LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

05 Oct 2022

 

    Шахмат ўйини орқали инсоннинг ақлий кучи ва имконияти тўла ишга солинади. Шахмат соҳасида иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш ҳамда уларни профессионал шахматга жалб қилиш, нуфузли халқаро шахмат мусобақаларида совринли ўринларни эгаллаш, жаҳон стандартларига мос келадиган шахмат инфратузилмасини кенгайтириш мақсадида юртимизда қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Шу ўринда ёшларни тарбиясида нуронийларимизнинг ҳам шижоати алоҳида аҳамият касб этади.

    Учқудуқ туманида “Кексалар ҳафталиги” доирасида кекса авлод вакиллари ўртасида “Нуронийлар кубоги" учун шахмат мусобақасининг туман босқичи бўлиб ўтди. Шашка мусобақасида фахрли биринчи ўрин “Дўстлик” МФЙ дан С.Қаржауовга, иккинчи ўрин “Айтим” МФЙ дан Р.Шахбановга, учинчи ўрин “Йўлчилар” ОФЙ дан А.Карабуллаевга насиб этди.

    Шахмат беллашувида биринчи ўринга “Ифтихор” МФЙдан А.Комилов, иккинчи ўринга “Айтим” МФЙдан Ф.Холиқов, учинчи ўринга “Абай” МФЙ дан А.Кузиевлар сазовор бўлишди.

    Мусобақа ғолиблари Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

 

05 Oct 2022

 

Ҳеч ёдимдан чиқмайди. Бошланғич синфда ўқирдим. Қишнинг қировли кунларида иситмалаб қаттиқ оғридим. Мактабимни, ўқишни, устозларим дўстларимни шунчалик яхши кўрардим-ки, бир кун бўлсин дарс қолдирмасдим.

Иситмам баланд, юзларим ловуллаб бошим чўғдек ёнса-да, барибир мактабга бордим. Аҳволимни кўрган устозим, елкасига ташлаган катта қалин жун рўмолига ўраб, мени опичлаб уйимга элтиб қўйди.

Орадан бир кун ўтиб синфдошларимни ҳам етаклаб мени кўргани келди. Сумкасидан катта-катта қип-қизил икки дона анорни чиқариб менга узатган ўкитувчим: “Яхшилаб тузалгин, кейин мактабга борасан”, деди.

Мана шу воқеага ҳам 45 йил бўлди. Ҳали-ҳануз устозимнинг меҳр тўла нигоҳларию, берган икки дона анори кўз олдимда турибди...

Ўшанда эндигина учинчи синфда ўқирдик. Бир ёки икки соат дарсдан сўнг бизни ҳам пахта теримига жалб этишарди. Кузнинг сўнги ойлари, ҳаво бўлса совуқ. Кичкиналигимиз учун бўлса керак баъзи бир ўқувчиларнинг бўйи пахтанинг бўйидан ҳам паст. Очилган пахтани тополмаймиз. Кунлар совуган терадиган пахтанинг ўзи қолмаган кунлар эди.

Ўқитувчимиз бошчилиги-да очилмаган "кўсак"ларни теришга тушардик. Шундан сўнг устозимиз ҳикоя қиладиган “Ёрилтош”, “Зумрад ва Қиммат”, “Фарҳод Ширин”, “Алпомиш” каби эртак достонларни тинглашга йиғилардик. Муаллимамиз шунақанги чиройли овоз билан, жонли тарзда баён қилган эртакларини эшитиб, гуё ўша оламга шўнғиб кетардик. Бирортамиз совуқ кунда бўйимиздан узун эгат оралаб оғир меҳнат қилаётганимиздан оғринмасдик. Ўқитувчимизнинг меҳр муҳаббати, ҳар биримиз учун куюнчаклиги бизни иситарди, чамамда.

Ҳа, пахтазорда "кўсак чувиб", достону эртак тинглаган устозимиз давраси илиқ эди биз учун.

Гоҳида синфдошларимнинг бири қаламини, бошқаси дафтарини уйида қолдириб келарди. Устозимнинг сумкаси гўё туганмас хазина эди. Унда нима изласангиз топиларди. Яна устознинг берган сабоқлари ҳозиргача кўз ўнгимда  шундоққина турибди. Икки қўлини жуфтлаштириб ўнг, чап томонга йўналтирган ҳолда сўзларни бехато бўғинга бўлишни, қўлимдан тутганича қатордан чиқмай чиройли ёзишни ўргатарди. “Йўлакдан оғишмай ëзгин”, деб қўярди...

Ҳаётим давомида танлаган йўлимдан, олдимга қўйган мақсадимдан оғишмай юришга ҳаракат қилдим...

Барибир, ҳали-ҳануз устоз ўгитларига амал қилиб ҳаётнинг нурли манзиллари сари одимлашда давом этмоқдаман. Зеро, онамдек азиз, отамдек меҳрибон  МУАЛЛИМАМдан, МАКТАБдан бир умр миннатдорман!

Райҳон ҚОДИРОВА, журналист.

05 Oct 2022

    “Навоий” маҳалласи “Халқлар Дўстлиги” кўчасининг ички йўлларида таъмирлаш  ва асфальт ётқизиш ишлари олиб борилмоқда.  2 млрд. 2 млн. 79 минг сўм маблағ ҳисобига 5,14 км ички хўжалик автомобиль йўллари пудратчи ташкилот Учқудуқ туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан олиб борилмоқда.

     ЙЎЛЧИЛАРДА ШАҒАЛЛАШТИРИШ ИШЛАРИ ОЛИБ БОРИЛМОҚДА

 “Йўлчилар” овулида аҳолининг уй-жойга бўлган талаби ортиб бораётганлиги инобатга олиниб, янгидан 300 та оилага ер майдони ажратиб берилган.  Бугунги кунда уй-жой эгалари томонидан қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Ана шундай янгидан барпо этилаётган кўчаларни ҳашар йўли билан шағаллаштириш ишлари бошлаб юборилган. Биринчи босқичда қум тўкилиб, йўл сатҳи кўтарилади, иккинчи босқичда эса шағал тўкилиб текисланади.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

03 Oct 2022

    Аёлни гўзаллик тимсоли деймиз. Шу боис унинг қўли билан яратилган барча нарсалардан нафосат, нафислик, назокат уфуриб туриши, шубҳасиз. Бугунги аёл муаллима, ижодкор, муҳандис, мусаввир, ишчи, чевар, компьютер оператори, боғбон сингари ўнлаб касбларни ҳам пухта эгаллаб, улардан ташқари тўғрисиз ва дилкаш маслаҳатчи, бувижонлик мақомини ҳам қойиллатиб қўйиб, ҳаётда ўзининг ўрнини топмокда. Бугун ана шундай тиниб тинчимас Озода опа Эргашова ҳақида ҳикоя қиламиз.

    Қишлоғидаги кизларга жажжи Озоданинг ҳаваси келарди. Улар қўлларига жилд кўтариб, оппоқ фартук тақиб мактабга бориб келишарди. Ниҳоят, у ҳам 1-синфга борди. Озода ҳар бир ҳарфни мўъжизадай қабул қилар, ҳар бир дарс уни сирли оламга етаклаб кирарди.

   Адабиёт ўқитувчиси Б.Бўриевнинг дарсларини байрамни кутгандек интизор кутарди. Устозининг маромига етказиб шеър, ғазал ўқишлари унинг ёш қалбини сеҳрлаб қўярди. Шу сирли оламда қолиб кетгиси келарди... “Албатта адабиёт ўқитувчиси бўламан", дея аҳд қиларди. 1989 йилда Самарқанд давлат педагогика институтининг тил-адабиëт факультетига ўқишга кирди. У ерда таниқли адабиётшунос олимлардан сабоқ олди, фикрлаши ўсди, ижодий баҳсларда улғайди. Сўзнинг қадрига етишни ўрганди. Ўқувчилари қалбига сўз яхшиликка, эзгуликка ундовчи энг яхши  восита эканини англатишга уринди.

    1993 йилда турмуш ўртоғи Латифбой ака Арзиев билан Учқудуққа келган бу оилада Мафтуна, Собиржон, Сўғдиёна исмли фарзандлар вояга етди. Бугун Мафтуна онаси изидан бориб ўқитувчилик касбини танлаган бўлса, Собиржон Тошкент давлат техника университетини тугатиб, Шимолий кон бошқармасида ишлаяпти ҳам тадбиркорлик қилаяпти. Кенда қизи Сўғдиёна эса геотехнологик конида тиббиёт ходими.

   Аввалига мактабда, туман радиосида ишлаган Озода опани билим доирасининг кенглиги, меҳнатсеварлиги, ҳамма билан бир пасда тил топишиб кетиши каби хислатларини қадрлаган раҳбарият туман ҳокимлиги канцелярия бўлимига ишга олишди. Орадан кўп вақт ўтмай янгидан ташкил этилган туман маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи вазифаси унга ишониб топширилди.

   Шундан сўнг, хизмат пиллапояларида бирма-бир юқорилаб, “Учқудуқ” (аввалги “Достық-Дружба”) туман газетаси муҳаррири, туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимларида ишлади.

    Опахон қаерда ишламасин ўзига билдирилган ишончни, берилган вазифани, юклатилган масъулиятни сидқидилдан бажарар каттаю, кичик айниқса, аёллар уни ўз опаси, ўз онаси, ўз дугонасидек ҳурмат қилади.

    Озода Хонтемировна Шимолий кон бошқармаси уй-жой коммунал хўжалиги бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган. 12 йил давомида корхона тасарруфидаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўлими, 5 та мактабгача таълим муассасаси, 6 та ётоқхона, "Ке lajak” ёшлар маркази, "Лочин" спорт мажмуаси, “Учқудуқ” маданият уйи ва меҳмонхонаси, иссиқхона сингари бўлим ва бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштирган. Бугун эса Навоий КМК ДМ “Учқудуқ” ҳудудий жамғармасида ижтимоий объектлар участкаси  меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси муҳандиси бўлиб фаолият юритмоқда. Халқ депутатлари туман кенгаши депутати.

   Озода опани машҳур адибимиз Абдулла Қаҳҳорнинг "Қўшчинор"идаги куй-пишди Саидахонга ўхшатаман. Депутатлиги боис, маҳалла аҳолиси даврасида, навниҳолларни парваришлаётган, кўчаларни тартибга келтираётган аёллар  даврасида учратаман. Боладиллиги бор эмасми,  мактабгача таълим муассасасида ўтказилаётган эрталикларда, маърифатга ошнолиги боис, турли маънавий-маърифий тадбирларда, кутубхоналарда кўраман.

...Кўпинча нолиб қоламиз. Вақт етишмаслигидан, бизга имкон берилмаганидан, уддалай олмаганимиздан... аслида буларнинг бари биз томонимиздан ўйлаб топилган оқловлар, эҳтимолки важлар эканлигини тан олгимиз келмайди. Ана шундай ҳолга тушганимда кўпинча Озода опани ёдга оламан. Қўнғироқлашаман. Кутганимдек, унда янгиликлар топилади. Тўлиб-тошиб, ҳис-ҳаяжон ва шукроналик билан гапираверади, мен эса тинглайвераман.

   "Инсон дунёнинг қалби”, деб ёзган эди Антон Чехов. Озода опа Эргашовадаги ўз юртига содиқлик, ўз ишига жонкуярлик, болажонлигию, боладиллиги, ҳофизасининг кенглиги билан у дунёнинг қалбини тинглаётгандай, гўё!

Райҳон ҚОДИРОВА, махсус мухбиримиз.

03 Oct 2022

    Устоз ва мураббийлар жамият биносининг бинокорлари, маърифат боғининг боғбонларидир. Эсимизни таниган илк онларимиздан бошлаб айнан ана шундай зотлар бизнинг қўлимиздан тутиб, ҳаёт йўлимизни ёритиб келмоқдалар десак муболаға бўлмайди.

1октябр мана шундай улуғ зотларга шараф ёғиладиган, уларнинг машаққатли меҳнатларига раҳматлар билдирадиган кун. Шу айём муносабати билан  бугун саҳифамизнинг қаҳрамонлари ўқитувчи ва мураббийлар!

 Ирода Қаюмова,

  тумандаги 18-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси.

   Ирода Қаюмова 1982 йил 9 ноябрда  Навоий вилояти Қизилтепа туманида туғилган. Умумий ўрта таълим мактабини аъло баҳоларга тамомлаб,  2000 йилда  Навоий давлат педагогика институтининг хорижий тиллар факультетига ўқишга киради.  Олийгоҳни тугатиб, Қизилтепа туманидаги “Агросервис” касб-ҳунар коллежида  ишлай бошлайди.

   2009 йилда оиласи билан Учқудуқ туманига кўчиб келишади ва тумандаги 18 - мактабда инглиз тили фанидан дарс беради.  Иродадаги янгиликка интилувчанлик, ўз билимини ошириш учун тинмай изланиши, ўқиб-ўрганиши кўплаб ёш ўқитувчиларга намуна бўлиб келмоқда.

   2020 йилда олий тоифали ўқитувчи мақомини олган Ирода Қаюмова бу ютуғи билан  чекланиб қолмади. 2021 йил июнь ойида “Aptis for Teacher” да иштирок этиб, С1 даражали сертификатга эга бўлди. Изланишда давом этган Ирода 2022 йил май ойида чет тили ўқитувчиларининг даражасини аниқлаш тестида қатнашади ва яна бир сертификатни қўлга киритади. 2022 йил июнь ойида миллий “Multi level” тест синовларига қатнашиб, В2 даражали сертификат эгаси бўлди.

   Ундан сабоқ олган ўқувчилар ҳам устози каби яхши натижаларни қайд этмоқда. 2021-2022 ўқув йилида “Чет тилларини ўқитиш бўйича энг яхши мактаб”   танловининг туман босқичида мактаб жамоаси фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди. Қувонарлиси ўқувчиларининг  2 нафари  миллий “Multi level” тест синовларида иштирок этиб, В2 даражали сертификат соҳиби бўлишди.

   Ёзамиз десак ютуқлар ва натижаларнинг кети узилмайди. Келажагимиз эгалари бўлган ёш авлоднинг эртанги куни учун тинмай меҳнат қилиб, таьлим-тарбия  бериб келаётган Ирода Ғайбуллаевна сингари билимли, жонкуяр устозларимизнинг барчасига шарафли ва машаққатли касбларингизда Аллоҳ куч-қувват берсин, деймиз!.

***

   Юсуфжон Мансуров,

   касб-ҳунар мактаби инглиз тили фани ўқитувчиси.

   Юсуфжон Мансуров  1995 йилда Навоий вилояти Хатирчи туманида туғилган. Оилада учинчи фарзанд бўлиб дунёга келган Юсуфжон болалигиданоқ тиришқоқ, илмга чанқоқ бўлиб вояга етади. Илк сабоқни  тумандаги 10 – мактабда олади, ўқишини кончилик  касб-ҳунар коллежида давом эттиради.

   2013 йилда Жиззах давлат педагогика институтининг инглиз тили факультетига ўқишга киради. Олийгоҳни  аъло баҳоларга тамомлаган Юсуфжон Мансуров тумандаги 4, 5-мактабларда  ўқитувчи бўлиб ишлади.

   2021-2022 ўқув йилидан эса касб-ҳунар мактаби ўқувчи- ёшларига инглиз тили фанидан сабоқ бериб келмоқда. Бундан ташқари, касб-ҳунар мактабида ташкил этилган “Қоракўл” ўқув марказида ҳам дарс беради. Ҳозирда ўқув марказида 150 нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлар инглиз тили фанидан билимларини янада мустаҳкамламоқдалар.

   Жорий ўқув йилида марказда тайёрланган ўқувчиларнинг 98% олий ўқув юртлари талабаси бўлганлигининг ўзи уларга берилаётган таълим даражасининг юқорилигидан далолат беради.

    Юсуфжоннинг турмуш ўртоғи Дилдора Аҳмадова ҳам шу касб-ҳунар мактабининг она-тили ва адабиёти фани ўқитувчиси. Бу ёш оиланинг олдига қўйган  эзгу мақсадларидан бири, ёш авлодни юртимизга нафи тегадиган, илмли, зиёли ва етук инсонлар бўлиб  вояга етишларида ўз ҳиссаларини қўшиш.

    Ишонч билан айтишимиз мумкинки, жамиятимизда Юсуфжонга ўхшаган интилувчан ёш кадрларимиз бор экан, келажагимиз ва эртанги кунимиз порлоқ бўлади.

***

   Умида Шарипова,

   тумандаги  7- МФЧЎИДУМ бошланғич синф ўқитувчиси.

   Умида Шарипова 1978 йил 5 февралда Навоий вилояти Қизилтепа туманида туғилган. 1994 йилда ўрта мактабни тамомлаб, Навоий давлат педагогика институтига ўқишга қабул қилинади. Олийгоҳни аъло баҳоларга тамомлаган Умида илк фаолиятини Қизилтепа тумандаги 16- мактабда  бошлаган. Бир йилдан сўнг эса оиласи билан Учқудуқ туманига кўчиб келади ва тумандаги 7- умумий ўрта таълим мактабида ўз фаолиятини давом эттиради.

   Қарийб, 20 йилдан зиёд юзлаб ёш ўғил қизларга қалам тутишни ўргатди, уларга илмдан, ҳаётдан сабоқ берди.

  Фаолияти давомида бир қанча ютуқларга ҳам эришди. 2015 йилда "Йил ўқитувчиси" танловининг вилоят босқичида фахрли  иккинчи ўринни қўлга киритди. Давлат тест маркази томонидан 2020-2021 ўқув йилида 4-синфлар учун ўтказилган тест синовларида ўқувчиларининг 85% аъло баҳоларга топширади. Синф математикага ихтисослаштирилган синфга айлантирилади.

   Мактаб жамоасида ўз ўрни ва ҳурматига эга бўлган Умида Шавкатовна оилада ҳам суюкли аёл, меҳрибон она. Турмуш ўртоғи Умид Азимов билан 3 нафар фарзандни вояга етказдилар.  Ўғли Азимжон Тошкент ахборот технологиялар университетининг 3- босқич талабаси, қизи Дилсора эса 7-мактабнинг 11-синфида таҳсил олади.

   Ҳам ишда, ҳам оилада фаол ва жонкуяр бўлган Умида Шарипованинг ҳали олдига қўйган режа ва мақсадлари талайгина. “Учқудуқ” газетаси таҳририяти ижодий жамоаси ҳамда кўпмингсонли обуначилари номидан Умида Шавкатовнани шарафли касб байрами билан муборакбод этамиз. Келгусидаги фаолиятларига улкан зафарлар тилаймиз.

***

  Нодира Алланова,

  саноат техникуми махсус фан ўқитувчиси.

  Нодира Алланова 1966 йилда Самарқанд вилояти Пахтачи туманида туғилган. 1984 йилда ўрта мактабни тамомлаб, Тошкент давлат ирригация университетига ўқишга киради. Олийгоҳни тамомлаб,  Навоий шаҳар электр тармоқлари марказида меҳнат фаолиятини бошлаган. 2008 йилдан эса Учқудуқ туман саноат техникуми (аввалги кончилик коллежи)да ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

   Турмуш ўртоғи  Шавкат Усмонов мана бир неча йиллардан буён Шимолий кон бошқармасига қарашли РМЦ корхонасида участка бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда. Катта ўғли Хурожиддин 1-сонли Автобазада, кичик ўғли Фарруҳ  қўл жанги спорт тури бўйича спорт устаси. Нодира опа ҳозирги кунда 6 нафар набиранинг меҳрибон бувижониси, келинлари Мунисахон ҳам саноат техникумида ишлайди.

   Мана 14 йилдан буён шу даргоҳда ўқувчиларга таълим тарбия бериб келаётган Нодира опа бугунги кунда нафақада бўлишига қарамасдан, ўз касбига бўлган меҳр ўз фаолиятини яна давом эттиришга ундади.

   “Аллоҳга беҳисоб шукр, доимо қўллаб-қувватлаб турган қадрдон оилам борлиги, севимли касбимда фаолият юритиб келаётганим, менга ишонч билдирган яқинларим ёнимда эканлиги энг катта бахтим”, дейди дуога қўл очар экан Нодира опа Алланова. Тилагимиз, шундай шукроналик барчамизга насиб этсин.

 ***

  Шаҳноза Мустафаева тумандаги 20-мактабнинг физика фани ўқитувчиси.

 Шаҳноза Мустафаева 1981 йил 8 мартда Навоий вилояти Хатирчи туманида туғилган. Мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, 2001 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг физика факультетига ўқишга киради. Мазкур олийгоҳнинг  магистратура  йўналишида ҳам таҳсил олган.

   Шахноза Мустафаева меҳнат фаолиятини Тошкент шаҳар Миробод транспорт касб-ҳунар коллежида ўқитувчиликдан бошлаган. Оиласи билан Учқудуқ туманига кўчиб келиб, 2008 йилнинг сентябридан 20-умумий ўрта таълим мактабида физика ва информатика фанидан дарс беради.

   Меҳнат фаолияти давомида эришган ютуқларини бирма-бир таҳлил қиладиган бўлсак, ўқувчилари Матлуба Ибодуллаева Гулбаҳор Боборайимова, Зилола Насибовалар фан олимпиадасида туманда биринчи вилоят фахрли иккинчи ўринларга сазовор бўлишган.

   Билимлар беллашувида эса Ҳумоюн Нуримов туман боскичида 1-ўринга,  вилоят босқичида эса  фахрли 2-ўринга сазовор бўлди. Яна бир ўқувчиси Жамшид Комилов туман ва вилоятда фахрли 1-ўринни эгаллаб, ушбу танловнинг Республика босқичида нуфузли 3-ўринни забт этди.

    2013-2014 ўқув йилида физика фанидан яратган дастури “Педагогик грантлар - 2013” кўрик - танловининг республика босқичига тавсия этилди. Шаҳнозанинг педагогик иш тажрибалари туман ва вилоят миқёсида оммалаштирилган. У ҳозирда аниқ фанлар услуббирлашма раҳбари сифатида ҳам фаолият олиб бориб, ўз билим ва тажрибаларини ёш ўқитувчиларга ўргатаётир. У Ўзбекистон Республикаси  халқ таълими вазирлигининг “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган.

   Шаҳноза Мустафаеванинг оиласи маҳаллада ибратли оилалардан. У турмуш ўртоғи билан икки нафар фарзандини вояга етказмоқда.

   Элнинг эътиборида, ўқувчилари эъзозида бўлган ана шундай устозлар бор бўлсин!!

Саҳифадаги материалларни Дилноза Тошниёзова тайёрлади.

03 Oct 2022

        Бугунги кунимиз бир дақиқасини ҳам алоқасиз тасаввур эта олмаймиз. Қайси касбда фаолият юритмайлик у бизнинг энг асосий қуролимизга айланган. Шимолий кон бошқармасида айни дамда 4 мингдан ортиқ касб эгалари фаолият юритадиган бўлса уларни чин маънода бир-бири билан  “суҳбатдошга” айлантирган АКТМ ходимларидир. Аҳамад ака Эшпўлатов эса ана шу алоқачиларнинг устози саналади.

       - Шимолий кон бошқармасида алоқа хизмати корхона бунёд этилган пайтдан бошлаб пайдо бўлган ва корхонанинг эҳтиёжи, шунингдек шаҳар талабини ҳисобга олган ҳолда корхона билан биргаликда ривожланган, чунки корхона шаҳарни вужудга келтирган.  90-йилларда Учқудуқда “Ўзтелеком” ташкил этилгунга қадар икки ўн йилликдан ортиқ вақт мобайнида шаҳар аҳолисига алоқа хизмати  Шимолий кон бошқармаси АТС томонидан тақдим этилган, –дейди соҳанинг бугунги кундаги энг кекса вакилларидан Аҳмад Анорович.

       ШКБда телекоммуникация ускуналарини жорий этиш, техник хизмат кўрсатиш ва улардан фойдаланиш Эшпўлатов Ахмат Анорович бошчилигидаги "Телекоммуникация технологиялари бўлими" томонидан амалга оширилади. Бўлим таркибида 28 нафар ишчи ва мутахассис меҳнат қилмоқда. Гуруҳ раҳбарлари  Даниёр Абдуллаев, Геннадий Абдуллаев, Умар Абдуллаевлар  жамоа ишига катта ҳисса қўшмоқдалар.

       Ахборот-коммуникация технологияларини  такомиллаштириш мақсадида бўлим мутахассислари томонидан 2014 йилдан 2020 йилгача,  “НКМК телекоммуникация тармоқларини техник қайта жиҳозлаш” лойиҳаси босқичма-босқич амалга оширилди. Лойиҳани амалга ошириш доирасида “Даугизтау” кони билан радиореле алоқа линияси қурилди, “Шарқий” кони ва 3-ГМЗ, шунингдек Учқудуқ саноат майдончаси барча йирик ишлаб чиқариш объектлари билан толали-оптик алоқа линияси  бунёд этилди. Бу эса бўлинмаларга қатор янги хизматлар турларини тақдим этиш имконини берди.

        Хусусан, барча объектлар қамраб олинган  НКМКнинг корпоратив ЛВС билан интеграциялашган глобал ЛВС тармоғи қурилди. ШКБ телефон тармоғига кирган ҳолда IP-телефонлари жорий этилди.  Айниқса,  бу “Даугизтау” кони учун жудам муҳим эди. Авваллари бунгача фақат уяли алоқа бўлган.

Ҳозирда  корхонада видеоконференция алоқа тизими жорий этилган. Конлар карьерларида кон бошқармасидан марказлашган ҳолда назорат қилинадиган технологик видеокузатиш тизими қурилган.  

         Эндиликда кон бошқармасининг бош мутахассислари, диспетчерлик хизмати масофадан, юзлаб километр узоқликдан, ўз иш жойидан туриб “Даугизтау” ва “Шарқий” конлари карьерларида олиб борилаётган технологик жараённи назорат қилиб бориши мумкин.

           Шунингдек, конларда радиоалоқа тармоғини ривожлантириш ва нисбатан янги DMR рақамли стандартига ўтиш бўйича тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. 2020 йил ноябрь ойида “Даугизтау” кони билан толали-оптик алоқа линияси ишга туширилди.

             Айни пайтда ҳамма жойда олиб бориладиган IP-телефонларини жорий этиш ва NGN-тармоғини ташкил этиш ишлари давом эттирилмоқда.

       Шимолий кон бошқармасида рақамли  технологиялар даври бошланди. Замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши НКМК иқтисодий қудратининг муваффақиятли ривожланиш ва ўсиш гаровидир. IT хизматларининг корхона ахборот-коммуникация технологияларини амалга оширишдаги аҳамияти доимий равишда ўсиб бормоқда ва НКМК фаолиятининг турли соҳаларида жорий этилишда давом этмоқда.

Лайло КАРИМОВА,

ШКБ ахборот хизмати раҳбари.

03 Oct 2022

    2020-2021 йилларда коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккабликларни бошимиздан кечирдик. Саломатликнинг қимматини бироз бўлса-да, англаб етгандекмиз. Тиббиёт ходимларининг тунларни тонгларга улаб қилган меҳнатларининг нечоғлик машаққатли эканини идрок этиб, яхшиларнинг қадрига етишга, яхшиликлар қилишга шошилаётгандекмиз. Ҳа, пандемия кўплаб ҳамкасбларимизнинг умрига чанг солди. 

    Автоуловда ҳамроҳ бўлиб қолсангиз доно сўзлари билан неча юз километрларни яқинлаштирадиган 1-сонли Автокорхонанинг маҳоратли ҳайдовчилари - тоғдек оғаларимиз Исомиддин Абулқосимов ва Абдураҳмон Эшмурадовлар ҳам Шимолий кон бошқармасида кўп йиллардан бери ишлаб, устоз даражасига кўтарилган тажрибали ҳайдовчилар эди. 

     Биз башариятнинг барчамизга бирдек тегишли бўлган “қусуримиз” бор. “Фалончи Фалончиев” дейилса лавозими сабаб ўша инсонни таниймиз (ёки ҳурмат қиламиз!). Абдураҳмон аканинг закий сўзи ва “ҳайдовчилик гувоҳномаси”дан бошқа мансаби бўлмаган. Учқудуқда Абдураҳмонлар кўп бўлса-да, барча Абдураҳмон исмини эшитганда биз юқорида келтириб ўтганимиз, самимий суҳбатдош ва моҳир ҳайдовчи-устозни кўз олдига келтиради. 

    Яқиндагина Шимолий кон бошқармаси раҳбарияти томонидан ўтказилган хатми Қуръон маросимида учқудуқликлар, қолаверса, Шимолий кон бошқармасида меҳнат қилган устоз ишчи-ходимлар ёд этилди. Бир стол атрофида турли миллат вакиллари ўтирарканмиз, барча устозлар билан боғлиқ хотираларни бир-бир эслаб ўтдик. 

   Ажаб, яхшиликка ёзилган дастурхон яхшиликка хизмат қилиши рост экан! Бир воқеа сабаб юзимиз қизариб бир-биримиздан аразлагандек бўлиб юрган икки ҳамкасб ҳам яхшиларнинг ёди учун солинган дастурхон баҳона бўлибми ёки кун келиб ўзимиз ҳам хотирага айланишимизни англабми, ҳартугул, ярашиб олдик. Аслида қалби жуда беғубор бўлган ҳамкасбимга қучоғимни очарканман, унинг табассумидан юрагимни қаттиқ босиб турган харсанг қулагандек енгил бўлдим. 

Инсон эканим учунми, баъзан шунақа хатоларга йул қўйиб тураман. Шунда, менга яхшилик сабоғини ўргатувчи, шукрона туйғуларини юқтирувчи, турмуш одоблари, рўзғор ҳикматларида маслаҳатлари асқотган устозларим – ҳамкасб опажонларим ўгит беришади. Уларнинг борлиги накадар яхши! 

     Мен олтин ташкилотдан топган олтиндан қиммат жавоҳирларим ҳам аслида улар – руҳиятимнинг чинакам мураббийлари!

Нилуфар Муйдинова,

Шимолий кон бошқармаси мутахассиси.


 

30 Sep 2022

       1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Учқудуқ туман ҳокими С.Ф.Хамроевнинг байрам табриги
Ассалому – алайкум азиз устоз ва мураббийлар!
       Аввало, барчангизни мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ сана — Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами билан самимий муборакбод этаман.
Дунёда шундай касб эгалари борки, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин. Ўқитувчилар эса ҳаётимиз йўлчи юлдузидир. Ким бўлмайлик, қайси соҳада ишламайлик, барчамизга муаллимлар таълим ва тарбия беришган.
Халқимизда "Устоз отангдек улуғ", деган ҳикматли сўз бор. Кимки бу ҳаётда бирор ютуққа эришса, касбидан эъзоз топса, унинг қалбида устозларига, биринчи ўқитувчисига бўлган ҳурмат абадий муҳрланади.
Шунинг учун ҳам Сизлардан таълим ва тарбия олган, ўзини Сизнинг олдингизда умрбод қарздор деб биладиган барча инсонлар номидан Сизларга ҳар қанча миннатдорлик билдирсак шунча оз. Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олижаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг: “...Сизлар дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонларсиз. Бу улкан бойлик – ақл-заковат ва илм, бу ўлмас мерос – яхши тарбиядир”, – деган сўзлари фикримизнинг яққол далилидир.
Биз шу қутлуғ айёмни кенг нишонлар эканмиз, Сизларнинг ёш авлодга билим беришдек мураккаб, аммо шарафли меҳнатингиз учун барчамиз самимий миннатдорчилик билдиришни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз деб биламиз.
Қадрли устоз-мураббийлар!

        Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан илм-фан ва таълим-тарбия соҳаси давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантирилган, оилада фарзанд туғилганидан бошлаб, камолот ёшига етгунга қадар уни ҳар томонлама  қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топишига хизмат қиладиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилган.
Албатта, бу каби эзгу ишлар Учқудуқ туманида ҳам изчил амалга оширилмоқда. Жумладан, беш йил олдин туманимизда 14 та боғча фаолият кўрсатган бўлса бугун мактабгача таълим муассасалари сони 35 тага, қамров 98 фоизга, 6 ёшдаги болалар ўртасида эса қамров 100 фоизга етказилган.
Бугунги кунда 19 та умумтаълим мактаби, Учқудуқ туман касб-ҳунар мактаби, Саноат техникуми, Болалар мусиқа ва санъат мактаби, Баркамол авлод болалар мактаби ҳамда Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари мавжуд. Уларда кўплаб фидоий педагог ва мураббийлар фаолият кўрсатиб келмоқда.
Бизнинг асосий мақсадимиз дунёдаги тараққий топган демократик давлатлар қаторига кириш, халқимиз учун эркин ва фаровон ҳаёт қуришдан иборат. Ана шу вазифани сидқидилдан уддалайдиган билимли ва истеъдодли, ҳеч кимдан кам бўлмаган навқирон авлодни тарбиялаш бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада Сиз фидойи ўқитувчи ва мураббийларнинг заҳматли меҳнатингиз ҳар қанча мақтовга лойиқ.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонларига мувофиқ, 20-умумий ўрта таълим мактаб директори Насиба Рўзиева «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони, 3-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич таълим фани ўқитувчилари Ольга Лагутина - “Меҳнат шуҳрати”, Валентина Корниенко - 2-даражали “Соғлом авлод учун” ордени, 18-сонли мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Мақсуда Шамсиева “Шуҳрат” медали билан тақдирланганлар.

       Шу ўринда 2-сон давлат МТТ тарбиячиси Дилдора Эрматова, 1-сон давлат МТТ тарбиячиси Ирисгул Алдабергенова, 12 - сон давлат МТТ тарбиячиси Гулноза Ахмедова, 1- умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Ақилбек Омаров, 10 – умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Сарвиноз Санаева, 11-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Гулжанат Баймуратова, 12-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Алмагул Ахметова, 13-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Ўлмас Бойматов, саноат техникуми махсус фан ўқитувчиси Шуҳрат Рўзиев, касб-ҳунар мактаби ишлаб-чиқариш таълими устаси Азиз Ваҳобов ва бошқа таълим муассасаларида узоқ йиллардан буён фаолият юритиб келаётган билимли-тажрибали, фидойи – фаол устоз-мураббийларни алоҳида ҳурмат-эътибор билан тилга оламиз.
Фарзандларимизга билим-илм беришда алоҳида ибрат кўрсатган бутун онгли ҳаётини ёшлар таълим-тарбияга бағишлаган нуроний - ўқитувчилар бугунги байрам тадбирида иштирок этишяпти. “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Гуласар Пардаева, “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони совриндори Божей Ералиев, Қалдибай Аманғараев, Фазилат Ҳазратова, Несибели Жумаева, Мақсуда Атабоева, Кадира Ҳамидова, Дуйсен Удербаевларнинг меҳнатларини алоҳида эътироф этишни истардим.

      Ҳурматли устоз-мураббийлар!
Бундан кейин ҳам фарзандларимизга замонавий илм-фан ва касб-ҳунар асосларини ўргатиш, юксак инсоний туйғу ва фазилатларни сингдириш, маънавий-ахлоқий қадриятларимизни асраб-авайлаш борасида бор куч-ғайратингиз, билим ва маҳоратингизни аямасдан астойдил хизмат қилишингизга ишонамиз.
Сиз борсизки, ҳаётимиз нурафшон, эртанги кунимиз — фарзандларимиздан кўнглимиз тўқ. Учқудуқ фарзандлари чеҳрасидаги нур — бу келажакнинг нури. Озод диёримиздаги ана шу осуда, фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин. Сизлар тарбияланувчи ва ўқувчиларингиз ҳузурига —ҳамиша чеҳрангизда ишонч ва табассум билан кириб боринг!
Сизларни 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.
Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар!
      Эътиборингиз учун рахмат!

29 Sep 2022

   Bugungi kunda “Soliqchi-ko‘makchi” tamoyili asosida davlat soliq xizmati organlari tomonidan tadbirkorlar huzuriga borgan holda ularning muammolarini o‘rganib, ijobiy hal etishga alohida e’tibor qaratilmoqda.

    Xususan, 2022-yilning 9- oyi davomida Uchquduq  tumanidagi  1031 ta korxonalarning muammolari batafsil o‘rganildi. Natijada, soliq xizmati organlari xodimlari ko‘magi bilan 365 ta muammolar ijobiy hal etildi. Bugungi kunda boshqa tashkilotlar bilan bog‘liq masalalar qat’iy nazoratga olinib, hamkorlikda hal etish choralari ko‘rilmoqda.

    Shuningdek, o‘rganishlar davomida soliq turlari bo‘yicha 122 ta xolat bo‘yicha subyektlarning  627600000  so‘m mavjud ortiqcha to‘lov summasi qaytarib berildi. 166- ta xolat bo‘yicha subyektlarning  193700000 so‘m mavjud ortiqcha to‘lov summasi xisobidan  boshqa soliq turlari bo‘yicha qarzdorligiga o‘tkazilib singdirildi.

    Ta’kidlash o‘rinliki, bugungi kunda soliq to‘lovchilarga qulayliklar yaratish maqsadida elektron xizmatlar ko‘rsatish ko‘lamining yanada kengaytirilayotgani muhim omil bo‘lmoqda. Bugungi kunga qadar tumanda “E-ijara” avtomatlashtirilgan dasturiy mahsuloti orqali 15 ta shartnomalar ro‘yxatga olindi. “E-aktiv” avtomatlashtirilgan dasturiy mahsuloti bo'yicha tushuntirish ishlari olib borilmoqda.

    Darhaqiqat, Prezidentimiz ta’kidlaganlaridek, soliq to‘lovchilarga haqiqiy ma’noda ko‘makchi, o‘rgatuvchi bo‘lish soliq organlarining bosh vazifasiga aylanmoqda.

    Masalan, joriy etilgan qator soliq imtiyozlari, soliq yuki va turlarining kamaytirilganligi to‘g‘risida tadbirkorlar o‘rtasida olib borilayotgan tushuntirish-targ‘ibot ishlari natijasida 30 ta norasmiy ish o‘rinlari qonuniylashtirildi. Muhimi, fuqarolar muqim ish o‘rinlariga ega bo‘ldi.

    Bugungi kunda qo‘lida hunari bor yoki uyda yakka tartibda ma’lum faoliyat bilan shug‘ullanib kelayotgan fuqarolarimiz talaygina. Ularning o‘zini o‘zi band qilishi, ish stajiga ega bo‘lishi uchun soliq xizmati organlari tomonidan doimiy ko‘mak ko‘rsatib kelinmoqda. Jumladan, joriy yilning avgust  oyi yakuni bilan tumanda 1450 nafar fuqarolar o‘zini o‘zi band qilish tizimi orqali ro‘yxatdan o‘tib, muayyan faoliyat turlari bilan muntazam shug‘ullanib kelmoqda. Eng muhimi, ularning 200 nafarini 30 yoshgacha bo‘lgan yoshlar tashkil etadi.

    Hurmatli soliq to‘lovchilar! Biz soliq xizmati organlari xodimlari sizlarning muammolaringiz qonuniy hal etish, faoliyatingiz davomida yuzaga kelgan barcha tushunmovchiliklarga yechim topishda doimiy ko‘mak berishga tayyormiz.

29 Sep 2022


    Quturish – hayvonlar va odamda uchraydigan, asab tizimining og’ir shikastlanishi bilan kechadigan hamda o’lim bilan yakun topadigan o’ta xavfli yuqumli virusli kasallikdir. Odamlar uchun kasallik manbai bo’lib: quturgan uy hayvonlari - it, mushuk, sigir, ot, eshak, cho’chqa, yovvoyi hayvonlardan – chiyabo’ri, tulki va boshqalar, hisoblanadi. Odamlarga quturish kasalligi 90-95 % holatlarda itlardan yuqadi.

    Kasallik odamga qanday yuqadi?
Odamga quturish kasalligi shu kasallikka chalingan hayvonlarning tishlashi, tirnashi, tishlarining qadalishi, shuningdek, jarohatlangan teri va shilliq qavatlariga so’lagi tushishi paytida yuqadi. Kasallik o’ta og’ir kechib, doimo o’lim bilan tugaydi.

    Quturish kasalligiga chalingan hayvonlarda kuzatiladigan belgilar :
-hayvon tajovuzkor bo’lib, duch kelgan hayvonlar va odamlarga tashlanadi, tishlashga, tirnashga harakat qiladi;
-yorug’likdan qo’rqadi, qorong’u joyga kirib olishga harakat qiladi, egasi chaqirganida oldiga kelmaydi;
-ovqatlanishdan bosh tortadi, to’g’ri kelgan jismlarni og’ziga solib, yutadi, keyinchalik yutunishi qiyinlashadi, og’zidan juda ko’p so’lak oqadi, bezovta bo’ladi, tovushi bo’g’ilib yo’qola boshlaydi va orqa oyoqlari yurmay qoladi, ya’ni falajlanish holatlari kuzatiladi.. Hayvonlarda ham kasallik o’lim bilan yakun topadi.

    Siz agar it va boshqa uy hayvonlaringizda kasallikning shunday belgilarini kuzatsangiz, darhol veterinariya vrachiga murojaat eting!
Yodingizda bo’lsin!
-Itni doimo bog’langan holda saqlash, ko’chaga olib chiqilganda tumshuq tasmasini taqish, itni tunda ko’chaga chiqarib yubormaslik va ko’chada qarovsiz qolishi hamda yovvoyi hayvonlar bilan muloqotda bo’lishiga yo’l qo’ymaslik kerak;
-Farzandlaringizni qarovsiz qolgan va begona itlar bilan o’ynashiga hamda ularni uyga olib kelishiga aslo yo’l qo’ymang;
-Itni o’z vaqtida hududiy veterinariya idoralariga olib borib, ro’yxatdan o’tkazish, har yili uni veterinariya ko’rigidan o’tkazib, quturishga qarshi emlatish zarur.

    Agar, Sizni hayvon tishlasa so’lagi jarohatlangan teri va shilliq qavatingizga tushsa, unda Siz zudlik bilan tibbiy yordamga murojaat qilishingiz hamda mutaxassis vrachning tavsiyasiga ko’ra, quturishga qarshi o’z vaqtida va to’liq emlanishingiz kerak.

Uchquduq tuman SEO va JS bo'limi.
Muallif: N.Adizova.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: