Бугун Учқудуқда ҳар қадамда бунёдкорлик лойиҳаларига кўзимиз тушади. Кундан кунга янги иморатлар, турар жой мажмуалари, савдо комплекслари сони ортиб бормоқда. Ҳар қандай биноларни қуришда вақт таъсири ёки ташқи муҳит омилларига бардош бера оладиган оғир конструкциялардан фойдаланиш талаб этилади. Темир-бетон маҳсулотлари ана шундай қурилишда муҳим бўлган конструкция турига киради.
Бўлиб ўтган пресс-тур лойиҳаси доирасида журналистлар “Учқудуқ Нур – Бахт” МЧЖ да бўлиб, бу ерда темир-бетон ва мрамар маҳсулотлари ишлаб чиқарилиш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.
-20 йил давомида фаолият юритмай келган заводни ноль қийматда 3,5 млрд. сўм миқдорида инвестиция киритиш шарти билан “Учқудуқ Нур – Бахт” МЧЖ га берилган. – Бугунги кунда тадбиркор Ахан Бурханов лойиҳага 5 млрд. сўмлик инвестиция киритиб, қурилиш учун зарур бўлган темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
Туман марказида 22 та кўп қаватли уйлар қурилаётгани, жорий йилнинг ўзида уларнинг 11 таси фойдаланишга топширилишини ҳисобга оладиган бўлсак, корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган темир-бетон маҳсулотларига эҳтиёж юқорилигини пайқаш қийин эмас.
Бугунги кунда завод 2 метрдан 11 метргача бўлган турли ўлчамдаги сифатли темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқармоқда.
Шунингдек, бу ерда ҳар хил турдаги мрамор маҳсулотлари ҳам тайёрланади. Заводда 50 нафар ходим доимий иш жойи билан таъминланган.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.