Аёл зотининг қўли гул. Озгина шароит ва имконият берилса, моҳир қўллари билан мўжизалар ярата олади. Айниқса, оиласи, яқинлари учун барча имконини ишга солади. Президентимиз саъй-ҳаракати билан йўлга қўйилган ижтимоий қийин аҳволдаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Аёллар дафтари” мана шундай қўли гул аёлларга имкон бериб келмоқда.
Туманимизда “Аёллар дафтари”га киритилган ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб касбга ўқитиш, тадбиркорликларини йўлга қўйиш ва бошқа қулай даромад манбаи билан таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Биргина Алтинтов ОФЙда “Аёллар дафтари”нинг 4-босқичига 13 нафар хотин-қизлар киритилган бўлса, улардан 2 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 2 нафарига субсидия асосида пишириқ печлари ва қўшимча жиҳозлар берилди, 1 нафарига музлаткич яна 6 нафарига эса турли мақсадларда 1 марталик моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Қувонарли томони шундаки, бугун бу аёллар ўз оилалари даромадларини оширишга интилмоқдалар, ўз билими ва маҳоратини ишга солиб қўлларидан келганича пишириқ тайёрлаб мактаб ва овул аҳолиси учун маҳсулотлар етказиб бермоқдалар.
Ахиншаева Болар ва Ешмуратова Гулзира каби аёлларнинг пишириқлари ва сомсалари бугун овулликларнининг дастурхонини безаётган бўлса, яна кўплаб аёллар ўзларига берилган моддий ёрдам ортидан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишни мақсад қилган.
Аёлларимиз жамиятнинг гултожиси, уларни хўрлашга, камситишга ҳеч қачон йўл қўймайлик, улар бизнинг оналаримиз, қизларимиз шундай экан уларни қўллаб-қувватлашни нафақат давлатни, балки ҳар биримизнинг муқаддас бурчимизга айлантирайлик.