COVID-19’га қарши вакцина инфекцияни юқтирган ва антитанаси бор одам учун хавфсиздир. Бу ҳақда Россия Тиббиёт университетининг юқумли касалликлар кафедраси доценти Владимир Агафонов сўзларига асосланиб, «Интерфакс» ёзмоқда.
«Бундай кишиларга вакцина олиш зарар қилмайди, аксинча антитаналарнинг миқдори кўпаяди. Вакцина иммунитет тизимига хавф солмайди. Вакцинациялаш учун антитаналарнинг бор ёки йўқлигини текшириш талаб қилинмайди. Тўғри, бутун Россия аҳолисини эмлашнинг иложи йўқ... Аммо агар бундай имконият мавжуд бўлса, ёмон бўлмасди. Агар иложи йўқ бўлса, шарт эмас», — деди Агафонов.
Унинг қўшимча қилишича, агар антитана борлиги тасдиқланса, эмлаш шарт эмас. «Буни фақат сизнинг хоҳишингиз ва шифокорингизнинг тавсияси ҳал қилади», — дея таъкидлади Агафонов.
Россияда коронавирусга қарши кенг кўламли эмлаш ишларини бошлаш ҳақида президент Владимир Путин декабрь бошида буйруқ берган, биринчи навбатда хавф гуруҳидаги фуқаролар эмланиши кераклигини айтган эди. Кейинчалик мамлакатнинг барча ҳудудлари вакцинани қабул қилишга тайёрлиги, етказиб бериш, сақлаш ва эмлаш сифати параметрлари ҳамда беморлар ва тиббий ходимлар учун эслатмалар ишлаб чиқилгани маълум қилинганди.