Hokimiyat matbuot xizmati
У қавм учун кўчманчи бўлиб яшаш одат эди. Ораларида кекса ёшли онаси бор бир киши мавжуд эди. Она ёшининг катталиги сабаб ора - сира хотирасини йўқотар, фарзандига қаттиқ ёпишиб олар, ундан айрилгиси келмасди. Унинг бу қилиқлари ўғлига малол келар, асабларини ўйнатар, аҳоли орасида гўё шу сабаб обрўси тушаётгандек сезар эди ўзини.
Кунларнинг бирида улар яна одатларига кўра бошқа яйловга кўчмоқчи бўлишди. У аёлига:
- Эй хотин, эртага кўчяпмиз, маълум. Онам касал. Уни ташқарида қолдир. Биров кўриб қолса, раҳми келиб олиб кетар. Ёшиям катта. Ундан чарчадик. Унга бироз егулик ва ичимлик бер. У бу ким кўриб қолса, ўзи билан олиб кетар. Ёки ажали етса, ўлар, - деди.
Аёли:
- Хўп бўлади, ҳожам. Хотиржам бўлинг! Айтганингизни аъло даражада бажараман, - деди.
Эртанги кун келди. Ҳамма кўч - кўронини йиғди. Аёл эри айтгандек, қайнонасига бироз озиқ - овқат, ичимлик сувини қолдирди. Ҳаммалари жўнаб кетишди.
Улар кунинг ярмисида дам олиш учун тўхташди. Онасини қолдирган киши, аёлидан ўғлини келтиришини сўради. Унинг якка - ю ёлғиз, бир ёшли ўғли бор эди. Уни жудаям яхши кўрар, суюб эркалатар эди. Аёли унинг сўроғига индамади.
- Ўғлим қани, хотин, келтир дедим, сенга! - деди.
Аёли:
- Уни онангиз билан қолдирдим, бизга унинг кераги йўқ, - деди.
Бу гапларни эшитган эр дод деб юборди:
- Нима учун?
Аёли:
- Чунки у ҳам ҳа демай улғаяди. Онангизни саҳрода қолдиргинингиз каби, сизни ташлаб кетади, ишингизни қайтаради, бундай боланинг кераги йўқ, - деди, хотиржам.
Бу гаплар унга чақмоқ чаққандек таъсир қилди. Отини юганлаб чопиб кетди. Кўчган жойларига етиб келди.
Одатда аҳоли кўчса, улардан қолга - қутган нарсалар орасидан егулик излаб ёввойи, ваҳший ҳайвонлар келар эди. Қараса, онаси унинг боласини кўксига маҳкам босиб олган, унинг атрофида ҳужумга шай турган бўрилар бор эди.
Она:
- Йўқолларинг, бу менинг ўғлимнинг жигарбанди, - деб уларга тошлар улоқтирарди.
Киши милтиғини олиб бўрилардан бирини отди. Қолганлари қўрқиб қочишди. У отидан тушиб онасини бағрига олди.
Юз кўзларидан тинмай ўпиб йиғлар:
-Онажоним, мени кечиринг, - дер эди. Уларни отга миндириб қавми томон қайтди.
Шундан кейин онасига мисли кўринмаган даражада меҳрибон бўлди.
Аллоҳ унга доно аёли тақдир қилганидан мумнун эди. Энди у бошқа жойга кўчмоқчи бўлсалар, аввало онасини туяга миндирар, умрининг сўнгига қадар хизмат қилишга бел боғлаган эди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров иштирокида икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида ўтказилган музокаралар якунида, имзоланган ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари Қўшма баёнот қабул қилдилар. Шунингдек, икки мамлакат вазирликлари ва ҳудудлари раҳбарлари имзоланган ҳужжатлар билан алмашдилар. Умуман, ташриф доирасида кўп қиррали Ўзбекистон-Қирғизистон шериклигининг деярли барча йўналишларини қамраб олган 22 та ҳужжат имзоланди.
Қарийб 50 та қўшма лойиҳани амалга ошириш назарда тутилган Саноат кооперациясини кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси, Ўзбекистон-Қирғизистон Инвестиция фондини ташкил этиш тўғрисидаги битим, электр энергиясини ўзаро етказиб бериш, Қирғизистонда гидроэнергетика объектларини қуриш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидан.
Андижон ва Ўш, Наманган ва Жалолобод, Фарғона ва Боткен, Норин вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича “йўл хариталари” ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Шунингдек, ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги ҳамкорлик дастури ҳамда божхона иши, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик, соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги, ўсимликлар карантини, таълим, фан ва маданият соҳалари бўйича қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.
Таълим тизимининг сифати шу тизимдаги ўқитувчилар сифатидан оша олмайди. Таълим сифатли бўлиши ўқитувчиларнинг малакасига боғлиқ. Kun.uz мухбири Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти ректори Аюбхон Раджиев билан суҳбатда бу борада йўлга қўйилаётган ишлар ҳақида маълумот олди.
– Айни пайтда ўқитувчилар малакасини ошириш тизимида қандай янгиликлар бўляпти, нималар ўзгармоқда?
– Ҳозирги тезкор замонамизда таълимда ҳам ҳар куни қандайдир янгиликлар юз бермоқда, кеча самарали ҳисобланган ўқитиш методлари бугунги талабларга жавоб беролмай қолиши мумкин. Қайси ўқув фанини олмайлик, уни ўқитишга доир маълумотлар ой сайин янгилаб борилмоқда. Табиийки, бундай жадал ўзгариб бораётган таълимнинг асосий субъекти – ўқитувчи ҳам ўз билим, кўникма ва малакаларини мос равишда ривожлантириб бориши лозим.
Малака ошириш соҳасини тубдан янгилаш бўйича давлат раҳбарининг «Халқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4963-сон қарори билан соҳада янги тартиб жорий этилмоқда. Яъни амалдаги тартибга мувофиқ, халқ таълими ходимлари, шу жумладан, ўқитувчилар ҳар 5 йилда бир марта – бир ойлик малака ошириш курсига жалб қилинади. Энди улар 5 йилда бир марта эмас, балки ҳар йили, иложи бўлса – ҳар куни ўз малака савиясини такомиллаштириб бориши мумкин бўлади.
Шунинг учун халқ таълими ходимларининг ҳар йили малака оширишларини назарда тутувчи «ҳаёт давомидаги узлуксиз касбий ривожланиш таълими» жорий этилмоқда. Аввалги тартибга кўра ҳар йили ўқитувчиларнинг фақат 20 фоизи малака оширишга жалб қилинган бўлса, янги тартибга кўра ўқитувчилар 100 фоиз таркибда ҳар йили малака оширади. Илгари 5 йилда бир марта 144 соат малака ошириш курсларида ўқилса, янги тартибга кўра ўқитувчилар ҳар йили, камида 36 соатлик ўқишларга жалб қилинади.
Айтиш жоизки, энди халқ таълими ходимлари фақат Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги малака ошириш муассасаларида эмас, балки ўз ихтиёрларига кўра, ҳудудларда жойлашган исталган олий таълим муассасаси ёки нодавлат таълим ташкилотларида ўз малакаларини ошириши мумкин. Бу малака оширишлар мутлақо бепул ва электрон платформа орқали амалга оширилади. Яъни ўқитувчи ўзи истаган вақтда, исталган ҳудудда ўқиш имконияти яратилади.
Мана, жорий йилнинг 1 март санасидан бошлаб, туман халқ таълими бўлимлари фан методистларининг Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институтининг «Узлуксиз касбий таълим» электрон платформаси орқали малака ошириши йўлга қўйилди. Бундай имконият июн ойидан умумтаълим мактаб директорлари учун ҳам яратилади.
– Янги тизим орқали оралиқ тест ҳамда малака иши ҳимоясидан воз кечилишини айтдингиз. Якуний тестдан ўта олмаган тингловчилар учун қайта топшириш чекловларсиз амалга оширилар экан. Масалан, маълум бир муддат қўйиладими?
– Якуний аттестация синовлари аввалги тартибда, яъни бир ойлик курсларда мавжуд эди. Узлуксиз касбий ривожланиш тизимига босқичма-босқич ўтилиши назарда тутилгани учун айрим курслар бир ой давомийликда ташкил этилмоқда. Бироқ уларда мавжуд бўлган якуний тест синовларини топшириш борасидаги ҳар қандай чекловлар олиб ташланди. Энди тингловчи синовларни ижобий натижага эришгунга қадар қанча керак бўлса, шунча топшириши мумкин. Бу эса соҳада мавжуд коррупцион ҳолатларга барҳам бериш имкониятини берди.
Янги тартибга кўра, малака ошириш курсида ўқиш қисқа муддатли ўқув модулларини ўзлаштиришдан иборат бўлади. Табиийки, бунда якуний синовлар бўлмайди. Ҳар бир ўқув модули унинг қай даражада ўзлаштирилганини аниқлаш имкониятини берувчи назорат саволлари, тест ёки кейслар билан якунланади. Ўқув модулини ўзлаштириш суръати ва унинг якунидаги синовларни топшириш муддатларини белгилаш малака ошираётган ўқитувчи томонидан белгиланади.
Албатта, бошланган ҳар қандай ўқув модули муайян муддат давомида ўзлаштирилиши мақсадга мувофиқ. Айнан ана шу муддатда ўқув модулининг синов топшириқлари ҳам топширилиши лозим. Ҳозирда мазкур муддат чекланмаган, яъни ўқув модули бир йил давомида ўзлаштирилиши имконияти мавжуд. Яъни ходим якуний тестда етарли балларни тўпламагунча шу модулни такрор ўрганади.
– Агар ўқитувчи шунча вақт ичида ҳам етарли натижа кўрсата олмаса-чи, қандайдир чора кўриладими?
– «Таълим тўғрисида» қонуннинг 46-моддасига мувофиқ, ҳар бир ўқитувчи ўз малакасини мунтазам равишда ошириб бориши, эгаллаб турган лавозимига мувофиқлик жиҳатидан даврий аттестациядан ўтиши мажбурияти белгиланган. Узрсиз сабабларга кўра малака ошириш дастурларини ўз вақтида ўзлаштирмаган ўқитувчилар аттестация жараёнларига қўйилмайди, яъни аттестациядан ўтмаган ҳисобланади. Бу эса уларнинг ўқитувчилик лавозимига қай даражада мувофиқлигига нисбатан эртами-кечми меҳнат қонунчилигида кўзда тутилган чоралар кўрилишига сабаб бўлади.
Ўзининг касбий маҳоратини ошириш устида ишлашни хоҳламайдиган ёки бундай салоҳиятга эга бўлмаган ўқитувчи болаларимизга дарс бериши мумкин эмас, деб ҳисоблайман.
– Малака ошириш тизимига нодавлат таълим ташкилотларини жалб қилишдан кўзланган мақсад нима? Нодавлат ташкилот қайси маблағ ҳисобидан халқ таълими ходимларининг малакасини оширади?
– Янги тартибга кўра, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасидаги давлат таълим муассасалари монополияси тугатилиб, нодавлат таълим ташкилотларининг мазкур жараёнларда иштирок этиш имконияти белгиланмоқда. Табиийки, нодавлат таълим муассасалари жалб этилиши соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантиради. Соғлом рақобат эса таълим сифати ошишига олиб келади.
Нодавлат таълим ташкилотларининг халқ таълими ходимлари малакасини ошириш бўйича харажатлари давлат бюджетининг мазкур соҳага ажратилган маблағлари ҳисобидан қопланади.
– Ўқитувчиларга малака оширишда онлайн тарзда дарс берадиган профессор-ўқитувчилар таркиби қандай бўлади? Фақат шакл ўзгариб, мазмун ўша-ўшалигича қолмайдими?
– Йўқ, мазмун ҳар ойда янгиланади. Малака ошириш курсларининг контентларини яратадиган профессор-ўқитувчилар тинимсиз ўз устида ишлаши, изланишлар олиб бориши ва ҳар ойда ўқув модуллари мазмунини янгилаши белгиланган. Профессор-ўқитувчилар яратилган янги ёки тингловчилар эҳтиёжидан келиб чиқиб такомиллаштирилган мавжуд ўқув модули, яъни янгиланган контент учунгина маош олади.
Замон талабига жавоб бера олмай қолган ўқув модуллари курс дастуридан чиқарилади, демак, уларнинг ўрнига янгиларини яратиш лозим бўлади. Мана шу доимий янгиланишларни амалга оширишга қодир бўлмаган профессор-ўқитувчи соҳада ишлай олмайди. Шунинг учун ҳам профессор-ўқитувчилар янги-янги ўқув модулларини яратиш, мавжудларини такомиллаштириш устида мунтазам ишлаб боради.
– Контентлар ўша олдинги модуллар бўйича яратиладими?
– Йўқ, янги ўқув модуллари халқ таълими ходимларининг касбий эҳтиёжларини ўрганиш асосида ишлаб чиқилади. Эҳтиёжлар кўлами эса ҳеч қачон камаймайди. Чунки, бир маррага эришган шахс кейинги маррани эгаллашга ҳаракат қилади. Демак, янги-янги ўқув модуллари яратилади ва мазкур жараён чексиз давом этади. Зеро, халқ таълими ходимларининг касбий ривожланиши узлуксиз ва уларнинг бутун касбий фаолияти мобайнида давом этади.
– Узлуксиз малака оширишда педагогларнинг таълим олиш жараёнлари қандай назорат қилинади?
– Узлуксиз малака оширишда педагогларнинг таълим олиш жараёнлари бошқарилиши мураккаб тизимни ташкил қилади. Қарийб 450 мингдан зиёд ходим ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб тузилган индивидуал касбий ривожланиш траекториялари бўйича малака ошириш ўқув модулларини танлайдилар ва уларни ўзлаштирадилар. Бир вақтнинг ўзида кимдир ўқув модулини энди бошлаган бўлса, кимдир уни ўқиётган ва яна кимдир мазкур ўқув модулини тугатаётган бўлади. Халқ таълими ходимларининг сони ва уларга тақдим этиладиган ўқув модулларининг миқдорини ҳисобга оладиган бўлсак, бундай элементлари кўп бўлган мураккаб тизимни бошқариш замонавий ахборот-коммуникация технологияларисиз мумкин эмаслигини тушуниб етамиз.
Шунинг учун ҳам узлуксиз малака оширишда педагогларнинг таълим олиш жараёнларини бошқариш махсус электрон платформа асосида автоматлаштирилади ва ушбу бошқариш жараёнларида инсон омили минималлаштирилади.
– Мақсад педагогнинг савиясини янада ошириш. Малака ошириш тизимида режалаштирилаётган ўзгаришларнинг натижалари қачон кўрина бошлайди?
– Янги – узлуксиз касбий ривожланиш тизимининг натижалари бир-икки йилдаёқ кўзга ташлана бошлайди ва бу, аввало, мактаб ўқитувчилари ва раҳбарларининг дунёқарашида, билими ва кўникмаларида акс этади. Ҳар 5 йилда бир марта унинг шахсий эҳтиёжлари ҳисобга олинмаган курс дастурларини ўзлаштиришга мажбур бўлган ходим, энди ўз хоҳиши ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб курс мазмунини ўзи шакллантиради ва ўзлаштиради.
Шу тарзда ўз билим ва кўникмаларидаги мавжуд камчиликларни тузатган ва янгиликларни ўзлаштирган ўқитувчи, албатта, сифат жиҳатидан бир поғона кўтарилади. Демак, у дарс берадиган синфларда ҳам таълим сифати кўтарилади. Мазкур ўзгаришлар халқ таълими тизимининг барча ўқитувчи, мутахассис ва раҳбар ходимларига нисбатан амалга оширилишини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳақиқатан ҳам, натижалар, тизим миқёсида, 1-2 йилда кўзга ташлана бошлайди.
1.
Анча йиллар олдин бир хизматдошим бўларди. У менга: “Нега доим онанг ҳақида мунгли ҳикоялар ёзасан, ўқиганни дилини оғритиб”, ранжигандай бўлувди, ўшанда.
-“Ўзимда бор бўлган барча яхши хислатларим учун онамдан ва фақат онамдан миннатдорман!. Чунки уларнинг бари онамники!”, дегандим унинг эътирозига ўзим ҳам эътироз билан жавоб бериб.
Ана шу воқеага ҳам кўп бўлди. Яқинда ўша собиқ хизматдошимни учратиб қолдим.
“Ўша пайтдаги гапим учун узр сўрайман”, деди мени ҳайрон қолдирганича. Кейин билсам яқинда унинг онаси ҳам...
2.
Балки ўша хизматдошимнинг эътирози сабаб бўлибми, охирги ўн йилдан буён онам ҳақида ҳеч нима ёзмабман. Лекин онам ҳар кун, ҳар соат, ҳар сонияда ҳаёлларимда мудом яшайди.
Бугун газетанинг байрам сонини нашрга тайёрлаб ўтирибман-у, яна онам ҳақида ёзишга шайланаман. Айтмоқчи, ёзмоқчи бўлган гапларим юрагимни сим-сим оғритаяптию барибир ёзолмайман. Фикримда аниқ-тиниқ айланиб юрган сўзларимни қоғозга тўкиш менга осон бўлмаяпти.
...О! Бу нарса оғирларнинг оғири, азобларнинг азоби эканини билсангиз эди. Ўн йилдан бери камида юз марта ёзишга чоғландим. Ҳар гал сарлавҳа қўяман, холос. У ҳам бўлса, кўз ёшларимга ғарқ бўлади: “Менинг онам дунёдаги жамики оналардан ҳам яхшироғи” дейман кўз ёшларим дарё бўлиб. Лекин, буларнинг бари жўнгина сўз туюлади, менга. Ўзимдан, ёзмоққа шайланган фикримдан кўнглим тўлмайди. Қани энди, онамга муносиб сўзни топа олсайдим?!
3.
Отам ҳам, онам ҳам ниҳоятда маърифатли инсонлар эди. Ғийбат, фисқу-фасод билан иши бўлмаган хонадонда тўрт ўғилу икки қиз вояга етдик. Уйимизда дастурхон йиғилмасди. Бизникига меҳмонлар, ёзги таътилда дам олишга келган шаҳарлик қариндош-уруғлар ва уларнинг болалари билан тўлиб-тошарди.
Ҳар куни саҳармардонлаб уйқудан уйғонган онам хамир қориб, сўнгра сут-товар фермасига ишга борардилар. Ҳали биз болалар уйқудан уйғонмасдан ишдан қайтиб, тандирдан нон узардилар. Ҳар куни эрталабки нонуштага қип-қизил бўлиб пишган иссиқ нонни дастурхонга қўярдилар. Онам ҳамма меҳмонларга беминнат хизмат қилардилар.
Отам борида хонадонимизни бало-қазо четлаб ўтган экан. Отам, сўнгра опам у дунёлик бўлишди. Кетма-кет келган жудолик онамга оғирлик қилди. Ўша пайтда биз учала фарзанд ҳали олийгоҳ талабаси эдик. Йиллар ўтди ҳаммамиз ҳам йўлимизни топиб кетдик.
4.
Ҳар куни эрталаб онам билан диллашаман: “Онажон, дуо қилинг ишга боряпман!”. Ҳар куни ишдан қайтаман онам билан тиллашаман: “Онажон, дуо қилинг фарзандларим соғ-саломат улғайишсин!”.
Буларнинг бари ҳаёлдан ўтган, юракдан кечган бир орзу эди холос! Негаки, мен онамдан 400 км. олисда эдим. У пайтларда телефонда гаплашишнинг ҳам имконияти бўлмаган пайтлар. Йилида бир марта кўришганимизга эса хурсанд бўлиб юраверибман.
Оҳ, дийдор насиб бўлган фараҳбахш кунларни эслаб ҳозир ҳам кўзларимни ёшини тия олмаяпман. Қанд-қурус, туршагу майизларни мендек меҳрсиз, шафқатсиз қизингиз учун сандиқнинг тубида сақлайсиз. Ўзингиз киймай яна сандиқ тубига матоларни ташлайсиз. Мен боришим билан қўлимга тутқазасизу: “Тезгина тикувчига бор” дейсиз.
5.
Вақт табиб, дейдилар. Дардларингга малҳам қўяди, унуттиради, дейдилар!
Вақт ўтди. 20 йил вақт ўтди. Қани менинг дардим эскиргани?! Қани менинг қалбимдаги яраларимга қўйилган малҳам?! Қани соғинчимнинг босилгани?!
6.
Онамни тушимда кўрдим. Оппоқ рўмоли, қоп-қора ўрилган сочлари бошига чамбарак қилиб ўралган. Ниҳоятда чиройли кўйлак кийган, қўлларида нимадир бор. Ўшани менга узатганча кулиб қараб турибдилар. Онам ўлмаган, онам тирик эканлар деган ҳаёлда шошилганча уларнинг ёнларига югурдим. “Сен қатламани яхши кўрардинг, болам. Ол, еб ол!” дермиш.
7.
Йиллар ўтаверди. Йиллар ақлимга ақл қўшаверди. Ақлим ошгани сайин андуҳим, армоним ортаверди.
-Тез-тез келиб тур, жоним болам,- дерди онам.
-Онажон, иш-ташвиш кўп, ташвишларимни камайтириб, болаларимни улғайтириб олайин, тез-тез келаман. Сиз билан бемалол ўтириб гаплашаман, -дердим.
-Мен боламни дейман, болам боласини. Болаларингни оёққа қўйганингда мени топиб билармикансан?
-Ундай деманг, онажон! Юрагимни оғритманг, ҳали отдайсиз-ку, -дебман.
Отлар ўлган бу дунёда оналар ўлмайдими? Онам ўлмайди, дебман!.
8.
Онам борида онам мени туққан ҳовлига юриб эмас, учиб борардим. Энди у ҳовлига, акамнинг ҳовлисига минг андиша билан бораман. Акамнинг, янгамнинг юзига, кўнгил кўйига истиҳола билан боқаман. Ҳар сафар борганимда яраларим янгиланиб, учирма бўлган уйимдан мунғайиб қайтаман. Онам бўлса, тез-тез бормасмидим?
Энди ўзим онаман, ўзим бувиман! Барибир онамни соғинаман. Ҳаёт синовларидан, турмуш машаққатларидан, ноҳақликлардан сиқилиб кетсам, бир юпанч истаб қоламан. Аммо, ҳеч кимга дардимни айтолмайман.
Ҳар қандай ҳасратимни малол олмай эшитган онажонимни қўмсаб қоламан. Ҳеч ким онадай беозор, ҳасратдош бўлолмабди, менга бу дунёда.
Сиз-чи, Сиз азиз ўқувчим! Бугун онангиз зиёратига бордингизми? Ҳеч бўлмаса қўнғироқлашиб қўйдингизми?
Бу ҳикояни мутолаа қилаётганларнинг муҳтарама волидалари дунё тургунича турсин. Байрамингиз муборак бўлсин, азиз ва қадрли онажонлар!
Сизларга чексиз эҳтиром ила муаллиф.
Райҳон ҚОДИРОВА, журналист.
“Шуҳрат” медали, “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” нишони соҳиби,
“Энг фаол журналист”, “Мустаҳкам оила – юрт таянчи”,
“Обод уйим” республика танловлари совриндори.
Қадим замонларда бир қирол сарой йўлига қоя тош қўйиб, ўзи
узоқроқдан кузата бошлабди.
Мамлакатнинг энг бой
тижоратчилари, карвонлари, сарой аъёнлари ўша тошни айланиб ўтиб, саройга киришибди. Ҳаттоки баъзилар баланд овозда қиролни қоралашибдии: "Халқдан шунча солиқ йиғиб оладию, ўзи йўлларга қараб ҳам қўймайди”.
Кунларнинг бирида қишлоқдан саройга мева олиб келаётган деҳқон йўлдаги тошни кўриб қолибди. Сўнг тўхтаб, бироз қийналиб бўлса хам тошни
йўл четига сура бошлабди. Тошни йўл четига чиқазиб, халтасини энди елкасига ортмоқчи бўлган экан, нарироқда, тошни ўрнида ётган кўзага кўзи тушиб қолибди. У кўзани очиб қараса, ичида тўла олтин эмиш. Кўзанинг энг устки қисмида :
"Бу олтинлар тошни олиб ташлаган одамга тегишли” - деган ёзув бўлиб, унга,
қирол муҳри урилган экан..
АЛҚИССА..Ҳамма шикоят
қилаётган қийинчиликларга
эътибор бермай, вазифани бажарган одам, албатта, ўз меҳнати самарасини кўради.
1-ҳикоя
Ҳайрат
У хотинининг қотилига сут ичирарди.
2-ҳикоя
Робия
Эй худойим яқинда туғиладиган укам ҳам қиз бўлишини хоҳлардим. ўшанда биз бувижоним билан яшардик
3-ҳикоя
Ҳайдовчи тамаки тутатди ва қанча ёқилғи қолганини билиш учун бензин бакига эгилди. марҳум атиги 23 ёшда эди
4-ҳикоя
Жонимга қасд қилиш учун ўзимни пастга ташладим. кейин фикримдан қайтдим.
5-ҳикоя
Тақдир
Вақтлар аро саёҳатчининг ҳаёли. Парол нима эдия.
6-ҳикоя
Эълон
Синиқ деразанингт сиртига ёзилганди. Янги оила қурганлар
7-ҳикоя
Таржимаи ҳол
Авваллари менинг менинг текис юзим бурма кўйлагим бор эди. ҳозир эса .... акси.
8-ҳикоя
Умид
.... Биз бошқа ҳеч қачон учрашмаймиз. Бошқа ҳеч қачон тўқнаш келмаймиз. бошқа ҳеч қачон кўзларимиз кўзларимизга тушмайди.... Кўришгунча...
9-ҳикоя
Ёлғизлик
Дунёдаги энг охирги инсон хонасида ўтирган эди. эшик тақиллаб қолди...
10-ҳикоя
Ётоқхона
Ётоқхонамиздан икки кишининг овози эшитиларди. Мен эшикни тақиллатдим.
11-ҳикоя
Гуноҳкор
Уҳақиқий гуноҳкор эди. Чунки 124 минг суворийдан ёлғиз угина урушдан ватанига соғ-омон қайтди.
12-ҳикоя
Оптимист
- Янги поябзал сотиб олганимда доимо битта қўшимча боғичга эга бўлишимни ўйлаб қувонаман. Умуман кийилмайдиган иккинчи пой ҳақида эса ўйламасликка уринаман
13-ҳикоя
6 сўзли ҳикоя
Сотилади. Чақалоқ туфличаси. Бирор марта кийилмаган.
14-ҳикоя
Масъулият
Етти боланинг кийимлари оғирлик қилиб узилган дор уйдан бош олиб кетаётган эркак оёқларини чалиштириб йиқитди.
15-ҳикоя
Қўрқув
- Энди ухла тойчоғим.
- Она шундай деб чироқни ўчирди.
- Ойи. Ўчирманг илтимос. Қоронғуликдан жуда қўрқаман - деди кўзлари ожиз болакай.
Ҳикоя қилинишича, бир куни Маҳатма Ганди юришни бошлаган поездга етиб олиш учун югуриб кетарди. Бир амаллаб поездга чиқиб олгач, тўсатдан унинг бир пой кавуши оёғидан тушиб кетди. Шу пайт Ганди иккинчи пой кавушни ҳам тезлик билан ечдию, ўйлаб ҳам ўтирмасдан нариги пой кавуши тушган жойга қарата отиб юборди. Унинг бу ишидан ҳайрон бўлган дўстлари: “нима учун бундай қилдингиз?”, деб сўрашди. Ганди жавоб бериб, деди: “кавушни топиб олган фақир киши, ҳар иккала пойини топишини ва улардан фойдаланишини хоҳладим. Чунки, бир пой кавуш унга фойда бермайди. Мен ҳам бир пой кавушдан фойдалана олмайман”.
Бу ҳақда Жаҳон олтин кенгашининг 9 март куни эълон қилинган ҳисоботида маълум қилинди.
Жаҳон олтин кенгаши маълумотларига кўра, дунё мамлакатларида олтин-валюта захиралари камайиб бораётган бир пайтда, Ўзбекистон ва Қозоғистон марказий банклари йил бошидан буён захираларини сезиларли даражада оширган. Ўзбекистон кўрсаткичи +8,1 тоннани, Қозоғистонники эса +2,8 тоннани ташкил этган.
Туркия (-17,2 тонна) ва Россия (-3,1 тонна) марказий банклари эса йирик олтин сотувчилар сифатида қайд этилган.
Маълумот ўрнида, Жаҳон олтин кенгаши халқаро олтин бозорида содир бўлаётган жараёнлар тўғрисида мустақил баҳо ва прогнозларни тақдим этувчи нуфузли тузилма ҳисобланади.
Ўзбекистонда 1999 йил 1 июлдан 2021 йил 1 мартга қадар 457 минг нафардан ортиқ аёлга 54 ёшдан имтиёзли асосларда ёшга доир пенсия тайинланган. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси матбуот хизмати хабар берди.
Шундан 1999 йилда 4960 нафар, 2000 йилда 10 125 нафар, 2001 йилда 10 857 нафар, 2002 йилда 10 201 нафар, 2003 йилда 11 497 нафар, 2004 йилда 12 955 нафар, 2005 йилда 14 062 нафар, 2006 йилда 14 832 нафар, 2007 йилда 14 867 нафар, 2008 йилда 16 774 нафар, 2009 йилда 18 736 нафар, 2010 йилда 22 305 нафар, 2011 йилда 18 866 нафар, 2012 йилда 20 059 нафар, 2013 йилда 19 354 нафар, 2014 йилда 22 163 нафар, 2015 йилда 31 554 нафар, 2016 йилда 33 485 нафар, 2017 йилда 34 507 нафар, 2018 йилда 36 702 нафар, 2019 йилда 37 320 нафар, 2020 йилда 35 584 нафар ва 2021 йил январь—февраль ойларида 5261 нафар аёлга 54 ёшдан имтиёзли асосларда ёшга доир пенсия тайинланган.
Қайд этилишича, дунё ва МДҲ давлатларининг пенсия қонунчилигида аёлларга 54 ёшдан имтиёзли асосларда ёшга доир пенсия тайинлаш назарда тутилмаган.
2020 йилда Ўзбекистон ҳудудлари бўйича энг кўп никоҳ ҳолатлари Фарғона вилоятига тўғри келган (34 066та). Бу ҳақда Статқўм хабар берди.
Давлат статистика қўмитаси сўнгги 10 йилликда қайд этилган никоҳлар сонини ҳам очиқлади:
- 2010 йил – 292 286та;
- 2011 йил –287 793та;
- 2012 йил – 299 048та;
- 2013 йил – 304 859та;
- 2014 йил – 296 055та;
- 2015 йил – 287 582та;
- 2016 йил – 275 048та;
- 2017 йил – 306 197та;
- 2018 йил – 311 379та;
- 2019 йил – 310 899та;
- 2020 йил – 296 750та.
2020 йилда республиканинг шаҳар аҳолиси орасида 141 474та ва қишлоқ аҳолиси орасида 155 276та никоҳ ҳолати қайд этилган.