ССВ иштирокида бўлиб ўтган учрашувда Корея билан ҳамкорликда Ўзбекистонда онкологияга ихтисослашган тиббиёт маркази қурилиши маълум қилинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев бошчилигидаги делегация Жанубий Кореяга ташрифи давомида Корея соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазири Квон Док Чоль билан учрашган.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон делегацияси онкологик касалликларни даволашга ихтисослашган шифохоналарни қуриш бўйича Жанубий Корея тажрибаси ва технологияларини ўрганиш мақсадида ушбу мамлакатга келган. Тошкент шаҳрида касаллик даражаси юқори бўлган саратон хасталикларини даволаш ва фаолият кўрсатишга ихтисослаштирилган шифохонани қуриш режалаштирилмоқда.
Музокаралар давомида ихтисослашган саратон шифохоналарини бошқариш ва қуриш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, Корея соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазири 2021 йилда икки мамлакат ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланганига 10 йил тўлишини маълум қилди.
Жанубий Корея вакиллари махсус стратегик шериклик доирасида амалга оширилаётган соғлиқни сақлаш, тиббий хизмат, фармацевтика ва электрон соғлиқни сақлаш каби турли йўналишларда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро алоқаларни юқори баҳолаган.
Ўзбекистон делегацияси онкологик касалликлар шифохоналарини қуришда Жанубий Корея экспертлари ва етакчи компанияларининг иштирокининг муҳим экани ҳақидаги таклифига Квон Док Чоль Корея ҳукуматининг онкологик шифохоналарни яратиш бўйича «ноу-хау»ларидан фойдаланиш орқали Ўзбекистон халқининг саломатлигини яхшилашга ҳисса қўшиш имконига эга бўлишдан хурсанд эканини таъкидлаган.
Таъкидланишича, Корея соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазири, шунингдек, соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳининг йиғилишлари кун тартибини аниқлаб олиш орқали икки томонлама ҳамкорликни кучайтиришни таклиф қилган. Унинг фикрича, COVID-19 пандемияси даврида мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш зарур.
Аввалроқ Ўзбекистонда болалар гематологияси ва онкологияси маркази ташкил этилгани хабар қилинган. Шунингдек, Республика онкология марказида даволанаётган 10 ёшли шахматчига Президент совғаси топширилгани маълум қилинган.