Йўллар - халқимизни обод манзиллар сари элтувчи, аҳолининг оғирини енгил қилувчи жамоатчиликнинг энг серқатнов маконидир. Айниқса, бу нурли манзилларнинг равонлиги инсонларнинг манзил-маконини яқин қилишда, аҳолига ёрқин кайфият улашишда беқиёс ҳиссага эга.
Туманимизда ҳам йўлларни ободонлаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ички йўлларни таъмирланаётгани ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш билан бирга, аҳолига қулайлик яратмоқда
Биргина “Абай” маҳалласи мисолида оладиган бўлсак 200 метр автомобиль йўли, унинг атрофидаги 230 метр пиёдалар йўлакчаси, 400 метр лоток давлат бюджетидан молиялаштирилган 1400.000.000 сўм маблағ ҳисобига қурилиб, мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилди. Улуғ байрам арафасида фойдаланишга топширилган бу йўллар нафақат маҳалланинг, балки барча учқудуқликларнинг йўли ҳам. “Очиқ бюджет” ахборот порталида “Менинг йўлим” лойиҳаси доирасида тумандолшларимиз томонидан етарлича овоз тўплаб ғолиб бўлган бу лойиҳа ортида қурувчилар билан бир қаторда, йўллар учун овоз тўплаган фуқароларимизнинг ҳам ўз ҳиссаси бор. “Қизилқум” жоъме масжиди қаршисида қурилган бу йўлдан, ҳар куни, намозхонлар, шу атрофдаги уйларда яшаётган ёш болалар, меҳмонга келганлар, сафардан қайтганлар, ҳар куни ишига қатнайдиганлар ўтади. Кўпчиликнинг дуоси ва яхши ният ортидан қурилган бу йўллар халқимизга узоқ йиллар давомида хизмат қилишига ишонамиз.
– Маҳалламизнинг бу йўллари, марказда кўплаб тумандошларимиз фойдаланадиган йўл бўлишига қарамай? анчагина ноқулайликлари бор эди, автомобил учун нотекис бу йўлларда пиёдалар учун ҳатто тор йўлак ҳам йўқ эди, айниқса, мактабга қатнайдиган фарзандларимиз жуда қийналарди, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Саламат Алимбаев. – Лойиҳанинг овозга қўйилиши ҳаммани бир хурсанд қилган бўлса, уни етарлича овоз тўплаб ғолиб бўлиши бизни юз қувонтирди, мана бугун яна 200 метр масофадаги кўчамиз обод бўлди.
Йўлсозлик – улуғ, шу билан бирга, машаққатли касб. Бугун фойдаланишга топширилган “Абай” маҳалласидаги бу йўлда қурилиш-таъмирлаш ва кенгайтириш ишларини Учқудуқ туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ишчи-ходимлари олиб бордилар. Улар ёзнинг жазирамасини писанд этмай ўзларига берилган вазифани сидқидилдан адо этишди. Лойиҳани муддатида фойдаланишга топширишди.
Жонажон Ўзбекистонимизнинг янги қиёфасини барпо этишда, она Ватанимизнинг юксак тараққиётини таъминлашда, ҳаётимизни янада обод ва фаровон этишда йўлсозларнинг ҳиссаси беқиёс, албатта.
Йўллар элларни-элларга, манзилларни-манзилларга туташтирувчи муҳим воситадир. Давлатимиз томонидан йўл қурилиши соҳасига қаратилаётган жиддий эътибор ҳудудларни ободонлаштириш, йўловчи ва ҳайдовчиларга бирдек қулайлик яратиш, одамларнинг мушкули осон, турмуш даражаси эса янада фаровон бўлишига хизмат қилади, албатта.