Лойиҳани муддатида фойдаланишга топширишди.

   Халқимизнинг “Йўл қуриш – савоб” деган пурмаъно нақли замирида ҳам ана шу ҳаёт ҳақиқати мужассам, десак, муболаға бўлмайди. Негаки, кичик бир йўл ёки кўприк бунёд этилиши туфайли қанчадан-қанча одамлар мушкули осонлашиб, манзили яқинлашади.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

 

30 Aug 2022

 

   Ҳар қандай ҳужжат — ижроси билан кучли, ижроси билан фойдали. Буни бежиз таъкидламадик, сабаби ҳаётга татбиқ этилаётган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ҳам ижроси билан одамлар ҳаётига ўзгача файз олиб киряпти.

   Бу борадаги ишларда барча маҳаллий ҳокимлик вакиллари билан бир қаторда Учқудуқ туман прокуратураси, 2-сектор масъулларининг ҳам алоҳида ҳиссаси бор. Сектор фаоллари дастурларнинг амалга оширилиши билан боғлиқ ишларни назорат қилиш ва уларга кўмаклашишда яхши тажриба тўплаган, десак, муболаға эмас.

   Бугунги кунда сектор ҳудудидаги Навоий маҳалласида “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида 14-сонли МТТ 6 млрд.489 млн. сўм миқдоридаги маблағ эвазига капитал таъмирдан чиқарилаяпти. 7-умумий ўрта таълим мактаби биноси том қисми ва фасад қисмида 315 млн. 800 минг сўм эвазига таъмирлаш ишлари олиб борилади.

   Шунингдек, сектор ҳудудидаги Х.Дўстлиги кўчасидан ўтувчи йўллар 2 млрд. 279 млн. 300 минг сўм маблағ сарфланиб, асфальт қопламаси ётқизилади.

   Учқудуқ туман прокурори Р.Н.Рахматов сектор ҳудудида давлат дастурлари асосида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларининг ҳолатини жойида чиқиб ўрганди. Аниқланган камчиликлар муҳокама қилиниб, қурилиш-таъмирлаш ишларини сифатли амалга ошириш ва белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш юзасидан вазифалар белгиланди.

   Муҳими, қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширишда суиистеъмолчиликларга йўл қўймаслик борасида масъулларга тегишли топшириқлар берилди. 

   Навоий маҳалла аҳолиси давлатимиз томонидан олиб борилаётган ишлардан, кейинги йиллардаги туб ўзгаришлардан миннатдор.

 

30 Aug 2022

 

   Xалқимизга хос миллий қадриятларимиздан бўлган меҳр-мурувват ва саховатпешалик фазилатлари доимо юртдошлармизнинг эътиборидан четда қолмаган.

   Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларга, кам таъминланган, якка ёлғизлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқаролар давлатимиз ва мурувватли инсонлар томонидан холидан хабар олинмоқда.

   Энг улуғ, энг азиз байрамимиз Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 31 йиллиги байрами арафасида Учқудуқ туман прокурори Р.Н.Рахматов томонидан 2-сектор ҳудудида яшовчи якка-ёлғиз, ижтимоий – тиббий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди.

   Уларни қийнаб келаётган муаммолар, уй ва яшаш шароитлари ўрганилди. Ушбу фуқароларнинг ҳаётини яхшилаш, ижтимоий-тиббий ёрдам кўрсатишни яхшилаш юзасидан тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарларига топшириқлар берилди.

   Шунингдек, яшовчи якка-ёлғиз, ижтимоий – тиббий ҳимояга муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.

 

30 Aug 2022

    Учқудуқ туман прокурори Р.Н.Рахматов томонидан тумандаги умумий ўрта таълим мактабларининг янги 2022-2023 ўқув йилига тайёргарлиги борасида жойига чиққан ҳолда танқидий ўрганилди. 

    Жумладан, туман халқ таълими бўлимига қарашли 7, 10, 18, 20-сонли умумий ўрта таълим мактабларининг ўқув бинолари, синф хоналари, спорт заллари, иситиш тизими ва бошқа объектларнинг янги ўқув йилига тайёргарлиги кўздан кечирилди. 

   Бунда, синф ва лаборатория хоналарининг зарур жиҳозлар билан жиҳозланганлиги, ўқувчиларни дарсликлар билан, педагог-ўқитувчиларни услубий қўлланмалар билан таъминланганлик ҳолати ўрганиб чиқилди.

   Бир сўз билан айтганда эртамиз эгалари ёшларнинг бугунги замон талабига мос таълим-тарбия олишлари учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

   Муассаса раҳбарларига аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва янги ўқув йилида спорт, маданий ва ўқув тўгаракларини ташкил этган ҳолда ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида зарурий тавсиялар берилди.

 

30 Aug 2022

Учқудуқ туман ҳокими С.Ф.Хамроевнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан йўллаган табриги 

    Ассалому алайкум азиз юртдошлар!

   Қадрли учқудуқликлар!

   Авваламбор, Сиз азизларни ва бутун туманимиз аҳлини энг улуғ ва энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 31 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.

   Биз учун янги давр, эркин ва озод ҳаётни бошлаб берган ушбу қутлуғ сана ҳар бир инсон, ҳар бир оила ҳаётида ўз ўрнига эга. Шу боис ҳам бу айёмни ҳар биримиз ўзгача кўтаринкилик ва меҳнатда катта зафарлар билан кутиб оламиз.

   Зеро, мустақиллигимизнинг жорий йилда “Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” деган эзгу ғоя асосида нишонланиши замирида ҳам юртдошларимизнинг Ватанимизга бўлган юксак меҳри ва чексиз фахру ифтихори мужассамдир.

   Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъкидлаганларидек, истиқлол йилларида эришган ютуқларимизга таяниб, миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари дадил қадам қўймоқдамиз.

   Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси, “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” давлат дастури, “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” каби муҳим дастур ва режалар доирасида олиб борилаётган туб ислоҳотлар сўнгги йилларда аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини тубдан юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

   Буни биргина, туманимиз мисолида айтадиган бўлсак, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида сўнгги уч йил ичида 5 та овул фуқаролар йиғларнинг янги, обод ва янада кўркам қиёфаси яратилди. Уларда 31,8 км йўл-трнаспорт инфратузилмаси, 86.8 муҳандислик-коммуникация тармоқлари, 13 ижтимоий соҳа объектларида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

  Aҳоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида 2022 - 2023 йилда туманимизда 32 та 1498 хонадонли янги янги уй-жойлар барпо этиляпти.

  Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун зарур шароитлар яратиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир. 

   Зеро, тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади, янги иш ўринлари ташкил этиб, аҳоли бандлигини таъминлайди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Учқудуқда кичик бизнес субъектлари сони йилдан-йилга ошиб бормокда. 2017 йилга нисбатан, хусусий корхоналар сони беш баробарга ошиб, бугунги кунда давлат рўйхатидан ўтган кичик бизнес субъектлари сони 1200 тадан зиёдни кўрсатмоқда.

   Иқтисодиётнинг кон томирига айланган кредитларни ўзлаштириш борасида ҳам қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 2022 йил ҳисобот даврида 2 та тижорат банки томонидан тадбиркорлик субъектларини молиявий кўллаб-қувватлаш учун жами 16,5 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. "Ҳар бир оила - тадбиркор" давлат дастури доирасида 369 нафар ёш тадбиркорга 11,0 млрд. сўм кредит маблаги ажратилиши худудда янги тадбиркорлик субъектлари сонининг ошишига хизмат қилди, десак муболаға бўлмайди.

   Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш борасида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш 2022 йилги дастури белгиланиб, умумий қиймати 167,4 млрд. сўмлик 68 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши натижасида йил давомида 392 та янги иш ўрни яратилади. Ушбу мақсадли дастур ижроси юзасидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис ҳамда қишлоқ хўжалиги йўналишларида 

   48,8 млрд. сўм лик 31 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилди.

Ҳудуд ривожланишида муҳим бўлган иқтисодиётнинг асосий тармоқлари жорий йил 6 ой якунида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 144,1 млрд. сўм, истеъмол моллари ишлаб чиқариш 49,2 млрд. сўм, асосий капиталга киритилган инвестициялар 118,9 млрд. сўм, қурилиш ишлари 58,3 млрд. сўмни ташкил этди. 

   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 апрелдаги "Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5088-сонли қарорига асосан тумандаги 4 гектар ер майдонида "Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси" ташкил этилди. Мазкур ҳудудда умумий киймати 28,9 млрд.сўмлик 24 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда, қатор ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари қад ростламоқда.

Қадрли байрам қатнашчилари!

        

Бугунги қутлуғ айёмда Ватанимиз келажаги бўлган ёшлар камолоти йўлида қилаётган ишларимизни сарҳисоб қилишимиз табиий, албатта. 

Узлуксиз таълимнинг муҳим босқичи бўлган мактабгача таълим тизимидаги янгиликларга ўзингиз гувоҳи бўлиб турибсиз. 2017 йилда вилоятда  3-7 ёшдаги болаларнинг  64,4   фоизи мактабгача таълимга қамраб олинган бўлса, бугунги кунга келиб бу кўрсаткич 94 фоизни ташкил этади. Ёки 3721 нафар 3-7 ёшли болаларнинг 3443 нафари боғчага боради. 

Бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотлари сони жами 34 та шундан, 15 таси давлат мактабгача таълим ташкилоти, 2 та давлат хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти бўлиб, оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти сони 17 тани ташкил қилади. Йил охиригача яна 50 ўринли 1 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилиши ҳисобидан шунингдек, мавжуд боғчалардаги гуруҳлар тўлдирилиб, қамровни йил охиригача 97 фоизга чиқаришни режалаштирганмиз.

Айни кунларда 14 ва 15 сонли мактабгача таълим муассасаларида “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 9 млрд. 700 млн. сўм маблағ сарфланиб, капитал таъмирдан чиқарилаётган мазкур муассасаларда эртамиз эгаларининг баркамол, комил инсонлар бўлиб вояга етишлари учун барча шарт-шароитлар яратилади.

Мустақиллик йилларида юртимизда ёшлар келажаги, уларнинг ҳар томонлама баркамол инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлаш масаласи давлат аҳамиятига молик устувор вазифа сифатида қаралиб, бу борада улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан таълим соҳасига қаратилаётган эътибор, айтиш мумкинки ёшларимизнинг тақдири ҳал бўладиган умумий ўрта таълим тизимини янада ривожлантириш, ўқувчиларга замонавий талаблар асосида таълим-тарбия бериш, ўқитувчиларнинг жамиятдаги обрўси ва нуфузини ошириш борасидаги амалга оширилган ишлар барчамизни қувонтиради.

Азиз тумандошлар!

Асосий таянчимиз ва суянчимиз бўлган ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларга барча соҳаларда ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб бериш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. 

Учқудуқда бу йўналишда бир қанча ижобий ишлар амалга оширилган. “Ёшлар жамғараси” ҳисобига 789,3 млн. сўм маблағ йўнилтирилди. 220 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилган бўлиб, уларнинг 207 нафарига турли йўналишларда манзилли кўмак кўрсатилди. Жумладан, 45 нафар ёшга асбоб ускуна олишлари учун субсидия ажратилган, 21 нафар ёшга субсидия асосида сафарбарлик чақирув резерви ҳизмати харажатлари тўлиқ тўлаб берилган, 4 нафар ёшга ҳайдовчилик гувоҳномасига ўқиш харажатларининг 75% қоплаб берилди. Шунингдек, 23 нафар ёшларга субсидия асосида контракт маблағларининг 50% фоизигача бўлган қисми тўлаб берилди. Уй-жойга муҳтож 26 та ёш оилага ипотека дастури доирасида бошланғич бадал ва фоиз тўловлари тўлаб берилди. 

“Аёллар дафтари”га киритилган 286 нафар хотин-қизларнинг 285 нафарига амалий ёрдам кўрсатилди, бу кўрсаткич - 99,65%ни ташкил этади. 246 нафар аёллар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Жумладан, 45 нафар хотин-қизларимиздан 44 нафарининг бандлиги таъминланди, 27 нафар тадбиркорлик қилиш истагидаги опа-сингилларимизнинг 27 нафарига кредит ва субсидиялар ажратилиб берилди ва бандлиги таъминланди, учинчи, тўртинчи ва олтинчи тоифадаги хотин-қизлардан 168 нафарига жами 187,0 млн. сўмлик бир марталик моддий ёрдамлар кўрсатилди. 

Бугунги кунгача “Аёллар дафтари” га киритилган ижтимоий-тиббий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар учун 487, 0 млн.сўмга яқин маблағлар сарфланди.

Бундан ташқари, “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож 569 нафар фуқароларга 575 млн. 570 минг сўм миқдорида хайр-саховат ёрдамлари берилди.

Юқоридаги рақамларни таҳлил қиларканмиз, тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизлар ва ёшлар, турмуш шароити оғир, ишсиз, касб-ҳунарга эга бўлмаган фуқароларга давлат томонидан манзилли кўмак кўрсатиш мутлақо янги босқичга кўтарилганини кўришимиз мумкин.

Қадрли тумандошлар!

Ҳудудда юз бераётган ўзгаришлар, бунёдкорлик жараёнларининг бугунги суръати  тумандошларимизни янги марралар сари руҳлантирмоқда. Ислоҳотлар самарасини ўз тақдирида, кундалик ҳаётида кўраётган ҳар бир тумандошимиз қалбида бугунидан рози бўлиш, эртанги кунга мустаҳкам ишонч туйғуси мужассам. 

Бундан кейин ҳам халқ манфаати, одамларни ҳаётдан рози қилиш – доимо фаолиятимизнинг     асосий мезони бўлиб қолаверади.

Сўзимнинг якунида, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, юртимиз равнақи йўлидаги эзгу ишларингизда улкан муваффақиятлар тилайман. 

Юртимиз  тинч ва фаровон, меҳнаткаш ва  бағрикенг халқимиз доимо соғ-омон, осмонимиз мусаффо бўлсин!

 Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Эътиборингиз учун раҳмат!

 

 

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: