Hokimiyat matbuot xizmati
2020 йил 28 декабрдан 2021 йил 10 январгача олий ўқув юртларининг кундузги бўлимларида таълим олаётган талабалар ҳамда ўқувчиларга поезд чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирма берилади.
«Ўзтемирйўлйўловчи» АЖнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, мазкур чегирмалар талабалар ва ўқувчиларнинг қишки ўқув таътилини мароқли ўтказиши ҳамда мамлакат бўйлаб саёҳат қилишига қулайлик яратиш мақсадида жорий этилмоқда.
«Қўшимча маълумотларни Тошкент шаҳрида 1005 қисқа телефон рақами, жойлардаги темир йўл кассалари ҳамда маълумотлар бюросидан билиб олиш мумкин», дейилади хабарда.
Айрим акциз солиғи ставкалари сўмда белгиланган ва жорий йил индексация қилинмаганди. Шу туфайли, 2021 йил феврал ойида акциз солиғи ставкалари ўзгариши мумкин.
Ўзбекистон миллий валютасида белгиланган айрим акциз солиғи ставкалари жорий йил апрел-май ойларида оширилиши режалаштирилганди. Аммо пандемия сабабли ушбу чора-тадбирлар кечиктирилган. Акциз солиғи ставкаларини индексациялаш 2021 йил феврал ойида ўтказилиши мумкин, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Молия вазири ўринбосари Дилшод Султоновнинг айтишича, акциз солиғи ставкасидаги ўзгариш асосан алкогол, тамаки ҳамда бензин маҳсулотлари нархига таъсир қилади.
«Импорт бўйича 73та товар позициясига акциз солиғини бекор қилиш таклиф этилмоқда. Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари (20 турдаги товарлар (шарбатлар, пишлоқ, творог, маргарин, унли қандолат маҳсулотлари, колбаса ва шунга ўхшаш гўшт маҳсулотлари ва ҳ.к.), электротехника товарлари бўйича (35 турдаги товарлар (музлатгичлар, телевизорлар, газ плиталари, чангютгичлар, кир ювиш машиналари ва ҳ.к.) ва ҳ.к. Бу тадбиркорлик субъектларига тенг шароитларни таъминлашга имкон беради», — дейди у.
Бундан ташқари, 2021 йилда мобил алоқа хизматлари учун акциз солиғи ставкасини 15 фоиз этиб белгилаш таклиф этилган. Жорий йил ушбу ставка 20 фоизга тенг бўлди.
Маълумот учун, 2021 йилги солиқ сиёсатининг асосий йўналишларида ҚҚС (15 фоиз), фойда солиғи (15 фоиз, алоҳида тоифалар учун 20 фоиз), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (12 фоиз), юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи (2 фоиз), қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ер солиғи (0,95 фоиз), ижтимоий солиқ (хўжалик юритувчи субъектлар - 12 фоиз ва бюджет ташкилотлари - 25 фоиз), айланмадан олинадиган солиқ (базавий ставка 4 фоиз) ставкалари сақлаб қолиниши назарда тутилади.
Аввалроқ, «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати 2021 йилдан автомобил ёнилғиси нархлари ошиши ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирганди. Хусусан, жамият қуйидаги нефть маҳсулотларига ва якуний истеъмолчига сотилувчи товарларга солинадиган акциз солиғи ставкаларига ўзгартириш ва қўшимча киритилиши кўзда тутилаётгани ҳақида маълумот берган:
Нефт маҳсулотлари:
- 1 тонна Аи-80 бензини: амалда – 200 000 сўм, таклиф – 240 000 сўм;
- 1 тонна Аи-80, Аи-92, Аи-93 ва Аи-95 бензини: амалда – 250 000 сўм, таклиф – 275 000 сўм;
- 1 тонна дизел ёнилғиси: амалда – 200 000 сўм, таклиф – 240 000 сўм;
- 1 тонна ЭКО дизел ёнилғиси: амалда – 180 000 сўм, таклиф – 216 000 сўм.
Якуний истеъмолчига сотилувчи товарларга солинадиган акциз солиғи:
- 1 тонна бензин: амалда – 378 480 сўм, таклиф – 465 530 сўм;
- 1 тонна дизел ёнилғиси: амалда – 346 275 сўм, таклиф – 425 918 сўм.
Юқоридаги ўзгаришлар республикада оммабоп бўлган Аи-80 бензини мисолида 1 тоннаси 127 050 сўмга (ҚҚСни ҳисобга олганда 146 108 сўмга) ёки 1 литри 95 сўмга (ҚҚСни ҳисобга олганда 110 сўмга) ошиши мумкин.
Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгилаш тўғрисида янги моддалар киритилди. Бу ҳақда Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида ахборот берилди.
Мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун муҳокама қилинди ва сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ҳужжатга кўра, шахснинг қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантиришга олиб келадиган, жамоат тартиби ёки хавфсизлиги учун таҳдидга эга бўлган ёлғон ахборотни тарқатиш, шунингдек, оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация ёки интернет тармоқларига жойлаштириш орқали тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Шу билан бирга, қонунда ахборот эгаларининг сўз масъулияти ва унинг оқибатлари бўйича жавобгарликни ҳис қилиши, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари кафолатланиши ҳам тегишлича белгилаб қўйилган.
Kun.uz мухбирининг хабар қилишича, Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Маҳмуд Парпиев мазкур қонунни ишлаб чиқишда 30дан ортиқ мамлакат қонунчилигидаги тажрибалар ўрганилганини айтиб ўтди.
«Хусусан, Ҳамдўстлик ва Европа мамлакатлари қонунчилигида ОАВ ёки интернет тармоғи орқали туҳмат, ҳақорат шунингдек, шахсни камситиш, унга нисбатан оммани чалғитувчи ахборот тарқатганлик учун ҳуқуқни чеклаш билан боғлиқ турлича жиноий жазолар ва юқори жарималар белгиланган.
Масалан, Францияда бундай қилмишлар учун 569 минг евро жарима ёки 5 йилгача қамоқ жазоси, Россия Федерациясида 500 мингдан 5 млн рублгача жарима ёки 160 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари белгиланган.
Шунингдек, Германияда бундай ҳаракатлар учун 3 ойдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси ўрнатилган бўлиб, бўҳтон ёки ёлғон ахборот тарқатиш ватанга хиёнат даражасида баҳоланган.
Ҳатто ОАВ соҳасида устувор эркинлик амал қиладиган Норвегия қонунчилигида ҳам туҳмат, ҳақорат ва ёлғон ахборот учун тегишли жарима ҳамда 1 йилгача қамоқ жазоси мавжуд. Бу ҳақида Норвегия конституциясида мустаҳкамлаб, ёзиб қўйилган экан.
Ўз ўрнида кўпчиликни қизиқтирадиган АҚШнинг 19та штатида қатъий жиноий жавобгарлик амал қилади. Яъни, ОАВда туҳмат, ҳақорат, шунингдек жамоавий айблаш учун суд тартибида 10 мингдан то 250 минг долларгача жарима ёки 6 ойдан 10 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Италияда эса туҳмат ёки уйдирма, оммани чалғитувчи ахборот тарқатган ОАВ ёки интернет манбасидан ташқари, бундай ахборотни кўчириб босган ёки тарқатган барча шахслар тенг жавобгарликка тортилади. Уларга 500 дан 2000 еврогача жарима ёки 6 ойдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Кўриб турганимиздек, бундай қайд қилинган ҳаракатлар учун халқаро ҳамжамият тегишли жазо ва таъсир чораларини белгилаш амалиётини кенг қўлламоқда», деди Маҳмуд Парпиев.
Аслида ҳам китоб ўқиган кишининг дунёқараши кенгайиб, ҳаётда бўлаётган янгилик ва ўзгаришларга теран нигоҳ билан қарайди, турли усуллар билан тарқалаётган ҳар хил уйдирма ва ёлғонлардан иборат хабарларга ишонмайди. Аксинча ўзининг шахсий фикри билан холис ва адолатли жавоб қайтаради.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ташаббуси билан корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида ўтган йил октябрь ойидан бери “Ҳар ҳафтада бир китоб мутолаа қиламиз” интеллектуал танлови ҳар ҳафтанинг шанба куни ўтказиб келинмоқда.
Бугун “Ҳафтада 1 та, ойда 4 та, йилида 52 дона китоб ўқиймиз” лойиҳасига старт берилди. Лойиҳа иштирокчилари бу гал ўқувчи-ёшлар. Уларнинг маънавий-маърифий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ҳамда китоб мутолаасига бўлган қизиқишини оширишни мақсад қилган танлов туманимиздаги касб-ҳунар мактаби фаоллар залида бўлиб ўтди.
Танловни туман ҳоким ўринбосари Н.Муратов кириш сўзи билан очиб, китобсевар ёшларга омадлар тилади. Шунингдек, ДХХ ходими М. Абдуллаев ҳам иштирок этиб, инсон камолотида китобнинг ўрни беқиёс эканлигини таъкидлади.
Бугунги беллашув Чўлпонинг “Кеча ва кундуз” асаридан 15 та савол асосида ўтказилди. Қизғин баҳс ва мунозаралар асосида кечган китобхонлик танловида 1-ўрин касб-ҳунар мактаби, 2-ўрин 10-умумий ўрта таълим мактаби, 3-ўрин 20-умумий ўрта таълим мактаби жамоаларига насиб этди.
Бугун “Ўргимчак тўри” дея ном қозонган интернет эмас, инсониятни, хусусан, ёшларни китобхонликка жалб қилиш орқалигина юксак маънавиятга эришиш, комил инсонни тарбиялаш мумкинлигини бутун дунё халқлари тўла англаб етмоқда.
Ҳақиқатдан ҳам китоб – туганмас хазина, ундан олинган билимларни инсон умрининг охиригача ҳам сарфлай олмайди. Ҳар бир киши учун ундан яқин ҳамроҳ, дўст ва маслаҳатчи йўқ. Шунинг учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, муқаддас деб эъзозлайди.
Жанагул БУЛЕКБАЕВА,
туман маънавият ва маърифат бўлинмаси раҳбари.
ДХХ ҳамда департаментнинг Сирдарё вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида 20 миллион сўм эвазига Сардоба туманидан 4 гектар ерни ажратиб берган уюшма раиси ушланди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди (http://dy.uz/xsVzO).
Маълумотларга кўра, Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги сув истеъмолчилари уюшмаларидан бирининг раиси боғдорчиликка мўлжалланган ер майдонларини полиз экинлари экишга бериш орқали моддий манфаатдор бўлиш мақсадида ваколатини суиистеъмол қилиб келган.
Маълум бўлишича, у маҳаллий фермер хўжалигининг 4 гектар ер майдонини Гулистон шаҳрида яшовчи фуқарога ажратиб бериш эвазига 20 миллион сўм олган вақтида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Ургутда фуқарога 2 минг доллар эвазига ерга эгалик ҳуқуқини олиб беришни ваъда қилган кадастр хизмати ходими ушлангани, Бўстонлиқдаги 1 гектар ерни расмийлаштириб бериш учун 160 минг (http://daryo.uz/k/2020/12/17/bostonliqdagi-1-gektar-yerni-rasmiylashtirib-berish-uchun-160-ming-dollar-talab-qilgan-shaxs-qolga-olindi-u-bunga-qadar-4-marotaba-sudlangan/) доллар талаб қилган шахс қўлга олингани, шунингдек, Тошкентда 352 минг (http://daryo.uz/k/2020/12/17/toshkentda-352-ming-dollarga-yer-sotmoqchi-bolgan-tuman-hokimligi-mansabdori-ushlandi-video/) долларга ер сотмоқчи бўлган туман ҳокимлиги мансабдори ушлангани тўғрисида хабар берилганди.
QS Quacquarelli Symonds олий таълим соҳасидаги аналитик агентлиги 2021 йилдаги Европа ва Марказий Осиёдаги ривожланаётган мамлакатларнинг энг яхши университетлари рўйхатини эълон қилди. Рейтингда минтақанинг 400 та энг яхши университети, шу жумладан Ўзбекистондаги тўртта олий ўқув юртлари мавжуд, дея хабар қилмоқда (https://daryo.uz/k/2020/12/18/ozbekistonning-tortta-universiteti-sharqiy-yevropa-va-markaziy-osiyoning-eng-yaxshi-universitetlari-qatoriga-kirdi/) «Gazeta.uz».
Ўзбекистон номидан ушбу рўйхатга Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (биринчи марта 2019 йили рейтингга киритилган), Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университет, Самарқанд давлат университети ва Тошкент давлат техника университети киради.
QS Quacquarelli Symonds рейтингни тузишда 10 та кўрсаткичдан фойдаланади, шу жумладан, академик обрўси (30 фоиз), иш берувчилар орасидаги обрўси (20 фоиз), ўқитувчилар ва талабалар сонининг нисбати (10 фоиз), ўқитувчи ва ходимга тўғри келадиган нашрлар сони (10 фоиз) ва бошқалар.
Аввалроқ Ўзбекистон Инсон камолоти индексида икки поғона юқорилаб, 106-ўринни (http://daryo.uz/k/2020/12/15/ozbekiston-inson-kamoloti-indeksida-ikki-pogona-yuqorilab-106-orinni-egalladi/) эгаллагани ҳамда 2021 йил учун дунё университетлари рейтинги эълон қилингани ва унда Ўзбекистондан бирорта ҳам ОТМ йўқлиги (http://daryo.uz/k/2020/11/27/2021-yil-uchun-dunyo-universitetlari-reytingi-elon-qilindi-unda-ozbekistondan-birorta-ham-otm-yoq/)хабар қилинганди.
Беларусь президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган МДҲ саммитига баҳо бериб, унда Мирзиёев илгари сурган таклифларни юқори баҳолади.
«Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромоновичнинг докладини диққат билан эшитдим. Унинг доклади ҳамма нарсани қамраб олди ва айтилган таклифларни ҳаётга татбиқ этиш учун уни яна бир йилга раисликда қолдириш мумкин бўлганда эди, деб ўйладим. Агар у қарши бўлмаса, биз келгуси йили унинг таклифларини амалга оширамиз. Бу таклифлар жуда муҳим ва ақлли», – деди Лукашенко.
Шавкат Мирзиёевнинг беларуслик ҳамкасбини қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон келгуси йили МДҲда ҳамраис бўлишини ва барча таклифлар биргаликда амалга оширилишини айтди.
Маълумот учун, 2021 йилда МДҲда Беларусь Республикаси раис бўлади.
18 декабрь кунги саммитда Шавкат Мирзиёев қуйидаги таклифларни илгари сурди:
- МДҲда меҳнат миграцияси бўйича ҳамкорлик дастурини қабул қилиш;
- Ҳамдўстлик доирасида «яшил» ва соддалаштирилган йўлаклар амалиётини кенг жорий этиш, электрон савдони ривожлантириш бўйича ягона платформани ишга тушириш ва «йўл харитаси»ни қабул қилиш;
- саноат кооперацияси бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш;
- ҳар йили оммавий спорт ва маданий тадбирларни ташкил этган ҳолда «МДҲ саломатлик марафони»ни ўтказиш;
- МДҲ ижодий ва фан зиёлиларининг навбатдаги форуми доирасида Ўзбекистонда «Ҳамдўстлик мамлакатлари маданий мероси» конференциясини ўтказиш;
- ҳуқуқий ахборот билан алмашиш учун МДҲ Ягона электрон платформасини яратиш;
- радикаллашувдан қайтариш соҳасидаги ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш.
- 2021 йилда МДҲ Парламентлараро ассамблеясининг йиғилишларидан бирини Тошкентда ўтказиш.
Давлат бюджети даромадлари 147,2 трлн сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 21,3 фоиз миқдорида белгиланмоқда. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 26,2 трлн сўм, харажатлари эса 40,8 трлн сўм миқдорида режалаштирилган.
Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги, «Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳамда «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилингани муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунлар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун билан келгуси йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва консолидациялашган Давлат бюджети прогнозлари ҳамда 2022–2023 йиллар учун бюджет мўлжаллари белгиланмоқда.
Макроиқтисодий сиёсатнинг асосий йўналиш ва кўрсаткичлари келгуси йилда ҳам коронавирус пандемияси давом этиши тахминларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилган.
Бунда асосий эътибор макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш, фискал рағбатлантириш чораларини мўътадиллаштириб бориш, иқтисодий ўсиш суръатларининг 5 фоиздан юқори бўлишини таъминлашга қаратилган.
Инфляция даражасининг пасайиш тенденцияси давом этиши ва келгуси йилда унинг 10 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Ушбу ривожланиш кўрсаткичларига ҳар бир соҳада бошланган таркибий ислоҳотларни сифатли давом эттириш орқали эришиш назарда тутилган.
Қайд этилганлардан келиб чиқиб, 2021 йилда Консолидациялашган бюджет даромадлари 178,5 трлн сўмга ёки ялпи ички маҳсулотнинг 25,9 фоизи даражасида прогноз қилинган.
Давлат бюджети даромадлари 147,2 трлн сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 21,3 фоиз миқдорида белгиланмоқда. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 26,2 трлн сўм, харажатлари эса 40,8 трлн сўм миқдорида режалаштирилган.
Давлат мақсадли жамғармаларига республика бюджетидан 15,9 трлн сўм маблағ ажратиш ҳам белгиланган.
Жумладан, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадлари 23,5 трлн сўм, харажатлари 36,5 трлн сўмни ташкил этгани ҳолда бюджетдан 14,7 трлн сўм ажратилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Давлат бюджетидан ижтимоий соҳаларга, хусусан, таълим соҳаси харажатларига 34,6 трлн сўм, Соғлиқни сақлаш соҳасига 19,6 трлн сўм, Маданият ва спорт соҳаси харажатларига 2,6 трлн сўм ва фанни янада ривожлантириш тадбирлари учун 1,2 трлн сўм йўналтириш режалаштирилган.
Давлат дастурлари орқали эса узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш дастурлари учун (2 197 млрд сўм), фанни ривожлантириш дастурларини амалга ошириш учун (168 млрд сўм) аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш учун (3 952 млрд сўм) маблағ ажратиш режалаштирилган.
«Шунингдек, жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш чоралари доирасида Қонунда илк бор биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилари бюджетида давлат дастурлари учун ажратилаётган маблағлар алоҳида кўрсатилиши назарда тутилганини қайд этиш лозим.
Бундан ташқари, мажлисда таъкидланганидек, «Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан бюджет тизими ва бюджет жараёнини такомиллаштириш чоралари белгиланмоқда.
Ушбу чораларнинг Бюджет ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ҳамда «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги ва «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонунларга тегишли ўзгартиш киритиш орқали амалга оширилиши назарда тутилган.
Бунда Бюджет кодексига киритилган ўзгартиш билан бюджет жараёнининг шаффофлигини таъминлаш тартиби бузилган ҳолларда вазирлик ва идоралар раҳбар ходимларига жарима қўлланиши белгиланмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси ҳақидаги ҳисоботни тақдим этмаган, бюджет жараёнининг шаффофлигини таъминлаш тартибини бузган вазирлик ва идоралар раҳбарларига жарима қўллаш бўйича ўзгартишлар киритилмоқда», дейилади Сенат матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, мажлисда «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун қабул қилингани муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун ҳам кўриб чиқилди.
2021 йилда солиқ сиёсатини такомиллаштириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлигини ошириш орқали солиқлар йиғилувчанлигига эришиш Қонуннинг асосий мақсади ҳисобланади.
Шунга кўра, «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун ва Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш киритилмоқда.
Солиқ кодекси нормаларининг тўғридан тўғри амал қилишини таъминлаш мақсадида тегишли солиқ ставкаларини босқичма-босқич базавий ставкаларга етказишни назарда тутувчи ўзгартишлар ҳам киритилмоқда.
Сенат аъзолари томонидан мазкур қонунлар маъқулланди.
Навоийлик икки нафар мактаб ўқувчиси Финландиянинг Лаппеенранта шаҳрига 3 йиллик ўқишга юборилади. Ўз навбатида, финландиялик ўқувчилар ҳам Навоий вилоятига келиб ўқишлари мумкин бўлади.
17 октябр куни Финландия Республикасининг Лаппеенранта шаҳри ва Навоий вилояти ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Меморандумга кўра, Навоий вилоятидан 2 нафар 9-синф битирувчи ўқувчиси Лаппеенранта шаҳрига бориб, 3 йил давомида таълим олиши мумкин.
Финландия томони ҳар бир ўқувчининг 3 йил давомида мамлакатда яшаши, овқатланиши ва ўқиши учун 40 минг евро миқдорида грант ажратади.
Шунингдек, финландиялик ўқувчилар ҳам Навоий вилоятига келиб ўқишлари мумкин бўлади.
Финландиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Лиивала Мариянинг қайд этишича, дунёнинг қаерида бўлмасин, шаҳарлар ва ҳудудлар ҳал қилиши керак бўлган масалалар ўхшаш бўлади. Лаппеенранта ва Навоий шаҳарлари ўртасидаги ҳамкорлик ҳам иқтисодий ва экологик муаммоларга биргаликда ечим излаш имконини беради.
«Яшил иқтисодиёт, инновацион технологиялар бўйича Финландиянинг Лаппеенранта шаҳри тажрибаси саноатга ихтисослашган Навоий вилояти учун яна бир муҳим йўналиш ҳисобланади. Ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳоким сифатида ҳар доим тайёрман», – деди Навоий вилоят ҳокими Қобил Турсунов.
Учрашувда Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси раҳбари Улуғбек Тошкенбаев ҳам қатнашди.
«Навоийда таълимга эътибор самарасини ҳудуддаги мактабларнинг республикада кўрсатаётган натижаларидан билиш мумкин. Вилоят битирувчилари ОТМга ўқишга кириш бўйича энг юқори кўрсаткични қайд этди.
Вилоятлик ўқувчиларнинг Финландияга бориб ўқиши бу ёшлар учун ажойиб имконият бўлади. Улар тил ўрганиши, фин маданияти билан танишиши мумкин, дунёқараши кенгаяди», – дея қайд этди инспекция раҳбари.
Ушбу меморандум Навоий вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамкорлигида Финландиянинг Ўзбекистондаги фахрий консуллиги ва «Finest Future» ташкилоти кўмагида ташкил этилди.
AQShning Alyaska shtati Juno shahridagi Bartlett mintaqaviy kasalxonasida Pfizer va BioNTech kompaniyalarining koronavirusga qarshi vaksinasi bilan emlangan ikki nafar tibbiyot xodimining mazasi qochdi. Bu haqda Meduza xabar bermoqda.
15-dekabr kuni emlashdan keyin 10 daqiqa o‘tib, o‘rta yoshli ayolda anafilaktik reaksiya boshlangan: nafasi qisib, toshma toshgan va puls tezlashgan. Ayolga osma ukol qo‘yishgan, ammo uni olib tashlagandan keyin simptomlar takrorlangan. Jabrlanuvchi reanimatsiyaga joylashtirilgan. Uning ahvoli yaxshilangan, uni 17-dekabr kuni kasalxonadan chiqarish rejalashtirilgan.
Yana bir tibbiyot xodimi 16-dekabr kuni vaksina olganidan keyin 10 daqiqa o‘tar-o‘tmas yomon ahvolga tushgan. Unda ko‘z shishishi, bosh aylanishi, tomoq qichishi kabi simptomlar kuzatilgan. Uni tez yordam bo‘limiga yetkazishgan. Bir soat o‘tib, erkakning ahvoli yaxshilangan va uyiga javob berilgan.
Kasalxona ma’lum qilishicha, jabrlangan ayolda allergik reaksiyalar oldin kuzatilmagan. Jabrlangan erkakda bunday holat ilgari bo‘lgan-bo‘lmaganligi noma’lum.
16-dekabr holatiga ko‘ra, Bartlett mintaqaviy kasalxonasi 144 doza vaksinani ishlatgan. Alyaska shtati bosh shifokori Enn Zink ma’lum qilishicha, kasalxonadagi bunday hodisalar emlash grafigi va protokollariga ta’sir o‘tkazmaydi.
Pfizer kompaniyasining rasmiy vakili Jerika Pitts aytishicha, vaksina kamdan-kam hollarda emlashdan keyin anafilaktik reaksiya kuzatilishi ehtimoli haqidagi ogohlantirish bilan birga yetkazilmoqda.
Eslatib o‘tamiz, AQShda 14-dekabr kuni koronavirusga qarshi emlash boshlandi. Birinchi navbatda kasallanganlar bilan ishlayotgan tibbiyot xodimlari emlanmoqda. Kasalliklar nazorati va profilaktikasi markazlari (CDC) ma’lumotlariga ko‘ra, 2020-yil oxirigacha Amerika hukumati 40 million kishini emlashni rejalashtirmoqda.
2-dekabr kuni Buyuk Britaniya dunyoda birinchi bo‘lib Pfizer’ning koronavirusga qarshi vaksinasidan foydalanishni ma’qullagan edi. Shundan keyin Britaniya dunyoda birinchi bo‘lib koronavirusga qarshi vaksinatsiyani boshlashi xabar berildi. Vaksinatsiyaning birinchi kunida ilgari allergiyasi bo‘lgan ikki tibbiyot xodimida anafilaktik reaksiya kuzatilgach, hukumat oldindan jiddiy allergiyasi bo‘lganlarni Pfizer va BioNTech vaksinasi bilan emlashni taqiqlab qo‘ydi.
4-dekabr kuni esa Bahrayn ham Pfizer vaksinasidan foydalanishni ma’qulladi. Shuningdek, Pfizer va BioNTech vaksinasi AQShda hamda Meksikada ham ma’qullandi.