Британиялик олимлар коронавируснинг яна бир хавфли оқибатини аниқлади. Бу ҳақда «EurekAlert!»га таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
Маълум қилинишича, коронавирус инфекцияси Гийен-Барре синдромининг ривожланишига сабаб бўлиши мумкин.
Тадқиқотчилардан бири Алекс Рихтнернинг сўзларига кўра, организм томонидан коронавирусдан кейин ҳосил қилинадиган антитаначалар аутоимун юрак ва тери касалликларини келтириб чиқарадиган ўхшашликларга эга.
Натижаларнинг кўрсатишича, Гийен-Барре синдроми юзага келган одамларда касалликнинг дастлабки аломатлари сифатида оёқ ва қўлларнинг фалажлиги, мушакларнинг кучсизланиши ва оғриши билан боғлиқ муаммолар кузатилган ва аксарият ҳолларда коронавирусни енгил ва оғир бошдан кечирган тадқиқот иштирокчиларида аниқланган.
Маълумот ўрнида, Гийен-Барре синдроми — нерв толасини ўраб турган миелин қобиғининг емирилиши билан кечувчи ўткир инфекцион касаллик бўлиб, асосан оёқ-қўлларнинг фалажлиги билан намоён бўлади. Ушбу касаллик 1916 йили француз невропатологлари Г.Гийен ва Ж.Барре томонидан аниқланган. Касаллик ҳар қандай ёшда аниқланади. Бироқ энг кўп касалланиш 20–40 ёшлар орасига тўғри келади. Касаллик иккала жинс эгаларида ҳам деярли бир хил учрайди ва турли вирусли инфекциялар ҳамда касалликлар сабабли ривожланади.