LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

30 Mar 2021

       Кўксарой қароргоҳида Венгрия бош вазири Виктор Орбан ташрифи муносабати билан қабул маросимлари бўлиб ўтмоқда. Давлат раҳбарларининг тор доирадаги учрашувидан сўнг тадбир кенгайтирилган форматда давом этяпти. 

       Kun.uz мухбири хабарига кўра, унда илк сўзни олган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда икки томонлама муносабатларда юзага келган ҳолатни юқори баҳолади.

“Венгрия ҳам, Ўзбекистон ҳам ўтган асрнинг 80-йилларига қадар социалистик тузумда яшаган. Венгриянинг тарихан қисқа муддат ичида демократия ва бозор тамойилларига асосан ривожлангани таҳсинга лойиқ. 

Сўнгги йилларда ўзаро савдо айрибошлаш ҳажми уч баробар ошди. Мақсадимиз - мамлакатларимиз ўртасида савдо мувозанатини тиклаш, ўзаро савдо ҳажмини ҳозирги кўрсаткичлардан икки-уч баробарга ошириш. Венгрияга тўқимачилик маҳсулотлари етказиб бериш, ўз навбатида, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишга тайёрмиз. Будапешт шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи очилиши бу борада дадил қадам бўлади. 

Қишлоқ хўжалиги ҳамкорлигимизнинг истиқболли йўналиши ҳисобланади. Бу йўлда Юқори Чирчиқ туманида картошка уруғчилиги етиштириш лойиҳаси билан бевосита танишамиз. Ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш бўйича тегишли келишувларни имзолаймиз. Жиззах ва Самарқанд ҳудудида Венгрия тажрибасини қўллаш учун малакали экспертларни олиб келганингизни олқишлаймиз. 

Шунингдек, гуманитар ва таълим соҳасида ҳамкорликни кучайтирамиз. Жорий йилда Венгрия ОТМларида ўзбекистонлик талабалар учун юздан ортиқ ўринлар грант асосида ажратилгани учун ташаккур айтаман. Бугун Ўзбекистонда Дебрецен университети очилишига оид ҳужжатларни имзолаймиз.

Шу билан бирга, футболни ривожлантиришда Венгрия билан кенг ҳамкорлик қиламиз”, – деди президент.

          Шундан сўнг, Венгрия бош вазири Виктор Орбан сўз олди:

“Меҳмондўстликдан миннатдорман. Биз бу ерга катта умидлар билан келдик. Албатта пул, иқтисодиёт муҳим. Лекин биз учун Ўзбекистондаги маданият янада аҳамиятли.

Биз Европада жуда қизиқ ҳолатдамиз. Ўзига хос орол мақомидамиз, дўстлар ҳам, бегоналар ҳам йўқ. Чунки биз ўзига хос тарихга эгамиз. Масофаларга, биз христианлар, сизлар мусулмон бўлганингизга қарамай, биз сизларни дўст ҳисоблаймиз.

Бизнинг ортимизда оғир 30 йил ўтди. Охирги 32 йилда мен 16 йил давлат раҳбари сифатида, 16 йил давлат раҳбарига мухолиф сифатида яшадим. Бизда ўтиш даврининг тажрибаси бор. Биз ҳам хусусийлаштириш, бозор муносабатларига ўтиш мураккабликларини бошдан кечирганмиз. 

Венгрия бугун ривожланган давлат сифатида ўз тажрибалари, билими билан ўртоқлашишга тайёр. Барча муҳим мавзулар ҳақида сиз сўзлаб ўтдингиз. Биз бугун стратегик ҳамкорлик ҳақида ҳужжатлар имзолаймиз. 

Сизлар банк ислоҳотларингизга Венгриянинг барча йирик банкларини жалб қилмоқчисиз. Шунингдек, атом соҳасида Венгрия тажрибаси билан ўртоқлашишимиз мумкин.

Университетларимиз ўртасидаги ҳамкорлик, ҳар йили юздан ортиқ талабаларга таълим бериш бизни мамнун қилади”, деди Венгрия бош вазири.

           Шавкат Мирзиёев Виктор Орбаннинг бу сўзларига жавобан шундай деди:

“Сиз Европадаги ўзига хос оролмиз, дўстларимиз ҳам, бегоналар ҳам йўқ, дедингиз. Айтиш мумкинки, энди Ўзбекистон Венгриянинг яқин дўсти”, – президентнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

30 Mar 2021

  Учқудуқ туманида 3-7 ёшгача бўлган болаларнинг боғчага қамровини ошириш мақсадида мактабгача таълим муассасаларининг турли шакллари фаолияти йўлга қўйилди. Жумладан, оилавий уй-боғча очиш қулайлиги, хонадон аъзосининг иш билан таъминланиши ва бошқа имтиёзлари билан ҳам ҳар жиҳатдан фойдали. 

  Эътиборли жиҳати, ҳозирда  туманда  26 та давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 11 таси уй боғчалари ҳисобланади.

  Бугун яна бир ана шундай уй-боғча “Абай” маҳалласида фойдаланишга берилди. “Олтин калитча” деб номланган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти 16 нафар кичкинтойни ўз бағрига олди.

  Муассасанинг очилиш маросимида Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев,  Навоий вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раис ўринбосари Н.Исоқовлар иштирок этиб, ҳурматли  Президентимизнинг мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, айниқса, чекка қишлоқ, овул ва туманларига бераётган эътибори, соҳани ривожлантиришга доир қабул қилинаётган ўнлаб ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида тўхталиб ўтдилар.

  Янги муассасада болаларни ҳар томонлама баркамол тарбиялаш, мактабга тайёрлаш учун барча шароитлар яратилган. Муассасада инглиз, рус тиллари тўгараклари фаолият олиб боради.

  -Оилавий боғчаларнинг қулайлиги кўп, - дейди биз билан суҳбатда “Олтин қалитча” ОНММТ услубчиси Шаҳло Отаева. - Биринчидан, хонадонингизнинг бўш турган жойидан унумли фойдаланасиз, маҳалладошларингизнинг фарзандларига таълим-тарбия берасиз, якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритасиз. Шунингдек, ота-оналар билан келишган ҳолда турли тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиб, қўшимча даромад ҳам олишингиз мумкин. Фақатгина бу соҳада етарли билим ва кўникмага эга бўлиб, баркамол авлод тарбиялашдаги масъулиятни ҳис қилсангиз, кифоя.

  Маълумот ўрнида Учқудуқ туманида 3-7 ёшли болалар 3756 нафарни ташкил қилади. Уларнинг  3535 нафари ёки бўлмаса  94 фоизи  давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамров даражаси 12 фоизга ўсди. Жорий йил охиригача яна 10 та оилавий уй-боғчаларни фойдаланишга топшириш ҳисобидан қамров 98 фоизга етказилади.

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

30 Mar 2021

   Ҳам касбий таълимда ўқиб, ҳам ўз йўналишига мос ишда ишлаш – дуал таълим демакдир. Ҳукумат қарорига кўра, дуал таълимда ўқувчилар бир ҳафтада камида икки кун таълим олади, қолган кунлар ишлайди; ишлаган кунлари учун ҳақ олади.

   Вазирлар Маҳкамасининг «Профессионал таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан профессионал таълим тизимида дуал таълим ташкил этилади.

   Дуал таълимни ташкил этиш учун ҳокимликлар ва манфаатдор вазирликлар томонидан ўрта бўғин кадрларига бўлган эҳтиёж аниқланади ва таклиф тайёрланади.

   Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳар йили 1 июлгача дуал таълим бўйича кадрлар тайёрланадиган таълим муассасаларини белгилайди.

   Танланган таълим муассасалари белгиланган квоталар бўйича ўқувчиларни қабул қилади.

   Таълим муассасалари кадрларга эҳтиёжи бўлган ташкилотлар билан шартнома тузади. Шартнома ташкилот ва ўқувчи ўртасида ҳам тузилади. Бунда ўқувчи учун ташкилотда муайян иш ўрни ажратилади.

   Ўқувчилар бир ҳафтада камида икки кун таълим олади, қолган кунлар ишлайди. Ўқувчига ишлаган кунлари учун ҳақ тўланади.

    Маълумот учун, дуал таълим таълимни ўз йўналишига мос ташкилотда меҳнат қилиш билан бирга олиб борувчи тизим ҳисобланади.

    Ўзбекистонда ўрта махсус босқичда дуал таълим шакли жорий этилиши президентнинг 2020 йил ноябрдаги «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилганди.

29 Mar 2021

 Маърифатпарвар Абдулла Авлоний ёшлар тарбиясини “ҳаёт-мамот масаласи”, деб таърифлаган. Зеро, тарбияси мўрт ёшлардан жамият, маҳалла ёки оила учун ҳеч қандай наф бўлмайди. Ёшларнинг жиноятга қўл уриши тарбияда йўл қўйилган хато ёки бефарқликнинг аччиқ инъикосидир.

 Бугун ёшларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайиши учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган. Шундай бўлса-да, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг содир этилаётганлиги ачинарлидир.

 Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш, назоратсиз ва қаровсиз ҳолда бевақт юрган вояга етмаганларни аниқлаш мақсадида тунги рейд 3 та йўналишда ўтказилган. Вояга етмаганларнинг ота-онаси ёки уларни ўрнини босувчи шахсларни кузатувисиз тунгги вақтда кафе ва барлар, компюьтер ўйинхоналари, биллиардхона, чилимхоналарда ёки турли кўнгилочар масканларда бўлишининг олдини олишга қаратилди.

 Тадбир давомида 14 нафар вояга етмаган шахслар ақниқланди. Ушбу аниқланган ҳолатлар юзасидан маҳаллада ташкил этилган фильтр гуруҳга олиб борилиб, ота-оналари иштирокида профилактик суҳбат ўтказилди.

  ҲУРМАТЛИ ОТА-ОНАЛАР!

 Ота-оналарнинг болалар тарбиясига масъуллиги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида алоҳида қайд этилган. Унга кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунга қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.

 Бироқ, бугунги кунда вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг ортиб бораётгани ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига эътиборсизлигини кўрсатмоқда.

 Фарзандни ёшлигидан қандай тарбияласак, шундай вояга етади. Бунда, албатта, оила, маҳалла, жамиятдаги муҳит муҳим аҳамиятга эга. Ўзи, оиласи, халқи, маънавий илдизлари ҳақида етарли тушунчага эга бўлган бола жиноят ва ҳуқуқбузарликлар кўчасига кирмайди. Бунга эришиш учун жамиятнинг ҳар бир аъзоси зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этиши, бурчини сидқидилдан бажариши лозим.

Зайниддин САТТОРОВ,

туман ИИБ ХПБ ВЕ ва ЁУХПТЭГ катта инспектори, катта лейтенант.

29 Mar 2021

  Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Бадиий академиси, Ўзбекистон Республикаси “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси билан хамкорликда

  Бу йил халқимизнинг асрий орзуси бўлган ва мамлакатимиз тақдирида туб бурилиш ясаган буюк ва оламшумул воқеа – Ўзбекистон давлат мустақиллигига 30 йил тўлади. Шонли сана муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 17 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ-4926-сонли қарорида ғоятда адолатли таъкидланиганидек, Мустақиллик йилларида кўп миллатли Ўзбекистон халқи ўзининг буюк салоҳияти, мустаҳкам иродаси ва матонатини намоён этди, оғир синов ва машаққатларни мардона енгиб, катта тараққииёт йўлини босиб ўтди. Айни пайтда ушбу тарихий қарорда мамлакат мустақиллигининг улкан сиёсий, тарихий ва маънавий-маърифий аҳамиятини ҳисобга олиб, истиқлол йўлининг асосий мақсад ва вазифаларини янги босқичда оғишмай, самарали давом эттириш, бу қутлуғ санани давлатимиз ва жамиятимизнинг бугунги тараққиёт даражаси, халқаро майдондаги обрў-эътиборига муносиб, юксак савияда, умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаш тавсия қилинади.

  Маълумки, шон-шавкатли мамлакатимизда ҳар қандай қутлуғ кун ва ҳар қандай байрам нуронийларсиз ўтмайди! Хар бир тўйнинг тўрида нуронийларимиз файз бериб туради. Аслида нуронийларимиз - мамлакатнинг кўп миллионли фахрийлари ҳам тўйга қуруқ қўл билан келишмагани айни ҳақиқат! Бугун халкимиз эришган барча ғалабаларимиз замирида нуроний отахон-онахонларимизнинг салмоқли улуши бор, албатта. Истиқлолнинг шонли байроғини кўтаришдан тортиб, Мустақиллик ғояларини тарғиб қилиш ва миллий қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, кўп миллатли мамлакатда миллатлараро дўстлик, биродарлик, бағрикенглик анъаналарини қарор топтиришда, шунингдек, ўттиз йиллик даврда мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлашга қаратилган тарихий ислоҳотлар ва айниқса, Буюк ўзгаришлар даври – 2017-2021 йилларда Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик одимларида мамлакат нуронийларининг ўрни беқиёсдир!

 Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Бошқаруви, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши,   Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси,   Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Президента Администрацияси хузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги,   Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Республикаси “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди "Офарин, Нуроний!” мавзусидаги адабий-бадиий, қисқа метражли кино ва телеэкран санъати ҳамда журналистик асарларнинг очиқ танловини эълон қилади.

 БОШ МУКОФОТ - Гран-при - қимматбаҳо махсус мукофот

  •  Нуронийлар образини яққол намоён эта олган адабий-бадиий (проза, поэзия жанрлари) асарлари учун:
  • I-мукофот - фотоаппарат
  • II-мукофот - ноутбук
  • III-мукофот - диктофон
  • Рағбатлантирувчи 5 та мукофот
  •  Нуронийлар ҳаётини ёркин акс эттирган журналистик асарлар учун:
  • I-мукофот - фотоаппарат
  • II-мукофот - ноутбук
  • III-мукофот - диктофон
  •  Рағбатлантирувчи 5 та мукофот
  •  
  • Нуронийлар ҳаётини махорат билан акс эттира олган телевидение, радио ва киноэкран маҳсулотлари (қисқа метражли киносюжет, телеэтюд, клип, теле- радиолавҳа, теле-радиоочерк ва ҳ-к. йўналишлардаги туркум материаллар) учун:
  • I-мукофот - фотоаппарат
  • II-мукофот - ноутбук
  • III-мукофот - диктофон
  •   Рағбатлантирувчи 3 та мукофот
  •  Нуронийлар турмуш тарзини ёрқин ва ҳаётий акс эттира олган ранг-бўёк, ҳайкалтарошлик асарлари учун:
  •  
  • I-мукофот - фотоаппарат
  • II-мукофот - ноутбук
  • III-мукофот - диктофон
  • Рағбатлантирувчи 3 та мукофот
  • Нуронийлар сиймосини маҳоратли акс эттира олган фотосанъати асарлари учун:
  • I-мукофот - фотоаппарат
  • II-мукофот - ноутбук
  • III-мукофот - диктофон
  • Ратбатлантирувчи 3 та мукофот

Муаллифлар ушбу маълумотларни тақдим этадилар:

  • иш фаолияти ҳакида қисқача маълумот (объективка);
  • уй манзили ва алоқа телефони;
  • паспорт нусхаси;
  • (6x9) ҳажмдан кам бўлмаган 2 та фотосурат.
  •  II. ТАНЛОВ ҲАЙЪАТИНИНГ ИШ ТАРТИБИ

 Танловга тақдим этилган асарлар Республикадаги тажрибали ижодкорлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, халкаро ва миллий экспертлардан иборат танлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилади.

 Танловга тақдим этилган материаллар, биринчи навбатда, ижтимоий-бадиий савияси, профессионал маҳорат, мавзуга ижодий ёндашуви ва теран таъсирчанлиги, факт ва далилларга бойлиги, талқиннинг ўзига хос услуби каби мезонлар асосида баҳоланади.

 Танлов Низоми ва танлов шартлари ҳамда танлов натижалари Республика “Нуроний”, “Ишонч-Доверие”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ва “Ҳуррият” газеталарида, ЎзА сайтида ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Танловда ғолиб деб топилган сара асарлар алоҳида тўпланиб, китоб ҳолида нашр қилинади.

 Ғолибларни тақдирлаш маросими Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрами арафасида тантанали нишонланади.

29 Mar 2021

   Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги «2021/2022-ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.

 

        Ҳужжатга мувофиқ, 2021/2022-ўқув йилида олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси қабул параметрларини шакллантиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

  • биринчидан, давлат буюртмаси параметрлари доирасида ёшларни олий таълимга қамраб олишни кенгайтириш, давлат гранти асосидаги давлат буюртмаси параметрларини 2020/2021-ўқув йилига нисбатан 25 фоизга оширилган ҳолда белгилаш;
  • иккинчидан, жамиятда аёлларнинг ролини ошириш, эҳтиёжманд оилалар қизлари учун «ижтимоий лифт» тамойили асосида хотин-қизларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини кенгайтириш мақсадида алоҳида грант ўринларини икки баробарга ошириш;
  • учинчидан, ОТМларга ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларини шакллантириш бўйича кадрлар буюртмачиларининг эҳтиёжлари «Quota.idm.uz» электрон портали орқали шакллантирилганлиги;
  • тўртинчидан, вазирлик ва идоралар, иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёж юқори бўлган йўналишлари бўйича кадрларни тайёрлашда давлат гранти нодавлат олий таълим ташкилотларига ҳам берилиши;
  • бешинчидан, олий маълумотли кадрларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар учун давлат буюртмаси параметрларининг давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида мақсадли қабул параметрларини туман (шаҳар)лар кесимида тақсимлаш.

  Давлат олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси параметрлари қуйидагича бўлади:

а) бакалаврлар тайёрлаш бўйича:

  • кундузги таълим шаклига – 115 343 нафар;
  • сиртқи таълим шаклига – 36 211 нафар;
  • кечки таълим шаклига – 6 325 нафар.

б) магистрлар тайёрлаш бўйича – 12 914 нафар;

в) нодавлат олий таълим ташкилотларига давлат буюртмаси параметрлари 56 нафар этиб тасдиқланади.

     Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлигининг тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича 2000 нафар қўшимча давлат гранти ажратилади.

    Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан 100 нафардан хотин-қизлар учун ҳар йили маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан;

  • молиявий барқарор давлат олий таълим муассасалари томонидан уларнинг кенгаши қарорига асосан 50 нафаргача хотин-қизлар учун давлат олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

    Шунингдек, ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган олий таълим муассасалари ректорлари бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича белгиланган тўлов-контракт миқдори ҳақидаги маълумотларни 2021 йил 1 сентябрга қадар оммавий ахборот воситаларида эълон қилиши белгиланга

28 Mar 2021

  "Ватанпарвар" ташкилоти энди кам таъминланганларни нафақат ҳайдовчиликка, балки яна 10 хил касбга бепул ўқитмоқчи. Бу ҳақда 26 март куни Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши раиси Ҳусан Ботиров ташкилотнинг навбатдан ташқари конференциясида маълум қилди.

  Унга кўра, “Ватанпарвар” ташкилоти фаолиятининг янги даврида ташкилот ўз мақсад ва вазифаларини амалга оширишда ҳеч оғишмасдан ҳаракат қилиш баробарида янгидан-янги ташаббуслар ишлаб чиқади, шунингдек, давлат раҳбари ва ҳукумат томонидан қўйилаётган топшириқларни муддатида сифатли бажариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этади.

  Жумладан, ташкилотнинг аҳоли, айниқса ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни касбга ўқитиш ҳамда спортнинг техник ва амалий турларига жалб этиш борасидаги фаолияти тубдан такомиллаштирилади.

  Ҳ.Ботировнинг билдиришича, 2021 йилга мўлжалланган Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан республикамиз миқёсида ёшларни меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган касбларга ўқитиш 3 босқичда амалга оширилади.

  1-босқичда шу йилнинг апрель ойидан бошлаб фуқароларни “Ватанпарвар” ташкилотининг “Ҳайдовчилар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларида” “В”, “ВС”, “С”, “D”, “E” тоифалари бўйича ўқитилиши йўлга қўйилади.

  2-босқичда август ойидан “Техник хизмат кўрсатиш курслари” ташкил этилиб, ёшлар 5 хил касбга – вулканизатор, электрик-аккумуляторчи, газ-электр пайвандчи, чилангар, автоэлектрик мутахассисликлари бўйича ўқитилиши мўлжалланмоқда.

  3-босқичда декабрь ойидан бошлаб “Мураккаб техникаларни бошқариш курслари” йўлга қўйилиб, ушбу курсларда юк ортувчи транспорт, автогидро-подъёмник, юк машинаси крани, ғилдиракли трактор, битта ковшли экскаватор техникаларини бошқариш бўйича ўқитилиши кутилмоқда.

  Эътиборлиси, “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар юқоридаги касбларга бепул ўқитилиши режалаштирган.

  “Ватанпарвар” ташкилоти ушбу вазифани амалга ошириш учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва бир қатор идоралар билан музокаралар олиб бормоқда.

  Конференция давомида Марказий кенгаш аъзолари томонидан қатор масалалар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Уставига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишига овоз берилди.

  Ташкилотнинг янги таҳрирдаги Уставига киритилган жиддий ўзгаришлардан бири унга “Ташкилотнинг Қуролли Кучлар билан ҳамкорлиги” деб номланган янги XII-бобнинг киритилиши бўлди. Мазкур бобда “Ташкилот мамлакатимиз ёшларини ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда, Ватан ҳимоясига, унинг миллий хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини таъминлашга доимо шай туришга ҳамда ҳарбий хизматни ўташга тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари билан ўрнатилган тартибда ҳамкорлик қилиши ва уларга ҳар томонлама кўмаклашиши” белгиланган.

  Умуман олганда Уставда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, фуқаролар, айниқса ёшларни меҳнатга ва Ватанни ҳимоя қилишга тайёрлаш, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни касбга ўқитиш ҳамда спортга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш ишларида кўмаклашишга доир бир қатор аниқ вазифалар белгилаб қўйилди.

27 Mar 2021

      Одоб қизларнинг ҳуснидан ҳам устун турадиган фазилатлардан бири. Қизларга одоб ўргатиш жараёни эса узоқ давом этадиган, нафақат ота-она, балки маҳалла фаолларининг ҳам эътиборини жалб қилиши лозим бўлган кенг қамровли жараёндир. Маҳалллардаги энг фаол одоб-ахлоқ тарғиботчиларини аниқлаш, уларни маънавий-моддий рағбатлантириш мақсадида жорий йилда юртимизда илк бор “Қизлар одоби” тарғиботчиси кўрик-танлови ўтказилмоқда.

01
       Бугун шу танловнинг Учқудуқ туман босқичи бўлиб ўтди.  Тумандаги маҳаллалардан энг фаол тарғиботчилар маҳаллада ёш қизларга нафақат касб-ҳунар ўргатиш, балки улар онгу шуурига ўзбекона одоб-ахлоқ, андиша-ю ибо фазилатларини сингдириш борасидаги амалга ошираётган ишлари, ёш қизлар орасида одобсизлик иллатларининг юзага келиш сабабларини ўзида акс эттирган саҳна кўринишлари каби шартлар асосида ўзаро беллашдилар. Кўрик танловда Эронова Гулнора Қаҳрамоновна Энг намунали "Қизлар одоби" тарғиботчиси, Искандарова Гулчеҳра Бобомуродовна Энг самимий "Қизлар одоби тарғиботчиси", Джўраева Гулбахор Ўриновна Энг ибратли "Қизлар одоби тарғиботчиси", Жўраева Замира Қодировна Энг хушмуомала" Қизлар одоби тарғиботчиси" номинациялари ҳамда касб-ҳунар мактаби раҳбарияти томонидан эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

26 Mar 2021

  Ўзбекистан Республикасининг 2020 йил 2 мартдаги қонунига асосан 22 март - маҳалла тизими ходимлари куни сифатида белгиланган.

  Ушбу байрамни кенг нишонлаш ва юқори савияда ўтказиш мақсадида “Маҳалла - жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждон кўзгуси” ғояси остида жорий йилнинг 22-28 март кунлари республика миқёсида “Маҳаллаларда миллий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳафталиги”бўлиб ўтмоқда.

  Мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган ушбу ҳафталик жамиятимизда маҳалла институтининг ролини кучайтиришга, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини ва миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларининг самарадорлигини янада оширишга қаратилгандир.

  Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 мартдаги тегишли йиғилиш баёнига мувофиқ, ушбу ҳафталик доирасида белгиланган тадбирлардан бири Учқудуқ туманида ҳам ўтказилди.

  “Айтим” МФЙ да ташкиллаштирилган тадбирда  Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Навоий вилоят филиали малакали психологи Нигора Кулмуродова, 2017 йилда “Зулфия” номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган тумандошимиз Дилноза Камолова иштирок этди.

  Овул ва маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг хотин-қизлар масалалари  бўйича ўринбосарлари қатнашган тренингда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни “маҳаллабай” тарзда масъуллар ва фуқароларга етказиш, оғир ҳудудлардаги маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият юритаётган хизматчилар ҳамда фуқароларнинг психологик (эмоционал интеллект (EQ) ва ижтимоий ҳолатларини чуқур ўрганишга доир машғулотлар олиб борилди.

Норбегим БЎРОНОВА,

туман ҳокимлиги етакчи мутахассиси.

26 Mar 2021

Фармонга (https://t.me/huquqiyaxborot/9397) мувофиқ, 2021 йил 1 апрелдан:

“Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатининг:

раҳбар ва шифокорлар ойлик лавозим маоши 1,5 баробарга;
ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари ойлик лавозим маоши 2 баробарга;
бошқа барча ходимлар ойлик лавозим маоши 1,2 баробарга;
Агентлик марказий аппарати ходимларининг ойлик лавозим маоши 1,5 баробарга, унинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси марказий аппарати ва унинг ҳудудий комиссиялари ходимлари ойлик лавозим маоши 1,2 баробарга;
“Саховат” интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатида яшовчи ёлғиз пенсионерларга шахсий сарф-харажатлари учун камида тўланадиган ойлик пенсия миқдори 10 фоиздан 20 фоизгача оширилади. 

Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатида замонавий физиотерапия бўлими ташкил этилади. 

Шунингдек, 2021–2024 йилларда туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлимларида ишловчи ижтимоий ходимларнинг олий маълумот олиши учун республика ОТМларида мақсадли квоталар ажратилади. 

2021 йил май ойидан “Саховат” интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатидаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар йили бир марта санаторийларда бепул соғломлаштириш ташкил этилади. 

2021 йил 1 апрелдан “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида 1 нафардан кутубхоначи штат бирлиги жорий этилади.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: