LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

24 Mar 2021

         Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков «Севимли ТВ» телеканалининг «Замон» кўрсатувига берган интервьюсида Ўзбекистонда аҳолини эмлаш тадбирлари 1 апрелдан бошланишини маълум қилди.

«Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари 1 апрелдан бошланади. Олиб келинган вакцина (AstraZeneca) билан айтайлик, 330 минг одамни икки марта эмлашимиз керак. Бунинг учун вакциналарни исрофгарчиликка йўл қўймайдиган, вакцинани очган пайтда тўлиқ ишлатиш имкониятлари юзага келадиган, қолаверса, яна бир бор бирламчи бўғин тизимини янги вакцина билан эмлаш ишларига тайёргарлик нуқтаи назаридан бу вақтни белгилаганмиз», — дейди Нурмат Отабеков.

Аввалроқ Ўзбекистонга COVAX дастури доирасида 2,6 миллион доза AstraZeneca вакцинаси олиб келиниши, вакцинанинг дастлабки партияси 17 март куни етказиб келингани ҳақида хабар берилганди. Шундан 2021 йилнинг I чорагида 35—40 фоизи, қолган қисми II чоракдан дунё бўйлаб вакциналарни ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, босқичма-босқич етказиб берилиши маълум қилинган.

Март ойининг бошида Ўзбекистонда ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси биринчи бўлиб фойдаланиш учун рўйхатдан ўтказилгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Махсус комиссия қарорига кўра, Ўзбекистонда Россиянинг Гамалея илмий-тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган «Спутник V» вакцинасини қўллашга ҳам рухсат берилган. Коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина учун 3 триллион сўм ажратиш режалаштирилган.

24 Mar 2021

Шавкат Мирзиёевнинг «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилмоқда.

Фармон билан 2021 йил 1 июндан давлат хизматлари кўрсатиш ва ортиқча тартиб-тамойилларни қисқартириш бўйича қуйидаги енгилликлар яратилмоқда:

  • 7 та турдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини (туғилиш, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралиш, ўлим, исм ва фамилияни ўзгартириш, оталикни белгилаш ҳамда фарзандликка олишни) қайд этиш;
  • никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш;
  • хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилади.

Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда ФҲДЁ билан боғлиқ барча маълумотлар фуқаролардан талаб қилинмасдан электрон тизим орқали олинади.

Тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларнинг вакилига давлат хизматларидан фойдаланиш учун йиғим ва давлат божини нақд пул шаклида тўлашга рухсат берилди.

Шунингдек, хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимини аккредитация қилишда ОИТС касаллиги йўқлиги тўғрисидаги сертификатни талаб қилиш амалиёти бекор қилинди.

QR-код (матрик штрихли код) орқали берилган ҳужжатлар бўйича уларнинг дубликатларини бериш тартиби бекор қилинди. Эндиликда ушбу ҳужжатларнинг дубликатини ЯИДХП орқали бепул олиш мумкин.

450 дан ортиқ қонун ҳужжатида белгиланган 18 турдаги маълумот ва ҳужжатларнинг аҳоли ҳамда тадбиркорлардан талаб қилиниши бекор қилинди, ушбу ҳужжатлар ваколатли давлат органи томонидан «Электрон ҳукумат» платформаси орқали олинади.

18 турдаги маълумотларни ва ҳужжатларни идоралараро интеграциялашув платформасидан фойдаланган ҳолда «Электрон ҳукумат» тизими орқали бериш йўлга қўйилади. Натижада аҳолининг идорама-идора сарсон бўлиб юришининг олди олинади.

24 Mar 2021

            Шавкат Мирзиёевнинг «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 майдан хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун ариза-анкетани ва давлат божини электрон шаклда ЯИДХП орқали тўлаш имконияти яратилади. Маълум қилинишича, 2021 йил 1 июндан 16 ёшга тўлган шахсларга ИД-карталар бериш уларни солиқ тўловчи сифатида ҳамда пенсия тизимида ҳисобга қўйиш билан бир вақтда амалга оширилади.

Шунингдек, 2021 йил 1 июлдан солиқ органларида солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритиш жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)дан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

ЖШШИР барча давлат, банк, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ягона идентификатор деб ҳисобланиши белгиланди. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жисмоний шахсларни идентификация қиладиган алоҳида рақамларни юритишга йўл қўйилмайди.

Қайд этилишича, 2021 йил 1 июлга қадар:

  • Ўзбекистон фуқароларининг ҳамда Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг СТИРи ЖШШИР билан ўзаро бирлаштирилади;
  • СТИР мавжуд бўлмаган фуқароларни ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни ЖШШИР орқали солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўяди.

Давлат хизматлари агентлиги 2021 йил 1 июндан юридик шахсларни (нодавлат нотижорат ташкилотлари, банклар ва кредит бюроларидан ташқари) давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ягона ваколатли орган деб белгиланди.

Шунингдек, ҳозирда рўйхатдан ўтказишнинг ҳуқуқий асосига эга бўлмаган давлат органлари ва ташкилотларини, юридик шахслар бирлашмалари, ширкатлар, матлубот ва кооперативлар ҳамда адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилиши белгиланди.

24 Mar 2021

  Республика махсус комиссияси сўнгги кунларда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида коронавирус билан касалланиш ҳолатлари ортгани муносабати билан мамлакатда кескин эпидемиологик ҳолат юзага келишининг олдини олиш мақсадида қатор таклифларни маъқуллади.

  Унга кўра, 1 апрелдан бошлаб тўйхоналарда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишда касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида санитария-эпидемиологик назоратни кучайтириш ва ташриф буюрувчилар сонини 100 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказиш талаб этилади.

  ССВ матбуот хизмати хабар беришича, 1 апрелдан бошлаб, театр, кино (кинотеатр) ва концерт-томоша дастурларини ташкил этишда:

  • томоша дастурлари ўтказиладиган саройларга ташриф буюрувчи томошабинлар ҳамда хизмат кўрсатувчи ходимларнинг қатъий ниқобда бўлишларини таъминлаш;
  • томоша дастурлари ўтказиладиган саройларнинг томошабин сиғимини инобатга олган ҳолда томошабинлар сонини 50 фоиздан оширмаслик;
  • томоша дастурлари ўтказиладиган саройларнинг томошабин ўриндиқларидан оралиқ масофани сақлаган ҳолда фойдаланилишини таъминлаш;
  • томоша дастурларига ташриф буюрувчиларнинг тана ҳарорати назоратини ўрнатиш ҳамда тана ҳарорати кўтарилган шахсларни дастурга қўймаслик;
  • томоша дастурлари ўтказиладиган саройларда савдо шохобчалари фаолиятини тўхтатиш (ниқоб ва антисептик воситалар савдоси бундан мустасно);
  • томоша дастурлари бўйича тарқатилаётган (сотилаётган) чипталарга «Факат соғлом бўлсангизгина ташриф буюринг» ёзувини ёзиш орқали аҳолини огоҳликка чақириш ва бошқа томошабинларга касаллик юқиб колишининг олдини олиш чораларини кўриш;
  • томоша дастурлари ўтказиладиган саройларнинг кириш қисмида томошабинларнинг бинога тартибли киришларини таъминлаш мақсадида махсус ленталар ёрдамида бир қаторли кириш ва чиқиш йўлакларини ўрнатиш тартиби белгиланди.

  Томоша дастурлари ўтказиладиган саройларда карантин қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш бўйича масъулият ташкилотчилар зиммасига юклатилади.

  Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолидан айрим хорижий мамлакатларда кузатилаётган коронавирус билан боғлиқ кескин эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда, бундай ҳолатлар Ўзбекистонда ҳам қайтарилмаслиги ҳамда ижтимоий ва иқтисодий соҳаларнинг фаолиятини тизимли ташкил этиш учун шахсий масъулиятни оширишни сўради.

23 Mar 2021

Ўзбекистонда 2021 йилнинг 22 мартидан болалар учун мўлжалланган таълим ва кўнгилочар телеканал фаолият бошлади. Бу ҳақда 23 март, сешанба куни мактабгача таълим вазирлигида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

 

Тадбирда таъкидланишича, телеканал мактабгача таълим вазирлиги кўмаги билан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил август ойида қабул қилинган «Ихтисослашган болалар кўнгилочар — маърифий телеканалини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори асосида ташкил этилган.«Мазкур каналнинг асосий шиори: ‘Бу сенинг вақтинг!’. Яъни кашфиётлар вақти, мўъжизалар вақти, янги нарсаларни ўрганиш вақти. Канал Россия, АҚШ, Жанубий Корея, Хитой каби ўнлаб мамлакатларда таниқли жаҳон студиялари томонидан яратилган энг яхши анимацион сериаллар ва дастурларни намойиш этиб боради. Барча ижодий маҳсулотлар лицензияланган ва расмий равишда сотиб олинади. Айни пайтда Soniy, Disney, Universal каби йирик кинокомпаниялар билан анимация тўпламини харид қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда», — деди телеканал ижрочи директори Вела Фидель.

Маълум қилинишича, телеканалнинг асосий аудиторияси 3 ёшдан 9 ёшгача бўлган болалар бўлиб, канал соат 07:00 дан 22:00 гача фаолият юритади. Келгусида онлайн трансляция ҳам йўлга қўйиш режалаштирилган.

«Сўнгги йилларда юртимизда болалар аудиторияси доимий равишда ўсиб бормоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда 10 ёшгача бўлган болалар сони 7,5 миллион нафардан зиёд. Шу боис ўзбек тилидаги юқори сифатли тарбиявий ва кўнгилочар болалар телевизион контенти замон талабига айланмоқда.

« ‘Ақлвой’ канали тармоғида вазирликнинг сўнгги методик ишланмаларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилган ‘Биласанми?’, ‘Қувноқвой’, ‘Билимдон’, ‘Эли ва Боб’ каби дастурлар ҳам мавжуд», — деди Вазирлик ҳузуридаги Ахборот ва педагогик технологиялар инновацион маркази директори Оятилло Раҳматиллаев.

 

Раҳматиллаевнинг айтишича, канал контенти қуйидагиларга мўлжалланган:

  • маълумотни қизиқарли ва тушунарли шаклда тақдим этиш орқали болаларнинг билим олиш фаоллигини рағбатлантириш, интеллектуал ва ижодий кўникмаларини ривожлантириш;
  • телекўрсатувларни ташкил қилиш тизимида замонавий техник ечимлар ва илғор хорижий тажрибани татбиқ этиш, рақамли ва мултимедиа технологияларини ривожлантириш;
  • болалар телекўрсатувлари инфратузилмасини кенгайтириш, миллий маънавият, маданий – аҳлоқий анъаналар ва замонавий инновациялар уйғунлашган, билим берувчи ва кўнгилочар контент ривожланишини рағбатлантириш;
  • Ўзбекистонда тасдиқланган талаблар, стандартлар ва ўқув-таълим дастурларига мувофиқ; болаларнинг ёш хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда таълим берувчи, ривожлантирувчи ва ўйин элементларини ўзида мужассам этган телекўрсатувлар ва мултимедиа контентини яратиш;
  • болаларда ватанга муҳаббат туйғусини шакллантириш, уларни жонажон ўлка маданияти ва тарихи, қадриятлари, анъана ва урф-одатлари билан таништириш;
  • болаларда креатив – ижодий фикрлашни ривожлантириш ҳамда уларда бадиий ва эстетик дидни тарбиялаш;
  • болаларда соғлом турмуш тарзига оид билимларни шакллантириш, спорт билан шуғулланишга қизиқишни ошириш, зарур санитар-гигиеник кўникмаларини шакллантириш, уларни хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этишга ўргатиш.

Қайд этлишича, телеканал мадҳияси «Анор» болалар шоу ансабмли ва «Томоша» болалар театр студияси аъзолари томонидан ижро қилинган.

23 Mar 2021

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 23 март куни халқаро консультантлар – Альфред Гузенбауэр, Александр Квасьневский ва Штефан Фюлени қабул қилди.

 

Халқаро консультантлар гуруҳининг асосий вазифаси мамлакатимизнинг Евроиттифоқ давлатлари билан кўп қиррали ҳамкорлигини ривожлантириш ва кенгайтиришга, ислоҳотлар дастурини амалга оширишда хорижнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва жорий этишга, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини такомиллаштиришга, Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестициялар ва илғор технологияларни жалб қилишга, Европа ишбилармон доиралари билан шерикликнинг самарали механизм ва воситаларини шакллантиришга кўмаклашишдан иборат.

Таъкидлаш жоизки, турли йилларда юксак давлат лавозимларини эгаллаган консультантлар бугунги кунда Европадаги расмий, ишбилармон ва жамоатчилик доираларида юқори халқаро нуфузга эга бўлиб, етакчи консалтинг, инвестиция ва саноат компанияларида ишлаб, салмоқли тажриба тўплаганлар.

Хусусан, «Gusenbauer Projektentwicklung & Beteiligung» консултинг компаниясининг таъсисчиси Альфред Гузенбауэр 2000-йилларда Австрия Федерал канцлери бўлиб фаолият юритган. «Amicus Europae» фонди раҳбари Александр Квасьневский Польша президенти бўлган. Бугунги кунда «CITIC Europe Holdings» компанияси маслаҳатчиси сифатида фаолият кўрсатаётган Штефан Фюле Европа Иттифоқининг кенгайиш ва яхши қўшничилик сиёсати масалалари бўйича комиссари лавозимида муваффақиятли ишлаган.

Учрашувда мамлакатимизни ислоҳ қилиш ва институционал жиҳатдан ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан очиқ ва конструктив фикр алмашилди.

Меҳмонлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланишлар дастурини юқори баҳоладилар ва тўлиқ қўллаб-қувватладилар. Айниқса, коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб шароитларда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг ютуқлари ва аниқ натижалари, шунингдек, Ўзбекистоннинг глобал ва минтақавий иқтисодий жараёнларга интеграциялашуви сари сезиларли саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилди.

Консультантларнинг Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларнинг узоқ муддатли стратегиясини тайёрлаш, давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш, мамлакатимизнинг хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли муносабатларини кенгайтиришга доир тавсиялари кўриб чиқилди.

Юртимизда инвестиция муҳитини яхшилаш ва унинг шаффофлигини ошириш, бозор механизмларини кенг жорий этиш ва рақобат муҳитини шакллантириш, банк-молия соҳаси ва капитал бозорини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

 

Консультантлар, шунингдек, иқтисодиётнинг изчил трансформация қилинаётгани ва хорижий капитал учун очиқлиги ортаётгани туфайли Евроиттифоқ мамлакатлари билан инвестиция ва инновациялар борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун катта имкониятлар шаклланаётганини қайд этдилар.

Ўзбекистон билан ЕИ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги юксак даражасини сақлаш, ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш ва амалий мазмун билан бойитиш, кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тез фурсатда қабул қилиш ҳамда мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишини қўллаб-қувватлаш масалалари устувор аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Савдони либераллаштириш ҳамда ўзаро товар айирбошлаш ва инвестицияларни кўпайтиришга тўсқинлик қилаётган ғовларни бартараф этиш, бозорларга чиқиш масалаларида ҳамкорлик қилиш механизмлари ҳам кўриб чиқилди.

Учрашув якунида яқин ҳамкорлик ва фаол алмашинувларни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди. Яқин истиқболдаги амалий ҳамкорликнинг биринчи галдаги вазифалари ва формати келишиб олинди.

23 Mar 2021

Президентнинг “Ердан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлаш ҳамда бу соҳада давлат назоратини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Ердан фойдаланиш ҳамда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлашда ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари масъулиятини янада ошириш мақсад қилинган.

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш, уларда ноқонуний объектлар қуриш ҳамда тегишли ҳужжатларда белгиланганидан ортиқча ердан фойдаланиш тўғрисида янги аниқланган ҳолатлар ҳақида хабар берган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган жарима ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Белгиланишича:

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ўз ҳудудида қурилиши бошланган ҳар қандай бино ва иншоотлар устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида, ушбу қурилиш қонунийлиги тўғрисида маълумот беришни сўраб маҳаллий давлат ҳокимияти, қурилиш ва кадастр органларига сўров юбориш ҳуқуқи берилади;

давлат ҳокимияти, қурилиш ва кадастр органлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мазкур сўровларини 5 иш кунида кўриб чиқади ҳамда ўз ҳудудида қурилиши бошланган бино ва иншоотларга рухсат берувчи ҳужжатлар мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумот тақдим этади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ушбу маълумотларни ўз биносида ҳаммага кўринарли жойда жойлаштиради, фуқаролар сўровига кўра ҳужжатларни уларга тақдим этади.

22 Mar 2021

  "Ўзбекистон Республикаси Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари куни" муносабати билан соҳанинг фаол вакиллари иштирокида байрам тадбири ўтказилди.

  Бир пиёла чой устида ташкил этилган байрам тадбирида  Учқудуқ туман ҳокими Соли Хамроев иштирок этиб, жонкуяр ва ташаббускор соҳа ходимларини тақдирладилар.

  Шунингдек, бугун Навоий вилоят ҳокимлигининг катта мажлислар залида байрам муносабати билан соҳанинг энг фаол вакиллари  иштирокида байрам тадбири ўтказилди. Унда Навоий вилоят ҳокими Қобул Турсунов иштирок этиб, энг жонкуяр ва ташаббускор соҳа ходимларни тақдирладилар.

  Тақдирланганлар орасида Учқудуқ тумани “Йўлчилар” овул фуқаролар йиғини раиси Рустам Рахимов ҳам бор.

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

22 Mar 2021

Вазирлар Маҳкамасининг “Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш, уларни ўтказишда фуқаролар хавфсизлиги ва жамоат тартибини сақлаш чора-тадбирларини кучайтириш мақсад қилинган.

Белгиланишича:

Ички ишлар вазирлиги оммавий тадбирларни ташкил этиш ва уни ўтказиш вақтида жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштиради;

Миллий гвардия биринчи тоифадаги оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш давомида жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлайди.

Қоидалар Ўзбекистон ҳудудида оммавий тадбирлар ташкил қилиш ва ўтказиш тартибини белгилайди ҳамда улар иштирокчилари, оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари маъмуриятлари, ички ишлар органлари, Миллий гвардия бўлинмалари, шунингдек, бошқа давлат органларининг оммавий тадбирлар ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш бўйича ўзаро муносабатлари, мажбуриятлари ва ҳуқуқларини тартибга солади.

Қоидаларнинг амал қилиши йиғилишлар, намойишлар, кўча юришлари ва намойишларини, шунингдек тўй, оилавий, юбилей, вафот этганлар хотирасига бағишланган оилавий аза маросимлари ва тадбирларни ўтказишга татбиқ этилмайди.

Оммавий тадбирлар биринчи ва иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари рўйхатига киритилган объектларда ўтказилиши мумкин.

 

Биринчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари таклифлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

 

Иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари рўйхатлари туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари таклифлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.

 

Айрим оммавий тадбирлар Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қарорлари асосида, биринчи ва иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари рўйхатларига киритилмаган жойларда ўтказилиши мумкин.

 

Оммавий тадбирни ўтказиш учун рухсатнома асосида, оммавий тадбир дастурига мувофиқ оммавий тадбир ташкилотчиси томонидан ўтказилади.

 

Рухсатнома олгунга қадар оммавий тадбир ташкилотчиси ва бошқа шахслар оммавий ахборот воситаларида, интернетда оммавий тадбир ўтказилиши тўғрисида эълон бериш, реклама материалларини тарқатиш, оммавий тадбирни ўтказиш жойи, санаси ва вақти тўғрисидаги маълумотларни бошқа тарзда тарқатиш, чипталар сотилишини амалга ошириш ҳуқуқига эга эмас.

 

Ўзбекистон президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси қарорларида белгиланган оммавий тадбирларни ўтказиш объектларида оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатномалар олиш талаб қилинмайди.

 

Кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) томонидан ўтказиладиган томоша тадбирларига оммавий тадбир ўтказиш учун рухсатнома ва рухсат бериш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни олиш талаб этилмайди, бунда тадбир ташкилотчилари уни ўтказиш жойи ва вақти тўғрисида ички ишлар органларини камида 10 кун олдин ёзма равишда хабардор қилади.

 

Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги органлари кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) томонидан ўтказиладиган томоша тадбирларида жамоат тартиби ва ёнғин хавфсизлигини тўлов ундирилмаган ҳолда таъминлайди.

 

Давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги маданият ва истироҳат боғлари, спорт иншоотлари, сайилгоҳлар ва бошқа очиқ ҳудудларда кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) томонидан томоша тадбирлари ўтказиш учун ижара тўлови ва бошқа турдаги тўловлар ундирилмайди.

 

Халқаро ва умумдавлат аҳамиятига эга бўлган оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатномалар Вазирлар Маҳкамаси билан келишув бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан берилади.

 

Биринчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатномалар Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар Ички ишлар бошқармалари ҳамда Миллий гвардия, унинг ҳудудий бошқармалари раҳбарияти билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан берилади.

 

Иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатномалар туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан берилади.

 

Ўзбекистон ҳудудида «Наврўз», «Мустақиллик» ва «Янги йил» умумхалқ байрамларини ўтказиш бўйича президент, Вазирлар Маҳкамаси қарорларига мувофиқ ташкил қилинадиган оммавий тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қарорлари асосида ўтказилади.

22 Mar 2021

  Вазирлар Маҳкамасининг “Навбатлилик коэффициенти паст бўлган умумтаълим муассасаларини хусусий сектор вакилларига ишончли бошқарув асосида бериш тартибини белгилаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Халқ таълими соҳасида навбатлилик коэффициенти паст бўлган умумтаълим муассасаларини ишончли бошқарувга бериш муносабатларини тартибга солиш ҳамда тадбиркорлик субъектларини янада рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган.

  Қуйидагилар:

  Навбатлилик коэффициенти паст бўлган умумтаълим муассасаларини хусусий сектор вакилларига ишончли бошқарув асосида бериш тартиби тўғрисида низом;

  Навбатлилик коэффициенти паст бўлган умумтаълим муассасаларини хусусий сектор вакилларига ишончли бошқарув асосида беришда давлат бюджети маблағларидан субсидиялар ажратиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланади.

  Молия вазирлиги навбатлилик коэффициенти паст бўлган умумтаълим мактабларини ишончли бошқарувга олган хусусий сектор вакилларига белгиланган тартибда бюджет субсидиялари ажратилишини таъминлайди.

  Белгиланишича, халқ таълим муассасалари бино-иншоотлари ва ер участкаларини таълим соҳасидан бошқа мақсадларда юридик ва жисмоний шахсларга берилиши қатъиян тақиқланади.

  Бунда, мазкур банд талаблари фаолият йўналиши бўйича фойдаланилмаётган, Халқ таълими вазирлиги томонидан халқ таълими соҳасида фойдаланиш мақсадга мувофиқ эмас деб топилган бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари ҳамда ер участкаларига татбиқ қилинмайди.

  Низом Фуқаролик кодексига ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ, Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида жойлашган навбатлилик коэффициенти паст, яъни умумтаълим муассасаси қувватига нисбатан тўлганлик коэффициенти 0,7дан паст бўлган умумтаълим муассасаларини ишончли бошқарув асосида хусусий сектор вакилларига бериш тартибини белгилайди.

  Умумтаълим муассасаларини хусусий сектор вакилларига ишончли бошқарувга бериш Халқ таълими вазирлиги томонидан амалга оширилади.

  Ишончли бошқарув асосида топширилаётган умумтаълим муассасаларини сақлаш учун, жумладан, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, коммунал тўловлари ва бошқа зарур харажатлар молиялаштирилиши қарор иловаси билан тасдиқланган “Навбатлилик коэффициенти паст бўлган умумтаълим муассасаларини хусусий сектор вакилларига ишончли бошқарув асосида беришда давлат бюджети маблағларидан субсидиялар ажратиш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ амалга оширилади.

  Ишончли бошқарув асосида умумтаълим муассасаларини бошқарувга олган юридик шахслар (ишончли бошқарувчи) ишончли бошқарув тўғрисидаги битимда назарда тутилмаган фаолият турлари билан шуғулланиши қатъиян тақиқланади.

  Умумтаълим муассасаларини ишончли бошқарувга бериш низом иловасида келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

  Умумтаълим муассасаларини ишончли бошқарувга беришда вазирлик ўз сайти ва ижтимоий саҳифаларида қуйидагиларни ўз ичига олувчи эълон жойлаштиради:

  •   ишончли бошқарувга бериладиган умумтаълим муассасалари рўйхати;
  •   умумтаълим муассасаларини ишончли бошқарувга бериш шартлари;
  •   умумтаълим муассасаларини ишончли бошқарувга олиш истагида бўлган талабгорлар томонидан вазирликка тақдим этилиши керак бўлган ҳужжатлар рўйхати.

  Эълон вазирлик сайтида жойлаштирилган кундан бошлаб 30 календар куни мобайнида туради.

  Талабгорлар вазирлик томонидан жойлаштирилган эълонга мувофиқ умумтаълим муассасасини ишончли бошқарувга олиш юзасидан лойиҳа таклифини (эълонда кўрсатилган ҳужжатлар билан биргаликда) вазирликка кўриб чиқиш учун тақдим этади.

  Талабгорлар томонидан тақдим этилган лойиҳа таклифлари тўлиқлиги ва тўғрилигига талабгорлар шахсан жавобгар ҳисобланади.

  Талабгорлар томонидан тақдим этилган лойиҳа таклифларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғридан тўғри музокаралар давомида амалга оширилиши мумкин.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: