LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

26 Feb 2021

Ўзбекистон қонунчилигида 2021 йил 1 мартдан бир қатор ўзгариш ва янгиликлар кучга киради -- баландлиги икки қаватдан ортиқ бўлган уйларни экспертизасиз қуришни тақиқлаш, аҳолининг минимал истеъмол харажатлари миқдори, алимент ундиришнинг янги тизими, Ўзбекистон фуқароларига ҳам солина бошлайдиган туристик йиғим ва бошқалар шулар жумласидандир. «Gazeta.uz» баҳорнинг биринчи кунидан кучга киражак асосий расмий ўзгаришларни бир саҳифага жамлади.

 

Икки қаватдан юқори бўлган уйларни экспертизасиз қуриш тақиқланади

2021 йил 1 мартдан бошлаб икки қаватдан юқори («сокол»ни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни, шу жумладан, якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ҳамда реконструкция қилишда объектнинг лойиҳа ҳужжатлари мажбурий экспертизадан ўтказилган бўлиши керак. Шу билан бирга, бошқа қатор тақиқлар ҳам кучга киради.

Аҳолининг минимал истеъмол харажатлари

2021 йил 1 мартдан Ўзбекистонда аҳолининг минимал истеъмол харажатлари эълон қилиниши керак. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида айтиб ўтган.

Декабрь охирларида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Камбағалликни қисқартириш сиёсатини юритиш департаменти директори Илҳом Маматқулов Ўзбекистон аҳолисининг неча фоизи расман камбағал ҳисобланиши ва камбағалликни белгилаш мезонлари нималардан иборатлиги тўғрисида маълумот берган эди.

Февраль бошида эса Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Ўзбекистонда истеъмол савати миқдорини ҳисоблаб, эълон қилди. Ўрганишларга кўра, истеъмол саватининг миқдори тахминан бир киши учун 2,157 миллион сўмни ташкил этади. Бироқ бу ҳисоб-китобларнинг механизми ва асосли эканлиги соҳа мутахассислари томонидан танқид остига олинди.

 

Тадбиркорлар кўчаларга қоидабузарликларни аниқловчи камера ва радарларни ўрнатиши мумкин бўлади

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2021 йил 1 мартдан бошлаб, тадбиркорлик субъектларига автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий техник воситалар ўрнатиш ҳуқуқи берилмоқда.

Яна бир қатор давлатлар фуқароларига Ўзбекистонга визасиз киришга рухсат берилади

1 мартдан бошлаб Баҳрайн, Қатар, Кувайт, Уммон ва Хитой (жумладан, унинг Гонконг ва Макао махсус маъмурий ҳудудлари) фуқароларига Ўзбекистонга кириш учун 10 кунлик визасиз режим жорий этилади.

Мажбурий маркировка

1 мартдан бошлаб маркировка қилинмаган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш тақиқланади.

Ўзбекистон фуқароларига ҳам тааллуқли бўлган туристик йиғим

2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслардан жойлаштириш воситасида улар яшаган ҳар бир кун учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган миқдорда туристик (меҳмонхона) йиғим ундирилади.

 

Қатор давлатлар билан авиақатновларга қўйилган чеклов муддати тугайди

Коронавирус пандемияси сабабли Ўзбекистон томонидан Буюк Британия, Италия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ҳамда Жанубий Африка Республикаси билан халқаро авиарейсларга (кириш, чиқиш ва транзит) жорий этилган чекловлар 1 март куни тугайди.

Чекловга тушган давлатлар рўйхатида Германия ҳам бор эди, аммо 11 февралда ушбу мамлакат билан авиақатновлар қайта тикланган.

Маҳалла фаоллари рағбатлантирилади

2021 йил 1 мартдан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган фуқароларга (уйбоши ва кўчабошиларга) коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича БҲМнинг 50 фоизи (122,5 минг сўм) миқдорида ҳар ойда компенсация пул тўловлари тўланади.

Туризмни ривожлантириш

2021 йил 1 мартдан 2022 йил 1 июнга қадар ички туризмни оммалаштириш йўлида Ўзбекистон бўйлаб саёҳатлар харажатларининг бир қисмини қоплаш механизми жорий этилмоқда:

  • авиаташувлар — ички туризм йўналиши бўйлаб авиақатновларнинг авиачипталари нархининг 25 фоизи миқдорида;
  • туроператор ва турагентлар — Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун уюштириладиган экскурсиялар учун авиация ва темир йўл чипталари нархининг 15 фоизи миқдорида, шунингдек, турар жой (меҳмонхона хизматлари) хизматлари нархининг 10 фоизи миқдорида. Шу билан бирга, ушбу харажатларнинг бир қисмини қоплаш, саёҳат амалга оширилган ҳудудларда жойлашган турар-жой биноларида камида бир кеча қолиш шарти билан таъминланади.
 

Алиментларни ундиришнинг янги тизими

2021 йил 1 мартдан бошлаб ижро ҳужжатлари бўйича алимент мажбуриятларини бажариш қарздорлар томонидан Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими алимент мажбуриятлари бўйича алоҳида банк ҳисобварағи билан интеграция қилинади. Бунда Мажбурий ижро бюроси томонидан ижро ҳужжатлари бўйича ундирувчи (алимент олувчи) номига тегишли банк картаси расмийлаштирилади ҳамда алимент пуллари, шу жумладан қарздорнинг иш ҳақидан ушлаб қолинган алимент пуллари ушбу алимент мажбуриятлари бўйича алоҳида банк ҳисобварағи орқали мазкур банк картасига ўтказилади.

Тошкентда чиқиндиларни саралаб йиғиш тажрибаси

Тошкентда 2021 йилдан чиқиндиларни саралаб йиғиш бошланади. Янги тизим 2021 йилдан Тошкентнинг ҳар бир туманидаги иккита маҳаллада — жами 24 та маҳаллада жорий этилади.  Саралаган ҳолда чиқиндиларни йиғишни рағбатлантириш учун оилаларга қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш учун тўлов тарифи пасайтирилади.

Онлайн кассалар ва онлайн НКМларда ўзгариш

Ўзбекистонда 2021 йил 1 мартдан онлайн кассалардан фойдаланиш тартибига ўзгартириш киритилади.

Вилоятлардаги ўқитувчиларга устамалар

Бошқа вилоятлардаги таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун жалб этилган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи ва педагогларнинг базавий тариф ставкасига махсус устама жорий этилмоқда.

Чақириб олинган инкассо топшириқларининг муддати тугайди

17 февраль эрталаб соат 10:00 дан олдин «бир кунлик» (ёки бошқача номи -- «обнал»чи) фирмалар билан шубҳали операцияларни амалга оширганлик хавфи нисбатан кам бўлган 2 960 тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларига жойлаштирилган инкассо топшириқлари 2021 йил 1 мартгача вақтинчалик бекор қилинган.

 

Яна нима?

Президент март охирига қадар 12 объектни, жумадан, Тошкент вилоятидаги «Белдерсой» ва «Чорвоқ» дам олиш масканлари, «Пойтахт» бизнес-маркази ва «Малика» техн-бозорини сотишни таъминлаш бўйича топшириқ берган.

Тошкентда мажбурий техник кўрик бошланади. Юридик шахсларга тегишли автомобиллар 1 мартдан 30 июнга қадар, жисмоний шахслар 1 январдан 31 мартга қадар ўтади. Йўловчиларни ташиш билан шуғулланувчи транспорт компаниялари кўрикдан икки марта (1 мартдан 30 июнгача ва 1 сентябрдан 31 октябргача) ўтади.

25 Feb 2021

O‘zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining  2011 yil 8 iyuldagi  “Qarovsiz qolgan hayvonlarni tutish va saqlash bilan bog‘liq xizmatlar faoliyatini takomilashtirish chora-tadbirlari to‘g‘risida”gi 202-sonli qaroriga asosan quturish kasalligiga qarshi kurashish choralarini yanada kuchaytirish, kasallik belgilari va uning oldini olish chora-tadbirlari bo‘yicha aholi xabardorligini oshirish va keng  targ‘ibot ishlarini olib borish maqsadida, joriy yilning 1-fevralidan 31-martiga qadar tumanimizda ham “Quturish kasalligiga qarshi  kurashish oyligi” e’lon qilingan.       

      Bugungi kunda dunyoning qator mamlakatlarida inson va hayvonlar uchun xavfli bo‘lgan quturish kasalligi bo‘yicha murakkab epizootik va epidemik vaziyat saqlanib qolmoqda.

      Quturish kasalligi insoniyatga qadimdan ma’lum bo‘lgan, barcha issiqqonli hayvonlar va odamlarda  uchraydigan asab-tizimining og‘ir shikastlanishi bilan kechadigan hamda o‘lim bilan yakun topadigan  o‘ta xavfli yuqumli virusli kasallikdir.

“Quturish kasalligiga qarshi  kurashish oyligi” doirasida Uchquduq tuman Sanitariya epidemiologik osоyishtalik va jamoat salomatligi bo‘limi, tumanda Quturish kasalligini oldini olish maqsadida xonadonlarda saqlanayotgan it, mushuk va boshqa  chorva mollarini har yili veterinariya ko‘rigidan va ro‘yxatdan o‘tkazib, ularni yuqumli kasalliklarga tekshirtirish, yuqumli kasalliklarga qarshi emlatish zarurligi hamda uy hayvonlari  va MSHM (mayda shohli mollar), YSHM (yirik shohli mollar mayda shohli mollar) kasal bo‘lsa, veterinariya vrachini chaqirtirishi va bu boradagi barcha ishlarni uning nazorati ostida o‘tkazilishi borasida targ’ibot tadbirlari va tushuntirish ishlarini olib bormoqda.  Quyida keltirilgan ma’lumotlar, qutirish kasalligi haqida tushunchaga ega bo’lib ehtiyot choralari ko’rish uchun namuna bo’la oladi.

    Qutirish kasalligi  

 Qutirish-kasalligi o‘tkir yuqumli tipik zoonos kasalligidir. Qutirish hayvonlardan yuqish yo‘li: qutirgan hayvon odamni tishlash natijasida yuqadi.

 Bizning sharoitda uning tabiiy manbaalari qarovsiz qolgan uy hayvonlari, sichqonlar hisoblanadi. Kasallik hayvonning so‘lagi orqali yuqadi.

Qutirish kasali ko‘p holatda itlardan yuqadi. Odamlar o‘rtasida qayd etilayotgan qutirishning dastlabki ko‘rinishlari bilan bog‘liq xolatlarning o‘rtacha 20 foizi daydi itlarga, 80 foizi esa egali itlarga to‘g‘ri keladi. Bu it bilan muomalada ehtiyotkorlik zarurligini ko‘rsatadi.

Kasallikning inkubatsion yoki yashirin davri (14-15 kun), tugagach, kasallikka chalingan it jarohatdan qolgan chandiqni chaynaydi, chunki u erda og‘riq paydo bo‘ladi. It juda bezovtalanib, har tomonga yuguradi, egasi chaqirganda e’tibor bermaydi. Qorong‘u burchaklarga yashirinadi, sababsiz vovullaydi, ishtahasi pasayadi, yutinish va nafas olishda qiynaladi. It suv shildirashi va shamoldan qo‘rqadi, uzoq masofaga yuguradi. Yo‘lida uchragan odam va hayvonlarni tishlaydi. Og‘zidan so‘lak ajralishi kuchayadi, hurishi bo‘g‘iq bo‘ladi, pastki jag‘i osiladi. Keyin dumi va orqa oyoqlari falajlanib, kasallikning 7-8 kunida o‘limi kuzatiladi.

Kasallangan uy hayvonlari - it va mushuklar atrofdagi odamlar uchun katta xavf tug‘diradi. Qutirish virusi bilan zararlangan hayvon so‘lagida kasallik boshlanishidan 10 kun oldin qutirish viruslari ajrala boshlaydi. SHuning uchun ham har qanday tishlagan hayvon 10 kun davomida veterinar kuzatuvida bo‘lishi shart. SHu davr ichida agar hayvonda qutirishning biror belgisi paydo bo‘lmasa, it tishlagan kishi uchun hech qanday xavf yo‘q. Agar shu o‘n kun davomida unda qutirish kasalligi belgilari yuzaga kelsa, demak odam hayoti ham xavf ostida qoladi.

Qutirish kasalligining yashirin davri odamlardan 7 kundan 1 yilgacha, ko‘pincha 20-60 kun bo‘ladi. YAshirin davrning davomiyligi, jarohatning hajmi, qanday hayvon tishlaganligi, shuningdek, jarohat o‘rni qay darajada tozalab yuvilganligiga bog‘liq. Odamlarda qutirish kasalligining kechishi boshlang‘ich, spastik-qo‘zg‘alish, paralitik-falajlanish bosqichlarida bo‘ladi.

Kasallikning boshlanish holatida tishlangan jarohat chandig‘i sohasida uvishish, chumoli yurgandek qitiqlanish, tishlangan qo‘l yoki oyoqni sovuqdek sezish holatlari kuzatiladi. Bemor uyqusida bezovta bo‘ladi, kayfiyati tushadi, ishtahasi bo‘g‘ilib, og‘izi quriydi, ko‘ngli ayniydi, qusadi. Kasallikning 2-3 kunida ikkinchi   bosqich boshlanadi. Havo etishmasligi, yutinishning qiyinlashishi, kuchli og‘riq sezish kuzatiladi. Tana harorati 39-40 darajaga ko‘tarilib, oyoqlar falajlanib, oxir-oqibat bemor vafot etadi. Kasallik 5-9 kun davom etadi.

Qutirish kasalligini davolab bo‘lmaydi, faqat emlash yo‘li bilan qutirgan it tishlagan kishining hayotini saqlab qolish mumkin. 1885 yilda fransuz olimi Lui Paster birinchi bo‘lib vaksina orqali emlash yo‘li bilan organizmda qutirishga qarshi immunitet paydo qilib, kasallikning oldini olishga yo‘l ochgan. 

Hayvonlar tishlashidan   jabrlanganlarni qutirish kasalligiga chalinishini oldini olishning birdan-bir yo‘li - maxsus vaksina bilan to‘liq va o‘z vaqtida emlash kursini qabul qilish hisoblanadi.

Birinchi tibbiy yordam ko‘rsatishda jarohat toza suv bilan sovun yordamida yuvilsa, viruslar neytrallanadi va yo‘qoladi. Bunday yuvish 3 kun davom ettiriladi. Jarohat atrofiga yod surkab, steril antiseptik bog‘lam qo‘yiladi. Uch kungacha tishlangan jarohat atrofini kesish va tikish mumkin emas.

Qutirishga qarshi emlash kursini olish paytida shifokorlarning barcha ko‘rsatma va maslahatlariga qat’iy rioya etilishi shart. Qutirish kasalligining oldini olish uchun birinchi navbatda daydi, egasiz it va mushuklarni yo‘qotishi, uy hayvonlarini qutirishga qarshi emlashni to‘liq amalga oshirish lozim.

Uy hayvonlarini, ayniqsa, it va mushuklarni boqishda ma’lum me’yorlarga qat’iy amal qilish, daydi, qarovsiz it va mushuklar bilan bolalarning o‘ynashiga yo‘l qo‘ymaslik zarur. Uyda saqlash uchun olingan it va mushuk bir hafta ichida hududiy veterinariya xizmati idoralarida hisobga qo‘yilib, ko‘rikdan o‘tkazilishi va qutirish kasalligiga qarshi emlatilishi shart. Itni ko‘chaga aslo chiqarib yubormang. CHunki daydi itlardan turli parazitar kasalliklar, shu jumladan, qutirish kasalligi yuqishi mumkin.

Itlar ko‘chada faqat zanjirga bog‘langan holda, tumshuq tasmasi bilan sayrga olib chiqilishi tavsiya etiladi. It egalari jabrlangan fuqarolarga yetkazilgan jismoniy, moddiy va ma’naviy hamda davlatga etkazilgan moddiy zararlarni qonun asosida to‘lashlari shart.

       

    

25 Feb 2021

Республикада давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини баҳолаш тартиби йўлга қўйилади. Бу ҳақда «Kun.uz» маълум қилди.

Хабар қилинишича, давлат ташкилотлари ходимлари ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича ўқитилади ҳамда ҳар уч йилда автоматлаштирилган тизим орқали даражалари баҳолаб борилади.

Адлия вазирлиги томонидан 2020 йилдаги ўтказилган ҳуқуқий тарғибот тадбирлари мониторинги натижаларига кўра, ИИВ, ФВВ ва Давлат солиқ қўмитаси намунали, «Ўзавиация» агентлиги, Давлат персоналлаштириш маркази ҳамда Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлигининг бу борадаги ишлари қониқарсиз деб топилди. Мактабгача таълим ва Энергетика вазирликлари эса амалга оширган тарғибот тадбирлари ҳақидаги маълумотлар мониторинг учун Адлия вазирлигига тақдим этмаган.

Шунингдек, хабарда Адлия органлари томонидан 2020 йилда ҳаётий муҳим масалалар юзасидан ҳуқуқий қўлланма қайта таҳрир қилиниб, 20 000 нусхада тарқатилди. 2000 нусхада кўзи ожиз шахсларнинг ҳуқуқларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами тайёрланиб, тарқатилган.

Бундан ташқари, қонун ҳужжатлари мазмунини содда, халқчил тилда етказувчи замонавий ахборот-таҳлилий медиа материалларни тайёрлаб тарқатувчи «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази таркибида медиа марказ ташкил этилади.

25 Feb 2021

Халқ таълими тизимида 2021 йилнинг февраль ойидан эътиборан синф раҳбари тайинлаш бўйича янги низом жорий этилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Низомга кўра, 5-синфдан бошлаб 11-синфга қадар ягона синф раҳбарини тайинлаш йўлга қўйилади ва барча мактабларда синф раҳбарлари қуйидаги умумий талабларга жавоб бериши лозим:

  • камида 3 йиллик педагогик иш стажига эга бўлиш;
  • мактабда тўлиқ ставкада аосий ишчи сифатида фаолият юритиш;
  • бўлиниб ўқитиладиган фанлардан дарс бермаслик;
  • одоб-ахлоқи ва хулқи билан ўқувчиларга шахсий намуна бўла олиш;
  • руҳий жиҳатдан барқарор бўлиш;
  • ўқувчилар билан ишлаш жараёнига масъулият билан ёндаша олиш.

Бундан ташқари, қабул қилинган янги низомга мувофиқ, синф раҳбарларининг:

  • амалдаги ҳужжатлари сони оптималлаштирилди;
  • фаолиятини баҳолаш мезонлари яратилди;
  • малака ошириш курслари ишлаб чиқилди;
  • ота-оналар билан ишлаш тизими такомиллаштирилди.

Маълум қилинишича, амалга оширилаётган ушбу ўзгаришлардан кутилаётган асосий натижалар:

  • синф раҳбарларининг ўқувчилар тарбиясига таъсири сезиларли равишда ошиши;
  • 5-синфдан 11-синфгача ягона синф раҳбарининг бириктирилиши натижасида синфдаги ижтимоий муҳитни соғлом равишда ушлаб туриш имкони;
  • ота-оналар томонидан ўз фарзандларини таълим-тарбия жараёнига нисбатан қизиқишининг ортиши.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сенатор мактаб ўқувчилари учун стипендия таъсис этгани ҳамда Ўзбекистонда 2021 йилда қуриладиган мактаблар сони маълум қилингани ҳақида хабар берилган.

25 Feb 2021

Давлат статистика қўмитаси вакили Усмон Абдурасулов 22 февраль куни АОКАда «Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотлар соҳасини янада ривожлантириш истиқболлари» мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистонда бир оилага ўртача нечта фарзанд тўғри келаётгани тўғрисидаги маълумотлар билан бўлишди, деб хабар беради «Xabar.uz».

 

Усмон Абдурасуловнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳудудида аҳолини рўйхатга олиш сўнгги бор 1989 йилда амалга оширилган бўлиб, рўйхатга олиш натижаларига кўра аҳоли сони 19,7 миллион кишини ташкил этган. Шундан буён бирор марта ҳам аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилмаган.

2021 йил 1 январь ҳолатига кўра, республиканинг доимий аҳолиси сони 34,6 миллион кишини ташкил этмоқда. Бу ҳисоб 1989 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижаларига туғилганлар ва мамлакатга кўчиб келганлар сонини қўшиш ҳамда вафот этганлар ва мамлакатдан кўчиб кетганлар сонини айириш орқали ҳисобланади. Туғилиш ва ўлим ҳолатлари бўйича маълумотлар Адлия вазирлигининг жойлардаги давлат хизматлари марказларидан ҳамда кўчиб келган ва кўчиб кетганлар сони тўғрисидаги маълумотлар Ички ишлар вазирлигидан олинади.

Ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмаган фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва уйсизлар айнан аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида аниқланади. «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон фуқаролари, доимий ёки вақтинча яшовчи ёхуд вақтинча Ўзбекистонда бўлиб турган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, мамлакатда доимий яшовчи, аммо аҳолини рўйхатга олиш даврида вақтинча хорижий давлат ҳудудида бўлган Ўзбекистон фуқаролари респондент сифатида рўйхатга олинади.

Шунингдек, ДСҚ вакили давлат статистика маълумотларининг неча фоизи очиқ тартибда жойлаштирилган, қандай маълумотлар ҳамон ёпиқлигича қолаётгани тўғрисидаги саволга жавоб қайтарган.

«Ўзбекистоннинг қонун ҳужжатлари билан тарқатилиши та’қиқланган махфий маълумотлар, шунингдек, Давлат статистикаси тўғрисидаги қонуннинг 7-моддасига асосан якка тартибдаги статистика маълумотлари, давлат сирлари ва юридик шахсларнинг тижорат сирларига оид маълумотлар ёпиқ статистик маълумотлар ҳисобланади. Қолган барча маълумотлар Давлат статистика қўмитаси расмий веб-сайтида, статистик тўпламларда ҳамда очиқ маълумотлар порталида доимий эълон қилиб борилмоқда», — дейди Абдурасулов.

Давлат статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2020 йилнинг январь—декабрь ҳолатига, уй хўжаликлари танланма кузатувлари маълумотларига асосан 16 ёшгача болалар мавжуд бўлган уй хўжаликлар 74,3 фоизни ташкил этган. Шундан 23,4 фоизи бир болали, 26,8 фоизи —икки болали, 16,9 фоизи — уч болали ҳамда 7,2 фоизи тўрт ва ундан кўп болалиларни ташкил этган. 25,7 фоиз уй хўжаликларда эса 16 ёшгача болалар мавжуд эмас.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 5 февралдаги фармонида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилиши белгиланган эди. 2020 йил 16 мартда «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Шавкат Мирзиёев июнь ойида миллий статистика соҳасини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказган ва Ўзбекистонда мустақиллик йилларида мамлакатда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаганини таъкидлаганди.

24 Feb 2021

Шавкат Мирзиёевнинг «2021 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги фармонига асосан, ўзбекистонликлар март ойида 4 кун дам олади.

Президентнинг мазкур фармонига мувофиқ, ўзбекистонликлар Наврўз байрамида қаторасига 3 кун дам олади:

  • 20 март – шанба (қўшимча ишланмайдиган кун);
  • 21 март – якшанба (байрам куни);
  • 22 март – душанба (27 мартдаги дам олиш куни кўчирилган).

Шунингдек, 8 мартнинг душанба кунига тўғри келиши туфайли ўзбекистонликлар март ойида 4 байрам кунлари дам олади.

Қайд этилишича, бюджет ташкилотларида қўшимча дам олиш кунлари ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини икки иш кунига қисқартириш ҳисобига қопланади. Ҳар йилги меҳнат таътили даврида сақланадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини ҳисоблашда меҳнат таътилининг амалдаги давомийлиги ҳисобга олинади.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан ўзбекистонликлар учун айрим байрамларда дам олиш кунлари камида 3 кун этиб белгиланган.

24 Feb 2021

2021 йилда бакалавриат таълим йўналишларига киришда қайси фанлардан имтиҳон олиниши тез орада эълон қилинади, деб маълум қилди Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов.

 

«Ҳозирда Давлат тест маркази ва тегишли вазирликлар билан биргаликда фанлар мажмуаси ишлаб чиқилган. Марказнинг асосий вазифаси умумлаштириш ҳисобланади. Яъни вазирликлар берадиган таклифларга биноан иш тутади. Бу мутахассислар томонидан ўрганилмоқда ва тез кунда эълон қилинади.

Аввалги йил билан солиштирадиган бўлсак, жуда катта фарқ бўлмайди», – деди Ражабов 23 февраль кунги матбуот анжуманида.

ДТМ расмийси чет тили фанидан максимал балл берувчи сертификат даражаси B2'га ўзгартирилганига изоҳ берди.

«Янги қоидага кўра B1'дан юқори бўлган B2 ёки C1 даражаси бўйича сертификат олган абитуриентга максимал балл берилиши белгилаб қўйилди. Чунки тест амалиёти шуни кўрсатдики, B1 сертификати олган бола ва кириш имтиҳони куни тест топширадиган бола тенг, яъни бир хил даражада.

Иккаласи ҳам ишлаганда хато қилиб қўйиши мумкин. Дейлик, 3 та хато қилса, бу 9,3 баллдан айрилди дегани ва сертификатсиз бола сертификати бор болага ютқазиб қўйяпти. Бунда адолат сал йўқолиб қолгандек эди.

Эндиликда Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, кимда B2 ва ундан юқори даража сертификати бўлса, унга кириш имтиҳонларидаги максимал балл берилади», – таъкидлади ДТМ директори ўринбосари.

Сардор Ражабов чет тилларидан саволлар тузадиган ўқитувчилар ҳақида тўхталди.

«Бу бўйича марказда катта тажриба бор. Ҳозирда 14 та тилдан тест олинмоқда. Ўқитувчиларга қўйилган талаб – биринчи навбатда шу соҳада филолог бўлиши ҳамда C1 даражага эга бўлиши керак.

Шундан кейин бу ўқитувчилар билан шартнома тузамиз ва марказда ушбу ўқитувчилар учун малака ошириш курслари ташкил қиламиз», –дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

24 Feb 2021

Ўзбекистонда икки ва ундан ортиқ фарзандлари тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити берилади. Мазкур янгилик Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларида бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ фарзандлари тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилаларга таълим кредитлари бериш тўғрисида»ги қарори лойиҳасида белгилаб қўйилди.

Мазкур қарор лойиҳасига кўра, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб республика олий таълим муассасаларида бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ фарзандлари тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилаларга республика тижорат банклари томонидан имтиёзли таълим кредитлари бериш тартиби жорий этилади. Бундай оилаларга имтиёзли таълим кредитлари бериш учун тижорат банкларига Давлат буджети маблағлари ҳисобидан мақсадли кредит ресурслари ажратилади.

Қайд этилишича, таълим кредитлари республикада фаолият кўрсатаётган барча олий таълим муассасалари — давлат, нодавлат, қўшма таълим дастурлари ва хорижий давлатлар олий таълим муассасалари филиалларида тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларига, уларнинг ота-оналари ёки васийларига берилади. Кредит фоизлари кредит ажратилгандан сўнг кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб ойма-ой тўланади, асосий қарз эса талабанинг ўқиши расман тугагач, уч ой ўтгандан кейин тўлаш бошланади. Таълим кредити, ўқиш даврини ҳисобга олган ҳолда, бакалавр учун 15 йил, магистр учун 10 йилгача бўлган муддатга берилади.

Шунингдек, қарз олувчи қуйидаги таъминлаш шаклларидан бирини банкка тақдим этиш лозим, унинг амалга оширилиши унга қўйилган асосий талаб ҳисобланади:

  • мол-мулк ёки қимматли қоғозларни гаровга қўйиш;
  • банкнинг кафолати;
  • учинчи шахснинг кафиллиги;
  • суғурта компаниясининг қарз олувчининг кредитни қайтара олмаслиги хавфи суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси.
23 Feb 2021

Сўнги вақтларда дунёда содир бўлаётган фавқулодда вазиятлар ва уларнинг аянчли оқибатлари мамлакатимиз аҳолисининг барча қатламларини фавқулодда вазиятлар хавфи туғилганда ёки содир  бўлганда тўғри ҳаракат қилишга тайёрлаш, ҳар қандай шароитда ўзига ва ўзгаларга ёрдам беришни мукаммал билишни талаб этади. Шуни инобатга олиб, Навоий вилояти Учқудуқ тумани ШКБ ОЁХТТЭБ ҳарбий хизматчилари томонидан аҳолини тайёрлаш борасида жуда кенг кўламли тарғибот  ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда НКМКнинг жойлардаги кон бошқармаларига қарашли объектларида ёнғин ва фавқулодда вазиятларни олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар олиб борилиб, уларда турли хил нохушликлар содир бўлмаслик юзасидан у ердаги ишловчи масъул хизматчилар билан доимий ва амалий тушунтириш ишлари ўтказилмоқда. Шу билан бирга ҳарбий хизматчилар ҳар бир маҳалла, таълим муассасаларига аҳолини фавқулодда вазиятларга ҳаракат қилишга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этадиган “Фуқоро муҳофазаси” бурчакларини тарқатиш ва улар орқали тарғибот ишларини кучайтириш тадбирларини амалга оширмоқдалар.Ўзбекистон Республикасининг “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунида ёнғин-қутқарув хизматининг энг асосий вазифаси этиб халқ хўжалиги масканлари ва аҳоли яшаш хонадонларини ёнғиндан асраш ҳамда содир бўлган ёнғинларни тарқалиб кетишига йўл қўймаслик ва ўз вақтида бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш белгиланган. Шунингдек ўтказилаётган профилактик тадбирларда содир бўлган ёнғинлар, уларнинг қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлиги тўғрисида аниқ мисоллар келтирилди ҳамда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.     

 С. Камолов, Д. Асадов,

ШКБ ОЁХТТЭБ П ва Н бўйича  мутахассислари

23 Feb 2021

Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент амалий фанлар университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “University of Tashkent for Applied Sciences” масъулияти чекланган жамиятининг (муассис) нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи Тошкент амалий фанлар университетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Қуйидагилар университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

  • Университетда Ўзбекистон олий таълим дастурлари билан бирга дунёнинг нуфузли хорижий олий таълим муассасалари, жумладан “QS World University Rankings” ва “The Times Higher Education World University Rankings” рейтингида 1000таликка кирувчи Гринвич университети, Марказий Ланкашир университети (Буюк Британия) ҳамда бошқа етакчи хорижий олий таълим муассасалари таълим дастурларини жорий этиш, уларнинг малакали профессор-ўқитувчилари, олим ва мутахассисларини ўқув жараёнига жалб қилиш;
  • республика иқтисодиёти реал секторлари тармоқларига зарур бўлган юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, шу жумладан олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, профессионал таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш;
  • хорижнинг илғор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик асосида тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш;
  • ўқув режаларига замонавий фанларни киритиб бориш, инновацион ҳамда илм-фанга асосланган технологияларни татбиқ қилиш;
  • таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, илм-фан ва техниканинг янги ютуқларини жорий этиш;
  • таълим жараёнига етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг малакали профессор-ўқитувчилари, олим ва мутахассисларини кенг жалб қилиш;
  • профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шу жумладан уларнинг стажировкасини нуфузли хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ташкил этиш;
  • бизнес ахборот тизимлари, ахборот хавфсизлиги, математик моделлаштириш ва прогнозлаш, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари, риск менежмент, эконометрика, бизнес бошқаруви, лойиҳалар бошқаруви соҳалари бўйича ҳамда республика иқтисодиёти тармоқлари учун халқаро стандартлар даражасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашни таъминлаш;
  • республика иқтисодиёт тармоқларига инновацияларни жорий қилиш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш имкониятларини кенгайтириш, таълим олувчиларнинг инновацион ғояларини амалга ошириш учун инвестицияларни жалб этиш;
  • республика олий таълим тизимига замонавий таълим технологияларига асосланган ўқув жараёнини ташкил қилиш бўйича илғор хорижий тажрибани татбиқ этиш, очиқ ахборот-таълим муҳитини ривожлантиришга кўмаклашиш;
  • таълим ва илм-фаннинг узлуксизлиги ҳамда изчиллиги тамойили, шунингдек, жаҳон таълими ва илмий ҳамжамиятга уйғун интеграциялашуви асосида мутахассис ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш;
  • таълим ва илм-фан соҳасида хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.

Белгиланишича:

  • Университет нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади;
  • Университетда таълим жараёни Ўзбекистон олий таълим давлат таълим стандартлари асосий қоидаларини ҳисобга олиниб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда хорижий тажрибага мувофиқ ишлаб чиқилган малака талаблари, ўқув режа ва фан дастурлари асосида амалга оширилади;
  • Университетда ўқитиш Ўзбекистонда амалда мавжуд таълим шакллари ҳамда ўзбек, рус ва инглиз тилларида амалга оширилади;
  • Университетда таълим олиш тўлов-контракт асосида, шунингдек юридик шахслар - потенциал иш берувчилар томонидан тақдим этиладиган таълим грантлари, шунингдек, ёшларни ўқитиш учун ажратиладиган юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади;
  • Университетда ўқитишнинг тўлов-контракт миқдори муассис томонидан белгиланади;
  • бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари республика меҳнат бозори эҳтиёжлари ҳамда Университетнинг моддий-техник имкониятидан келиб чиққан ҳолда Университет томонидан белгиланади;
  • Университетда дастлабки босқичда “Бизнес ахборот тизимлари”, “Бизнес бошқаруви”, “Ахборот хавфсизлиги” ҳамда “Электрон тижорат” бакалавриат таълим йўналишлари бўйича талабалар қабули амалга оширилади;
  • Университетга абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби ва қоидалари Университет томонидан, шунингдек хорижий ҳамкорлар билан келишган ҳолда белгиланади;
  • Университетда таълим фаолияти 2021/2022 ўқув йилидан бошланади;
  • Университетда таълим рақамли технологиялар, масофавий таълим хизматлари, вебинарлар, онлайн-ўқитиш, “blended learning” ва бошқа замонавий таълим технологияларидан фойдаланган ҳолда кундузги, сиртқи, махсус сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклларида амалга оширилади;
  • Университет битирувчиларига Ўзбекистоннинг олий маълумот тўғрисидаги давлат намунасидаги дипломи берилади.

Университет Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Аҳмад Дониш кўчаси, 12-мавзе, 20а-уй манзилида жойлаштирилади.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: