Қайсики мамлакат замонавий технологиялар борасидаги билимларни пухта ўзлаштиришса, ҳар жиҳатдан ривожланади, иқтисоди бақувват бўлади. Ана шу мақсадда Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги кадрлар тайёрлаш бўлими ва ўқув-курс комбинати томонидан корхона бўлинмалари ходимларини касбга ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишлари амалга ошириб келинмоқда.
Ўқув-курс комбинатида корхона эҳтиёжидан келиб чиқиб, 2022 йил давомида жами 2698 нафар ишчи-ходим қайта тайёрлаш, малака ошириш ва аниқ мақсадли курсларда керакли касб малакаларига эга бўлишди. 27 та экскаватор машинисти, 194 та оғир юк кўтарувчи карьер автосамосвал ҳайдовчиси, 13 та бурғилаш қурилмаси машинисти, 16 та кран машинисти ва бошқа касблар шулар жумласидан.
Шунингдек, "Навоий КМК" АЖ ҳамда Навоий шаҳридаги "ИШГА МАРҲАМАТ" мономаркази ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномасига кўра, мономарказ тингловчиларига Шимолий кон бошқармаси бўлинмаларида ишлаб чиқариш таълими ташкил этилмоқда.
Мазкур марказда қисқа муддатли ўқишга жалб қилинган 186 нафар фуқаро махсус сертификатга эга бўлиб, ҳозирда Шимолий кон бошқармаси бўлинмаларида фаолият юритишмоқда.
Лайло КАРИМОВА