LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

06 Mar 2021

   Туман ҳокими С.Хамроевнинг  8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан туман хотин-қизларига йўллаган табриги

 

   Ассалому алайкум азиз онахонлар, опа-сингиллар!

   Дилбар  қизлар!

   Аввало, сизларни, сизларнинг тимсолингизда барча онахонларимиз, опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизни латофат  ва гўзаллик байрами  8 март — Халқаро хотин-қизлар куни билан туманимиз фаоллари, кенг жамоатчилик номидан самимий муборакбод этаман!

  Аёлнинг нафосати ва назокати, вафо ва садоқати, ақл-заковати ва фидойилиги асрлар мобайнида ер юзида ҳаёт давомийлиги ва абадийлигига асос бўлиб келади. Шу боис ҳам дунёдаги энг буюк санъат асарлари, қўшиқ ва қасидалар, меъморий обидалар аёллар шаънига бағишлангандир.

  Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Чунки сизлар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир.

   Азиз ва муҳтарама опа-сингиллар!

  Ватанимиз тараққиётида, оила ва жамият ҳаётида хотин-қизлар муҳим ўрин ва мавқега эга. Аёлларимиз мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётидаги барча соҳаларда хусусан, давлат бошқаруви ва вакиллик органларида, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, фермерлик, соғлиқни сақлаш, таълим, маърифат, маданият ва бошқа соҳаларда самарали меҳнат қилишмоқда.

   Ҳеч кимга сир эмас, аёл зоти ҳақида, унинг қандай тенгсиз латофат ва нафосат соҳибаси, эзгулик ва фидойилик рамзи, хонадонларимизнинг файзу фариштаси экани ҳақида тарихимизда улуғ мутафаккирлар, шоир ва алломалар ўлмас  сатрлар битганлар.

   Бу ҳақда гапирганда, аввало, буюк шоир, аллома Мир Алишер Навоий ҳазратларининг  "Жаннат оналарнинг оёғи остидадир" деган ҳикматли сўзларини яна бир бор эслаймиз ва меҳрибон, муқаддас Она сиймоси олдида барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз.

  Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонивич Мирзиёевнинг:  "Сиз, ҳурматли аёлларимиз ўзингизнинг оналик меҳрингиз, ҳаётий билим ва тажрибангиз билан фарзандларимизни турли хавф-хатарлардан асрашда, уларни мустаҳкам иродали, маънавий-интеллектуал жиҳатдан етук, жонажон Ватанимизга садоқатли инсонлар этиб тарбиялашда бундан буён ҳам куч-ғайратингизни аямайсиз, деб ишонаман. Айниқса, қиз болаларни ҳаётга тайёрлаш, уларни замонавий билимлар, касб-ҳунарларга ўргатишда биз аввало сизларга суянамиз"  деган сўзлари ҳар жиҳатдан ибратлидир.

   Қадрли опа-сингиллар!

  Юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасида эканлиги  билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

  Ҳурматли Президентимиз томонидан: "Олий маълумотли бўлишни истаган, қобилияти, билими бор, лекин тақдир тақозоси билан орзусига эриша олмаган хотин-қизларни рағбатлантириш тизими жорий қилинади. Яъни, ота-онасининг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг шартнома тўлови ҳокимлик ва олий ўқув юрти ҳисобидан қоплаб берилади, – дея таъкидланди.

   Бунда ҳар бир вилоят ҳокими маҳаллий бюджет ҳисобидан 100 нафар, ҳар бир олийгоҳ эса 30-50 нафардан хотин-қизларимизнинг ўқув контракт́ини тўлаб беришга масъул бўлади. Шунингдек, йил якунига қадар қарийб,  9 миллион хотин-қизларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишни ҳамда касаллик аниқланганларни соғломлаштириш чоралари кўрилади. Мамлакатимизда  боқувчисини йўқотган 37 минг нафар, ногиронлиги бўлган 26 минг нафар ва ўзгалар парваришига муҳтож хотин-қизларга бир марталик моддий ёрдам ажратилади.

   Жумладан, Учқудуқ туманида ҳам хотин-қизларларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар мустаҳкамлигига эътибор бериш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

   Айтиш жоизки, йил бошидан буён 138  нафар хотин-қизлар доимий иш билан таъминланган. Туман маркази ва энг олис ҳудудларида ўнлаб гўзаллик салонлари, тикувчилик цехлари ташкил этилди. Уларда 53 нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланди.

   “Ўзбекистон Республикасининг хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши, хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини оширишга, оилада ва жамиятда гендер тенглигини таъминлашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

   Дарҳақиқат, ватанимиз тараққиётида, оила ва жамият ҳаётида хотин-қизлар муҳим ўрин ва мавқега эга. Бугунги кунда туманимизнинг иқтисодиётида жами иш билан банд аҳолининг 48 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани, Халқ депутатлари туман Кенгашига сайланган 25 нафар депутатнинг 10 нафари ёки 40%  аёллардан иборат эканлиги, 80 тадан ортиқ корхона-ташкилотларнинг қарийб 50 фоизида аёллар  раҳбарлик лавозимини эгаллаётгани улар барча соҳаларда самарали меҳнат қилаётганидан далолатдир.

   Яна бир муҳим жиҳат, “Мўътабар аёл” кўкрак нишонига Учқудуқ туман касб-ҳунар мактаби рус тили фани ўқитувчиси Камолова Мубина  Бахшуллаевнанинг муносиб кўрилгани барча учқудуқлик опа-сингилларимизни беҳад қувонтирди.

   Мубина Бахшуллаевнани юксак эътироф билан самимий муборакбод этамиз!

   Ҳурматли онахонлар, опа-сингиллар, мунис қизлар!

   Баҳорнинг илк байрами муносабати билан туманимизнинг дилбар, фидойи ва меҳрибон хотин-қизларига шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Сиз ҳар жабҳада илғор, ташаббускор, ибратлисиз.

   Барчангизни  яна бир бор Халқаро хотин-қизлар байрами билан чин қалбимдан табриклайман. Сизларга оилавий хотиржамлик, хонадонларингизга тинчлик, файзу барака тилайман. 

  Доимо яқинларингиз, халқимиз, Ватанимизнинг юксак меҳри ва ардоғида бўлиш ҳаммангизга насиб этсин!  Ҳамиша соғ-саломат  бўлинг, азиз аёллар!

  Эътиборларингиз учун рахмат!

 

 

05 Mar 2021

 Аёлини асраган эл қудратли, онасини эъзозлаган фарзанднинг толеи баланд бўлади. Зеро, дунёдаги жамики буюк зотлар, жаҳонгиру  фотихлар, оқилу донолар она бағрида ўсиб-улғайишган. Шу боис ҳам аёлни азалдан муқаддас билиб, унга ҳурмат-иззат кўрсатилган. Аёл шаънига қанчадан-қанча қасидалар, шеъру достонлар битилган.

 Бугун ҳам юртимиз аёллари давлатимиз ва жамиятимизнинг ардоғида, эътиборида. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, опа-сингилларимизнинг оғирини янада енгиллаштириш, уларнинг қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш, лўнда қилиб айтганда, аёллик бахтини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар изчил давом эттирилмоқда.

 Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокамаси юзасидан  ўтказилган видеоселектор йиғилиши фикримизнинг яққол тасдиғидир.

 Унда опа-сингилларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтидор ва қобилиятларини рўёбга чиқариш,  аёлларни иш билан таъминлаш, уларга тиббий ва психологик ёрдам қамровини кенгайтириш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Мутасаддилар олдига кечиктириб бўлмайдиган  муҳим вазифалар қўйилди.

 Жумладан, туман хотин-қизлари муаммоларини аниқлаш яшаш тарзини ўрганиш мақсадида барча хонадонларда хатлов ўтказилди. “Аёллар дафтари” шакллантирилиб, 188 нафар хотин-қизлар рўйхатга олинди. 9 та тоифага ажратилган ҳолда ишлар тизимли олиб борилиши натижасида 97 нафар аёлнинг муаммолари бартараф этилди.

 Шунингдек, оилавий ажримларнинг олдини олиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш  мақсадида  ўқув машғулотлари йўлга қўйилган бўлиб,  30 нафар жуфтлик ўқув курсини тугатди. Уларга сертификатлар берилди.

 Ажрим ёқасига келиб қолган 15 та оила яраштирилиб, оилалар тикланди.

 2018 йилдан буён ҳар йили 6 нафардан уй-жойга муҳтож хотин-қизларга жамғарма томонидан бошланғич нархи тўлаб берилмоқда. Жорий йилда ҳам 6 нафар аёлларимизга ушбу имконият тақдим қилинмоқда.

 Аёлларни тадбиркорликка кенг жалб этиш,  ҳунар ва касбга йўналтириш  мақсадида “Аёллар дафтари”га киритилган 16 нафар опа-сингилларимизга 499 млн. 500 минг сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди. Пировардида 56 нафар учқудуқлик ишсиз аёллар бандлиги таъминланди.

 Биргина мисол, бугун  туманнинг Қулқудуқ, Узунқудуқ овул фуқаролар йиғинида ҳамда Кокпатас маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида чевархоналар фаолияти йўлга қўйилди.

 Туман ҳокимлиги ҳомийлигида ушбу янгидан фаолият бошлаётган тикувхоналарнинг ҳар бирига 3 тадан жами 9 та тикиш машинаси берилди. Яна қўшимча 12 та иш ўрни яратилди.

 -Уйда тикувчилик билан шуғулланардим, бугун маҳалламиз қошида тикувхона иш бошлади. Бу ерда 3 нафар чевар опа-сингилларимиз билан буюртмаларни тез ва сифатли қилиб бажариб беришимиз мумкин. Қолаверса, байрам арафасида фойдаланишга берилган тикувхона ва тикиш машиналари бизга катта байрам совғаси бўлди, - дейди Жамила Сидиқова.

 Ҳа, мамлакатимизни ривожлантиришнинг янги босқичида хотин-қизларнинг бахту иқболи очилди. Аёлларимиз чинаккамига эъзозу ҳурмат кўрди, қадр топди. Бугун тиниб-тинчимас аёлларимиз – депутат, раҳбар, тадбиркор, врач, ўқитувчи, жаҳон чемпиони, оила таянчи ва баркамол авлоднинг  улуғ онасидир.

Гулбаҳор АЛЛАНОВА,

туман ҳокимининг хотин-қизлар

масалалари бўйича маслаҳатчиси.

 

05 Mar 2021

  Дарҳақиқат, аёл азалдан меҳр-шафқат ва садоқат тимсоли бўлиб келган. Аёл деганда кўз ўнгимизда аввало, улуғ ва табаррук она сиймоси гавдаланади.

  Табиат уйғониб, баҳорнинг илиқ насимлари эсаётган шу кунларда мамлакатимизда 8 март  - Халқаро хотин-қизлар байрами кенг миқёсда нишонланмоқда.

  Ана шундай тадбирлардан бири “Учқудуқ” маданият уйида “Баҳор соғинчи!” мавзусида бўлиб  ўтди. Унда фаол ва фидойи, ҳар жабҳада барчага ўрнак бўлаётган хотин-қизлар иштирок этди.

  Дастлаб, байрамни очиб бериш ҳамда табрик учун сўз навбати туман ҳокими Соли Хамроевга берилди. Бир гуруҳ фаол  хотин-қизлар туман ҳокимининг фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

  Шунингдек, байрам тадбирида Шимолий кон бошқармаси директори Яркин Шакаров сўзга чиқиб, гўзаллик ва нафосат айёми 8 март байрами билан барча аёлларни қизғин муборакбод этди. Корхона тасарруфида меҳнат қилаётган фаол ва фидойи хотин-қизлар маъмурият томонидан фахрий ёрлиқ билан тақдирландилар.

  Туман ҳокимлиги томонидан эълон қилинган “Менинг онам – менинг қаҳрамоним” мавзусида ўтказилган ижодий ишлар онлайн танлови ғолиб ва совриндорлари ҳам туман ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан мукофотланди.

 “Баҳор соғинчи” мавзусида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда “Учқудуқ” маданият уйи  ҳамда 10-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби бадиий жамоалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқ ва рақслар даврага кўтаринкилик улашди.

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

04 Mar 2021

  Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга изчил татбиқ этилаётган “Обод қишлоқ” дастури бугун чекка-чекка ҳудудлардаги аҳоли пунктларида барпо этилаётган янгиланган уй-жойлар, таълим муассасалари, дам олиш масканларию қатор хизмат кўрсатиш шохобчаларининг янгича қиёфасида ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.

  Дастур доирасидаги ишларни Учқудуқ тумани мисолида айтадиган бўлсак, ободлик энг чекка овулларгача етиб бормоқда. Энг биринчи, Жузқудуқ овули, ундан кейин Қулқудуқ, Мингбулоқ, Узунқудуқ, Йўлчилар ва Шалхар овулларида “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилди.

  Жорий йилда туман марказидан 230 км олисда жойлашган Кокаяз ҳамда 140 км масофадаги Бузаубай овуллари дастурга киритилганлиги ҳақидаги хабарни мазкур овуллар аҳолиси хушнудлик билан қаршиладилар.

  Туман ҳокимининг  саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари О.Рамазановнинг билдиришича,  Бузаубай  овулида дастур асосида 15-умумий ўрта таълим мактаби, мактабгача таълим ташкилоти, ҳамда 1,2 км узунликдаги ички йўлларда капитал қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилиши кўзда тутилган. Қишлоқ врачлик пункти янгидан бунёд этилади.

  Бугун туман ҳокими С.Хамроев,  сектор раҳбарлари, 50 нафардан ортиқ корхона-ташкилот мутасаддилари ва вакилларидан иборат гуруҳ  Бузаубай овулида бўлишди. Ташрифдан мақсад овул аҳолисини “Обод қишлоқ” давлат дастур доирасида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар кўлами билан яқиндан таништириш ҳамда ободонлаштириш ишларига ҳисса қўшишдан иборат бўлди.

  Икки кунга мўлжалланган ишлар яъни овул  кўчалари, ижтимоий объектлар ва аҳоли хонадонларида ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, уйлар дарахтлар оқланади, краска қилинади. Кўчалар тартибга келтирилади.

  Туман тиббиёт бирлашмаси врачлари томонидан овулда истиқомат қилувчи 38 та аҳолиси  тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилади. Муҳтожларга дори-дармонлар берилади.

  Мухтасар айтганда, “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасидаги амалий ишлар  энг чекка  ҳудуд  Бузаубай овулида ҳам  олиб борилади. Бу эса овулга кўркамлик ва ободлик, аҳоли яшаш тарзига бўлса қулайликни инъом этади.

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

03 Mar 2021

 

     Зулфияхоним–вафо ва садоқат тимсоли.  Ўзбек халқи   буюк сиймо ижодига  ҳурмат ва эҳтиром билан  қарайди. Биринчи март-Зулфияхоним таваллуди қалбларга баҳорий кайфият бахш этади. Биринчи Президентимиз И.А. Каримов  томонидан  шоира номи билан аталувчи Давлат мукофотининг таъсис этилиши  ёш истеъдодларни кашф этишда жуда катта аҳамиятга эга бўлди. Анъанавий тарзда ҳар йили  иқтидорли – истеъдодли, ижодкор қизларнинг  бир гуруҳи  Зулфияхоним  руҳини шод этиб, кўксиларига  фахр ва ифтихор нишонини тақиб халқимиз қаршисига чиққанида  ўзбек қизи,ўзбек аёли эканлигимиздан  ғурурланиб кетаман. Мана бу йил ҳам танловнинг туман ва вилоят  босқичлари  зўр қувонч ва    ҳаяжонда ўтди. Фан, таълим,адабиёт, санъат,маданият ва спорт йўналишларида  иштирок этган қизлар Учқудуқ заминининг энг  чақноқ  юлдузлари, республика ва халқаро танлов,турнирлар ғолибларидир.

    Мактабимизда фаолият юритилаётган  “Зулфияхоним издошлари” клубининг энг асосий вазифаси ҳар соҳада фидоий, иқтидорли-истеъдодли қизларимизнинг фаолиятини ёритиб бориш, уларни рағбатлантиришдан иборат. 2021йил совриндорларини саралаш учун ўтказилган танловда бизнинг 10-умумий ўрта таълим мактабимиздан 9-“Д” синф ўқувчиси  Жўрабоева Дилшода Шуҳрат қизи спорт  йўналиши бўйича  фаол иштирок этиб, вилоят босқичида қатнашиш бахтига муяссар бўлди.              

    Мана уйғониш, янгиланиш фасли баҳор ҳам яқинлашиб қолди. Бутун борлиқда ажиб  гўзаллик, тароват. Баҳорнинг илк куниданоқ  қалблар куйга, шеърга ошно бўлди. Зулфияхоним Исроилова таваллуди кўнгилларга баҳорий ифорни бахш этади.  Бизнинг мактаб жамоаси  бу кунни ўзгача  кайфиятда қарши оладилар.

      Шоира  таваллудига бағишлаб, 16феврал куни туманимизда “Зулфияхоним қизлари ” тўгараги фаолиятини ривожлантириш мақсадида тўгарак аъзолари иштирокида кўрик-танлов ташкил этилди. “Зулфияхоним қизлари-обод юрт маликалари” деб номланган ушбу тадбирда        6 нафардан иштирокчилардан ташкил топган жамоалар 3 шарт асосида беллашдилар. Тадбирда 10-мактабнинг “Бинафша” гуруҳи     фаол иштирок эти , 1-ўринни  қўлга киритди.

                     

Учқудуқ туман 10-мактаб

ММИБ директор ўринбосари

Г. Тўхтаева

03 Mar 2021

UzAuto Motors компаниясида ишлаб чиқарилаётган барча автомобиллар нархини пасайтириш режалаштирилган. Бу ҳақда UzAuto Motors компанияси бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов маълум қилди.

«Барча ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг таннархини пасайтириш устида ишланмоқда», – деди Рустам Ражаб

Мухбирнинг айнан қайси турдаги машиналар ва неча фоизга нархлар пасайтирилиши ҳақидаги саволига UzAuto Motors компанияси бош директори «Ўтган 2020 йилда нархларни қанчага пайсайтирган бўлсак, бу йил ҳам ундан кам бўлмаган миқдорда нархлар пасайтирилади», — дея жавоб берди.

Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors 9 март куни ўзи ишлаб чиқараётган (йиғаётган) енгил автомобиллар нархини модель ва модификацияга қараб 3 фоиздан 21 фоизгача оширган эди. Ўшанда «Ўзавтосаноат» компанияси раиси Шавкат Умурзоқов «Қаерда эски нархларни сақлаб қолиш имкони бор бўлган бўлса биз уларни сақлаб қолдик. Компания шунчаки фойда кўришни истаганида нархлар 3—20 фоизга эмас, балки 40 ва ундан кўпроқ фоизга ошарди», дея енгил автомобилларнинг нархи ошганига муносабат билдирганди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан UzAutoMotors АЖда автомобиллар таннархи шаклланиши ва нарх қўлланилиши борасида ўтказилган текширув натижасида қонун бузилиши аломатлари аниқланди. Лекин компания буни тан олмаган. Ҳолат юзасидан 2020 йилнинг июль ойида UzAuto Motors’га нисбатан иш қўзғатганди. Қўмитанинг 2020 йил 19 август куни ўтказилган йиғилишида махсус комиссия томонидан ўтказилган текширувлар компания автомобиль нархларини асоссиз оширганини тасдиқлаган. Унга кўра, автомобиллар нархи 3 миллион сўмдан 19 миллион сўмгача асоссиз оширилгани //daryo.uz/k/2020/08/19/ozbekistonda-avtomobillar-narxlari-3-mln-somdan-19-mln-somgacha-tushirilishi-mumkin/?utm_source=@daryo" style="outline: 0px; box-sizing: border-box; background-color: transparent; transition: all 0.2s ease 0s; color: rgb(0, 112, 224); text-decoration: none;">аниқланган. Қўмита нархларнинг асоссиз оширилган қисмларини бекор қилиб, автомобилларни камайтирилган нархларда сотиш бўйича кўрсатма берган. UzAuto Motors эса бунга «автомобиллар нархи асосли ва ҳозир нархни пасайтириш имконсиз» дея жавоб қайтарган эди.

Мазкур ўрганиш натижалари омма учун эълон қилингач, UzAuto Motors Монополияга қарши курашиш қўмитаси қошидаги махсус комиссия қабул қилган қарор устидан судга шикоят қилишини билдирганди ва кейинроқ компания Тошкент шаҳар маъмурий судига шикоят қилгани маълум бўлганди.

UzAuto Motors ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўртасидаги суд жараёни 2 октябрь куни бошланган, 9 октябрда ўтказилган суд мажлисида UzAuto Motors товарлар нархини шакллантириш махфий ҳужжатларга асосланганини билдирган ва суд 16 октябрдаги мажлисда ишни ёпиқ тартибда кўришни бошлаганди.

23 октябрда бўлиб ўтган суд мажлисида UzAuto Motors четдан олиб келинган бутловчи эҳтиёт қисмларнинг нархи ошиши, хорижий валюта курси ошиши таннархларнинг шакллантиришида таъсир қилишини таъкидлаб, Монополияга қарши курашиш қўмитаси бу ҳолатни ҳисобга олмаганини билдирган. Бунга жавобан қўмита вакиллари текшириш давомида бир неча маротаба ҳужжатлар тақдим этиш сўралганида компания томонидан тегишли ҳужжатлар ўз вақтида тақдим этилмагани, текшириш муддати якунланишига кам вақт қолгани сабабли умумий ҳисоб-китоблар танлов асосида ўрганиб чиқилганини маълум қилган.

Тошкент шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 30 октябрдаги ҳал қилув қарорига асосан аризачи UzAuto Motors’нинг жавобгар Монополияга қарши курашиш қўмитасига нисбатан иш бўйича 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят аризаси қаноатлантирилди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси 18 ноябрь куни UzAuto Motors иши бўйича Тошкент шаҳар маъмурий суди қарори устидан аппеляция шикоятини киритганди. Аммо шикоят қаноатлантирилмаган.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси UzAutoMotors’нинг автомашиналар нархини оширганини кескин қоралаб чиққан. Шавкат Мирзиёев ҳам автомобиллар нархи оширилганини танқид қилиб, аввало халқнинг сотиб олувчанлик қобилиятини мустаҳкамлаш кераклигини таъкидлаганди.

Бундан аввал Ўзбекистонда Spark, Nexia, Cobalt ва Lacetti хариди учун шартнома бериш 3 мартдан қайта тикланиши, Ўзбекистонда Chevrolet Onix 9—12 минг доллар атрофида сотилиши кутилаётгани ҳамда UzAuto Motors Lacetti’нинг янги Redline моделини ишлаб чиқаришни бошлагани ҳақида хабар берилган эди.

03 Mar 2021

photo_2021-03-03_10-43-02.jpg

 “Учқудуқ” маданият саройида ШКБ директори Ярқин Исматов “Раҳбар ва ёшлар” лойиҳаси доирасида ШКБда фаолият юритаётган ёшлар билан учрашди. Келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг орзу-интилишлари, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш бугун давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналишидир. Аммо ёшларга қўйилаётган талаблар ҳам бисёр. Тан олиб айтиш керакки бугун НКМК ШКБда ишлаш кўпчиликнинг орзуси. Бугунги кунда уч ярим мингдан ошиқ ёшлар ШКБнинг турли бўлинмаларида ишлашмоқда.
 Мазкур учрашувдан кўзланган асосий мақсад – ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун шароит ва имконият яратиш, уларни касбга йўналтириш, ташаббусларини рағбатлантириш, ёшларнинг бандлиги, уй-жой таъминоти, бўш вақтини мазмунли ўтказиш, таълим олишга ва касб ўрганишга бўлган талабини доим ўрганиб, ечим топиш, ёшларимизнинг хулқ-атвори, юриш-туриши, уларнинг тарбияси билан шуғулланиш, мурожаатларини қайд этиш ва таҳлилини юритиш каби вазифаларни амалга оширишдан иборат эди.
‼️ Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, бир неча йиллардан буён ташкиллаштирилиб келинаётган “Раҳбар ва ёшлар” учрашувида ШКБ директори илк марта шахсан ўзи иштирок этди ва ёшлар муаммоларини тинглади.

photo_2021-03-03_10-43-09.jpg

02 Mar 2021

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида “Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли. Банкка қўйилган омонатлар сир тутилиши ва мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади” - деб белгиланган.

Мулк ҳуқуқи ўз қандай ҳуқуқ ва уни бошқа ҳуқуқлардан фарқи нимада?

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекиснинг 164-моддада  Мулк ҳуқуқи тушунчаси келтирилиб ўтилган бўлиб, унда, [СПиТ:

1.Мулк ҳуқуқи. Ашёвий ҳуқуқлар / Мулк ҳуқуқи]

Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиз эканлиги кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекиснинг
187-моддасида, Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат кўрсатиб ўтилган бўлиб, у  [СПиТ:

1.Мулк ҳуқуқи. Ашёвий ҳуқуқлар / Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат]

Мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олади (эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат).

Кўчмас ва бошқа мол-мулкка давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт бўлган мулк ҳуқуқи ушбу мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат туфайли олган шахсда ана шундай рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат туфайли мулк ҳуқуқини олгунига қадар мол-мулкка ўзиники каби эгалик қилиб турган шахс ўз эгалигини мол-мулкнинг эгалари бўлмаган, шунингдек қонунда ёки шартномада назарда тутилган бошқа асосларга кўра эгалик қилиш ҳуқуқи бўлмаган учинчи шахслардан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Эгалик қилиш муддатини важ қилиб келтирадиган шахс ўзи ҳуқуқий вориси бўлган шахснинг бу мол-мулкка эгалик қилиб келган барча вақтини ўзининг эгалик қилиш вақтига қўшиши мумкин.

Шахс ихтиёрида бўлиб, ушбу Кодекснинг 228, 229, 230 ва 232-моддаларига мувофиқ унинг эгалигидан талаб қилиб олиниши мумкин бўлган ашёларга доир эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат тегишли талаблар бўйича даъво муддати тамом бўлганидан кейин ўта бошлайди.

Демак, бу борада амалётда ўчрайдиган мисолларга ўтсак ҳам бўлади,

Даъвогар Л.Н судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда у Учқудуқ тумани, Навоий МФЙ ҳудудида жойлашган хонадонга нисбатан мулк ҳуқуқини қонуний асосда белгилаб беришни сўраган. 

Судда аниқланишича, Навоий вилоят давлат мулкини бошқариш ва хусусийлаштириш боқармасининг 1994 йилдаги уй-жойга эгалик қилиш ҳақидаги давлат ордерига асосан Учқудуқ тумани, Навоий МФЙ ҳудудида хонадон даъвогарнинг ўғли У.Ага тегишли эканлиги аниқланган.

Ушбу низоли хонадонни хусусийлаштириш вақтида даъвогарнинг ўғли ва унинг тўрмуш ўртоғи А.Л ва набираси М.Илар иштирок этганлиги маълум бўлган.

2001 йилда даъвогарнинг ўғли оилавий Россия Федерациясига доимий яшаш учун кўчиб кетган ва 2002 йилда оилавий келишмовчиликлар сабабли Россия давлат судининг қарорига асосан ўғли тўрмуш ўртоғи билан қонуний ажрашган.

2015 йилда даъвогарнинг ўғли У.А вафот этган.

Суд томонидан жавобгарлар даъвогарнинг собиқ келини А.Л ва набираси М.И.лар Россия Федерацияси, Тамбовский области, Мучкапский районида яшаётганлиги аниқланиб, суднинг 2019 йил 14 август кунидаги ажрими билан халқаро Минск Конвенцияси асосида Россия Федерацияси ҳудудига бу борада жавобгарларнинг фикрларини билиш учун суд топшириғи юборилган.

Суднинг мазкур ажрими бўйича суд топшириғи жавоби 2020 йил
14 февраль кунига қадар келиши белгиланган бўлиб, бироқ бутун дунёда COVID-19 касаллиги тарқалганлиги боис, халқаро муносабатлар вақтинча тўхтатилган эди.

2020 йил сентябрь ойининг охирларида Ўзбекистон ҳудудида карантин қоидалари бироз юмшатилганлиги сабабли халқаро муносабатлар қайта тиклана бошлади.

Россия Федерацияси Октябрьский район судининг 2020 йил 06 март ва 17 март кунидаги суд мажлиси баённомаларида жавобгарлар А.Л ва набираси М.И,лар суд мажлисига келмаганлиги сабабли фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят Учқудуқ туман судининг суд топшириғи ижросиз қолдирилганлиги маълум бўлди.

Суд, мазкур суд топшириғи жавобини олгандан сўнг фуқаролик ишини мазмунан кўришга ўтган.

Иш ҳужжатлари ва гувоҳларнинг судда берган кўрсатмасига кўра жавобгарлар А.Л ва набираси М.И.лар 20 йилдан ортиқ низоли квартирада яшамасдан келган ва турар жойга нисба­тан ўз ҳуқуқлари бўйича шу кунга қадар даъвогарга нисбатан ҳеч қандай талаб қўймаган.

Суд томонидан йиғилган маълумотномалардан аниқланишича, Учқудуқ тумани, Навоий МФЙ ҳудудида жойлашган низоли хонадоннинг барча турдаги солиқ ва коммунал тўловлари даъвогар томонидан тўлаб келиниши маълум бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1999 йил                              24 сентябрдаги “Фуқаролик кодексини татбиқ қилишда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида”ги 20-сонли қарорининг
11-бандига кўра, ФКнинг 187-моддасига кўра эгалик ҳуқуқини олиш ҳақидаги низоларни ҳал этишда судлар шуни назарда тутишлари лозимки, эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат ўзганинг мулкига амалда асоссиз эгалик қилиб келиш ҳолларига ҳам татбиқ этилади. Мулкдорда бирон-бир эгалик қилиш ҳуқуқий асоси мавжудлиги, масалан, узоқ муддатли ижара шартномаси борлиги эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддатларни ҳисоблашни инкор қилади.

Судда аниқланишича, Учқудуқ тумани, Навоий МФЙ ҳудудида жойлашган низоли хонадондан фойдаланишда даъвогар ва жавобгарлар  билан ўрталарида эгалик қилишни ҳуқуқий асоси, яъни бирор бир шартнома ва бошқа ҳужжатлар мавжуд эмас.

Юқоридаги Пленум қарорининг 12-бандида, амалда эгалик қилиш муддати асосида ашёга эгалик ҳуқуқини олиш учун у ҳалол йўл билан эгалланган бўлиши лозимлиги (яъни амалда эгалик қилувчи ўзганинг мулкини мулкдорнинг эрк-хоҳишига зид равишда қасддан эгаллаб олган ўғри ва шу каби шахс бўлмаслиги керак) судларга тушунтирилган. Бундай эгалик қилиш бошқа шахслар учун ошкора ва аниқ кўринадиган бўлиши, шунингдек эгалик қилувчи тегишли мулкка ўзиники каби муносабатда бўлиши (фақатгина ундан фойдаланибгина қолмай, балки уни лозим даражада сақлаш чораларини кўрганини ҳам назарда тутиш) зарур. Эгалик қилиш қонунда белгиланган муддатларда узлуксиз давом этган бўлиши ҳам зарур (ФКнинг 187-моддаси 4-қисми талабларига асосан мулкка амалда эгалик қилиш муддатини важ қилиб келтираётган шахснинг ўзи ҳуқуқий вориси бўлган шахс томонидан бу мулкка амалда эгалик қилиб келган барча вақтини қўшиши мумкин, масалан, мерос қолдирувчи ёки юридик шахс таркибидан кейинчалик алоҳида ажралиб чиққан юридик шахс-мулкдор). Фақатгина кўрсатилган уччала шартларга риоя қилинган тақдирда, эгалик ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат амалда эгалик қилувчининг мулк ҳуқуқига асос бўлиши мумкин. (ФКнинг 187-моддаси 1-қисми).

Суд томонидан ўрганилган ва ҳуқуқий баҳоланган далиллар йиғиндиси, даъвогарни низоли хонадонга нисбатан эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат туфайли мулк ҳуқуқини юзага келишида юқоридаги барча асослар мавжудлигини тўлиқ тасдиқлайди.

Суд юқоридаги қонун ҳужжатлари талабидан келиб чиқиб, жавобгарлар шу вақтга қадар турар жойга нисба­тан ўз ҳуқуқлари бўйича ҳеч қандай талаб қўймаганлигини, хонадонни марҳум мулкдор У.А томонидан даъвогарга қолдирилганлигини, низоли хонадонда даъвогар 2000 йилдан буён ҳалол, ошкора ва узлуксиз яшаб келаётганлигини, эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддатдан сўнг уч йиллик даъво муддати ҳам ўтганлигини инобатга олиб, даъвогарга эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат туфайли марҳум У.Ага тегишли бўлган Учқудуқ тумани, Навоий МФЙ ҳудудида жойлашган хонадонга уни мулк ҳуқуқини эътироф этишни белгиланган.

Бундан кўриниб турибдики 20 йилдан бери эгалиги белгиланмаган мулк суднинг қарорига асосан даъвогарнинг мулки эгалик ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат асосида мулкдор деб эътироф этилган.

Бу билан фуқаронинг мулкга бўлган ҳуқуқи тикланди десак ҳам муболаға бўлмайди.

                                             

Фуқаролик ишлари бўйича

Учқудуқ туман суди девонхона мудири

 

Бердибеков Мейрбек Хатайбекович

02 Mar 2021

 

Учқудуқ туман суд раислари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, одам савдоси ҳамда жиноятчиликка қарши кeрашиш юзасидан тузилган “Медиа режа” ижросини таъминлаш ҳамда “Менинг маҳаллам-менинг судьям” ғояси асосида фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси Б.Қ.Шерматов, жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси А.Қурбонов, Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Х.Турсунов, туман адлия бўлими бошлиғи Й.Эрмаматов, Учқудуқ туман “Йўлчилар” ОФЙ раиси Р.И.Рахимов ва овул фаоллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги Қонунлари ҳамда 2021 йил 8 февралдаги Қонунларининг мазмун-моҳиятини фуқароларга тушунтирилди.

Учрашув давомида “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган хотин-қизларнинг муаммолари эшитилди ва уларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

 Фуқаролик ишлари бўйича

Учқудуқ туман суди девонхона мудири  М.Х.Бердибеков

02 Mar 2021

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига 27 февраль куни Вазирлар Маҳкамасининг «Cолиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш ҳамда бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори жойланди.

Қарорга мувофиқ, юридик шахсларнинг бажарилмаган солиқ мажбуриятлари бўйича уларнинг мол-мулкини хатлаш ва тақиқ қўйиш тартиби ишлаб чиқилади ва 2021 йил 1 майдан бошлаб солиқдан қарздор юридик шахсларнинг мол-мулклари, активлари ва даромадларига тақиқ қўйилиши мумкин.

Шунингдек, солиқ органининг сўрови ёки қарорига асосан ички ишлар органлари қарздорнинг автомототранспорт воситаларини қидириш, тўхтатиш ва белгиланган жойларга вақтинча сақлаш учун олиб борилишини таъминлайди ҳамда қарздорнинг автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш ёки қайта рўйхатдан ўтказишга тақиқ қўяди.

2021 йил 1 майдан бошлаб қуйидаги тартиб ўрнатилади:

  • идора ва ташкилотлар юридик шахсларнинг бажарилмаган мажбуриятлари бўйича уларнинг мол-мулклари, активлари ва даромадларига тақиқ қўйиш тўғрисида солиқ органи қарорини ижро этади;
  • давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларга давлат бюджети ва жамғармалар маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратиш товарларни етказиб берувчи (хизматлар кўрсатувчи) субъектларнинг қўшилган қиймат солиғидан жорий қарзи мавжуд бўлмаган тақдирдагина амалга оширилади;
  • субсидияларни бошқариш ваколатига эга бўлган давлат органлари ва ташкилотлари субсидияни ажратишда товарларни етказиб берувчи (хизматлар кўрсатувчи) субъектларнинг қўшилган қиймат солиғидан жорий қарзи мавжуд эмаслигини текширади.

Бундан ташқари, Кадастр агентлиги ва унинг ҳудудий бўлимлари қарздорнинг кўчмас мулки ва (ёки) ер участкасига бўлган ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказишга тақиқ қўяди. Бунда суд, қарор қабул қилган солиқ органи ёки юқори турувчи солиқ органи мол-мулкни хатлаш ёки тақиқ қўйиш тўғрисида солиқ органи қарорини бекор қилиш ваколатига эга.

Бу норма қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин:

  • солиқ қарзи тўлиқ ҳажмда бюджетга тўланганда (қопланганда);
  • Солиқ кодексининг 107-моддасига мувофиқ, мол-мулк гаровига алмаштирилганда;
  • солиқ органи қарори асосида хатланган мол-мулк бўйича солиқ қарзини мажбурий ундирувга қаратиш юзасидан суд ҳужжати ёки солиқ органи қарори асосида МИБ томонидан хатланганда;
  • Солиқ кодексининг 11-бобида назарда тутилган тартибда солиқ қарзини тўлаш муддати кечиктирилган ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилганда;
  • солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилганда;
  • қарздор банкрот деб эътироф этилганда.

Эслатиб ўтамиз, лойиҳа муҳокамаси 14 мартга қадар давом этади.

 

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: