LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

23 Dec 2020

  Ҳозирда Буюк Британия олимлари у ерда коронавируснинг янгиланган штамми тарқалаётгани ҳақида айтишмоқда. Уларнинг таъкидлашича,  бу турнинг аввалги коронавирус инфекциясига нисбатан юқумлилиги 71 фоиз бўлиб, одатий COVID-19га қараганда ўта юқумлидир.

  Шундан келиб чиқиб, қатор мамлакатлар Буюк Британия билан авиақатновларни вақтинча тўхтатиб турибди. Хўш, дунё аҳлини таҳликага солиб турган коронавируснинг мутацияга учраган штамми қанчалик хавфли, у инфекциянинг ҳозирги шаклидан қандай фарқ қилади? ССВ Матбуот хизматининг шу каби саволларига вазирлик ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева жавоб берди:

  —  Биз шуни унутмаслигимиз керакки, ҳар қандай вирус атроф-муҳитга мослашиш даврида мутацияга учрайди. Мутациянинг қанчалик кенг кўламда бўлиши вируснинг тарқалувчанлиги билан боғлиқ, яъни касалликни юқтирган ҳар учинчи, тўртинчи одамда бу вирус мутацияси кузатилади. Коронавируснинг кенг тарқалаётган мутацион штамми сентябрь ойида биринчи бор Буюк Британияда аниқланган, бугунги кунда 60 нафардан ортиқ провинцияда бу штамм кузатилаётгани ҳақида маълумотлар мавжуд.

  Олимларни кузатиши бўйича COVID-19нинг мазкур штамми кўпроқ болалар ва ёшларда аниқланмоқда ҳамда касаллик белгиларида деярли ўзгариш йўқ. Лекин бу штамм аниқланганига хали кўп вақт бўлмагани боис, касалликнинг оғир ва ўта оғир даражада кечуви ҳақида маълумотлар етарли эмас. Бу эса бизни янада хушёр бўлишга чорлайди.

  —Коронавирусга қарши ишлаб чиқилаётган вакциналар касалликнинг янги штаммига ҳам таъсир қиладими?

  — Янги штамм таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки,  мутациядан сўнг вируснинг тож оқсилларида ўзгариш бўлган — булар вируснинг одам танаси ҳужайралари қобиғидан ўтиб, ичкарига киришида калит вазифасини ўтовчи қисмидир. Вирус шу тожлар  орқали тана ҳужайраси юзаси билан контактга киришади. Ишлаб чиқилаётган вакциналар коронавируснинг ташқи қобиғи, яъни ёғ кислотаси мавжуд S-оқилли қобиғига таъсир қилади. Коронавирус мутацияга учраб, ўз генетик штаммини ўзгартирса ҳам вакциналар унинг янги штаммларига таъсир кўрсатиши тўғрисида Буюк Британия ва Россия олимлари таъкидлаб келмоқда.

  Вакцина иммун тизимини вируснинг турли таркибий қисмларига ҳужум қилиш учун тайёрлайди, бу эса тожнинг муайян қисми мутацияга учраса ҳам, вакцина самараси сақланиб қолишини англатади. Дунё олимлари вирус вакцинага қарши тура оладиган мутантларни келтириб чиқарса, коронавирусга қарши вакциналарни касалликка мослаштириб бориш мумкинлиги ҳақида айтишмоқда.

  Унгача касалликдан ҳимояланиш учун эса, доимий равишда карантин ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш керак. Жумладан:

  ➖ниқобларни тўғри тақиш ва ўз вақтида алмаштириш;

  ➖уйдан ташқарига чиққанда ўзаро масофани сақлаш;

  ➖қўлларни доим совунлаб ювиш ёки антисептик воситалар билан ишлов бериш;

  ➖уйга қайтганда, оила аъзолари билан кўришишдан олдин кийимларни алмаштириш, қўлларни совунлаб 20 сониядан кўп ювиш, томоқ ва бурунни 3 мартадан ортиқ иссиқроқ сувда чайиш, юзларни ювиш;

  ➖соғлом ва рационал овқатланиш, мева сабзавотларга бой овқат махсулотларини истеъмол қилиш (овқат тўлиқ термик таъсирдан ўтган бўлиши керак);

  ➖енгил жисмоний ҳаракатлар билан доимий шуғулланиш, нафас машқларини бажариш ва аста-секин жисмоний фаолликни кўпайтириб бориш лозим.

  Эслатиб ўтамиз: яқинда Республика махсус комиссияси юртимизда бир неча давлатлар қатори Буюк Британия билан ҳам авиақатновларни вақтинча тўхтатиш бўйича қарор қабул қилган эди. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

23 Dec 2020

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йилда Россияга давлат ташрифи билан боради. Россия ТИВ хабар беришича, 21 декабр куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан музокараларда ушбу масалани муҳокама қилган.

«Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига бўлажак давлат ташрифига тайёргарлик кўриш масаласи ҳам муҳокама қилинди», дейилади Россия ТИВ хабарида. 

Вазирлар бу ташриф доирасида имзоланиши режалаштирилган давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар рўйхатини тасдиқлашган.

Шунингдек, томонлар ташқи сиёсий алоқаларнинг долзарб масалалари, халқаро ва минтақавий кун тартибининг муҳим мавзулари бўйича фикр алмашишган.

Икки мамлакатнинг ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ўзаро яқин ҳамкорликни давом эттириш, шу жумладан, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда бир-бирини қўллаб-қувватлашга тайёрликларини билдиришган.

23 Dec 2020

Ўзбекистонга вакцина келса, биринчи навбатда 65 ёшдан юқори бўлган шахслар, тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар, боғчалар тарбиячилари эмланади. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғининг ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Нурмат Отабеков «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVAX альянси орқали 2 миллион доза вакцина сўраб мурожаат қилган. Ўзбекистон аризаси қабул қилинган.

«Агарда вакцина Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тасдиқланиб Ўзбекистонга олиб келинса, биринчи навбатда 65 ёшдан юқори бўлган шахслар эмланади. Хусусан, тиббиёт ходимлари, мактаб ўқитувчилари ва боғча тарбиячилари эмланади», деган у.

Шу йилнинг августида Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев  Ўзбекистон коронавирусга қарши эмлаш дастурига қўшилгани ҳақида маълум қилганди. Дастур шартларига кўра, даромад даражаси юқори бўлган давлатлар вакциналар хариди учун пул тўлайди ва шу тариқа бу соҳадаги молиялаштириладиган давлатларга субсидия беради. Режага кўра, мазкур механизм доирасида 2021 йилнинг охирига қадар бутун дунё бўйича 2 миллиард доза вакцина ишлаб чиқарилиши ва тенглик асосида тақсимланиши керак. Ушбу дастур доирасида иштирок этаётган барча 190 мамлакат, шу қаторда Ўзбекистон ҳам, 2021 йилнинг биринчи ярмидаёқ вакцина захирасидан фойдаланиш имконига эга бўлади.

21 декабр куни Россия элчиси Ўзбекистон Россияга ишлаш учун боришни режалаштирган меҳнат мигрантларини эмлаш мақсадида 1 млн доза «Спутник V» вакцинасига бюртма бергани ҳақида хабар қилганди. 

22 Dec 2020

Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда,

Ғамхўринг бўлгай у ғамгин замонда.

У билан қол танҳо ҳеч бермас озор,

Жонингга юз роҳат беради такрор.

Абдурахмон Жомий.

Шу кунларда Учқудуқ туманида “Ёшлар фестивали” доирасида маънавий-маърифий тадбирлар ва спорт мусобақалари бўлиб ўтмоқда. Ахборот-кутубхона марказида ўтказилган  “Китобхон оила”  кўрик-танлови ана шундай тадбирлардан биридир.

Танловда 5 та маҳалладан 5 та китобхон оила иштирок этиб, белгиланган Низом шартлари асосида ўзаро беллашдилар. Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра,  "Дўстлик" маҳалласини шаънини ҳимоя қилган Ахметовлар оиласи “Китобхон оила”, “Навоий” маҳалласи иштирокчиси  Душановлар  оиласи "Ташаббускор оила",   "Мустақиллик"  маҳалласи иштирокчиси  Рашидовлар оиласи "Билимдон оила", "Навоий" маҳалласи иштирокчиси Аллаевлар оиласи "Ижодкор оила",  "Айтим"  маҳалласи иштирокчиси Исақуловлар оиласи "Тарғиботчи оила" номинацияларида ғолибликни қўлга киритдилар.

Танлов ғолиб ва совриндорларига туман ҳокимининг  қимматбаҳо совғалари топширилди.

Ҳа, китоб – туганмас хазина, ундан олган билимларни умрнинг охиригача ҳам сарфлай олмаймиз. Инсоннинг ундан яқин ҳамроҳи, дўсти, маслаҳатчиси йўқ. Негаки, у ақлни пешловчи қайроқдир.

 Буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари «Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи», дея таъкидлаган бўлса, соҳибқирон бобомиз Амир Темур «Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир», дея уқтирган.

Ҳазрат Навоийнинг, соҳибқирон Амир Темур ўгитларини бежизга эсламадик. Зеро, фарзандларимиз тарбияси ва камолотида китобхонликнинг ўрни беқиёс. Фарзандларимизнинг баркамол авлод бўлиб вояга етишини истасак, уларда китобга меҳр уйғота олмоғимиз даркор. 

Жанагул БУЛЕКБАЕВА,

туман маънавият ва маърифат бўлинмаси раҳбари.

22 Dec 2020

Og‘ir va o‘ta og‘ir jinoyatlar uchun qidiruvga berilgan 56 nafar O‘zbekiston fuqarosi 21-dekabr kuni Rossiyaning Novosibirsk aeroportidan maxsus reys bilan vatanga olib kelindi. Bu haqda Rossiya Bosh prokuraturasi matbuot xizmatiga tayanib, “Interfaks” xabar bermoqda.

Qayd etilishicha, bunday miqdordagi odamlarni bir vaqtning o‘zida ekstraditsiya qilish birinchi marta amalga oshirilmoqda.

Ekstraditsiya qilingan O‘zbekiston fuqarolari orasida o‘ldirishga urinish, talonchilik, o‘g‘rilik va boshqa jinoyatlar uchun ayblanganlar bor.

Bundan tashqari, Rossiya O‘zbekistonning Farg‘ona viloyati Qo‘qon shahar sudining bir guruh shaxslar tomonidan giyohvand moddalarni noqonuniy sotishga uringani uchun chiqargan hukmini ijro etish uchun fuqaroni ekstraditsiya qilish to‘g‘risidagi so‘rovini qondirgan.

22 Dec 2020

Butun pandemiya davrida dunyo bo‘ylab 1,7 milliondan ortiq kishi koronavirus oqibatida vafot etgan, deb xabar beradi “Kommersant” Jons Hopkins universiteti ma’lumotlariga tayanib. Kasallikni yuqtirib olganlar soni 77,3 milliondan oshgan, shularning 43,5 mingdan ziyodi sog‘aygan.

Kasallanganlar soni bo‘yicha birinchi o‘rinda AQSh (18 million kishi), ikkinchi o‘rinda Hindiston (10 million) va uchinchi o‘rinda Braziliya (7 million) turibdi. O‘limlar soni bo‘yicha ham AQSh yetakchilik qilmoqda (319 ming), undan keyinda Braziliya (187 ming) va Hindiston (145,8 ming) bormoqda.

Rossiya bemorlar soni bo‘yicha to‘rtinchi (2,8 million), vafot etganlar soni bo‘yicha esa to‘qqizinchi (50,7 ming) o‘rinda turibdi.

21-dekabr kuni Rossiyada sutka davomida 29 350 kishida koronavirus aniqlanib, pandemiya boshidan buyon kasallanganlar soni ortishi bo‘yicha tarixiy rekord o‘rnatilgani xabar berilgan edi.

Shu kuni Buyuk Britaniyada bir kecha-kunduzda 35,9 ming kishi koronavirusni yuqtirib olgani, bu pandemiya davridagi eng yuqori ko‘rsatkich bo‘lgani xabar berildi.

22 Dec 2020

Ўзбекистонда ички бозорни талаб юқори бўлган айрим ижтимоий муҳим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, ўсимлик ёғи, шакар ва гyруч билан кафолатли тўлдириш ҳисобига нархларни барқарор сақлаш режалаштирилмоқда.

 

Kun.uz мухбири аниқлашича, Вазирлар Маҳкамаси ички бозорга чакана нархи қатъий белгиланган 2 минг тонна ўсимлик ёғи, 5 минг тонна шакар ва 5 минг тонна гуруч етказиб бериш орқали ижтимоий муҳим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархи барқарор сақланишини таъминлашга эришмоқчи.

Жорий йил 17 декабр куни Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган махсус йиғилиш баёнига кўра, «Demesne Trade» МЧЖ ўсимлик ёғи ва шакар маҳсулотларини, «Ўздонмаҳсулот» АЖ эса гуруч етказиб берувчи сифатида тасдиқланган.

Ҳукуматнинг режаси

Ҳукуматнинг махсус йиғилиши баёнида «Demesne Trade» томонидан етказиб бериладиган ўсимлик ёғининг 1 литри учун 13 700 сўм, 1 килограмм шакар учун 6 700 сўм ҳамда «Ўздонмаҳсулот»нинг дон корхоналаридан етказиб берадиган 1 килограмм гуруч учун 6,5 минг сўмдан шартномалар тузилиши, ушбу озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилган савдо ташкилотлари 1 литр ўсимлик ёғини 14 минг сўмдан, 1 килограмм шакарни 7 минг сўмдан ва 1 килограмм гуручни 6 800 сўмдан сотиши айтилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимлари иловада кўрсатилган маҳсулотларни шартномалар асосида харид қилиш, тўловларни ўз вақтида амалга ошириш ҳамда аҳолига маданиятли савдони ташкил этиш мақсадида маҳсулотларни харид қилувчи йирик савдо ташкилотлари рўйхатини 3 кун ичида шакллантириши ва ушбу ташкилотлар «Demesne Trade» ҳамда «Ўздонмаҳсулот» билан бир ҳафта ичида шартнома тузишини таъминлаши белгиланган.

Ҳукумат баёнида йирик савдо ташкилотлари сифатида Havas, Korzinka, Makro брендлари, супермаркет, гипермаркет ва савдо марказлари қайд этилган.

Таъкидланишича, назарда тутилган маҳсулотларнинг энг кўп қисми Тошкент шаҳрига (ўсимлик ёғи — 600 тонна, шакар — 1200 тонна, гуруч — 1200 тонна) етказиб берилиши режалаштирилган. Шунингдек, етказиб бериш ҳажми бўйича кейинги ўринларда Фарғона (ўсимлик ёғи — 150 тонна, шакар — 400 тонна, гуруч — 500 тонна), Самарқанд (ўсимлик ёғи — 135 тонна, шакар — 380 тонна, гуруч — 450 тонна) ва Қашқадарё (ўсимлик ёғи — 135 тонна, шакар — 370 тонна, гуруч — 450 тонна) вилоятлари жойлашган.

Бозор нархи қанча?

Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасининг 14-20 декабр кунлари учун тақдим этган маълумотига кўра, шакарнинг барча категорияси бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 6 минг 814 сўмдан 6 минг 782 сўмгача бўлган.

Kun.uz кузатувига биноан, шакарнинг чакана савдодаги 1 килограмм нархи 6500-8500 сўм атрофида бўлган. Ўтган ҳафта давомида ўсимлик ёғининг 1 литри учун 14 минг сўмдан 18 минг сўмгача нарх белгилангани маълум.

Ҳукумат нега қонун талабларини бузяпти?

Нархларни давлат томонидан тартибга солиш, қатъий белгиланган ёки чекланган нархларни ўрнатиш фақат ҳукумат қарори билан тасдиқланган иловада келтирилган товарлар, табиий монополия шароитларида ишлаб чиқариладиган товарларга (хизматларга) нисбатан амалга оширилади. Гуруч, ўсимлик ёғи ва шакар эса бу рўйхатларга киритилмаган. Фақат президент рўйхатдан ташқари бўлган товарларга нархни белгилаши мумкин. Демак, Вазирлар Маҳкамасида гуруч, ёғ ва шакар нархларини белгилашга ваколат йўқ.

Фуқаролик кодексининг 354-моддасига асосан, фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндир. Шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди. Шартноманинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланади. Ҳукумат маҳаллий ҳокимликларни савдо ташкилотлари орқали бошқа хўжалик юритувчи мустақил субъект билан шартнома тузишга мажбурлаши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунининг 8-моддасига мувофиқ, тадбиркорлик фаолияти субъектлари қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириши ҳамда ўз фаолияти йўналишларини, товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиларни ва ўз товарларининг (ишларининг, хизматларининг) истеъмолчиларини мустақил равишда танлашга ҳақли экани кўрсатилган. Шундай экан, баённомада қайд этилган савдо ташкилотлари шартнома орқали товарларни қатъий белгиланган нархда сотиб олиб, уни истеъмолчиларга қатъий белгиланган нархларда сотишга мажбур эмас.

Умумий қилиб айтганда, давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.

 «Demesne Trade» МЧЖ кимга тегишли?

Ҳукумат 2017 йили қабул қилган қарори билан «Demesne Trade» компаниясининг картошка импортини бож тўловлардан озод этганди.

Очиқ маълумотларга кўра, компаниянинг таъсисчилари Раҳимжон Муҳаммедов (устав фонддаги улуши 47,4 фоиз), Хайрулла Исматов (устав фонддаги улуши 45,9 фоиз) ва Қудрат Ғозиев (устав фонддаги улуши 6,7 фоиз) ҳисобланади. Улар орасидан Хайрулла Исматов ва Раҳим Муҳаммедов Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланишган. Орден билан тақдирлаш тўғрисидаги президент фармонида Раҳим Муҳаммедов Юнусобод туманидаги «Gold Step Invest» МЧЖ таъсисчиси сифатида кўрсатилган.

Қурилиш компанияси ҳисобланган «Gold Step Invest» Тошкент шаҳрида бир нечта объектлар қурилишида, хусусан, «Шедевр» савдо мажмуасини барпо этишда иштирок этган. Шунингдек, компания Сардоба фожиасида жабрланганлар учун «Дўстлик» маҳалласида 37та кўп қаватли уй қурилишида пудратчи бўлган.

Ритейлер нима дейди?

Kun.uz билан суҳбатда бўлган учта йирик ритейл компанияси вакиллари (Havas, Korzinka, Makro) маҳсулот таннархи ва чакана сотув учун белгиланган нарх ўртасида ритейл учун «ҳеч нарса қолмаслиги»дан норози.

Улардан бири буни «элга келган тўй» деб атаб, ҳукуматдаги айримлар ҳар замонда шу йўл билан даромадларни юқорида тақсимлаши ва кейин қуйига паст нарх белгилаб беришини таъкидлади.

Алишер Рўзиохунов

 
22 Dec 2020

Мобил, консол ва видеоўйинлар ишлаб чиқарувчи ўзбекистонлик дастурчилар гуруҳи – UIC Games Амир Темур ҳақидаги «Мангу саркарда» номли биринчи тарихий ўйинни намойиш этди.

Видеоўйин тақдимоти 19 декабр куни Тошкент ёшлар форуми доирасида бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Тақдимотда айтилишича, «Мангу саркарда» Unreal Engine технологиясидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган марказий Осиёдаги илк видеоўйиндир.

Ундаги ҳаракатлар 14 асрдаги тарихий фактларга асосланади. Бунда тарихий сюжетлардан тортиб кичик деталларгача аниқликда ишлаб чиқилган. Қаҳрамонларнинг кийимлари ва қуроллари учун эса Амир Темур музейидаги экспонатлар ўрганиб чиқилган.

 

«Барчаси фактларга асослангани билан биз ўйин давомида Амир Темур образидан тўғридан тўғри фойдаланмадик, чунки қандайдир тарихий хатоликка йўл қўйиш мумкин. Шу сабабли биз соҳибқироннинг тансоқчиси образидан фойдаланганмиз. Шундай бўлса-да, видеоўйинда ўйин стратегияси, барча юришлар режасини Амир Темур тузади», – дейди дастур ҳаммуаллифларидан бири Алишер Тожиев Kun.uz'га берган интервюсида.

«Мангу саркарда» юқори бюджетли ўйинлар синфига киради. Дастур муаллифларининг айтишича, видеоўйин ҳозирги ҳолатга келгунга қадар 29 кишилик гуруҳ бир йил давомида иш олиб борган.

 

22 Dec 2020

Дунёнинг бир неча давлатларида, жумладан, Россия, Буюк Британия ва Канадада коронавирусга қарши вакцинация жараёни бошланиб кетган. Биринчи навбатда тиббиёт ходимлари, қариялар ва жиддий сурункали касаллиги бор аҳоли вакиллари эмланмоқда. Бироқ йил давомида интиқ кутилган вакцинага айрим жойларда ишончсизлик билан қарашмоқда.

Фото: AFP

Россияда ўтказилган бир неча сўровлар натижасида аҳолининг «иқтисодий фаол» қатлами вакцинацияга қарши экани маълум бўлди. SuperJob рекрутинг компанияси ўтказган сўров натижаларига кўра, 1600 респондентнинг 44 фоизи вакцинацияга қаршилигини айтган бўлса, бор-йўғи 22 фоизи вакцина олишга розилигини билдирган.

Ҳайратланарли томони, вакцинацияга врачлар ҳам қарши чиқишган. «Справочник врача» сервиси август ойида сўров ўтказганди. Унда қатнашган 3000 нафар шифокорнинг аксари – 52 фоизи Гамалея маркази ишлаб чиқаётган вакцинани олишга тайёр эмаслигини айтган. Уларнинг кўпчилигини препаратнинг самарадорлиги ҳақидаги маълумотлар йўқлиги ва ўта қисқа муддатда тайёр бўлаётгани шубҳага солган.

Коронавирус ва унинг оқибатларидан 300 мингдан ортиқ одам вафот этган АҚШда бу борадаги рақамлар хиёл яхшироқ. Associated Press ўтказган сўров натижалари кўра, америкаликларнинг қарийб ярми вакцина олишга тайёрлигини билдирган. Респондентларнинг 26 фоизи кескин фикр билдирган. Мутахассисларнинг фикрича, коллектив иммунитет шаклланиши учун аҳолининг 70 фоизи вакцина олиши шарт. Одамларни вакцинанинг эҳтимолий ножўя таъсирлари кўпроқ ташвишга солади.

ББС хизмати вакцина ҳақидаги саволларга жавоб топишга ҳаракат қилиб кўрди.

Вакцина хавфлими?

Қисқача қилиб айтганда, коронавирусга қарши вакцинани хавфли дейишга асос йўқ. Назарий жиҳатдан вакцина нохуш реакция бериши мумкин, лекин бунинг эҳтимоли жуда паст.

Қайсидир вакцина маъқулланган давлатларда биринчи навбатда шифокорлар эмланмоқда / GETTY IMAGES

Олимлар айнан ножўя таъсирларни олдиндан кўра олиш учун ҳам энг қуйидан бошлаб синовлар ўтказишди. Намуналар аввал лабораторияларда синалади. Кейин жониворларда. Ана ундан кейингина одамларда синалади. Масалан, Pfizer ва BioNTech синовларида 40 мингдан ортиқ кўнгиллилар қатнашган.

Ундан ташқари, давлат регуляторлари ҳам синов ўтказиши мумкин. Масалан, Британиядаги Дори ва тиббий жиҳозларни мувофиқлаштириш агентлиги (MHRA), АҚШ Озиқ-овқатлар ва дорилар сифати бўйича бошқармаси (FDA) ва Россия мисолида соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаш учун топширилган препаратларни қўшимча синашлари мумкин.

Ножўя таъсирларчи?

Вакциналарнинг баъзилари кундалик юмушларни бажаришда халал бериши мумкин, лекин ёқимсиз ҳислар бир неча кундан кейин ўтиб кетади, дейилади АҚШнинг касалликларни назорат ва профилактика қилиш маркази баёнотида.

Нуфузли Science журналида ёзилишича, Америка вакциналари одамларда кундалик ишларни қилишга халал берадиган даражада жиддий ножўя таъсирлар уйғотмаган. Pfizer ва Moderna вакциналарини олганларнинг 2 фоизидагина тана ҳарорати 39-40 даражагача кўтарилган.

«Спутник V» яратувчилари ҳарорат кўтарилиши, ҳолсизлик, бош оғриғи каби ножўя таъсирлар бўлишини айтиб, бир неча кунда ўтиб кетишини маълум қилишган.

Кўп давлатларда вакцинага ишонч паст. Одамларни эҳтимолий ножўя тасъсирлар ташвишлантирмоқда
SERGEY KARPUKHIN/TASS

Стэнфорд университети эпидемиологи Ивонна Мальдонадо бу ҳақда шундай дейди: «Аксар вакциналарнинг ножўя таъсирлари бўлади. Аслида бу организм иммун тизимининг вакцинага реакциясидир. Айнан шундай иммун жавоб жуда муҳим».

Аллергик реакциялар-чи?

Вакцинация бошлангач, айрим вакциналарнинг аллергик таъсирлари ҳақида ҳам гапирила бошланди.

ОАВда асосан Pfizer ва BioNTech вакцинасини олган Британия Миллий соғлиқни сақлаш тизими (NHS)нинг икки ходимида намоён бўлган аллергия реакцияси муҳокама қилиняпти. Муҳим жойи – ҳар икки ходим ҳам аллергияси бор инсонлар, улар ҳатто ўзлари билан шприц ва адреналин олиб юришган. Ҳозир улар ўзларини яхши ҳис қилишмоқда. Ундан ташқари, улар билан бир кунда вакцина олган минг нафар одамнинг бирортасида реакция кузатилмади.

Шу каби ҳолат Аляскада ҳам кузатилди. Тўғри, бу ҳолатда вакцина олгунга қадар мижозда аллергия бўлмаган. Реакция бўлгач, унга эпинефрин қилингач, аллергия чекинган.

Ишлаб чиқарувчилар вакцинанинг маълумотлар буклетида препарат таркибида мавжуд моддаларнинг бирига аллергияси бор мижозларга вакцина қилинмаслиги ёзиб қўйилган бўлади. Pfizer ва BioNTech препаратларида аллергия қичишиш, нафас етишмовчилиги, юз ва тилнинг шишиши каби ҳолатлар билан кузатилади, деб ёзиляпти.

Бу ёзувлар мижозни чўчитиши мумкин, лекин бундай симптомлар асосан кучли аллергияси бор одамларда кузатилади. Энг асосийси – бундай ҳолатларда реакция кузатилган одамларга тез ёрдам кўрсатишнинг синалган усуллари мавжуд.

Ўтган ҳафтада Орегон штатининг Портленд шаҳрида эмлаш жараёни бошланди. Суратда шифокорлар бир-бирини табриклашмоқда / GETTY IMAGES

Ундан ташқари, нафақат коронавирус вакцинаси, балки исталган препарат индивидуал аллергик реакция пайдо қилиши мумкин. Мутахассислар учун бундай реакциялар кутилмаган ҳолат эмас. Ҳар эҳтимолга қарши Британиянинг Дорилар ва тиббий товарларни мувофиқлаштирувчи агентлиги (MHRA) дориларга аллергияси бор одамларга эмланмай туришни тавсия қилди.

Вакциналар хавфсиз бўлса, нега давлат раҳбарлари эмланмаяпти?

Ҳозиргача бирортаям давлат раҳбари эмлангани йўқ ва бу ҳақда омматан эълон қилинмади.

Владимир Путиннинг айтишича, «ҳозирда вакцина муайян ёшдагилар учун мўлжалланган».

«Мен кабиларга ҳали вакцина етиб келмади. Шунинг учун мен вакцина олмадим. Лекин имкони бўлиши билан албатта оламан», деган 68 ёшли Путин.

Бироқ Москванинг 62 ёшли мэри Сергей Собянинга ёши вакцина олиши учун тўсиқ бўла олмади.

«Акс ҳолда Россия вакцинасини ташвиқ қилишим қийин бўларди, чунки сўровларга кўра ҳатто бугун ҳам россияликларнинг ярмига вакцина керакмас, у ҳали охиригача ишлаб чиқилмаган деган шубҳа бор», деганди Собянин Путинга.

Вакцинация бошланмаган айрим давлатларнинг раҳбарлари фуқаролардаги препаратга нисбатан шубҳаларни тарқатиш учун эмланишни ўзлари бошлаб беришни эълон қилишди. «Спутник V»га қизиқиш билдираётган Аргентина президенти Альберто Фернандес «ҳеч ким қўрқмаслиги учун» биринчи бўлиб эмланишга ваъда берди.

Филиппин президенти Родриго Дутерте ҳам «Спутник V» вакцинасини намойишкорона олишни эълон қилди. «Менда синаб кўринглар, бу яхшику», деди у.

Путин ёши туфайли ҳали эмланмаслигини айтган / SERGEI BOBYLEV/TASS

Европада эса аксар давлат раҳбарлари вакцинани аввало тиббиёт ходимлари олишлари кераклигини таъкидлашган.

Нега бошқа вакциналар устида узоқ ишланади, коронавирус вакцинаси эса нисбатан қисқа муддатда ишлаб чиқилди?

Вакцинани яратишнинг ўзи кифоя эмас, олимлар препаратнинг тез ва оғриқсиз таъсир қилишини истайдилар. Шунинг учун одатда вакцина ишлаб чиқиш бир неча йилга чўзилади.

Аввалига препаратнинг чиқарилиш шакли ва ножўя таъсирлари устида изланиб, лабораторияларда узоқ синовлар ўтказилади. Керакли хулосаларга келингач, ҳайвонларда, кўпинча, сичқонларда синовлар ўтказила бошланади.

Ҳайвонларда ўтказилган синовлар муваффақиятли якунланса, олимлар одамларда текширув ўтказишади. Вакцина, аввалига, хавфсиз эканига ишонч ҳосил қилиш учун кам сонли одамларга берилади (I фаза). Ана шундан кейингина инсон иммунитетига таъсири ўрганила бошланади (II фаза). Кейинги босқич аҳолининг турли қатламларида синаб кўриш бўлади (III фаза). Бунда препарат болалар, ўрта ёшлилар, қариялар, турли касалликларга чалинганларда синалади.

Ножўя таъсирлар кам бўлгани ва анча кейинроқ пайдо бўлиши мумкинлиги боис, вакцинациядан кейин кўнгиллилар йиллар давомида кузатилади. Ана шундан кейингина клиник синовлар таҳлил қилинади ва хулоса ижобий бўлган тақдирдагина оммавий равишда ишлаб чиқаришга қарор қилинади.

Йирик фармкомпаниялар клиник синовлар билан параллел равишда, ҳали натижалар маълум бўлмасидан,
миллионлаб дозадаги буюртмаларга улгуриш учун вакцинани оммавий ишлаб чиқаришни бошлаб юборди

Коронавирусга қарши вакцинани ишлаб чиқиш фавқулодда ҳолатларда олиб борилди ва кўплаб расмиятчиликларни четлаб ўтишга тўғри келди.

Масалан, ҳайвонлар эмас биратўла одамлар синалди. Йирик фармкомпаниялар (масалан AstraZeneca) клиник синовлар тугамасидан ва демакки вакцина қанчалар самарадорлигини аниқ билмасдан туриб препаратни миллионлаб дозада ишлаб чиқара бошлашди. Синовлар тугамасидан давлат сертификатини олиш эса («Спутник» мисоли), мисли кўрилмаган воқеа бўлди.

Ундан ташқари, фармкомпаниялар муаммо глобал характерга эга экани боис вакцинани ишлаб чиқариш учун анча кўп маблағ сарфлаб юборишди. Аммо тез ишлаб чиқилди дегани хавфсизлик протоколлари бутунлай четлаб ўтилди дегани эмас.

Эмланиш учун бошқа давлатга борса бўладими?

Ҳозирча бу имконсиз. Вакцинация бошланган давлатларда эмланиш тартиби маҳаллий бошқарув органлари томонидан белгиланади.

Масалан, Россия ҳудудида вакцинация Москвада бошланди ва бошқа ҳудудларга препаратлар етказилиши энди бошланди. Эмланиш бирламчи риск гуруҳидаги одамлардан бошланди. Уларга одамлар билан кўп мулоқотга киришадиган аҳоли қатлами киради. Масалан, тиббиёт ходимлари, савдо ва хизмат соҳасидаги одамлар ва ҳоказо. Имкони борича, рўйхат кенгайиб бораверади.

GETTY IMAGES

Жойларда вакцина туризми уюштиришга ҳаракатлар бўлди. Масалан, келиб чиқиши россиялик бўлган Прагада яшовчи тадбиркор Россияда оммавий эмланиш бошланиши билан европаликларга тур ташкиллаштирмоқчи бўлди. Россия ҳукумати бунга тезда жавоб бериб, фирибгарлик деб баҳо беришди.

«Тижорат мақсадидаги вакцинациянинг иложи йўқ. Оммавий эмланиш бошланди ва у бепул. Приоритет – россияликлар. Ички талаб қондирилиб, барча эмланиб бўлгачгина тижорат ҳақида ўйлашимиз мумкин бўлади», деб баёнот берган Россия соғлиқни сақлаш вазири ёрдамчиси Алексей Кузнецов.

Вакциналар бир-биридан нима билан фарқланади?

Россия ва Британия вакциналари («Спутник V» ва AstraZeneca) вектор технологиялари асосида ишлаб чиқариляпти. Бундай технологияда бир вируснинг генетик материалини етказиш учун оддий шамоллашнинг аденовируслар оиласидан бўлган бошқа бир вируснинг қобиғидан фойдаланилади. Бу йиллар давомида вакцина яратилишида фойдаланиб келинган технология. Масалан, Эбола вирусига қарши вакцина шундай яратилган.

Moderna ва Pfizer/BioNTech вакцинаси эса бошқачароқ усулда яратилади. Бунда инновацион РНК матрицаси технологиясидан фойдаланилади. Коронавирусга қадар бирорта вакцина бу усулда яратилиб, одамларда фойдаланиш учун тасдиқдан ўтмаган.

Бир технология бўйича яратилса, «Спутник» ва Оксфорд вакциналарининг фарқи нимада?

«Спутник» яратувчилари қобиқ сифатида инсон аденовирусидан фойдаланишса, Оксфорд тадқиқотчилари шимпанзе аденовирусидан фойдаланишади.

Йўқ, эмлангандан кейин сиз аденовирус билан касалланмайсиз. Гап шундаки, касаллик қўзғатувчи аденовирус гени йўқ қилинади. Унинг ўрнига коронавирус оқсили коди билан ген жойлаштирилади. Бу иммун тизимига туриб бера олиш ва антитаначалар ишлаб чиқариш имконини берувчи хавфсиз технологиядир. Антитаначалар эса сизни шикастланишдан сақлайди. Вакцина бу – соғлом одам тез тузалиб кетиши кафолатланган ҳолда вирус ёки бактерия билан атай шикастлашдир.

Ҳар икки вариантнинг ҳам ўз устунлик ва камчиликлари бор. Шунинг учун ҳам россиялик ва британиялик тадқиқотчилар лойиҳани қўшма тарзда давом эттиришга қарор қилган кўринишади.

22 Dec 2020

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида лицей ўқувчисининг номусига теккани гумон қилинаётган эстрада хонандаси Ж.У. (Kun.uz'даги маълумотга кўра, Жасур Умиров) эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.

Kun.uz ёритган воқелик юзасидан жиноят иши октябрь ойида қўзғатилган эди.

Самарқанд вилояти прокуратураси ахборотига кўра, хонандага нисбатан 21 декабрь куни суд ажримига асосан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жасур Умировга Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми «а» банди (шахснинг 18 ёшга тўлмаганини била туриб номусга тегиш) билан айблов эълон қилинган.

Айблов судда исботланса, судланувчи 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Дастлабки терговни вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси олиб бормоқда. Терговни вилоятнинг янги прокурори алоҳида назоратга олган.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: