Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида қўрқитиш йўли билан тамагирлик қилган 34 ёшли аёлга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, 11 январь куни 34 ёшли аёл А.М. ғаразли ниятни кўзлаб, 40 ёшли аёл Р.А.ни чўмилаётган ҳолатда видеотасвирга туширган. Сўнг олинган видеотасвирни унинг иш жойи ҳамда маҳалласига олиб бориб кўрсатиш ва тарқатиш йўли билан қўрқитиб, ундан 3 миллион сўм талаб қилган.
А.М. Зарафшон шаҳридаги «Мўъжизалар майдончаси» савдо мажмуаси ёнида Р.А.дан 1 миллион 900 минг сўм олаётганида ИИБ Жиноят қидирув бўлими тезкор ходимлари томонидан холислар иштирокида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан А.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда суриштирув ишлари давом этмоқда.