LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

16 Mar 2021

    Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг  биринчи ўринбосари Б.Исламов ва Олий суди раиси К.Камилов раҳбарлигида республика ишчи гуруҳи томонидан Навоий вилоятида 3 кун давомида сайёр қабул ўтказилишини маълум қиламиз.

   Унга кўра, Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди тумани фуқаролари суд-ҳуқуқ масалалари юзасидан ўзларини қизиқтирган  барча саволлар билан сайёр қабулда иштирок этишлари мумкин.

   Сайёр қабул жорий йилнинг 18 мартида соат 14-30 да Зарафшон шаҳридаги Болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида бўлиб ўтади.

   Ушбу сайёр қабулда иштирок этувчи фуқаролар 2 кун олдин шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан Учқудуқ туманидаги фуқаролик, жиноят ҳамда иқтисодий судлар ёки ҳудудлардаги Халқ қабулхонасида рўйхатдан ўтишлари мумкин.

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди.

 

16 Mar 2021

Бухоро вилоятига ташрифи давомида «Замин» фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказининг болалар онкогематологияси бўлимида бўлиб, у ерда беморлар билан суҳбатлашди. Фонд болаларнинг гематологик ва онкологик хизматларини бирлаштириш ташаббусини қўллаб-қувватлаши таъкидланди.

 
Шунингдек, «Темир дафтар» таркибига киритилган юрак-қон томир касалликлари ташхиси бор 18 ёшгача бўлган болалар учун жарроҳлик амалиётларини амалга ошириш хайрия лойиҳаси бошланганлиги ҳақида эълон қилинди. Бугунги кунга келиб, «Темир дафтар» рўйхатида ушбу ташхис қўйилган болаларнинг умумий сони 300 кишини ташкил этади.

 
Зироат Мирзиёева биринчи жарроҳлик амалиётидан ўтадиган болалар ва уларнинг ота-оналари билан учрашди.

— Болажонлар соғайиб кетсин деб, сиз – дуодасиз, шифокорлар – ҳаракатда. Биз ҳам шу хайрли ишга ҳиссамизни қўшиш, сизни қўллаб-қувватлаш учун келдик. Бизнинг ҳаракатларимиз ўз самарасини беради деб умид қиламиз, — деди «Замин» фонди Васийлик кенгаши раиси.

16 Mar 2021

Солиқни тўлаш муддати бузилганда тўлов муддати белгиланган кундан кейинги санадан эътиборан ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун пеня ҳисобланади. Шунингдек, даромадлар тўғрисида декларацияни ўз вақтида тақдим этмаслик энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ўтган солиқ даври учун жисмоний шахсларнинг даромадлари тўғрисида декларация тақдим этишнинг охирги муддати – 1 апрелга саноқли кунлар қолди. Шуни инобатга олиб Давлат cолиқ қўмитаси инспектори Санжар Хайриддинов мазкур декларацияни тақдим этиш тартиби ҳақида маълумот берди.

Декларацияни кимлар топширади?

Солиқ кодексининг 393-моддасига асосан, 2020 йил давомида:

  • фоиз ва дивиденд кўринишида, мол-мулкини ижарага бериб (агар бу даромадларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса);
  • илм-фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида;
  • моддий наф тарзида;
  • Ўзбекистон ҳудудидан ташқаридаги манбалардан;
  • солиқ агентлари бўлмаган манбалардан;
  • солиқ агенти томонидан солиқ ушлаб қолинмаган солиқ солинадиган бошқа манбалардан даромад олган Ўзбекистон резидентлари 2020 йилнинг 1 апрелига қадар жами йиллик даромадлари тўғрисида декларация топширишлари лозим.

Белгиланган тартибга кўра, Ўзбекистон резиденти бўлган чет эллик жисмоний шахс ҳам ўтган солиқ даври учун даромадлар тўғрисида 2021 йилнинг 1 апрелигача декларация тақдим этади.

Агар жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация топшириш муддати (1 апрел дам олиш ёки ишланмайдиган байрам кунига тўғри келса, декларация ундан кейинги биринчи иш кунидан кечиктирмай тақдим этилиши шарт (Солиқ кодексининг 5-моддаси).

Декларацияга қандай ҳужжатлар илова қилинади?

Жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларация шакли Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган «Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорнинг 4-иловасида келтирилган.

Жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияга белгиланган шаклдаги тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари ҳақидаги маълумотнома илова қилинади.

Илм-фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи олаётган солиқ тўловчи даромадлар олиш билан боғлиқ даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиши шарт. Улар ижодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган, ҳақиқатда сарфланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатларни даромаддан чегириш ҳуқуқига эга.

Бунда чегирма олинган жами даромад суммасининг 30 фоизидан кўп бўлмаслиги керак. Харажатлар ҳужжатлар (назорат-касса машинаси ёки терминал чеклари, квитанциялар, шартномалар, ҳисобварақ-фактуралар ва ҳоказо) билан тасдиқланган бўлиши лозим.

Грант олган солиқ тўловчи жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни топшираётганда грант бўйича олинган даромад суммасини, солиқ миқдорини кўрсатади. Шунингдек ваколатли органнинг тегишли хулосасини илова қилади.

Мол-мулкни (автотранспорт, бино ва иншоотлар, турар ва нотурар жойлар) ижарага берувчи жисмоний шахслар ижара шартномалари нусхаларини декларацияга илова қилишлари шарт.

Ўзбекистондан ташқарида тўланган, Ўзбекистон резиденти бўлган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари республикада солиқ тўлашда Солиқ кодекснинг 342-моддасида назарда тутилган тартибда ҳисобга олинади.

Солиқни ҳисобга олиш солиқ даври якуни бўйича жисмоний шахс томонидан тақдим этилган жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида амалга оширилади.

Кодекснинг 342-моддаси, 1-қисмига мувофиқ, чет давлатнинг қонун ҳужжатларига ёки Ўзбекистоннинг халқаро шартномасига мувофиқ ҳақиқатда тўланган (ушлаб қолинган) фойда солиғининг суммаси ёки ушбу чет давлатда олинган даромадлардан олинадиган айнан ўхшаш турдаги солиқ республикада фойда солиғини тўлаш ҳисобидан солиқ тўловчида ушбу моддада белгиланган тартибда ва миқдорларда ҳисобга олиниши лозим.

Қандай усулларда тақдим этиш мумкин?

Декларация бевосита жисмоний шахснинг доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига, почта орқали буюртма хат шаклида, шунингдек, электрон шаклдаги ахборот тарзида ва интернет тармоғи орқали тақдим этилиши мумкин. Декларация солиқ органига шахсан тақдим этилганда давлат солиқ органининг тегишли бўлимига топширилади.

Электрон ҳужжат тарзида тайёрланган декларацияни солиқ тўловчи бевосита ёки ахборот воситачиси (электрон ҳужжатлар айланмаси билан боғлиқ хизматларни кўрсатувчи юридик шахс) орқали жўнатиши мумкин. У электрон рақамли имзо билан тасдиқланади, бунда белгиланган шакл тўлиқ тўлдирилган бўлиши керак.

Шунингдек, декларацияни Давлат солиқ қўмитасининг my.soliq.uz электрон солиқ хизматлари порталидаги солиқ декларацияларини юбориш интерактив хизмати орқали ҳам жўнатиш мумкин.

Қуйидагилар солиқ тўланган сана деб ҳисобланади:

  • солиқ солиқ агентлари ёки жисмоний шахслар томонидан банкдаги ҳисобварағидан тўланган тақдирда банкдаги ҳисобварағидан маблағлар ҳисобдан чиқарилган кун;
  • жисмоний шахслар томонидан нақд пул маблағлари киритилган тақдирда банк кассасига маблағлар тўланган сана.

Жисмоний шахслар ҳисоблаб чиқарилган солиқни чет давлатда жойлашган банк ҳисобварағидан чет эл валютасида тўлаши мумкин. Бунда миллий валютада ифодаланган солиқ Марказий банк томонидан белгиланган солиқ тўланган санадаги курс бўйича чет эл валютасида қайта ҳисоблаб чиқарилади.

Солиқ органлари томонидан ҳисоблаб чиқариладиган солиқни тўлаш тўлов хабарномасида кўрсатилган муддатларда амалга оширилиши керак.

«Солиқни тўлаш муддатлари бузилганда тўлов муддати белгиланган кундан кейинги санадан эътиборан ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун (тўлов куни ҳам шунга киради) пеня ҳисобланади. Бунда пенянинг фоиз ставкаси Марказий банкнинг шу даврда амалда бўлган қайта молиялаш ставкасининг уч юздан бирига тенг этиб қабул қилинади. (110-модда)

Шунингдек, даромадлар тўғрисида декларацияни ўз вақтида тақдим этмаслик энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 174-моддаси учинчи қисми).

Шуларни эътиборга олган ҳолда, даромадларингиз тўғрисидаги декларацияни охирги муддат – 1 апрелни кутмасдан яшаш жойингиздаги давлат солиқ инспекциясига ўз вақтида тақдим этишингизни маслаҳат берамиз», дейди Давлат солиқ қўмитаси инспектори Санжар Хайриддинов.

Маълумот учун, президент фармони билан 2020 йил 1 июлдан 2020 йил 31 декабргача жисмоний шахслар кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича даромад солиғи тўлашдан озод этилган эди.

15 Mar 2021

Аэропорт, темир йўл вокзали ёхуд чегара пункти ҳудудида коронавирус инфекциясига антиген экспресс тест олиш тартиби бекор қилинади

Жорий йилнинг 13 март санасида Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишларни мувофиқлаштириш, хорижий ва қўшни мамлакатларда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазиятнинг бироз бўлсада барқарорлашганлигини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчиларга енгилликлар яратиш ҳамда туризм салоҳиятидан кенгроқ фойдаланиш бўйича бир қатор масалалар муҳокама қилинди.

Шу муносабат билан Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан Ўзбекистон Республикасига ҳаво, темир йўл транспорти ҳамда чегара пунктлари орқали ташриф буюраётган барча шахслардан ўз ҳисобидан аэропорт, темир йўл вокзали ёхуд чегара пункти ҳудудида коронавирус инфекциясига антиген экспресс тест олиш тартиби 2021 йилнинг 15 мартидан бошлаб бекор қилинади.

Эндиликда, янги тартиб бўйича:

❗️ҳаво ва темир йўл қатновлари орқали ташриф буюраётган шахслар Ўзбекистон Республикасига келиш учун ҳаво ёки темир йўл қатновига рўйхатдан ўтишдан олдин сўнгги 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда коронавирус инфекциясига фақат ПЗР орқали текширилиб, манфий кўрсаткичга эга деб топилган маълумотномани тақдим этиши талаб этилади;

❗️автойўл чегара ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган шахслар томонидан сўнгги
72 соатдан кўп бўлмаган муддатда коронавирус инфекциясига ПЗР орқали текширилиб, манфий кўрсаткичга эга деб топилган маълумотномани тақдим этилганда ёки ПЗР натижаси бўлмаган ҳолларда чегара ўтказиш пунктларида фаолият юритадиган махсус клиника ёки лабораторияларда коронавирус инфекцияси антигенини экспресс тест текшируви орқали манфий натижа қайд этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киритилади.

Бунда коронавирус инфекциясига ПЗР текширувлари натижалари инглиз ёки рус тилларида бўлиши талаб этилади.

Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан
2021 йилнинг 25 мартидан бошлаб хорижий мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчилардан фақат сифат кўрсаткичи талаб даражасида бўлган лабораторияларнинг коронавирус инфекциясига ПЗР текширувлари маълумотномалари билан ҳаво ёки темир йўл қатновига рўйхатдан ўтказилади ёхуд автойўл чегара ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистон Республикасига коронавирус инфекцияси антигенини экспресс тест текшируви ўтказмасдан киритилади.

Шу билан бирга мутасадди ташкилотларга чет элда сифатли ҳамда ишончли коронавирус инфекциясига ПЗР текширувларини ўтказувчи лабораториялар – яъни Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган лабораториялар рўйхатини (ҳар бир мамлакат кесимида камида 10 тадан) шакллантириш ва эълон қилиш бўйича топшириқ берилди.

Масъул вазирлик ва идораларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус билан боғлиқ мамлакатга кириш бўйича чекловлар бекор қилингани, янги авиа ва темир йўл қатновлари ташкил этилаётгани тўғрисида ўз расмий веб-саҳифаларида ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали хорижий ҳамкорлар, инвесторлар ва туроператорларга маълум қилиш бўйича топшириқ берилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

14 Mar 2021

Кўп қаватли уйларнинг бирида фақиргина бир оила яшарди. Эр-хотин ва саккиз ёшли болакай. Ота-она кун бўйи ишда, бола эса уйда ёлғиз ўзи қоларди. У ҳар куни олтинчи қават деразасидан пастга - болалар майдончасида велосипед миниб юрган тенгдошларига ҳавас билан термиларди. У ҳам ўзининг шунақа велосипеди бўлишини орзу қиларди. Лекин оилада бу орзуни амалга ошириш учун на пул, на вақт ва ҳаттоки боланинг орзусини эшитадиган кимса ҳам йўқ эди. Болакай ўз орзусини ошкор қилса, ота-онасини қийнаб қўйишни англар, шунинг учун уларга лом-мим демасди. Бир куни у онасининг «Худо меҳрибон, чин дилдан нимаики сўрасанг, албатта беради» деган сўзларини эслади ва шу он қоғоз, қалам ҳозирлади. Катта қоғозни юзлаб бўлакларга бўлди ва ҳар бир қоғоз парчасига « Эй, Худойим, менга велосипед бер», деб ёзди. Болакай ўз орзуси ёзилган қоғоз парчаларини олтинчи қават деразасидан ташқарига бирин-кетин ирғита бошлади. У «Худога қоғозларимнинг бири бўлмаса, бири албатта етиб боради ва Унинг менга раҳми келиб, велосипед жўнатади», деб астойдил ишонди. Кунлар ўтиб борар, бола ҳар куни одатий ишини такрорларди - қоғозчаларни деразадан сочарди. Унинг хаёлини велосипед орзуси буткул эгаллаб олганди. Болакай қоғоз сочиб бўлгач, яна шу ишга шўнғирди. У бу юмушга дарслик дафтарларигача сарфлади. Болакай бошқа ҳамма нарсани унутиб, телбаларча қоғозларни йиртар, ёзар ва деразадан ирғитарди. Баъзан қоғозларга ручка сиёҳига болакайнинг қоп-қора кўзларидан томчилаган ёшлар сингиб кетарди. Кунлар ўтаверарди, болакай ҳар куни тонгда «Бугун Худога қоғозим етиб боради» деган умид билан янги руҳда ишини бошларди. Ниҳоят, бир куни эшик тақиллади. Болакай югуриб бориб, эшикни очди. Очдию остонадан нарида чиройли кийинган, чамаси қирқ беш ёшлардаги кимсани кўриб ҳайрон бўлди. Бегона одамнинг қўлида болакай чин дилдан орзулаган, ҳар оқшом тушларига кириб чиқадиган велосипед турарди. Нотаниш кимсанинг кўзларида мунгли табассум зоҳир эди. У енгил хўрсиниб велосипедни болага узатди.
- Қоғозинг Худога етиб борди, ўғлим, бу сенга. Миниб юр...
Болакай нима дейишни билмади. Ҳиммати зўр одам зина томон йўланаркан, бир-икки қадам ташлаб ортига ўгирилди, кўзларида ёш кўринди. У бор кучини тўплаб, деди:
- Энди Худодан бир мартагина “шу велосипедни олиб келган амакига ҳам фарзанд бер”, деб сўрагин, хўпми?!

13 Mar 2021

Эрта тонг турмуш ўртоғимни ишга кузатгач, тез-тез нарсаларимни йиғдиму уч ёшли ўғлимни олиб, онамникига жўнадим. Онажоним ва дадажоним мени очиқ юз билан кутиб олдилар. Аммо мен уйга кирдиму, онамни қучиб йиғлай бошладим. Бу ҳолатни кўрган дадам қўлимдан набираларини олдилару, бошқа хонага ўтдилар…

«Онажон, мен ортиқ чидай олмайман, ажрашаман куёвингиз билан! Жонимдан тўйиб кетдим, онажон!» — деб, онамни маҳкам қучиб йиғлай бошладим. Онажоним: «Хўп, қизим, хўп, қизалоғим, сен нима десанг биз розимиз. Дадажонинг билан мен доимо сени қўллаб қувватлаймиз. Ўзингни бос, қизалоғим, доим ёнингдамиз» — деб мени овутдиларда, ошхонага олиб ўтдилар.
— Куёвингизнинг қилиқлари жонимга тегди. Ишдан кеч қайтади, доим баҳонаси тайёр. Гоҳида мендан араз қиладилар, мен билан тузук-қуруқ дилдан гаплашмайдилар, мени ёмон кўрадилар. Мен бундай ҳаётда яшай олмайман. Гоҳида менга жаҳл қилиб бақирадилар, тўйиб кетдим онажон…
Онажоним сукут билан бир оғиз гап қўшмай тингладилар. Сўнгра бир оз вақт жим ўтирдилар-да, бир оқ қоғоз ва қалам олиб, қоғозга ўртасидан вертикал қилиб чизиқ чизиб менга узатдилар ва дедилар:
— Маша шу чизиқнинг чап томонига куёвимнинг айбларини бирма-бир ёзиб чиқ.

Мен:

— Нега, онажон? — деб сўрашимга эътибор ҳам бермадилар.
— Ёз, ёз, сен ёзавер…» — дедилар. Мен ҳам бир оз ўйланиб ўтириб, иштиёқ билан қоғозга ёза бошладим.
«Ишдан кеч қайтади. Менга жаҳл қилади. Мен билан гаплашмайди. Менга бақиради» каби феълларини қоғозга ёзар эканман ўйладим:

— Онажоним доим «яхши» дейдиган куёвларининг аҳволини бир кўриб қўйсинлар, бир боплаб ёзай, қоғозлари тўлиб кетсин…

Ёзиб тугатдим-да, онажонимга қоғозни узатдим. Онажоним ёзганларимни ўқиб ҳам кўрмадилард-а, қоғозни ўзимга қайтариб, дедилар:

— Энди ҳар бир ёзган куёвимни ёмон феълининг рўпарасига, чизиқнинг ўнг томонига унинг ўша феълига сенинг ўзинг қиладиган жавобингни ёзиб чиқ» — десалар бўладими?

— Ёз, ёза қол! — мен жавоб ёзмай ҳеч қаёққа кетолмаслигимни англагач амаллаб ёза бошладим.
«Ишдан кеч қайтадилар» нинг рўпарисига – “Кеч келгани учун қовоқ уйиб кутиб оламан;
«Менга жаҳл қиладилар» нинг рўпарисига — «Мен кейин хафа бўламан, овқат тайёрламайман» каби ўзимнинг уларга жавоб ҳисларимни амаллаб қоғозга туширдим.

Онажонимга узатар эканман «Куёвингиз-да, ҳаммасини бошлайдиган!» дедим. Онам қўлимдан қоғозни олдилар-да, қайчи билан ўрта чизиқдан тенг иккига бўлиб қирқдилар. Куёвларининг ёмон феъллари ёзилган бўлагини ғижимлаб, ахлат челагига ташладилар. Менинг қўштирноқ ичидаги «феълларим» туширилган қоғозни ўзимга узатдиларда:

— Қизалоғим, ҳаёт ўйинчоқ эмас, қўлингда ўз қўлларинг билан ёзилган «феълларинг» турибди. Ҳозир кийинасан, набирам биз билан қолади. Қўлингдаги қоғоз билан уйингга борасан. Ўз уйингда ўз феълларингни ўқиб, ҳазм қиласан. Куёвим сенинг қандай феълларингга чидаётганини ўйлайсан. Ақлингни йиғ. Ўшандан кейин ҳам «Йўқ, мен ҳақман!» десанг биз рози, — дедилар-у, менинг қўлимга қоғозни тутқазиб кўчага чиқариб қўйдилар. Мен нима бўлганини англаб-англамай уйга кириб келдим. Ошхона курсисига омонатгина ўтирдим-да, ўз қўлларим билан ёзган чиройли «феълларим»ни ўқий бошладим. Ўқир эканман, «Наҳот мен шунчалар ёмон аёл бўлсам, наҳот менинг турмуш ўртоғим шунчалик феълимга чидаб яшаётган бўлсалар?!» — дедим.

Мен ўзимнинг шайтонга қулоқ тутган нафсимни деб норасида ўғлимни тирик етим қилишимга, ўзимни эса бебахт қилишимга бир қадам қолганлигини сездим. Хушёр торттим-да, турмуш ўртоғим ишдан келишларига тансиқ овқат тайёрладим. Уйларни гўзаллаштирдим. Турмуш ўртоғим ишдан қайтдилар. Мен юзимда табассум, очиқ чеҳра билан уларни кутиб олдим. Ҳурматларини жойига қўйиб, аёллик мулозаматини қуюқлаштирдим. Хўжайиним ҳайрон, хурсанд эдилар. Ва ниҳоят

— Бугун кун бошқачами? — дедилар. Мен эса уларга шундай дедим:

— Сизни менга тақдир қилиб берган Аллоҳимга ҳамдлар бўлсин. Энди бутун ҳаётимиз бошқача бўлади…

13 Mar 2021

Дунё бўйича ўсимлик ёғи нархи ўртача 20-25-фоизга, Ўзбекистонда эса 17 фоизга ошди. Ўсимлик ёғининг ошиши кунгабоқар ёғи нархи ошиши фонида яққол сезилди. Мутахассислар прогнозларига кўра, нарх яна 30 фоизга ошиши мумкин. Пахта ёғи нархида эса барқарорлик кузатилмоқда.

 

Давлат статистика қўмитасининг 2021 йил 10 мартда ўтказган кузатувларига кўра, Тошкент шаҳрининг «Эси жўва» ва «Қўйлиқ деҳқон бозор»ларида маҳаллий пахта ёғи 11 минг сўмдан (минимал нарх), «Фарҳод деҳқон бозори»да кунгабоқар ёғи 19500 сўмдан (максимал нарх) сотилмоқда.

Қўмита феврал ойининг мос даврида эълон қилган хабарида, кунгабоқар ёғи (максимал) «Миробод деҳқон бозори»да 19 минг сўмдан сотилаётганди. Шунингдек, Kun.uz ўрганишларига кўра, шу даврда «Қўйлиқ деҳқон бозори»да кунгабоқар ёғи ўртача 17-19 минг сўм, айрим кунгабоқар ёғи турлари (масалан, «Идеал» ёғи) 30 минг сўм атрофида сотилаётгани маълум бўлди.

«Ёғ-мой саноати корхоналари уюшмаси» маълум қилишича, ўсимлик ёғи нархи 17 фоизга ошган.

Товар-хом ашё биржасида пахта ёғи нархида барқарорлик кузатилмоқда: 2021 йил 18 феврал ҳолатига кўра, пахта ёғи биржада 12 664 сўмдан сотилган бўлса, ўтган ойнинг мос даврида 12 892 сўмга баҳоланган.

Ўзбекистонда нега пахта ёғи нархида барқарорлик кузатилаётган бир пайтда кунгабоқар ёғи нархи кескин ошди?

Ёғ-мой саноати корхоналари уюшмаси раиси ўринбосари Қамар Серкаевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, кунгабоқар ёғи нархи ошишига катта ҳажмда озиқ-овқат хомашёларини етиштирадиган давлатларда ҳам пандемия туфайли ўз-ўзини изоляция қилиш туфайли ерларга экин экилмай қолиб кетгани, шунингдек, экинларга яхши қаралмагани натижасида ҳосил камайгани сабаб бўлган.

«Нафақат ўсимлик ёғи, балки барча озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича нархлар 2020 йилнинг 4-чорагида ўсиш кузатилди. Ёғ-мой бўйича энг катта хомашё базамиз Россия ҳисобланади. Россиянинг ўзида ҳам ўтган йили 15 миллион тоннадан кўпроқ мойли хомашё етиштирилган, бу йил 12,5 миллион тонна деб маълумот берилди. Россия ўз эҳтиёжларига ўрта ҳисобда хомашёнинг 8 миллион тоннасини ишлатадиган бўлса, одатда 6,5 миллион тоннасини экспортга - Ўзбекистон, Қозоғистон, Aфғонистон, Туркия ва энг катта харидори Хитойга сотади. Натижада салкам 2,5-3 миллион тонна ҳосил кам олинди ва четга сотадиган хомашёси ҳам кам чиқди.

Шунинг натижасида Россия ўз бозоридан маҳсулот чиқиб кетмаслиги ва бозорини ҳимоя қилиш учун турли тўсиқлар қўйди. Бугунги кунда Ўзбекистон Россиядан мойли хомашёлардан, асосан, кунгабоқар, соя уруғи сотиб оладиган бўлса, 30 фоизлик божхона божи қўйилади. Масалан, 400 долларга бир тонна хомашё сотиб олинса, бирданига 120 доллар устига қўйилади. Натижада хомашё қиммат кириб маҳсулот нархи қимматлашган», деди уюшма раиси ўринбосари.

Ўзбекистондаги ёғ-мой ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи йирик тадбиркорлардан бирининг Kun.uz’га маълум қилишича, хомашё қимматлашгани сабаб нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда ўсимлик ёғи (кунгабоқар ёғи) нархи кескин ошган. Хусусан, Ўзбекистонда хомашё нархи 2,5 баробар, ёғ (тайёр маҳсулот) нархи 2 баробар ошган.

«Бу ҳали нарх тўхтади дегани эмас. Ҳозирги нарх камида 30 фоизга ошади. Бунга сабаб, фермерлар хомашёга оширган нарх тайёр маҳсулотнинг ошишигача бўлган вақт тахминан 1-1,5 ой. Бу вақтда расталарда нарх ошишни бошлайди. Унгача ҳамманинг қўлида қолдиқ товар бўлади, шунинг ҳисобига нарх яна ошади. Бутун дунёда фақат кунгабоқар ёғи нархи эмас, барча ўсимлик ёғлари (соя, пальма) нархлари ошмоқда. Aсосий хомашё етиштирувчи давлатлар Россия, Қозоғистон, Украинада мўлжаллангандан тахминан 30 фоиз кам ҳосил йиғилди», - дейди тадбиркор.

Ўсимлик ёғи нархи ошиб кетиши аҳоли норозлигига сабаб бўлиши мумкин, нарх янада кескин ошмаслигига ечим борми?

Ёғ-мой корхоналари саноати уюшмаси раиси ўринбосари ҳукумат нарх қимматлаб кетишининг олдини олишга ҳаракат қилаётганини, шу билан бирга, корхоналарда иқтисодий аҳвол ёмонлашгани кузатилаётганини айтиб ўтди.

«Aммо бозор иқтисодиёти шароитида нархни назорат қилиш тўғри эмаслиги таъкидланмоқда. Ёғ-мой ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар хомашёни қайта ишлаган пайтда минимал фойда қўйиб ишлашга мажбур бўлмоқда.

Шулар билан бирга ҳисоблаганимизда ҳам Ўзбекистонда ўсимлик ёғлари нархи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўртача 17-18 фоизга ошиши кузатилди. Ўсимлик ёғининг корхонадан чиқиш минимал нархи 10,500-11 000 сўм. Ундан кейин маҳсулот биржага қўйилади, биржа ўз нархини қўяди. Кейинги босқичда маҳсулот биринчи тадбиркор, ҳаттоки иккинчи ва учинчи тадбиркоргача етиб бориш ҳолатлари бор», - деди у.

Мутасаддининг сўзларига кўра, ўсимлик ёғи нархи ошиб кетмаслиги учун Ўзбекистонда хомашё етиштириш кенгайтирилмоқда. Пахтачилик режасидан ташқари, 2021 йил режасига кўра, 400 минг гектардан ортиқроқ майдон ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш учун хомашё етиштиришга ажратилган. 

«Бунга фақат ёғ-мой корхоналари бўйича эмас, балки бутун республикадаги фермерлар, кластерлар, оддий деҳқон хўжаликларини хомашё етиштиришга қизиқтириб, ёғли маҳсулотларни, масалан соя, кунгабоқар, зиғир, кунжут экинларини кўпроқ етиштириш режалаштирилган.

Ўтган йилга нисбатан хомашё етиштириш ҳажми беш баробарга кўпайтирилади. Бироқ хомашё етиштириш кенгайгани билан ёғ арзонлашади, дейиш қийин масала. Фақат нарх барқарор қолиши мумкин. Ёғ 17-18 фоизга ошди деяпмиз, бироқ ёғли ўсимликни етиштириш харажатлари ҳам бор»,- деди раис ўринбосари Қамар Серкаев.

Kun.uz билан суҳбатда бўлган ёғ-мой ишлаб чиқариш ва хомашё импорти билан шуғулланувчи йирик тадбиркорнинг сўзларига кўра, бозор иқтисодиёти шароитида агар давлат ёғ-мой ишлаб чиқарувчиларга субсидия бериб божхона тўловларини олиб ташласа, бу нархга 15 фоизга таъсир қилиши мумкин, бироқ бу миқдор нархнинг бир марта оширилган тўлқинига ҳам тўғри келмайди.

«Aгар Ўзбекистонда чайқовчилар ёки монополистлар ҳисобига нарх ошаётган бўлса, буни тўғирлаш мумкин бўлар эди. Aммо нарх бутун дунёда ошмоқда. Бу шароитда бозор ҳаммасини ҳал қилади»,- деди тадбиркор.

Нима сабабдан Ўзбекистон ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш учун тўлиқ хомашё етиштирмайди?

«Мойли ўсимликларни етиштирадиган минтақалар бор, масалан, ҳар қанча ҳаракат қилиб пальма етиштирамиз десак ҳам бизнинг минтақада пальма ўсмайди. Мойли экинлар ҳам шунақа. Иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда мойли ўсимликларни етиштиришдан олинадиган самарадорлик Россия, Украина ёки Польшадагидек бўлмайди. Биздаги ҳосилдорлик кам чиқади.

Иккинчи фактор – бу ҳосил ичидаги мой сақлами ҳисобланади. Масалан, Ўзбекистон шароитида кунжут мойдорлиги 50 фоизга етса, Украинада 60 фоизгача. Ўзбекистонда етиштириладиган кунгабоқарнинг мой сақлами 27-30 фоизгача, (энг юқори), Россияда 48 фоизгача, Украинада 50 фоиздан ошиқроқ. Шунингдек, уларнинг бир гектардан олинадиган ҳосили ўртача 35-40 центнер, бизда 15 центнер.

Ўзбекистонда мойли ўсимликларни етиштириш иқтисодий самарасиз бўлса, уни экишга мажбурлаш керак эмас. Соя экиш кўпаймоқда, чунки соя экиш самарадорлигини деҳқонлар кўриб ўзлари ушбу ўсимликни етиштирмоқда», деди Қамар Серкаев.

Шунингдек, раис ўринбосари Ўзбекистонда ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш учун асосий хомашё манбалари ҳақида гапирди.

«Ўзбекистонда пахтадан ёғ олингани боис, бир неча йилдан бери Ўзбекистон пахта чигитини экспорт қилмайди. Маълумотларга кўра, ҳар йили пахтадан 1,100-1,200 млн тоннагача пахта чигити олинади. Ундан ташқари, деҳқон хўжаликлари етиштирадиган хомашё миқдори ўтган йил давомида 86 минг тоннани ташкил этди.

Ўтган беш йиллик статистикани оладиган бўлсак, мойли ўсимликларни етиштириш Ўзбекистонда доимий ўсувчан характерга эгалигини кўрамиз. Пахта чигитидан ташқари соядан ҳам ёғ олинади: 2016 йилда 12 минг гектар ерда соя етиштирилган, 2020 йилда 57,1 минг гектарга, яъни 4 баробарга ошиш кузатилди», дейди у.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 4 мартдаги «Мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва 2021 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тўғрисида»ги қарорига кўра, жорий йилда 305 минг 51 гектар майдонда мойли экинлар етиштирилиши кўзда тутилган. «Ўзёғмойсаноат» уюшмасининг хабар беришича, бу Республикада мойли экинларни жойлаштириш бўйича рекорд кўрсаткич ҳисобланади.

13 Mar 2021

Президентнинг “Фуқароларга давлат пенсиясини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни фуқароларга етказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳаси мамлакатда пенсионерларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, кекса ёшдаги фуқароларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, шунингдек, фуқаролар давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш ва соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда фуқароларга пенсияларни тайинлаш учун фақат паспорт билан мурожаат қилиши кифоя бўладиган тизимни яратишни таъминлаш мақсадида Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

Ҳужжат лойиҳасида фуқароларга давлат пенсияларини ҳисоблаш учун зарур маълумотлар электрон базасини шакллантириш, ҳужжатлар йиғиш жараёнини комплекс ривожлантириш орқали фуқаролар оворагарчиликларини бартараф этиш, пенсия ва нафақалар тўлаш тизими самарадорлигини ошириш ҳамда мазкур йўналишда соғлом рақобат муҳити ва замонавий стандартларни жорий этиш назарда тутилган.

Ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишдан кўзланган мақсад фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини босқичма-босқич жорий этиш, пенсияларни тайинлаш учун фақат паспорт билан мурожаат қилиш кифоя бўладиган тизимни яратиш, давлат пенсия таъминоти борасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини замон талабларига мувофиқлаштиришдан иборат.

Амалдаги ҳолатлар таҳлилига кўра, бугунги кунда пенсиялар тайинлашда 30 турдаги ҳужжатлар талаб этилади ҳамда мазкур маълумотларни тақдим этишга масъул 14дан ортиқ вазирлик ва ташкилотларда идоравий ахборот тизимлари, электрон ресурс ва маълумотлар базалари мавжуд эмаслиги қоғоз шаклида иш юритишдан воз кечиш ва ҳужжатлар йиғиш жараёнини электрон шаклга ўтказишга тўсқинлик қилиб келмоқда.

Қарор лойиҳасига мувофиқ қуйидаги натижаларга эришилади:

  • пенсиялар ҳисоблаш фуқароларнинг “Ягона меҳнат миллий тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритилган меҳнат стажи, олий ўқув юртларидаги кундузги таълим ва ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги электрон маълумотлари асосида амалга оширилади;
  • Пенсия жамғармаси томонидан молиялаштириладиган пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни тўлаш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича ҳар уч йилда ўтказиладиган тендер асосида танланган тижорат банки томонидан амалга оширилади;
  • пенсия ва нафақалар етказилгани учун хизмат ҳақини тўлаш учун фуқаролар ҳар ойлик пенсия ва нафақа миқдорига қўшимча 1 фоиз устама жорий қилинади ҳамда тўловларни нақд пулсиз шаклда олиш ёки арзонроқ хизматдан фойдаланиш ҳисобига иқтисод қилинган маблағ пенсия ва нафақа олувчи ихтиёрида қолдирилади;
  • пенсия ва нафақа олувчиларга Ўзбекистон ҳудудида шахсини тасдиқлайдиган, эгаси шахсий биографик маълумотлари қайд этилган, электрон ташувчи қурилма (чип)га эга бўлган банк картаси сифатида фойдаланиш имконияти мавжуд махсус пенсия картаси жорий этилади;
  • давлат пенсия таъминоти борасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини замон талабларига мувофиқлаштириш мақсадида Пенсия жамғармаси ташкилий тузилмаси қайтадан танқидий кўриб чиқилади;
  • Пенсия жамғармаси вақтинча бўш маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинган даромаднинг йигирма фоизи Пенсия жамғармаси ходимларини ижтимоий ривожлантириш ва моддий рағбатлантириш жамғармасига йўналтирилади;
  • ҳар бир ҳудудда биттадан Пенсия жамғармаси мавжуд бинолари негизида “Намунали Пенсия жамғармаси бўлими” ташкил этилади.

Ушбу қарор қабул қилиниши билан 2021 йилда қўшимча маблағ талаб этилмайди ҳамда 2022 йилдан кейин давлат бюджети ва Пенсия жамғармасидан ўртача 180 млрд сўм қўшимча маблағ талаб этилиши айтилган.

 
13 Mar 2021

Президентнинг “Фуқароларга давлат пенсиясини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни фуқароларга етказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳаси мамлакатда пенсионерларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, кекса ёшдаги фуқароларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, шунингдек, фуқаролар давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш ва соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда фуқароларга пенсияларни тайинлаш учун фақат паспорт билан мурожаат қилиши кифоя бўладиган тизимни яратишни таъминлаш мақсадида Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

Ҳужжат лойиҳасида фуқароларга давлат пенсияларини ҳисоблаш учун зарур маълумотлар электрон базасини шакллантириш, ҳужжатлар йиғиш жараёнини комплекс ривожлантириш орқали фуқаролар оворагарчиликларини бартараф этиш, пенсия ва нафақалар тўлаш тизими самарадорлигини ошириш ҳамда мазкур йўналишда соғлом рақобат муҳити ва замонавий стандартларни жорий этиш назарда тутилган.

Ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишдан кўзланган мақсад фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини босқичма-босқич жорий этиш, пенсияларни тайинлаш учун фақат паспорт билан мурожаат қилиш кифоя бўладиган тизимни яратиш, давлат пенсия таъминоти борасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини замон талабларига мувофиқлаштиришдан иборат.

Амалдаги ҳолатлар таҳлилига кўра, бугунги кунда пенсиялар тайинлашда 30 турдаги ҳужжатлар талаб этилади ҳамда мазкур маълумотларни тақдим этишга масъул 14дан ортиқ вазирлик ва ташкилотларда идоравий ахборот тизимлари, электрон ресурс ва маълумотлар базалари мавжуд эмаслиги қоғоз шаклида иш юритишдан воз кечиш ва ҳужжатлар йиғиш жараёнини электрон шаклга ўтказишга тўсқинлик қилиб келмоқда.

Қарор лойиҳасига мувофиқ қуйидаги натижаларга эришилади:

  • пенсиялар ҳисоблаш фуқароларнинг “Ягона меҳнат миллий тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритилган меҳнат стажи, олий ўқув юртларидаги кундузги таълим ва ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги электрон маълумотлари асосида амалга оширилади;
  • Пенсия жамғармаси томонидан молиялаштириладиган пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни тўлаш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича ҳар уч йилда ўтказиладиган тендер асосида танланган тижорат банки томонидан амалга оширилади;
  • пенсия ва нафақалар етказилгани учун хизмат ҳақини тўлаш учун фуқаролар ҳар ойлик пенсия ва нафақа миқдорига қўшимча 1 фоиз устама жорий қилинади ҳамда тўловларни нақд пулсиз шаклда олиш ёки арзонроқ хизматдан фойдаланиш ҳисобига иқтисод қилинган маблағ пенсия ва нафақа олувчи ихтиёрида қолдирилади;
  • пенсия ва нафақа олувчиларга Ўзбекистон ҳудудида шахсини тасдиқлайдиган, эгаси шахсий биографик маълумотлари қайд этилган, электрон ташувчи қурилма (чип)га эга бўлган банк картаси сифатида фойдаланиш имконияти мавжуд махсус пенсия картаси жорий этилади;
  • давлат пенсия таъминоти борасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини замон талабларига мувофиқлаштириш мақсадида Пенсия жамғармаси ташкилий тузилмаси қайтадан танқидий кўриб чиқилади;
  • Пенсия жамғармаси вақтинча бўш маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинган даромаднинг йигирма фоизи Пенсия жамғармаси ходимларини ижтимоий ривожлантириш ва моддий рағбатлантириш жамғармасига йўналтирилади;
  • ҳар бир ҳудудда биттадан Пенсия жамғармаси мавжуд бинолари негизида “Намунали Пенсия жамғармаси бўлими” ташкил этилади.

Ушбу қарор қабул қилиниши билан 2021 йилда қўшимча маблағ талаб этилмайди ҳамда 2022 йилдан кейин давлат бюджети ва Пенсия жамғармасидан ўртача 180 млрд сўм қўшимча маблағ талаб этилиши айтилган.

 
13 Mar 2021

Ўзбекистонда 2021 йил 11 март куни «Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» каналида хабар берилди.

Таъкидланишича, «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланган. Низомга кўра, «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағлари қуйидагиларга йўналтирилади:

  • «Ёшлар дафтари»га киритилган моддий аҳволи қийин ёшларга БҲМнинг 4 бараваригача миқдорда бир марталик моддий ёрдам кўрсатишга;
  •  ёшларни тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланадиган харажатларнинг 75 фоизигача қисмини қоплашга;
  • дафтарга киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолияти ҳамда ўзини ўзи банд қилиш мақсадида нотурар жойнинг 12 ойгача ижара харажатларини кўпи билан бир йилда БҲМнинг 25 бараваригача миқдорда қоплашга;
  • уларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун БҲМнинг 40 бараваригача миқдорда субсидия ажратишга;
  • мамлакатимиздаги ОТМда ўқиётган «Темир дафтар»га киритилган оилалар фарзандлари тўлов-контракт суммасининг 50 фоизигача, аммо БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда тўлаб беришга;
  •  «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг аҳволи оғир бўлган бемор фарзандларига мамлакатда ёки хорижий давлатда даволаниш билан боғлиқ харажатларни БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда қопланади.

Шунингдек, жамғарма маблағларини шакллантириш, бошқариш ва улардан фойдаланиш мақсадида манфаатдор муассасалар раҳбарлари ва жамоатчилик вакилларидан иборат таркибда Васийлик кенгаши тузилади. Бундан ташқари, Васийлик кенгаши раиси ҳар чоракда жамғарма даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисида халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашига ҳисобот беради. Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлими жамғарманинг ишчи органи ҳисобланади.

Маълумот учун, жамғарманинг 2021 йилда фойдаланилмай қолган маблағлари кейинги йилга ўтади ва туман (шаҳар) маҳаллий бюджетига олиб қўйилмайди.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: