LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

21 Mar 2021

  Орзигул опа бу йил ҳам сумалак қўяётган экан. Мактабдан қайтаётиб синфдошим Нодирдан бу хабарни эшитдим-да, майдалаб ёғаётган ёмғирдан сумкамни бошимга соябон қилганча уйга қараб чопдим. Шу топда кўз ўнгимда бемор ётган отам намоён бўлди.

  ...Эндигина 56 ёшни қаршилаётган отам йиллаб давом этган оғир хасталик туфайли тўшакка михланиб қолганди. Отам сим кароватда ётган кўйи бизга ҳаёт  синовларидан ҳикоятлар сўзлар, биз ака-укалар, опа-сингиллар эса ҳар бир сўзига маҳтал ўтирардик.

  Оиламизда ҳеч биримизнинг кўнглимизга қувонч сиғмас, ҳеч кимнинг юзи кулмас, эрталаб ҳамма иш-ишига ўқишига кетгани билан уйдан чиқишдан олдин отамнинг ёнида дастурхон бошида нонуштамизни аранг ютардик. Суянган тоғимизнинг сўлиб бораётган юзига, нур қочган кўзларига сўзсиз тикилиб қолардик.

  Ҳаммадан уйимизнинг кенжаси менга қийин эди. (Ҳарҳолда мен шундай ўйлардим). Отамнинг хасталиги туфайли бирдан улғайиб қолгандек, эдим.

  -Қизим, мен яхшиман. Дарсингга боравер. Яхши ўқи, бу йил битирувчисан. Имтиҳонларга яхшилаб тайёрлан, ўқишга киришинг керак...

  Отам бу гапларни айтардию, баъзан оғриқ титиб ташлаган вужудидан келаётган ғуссани яширолмай, юзига кўрпани босарди.

  Эрталабки кайфиятингиз кунингизни белгилайди. Мен ҳар тонг шу тарзда уйдан чиқардим.

  -Яхши ўқиб келдингми, болам?! – дерди отам дарддан чалғиш учунми, оиланинг кичиги мендан хавотир олибми.

  -Ҳа... – нима десам отамни хурсанд қилишни ўйлардим, аммо тилимга бир сўз келмасди. Бироқ, орзуларга берилиб, отамга дил изҳорларимни, ниятларимни айтгим келарди. Меҳрибоним ҳам худди дилимдагини сезгандек маъюс жилмайганича яна сўрарди.

  -Она қизим, мактабни тугатиб, қайси ўқишга кирасан?!

  Деворга суяниб ўтирган жойимдан силжиб, отамнинг ёнига борардим ва иссиқ қўлларини ушлаб олардим.

  -Мед. институтга ўқишга кираман. Сизни ўзим даволайман. Ҳовлимизда сумалак пиширамиз. Сиз онамга сумалак қайнатиш учун ўтин ёриб берасиз.

  Мен гапиравераман, онам из-из йиғлайверади. Кўзларини юмиб олган отам: - Энди менинг бўларим, шу... , дейди қийналиб. –Журналист бўламан, дегандинг танлаган йўлингдан чекинма! Китоб ёзсанг, мени ҳам китобингга қўшиб ёз. Ишонаман менинг умрим сен билан узун бўлади.

  Ҳа, менинг орзуларим кўп эди ...

  Акам ва онам отамни вилоят марказидаги касалхонага олиб кетишди. Яна отам билан кечқурун қайтиб келишди.

  -Ака отам касалхонада қолмади-ми, - сўрайман онамнинг киртайган кўзларига қараб.

  Акам саволимга жавоб беришнинг ўрнига отамни суяб жойига ётқизди-да, ўша кароватга ҳолсиз суяниб ўтирди. Ҳаммамиз акамнинг оғзига тикилдик, у киши лом-мим демай кўзларини бир нуқтага тикканча жим ўтирарди. Гўё, тилдан қолгандек эди. Бу сукунатни охири, онам бузди.

  -Болажонларим хавотир олманглар, уйда даволансалар ҳам бўларкан. Дўхтир шундай деди.

  Ана шунда акам бошларини кўтариб, онамга тикилиб қаради-да, сўнг ташқарига чиқиб кетди.

  Ўша кундан кейин акам бутунлай ўзгарди. Ишига ҳам номигагина бориб-келар, туну кун отамнинг ёнидан жилмасди. Лекин биз укалар ва онам отамнинг ёнига йиғилишимиз билан ташқарига чиқиб кетардилар. Худди уйга киришга юраги дов бермаётгандек, ҳовлида айланиб юрарди. Бундай пайтда отам мени ёнига чақириб бағрига босарди.

  -Жоним қизим, илоҳим бошларинг тошдан бўлсин... Шу йилги сумалакка етсайдим, армоним йўқ эди.

  ...Бугун қўшнимиз Орзигул опанинг қозонга сумалак солаётганини эшитибоқ, югуриб келганимнинг боиси ҳам шу эди. Сумкамни даҳлизга қўйганча отамнинг ёнига отилиб кирдим.

  -Отажон, акажон! – дедим ҳовлиққанча Орзигул опа яна сумалак солаётган экан. Пишиб тайёр бўлиши билан биринчи бўлиб отажон сизга илинаман, дея ният қилганман. Ниятим амалга ошадиган бўлди.

  Акам сўзларимни эшитгач, негадир кўзларини олиб қочди. Юзини қўллари билан яширди. Мен энди жавдираган-ча, онамга қарадим. Во, ажаб! Онамнинг кўзлари жиққа ёш эди.

  ...Афсус, Орзигул опанинг сумалаги пишган тонг маҳал акамнинг йиғиси қишлоқ осмонини ларзага келтирди. Қўлимдаги косани ўчоқ бошига улоқтирганча уйга қараб чопдим.

Райҳон ҚОДИРОВА, журналист.

21 Mar 2021

 

   Туман ҳокими С.Хамроевнинг 21 март – Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан учқудуқликларга йўллаган табриги

 

   Ассалому алайкум азиз ватандошлар!

  Қадрли учқудуқликлар!

  Тароватли кунларда табиат уйғониб, жонажон диёримизга барчамиз орзиқиб, соғиниб кутган Наврўзи олам кириб келмоқда.

  Минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрку зийнати бўлиб келаётган бу ажойиб, хосиятли байрам бугун қалбларимизга яна чексиз қувонч ва завқ бағишламоқда.

  Учқудуқнинг жонкуяр, фидойи, меҳнатсевар ҳамда меҳрибон аҳолисини шарқ миллий байрами Наврўз айёми билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

 Мана шундай файзли, шодиёна айёмда маҳалла ва овуллардаги барча-барча қизилқумликларга юксак ҳурматим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман. Ҳаётингиз баҳор тонгидек тиниқ, бахтли ва фаровон бўлсин, дейман!

 Шарқона Янги йилимиз — Наврўзи оламнинг қадами қутлуғ ва баракали келсин! Мана шу қутлуғ кунда сиз азизларга сиҳат-саломатлик, бахт, омад, оилаларингизга тинчлик-тотувлик, файз ва барака тилайман.

   Ҳурматли юртдошлар!

  Барчамизга маълумки, Наврўз — янги кун, янги фасл демакдир. Бугун она табиат бағрида янгиланиш ва яшариш фасли бошланмоқда.

 Айни шу бетакрор ва дилбар неча юз йиллик анъана ва қадриятларимизни янгитдан кашф этамиз, қандай буюк тарих, қандай буюк маданият ворислари эканимизни яна бир бор англаймиз. Ва бундан қалбларимиз ғурур ва ифтихорга тўлади.

  Ҳа, бугун Наврўз тантаналари маҳаллаларда, овулларда ҳам давом этмоқда. Байрам шукуҳи барчани яратиш, яшнатишдек эзгу юмушларга ундайди, албатта.

 Шу ўринда байрамни муносиб нишонлашга оид давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қарор ҳамда пандемия тақозо этаётган тартибга қатъий риоя этган  ҳолда ўтказиш ҳар биримизнинг юксак фуқаролик бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз лозим.

  Азиз дўстлар!

  Сизларни яна бир бор Наврўз байрами билан табриклаб, қалбимдаги энг эзгу тилакларни йўллайман!

  Шарқона янги йил, янги деҳқончилик мавсуми барчамиз учун файзли, қут-баракали келсин.

  Юртимиз осмони ҳамиша мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин!

20 Mar 2021

Президент Шавкат Мирзиёев Наврўз байрами арафасида «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 140 нафар фуқаро афв этилди. Уларнинг 4 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 69 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Шунингдек, 8 нафар фуқарога тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. 59 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

 

Афв этилганларнинг 12 нафарини чет эл фуқаролари, 9 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 13 нафарини аёллар ҳамда 14 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилган.

19 Mar 2021

Нурафшон шаҳрида халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. 

Kun.uz мухбири хабарига кўра, сессияда иштирок этган ва вилоятга янги ҳоким тавсия қилган давлат раҳбари ҳокимларни бевосита сайлаш ҳақида тўхталиб ўтди.

“Ҳокимлар ҳам бевосита сайлансин, деган гаплар жуда кўп айтилади. Бундан хабарим бор, ўзим ҳам айтганман вақтида. Лекин бир савол: ҳозир биз ҳокимларни сайлашга тайёрмизми? Битта маҳалла раисини адолатли сайлай олмаймиз-ку. Гуруҳларга бўлиниб олиб, ўз яқинларимиз ёки танишларимизни сайлаймиз. 

Жамият тайёр бўлмаган муҳитга бундай сайловларни қўйиш хиёнат эмасми? Мен ҳам ҳокимлар сайланишини жуда ҳам хоҳлайман. Аммо кимни сайлаймиз? Лекин мен ишонаман, вақт келиб, албатта, ҳокимларни ҳам сайлаш жараёнига ҳам етиб келамиз”, деди Шавкат Мирзиёев.

19 Mar 2021

Нурафшон шаҳрида халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. 

Kun.uz мухбири хабарига кўра, сессияда иштирок этган ва вилоятга янги ҳоким тавсия қилган давлат раҳбари Тошкент вилояти иккига бўлиниши мумкинлигини айтган.

“Ҳозир сизларга бир сирни айтаман. Қўлимда харита турибди. Тошкент вилоятини иккига бўлишни режалаштириб турибман. Конституция бўйича шундай ҳуқуқ менга берилган, таклиф беришим мумкин.

Жимиб қолдинглар, биламан, бу сизларга ёқмайди. Аммо вилоятда бирлик йўқ. Ангреннинг оқсоқоли айтган гапни Чинозликлар қабул қилмайди. Шу билан бирга, вилоятнинг жойлашуви ноқулай, Ангрендан Бекободга етгунча жуда узоқ вақт кетади. 22та ҳудудни бошқариш қийин.

Бу фикрни ҳозирча ўзимда сақлаб турибман. Мана ҳозир Ҳидоятовни сизга раҳбар сифатида тавсия этяпмиз. Яна бир марта имкон бериб, Тошкент вилоятининг ривожланишини кўрмоқчиман”, деди президент сессия иштирокчиларига қарата.

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг салоҳияти пойтахтникидан 1,5 баробар юқори эканини айтганди.

“Бир нарсани билинглар – ҳеч бир вилоятда Тошкент вилоятичалик иқтисодий имкониятлар йўқ. Тошкент вилояти салоҳияти Тошкент шаҳридан 1,5 баробар юқори. Буни кеча бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва ҳокимларга битталаб тушунтириб, ҳисоблаб бердим. Биз бу салоҳиятдан фойдалана олмаяпмиз, десак ҳақиқат бўлади. Мен ҳам ҳоким бўлганман, бугунгидек имкониятлар у пайт йўқ эди”, деди президент.

19 Mar 2021
Хитой фанлар Академияси Микробиология институти ва Аnhui Zhifei Longcom
Biopharmaceutical Co.Ltd фармацевтика компанияси томонидан яратилган ҳамда
ўзбекистонлик олимлар билан ҳамкорликда клиник тадқиқотлари олиб
борилган коронавирусга қарши янги (СНО ҳужайрали) рекомбинант вакцинаси
Хитойда фавқулодда фойдаланишга рухсат берилди.

Мазкур вакцина Хитой Халқ Республикасида тезкор фойдаланиш учун рухсат

берилган коронавирусга қарши ишлаб чиқарилган тўртинчи вакцина ҳисобланади.

Мазкур вакцина устидаги тадқиқотлар 2020 йилнинг бошида бошланган бўлиб,

илмий натижалари халқаро “Cell” журналида чоп этилди. 2020 йилнинг октябрида

вакцинанинг I ва II фаза синовлари якунланди.

Натижаларда вакцинациянинг бутун курси давомида енгил реакциядан ортиқ жиддий

ножўя таъсирлар юзага келмагани қайд этилди, шунингдек, вакцинани қабул қилишда

самардорликни баҳоловчи хусусиятлардан бири бўлган қонда нейтралловчи

антитаначаларнинг ҳосил бўлиши белгиланган талабларга тўғри келиши аниқланди.

2020 йилнинг ноябрь ойидан Хитой, Ўзбекистон, Покистон, Эквадор ва Индонезияда

вакцинанинг III фаза клиник синовлари бошланди. Мазкур III фаза клиник

тадқиқотлари муваффақиятли ўтди, тадқиқотларни биринчилардан бошлаган

Ўзбекистонда ҳам вакцинанинг жиддий ножўя таъсирлари аниқланмади.

Мазкур вакцина бўйича тадқиқот ишларида фаол иштироки учун хитойлик

ҳамкорлар томонидан Ўзбекистон ҳаммуаллиф сифатида тан олинди. Мазкур

вакцина Ўзбекистонда ZF-UZ-VAC 2001 номи билан рўйхатдан ўтди.

Мазкур вакцина сақлаш ва транспортировкаси жараёнлари камҳаржлиги билан

ажралиб туради.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

 
19 Mar 2021
 

 

Махсус дастур орқали Тошкент шаҳридаги 17 та кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасига замонавий асбоб-ускуналар, дидактик материал, махсус ўйинчоқлар ва бошқа аксессуарлар етказиб берилди.  

Ушбу махсус асбоб-анжомлар соғлиғида нуқсони бўлган болалар саломатлигини тиклаш ҳамда ақлий қобилиятини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Жумладан, ортопедик юриш тренажёрлари бош мия фалажи, неврологик патологиялар, таянч-ҳаракат системасининг шикастланиши бўлган болаларда юриш малакаларини ривожлантиришга хизмат қилади. Рангли тўп билан тўлдирилган қуруқ ҳовузлар сезги органларининг ривожланишига ҳисса қўшади ҳамда ўзига хос массаж вазифасини ўтайди.  

– Мактабгача тарбия ёшидаги болада муайян ривожланиш касалликлари мавжуд бўлса, ота-оналар тиббий муассасаларда ёки реабилитация марказларида реабилитация муолажаларини олиши керак, – дейди Тошкент шаҳридаги 560-сонли давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти директори Д.Султонова. – Бироқ болага муассасанинг ўзида коррекцион, педагогик ва реабилитация ёрдами кўрсатилса, самаралироқ бўлади. Вазирлик томонидан берилган мазкур асбоб-анжомлар муассасамиз тарбияланувчиларининг саломатлигини янада яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур предметларнинг 17 та кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасига топширилиши дастурнинг биринчи босқичи эди. Кейинги босқичларда Тошкент шаҳридаги давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларини қайта таъмирлаш ва қуриш, республикамизнинг барча ҳудудларидаги давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларини ҳам худди шундай зарур махсус ускуналар билан жиҳозлаш кўзда тутилган. Яъни жорий йил охиригача 70 та ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади.

                                                                                                                                                                                                                                                                 

 
18 Mar 2021

   Куни кеча Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроевнинг Қулқудуқ ва Мингбулоқ овулларига ташрифи давомида фуқаролардан келиб тушган  мурожаатларни ҳал этишга доир тезкор йиғилиш ўтказилгани ҳақида хабар бергандик.

   Бугун мутасаддилар Учқудуқ туман Давлат хизматлари маркази директори У.Худойқулов, туман ФҲДЁ бўлими мудири И.Мустафаева Қулқудуқ овулида бўлишди.

  Биринчи манзил Нурлан Айтуғанов хонадони бўлди. Оиланинг кенжа ўғли  Бекжан ўртоқларига ҳавас қилиб: “мен қачон боғчага бораман”  дея ота - онасини ҳоли жонига қўймасди. Оиладаги етишмовчиликлар болажоннинг ўртоқлари сингари боғчага қатнашига монелик қиларди.

   Ушбу масалада кеча туман ҳокимига мурожаат қилган Салтанат Каримбаева бир кунда масаласи ижобий ҳал этилишини сира кутмаган чоғи, хурсандчилигидан қувонч кўз ёшларини тия олмади.

   Бугуннинг ўзида ўғли Бекжанни етаклаб  боғчага борган Салтанатга Учқудуқ туман Давлат хизматлари маркази директори У.Худойқулов йўлланмани шу ерда топширди.

   Бу оиланинг яна бир масаласи. Оила бошлиғи Нурлан Айтуғановни фуқаролик паспортини муддати ўтган. Жаримасини тўлаб паспорт олишга эса моддий имконияти етарли эмас. Бу муаммо ҳам ҳомийлик асосида ҳал бўлаётганидан хабар топган 82 ёшли онахон  Наршагул Каленова дуога қўл очиб, барчани меҳр-мурувват айёми Наврўз байрами билан қутлади.

   Яна бир хонадон Ақилбек Кеубасов. Бу оилага ташриф буюрган мутасаддилар, уч нафар болаларга туман ҳокимлигининг кийим-кечакларини ўзлари билан олиб келишган.

  Асосан овул чорвасини боқиб, рўзғор тебратадиган А.Кеубасов муддати ўтган кредитни тўлашга ҳеч бир имкон тополмаётганини айтиб, кеча туман ҳокимига мурожаат қилганди. Бугун масала ижобий ҳал қилинди. Қийналиб қолган оиланинг муддати ўтган кредити ҳомийлар томонидан тўлаб берилди. Бу ёш оиланинг яшаб турган уйини таъмирлаш ишларига ҳам ҳомийлар жалб этиладиган бўлди.

   Учқудуқда қийналиб қолган фуқаролар масалалари шу тарзда қисқа муддатларда  манзилли ҳал қилинади. Чунки, бугун  фуқаролар мурожаатларини эътиборсиз қолдирмасдан қисқа муддатда ҳал қилиш давлат идоралари раҳбарларининг биринчи даражали вазифаси  қилиб белгилаб берилган.

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

18 Mar 2021

Навоий вилоятида жорий йил бошидан буён 34 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Шунинг 13 таси инсон ўлими билан боғлиқ. 21 та ҳолатда ҳодиса иштирокчилари тан жароҳати олишган. Бу ҳақда Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан 17 март куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Анвар Ҳафизовга кўра, ҳозирда вилоят бўйича 276 та МЧЖ мақомидаги тадбиркорлик субъектига бирлашган 6 000 дан ортиқ автотранспорт воситалари эгалари аҳолига йўловчи ташиш хизматини кўрсатади. Ўтган йили пандемия туфайли мазкур автотранспорт воситаларининг аксарияти техник кўрикдан ўтмай қолган. Жорий йилдаги техник кўрик эса уларнинг етмиш фоизга яқини ҳам техник, ҳам маънан йўловчи ташиш талабларига жавоб бермаслигини кўрсатмоқда. 

Ҳудудлар кесимида олиб қараганда, ўлим билан боғлиқ авариялар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан Навбаҳор туманида 400 фоизга, Зарафшон шаҳри ва Томди туманида 200 фоизга ошган. Таъкидланишича, автоҳалокатларнинг 15 таси тезликни ошириш, 1 таси пиёдаларга йўл бермаслик, 1 таси светофорга риоя қилмаслик, 2 таси оралиқ масофани сақламаслик, 2 таси қарама-қарши йўналишга чиқиш, 3 таси бошқарув пайтида ухлаб қолиш, 1 таси маст ҳолда машина бошқариш натижасида содир этилган.

18 Mar 2021

2021 йил якунига қадар 15 минг километр паст кучланишли электр тармоқлари ҳамда 4 минг дона трансформаторни янгилаш кўзда тутилган. Натижада Ўзбекистондаги 5 минг 377 та маҳалланинг электр таъминоти яхшиланади. Бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ раиси Улуғбек Мустафоев 15 март, душанба куни журналистларга берган интервьюсида таъкидлаб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

 

Мустафоевнинг таъкидлашича, 2021 йилда ҳам электр энергиясининг нархи ошмаслиги кутилмоқда.

«Тизимда қилинаётган ишлар ва ўзгаришлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Халқимиз манфаати учун катта маблағлар сарфланяпти. Мана икки йилдирки, тарифларни оширганимиз йўқ. Икки йилдан бери 295 сўм турибди.

 
Президентимиз бу йил ҳам тарифни оширмаслик чорасини кўриш бўйича топшириқ берди. Ҳамма нарсанинг нархи ошяпти, лекин электр нархи ошгани йўқ. Агар биз оширсак, ишлаб чиқаришнинг ҳам, бошқа нарсаларнинг ҳам таннархи ошади. Давлатимиз раҳбари халқ манфаатини ўйлаб, бизга таннархни камайтириш масаласини қўймоқда.

Беш бармоқ баробар эмас. Айни пайтда тармоғимизда 25 минг нафар одам ишлайди. Тўғри, бизнинг тизимда ҳам ўғриликлар, ножўя қилинаётган ишлар жуда кўп. Аммо аҳолининг фаровон ҳаёт кечириши учун астойдил ишлашга ҳаракат қиляпмиз», — деди Улуғбек Мустафоев.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: