Халқ тилида “Модел” деб аталувчи “Қурувчилар” кўчаси янгидан ташкил этилган “Ифтихор” маҳалласи ҳудудида. Бу ерда ҳозирда 64 та хонадонда 252 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Учқудуқ шаҳри бунёд этилишида қурувчилар учун бошпана сифатида қурилган бу масканни аслида қўрғонча сифатида кўриш мумкин. Бир қаватли пастқамгина уйлар... оддийгина ҳаёт кечираётган одамлар...
Учқудуқ туман ҳокими Соли Хамроевнинг бу галги 2 соатлик “ташрифи” ана шу “Модел”да ўтди.
-Кўпчилик, “Модел”да яшайсизлар-ми”, -дея ғалати савол беришади. Аммо, келишса бу ердаги шароитларни кўриб ҳайрон қолишади. Ҳамма нарсалар худди шаҳарникидан кам эмас, – дейди ҳоким ва масъуллар хонадони эшигини тақиллатган 2-уй, 9-хонадонда яшовчи Дилсўз Ғафурова. Уч нафар фарзанднинг онаси болалари учун шароит бўлгани учун ҳам шу сўзларни билдирди.
Туман ҳокими улар билан бугунги муаммолари билан қизиққанида уйда 3 кундан буён сув қувурлари музлагани сабаб, ичимлик суви йўқлигини айтди. Салбий ҳолатни тезкорлик билан ҳал этиш, хонадонларни ўз вақтида ичимлик суви таъминоти билан таъминлаш мақсадида тегишли масъулларга кўрсатмалар берилиб, вазият назоратга олинди. Ишлаётган гуруҳга яна қўшимча сифатида ишчилар жалб этилиб, муаммо шу куннинг ўзида ҳал этилишига эришилди.
Йўллар яхши уйларга олиб боради, дейишади. Икки уч йил олдинги чанг, лой кўчалар энди асвальтланган. Йўл бўйидаги қурилиш материаллари, бордюрлар яна йўллар чўзилишидан дарак бериб турибди. Машиналар серқатнов бўлмаган йўлларда “Қурувчилар” нинг болалари велопойгалар ўйнаяпти. Бу ҳақда кўча аҳолиси номидан таҳририятга хат йўллаган Умар ака Болтаев ўз миннатдорчилигини изҳор этади.
...Оддийгина ҳаёт аммо қайсидир маънода виқорлардан, манманликлардан меҳрни устун қўяётган, бировни алдамай биров ҳам уларни алдашига ишонмай яшаётган аҳолини назаримда шу ерда топдик.
Бахитжан Утегенов билан туман ҳокимининг суҳбати давомида у оиласи ва ота-онаси билан яшаётган 1 уй 10 - хонадонинг кадастр ҳужжатлари йўқолганлиги сабабли ҳоким қарори чиққан бўлсада ҳали ҳам хусусийлаштирилмагани аниқланди. Туман раҳбари телефон орқали шу соҳа масъулларига ишни тезлаштиришни илтимос қилди.
Шу куни Учқудуққа бир ёш мутахассис шифокор сифатида жўнатилган ва бугун шу халқнинг хизматида бўлган Нурали Жўраевнинг ҳам муаммоси ҳал бўлди. Бир хоналик уйига қўшимча бино сифатида қурилган яна бир хоналик уйи кадастр қилинадиган бўлди. Яқиндагина фарзандлари 3 нафарга етадиган Нурали учун бу энг яхши хушхабар бўлди.
Учқудуқлик Зуҳра ва Хатирчилик Наврўзнинг тақдири. Улар Учқудуқда топишган. Туман ҳокимлиги томонидан бу икки ёшнинг никоҳ тўйлари ўтказиб берилганидан сўнг уларнинг яшаш манзиллари бўлмагани учун ёш келин –куёв “Қурувчилар” кўчасидаги бўш турган уйлардан бирига жойлаштирилди. Яшаш учун бошпана бўлган бир хонали уйда уларнинг ширин қизалоқлари дунёга келди. Аммо оила бошининг муқим жойда ишламай гоҳ арава суриб, гоҳ ғишт қуйиб юриб, пул топиши қишнинг изғиринли палласида панд берди. Бу масала ҳам ҳоким эътиборидан четда қолмади. Наврўз туман ободонлаштириш бошқармасига доимий ишчи сифатида ишга олинадиган бўлди. Оиланинг совуқ кунларда қийналмаслиги учун ҳомийлик асосида озиқ - овқат маҳсулотлари ажратилди.
“Қурувчилар” кўчасида яшовчи Жанар Ахметова ота-онаси вафотидан сўнг ўзи ёлғиз яшайди. Муаммоларни ўрганган ҳоким туфайли у ҳам ўзига мос иш топа олди.
... Бу туман ҳокимининг “Қурувчилар” кўчасида яшовчи аҳоли билан ўтказган икки соатлик мулоқотидан кейинги ечимлар.
Халқ билан ҳамнафаслик, одамлар орасига кириш, аҳоли билан яқиндан мулоқот ўрнатиш бугун ҳар бир раҳбар, ҳар бир мутасадди зиммасидаги энг муҳим, энг долзарб, энг устувор вазифадир. Зотан, ўзини эл-юрт равнақи ва тақдирига дахлдор билган мутасадди учун халқ дарди, ташвиши билан яшашдан ортиқ мезон йўқ.
Райҳон ҚОДИРОВА,
махсус мухбиримиз.