Навоий нафақат шоир, таржимон, тилшунос олим, балки давлат арбоби сифатида ҳам тарихда катта из қолдирган. Ана шунинг учун ҳам унинг кўп рубоийлари, достонлари халқни қай йўсинда бахтли - саодатли қилмоқ мумкин, саволига жавоб тариқасида ёзилгандир.
Навоий ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш миқёси ХХ - асрда янада кенгайди 1941 йили қамал қилинган ва бомбалар ёғилиб турган Санк-Петербург шаҳрида шоир ижодига бағишланган анжуманнинг ўтказилиши илм йўлидаги фидойиликнинг ёрқин намунаси бўлган эди. Кейинги ярим аср давомида Навоий асарлари жаҳоннинг турли мамлакатларида қайта-қайта чоп этилди. Жаҳон тинчлик кенгаши 1968 йили Навоий юбилейи муносабати билан йўллаган табригида: "Жаҳон маданиятининг энг яхши дурдоналарига мансуб бўлган Алишер Навоийнинг қудратли ҳаётбахш шеърияти бутун тараққийпарвар инсониятнинг бойлиги бўлиб қолади", дея эътироф этган эди.
Навоий ижоди ўзининг ҳақиқий қадр-қимматини мустақил Ўзбекистонда топди, дея оламиз. 1991 йил - Алишер Навоий йили деб аталган эди. Мамлакатимиз бу улуғ зот номи билан мустақиллик даврига қадам қўйди. Бунда ўзига хос рамзий маъно бор. Зеро, Навоий ўзининг ҳаёти ва фаолиятини юрт мустақиллиги ва тинчлиги, ўзбек тилининг нашъу намоси учун бахшида этган эди.
Бугун Алишер Навоий ҳақли суратда жаҳон маданиятининг мумтоз вакиллари сафидан ўрин олди. Унинг асарлари жаҳондаги юзлаб тилларга таржима қилинди. Дунё аҳли унинг мероси билан қизиқмоқда, асарларида тараннум этилган олижаноб ғоялар ва фалсафий мушоҳадалардан завқ олмоқда. Шоир ҳайкаллари Япониянинг Сока университети ҳовлисида, Москва ва Боку шаҳарларида қад кўтарди.
Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги муносабати билан Шимолий кон бошқармаси “Шарқий” очиқ усулда қазиб олиш конида ҳам ишчи-ходимлар иштирокида маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Шеърият ва адабиёт кечасида шоир ижодидан намуналар ёд айтилиб, саҳна кўринишлари намойиш этилмоқда.
Нилуфар РЎЗИЕВА,
"Шарқий очиқ усулда қазиб олиш кони
маънавий-маърифий ишлар бўйича инспектори.