Шифокорлик - масъулиятли касб. Чунки унинг фаолияти инсон саломатлиги ва ҳаёти билан боғлиқ. Айниқса, шошилинч вазиятда беморга тўғри ташхис қўйиш ва биринчи тиббий ёрдам кўрсата олишда шифокорнинг масъулияти яққол кўринади. Бу эса касб соҳибидан чуқур билим, тажриба ва маҳорат талаб этади.
Соғлиқни сақлаш ходимлари ҳамда аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш ишида ўзини кўрсатган, тажрибали ва малакали, ўз фаолиятида юқори натижаларга эришган шахсларга 2006 йилдан буён бериб келинаётган “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан кўплаб учқудуқлик шифокорлар ҳам тақдирланган.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан бу йил ҳам, туманимизда меҳнати муносиб эътироф этилган шифокорларимиз сони 1 тага кўпайди.
Шифокорлик — машаққатли касб, ўзгалар дарди билан, уларнинг тақдири ҳақида қайғуриб яшаш, албатта, осон эмас. Беморларнинг тезроқ тузалиб, оиласи бағрига соғ-омон қайтиши эса нафақат тиббий муолажалар, балки ширин сўз ва меҳрга ҳам боғлиқ. Бутун фаолияти давомида қасамёдига содиқ қолиб, шифокор номига доғ туширмаган, минглаб беморлар дуосини олган бундай фидойи инсонлар ҳамиша эъзозу эҳтиромга лойиқ. Бугун 35 йиллик тажрибага эга бўлган, Учқудуқ туман тиббиётида билими ва тажрибаси, сабр-матонати билан ҳурмат қозонган, қолаверса, жасорат ва фидойилик соҳибаси Раъно Ахмедованинг меҳнатлари муносиб эътироф этилиб, “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Шифокор ҳар бир беморга ўз ака-укаси, опа-синглиси, яқинларидек муносабатда бўлсагина, халқ орасида ҳурмат, ном ва меҳр қозонади. Узоқ йиллардан бери ҳамшаҳарларимизнинг севимли шифокори, кўплаб шогирдларнинг устози Раъно Ахмедовага ютуқлар муборак бўлсин!