Ҳукумат қарори билан «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони таъсис этилди. Мазкур нишон миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган маҳаллий ва хорижий фуқароларга берилади.
Ҳукуматнинг 1 июндаги қарори билан «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони таъсис этилди, дея хабар бермоқда Huquqiy axborot Telegram-канали.
Қарорга кўра, кўкрак нишони билан Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатларнинг вакиллари ўртасида миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасида фидокорона меҳнат қилган маҳаллий ва хорижий давлат органлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа ва ОАВ вакиллари ҳамда чет элдаги ватандошлар тақдирланади.
Кўкрак нишони билан тақдирлаш учун ҳужжатлар тегишли тартибда кўриб чиқилади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг кўкрак нишони билан тақдирлашга оид тақдимномаларни кўриб чиқиш бўйича комиссияси ташкил этилади.
Маълумотга кўра, комиссия томонидан ҳар йили 1 июлга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.
Бундан ташқари, қўмита раиси ўз ташаббусига асосан хорижлик ҳамкорлари, чет элдаги турдош ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакилларини миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси учун кўкрак нишони билан тақдирлаши мумкин.
Кўкрак нишони ҳар йили 30 июль— Халқлар дўстлиги куни арафасида тантанали равишда топширилади. Тақдирланганларга БҲМнинг 4 баравари (980 минг сўм) миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти берилади.
Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта мукофотланади.