Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан одам савдосида айбланган Самарқанд вилояти Пахтачи туманида рўйхатда турувчи 22 ёшли Холида Шокировага (исм-шарифлар ўзгартирилган) суд ҳукми ўқилди, деб хабар беради «Hudud24.uz» сайти.
Маълум бўлишича, Холида Шокированинг учала фарзанди ҳам никоҳсиз туғилган. Отаси уни уйидан ҳайдаб юборган. Кейинчалик унинг аниқ яшаш манзили бўлмаган. Олдин туғилган икки фарзандини васийлик органи орқали бошқа оилаларга бериб юборган, учинчи фарзандини ҳам бирор оилага бериб юборишни режа қилган.
Унинг яна фарзандли бўлганини дугонаси Машҳура Ҳошимова эшитиб, касалхонага уни кўргани келган ва уни Нодира исмли аёл билан таништирган. Холида Шокирова янги танишига касалхонадан чиққанидан сўнг борадиган жойи ва боласини боқиш учун имконияти йўқлигини тушунтириб, боқиб оладиган одам чиқса, 700 доллар эвазига чақалоқни бериб юборишини, шунингдек, бу пул эвазига ўзи учун кийим ва уяли телефон олишини айтган. Нодира эса фақат 3 миллион сўм бера олишини тушунтириб, болани боқиб олиш таклифини билдирган.
Нодира ўзаро суҳбатларини телефонга ёзиб олиб, Навоий вилояти ИИБ бошлиғига хат билан мурожаат қилган.
Холида дугонаси билан шаҳар масжид ёнида Нодирага фарзандини бериб, эвазига келишилган пулни олиб бозорга қараб кетади. Уларни йўлда вилоят ИИБ ҳамда божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир натижасида ашёвий далиллар билан қўлга олади. Холида Шокировага нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддасига (одам савдоси) биноан жиноят иши очилиб, тергов-суриштирув ҳаракатлари бошланади ва иш судга оширилади.
Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси Шерзод Мамировга кўра, суд ҳайъати судланувчи Холида Шокированинг чин кўнгилдан пушаймон эканини инобатга олиб, унга нисбатан уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.