LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

24 Oct 2022

   Мазкур низом давлат пенсияларини тайинлаш, пенсия имтиёзларини қўллаш, қайта ҳисоблаш, тиклаш, тўлаш, пенсиядан чегирма қилиш, фуқароларнинг пенсия ва бошқа тўловлар билан таъминлашга доир масалаларини ҳал қилиш тартибини белгилайди.

   Ташкилотлар маъмурияти ҳар йили декабрда шахсий варақчалар ва меҳнат дафтарчалари асосида кейинги йилда ҳам умумий, ҳам имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладиган ходимлар рўйхатини тузади.

   Фуқаро пенсия тайинлашни сўраб пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб исталган вақтда, бирор муддат билан чекланмаган ҳолда мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

   Пенсия тайинлаш (қайта ҳисоблаш) учун зарур бўлган маълумотлар қуйидагилардан олинганида Пенсия жамғармаси бўлими пенсия тайинлаш учун мавжуд маълумотларни текшириш тўғрисида қарор қабул қилишига йўл қўйилмайди:

• жамғариб бориладиган пенсия тизимидан;

• пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестридан;

• фуқаролар иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестридан;

• ягона миллий меҳнат тизими идоралараро дастурий-аппарат комплекси ва бошқа вазирлик, идораларнинг ахборот тизимларидан.

   Қуйидагиларни тайинлашни сўраб мурожаат қилганда илова қилиниши зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотлар Ягона миллий меҳнат тизими идоралараро дастурий-аппарат комплексида мавжуд бўлган ҳолларда илова қилинмайди:

• ёшга доир пенсия тайинлашни;

• ногиронлик пенсиясини тайинлашни;

• боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлашни;

   Пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахс зарур ҳужжатларни тақдим этмаган тақдирда, Пенсия жамғармаси бўлими ушбу ҳужжатларни тегишли ташкилотлардан талаб қилиш юзасидан ёрдам кўрсатади. 

Лола ШЕРОВА,

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси 

туман бўлими етакчи инспектори.

 

20 Oct 2022

 

   Вилоят ҳокимининг таълим бўйича маслаҳатчиси, Хельсинки университети профессори, финландиялик Коли Ева Ханне бугун Учқудуқ туманида бўлиб, туман ҳокими С.Хамроев билан учрашди. Ева Ханне хонимга вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Хамидова ҳамроҳлик қилди.

   Суҳбат давомида Финландия мамлакати ҳақида батафсил маълумотлар бериб, мамлакат тили, бошқаруви, аҳолисининг яшаш тарзи тўғрисида сўзлаб берди.

   Шунингдек, мамлакатда таълимга бўлган эътибор, ота-оналар билан ҳамкорлик, ўқувчиларнинг эгаллаган билимларини ҳаётга татбиқ этиш йўллари, самарали ўқитиш усуллари, таълимда ортда қолаётган ўқувчини билим сифатини ошириш юзасидан қўлланиладиган усуллар ҳақида ҳам фикрларини баён этди.

    Вилоят марказидан олисда чўл ҳудудида жойлашган Учқудуқ шаҳридан олган таассуротлари билан ўртоқлашди. Ўз навбатида туман ҳокими С.Хамроев ҳам бугун мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, учқудуқлик ёшларнинг билимда, спортда қўлга киритаётган ютуқлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

   Музокаралардан сўнг, Коли Ева Ханне туманимиздаги 20-умумий ўрта таълим мактабида бўлди.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

 

20 Oct 2022

     Bugungi kunda hayotiy jarayonlar davomida koʻp marta quloqqa chalinib qoladigan, yoki biror tashkilotga borganda katta harflar bilan yozib qoʻyilgan Korrupsiya  va unga aloqador soʻzlar aslida koʻp ming yillik tarixga ega. Tarixiy manbalarga koʻra  korrupsiya haqida eramizdan avvalgi Shumer podsholigi davrida ham eslatib oʻtiladi. Korrupsiyaning bugungi kungacha yetib kelganligi esa  shundan dalolat beradiki, boshqa illatlar kabi, uni ham tag-tugi bilan yoʻqotib boʻlmaydi. jamiyat rivojiga xavf soluvchi korrupsiyaning oldini olish  bir yoki ikki mamlakatnigina tashvishga solayotgan mavzu emas. Bugun bu masala global darajada haligacha mukammal yechimini topmagan va topmaydiganga oʻxshaydi. Nega bilasizmi? Chunki, inson omili bunda yuqori. Moddiy manfaat yotibdi tagida, noqonuniy va harom boʻlsa-da. Insonning koʻziga togʻri yoʻl, gunoh koʻrinarmidi  gap pul haqida ketganda?!

    Naqadar xudbinmiz, naqadar koʻzi och. Cheksiz Qudrat Sohibi oldida bir lahzachalik qadri yoʻq bu umrimizda nimalarni xohlab, nimalarni tusamaydi bu nafs. Mol – dunyo-ku oʻz yoʻliga, oʻzimiz… oʻzimizga tegishli deb oʻylaydigan jism-u tanimiz ham Allohniki-ku! Nega tirishamiz toʻq qoringa yana ovqat qidirib, nega toʻymaymiz ogʻzimizda luqmamiz boʻla turib, nega boshqalarning qoʻliga qarab qolamiz qoʻynimiz toʻla ne’mat boʻlganda?

    Bizda ayb yoʻq! “Rozi qilishini men soʻrabmanmi?! Koʻnglidan chiqarib berdi-da qilgan ishimga yarasha! Oʻzi-ku qoʻyar-da qoʻymay, “oling-oling… chin dildan.. koʻnglimga tugib qoʻygandim endi, olsangizchi” deb hol-u jonimni qoʻymagan. Bermasayam rozi edim, nimayam derdim…”  Bizda ayb yoʻq!

    Masalaning bu tomoni ham bor. Shu darajaga tushdikki, tamagirlikning eng yorqin namunasi bugun oddiy, kundalik hayotda koʻp kuzatiladigan bir holatga aylangan. Faqat uni hech kim korrupsiya deb atamaydi. Uning nomi boshqacha jaranglaydi: “Niyat qilib qoʻygandim, ishim hal boʻlsa, shu akamizga bi-i-i-r …”

    Chindan, ayb pora oluvchilarda emas, balki uni beruvchilarda! Emishki, toʻrt – besh soʻm bersang, xotining bilan chaqalogʻingga yaxshiroq qararmish. Birov aytmaydiki, bu oq xalatlilarning vazifasi oʻzi shu – yaxshiroq qarash hamma bemorga!  Bolalar bogʻchasidan tortib, ishlaydigan ishxonalarimizgacha bu “an’ana” davom etadi. Demakki, qarashimizdagi nuqsonlarga tuzatish kiritmas ekanmiz, doim ishimiz hal boʻlishi uchun kimlarningdir hojatini chiqarib yuraveramiz. Natijada, “rivojlanish” avj oladi… faqat salbiy hisobda.       Korrupsiyaning noqonuniyligini, uning haromligini aqlga oʻrgatib boʻlmas ekan, uning tomir yoyishini keskin jazo bilan toʻxtatish kerakdir.

      Jinoyat Kodeksining 210-moddasidagi jazo turi pora bilan oziqlanadigan, “immunitet” shakllangan inson uchun kichik shamollashning bir koʻrinishidek gap. Faqat uni “oʻz vaqtida oldini olishga ulgurish” lozim. Bundaylar har qayerda oʻzlariga oʻxshaganlarni topib, hatto yarata oladilar. Asosiysi, masala “oʻraga sichqon tushdi, guldur gup boʻlsin”, yiring olib kattalashib ketmasin. Mana qanday korrupsiya urchib ketyapti. Oʻziga ishongan odam nega pora bersin? Oʻzini hurmat qilgan, iymonli odam nega pora olsin? Shunday ekan, bu puch ish amalga oshishida oʻzining “hissa”sini qoʻshganlarga jazoni keskinlashtirish qabih yoʻlga kirmoqchi boʻlgan har qanday insonni, yana bir bor chuqur mulohaza yuritishga undaydi. Ommaviy xalqqa sazoyi qildirish, kerak boʻlsa mol-mulkini toʻliq davlat tasarrufiga musodara qilish bilan ham kurashsak arziydi.

     Xohlardimki, korrupsiya ijtimoiy qatlamda oʻz oʻrniga ega boʻlmaganlarning belini bukchaytirmasin, yuzini yerga qaratmasin, taqdir shunaqa ekan deb tan berib ketaverishlariga zamin boʻlmasin, beparvo va norozi kimsalarga aylantirmasin! Jamiyatda aholidan korrupsiyaga boʻlgan munosabat soʻralishiga-da ehtiyoj qolmasin.

    Har bir jamiyatda korrupsion munosabat emas, korrupsiyaga nisbatan nafrat ufurib tursin.

    Davlatda ko’p sohalarning ildiziga bolta urar ekan, bu tanazzulning sababchilari keskin jazolansin! Yo’l yoqasidagi bannerlarda shiorlar emas, korrupsionerlarning suratlari osib qo’yilsin! Insonlarning yashash tarziga, hayotiga bu og’u xavf tug’dirmasin!

Yandashova Feruza Avaz qizi

Uchquduq tuman xalq ta’limi bo‘limi metodisti

17 Oct 2022

 

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Турсунов Кобул Бекназарович Учқудуқ туманида бўлиб, депутатлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан тарғибот йиғилиш ўтказди.

   Тарғибот тадбири Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз учинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонун ва кўриб чиқилган масалаларнинг мазмун моҳиятини аҳоли ва кенг жамоатчиликка етказиш масаласига бағишланди.

Йиғилиш аввалида Учқудуқ тумани ташкил этилганлигининг 40 йиллиги муносабати билан чоп этилган “Учқудуқ кеча ва бугун” китоб альбоми туман ҳокими томонидан Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Турсунов Кобул Бекназарович эсдалик учун топширилди.

Шундан сўнг, 2022 йил 7 октябрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда сенаторлар томонидан қабул қилинган 11 та масала, шу жумладан 6 та қонун юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ҳар қандай глобал шароитда, ҳар қандай вазиятда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, иқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, ёш авлод таълим-тарбиясига янада жиддий эътибор қаратиш муҳим вазифалардан саналади. 

   Олий Мажлис Сенатининг ўттиз учинчи ялпи мажлисида ушбу йўналишларнинг ҳуқуқий асосини такомиллаштиришга оид бир қатор масалалар сенаторлар томонидан атрофлича кўриб чиқилди ҳамда қизғин фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

Сенатнинг ялпи мажлисида сенаторлар янги таҳрирдаги “Стандартлаштириш тўғрисида”ги Қонунни муҳокама қилдилар. 

   Қайд этилганидек, амалдаги қонун 1993 йилда қабул қилинган бўлиб, бугунги кун талабларига ва стандартлаштириш соҳасидаги халқаро ҳужжатларга мазмунан тўғри келмайди.

   Қонун мақсади стандартлаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдир. Қонунда давлат стандарти тушунчаси мажбурий бажариш маъносини англатгани боис хорижий тажрибаларга таянган ҳолда “миллий стандарт” тушунчасига ўзгартирилмоқда. Чунки миллий стандартлар ихтиёрий асосда қўлланилиши белгиланмоқда.

    Жаҳон Савдо ташкилоти, Стандартлаштириш бўйича халқаро ташкилот ва бошқа ташкилотлар талабларига мувофиқ, ишлаб чиқарувчилар истеъмол бозорлари ёки хорижий бозорларга кириб бориши ҳамда рақобатбардошлилигини ошириб бориши учун стандартлар ихтиёрий асосда қўлланилади.Қонуннинг қабул қилиниши билан 18 мингдан ортиқ стандартлар мажбурий тусдан ихтиёрийликка ўтади. Шу билан бирга халқаро, минтақавий ва хорижий стандартларни Ўзбекистон Республикасида қўллаш тартиби жорий этилмоқда. Бунда улар Миллий органнинг қарори билан миллий стандартлар сифатида ўзгаришсиз қабул қилиш орқали қўлланилади.

   Шунингдек, стандартлаштириш соҳасида муайян муддатга қабул қилинадиган “дастлабки стандарт”ни (DS – Dastlabki Standart) қўллаш тартиби жорий этилмоқда.

   Турли хил идоралар кесимида стандартлаштириш бўйича ишларни алоҳида-алоҳида олиб бориш амалиёти бекор қилиниб, стандартларни экспертизадан ўтказиш, тасдиқлаш, рўйхатга олиш, янгилаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколати стандартлаштириш бўйича Миллий орган – Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Ўзбекистон Стандартлар институтига берилмоқда.

Қолаверса, стандартлаштириш фаолиятини ташкил этиш тартиби аниқ белгиланмоқда. Жумладан, стандартлаштириш ишларини режалаштириш, стандартлар ахборот базасини яратиш ва юритиш, стандартларни қўллаш, нашр қилиш ва тарқатиш, Стандартлаштириш соҳасидаги низоларни ҳал қилиш тартиби, яъни Апелляция комиссиясини тузиш белгиланмоқда.

   Қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларига замонавий ва хорижий стандартлар асосида ўз маҳсулотлари ва товарларини ишлаб чиқишда ҳамда хизматлар кўрсатишда қулайликлар яратиб беради. Бу аҳолига сифатли маҳсулотлар ва хизматлар кўрсатишга хизмат қилади. 

   Шунингдек, Сенатнинг ўттиз учинчи ялпи мажлисида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига пенсия тайинлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди.

   Таъкидланганидек, мамлакатимизда аҳолини, айниқса ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ижтимоий адолат принципларидан келиб чиқиб моддий қўллаб-қувватлаш, турмуш ҳамда ҳаёт даражасини оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

   Бугунги кунда Ўзбекистонда 782 минг ёки аҳолининг 

2,4 фоизини ногиронлиги бўлган шахс сифатида пенсия ва нафақа олувчилар (шундан 376 минг нафари I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар) ташкил этади.

   Қонуннинг асосий мақсади – ижтимоий адолат тамойилидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг даромадини ошириш ҳамда меҳнатини муносиб қадрлаш, фуқароларнинг пенсия таъминоти бўйича қонун ҳужжатларини амалиётда қўллашда юзага келаётган турли хил ёндашувларнинг олдини олишдан иборат.

   Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақти ёшга доир ёки боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланаётганида стажга қўшиб ҳисобланади. Бунда ногиронлик пенсияси олаётган фуқаро пенсия ёшига етганда ёки боқувчисини йўқотганда ногиронлик пенсиясини олишни давом эттирса (бошқа пенсия турига ўтмаса) I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақтини қўшиб ногиронлик пенсияси қайта ҳисобланмайди.

   Қонунга мувофиқ 2023 йил 1 январдан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсия тайинланганидан кейинги камида 1 йиллик иш стажи ва иш ҳаки миқдоридан келиб чиқиб ҳар 2 йилда бир маротаба тайинланган пенсия қайта ҳисобланади ҳамда пенсия миқдорига қўшиб борилади.

   Қонун қабул қилинса, 2023 йилда (1994–2022 йилларда иш стажига эга бўлган) 75 минг нафар I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсияларига ўртача 300 минг сўм қўшилади. Келгусида меҳнат фаолиятини олиб борганларнинг (бугунги кунда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг 

   43 минг нафари расман банд) пенсияси ҳар 2 йилда бир маротаба иш стажи ва ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб, қайта ҳисоблаб борилади.

   Қонунга мувофиқ пенсия олиш ҳуқуқи белгиланган ўгай фарзандини 18 ёшгача камида 5 йил тарбиялаган ўгай ота-оналар болани тарбиялаган даврини аниқлаш тартиби, Ўзбекистон Республикаси олдида алоҳида хизматлари бўлган шахсларнинг пенсияларига пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 100 фоизидан 150 фоизгача миқдорида устамалар тўлаш тартиби Ҳукумат томонидан белгиланиши кўзда тутилмоқда.Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши амалиётда мавжуд турли хил ёндашувларнинг олдини олиш, коррупциоген факторларни келтириб чиқарувчи ҳолатларга барҳам бериш, ижтимоий адолат тамойилидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг даромадини оширишга хизмат қилади.

   Шундан кейин ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

   Таъкидланганидек, мамлакатимизда ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 

   Шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда.

   Жорий йилда “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

   Бунинг натижасида жамоат эҳтиёжлари учун компенсация эвазига ер участкаларини олиб қўйиш масалаларини тўғридан-тўғри амал қиладиган яхлит қонун билан тартибга солинмоқда.

   Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми экани қайд этилди. 

 Қонун билан “Гаров тўғрисида”ги Қонунга ва Фуқаролик кодексига мулкий ҳуқуқларни мустаҳкамлашга қаратилган ўзгартишлар киритилмоқда.

   Хусусан, “Гаров тўғрисида”ги Қонунда агар гаровга қўювчининг гаров нарсаси ҳисобланувчи мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи мол-мулкнинг жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида қонунда белгиланган асосларда ва тартибда бекор бўлса, гаровга қўювчига бошқа мол-мулк берилиши ёки тегишли товон тўланиши белгиланмоқда. 

   Шунингдек, мулк ҳуқуқи билан боғлиқ муносабатлар махсус қонун, яъни “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинаётганлиги инобатга олиниб, Фуқаролик кодексининг тегишли моддаларидаги “қонун ҳужжатлари” деган сўзлар “қонун” деган сўз билан алмаштирилмоқда.

   Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши амалдаги қонунларда назарда тутилган қоидаларнинг турлича талқин қилинишининг олдини олишга ҳамда мулкка бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш ва мулкка доир муносабатларни фақат қонун доирасида тартибга солишга эришилади.

   Шу билан бирга, мулкдорларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилиниши ва хусусий мулкнинг бут сақланишини таъминлаш учун қўшимча ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилади. 

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

 

17 Oct 2022

 

   Virusli gepatit "A” – o’tkir yuqumli antropanoz kasallik bo’lib, kasallikning qo’zg’atuvchisi viruslardir. Kasallik jigar faoliyatining buzulishi va organizmda umumiy zaharlanish alomatlari bilan kechadi. Sarg’ayish belgisi bilan kechadigan kasalliklar aholiga qadimdan ma’lum bo’lib, bu kasalliklar to’g’risidagi birinchi ma’lumotlar Gippokratning ilmiy asarlarida bayon qilingan.

    Virusli gepatit "A” virusi o’z xususiyatlariga ko’ra enteroviruslar turiga, pikornaviruslar oilasiga mansubdir. Virusli gepatit "A” virusi antigenlik nuqtai nazaridan gomogen bo’lib, o’ziga xos yagona antigen saqlaydi. Bu antigen kuchli immunogenlik xususiyatiga ega.

   Virusning yuqori harorat, kislotalar, efirlar, dezinfektsiyalovchi vositalarga chidamliligi uning tashqi muhitda uzoq muddat saqlanib qolishini ta’minlaydi, ayniqsa past haroratda virus bir necha oy, hattoki yillab saqlanishi mumkin. Virusli gepatit "A” kasalligining asosiy manbai bemor odam hisoblanadi. Bemorlar najasida antigenlarini yuqori sezgirlikdagi immunoferment analizi usullari bilan sariqlik paydo bo’lishidan 12-14 kun oldin va sariqlik paydo bo’lgach yana 3 hafta mobaynida aniqlash mumkin. Virusning eng yuqori miqdori bemor najasida yashirin davr oxiri va butun sariqlik oldi davrida kuzatiladi. Bu paytda virusni 100% bemorlarda aniqlash mumkin. Sariqlikning 1-haftasida 50%, 2-haftasida 20% va3-haftasida 5% bemorda virus aniqlanadi, 4-haftasida virusli gepatit "A”-antigeni kamdan-kam hollarda topiladi. Infektsiya manbai sifatida sariqlik oldi davridagi bemorlar hamda "A” gepatitning simptomsiz shakli bilan og’riganlar eng katta xavf tug’dirishadi.

    Organizmga tushgan qo’zg’atuvchi miqdoriga qarab, virusli gepatit "A” kasalligining yashirin davri 15 kundan 50 kungacha bo’lishi mumkin, o’rtacha 25-30 kunni tashkil etadi. Virusli gepatit "A” kasalligi asosan og’iz orqali yuqadi, ya’ni ifloslangan suv, oziq-ovqat mahsulotlari va maishiy-muloqot orqali yuqadi. Ko’pchilik hollarda suv yo’li asosiy yuqish yo’li bo’lib xizmat qiladi. Oziq-ovqat yo’li bilan zararlanish o’tkir va aksariyat hollarda surunkali tusda amalga oshadi. Bu yo’l bilan yuqishda termik ishlov berilmaydigan turli-tuman oziq-ovqat mahsulotlar, meva-sabzavotlar, ko’katlar, poliz mahsulotlari, sharbatlar asosiy yuqtirish omillari hisoblanadi. Virusli gepatit "A” kasalligining oldini olishning asosiy tadbirlari shaxsiy gigiyena qoidalariga rioya etish, oziq-ovqat mahsulotlarini saqlash, meva va sabzavotlarni istemol qilishdan avval yuvish, suvni faqat qaynatilgan holda iste’mol qilish, kasallik aniqlangan bemorlarni o’z vaqtida virusli gepatit "A” ga qarshi emlash, kasallikni oldini olishda samarali profilaktik chora-tadbiri hisoblanadi

     Bugungi kunda Dunyoning ayrim davlatlarida virusli gepatit "A” kasalligidan himoyalovchi samarali vaksinalar ishlab chiqilib, ommaviy emlash ishlari olib borilmoqda. Virusli gepatit "A” kasalligiga qarshi emlash 94-98% holatlarda virusli gepatit "A” kasalligini oldini oladi va ushbu vaksina ishlatilganda emlashdan keyingi asoratlar kuzatilmaydi.

    Hozirgi vaqtda, virusli gepatit "A” kasalligiga qarshi emlash ishlari keng tarzda olib borilmoqda. Virusli gepatit "A” kasalligiga qarshi emlash maqsadida, Xitoy davlatida ishlab chiqarilgan "MEVAK-A” vaksinasi qo’llanilmoqda. Jahon sog’liqni saqlash tashkilotining tavsiyasiga ko’ra, ushbu vaksinaning xavfsizligi va sifatini kafolatlovchi sertifikatlari mavjud bo’lib, vaksinatsiya bir marotaba qo’llaniladi, qayta emlash ishlari talab etilmaydi. Virusli gepatit "A” kasalligiga qarshi emlashga asosan 18 oyligidan 14 yoshgacha bo’lgan bolalar emlanishi rejalashtirilgan. Virusli gepatit "A” kasalligiga qarshi emlash ishlari viloyatning barcha shahar va tuman tibbiyot birlashmalaridagi emlash punktlarida amalga oshiriladi.

   Hurmatli ota-onalar, bolalaringizni virusli gepatit "A” kasalligiga chalinmaslikning asosiy va yagona usuli, virusli gepatit "A” kasalligiga qarshi profilaktik emlash hisoblanadi. Bugungi kunda maktablarda hamda Maktabgacha ta’lim tashkilotlarida va uyushgan hamda uyushmagan bolalar o’rtasida virusli gepatit “A” kasalligi qayd etilmasligi maqsadida profilaktik tadbirlar, jumladan alohida qaynatilgan suvdan iste’mol qilishlari, shaxsiy gigiyenaga amal qilishlari, tartibsiz ovqatlanmasliklari tavsiya etiladi. 

Uchquduq tuman SEO va JS bo’limi. Muallif. N.Adizova

17 Oct 2022

 

    «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун ID-69486 лойиҳаси regulation.gov.uz.uz порталига кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

  Ушбу лойиҳада Ўзбекистон Жиноят кодексига янги 192-12-модда киритилиши таклиф этилмоқда. Унга кўра, жисмоний ва юридик шахсларнинг банклардаги маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки ҳисобдан чиқариш ва ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаганлик учун жавобгарлик кўзда тутилмоқда.  

   Лойиҳада агар банк ҳисобварағидаги пул маблағлари мижознинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки ҳисобдан чиқариш, ва ортиқча ундирилган пул маблағларини жисмоний ва юридик шахсларнинг биринчи талабига асосан қайтармаганлик учун маъмурий жазо қўллангандан кейин содир этилган бўлса, БҲМнинг 200 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 300 соатдан уч 360 мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.  

   Шунингдек, ўша ҳаракатлар, кўп миқдорда зарар етказган ҳолда, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, БҲМнинг 300 бараваридан 500 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.  

Жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, БҲМнинг 500 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.  

Бу дегани, агар банк мижозларнинг рухсатисиз уларнинг банкдаги маблағларини қонунга хилоф равишда бошқа жойларга ўтказса ёки мижоз талаб қилганда вақтида қайтармаса ёки ортиқча пул ундириб, уни ўз вақтида қайтармаса, юқорида келтирилган жавобгарлик белгиланади.  

    Фирибгарлик ва ўғрилик учун жазо оғирлаштирилиши мумкин. Ахборот тизимларига ноқонуний кириб ва улардан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик жинояти учун БҲМнинг 300 бараваридан 400 бараваригача жарима тўланади. Ҳозир бу миқдор 100 дан 300 гача ёки амалдаги нормага кўра ушбу жиноят учун 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган бўлса, эндиликда бу муддат 5 йилдан 8 йилгача этиб қатъий белгиланмоқда.  

   Бир сўз билан айтганда, агар рухсатсиз сизнинг картангиздан пул ўғирлашса ёки сизни алдаб карта маълумотларингизни олиб пул ўғирлашса, 90 миллион сўмдан 120 миллион сўмгача жарима ёки 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этилади.

 

13 Oct 2022

   Сўнгги йилларда бутун дунёда глобал иқлим ўзгариши сабабли табиий офатларнинг сони тобора ортиб бораётганлиги сабабли Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан «13-октябрь – Халқаро табиий офатлар хавфини камайтириш куни» деб эълон қилинганлиги ҳамда мамлакатимиз аҳолисини табиий офатлар хавфини камайтириш соҳасидаги билим маданиятини шакллантириш, табиий офатлар хавфини бартараф қилиш, уларнинг оқибатларини камайтириш ва офатларга тайёргарлигини ошириш мақсадида Шимолий кон бошқармаси объектларини ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш бўлими профилактика ва назорат бўлинмаси ҳарбий хизматчилари томонидан «13-октябрь – Халқаро табиий офатлар хавфини камайтириш куни»да 3-гидрометаллургия заводи, Сульфат кислота ишлаб чиқариш цехи, Тамирлаш механик цехи масканларида 160 дан ортиқ ишчи-хизматчилар билан давра суҳбатлари ўтказилиб, табиий офатларга қарши курашиш қандайдир даврийлик учун хос эмас, яъни ушбу вазифа доимий саъй-ҳаракат, кузатиш, таҳлил, мониторинг ва башоратлаш тадбирларини ишлаб чиқиш ва жорий этишни талаб қилиши, бунинг учун эса республикамизда фаолият юритаётган вазирлик ва идоралар ўз зиммасидаги вазифа ҳамда функцияларни тўлақонли амалга ошириши зарурлиги айтиб ўтилди.

          Зеро, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги учун барчамиз бирдек масъулмиз.

ШКБ ОЁХТТEБ П ва НБ катта инспектори майор 

                         Худойқулова Ҳилола Холиқуловна

ШКБ ОЁХТТEБ П ва НБ инспектор капитан 

                            Саматов Санжар Саломович

93 319 10 01


 

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: