Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Учқудуқ туманида ҳам мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида “Спортни сев, спорт билан яша!" шиори остида спорт мусобақалари бўлиб ўтмоқда.
Куни-кеча спорт фестивали доирасида маҳаллаларда яшовчи 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида мини футбол спортидан “Прокурор кубоги” мусобақаси ташкил этилди.
“Лочин” спорт мажмуасида ўтказилган беллашувда 10 та маҳалланинг спортсевар ёшлари иштирок этди. Икки кун давомида бўлиб ўтган мусобақада фахрли биринчи ўрин “Мустақиллик” МФЙ, иккинчи ўрин “Абай” МФЙ, учинчи ўрин “Йўлчилар” ОФЙ жамоаларига насиб этди.
“Прокурор кубоги” мини футбол мусобақаси ғолиблари Учқудуқ туман прокуратураси ҳамда жисмоний тарбия ва спорт бўлими томонидан диплом, медаль ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
"Спортни сев, спорт билан яша!" шиори остида ўтказилаётган оммавий спорт фестивалини ўтказишдан мақсад аҳолининг турли қатламлари орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва жисмоний маданиятни юксалтиришдан иборат.
Анвар ҒАФФОРОВ,
туман прокурори 2-сектор котиби.