Hokimiyat matbuot xizmati
Нодавлат ташкилотларга ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилади
Ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш соҳасида автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга тадбиркорлик субъектларига барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини (троллейбус ва трамвайдан ташқари) бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилади.
2021 йил 1 октябрга қадар цемент маҳсулотини Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда божхона божининг ноль ставкаси қўлланади
Уй-жойлар нархини арзонлаштириш бўйича президент фармонига асосан 2021 йил 1 октябрга қадар цемент маҳсулотини (ТИФ ТН коди 2523) Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда божхона божининг ноль ставкаси қўлланади.
Бундан ташқари, фармонда уй-жойлар нархини арзонлаштириш бўйича ўрнатиладиган янги тартибга кўра бошқа бир қатор чоралар ҳам белгиланган.
Қимматбаҳо металл ва тошлардан ясалган заргарлик буюмларини ички ва ташқи бозорларда электрон тижорат орқали сотишга рухсат берилади
«Заргарлик саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорига асосан:
а) заргарлик буюмларига асиллик даражаси тамғаси ва ишлаб чиқарувчининг шахсий тамғаси механик (зарб) ёки лазер усуллари ёрдамида туширишга рухсат этилади;
б) заргарлик буюмларини асиллик даражаси тамғаси ва ишлаб чиқарувчининг шахсий тамғаси билан тамғалаш усули заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар томонидан мустақил белгиланади;
в) аффинаж фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензияга эга бўлган юридик шахсларга ўзлари ишлаб чиқарган ўлчовли ёмбиларни жисмоний ва юридик шахсларга сотишга рухсат берилади;
г) қимматбаҳо металл ва тошлардан ясалган заргарлик буюмларини ички ва ташқи бозорларда электрон тижорат орқали сотишга рухсат берилади.
«Зоотехник», «ветеринар-шифокор», «фельдшер-ветеринар», «уста-чавандоз», «от парваришловчи», «тақачи» мутахассисликлари учун шифокор, ҳамшира, тренер ва спортчиларга тенглаштирилган даражада ойлик маошлар тўланади.
Президент қарорига биноан от спортини ривожлантиришда катта аҳамият касб этадиган «зоотехник», «ветеринар-шифокор», «фельдшер-ветеринар», «уста-чавандоз», «от парваришловчи», «тақачи» мутахассисликлари учун шифокор, ҳамшира, тренер ва спортчиларга тенглаштирилган даражада ойлик маошлар тўланади.
Бюджет жараёни очиқлигини таъминлаш тартибини бузганлик учун жавобгарликка тортиш бошланади
Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги 660-сонли Қонунига асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 175-7-модда билан тўлдирилиб, бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланиб, ушбу модда 2021 йил 1 апрелдан кучга кириши назарда тутилган.
Кам таъминланган оилалар «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқланади ҳамда уларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинланади
Ҳукумат қарорига асосан Кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш ҳамда уларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом 2021 йил 1 апрелдан бошлаб амалга киритилади.
Ушбу низомда қуйидагилар назарда тутилган:
- ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш шартлари;
- ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олиш учун мурожаат қилиш ва уни кўриб чиқиш ҳамда уларни тўлаш тартиби;
- ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам учун тўловларни молиялаштириш тартиби.
Хорижий мамлакатлардан маҳсулот олиб кирган транспорт воситаларининг юкхоналари карантин назоратидан ўтказилади
Президент қарорига кўра, республика ҳудудига хорижий мамлакатлардан маҳсулотларни олиб кирган транспорт воситалари (самолётлар, темир йўл вагонлари ва контейнерлари, юк автомашиналари) юкхоналарини карантин назоратидан ўтказиш ва «детектор — хизмат ит»ларидан фойдаланиш ҳамда зарур ҳолларда фумигация қилиш (зарарсизлантириш) тизими жорий қилинади.
Раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланади
«Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонига асосан ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланади ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этилади.
Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази ходимларининг иш ҳақи ОТМ ходимларига тенглаштирилади
Ҳукумат қарорига кўра, Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази директорининг меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра базавий лавозим маош миқдорлари олий таълим муассасаси ректорига, директорнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари — олий таълим муассасаси проректорига, таркибий бўлинмалар бошлиқлари — олий таълим муассасасининг факультет деканига, методистларининг иш ҳақи миқдори — олий тоифали ўқитувчининг базавий тариф ставкаси миқдорига тенглаштирилади.
ХТВ тизимидаги методистларнинг иш ҳақи миқдори олий тоифали ўқитувчининг базавий тариф ставкаси миқдорига тенглаштирилади
Президент фармони билан Халқ таълими вазирлиги тизимидаги методистларнинг иш ҳақи миқдори — олий тоифали ўқитувчининг базавий тариф ставкаси миқдорига, касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари услубчи-маслаҳатчиларининг иш ҳақи миқдори — бош ўқитувчининг базавий тариф ставкаси миқдорига тенглаштирилади.
Олий ва биринчи навли буғдой уни микронутриентлар билан бойитилган тақдирдагина республика ҳудудида сотишга рухсат этилади
«Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» президент қарорига биноан биринчи нав буғдой уни билан бир қаторда олий нав буғдой уни микронутриентлар билан бойитилган тақдирда республика ҳудудида реализация қилишга рухсат этилади.
Электротехника тармоғи корхоналарига фойда солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлар берилади
Президент қарорига асосан 2024 йил 1 январга қадар муддатга ҳисобот даври якунлари бўйича электротехника маҳсулотларини сотишдан тушган тушуми миқдори умумий тушумининг 80 фоизидан кам бўлмаган электротехника тармоғи корхоналарига фойда солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича ставкаларни 50 фоизга камайтириш тарзида солиқ имтиёзлари берилади.
Шунингдек, «Олмалиқ КМК» АЖ томонидан ишлаб чиқарилган мис катодини биржа савдоларига қўйишда унинг бошланғич нархини қўшилган қиймат солиғисиз Лондон металл биржаси нархидан 8 фоиз этиб белгиланади.
Бундан ташқари, мис хомашёсини биржа савдолари орқали харид қилишда юқори технологияли ишлаб чиқариш жараёнини жорий этган тармоқ корхоналари томонидан тўловнинг 25 фоизини аванс тарзида ва қолган 75 фоизини мис хомашёси олинганидан сўнг 90 иш куни ичида ҳар ойда тенг улушларда амалга ошириш тартиби жорий этилади.
Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисларига кўчмас мулк объектларининг бирламчи кадастр йиғмажилдини тайёрлаш ҳуқуқи берилади
Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида ўтказилаётган мазкур тажриба-синов 2022 йил 31 декабрга қадар амал қилади ҳамда унинг доирасида:
- 2021 йил 1 апрелдан бошлаб Кадастр агентлиги томонидан бериладиган малака шаҳодатномасига эга кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисларига, шу жумладан, кўчмас мулк объектларига бирламчи кадастр йиғмажилдини тайёрлаш ҳуқуқи берилади.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси жорий қилинади
Президент фармони билан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси жорий қилинади ва унга кўра ҳар йил якунлари бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишлар, ижтимоий шериклик даражаси, ажратилган субсидия, грант ва ижтимоий буюртмалар натижадорлиги ва бошқа муҳим фаолият кўрсаткичларига асосан уларнинг рейтинги тузилади.
Ер майдонларини плантация усулида интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш ва етти йил муддатда тўлаш шарти билан аҳолига сотиш тизими йўлга қўйилади
Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда ҳудуд ихтисослигидан келиб чиқиб, туман ҳокимликлари захирасидаги яхлит ҳолда 300 гектаргача ер майдонларида плантация усулида интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш ва етти йил муддатда тўлаш шарти билан аҳолига сотиш тизими йўлга қўйилади.
Олис ва чекка ҳудудларда жойлашган почта алоқаси объектларида камида 13 турдаги давлат хизмати аутсорсинг асосида ташкил этилади
Президент қарорига асосан олис ва чекка ҳудудларда жойлашган почта алоқаси объектларида камида 13та турдаги давлат хизмати аутсорсинг асосида ташкил этилади.
Бунда, почта алоқаси хизмати ҳақи кўрсатилган давлат хизматлари учун тўланадиган давлат божлари, йиғимлари ва барча турдаги тўловлар суммасининг 10 фоизи миқдорида белгиланади ва Давлат хизматлари агентлиги томонидан маблағларнинг ўзига йўналтириладиган қисми ҳисобидан тўлаб берилади.
Маҳаллий экспортчилар қилган айрим чет элдаги харажатларнинг 50 фоизи қоплаб берилади
Маҳаллий экспортчи корхоналарнинг савдо уйларини очиш ва сақлаш, офис, савдо ва омбор биноларини ижарага олиш, шунингдек, реклама кампанияларини ташкил қилиш билан боғлиқ чет элдаги харажатларининг 50 фоизи Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Давлат харидлари ижрочисининг муассислари тўғрисидаги маълумотлар давлат буюртмачилари билан тузилган шартномалар реестрига киритилади
Давлат харидлари ижрочисининг муассислари тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси ахборот тизимлари ўртасидаги ахборот алмашинувидан фойдаланган ҳолда давлат буюртмачилари билан тузилган шартномалар реестрига киритилади.
Интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатига олиш муддатларини кескин қисқартириш мақсадида тезкор экспертиза тартиби жорий этилади
Президент қарорига биноан:
- интеллектуал мулк соҳасидаги халқаро шартномалар нормаларидан келиб чиқиб, товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисининг фақат тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ёки жисмоний шахс номига рўйхатдан ўтказилишига нисбатан қонунчиликдаги мавжуд чекловлар бекор қилинади;
- интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатига олиш муддатларини кескин қисқартириш имкониятларини яратувчи тезкор экспертиза тартиби жорий этилади.
«Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳисобидан хорижда бакалавриат таълим дастурлари бўйича 2021 йилда 100 нафар ёшларнинг хорижга таълим олиш учун юборилиши бошланади
Президент фармони билан Республикада талаб юқори бўлган касблар бўйича иқтидорли мутахассисларни нуфузли хорижий таълим ва илмий муассасаларда тайёрлаш мақсадида:
- «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали нуфузли хорижий олийгоҳларнинг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 бараварга оширилади;
- «Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳисобидан хорижда бакалавриат таълим дастурлари бўйича ўқитиш тизими жорий этилиб, 2021 йилда 100 нафар ёшлар хорижга таълим олиш учун юборилади;
- «Эл-юрт умиди» жамғармаси таълим дастурлари бўйича номзодларни саралашни очиқ стипендия танлови асосида республиканинг барча фуқаролари учун уларнинг республикадаги иш ва ўқиш жойидан қатъи назар мунтазам равишда ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади;
- бакалавриат, магистратура ва докторантурада ўқиш дастурлари учун стипендия танловини нуфузли хорижий таълим, илмий ёки бошқа муассасадан ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги таклифнома асосида ўтказиш тартиби йўлга қўйилади.
Республика «Қоракўлчилик» уюшмаси аъзоларига импорт қилинган қўй бош сонининг 50 фоизидан ошмаган қисмини тирик ва хом гўшт кўринишида экспорт қилишга рухсат этилади
Президент қарорига асосан Республика «Қоракўлчилик» уюшмаси аъзоларига ўзлари томонидан импорт қилинган қўй бош сонининг 50 фоизидан ошмаган қисмини тирик ва хом гўшт кўринишида (ТИФ ТН бўйича 0104 ва 0204 кодлари) экспорт қилишга рухсат этилади, бунда экспорт контрактлари мониторинги Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси ва Уюшма томонидан юритилади.
Республика даражасидаги давлат ташкилотларининг ижро интизомига масъул бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва озод этиш Президент Администрацияси билан келишилади
Барча республика даражасидаги давлат органлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ижро интизомига масъул бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш масалалари мажбурий тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Ижро интизомини таъминлаш шуъбаси билан келишилади.
Халқаро рейтинг ташкилотлари томонидан эълон қилинган, биринчи 1000талик рўйхатга киритилган хорижий ОТМларнинг дипломлари тўғридан тўғри (махсус синовларсиз) тан олинади. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси 2021 йил учун тасдиқланган рўйхатни эълон қилди.
Инспекция маълумотига кўра, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан 2021 йил 24 мартдаги қўшма қарор асосида 2021 йил учун янги рўйхат тасдиқланган.
Шунга асосан, халқаро тан олинган Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World Universities ташкилотлари томонидан эълон қилинган университетлар рейтингида биринчи 1000таликка кирган олий таълим муассасалари дипломлари Ўзбекистонда тўғридан тўғри тан олинади.
Рўйхат билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июндаги “Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартибини такомиллаштириш ҳақида”ги 620-сон қарорига мувофиқ, рейтингда биринчи 1000талик рўйхатдан жой олган хорижий олий таълим муассасаларида олинган дипломлар тўғридан тўғри тан олинади.
“Аёллар дафтари”га киритилган аёлларнинг муаммоларини жойида ўрганиш, уларнинг муаммолари ечимини топиш, уларга манзилли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида жорий йилнинг 25 март куни Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Х.Турсунов, фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси Б.Шерматов ва жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси А.Қурбонов ҳамда туман адлия бўлими бошлиғи Й.Эрмаматовлар ҳамкорлигида Учқудуқ туманидаги олис Қулқудуқ овулига ташриф буюрилиб, овул ҳудудида жойлашган “Алтинтау” ОФЙда истиқомат қилувчи хотин-қизлар билан сайёр учрашув ўтказилди. Учрашув давомида аёлларнинг мурожаатлари тингланиб, ҳуқуқий маслаҳат ва қонуний кўмак берилди. Шунингдек, “Аёллар дафтари”га киритилган аёлларнинг хонадонларига ҳам борилиб, уларни қийнаётган муаммолар ўрганилди ва ҳуқуқий тавсиялар берилди.
Учқудуқ туман иқтисодий суди архивариуси
Юсупова Гавҳар
Ўзбекистонда COVID-19’га қарши эмланадиган ва эмланмайдиган аҳоли тоифаси ҳақида маълумот берилди.
Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармасининг иммунопрофилактика бўлими мудири Вазира Муталова Ўзбекистонда COVID-19’га қарши эмланадиган ва эмланмайдиган аҳоли тоифаси ҳақида маълумот берди.
Вазира Муталованинг сўзларига кўра, хавф ости гуруҳига кирувчи: 65 ёшдан ошган аҳоли вакиллари, тиббиёт ходимлари биринчи навбатда эмланади. Кейинги ўринда сурункали касалликка чалинганлар, мактабгача таълим ва таълим муассасаси ходимлари, жамоат транспортида хизмат кўрсатувчи ходимлар ва журналистлар босқичма-босқич эмланади.
Мутахассис эмланмайдиган аҳоли тоифаси ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.
«Эмлашга келган фуқаро оилавий шифокор томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади. 18 ёшгача бўлган аҳоли қатлами, дори воситаларига аллергияси бор фуқаролар, бундан аввалги эмланишларда аллергик ҳолатлар кузатилган, тана ҳарорати кўтарилган шахслар, ОИТСга чалинганлар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар эмланмайди», деган у.
Аввалроқ Ўзбекистонда аҳолини коронавирусдан эмлаш жараёнлари апрел ойида бошланиши ҳақида хабар берилган эди.
Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков эмлаш жараёнларининг кечикиши вакциналар сифати ва тиббиёт соҳасининг тайёргарлиги билан боғлиқ эмаслиги ҳақида маълум қилди.
Швециялик машҳур олим Альфред Нобель 55 ёшга тўлганида Канн шаҳрида истиқомат қилаётган акаси Людвиг вафот этади. Швециялик газета мухбирларидан бири янглишиб, Альфред Нобель вафот этибди деб газетада эълон бериб юборади. Ўзи хақидаги таъзияномани ўқиган Альфред Нобель бутун ҳаёти ва фаолиятининг моҳиятини тушуниб етган экан. Чунки Швеция газеталарида - “Ажал савдогари, ажал ихтирочиси ўлди” деб ёзилганди. Бу нарса олимга қаттиқ таъсир қилади - "Ҳа, мана жамият мен хақимда қандай фикрларкан" деб хулоса қилганди олим.
Аслида Нобелнинг динамитдан ташқари яна 355 та кашфиёти ҳам бор эди, аммо айнан динамит ихтиросидан у жуда катта фойда кўрганди. Унинг вафот этган акаси Людвиг эса снаряд ишлаб чиқарадиган ва уни сотадиган савдогар эди.
Нобель ўзи ҳақидаги жамиятнинг фикрини бутунлай ўзгартиришга қарор қилиб, ўз васиятномасини қайтадан ёздиради.
1895 йил Париждаги Швед-Норвег клубида тузилган бу васият хатида Альфред Нобель ўзига тегишли 31 млн Швеция маркасини келажакдаги фан ва адабиёт намоёндаларига қолдирилган васиятнома пунктларида қуйидагича ёзилган эди:
- Мен Альфред Бернхард Нобель ақл-ҳушим жойида, танам соғлом ҳолда васият қиламан: Менинг васиятимни бажарувчи вакилларим ўлимимдан сўнг менга тегишли барча бойликларимни қимматбаҳо қоғоз пулларига айлантириб, фонд тузишларига буюраман. Ушбу фонддан келадиган фоиз фойдасини илм-фанда, адабиётда, инсониятга фойда келтирувчи шахсларга ҳар йили мукофот тарзида берилишини шарт қилиб белгилайман. Ушбу мукофот фондидан келадиган фоиз фойдасини беш қисмга ажратиб, бешта мукофот таъсис қилинишини буюраман.
1. Физика йўналишидаги оламшумул кашфиётга;
2. Кимё фани йўналишидаги оламшумул кашфиётга;
3. Физиология ва Медицина йўналишидаги оламшумул кашфиётга;
4. Башарият идеалларини тараннум қилувчи бадиий асар муаллифига, яъни адабиёт йўналишига;
5. Халқларнинг тинчлиги йўлида, уларнинг бирлашиши йўлида курашадиган, қулликни бартараф этадиган, армиялар сонини қисқартирадиган, урушларнинг олдини оладиган, тинчлик сулҳларини тузадиган инсонларга
ушбу мукофотнинг берилишини буюраман.
- Менинг яна бир тилагим бу мукофотлар ирқчилик, миллатчилик принципларидан холи бўлиши керак, ғолиблар қайси миллат, қайси ирқ вакили бўлишидан қатъи назар мукофотни олишини истайман ва васият қиламан.
Альфред Нобель вафотидан кейин унинг васиятига кўра ҳар йили оламшумул натижаларга эришган инсонлар ўз мукофотларини, яъни Нобель мукофотини олиб келмоқдалар.
Нобелнинг жуда кўп қариндошлари суд орқали ўз аждодларининг васиятини қайта кўриб чиқишга ҳаракат қилганлар, аммо барчаси судда ютқазганлар. Чунки Нобель бутун бойлигини қариндошларига эмас, башариятга бағишлаганди. Дунёдаги энг эътирофли мукофот ана шундай пайдо бўлган эди.
Бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири турли сабаблар оқибатида юзага келувчи тилсиз ёв бўлган ёнғинларни олдини олиш, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, шунингдек огоҳлик ва хушёрликни оширишдан иборат.
Ёнғин хавфсизлигини таъминлашда ёнғин билан боғлик хавф-хатарларни олдини олишда таянч бўлаётган ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари ўзларининг муқаддас бурчларини адо этишмоқда, керак бўлса жонини хам фидо қилишади.
Бу соҳа ҳарбийлари ёнғин билан доимо тўқнаш келишади. Шу юртнинг табиий бойликларини, иқтисодий манбаларини ва инсонларнинг ҳаётий хавфсизлигини сақлаш, шунингдек тинчлигини барқарорлаштиришда ҳам уларнинг хизматлари беқиёсдир.
Бугунги кунда, ёнғин хавсизлиги хизмати ҳарбий хизматчилари амалга ошираётган саъйи ҳаракатлари тараққиётга қўшаётган улкан ҳиссаларидандир. НКМК ДК ЁХТТЭМаркази ШКБ ОЁХТТЭБўлими 7- Ёнғин қутқарув қисм ҳарбий хизматчиларининг Республикамиз ижтимоий-иктисодий ҳаётидаги вазифалари жуда масъулиятлидир. Навоий кон металлургия комбинатига қарашли Шимолий кон бошқармаси томонидан олинаётган бойликлар ва қад кўтарган бинолар, ташкилот, муассаса, халқ хўжалиги масканларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида марказ ва унинг худудий бўлинмаларида аниқ белгиланган тадбирлар асосида фаолият олиб борилади. Айрим фуқоралар ўз хонадонларида эътиборсизлиги ва масъулиятсизлиги, аниқроғи табий газ ва электр ускуналаридан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслиги, ёнғин билан боглиқ кўнгилсизликларни келтириб чиқармоқда.
Аҳоли турар жойларида содир бўлаётган ёнғинларнинг кўпайиши, мантиқан уйлаб кўрсак, ёнғинлар келтирган талофат, кишиларнинг хаёти, соғлигига рахна солишини тасаввур қилиш ҳам онгимиздаги бефарқликнинг чекинишига сабаб бўлиши мумкин. Баъзан шу каби уй-хаёллардан ўзимизни четга тортишимиз сир эмас.
Ўтган давр тахлилларига асосан турар жойларда ёш болаларнинг катталар назоратидан четда қолиб олов билан ўйнашлари, эхтиётсизлик, хонадонларда тутун йўлларининг носозлиги, носоз, қўлбола газ ва электр иситиш мосламаларидан фойдаланиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига бепарволик билан қараб, хонадонларнинг проектларини ўзгартириш бу нафақат моддий зарар келтириш, балки кишилар соғлигига, хаётига хавф тўғдириши мумкин.
Ортда қолган 2020 йилда йўл қўйилган камчилик ва хатолардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда 2021 йилдаги маъсулиятни янада ошириб, ёнғин хавфсизлигини таъминлашда огоҳлик ва хушёрликни оширишга барчамиз бирдек маъсулмиз.
ШКБ ОЁХТТЭБ П ва НБ инспектори лейтенант Сардор .М.Камолов
ШКБ ОЁХТТЭБ П ва НБ мутахассис сержант Даврон .У.Асадов
24 март куни Ўзбекистонда коронавирус билан касалланиш бўйича кунлик кўрсаткич йил бошидан бери рекорд даражага етди. 2020 йил декабридан буён илк марта кетма-кет икки кун ўлим ҳолатлари қайд этилди.
Янги касалланиш ҳолатларининг:
- 3 нафари Жиззах вилоятида,
- 2 нафари Наманган вилоятида,
- 2 нафари Самарқанд вилоятида,
- 20 нафари Тошкент вилоятида,
- 111 нафари Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Шунингдек, 1 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 624 нафарга этди.
Кеча кун давомида:
- Бухоро вилоятида 5 нафар,
- Хоразм вилоятида 3 нафар,
- Тошкент вилоятида 19 нафар,
- Тошкент шаҳрида 71 нафар бемор тузалиб, касалликдан соғайганлар жами 80143 (+98) нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 98 фоизни ташкил қилмоқда.
Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 1049 нафар бемор даволанмоқда, шундан 191 нафари оғир, 85 нафари эса ўта оғир аҳволда.
Навбатдаги ёнғинлар профилактикаси куни доирасидаги тадбири НКМК ДК ШКБга қарашли Сульфат кислота ишлаб чиқариш цехида ШКБ ОЁХТТЭБ ходимлари томонидан уюшқоқлик билан ўтказилди. Тадбир давомида ёнғинларни келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва бартараф этишга жиддий эътибор қаратилди. Тадбирда ШКБ ОЁХТТЭБ ходимлари ва Сульфат кислота ишлаб чиқариш цехи Ёнғин техник комиссияси аъзоларидан иборат бир гуруҳ тарғиботчилар цехдаги ҳар бир участкалар муҳандис техник ва ишчи-хизматчилари билан ёнғин хавфсизлигига доир тушунтириш ишларини олиб боришди. Қолаверса, цехдаги ёнғинга қарши сув таъминоти (гидрант ва ички ёнғин ўчириш сув жўмраклари), бирламчи ёнғин ўчириш воситалари созлиги, ёнғин келиб чиқиши мумкин бўлган жойларни ўрганишга эътибор қаратилиб, бўлиши мумкин бўлган ёнғинни қисқа муддатда талофатларсиз ўчиришда муҳим аҳамият касб этиши айтиб ўтилди.
Цехнинг муҳандис техник ва ишчи хизматчилари билан ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида ва ис газидан захарланиш борасида тушунтириш ишлари олиб борилиб, йўриқнома ва эслатмалар тарқатилди.
Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад ёнғинларни ўчиришдан кўра уларни олдини олиш авзаллигини цех ишчи-хизматчиларнинг онгига сингдиришдан иборатдир. Шундагина ўз мақсадимизга эришган бўламиз.
С.Саматов, Ф.Улуғов
НКМК ДК ЁХБ ШКБ ОЁХТТЭБ П ва НБ мутахассислари
Юртимизда халқ ва армия якдиллиги тобора ёрқинроқ намоён бўлмоқда. Ҳар йили анъанавий тарзда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларга ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳаларни намойиш этиш орқали миллий армиямиз куч-қудрати ҳақидаги тасаввурларини бойитишга алоҳида эътибор қаратилади.
Шу мазмундаги навбатдаги акция туман марказидаги “Лочин” спорт-соғломлаштириш мажмуасида ўтказилди.
Учқудуқ туман мудофа ишлари бўлими, 99818 – сонли ҳарбий қисм ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган “Ватанпарварлик карвони” мавзусидаги фестиваль юздан ортиқ аҳоли ва ёшларни бир жойга жамлади.
Даставвал юракларни ҳаяжон ва ифтихорга тўлдириб миллий мадҳиямиз янгради. Сўнгра туман ҳокими С.Хамроев сўзга чиқиб, ўтказилаётган бу каби тадбирлар айниқса ёшларимизни ҳарбий-ватанпарварлик руҳда тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Шундан сўнг байрамона руҳ билан Ватанга муҳаббатни акс эттирувчи куй ва қўшиқлар бошланиб кетди.
Ўтказилган тадбирда ҳарбий техникалар, қурол-яроғлар намойиши билан ёшлар яқиндан танишдилар. Ҳарбий хизматчилар томонидан кўрсатилган туркум чиқишлар томошабинларда илиқ таасурот қолдирди.
Амалга оширилаётган бундай тадбирлар тинчликни асраш, она Ватанни ҳимоя қилишда ҳар бир инсон масъул эканлигини даъват этишга қаратилгандир.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
Аниқ рақамлар бугун бўлиб ўтадиган видеоселектор йиғилишида маълум бўлади. Дастлабки маълумотларга кўра, бир неча миллиард доллар бўлиши мумкин.
Жумладан, қарийб 3 минг километр ички йўлларни таъмирлаш, 4 минг километр ичимлик суви тармоқларини қуришга маблағ ажратилади.
60 фоиз маҳаллаларда электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 15 минг километр электр узатиш тармоқлари ва 4 мингдан ортиқ трансформаторлар янгиланади. Кейинги бир неча йилда бундай ҳажмдаги ишлар Ўзбекистонда ҳали амалга оширилмаган.