LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

02 Mar 2021

Саудия Арабистони Ҳаж зиёратига рухсат берди. Фақат бир шарти бор: бу йил Ҳаж зиёратига борувчилар COVID-19 га қарши албатта вакцина қабул қилган бўлишлари шарт. Бу ҳақда Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш вазири Тауфиқ ар-Рабиа маълум қилди.

Ҳаж сафари июль ойининг иккинчи ярмига тўғри келади.

Шунингдек, 2020 йили коронавирус пандемияси сабабли атиги 10 минг киши Ҳаж амалларини бажарган. Уларнинг 30 фоизини саудияликлар, 70 фоизини хорижликлар ташкил этади. Ўшанда 20-50 ёшлар оралиғидаги, сурункали хасталиклари бўлмаганлар, илгари зиёратга келмаганлар ва карантин даври талабларига кўнганларга чекланган тартибда махсус рухсатномалар берилганди.

Саудия Арабистони ўтган йилнинг ноябрь ойидан 50 ёшгача бўлган, ПЗР-тести манфий чиққанларга Умра зиёратига киришга аста-секин рухсат беришни бошлаганди.

02 Mar 2021

1 мартдан эътиборан, таълим даражаси паст мактабда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган ўқитувчиларга махсус устамалар ҳисоблаш бошланди.

 

Халқ таълими вазирлиги ва Таълим инспекцияси республикадаги таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатини тасдиқлади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.

«Вазирлик томонидан таълим даражаси юқори бўлмаган умумтаълим мактаблари бўш иш ўринларига (вакант дарс соатлари бўйича) бошқа ҳудудлардан ўқитувчиларни ишга қабул қилиш схемаси ишлаб чиқилди. Бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар билан ish.uzedu.uz cайти орқали танишиш мумкин», – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, умумтаълим мактабларда ўқитувчиларни ишга олиш тартиби соддалаштирилган: ўқитувчиларни ишга қабул қилиш бўйича ХТБлардаги айрим бюрократик тартиблар бекор қилинган ва ишга қабул қилиш мактаб раҳбарининг ваколатига ўтказилган.

Таълим даражаси юқори бўлмаган умумтаълим мактабларига бошқа ҳудудлардан ишга қабул қилиш учун бўш иш ўринларига икки ва ундан ортиқ номзодлар талабгор сифатида ҳужжат топширган ҳолларда номзодларни мактаблардаги танлов комиссияси саралаб олади.

Ҳудудлардан жалб қилинган ўқитувчиларга махсус устамалар тўлаш тартиби жорий ўқув йилида амал қилади. Жойларда ўқитувчи-педагоглар ва жамоатчиликнинг таклифларини инобатга олган ҳолда янги ўқув йилидан жараён такомиллаштириб борилади.

Эслатиб ўтамиз, президент қарорига асосан, 2021 йил 1 мартдан бошлаб:

  • бир маъмурий бирлик (вилоят) доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз;
  • бошқа маъмурий бирлик (вилоят)дан келиб фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз махсус устамалар тўланади.
01 Mar 2021

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кўтарилиши «айниқса ташвишга соладиган» ва фуқаролар норозилигига сабаб бўлиши мумкин бўлган глобал «қайноқ нуқталар» рўйхати тузилди. Рўйхатга Россия, Ҳиндистон, Бразилия, Туркия ва Нигерия каби йирик давлатлар киритилган.

Хитой бозорларида озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ортиши ва об-ҳаво ноқулай келиши натижасида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи сўнгги олти йилликда энг юқори кўрсаткичга етган.

Bloomberg агентлиги маълум қилишича, дунё бўйлаб озиқ-овқат маҳсулотларининг инфляция даражаси ошишда давом этмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотларининг танқислиги сабаб йил бошидан бери Суданда норозилик намойишлари авж олди, озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирлар Ливан ва Тунисда низоларни келтириб чиқарди, шунингдек, Ҳиндистонда деҳқонлар нархларни пасайтиришга қарши исён кўтаришди. Ҳозирда Бирлашган Араб Амирликлари сингари бой давлатлар ҳам баъзи озиқ-овқат маҳсулотларига нархлар чегараларини белгилаш имкониятини кўриб чиқмоқда.

«Ҳар доимгидек, бу ҳолатнинг таъсири номутаносиб. Бой ғарб мамлакатларида, бу шунчаки маҳсулот харид қилишда унинг брендини алмаштириш билан боғлиқ бўлиши мумкин, аммо камбағал мамлакатларда бу ҳолат болани мактабга ёки пул ишлаш учун ишлашга юбориш ўртасидаги фарқни белгилаб беради», деб таъкидлади Вашингтонда жойлашган Петерсон халқаро иқтисодиёт институти ходими Куллен Ҳендрикс.

Bloomberg таҳлилчиларининг фикрига кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кўтарилиши ўрта даромадли энг йирик мамлакатларга жиддий таъсир кўрсатади.

Лотин Америкаси мамлакатлари ичида бу ҳолат Бразилияда жиддий сезилмоқда. Бу ерда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиши ва миллий валютанинг қадри пасайиши биргаликда кечмоқда. Натижада мамлакатда гуруч нархлари 76 фоизга, гўшт ва сут маҳсулотлари 20 фоизга қимматлашган.

Россияда умумий инфляция ва озиқ-овқат нархлари ошишига мамлакатдаги сиёсий беқарорлик ҳам таъсир кўрсатмоқда. Сўнгги ҳафталарда дунёдаги биринчи рақамли буғдой экспорт қилувчи мамлакат маҳсулотни экспорт қилишни чеклаш ва ички нархлар пасайишига олиб келадиган тарифлар ва квоталарни жорий қилиш бўйича чораларни амалга оширди. Россиянинг энг йирик чакана савдо корхоналарида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (хусусан, сабзи ва картошка) нархларини музлатиш бўйича низом тасдиқланган. Экспертлар март ойида тугаши кутилаётган чекловлар мамлакатда озиқ-овқат нархлари ошишига жиддий таъсир кўрсатишини таъкидлашмоқда.

Шунингдек, катта озиқ-овқат истеъмолчисига эга бўлган Туркияда январ ойида озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи 18 фоизга қимматлашган. Туркияда бир неча йилдан бери озиқ-овқат секторида инфляцияда икки хонали рақамларнинг қайд этилаётгани миллий валюта қадрсизланишига ва Туркия президентига нисбатан норозилик кайфиятини кучайтирмоқда.

АҚШдан кейин энг кўп ҳайдалган ерларга эгалик қилувчи, дунёдаги энг йирик гуруч экспортчиси ва буғдой етиштириш бўйича иккинчи ўринда турадиган Ҳиндистонда ҳукумат томонидан озиқ-овқат маҳсулотларига субсидия жорий қилиниши фермерлар томонидан исён кўтарилишига сабаб бўлмоқда.

  • Маълумот учун, 2020 йилда Ўзбекистон озиқ-овқат секторида инфляция 15,3 фоизни ташкил этган. Шунингдек жорий йилнинг илк ойлари давомида озиқ-овқат нархларининг ошиши январ ойида 1,2 фоизни, февралда эса 0,6 фоизни ташкил этган. Глобал миқёсида озиқ-овқат нархлари қимматлашиши Ўзбекистонда ҳам импорт қилинадиган маҳсулотлар нархи сезиларли равишда ошишига сабаб бўлиши мумкин.
01 Mar 2021

   Туман  юридик ва жисмоний  шахсларга тегишли автомототранспорт воситалари

  ва  уларнинг  тиркамаларини  мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида

  Ўзбекистон Республикасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунининг  13-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳамасининг 2003 йил 31-январдаги “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 54-сонли қарори билан тасдиқланган “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга   (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 йил 1-2-сон, 17-модда) ҳамда 2017 йил 22-декабрдаги 1010-сонли  (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.12.2017 й., 09/17/1010/0461-сон;
16.02.2019 й., 09/19/136/2623-сон)
қарорнинг тегишли бандларига мувофиқ транспорт воситаларини 2021 йилги мажбурий техник кўригини ташкил этиш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига, (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси 1993 йил 9-сонли 320-моддага) ҳамда туман адлия бўлимининг 25.02.2020 йилдаги 1-16-5/85-сонли хулосасига  асосан,

   ҚАРОР ҚИЛАМАН:

 

  1. Учқудуқ тумани ҳудудида жойлашган барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспорт воситалари ва уларнинг тиркамалари мажбурий мавсумий техник кўрикдан ўтказилсин.
  2. Транспорт воситаларининг мажбурий техник кўриги (кейинги ўринларда матнда” техник кўрик” деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органлари (кейинги ўринларда матнда “ДЙҲХХ” деб юритилади) томонидан Низомга мувофиқ ўтказилади.

   Транспорт воситаларининг техник ҳолати ва ускуналарининг мувофиқлигини баҳолаш учун ДЙҲХХ органлари томонидан
ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъий назар, вазирликлар
ва идораларнинг, бошқа ташкилотларнинг, шунингдек, хусусий техник хизмат кўрсатиш станциялари (кейинги ўринда “ТХС” деб аталади) шартнома асосида жалб этилиши мумкин.

   Жисмоний шахсларга тегишли М1 тоифадаги транспорт воситаларининг техник регламентлар ёки стандартлар талабларига, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари, нормаларига мувофиқлиги тадбиркорлик субъектлари - юридик шахслар (кейинги ўринларда Субъектлар деб аталади) томонидан ҳам баҳоланиши мумкин.

   Бунда жисмоний шахслар - М1 тоифадаги транспорт воситалари эгалари ўз транспорт воситасининг техник ҳолати ва ускуналари мувофиқлигини баҳолаш учун ўз танловига кўра, ДЙҲХХ органлари, ТХС ёки Субъектларга мурожаат қилишлари мумкин.

  1. Техник кўрикдан ўтказиш бўйича, Учқудуқ туман комиссиясининг таркиби 1-иловага мувофиқ, Навоий вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси 1-сонли туманлараро рўхатга олиш ва имтиҳон олиш бўлимида Учқудуқ тумани бўйича рўйхатда турган транспорт воситалари ва уларнинг тиркамаларига эга автокорхона, ташкилот, хусусий корхоналар ҳамда муасасаларнинг 2021 йилдаги техник кўригини ўтказиш жадвали 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  2. Тумандаги барча транспорт воситалари ва уларнинг тиркамалари эгалари бўлган юридик ва жисмоний шахсларга транспорт воситаларини техник паспорти билан биргаликда, ўз вақтида режали жадвал асосида техник кўрикдан ўтказиш мажбурияти юклатилсин.
  3. Транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилсин:

   а) Тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар ва ўриндиқлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари) одамларни мунтазам ташиши учун жиҳозланган, юк автомобиллари йирик гобаритли ва оғир вазнли ҳамда хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар - бир йилда икки марта;

   б) ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) транспорт воситалари (мазкур банднинг
“а” кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) - икки йилда бир марта;

   в) ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек, ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари (мазкур банднинг “а” кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) - бир йилда бир марта;

   г) тиркамалар кўрикка транспорт воситаси-шатакчи учун белгиланган муддатларда тақдим этилади.

   д) навбатдаги техник кўрикдан ўтказишнинг илгари ўрнатилган муддатларидан қатъий назар, уларни ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) вақтида;

е) улар ишлаб чиқарилган йилдан қатъий назар, ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказилган (қайта рўйхатдан ўтказилган) кундан бошлаб бир йил ўтгач (мазкур банднинг “а” кичик бандида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно).

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил
    31 январдаги “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 54-сонли қарорининг
    3-бандида, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлигининг ички ва соқчилик қўшинлари, Миллий хавфсизлик хизматининг (Давлат хавфсизлик хизмати) ҳарбий бўлинмаларининг транспорт воситалари, кўрсатиб ўтилган идоралар томонидан белгиланган тартибда мажбурий техник кўрикдан ўтказилиши белгиланганлиги инобатга олинсин.
  2. Мазкур қарорнинг 3-банди “а” кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларининг техник кўриги:

   биринчи  марта жорий йилнинг 1 мартидан, 30 июнгача ўтказилади;

   иккинчи  марта жорий йилнинг 1 сентябрдан, 30 октябргача ўтказилади;

   Юридик шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 мартдан,  30 июнгача ўтказилади.

   Жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспорт воситалари
ва уларнинг тиркамаларининг техник кўриги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сонли қарори билан тасдиқланган “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомига мувофиқ 1 январдан 31 авустга қадар ўтказилиши белгиланганлиги инобатга олинсин.

  1. Транспорт воситалари ва уларнинг тиркамаларининг техник кўрикдан ўтказилганлиги учун жарималар ундирилишида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 54-сонли қарори билан тасдиқланган низомда белгиланган тартибларга қатъий риоя қилинсин.
  2. Транспорт воситалари ва уларнинг тиркамаларини техник кўрикдан ўтказиш, туман комиссияси раҳбарига:

   транспорт воситалари ва уларнинг тиркамаларининг техник ҳолати, улардан фойдаланиш нормалари ҳамда қоидаларига риоя этилиши устидан самарали назоратни ташкил этиш:

   транспорт воситалари ва уларнинг тиркамаларининг техник ҳолати
ва ускуналари, шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлиги стандартлари ҳамда нормаларига мувофиқлигини баҳолаш юклатилсин.

  1. Туман ҳудудидаги барча юридик шахсларга тегишли бўлган автомототранспорт воситалари ва уларнинг тиркамаларини мавсумий техник кўрикдан ўтиш ҳайдовчиларни малакасини оширганлиги тўғрисидаги сертификат ва транспорт воситаларини видеокузатув мосламалари (видеорегистратор) билан тўлиқ жиҳозланганидан сўнг амалга оширилсин.
  2. Учқудуқ тумани ИИБ ЙҲХГ ДЙҲХ ходимлари мазкур қарорнинг ижроси таъминланганлиги тўғрисида 2021 йилнинг 30 ноябрь кунига қадар Учқудуқ туман ҳокимлигига ёзма равишда ахборот тақдим этиш топширилсин.
  3. Туман ҳокимлиги Ахборот хизмат раҳбари - матбуот котиби (Р.Қодирова) ушбу қарорни оммавий ахборот воситаларига кенг ёритилишини ҳамда Учқудуқ туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминласин.
  4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Учқудуқ туман хоқимининг ўринбосари О.Рамазонов, ижросини ташкил этиш Учқудуқ туман ИИБ бошлиғи А.Райхонов зиммасига юклатилсин.

 

    С.Хамроев, туман ҳокими                                                             

    2021 йил 26 февраль 41-сон Учқудуқ шаҳри.

27 Feb 2021

 

Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил қилингани мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш, бизнес вакилларининг фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, аҳолининг тадбиркорликка иштиёқини янада рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Буни биргина Учқудуқ тумани Бош вазир қабулхонаси фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Жорий йилнинг январь – февраль ойларида мазкур қабулхонага тадбиркорлардан 41 та мурожаат тушган. Уларнинг 35 таси ёки 85,4 фоизи ижобий ҳал қилинди, 6 тасига ёки 14,6 фоизига тушунтириш берилган. Мурожаатлар Бош вазир қабулхонасининг “business.gov.uz” порталига киритилган ҳамда масъул корхона ва ташкилотларга юборилган.
Мурожаатлар асосан, ер ажратиш, кадастр ва қурилиш, сув таъминоти, кредит, солиқ масалаларига тааллуқли бўлиб, аксарият қисмининг ижобий ҳал этилиши натижасида тадбиркорларнинг ҳам вақти, ҳам нақди тежалишига эришилди.
Мисол учун, якка тадбиркор Зулхумор Бозарова бозор ҳудудида янгидан қурилган савдо дўконига 7 йилдан буён кадастр ҳужжатлари ололмай сарсон бўлиб келган. Бобур Раззоқовнинг ҳам сартарошхонасини сувга уланиш бўйича қилган мурожаатини ширкат хўжалиги беэътибор қолдиргани учун Бош вазир қабулхонасига мурожаат қилган.
Қабулхона вакиллари ушбу мурожаатларни жиддий назоратга олиб, тадбиркорларнинг муаммолари қиқса муддатларда ҳал этилишига эришилди.
Ҳозирда кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари вакилларининг ҳақ-ҳуқуқларини ишончли ҳимоялаш, яратилган имкониятлардан эмин-эркин фойдаланиши йўлидаги сансалорликларни бартараф этиш, уларга кўрсатилаётган давлат хизматлари сифати ва самарасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда-ки, бу хусусий секторнинг ўсишида муҳим омил бўлмоқда.

Иномжон ҲАЙДАРОВ,
Бош вазир қабулхонаси Учқудуқ туман бўлими мудири.

27 Feb 2021


Бугунги кунда ислом динига нисбатан бутун дунёда қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг хайрихоҳ ва тарафдорлари кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бунинг асосий сабаби муқаддас динимизнинг ҳаққонийлиги ва поклиги, инсонпарварлиги ва бағрикенглиги, одамзодни доимо эзгуликка чорлаши билан беқиёс аҳамиятга эга.
Бир неча диний экстремистик оқим ва йўналишлар фаолияти тобора кескинлашиб бораётган бир даврда муқаддас ислом динимизга ва миллий маънавиятимиз ҳамда қадриятларимизга рахна солишга уринаётган ноисломий йўналишлардан бири бу миссионерлик йўналишидир.
Миссионерлик бу - бирор динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш тушунилади.
Ҳозирги кунда миссионерлар ўзларининг вақтинчалик яхши муомилалари ва ўзларининг ғаразли мақсадлари яширинган услублари билан айрим кишиларни йўлдан адаштирмоқдалар. Миссионерлик фаолиятини олиб бораётганлар одамларга бепул дори-дармон бериш, бепул хайрия ёрдамларини кўрсатиш, бепул миссионерлик адабиётини тарқатиш каби услубларидан фойдаланишади.
Миссионерлик 19 асрда фаоллашди, айниқса, насроний миссионерлари Африкада фаолиятларини кучайтирдилар ва ўз мамлакатларининг сиёсатини ўтказишга ёрдам бердилар. Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуни 5-моддасига кўра, Ўзбекистонда миссионерлик фаолияти маън этилган.
Мамлакатимиз аҳолисининг 90% дан ортиқроғи Ислом динига эътиқод қилади. Ислом дини шариатига кўра ҳам ўз динидан бошқа динга ўтиб кетиш қораланади. Миссионерлик миллий ва диний қадриятимизга путур етказадиган, халқимиз бирлигини бузадиган ҳаракатлардан ҳисобланади.
Миссионерлик ва унинг оқибатлари ҳақида оиламизда фарзандларимизга, маҳалладошларимизга кўпроқ тушунтиришимиз лозим бўлади. Шундай қилсак, миссионерликнинг салбий оқибатларини бир қадар олдини олишга ҳаракат қилган бўламиз.


Абдижалол ТУРДИЕВ,
“Қизилқум” жомеъ-масжиди имом-хатиби.

27 Feb 2021


«2021 йил учун давлат дастури лойиҳасида ва дастурни амалга ошириш бўйича президент фармони лойиҳасида пенсия ва нафақаларни тайинлашда фуқаролар учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида янгиликлар киритиш режалаштирилган.
Унга кўра, 2021 йил 1 июндан бошлаб, пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр — 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади.
Бундан ташқари, уч йилдан ортиқ давр учун тайинланган ёки қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ва улар бўйича ортиқча тўловини ундириш бекор қилинади.
Ишловчилар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади.
Пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланади ва тўланади.
Пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар фуқаролар томонидан Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига мурожаат қилмаган ҳолда, тижорат банкларида пластик карталарни очиш жараёнида ёки банк мобил иловалари орқали электрон шаклда расмийлаштирилади.


2021 ЙИЛ 1 ЯНВАРЬ ҲОЛАТИДА ПЕНСИЯ ВА НАФАҚА ОЛУВЧИЛАР СОНИ МАЪЛУМ ҚИЛИНДИ


Республика пенсия жамғармасининг маълум қилишича, 400 мингдан ортиқ нафақа олувчилар кесимида ёшга доир нафақа 37,2 минг шахсга, болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандли оналарнинг 5,2 минг нафарига, иш стажи бўлмаган 1-2 гуруҳ имконияти чекланган 117 минг бола ҳамда 16 ёшдан катта 1-2 гуруҳ болаликдан ногиронлиги бўлган 167 минг шахсга нафақа тўланмоқда.
2020 йил давомида 333 минг 450 нафар фуқароларга янги пенсия ва нафақалар тайинланган.


УЧҚУДУҚ ТУМАНИДА ПЕНСИЯ ВА НАФАҚА ОЛУВЧИЛАР СОНИ


Жорий йил 1 январь ҳолатида туманда жами пенсия ва нафақа олувчилар сони 3701 нафарни, шундан ёшга доир пенсия 2855 нафарни, ногиронлик пенсияси 407 шахсни, боқувчисини йўқотганлик пенсияси 190 нафарни, 16 ёшгача болаликдан ногиронлар 110 нафарни, 16 ёшдан катта болаликдан ногиронлар сони 101 нафарни ва зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ижтимоий нафақа олувчилар сони 38 нафарни ташкил этмоқда.
2020 йил давомида 411 нафар фуқародан пенсия ва нафақа тайинлаш учун ариза қабул қилинган бўлиб, шундан ёшга доир пенсияга 295 нафар, ногиронлик пенсиясига 43 нафар, боқувчисини йўқотганлик пенсиясига 32 нафар, 16 ёшгача болаликдан ногиронлик нафақаси 12 нафар, 16 ёшдан катта болаликдан ногиронлик нафақаси 11 нафар ва зарур иш стажи бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ижтимоий нафақа олувчилар 12 нафарни ташкил этади.
Ҳисобот даврида 45 нафар фуқарога қўшимча тақдим этилган ҳужжатлар асосида қайта ҳисоблаш ишлари олиб борилган.
2020 йил давомида пенсия ва нафақа олувчи учқудуқлик фуқароларга 66 млрд. 921 млн. сўм маблағ тўлаб берилган.
Рақамлардан кўриниб турибдики, юртимизда кекса авлод вакиллари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари давлатимиз ғамхўрлигидан баҳраманд бўлмоқдалар.


Отабек ХОЛМУРОДОВ,
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Учқудуқ туман бўлими бошлиғи.

27 Feb 2021

Куни кеча Шимолий кон бошқармаси 3-гидрометаллургия заводида ёшлар муаммоларини ҳал қилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.
Учрашувда 3-гидрометаллургия заводи директори Шуҳрат Нарбадалов сўзга чиқиб, ёшларимизга ҳурматли Президентимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик, уларнинг ўз қобилият ва салоҳиятини намоён қилишлари учун яратилган шароит ва имкониятлар хусусида тўхталиб ўтди.
“Раҳбар ва ёшлар” учрашувида завод ёшларининг муаммолари, таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Жумладан, флотация цехи ходими М.Амонов махсус йўналиш бўйича техникумни тамомлаган ишчиларга танлов асосида ОТМ ларга қўшимча тавсиянома бериш, олтинни сақлаш бўлими ишчиси Ф.Жасуров туман маркази чекка ҳудудларида дарахтларни суғориш учун техник сув қувурлари тармоғини тортиш юзасидан ўз таклифларини илгари сурди.
Учрашувда: “Қилинган меҳнат, чеккан машаққатнинг тагида албатта роҳати ҳам бўлади, ўқинг, изланинг, кўпроқ ўз устингизда ишланг, шунда раҳбарлик Сизни ўзи “излаб топади”, - дея таъкидлади 3-гидрометаллургия заводи директори Шуҳрат Нарбадалов.
Албатта, кўтаринки руҳда ўтказилган бу каби учрашувлар ёш кадрларга куч ва ғайрат, ўз ишига шижоат ва фидоийлик бағишласа ажаб эмас.


Дилрабо АБДУЛЛАЕВА,
З-ГМЗ маънавий-маърифий ишлар бўйича нозири.
Феруз Жасуров,
3-ГМЗ ёшлар етакчиси.

26 Feb 2021

Ўзбекистонда топилган тош қолдиқларида авваллари фанга маълум бўлмаган динозавр тури аниқланди. Dzharatitanis kingi номини олган ушбу динозаврнинг узунлиги салкам 20 метрни ташкил этган ва у диплодок — сайёрада яшаган энг катта жонзотнинг қариндоши ҳисобланади, деб ёзади Daily Mail.

Фото: SWNS

Ушбу динозаврлар Осиё қитъасининг энг ғарбий қисмида жойлашган қирғоқ текислигида бундан 100 миллион йил олдин, Ер қитъаларга ҳали ажралмаган пайтда яшаган. Унинг хивичсимон думи ва узун бўйни сабаб баланд дарахтлардан бемалол озуқа қидира олган.

Динозаврга тегишли бўлган дум суяги Қизилқум чўлидаги «динозаврлар қабристони» деб аталувчи макондан халқаро археологлар жамоаси томонидан қазиб олинган. Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, бу ердан умуртқали ҳайвонларнинг «асосан парчаланган, аммо кўпинча ажойиб ҳолатда сақланиб қолган скелет қолдиқлари» топилган.

Фото: Shutterstock

Dzharatitanis kingi кичикроқ бош ва ўткир тишларга эга бўлган. Бу унга дарахтларнинг шохларини кесиб олиш имконини берган. Унинг массив каркаси тўртта устунсимон таянчда жойлашган. У бундан 145,5 миллион йил олдин бошланиб, 65,5 миллион йил олдин тугаган Бўр даврида яшаган.

Топилма нафақат янги тур, балки реббахизавридлар оиласидаги янги туркум мавжудлигини билдиради. Реббахизавридлар — Ер юзида ҳозирга қадар яшаган энг йирик жонзотлар ҳисобланади. Реббахизавридларнинг барча қолдиқлари Жанубий Американинг жанубий қисмидан шимоли-шарқий қисмига қадар ва Африканинг шимоли-ғарбидан Европагача бўлган ингичка қисмидан топилган, бироқ Осиёда унга ҳеч қачон дуч келинмаган.

26 Feb 2021

   Халқимиз: “Обрў мисқоллаб йиғилади, ҳовучлаб совурилади” дейди. Абуҳамид Ашуров (исми-шарифи ўзгартирилган) Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси Учқудуқ туман бўлимида техника ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш шўъбаси катта инспектори лавозимига етгунига қадар анча меҳнат ва машаққат чекишига тўғри келган. Унга ишониб, масъулиятли лавозим топширишди.  А.Ашуров эса бу ишончни поймол қилди.

   Судланувчи Абуҳамид Ашуров Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси Учқудуқ туман бўлимида техника ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш шўъбаси катта инспектори вазифасида ишлаб, ўзининг хизмат мавқеидан фойдаланиб,  М. Аҳадовга (исми - шарифи ўзгартирилган) ўқимасдан туриб тракторчи-машинист гувоҳномасини расмийлаштириб бериши мумкинлигига ишонтиради. Ҳужжатни бериш якка ўзининг ваколатига кирадиган шахс сифатида ёлғон тасаввур уйғотиб, фириб тўрини “тўқийди”.

   Ҳа, бу тоифадаги кишилар одамларни ишонтиришнинг уддасидан чиқишади.  Фириб тўрини шу қадар усталик билан тўқишадики, тушган одам жойида ўралашиб қолади.

  М. Аҳадов эса  фириб тўрига “илинган”лардан бири бўлиб қолишни истамайди. Инспекторнинг ушбу ҳаракатларини  ноқонуний билиб, бу ҳақда Департаментнинг Учқудуқ туман бўлимига мурожаат қилади.

  Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси Учқудуқ туман бўлимида техника ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш шўъбаси катта инспектори Абуҳамид Ашуров ўз хизмат хонасида фуқаро М. Аҳадов номига  расмийлаштирилган сохта ТМО № 100935 серия рақамли тракторчи-машинист гувоҳномасини 800 000 сўм эвазига “пуллаётган”  вақтида ашёвий далиллар билан  Департаментнинг Учқудуқ туман бўлими ҳамда туман ИИБ ходимлари томонидан  ушланган.

   Нафақа ёшига яқинлашиб қолган Абуҳамид Ашуров  биргина ўйламай  босган қадами боис, бир умр ишлаб мисқоллаб  йиққан обрўсидан айрилди. Эл ичида юзи “шувут” бўлди.

   Демак, бундан кўринадики, ҳаётда ўйламай босилган қадам ҳеч қачон изсиз кетмайди, аксинча, нохуш оқибатларни келтириб чиқаради.

   Буни ҳамиша ёдда тутиш лозим.

Санжар ЯҲЁЕВ,

департаментнинг  Навоий вилоят бошқармаси катта инспектори, адлия кичик маслаҳатчиси,

Ориф  АЛЛАНАЗАРОВ,

департаментнинг Учқудуқ  туман бўлими инспектори, 3-даражали юрист.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: