Давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорларга яратилаётган шароит ва қаратилаётган эътибордан, ҳамда берилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, бизнесда амалий натижаларга эришаётган тадбиркорлар талайгина. Туманимизнинг ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва экспорт салоҳиятини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган, янги иш ўринлари яратиб, бутун жамиятга наф келтираётган фаол тадбиркорлардан Хусниддин Нормуродов билан учрашув Мустақиллик маҳалласидаги 10-мактабда бўлиб ўтди. Маҳалла ёшлари, банд бўлмаган аҳоли вакиллари ҳамда Учқудуқ касб-ҳунар мактаби ўқувчилари иштирокида ўтган учрашув баҳс-мунозараларга бой, керакли билим ва тажрибалар улашилган тренинг тарзида бўлиб ўтди.
“Ишонч-Фируз” хусусий корхонаси раҳбари Нормуродов Хусниддин Хусанович ўзи босиб ўтган йўли ҳақида гапириб берар экан, фаолиятини бозорда оддий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотишдан бошлаганлиги, ота-онаси оддий чўпон ва сигир соғувчи бўлганлиги, нимага эришган бўлсада фақат ҳалол меҳнату, ота-онаси қилган дуолар ортидан эканлигини таъкидлади.
Очиқ мулоқотда тадбиркорликка қизиқиш билдираётган, эндигина тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган ва шу соҳада фаолият бошлашда катта иккиланиш қаршисида турган ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.
Ҳам депутат, ҳам тадбиркор сифатида Ҳусниддин Нормуродов юзлаб эҳтиёжманд оилалар уй-жойларини таъмирлаб берган, ёки қурилиш материллари билан бепул таъминлаган. Унинг бу хизматлари инобатга олиниб, «Саховат ва кўмак» кўкрак нишони билан тақдирланган.
Бугунги учрашувда ҳам «Мустақиллик» маҳалласидан фуқаро томонидан болалар ўйин майдончасига қўшимча атракциони қуриб бериш юзасидан қилинган мурожаатни тадбиркор беетибор қолдирмади. Мурожаатни ижобий ҳал этилишини билдирган Ҳусниддин Нормуродовга учрашув иштирокчилари ўз миннатдорчилигини билдирди.
Учрашувнинг иккинчи қисми хусусий корхонанинг ишлаб чиқариш цехларида давом эттирилди. Корхонага қарашли шифер ва тунука маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехида 10 хилга яқин сифатли қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Шлакоблок ишлаб чиқариш цехида ҳам ишлар қизғин давом эттирилмоқда. Ҳар иккала цехда 6 та доимий иш ўрни яратилган.
«Ишонч Феруз» ХК савдо дўконларидан ташқари қурилиш бизнесига ҳам қўл урган. Корхона томонидан 2 та кўп қаватли уйлар қурилиб эгаларига топширилган бўлса яна 2 та уйда пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. 2 та уйнинг пойдевори мустаҳкам қурилиб, биринчи қаватида қурилиш ишлари олиб борилаётир. Ушбу қурилиш ишларида 150 дан ортиқ мавсумий ишчилар ишлайди. Уларга корхонанинг шахсий ёрдамчи хўжалигида парваришланаётган майда ва йирик шохли моллар ва паррандалардан 3 маҳал овқат тайёрланади. Ётоқхонага эҳтиёжи борлар ётоқхона билан таъминланади.
Келгусида хусусий корхона қошидаги шахсий ёрдамчи хўжалик фаолиятини янада кенгайтиришни ўз олдиларига мақсад қилишган.
Ҳозирда оилавий меҳмонхонанинг қурилиш ишлари ҳам якунига етай деб қолди. 37 ўринга мўлжалланган оилавий меҳмонхона янгидан қурилган кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида жойлашган. Дизайнерлар бу ерда дизайн ишларини олиб боришмоқда. Йил охиригача Учқудуқда меҳмонхоналар сони яна биттага кўпаяди.
“Тадбиркор бой бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам бой бўлади” - деб бежизга айтилмаган. Зеро тадбиркорлик субъектлари сони ошиши иш ўринлари пайдо бўлишига асосдир. Иш ўрни бор жойда фаровонлик бўлади. Бундай пайтда аҳоли фақат қозон қайнатибгина қолмай, чин маънода даромад олишни бошлайди. Шундай экан туманда ўз бизнеси билан иқтисодиётга муносиб улуш қўшиб келаётган салоҳиятли фаол тадбиркорларнинг бой тажрибаларидан унумли фойдаланайлик.