Hokimiyat matbuot xizmati
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида қишга тайёргарликда йўл қўйилган камчиликларни ҳал этиш масалалари танқидий таҳлил қилинди.
Йиғилишда соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, энергия ресурслари таъминотини яхшилаш чоралари муҳокама қилинмоқда.
Қиш мавсумида тармоқ ва ҳудудларда узлуксизликни таъминлаш учун суткасига 10-12 миллион киловатт-соат қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш зарурлиги қайд этилди. Бу қувватни «Тошкент», «Сирдарё», «Янги Ангрен» электр станцияларидаги 900 мегаваттли 5та энергоблокни ишга тушириш ҳисобидан таъминлаш бўйича топшириқ берилди.
Узилишларга, асосан, тақсимловчи тармоқларнинг 60 фоизи эскиргани ҳамда электр энергиясига талабнинг ошиб бораётгани сабаб бўлмоқда. Шу боис паст ва ўрта кучланишли тармоқларни босқичма-босқич модернизация қилиш бўйича дастур ишлаб чиқиб, ижросига тезроқ киришиш зарурлиги таъкидланди.
Қашқадарё ва Фарғонада – 3 минг километрдан, Андижон, Самарқанд ва Тошкент вилоятида – 2,5 минг километрдан, Қорақалпоғистон, Наманган ва Хоразмда – 2 минг километргача паст кучланишли линиялар фойдаланиш муддатини ўтаб бўлган.
«Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда газ таъминотида суткасига 20 миллион куб метр танқислик мавжуд. Оқибатда мингдан зиёд маҳаллада табиий газ босими пасайган.
Газ тизими билан боғлиқ муаммолар бугун юзага келмагани, балки ўттиз йилдан бери бизни қийнаб келаётганидан барчамиз хабардормиз. Лекин буни баҳона қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Халқимизга газ керак, уларнинг кўпчилиги бунинг учун тўловларни ўз вақтида ҳалол қилиб, тўлаб келмоқда», – дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Давлат раҳбари пандемия бошланганидан бери биз газ сотилмаётганини ва асосан аҳоли эҳтиёжлари учун сарфланаётганини таъкидлади. Соҳа мутасаддиларига ҳудудларга чиқиб, муаммоларни бевосита ўрганишлар зарурлигини билдирди.
Газ экспортини қисқартириб, аввало аҳоли эҳтиёжларини қондириш юзасидан кўрсатма берилди. Бунинг ҳисобига кунига 7-8 миллион куб метр табиий газ қўшимча равишда ҳудудларга йўналтирилади.
«Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда газ таъминотида суткасига 20 миллион куб метр танқ́ислик мавжуд. Шунинг учун, куни-кеча газ экспортини қисқартириш бўйича топшириқ бердим. Бунинг ҳисобига, кунига 7-8 миллион куб метр газ қўшимча равишда аҳоли эҳтиёжи учун йўналтирилади», деган президент.
Шунингдек, аҳоли эҳтиёжини қоплаш учун яна 217 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш вазифаси қўйилган.
Самарасиз ишлаётган 25та конни инвесторларга «риск-сервис контракт» шартлари асосида бериб, табиий газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш мумкинлиги айтилди.
Бугун, 16 декабр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида кенгайтирилган селектор йиғилиши бўлиб ўтади. Kun.uz манбаси хабар қилишича, видеоселектор кун тартибида иккита муҳим мавзу - қишга тайёргарлик давомида йўлга қўйилган хатоларни танқидий таҳлил қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари ўрин олган.
Йиғилишда юзага келган муаммолар батафсил кўриб чиқилиб, жойлардаги ҳокимликлар узилишлар бўйича қандай чоралар кўргани таҳлил қилинади.
Жумладан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозорларда нархлар барқарорлигини сақлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захира қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ҳисоботлари тингланади.
Аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлашда йўл қўйилган камчиликлар бўйича вазирликлар, идоралар ҳамда ҳокимликлар раҳбарларининг масъулияти кўриб чиқилади.
Видеоселектор йиғилишида вазирликлар идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши раислари, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳисоботлари эшитилади.
Суд тизимида кутилаётган ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар Конституцияда ҳам акс этади. 14та ҳудудда умумюрисдикция судлари ташкил этилади, туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилади.
Ўзбекистон Конституциясига ўн бешинчи маротаба ўзгартишлар киритилиши кутилмоқда. Қонун Олий Мажлис Сенатининг 18 декабрдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилади.
Конституцияга ўзгартиш киритилиши ҳақида 11 декабрь куни, Сенат ялпи мажлисида қайси қонунлар кўрилиши очиқланган вақтда маълум бўлган эди. Бу ҳақда хабар берган Сенат ахборот хизмати Конституциянинг айнан қайси моддалари ўзгариши мумкинлиги, бу қандай ўзгаришлар эканига аниқлик киритмаганди.
Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг маълум қилишича, кутилаётган янгиликлар – судлар фаолияти ва айрим атамаларнинг ўзбек тилига таржимасига доир.
Судлар фаолиятига доир ўзгаришлар президентнинг шу йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан боғлиқ.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб:
- вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилади;
- маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларни ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолинади.
Шу муносабат билан, Конституциянинг 107-моддаси 1-қисми қуйидаги таҳрирга ўтказилиши кутиляпти:
«Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистан Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари, жиноят ишлари буйича туман (шаҳар) судлари, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судларидан иборат».
Расул Кушербаевнинг изоҳлашича, бу ўзгаришлардан мақсад – фуқароларнинг судма-суд сарсон бўлиб юришига барҳам бериб, уларнинг муаммосини бир жойда ҳал қилиш, суд тизимини бошқариш масалаларини такомиллаштириб, вилоят ва унга тенглаштирилган судларни ташкилий, молиявий ва моддий-техник таъминлаш ишини яхшилашдир.
Шунингдек, депутатнинг қайд этишича, миллий қонунчиликда рус тилидаги «законодательство» ва «акты законодательства» тушунчалари ўзбек тилида «қонун ҳужжатлари» деб, рус тилидаги «закон» ва «законодательный акт» тушунчалари ўзбек тилида бир хил «қонун» деб ишлатилган. Миллий норматив-ҳуқуқий базада, қонунларда давлат тилидаги «қонунчилик» тушунчаси ишлатилмаган.
Шу муносабат билан давлат тилидаги Конституциянинг 7-моддаси 2-қисмига, 33-моддага, 85-модда 4-қисми 8-бандига, 86-модда 5-қисми 8-бандига, 93-модда 1-қисми 16-бандига, 98-модда 3-қисмига, 100-модда 8-хатбошисига, 117-модда 8-қисмига ўзгартиришлар киритилмоқда.
Маълумот учун, Конституциянинг 128-моддасига кўра, Олий Мажлис тегишли таклиф киритилгандан кейин 6 ой мобайнида Конституцияга ўзгартиш ва тузатишлар киритиш тўғрисида кенг ва ҳар тарафлама муҳокамани ҳисобга олган ҳолда қонун қабул қилиши мумкин.
Buyuk Britaniyada aniqlangan COVID-19’ning yangi turi tez tarqalish xususiyatiga ega, lekin xavflilik darajasi yuqori emas. Bu haqda Sky News’ga COVID-19 bo‘yicha JSSTning maxsus vakili Devid Nabarro ma’lum qildi, deb yozmoqda “Interfaks”.
“Virusning ushbu turi yuquvchan, lekin xavfli bo‘lib ko‘rinmayapti”, — degan u, shuningdek, “Ma’lumotlar bu Buyuk Britaniyada virusga qarshi kurashning ustuvor yo‘nalishlarini tubdan o‘zgartirmasligini ko‘rsatmoqda”, — deb ta’kidlagan.
Shu bilan birga, Nabarro jamoatchilikni mavjud vaziyatda hushyor bo‘lishga chaqirgan.
Kuni kecha, 14-dekabr kuni mamlakat sog‘liqni saqlash vaziri Mett Xenkok mutaxassislar ushbu tur bilan kasallanishning mingdan ortiq holatini aniqlaganini, bu Buyuk Britaniyaning janubi-sharqida kasallikning tez tarqalishi bilan bog‘liq bo‘lishi mumkinligini bildirgan. Vazir London koronavirusning yangi turi aniqlangani haqida JSSTni ogohlantirganini qo‘shimcha qilgan.
Buyuk Britaniyada pandemiya boshidan buyon 1,8 milliondan ortiq kishi koronavirusga chalingani qayd etilgan, ularning 64,1 ming nafari vafot etgan. So‘nggi vaqtlarda mamlakatda pandemiyaga qarshi cheklovlar kuchaytirilmoqda. Xususan, London va mamlakat janubi-sharqidagi bir qator shaharlarda 16-dekabrdan boshlab barlar, pablar, kafe va restoranlar yopiladi. Ular faqat buyurtma asosida yetkazib berishi yoki mizojlarning o‘zi olib ketishi orqali ishlashi mumkin.
BMTning Oziq-ovqat va qishloq xo‘jaligi tashkiloti (FAO) O‘zbekistonda “Inklyuziv qishloq xo‘jaligi siyosatini amalga oshirishda ko‘maklashish” loyihasini ishga tushirmoqda. Bu haqda FAOning O‘zbekistondagi vakolatxonasiga tayanib, “Gazeta.uz” xabar berdi.
Umumiy qiymati 100 ming dollar bo‘lgan loyihani 2022-yilning oxirigacha amalga oshirish rejalashtirilmoqda. Dasturning asosiy vazifasi — inklyuziv qishloq xo‘jaligini amalga oshirish hamda ayollarning huquqlari va imkoniyatlarini kengaytirish asosida qishloq hududlarida hayot sharoitlarini yaxshilash.
“Qishloq xo‘jaligida gender tafovutini bartaraf etish qishloq xo‘jaligi sohasi va jamiyatga sezilarli foyda keltiradi. Gender notengligi jinslar rollari haqidagi stereotiplarga bog‘langan, bu esa ayollarning qishloq xo‘jaligidagi muhim hissasini kamaytirib ko‘rsatadi. Qishloq ayollariga investitsiya — bu kambag‘allikni bartaraf etish va barcha uchun oziq-ovqat xavfsizligiga erishish uchun muhim bo‘lgan o‘zgarishlar omiliga investitsiya”, — deya ta’kidlagan FAOning O‘zbekistondagi vakolatxonasi loyihalari koordinatori Sherzod Umarov.
Mazkur loyihaning amalga oshirilishi FAOning O‘zbekistondagi gender harakatlar rejasi tomonidan muvofiqlashtiriladi.
Ўзбекистонлик талабалар жорий йилнинг 28 декабридан қишки таътилга чиқади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
«Олий таълим муассасалари талабалари, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари учун 2020 йил 28 декабрдан 2021 йил 10 январгача қишки таътил этиб белгиланди», дейилади вазирлик хабарида.
2021 йил 11 январ — ўқишнинг биринчи куни бўлади.
Бундан аввалроқ Халқ таълими вазирлиги умумтаълим мактабларида қишки таътил бошланғич синфлар учун 25 декабр, юқори синфлар учун 26 декабрдан бошланиши ҳақида хабар берганди. Мактаб ўқувчилари учун таътил 14 кун давом этади.
Qonunchalik palatasi majlisida Jinoyat kodeksi va Ma’muriy javobgarlik to‘g‘risidagi kodekslarga o‘zgartirish va qo‘shimchalar kiritish bo‘yicha qonun loyihasi ko‘rib chiqiladi, deya xabar qilmoqda deputat Rasul Kusherbayev o‘z Telegram kanalida.
Qonun loyihasiga ko‘ra, Jinoyat kodeksidan tuhmat va haqorat qilganlik uchun mavjud bo‘lgan ozodlikdan mahrum qilish jazosi bekor qilinib, o‘rniga jarima yoki majburiy jamoat ishi jazosi qo‘shilmoqda.
Shuningdek, qonun loyihasi bilan Ma’muriy javobgarlik to‘g‘risidagi kodeksga va Jinoyat kodeksiga yolg‘on axborot tarqatganlik uchun javobgarlik belgilanmoqda. Pornografik mahsulotlarni tarqatish va shafqatsizlikni targ‘ib qilganlik uchun ham jarima miqdorlari oshirilmoqda.
Qayd etilishicha, qonun loyihasi deputatlar tashabbusi bilan kiritilgan. Qonun loyihasi Senatga yuborilgan.
Avvalroq O‘zbekiston Konstitutsiyasiga qanday o‘zgartirishlar kiritilishi ma’lum bo‘lgani, Rasul Kusherbayev “snos”lar bilan bog‘liq muammolarni yechish uchun moratoriy e’lon qilishni taklif etgani hamda Komil Allamjonov AOKA va Adliya vazirligini OAV vakillari huquqlarini mustahkamlashga qaratilgan takliflar ishlab chiqishga chaqirgani haqida xabar berilgandi.
Бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларга моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси, ОТМларнинг моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳамда директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловлар ҳисоблаш янги йилдан давом этади.
2021 йил 1 январдан бошлаб, бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларга моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси, ОТМларнинг моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳамда директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловлар ҳисобланиши давом этади, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
2020 йил давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва харажатларни мақбуллаштириш бўйича ҳукумат қарори билан 2021 йил 1 январга қадар моддий рағбатлантириш тўловларини ҳисоблаш тўхтатилганди.
Тиббиёт, тиббий-ижтимоий муассасалар, меҳрибонлик уйларидан ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг 1-3 разрядлари қўлланиладиган ходимлар бундан мустасно бўлган.
Kun.uz’нинг ҳукуматдаги манбасининг билдиришича, бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларга моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси, ОТМларнинг моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳамда директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловлар ҳисобланиши тўхтатиб турилишига оид ҳукумат қарор лойиҳаси тайёрланмаган.
«Тўловлар ҳисобланиши тўхтатилганди, у дастлаб октябр ойигача, кейин йил сўнгига қадар амал қилди. Айни пайтда муддатни яна узайтириш бўйича бирор ҳаракат йўқ, Демак, ҳукуматнинг амалдаги қарори бўйича тўловлар ҳисобланишини тўхтатиб туриш 1 январдан кейин бекор қилинади», — дейди манба.
Маълумот учун, бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларни моддий рағбатлантириш Молия вазирлигининг 1995 йилда қабул қилган низоми билан тартибга солинади.
Навоий шаҳридаги эркин иқтисодий-индустриал зонасида жойлашган “Telekom Devices PRO” МЧЖ томонидан миллий руҳда дастурлаштирилган «Ўзбекистон» смартфонлари ишлаб чиқарилмоқда.
64 гигабайт хотира қувватига эга ушбу смартфонлар Алоқа вазирлиги топшириғига асосан МЧЖнинг лойиҳани маҳаллийлаштириш ва ташқи иқтисодий фаолият бўйича мутахассиси Зарнигор Жуманова лойиҳаси асосида яратилган бўлиб, миллийлик нуқтаи назаридан ички бозорга мўлжаллаб тайёрланди. Бу ҳақда ЎзЛиДеП Навоий вилояти матбуот хизмати хабар берган.
«Ўзбекистон» миллий смартфонлари ўзига хос миллий дизайн ва замонавий кўринишга эга бўлиб, унинг дастурий таъминоти ўзбекона тусга эгалиги билан аҳамиятлидир. Мобил алоқа воситасига Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари, классик ва замонавий ўзбек адабиётининг нодир намуналари жамланмаси, радиоинссенеровкалар, 100 дан ортиқ ўзбек куй ва қўшиқлари , шунингдек, юртимизнинг энг диққатга сазовор гўшалари тасвири туширилган фото-альбомлар юкланган.
Бундан ташқари, «Ҳукумат» дастури ҳам киритилган бўлиб, дастурга барча вазирликлар, тўрт ҳокимият тизими ишонч телефонлари жойлаштирилган. Телефон рақамлар ўзгариши билан боғлиқ ҳолларда дастур автоматик тарзда янги рақамларни киритиш хусусиятига ҳам эга.
Экран фони учун юртимиз табиатига оид суратлар жамланмаси жойлаштирилган бўлса, чақирув қўнғироқлари ва уйғотувчи оҳанглар учун ҳам ўзбек мусиқа санъати намуналаридан фойдаланилгани кишида миллий ифтихор туйғуларини шакллантиради.
– Айниқса, телефон панелининг марказий қисмига Ўзбекистон Республикаси герби туширилиши ўзига хос янгилик бўлди. Шу билан бирга маҳсулот миллий бренд эканлигини ҳисобга олиб, телефонларни махсус совғабоп қутиларга жойладик. Бошланишига 3000 дона «Ўзбекистон» смартфонлари ишлаб чиқарган бўлсак, айни пайтда маҳсулотимизнинг 50 фоиздан кўпроғи сотилди. Бундан ташқари, болалар телефон қўл соатлари, CDMA 450 стандартидаги стационар телефонларни ишлаб чиқаришни йўлга қўя бошлаганмиз. Ўз ўрнида чиқараётган маҳсулотларимиздаги хатолар устида ҳам ишлаб, технологиясини мукаммалаштириш борасида изланишларни давом эттиряпмиз, – дейди “Telekom Devices PRO” МЧЖ раҳбари Н.Раҳимов.
Ушбу смартфонлар ишлаб чиқарилгаига кўп вақт бўлмаса-да, ўз харидорларини топишга улгурди. Шунингдек, қўшни мамлакатларга экспорт қилиш юзасидан музокаралар ҳам олиб борилмоқда.
Давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик жараёнларини янада такомиллаштириш мақсад қилинган.
Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат органлари фаолиятини ёритиш учун ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ахборот сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, жумладан, ўз фаолиятининг кенг кўламда тезкор ёритилишида ижтимоий тармоқлар ҳамда оммавий ахборот воситаларидаги мавжуд имкониятлардан мақсадли ва оқилона фойдаланиш, ахборот манбалари билан ишлаш ҳамда ахборот алмашиш, жамоатчилик билан сифатли мулоқотни йўлга қўйиш орқали фаолиятнинг шаффофлигини таъминлаш борасидаги ишлари қониқарсиз, деб топилиши мумкин.
Давлат идоралари ахборот сиёсати соҳасидаги фаолиятини қайта кўриб чиқади ҳамда ўн кун муддатда ўз тузилмаларидаги мавжуд штат бирликлари доирасида ахборот хизматини шахсан биринчи раҳбарга бўйсунадиган мустақил таркибий бўлинма сифатида ташкил (қайта ташкил) этади.
Бунда умумий штатлар доирасида ахборот хизматига давлат идораларининг марказий аппаратида уч-тўрт нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида камида тўрт нафар, қуйи ташкилот ва бўлинмалар, туман (шаҳар) ҳокимликларида камида икки нафардан бошқарув ходими ажратилиши таъминланади. Ички имкониятлар етарли бўлмаган ҳолатларда, ахборот хизматлари учун иқтидорли мутахассисларни бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан шартнома асосида жалб этиш чоралари кўрилади.
2021 йил 1 февралдан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:
а) давлат идоралари фаолиятини доимий ёритиб бориш ҳамда амалга оширилаётган лойиҳаларни жамоатчиликка тезкор ва тушунарли етказиб бериш орқали ташкилотнинг ижобий имижини шакллантиришга доир вазифаларни амалга ошириш жараёнида ҳамкорликда ишловчи журналист ва фойдаланувчилар сони юқори бўлган блогерлардан иборат “Медиа пул” ташкил этилади;
б) журналистларнинг аккредитация қилиш тўғрисидаги ёзма ва электрон мурожаатлари давлат идоралари томонидан тегишли мурожаат олинган кундан бошлаб кўпи билан уч иш кунида кўриб чиқилиши белгиланади;
в) давлат идоралари ўзларининг жамоатчилик кенгашлари фаолияти ва аъзолар рўйхатини қайта кўриб чиқсин ва жамоатчилик кенгашлари таркибига камида бир нафардан фаол журналист ва/ёки блогерни киритиш чоралари кўрилади;
г) президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва мобиль мессенжерларнинг мониторинги натижасида аниқланган давлат идоралари фаолиятига тааллуқли, аҳолининг кенг қатлами онгига салбий таъсир кўрсатувчи материал ва маълумотларга давлат идораларининг тезкор муносабат билдириш муддати бир кун қилиб белгиланади;
д) давлат идоралари ҳар чоракда камида бир марта оммавий ахборот воситалари ва блогерлар учун очиқ бўлган матбуот конференциялари, брифинглар ташкил этиш ва интервьюлар, савол-жавоблар ўтказиш йўли билан жамоатчиликка доимий ҳисобот бериб боради;
е) давлат идораларининг турли даражадаги раҳбарлари “Facebook”, “Twitter”, “Instagram”, “Telegram” каби кўплаб фойдаланувчиларга эга ижтимоий тармоқлар, мессенжерларда ўз расмий саҳифаларини очади ва уларни белгиланган тартибда верификация қилиш чораларини кўради;
ё) давлат идораларининг биринчи даражали раҳбарлари ахборот хизматлари билан биргаликда Интернет тармоғидаги “Wikipedia” мустақил интернет-энциклопедиясида алоҳида веб-саҳифа очиб, ўзи бошқараётган давлат идораси ва ўзининг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ўзбек, рус, инглиз тилларида жойлаштиради;
ж) давлат идоралари 2021 йил якунига қадар ўзларининг очиқ маълумотлари ва янгиликларини мобиль қурилмалар орқали қулай, тезкор равишда олиш имкониятини тақдим этувчи “Android” ва “iOS” операцион тизимларида ишловчи мобиль иловаларни ишга туширсин ҳамда мазкур иловалардаги ахборот, маълумотлар базасини Давлат статистика қўмитаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон очиқ маълумотлар портали (opendata.gov.uz) билан интеграция қилиш чораларини кўради;
з) давлат идораларининг раҳбар ходимлари ўз расмий саҳифаларида ҳафта давомида камида уч марта бошқарувидаги давлат идораси фаолиятига дахлдор бўлган ахборотни жойлаштириб боради ҳамда мазкур саҳифалар орқали жамоатчилик фикрини ўрганиб, мурожаат ва саволларга жавоб бериб борилишини ташкил этади;
и) давлат идоралари ахборот хизматлари, таркибий тузилмалар мунтазам равишда ўз раҳбарларини ташкилот фаолияти билан боғлиқ бўлган ахборот материаллари билан таъминласин ҳамда раҳбар ходимларнинг расмий саҳифаларидаги ахборотларини ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва оммавий ахборот воситалари орқали кенг миқёсда тарқатилишини амалга оширади.
Агентликнинг давлат идораларида тарқатиш қонун билан чекланмаган ҳар қандай маълумотни очиқ маълумот деб ҳисоблаш ҳамда журналист ва блогерлар ушбу маълумотларни олиш заруриятини асослашга мажбур эмаслиги бўйича таклифи маъқулланиши мумкин.
Шу жумладан:
а) ҳукуматнинг мажлис баёнида берилган топшириқларнинг ижро этилишининг бориши тўғрисидаги маълумотлар;
б) давлат идораларининг тасдиқланган йиллик ва ярим йиллик медиа-режалари;
в) давлат идоралари жамоатчилик кенгашларининг тасдиқланган низоми ҳамда тўлиқ таркиби (фамилияси, исми, шарифи, телефон рақами, электрон почта манзили) ва улар томондан амалга оширилиши режалаштирилган вазифалар;
г) давлат идораларидаги касаба уюшмалари томонидан қабул қилинадиган уставлар ёки низомлар, касаба уюшмаларининг йиғилишлари ва фаолияти тўғрисидаги маълумотлар;
д) молия йили давомида давлат идорасида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан аукцион, тендер, танловларга сарфланган харажатлар ҳамда хусусийлаштирилган давлат мулки объектларининг харидори номи ёки Ф.И.Ш.;
е) давлат буюртмачиси сифатида тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхати;
ё) давлат субсидиялари, грантлари ва мукофотлари тўғрисидаги маълумотлар;
ж) тасдиқланган йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси, бошқарув ходимларининг бюджетдан ажратиладиган лавозим маошининг миқдори;
з) давлат идоралари ходимларининг сафар харажатлари (транспорт, кунлик нафақа, яшаш), хизмат сафарининг мақсади;
и) раҳбарият ҳамда бошқарма, бўлинма, бўлим бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари фамилияси, исми, шарифи, хизмат телефони рақами, электрон почта манзли давлат идоралари очиқ маълумотлари сифатида таснифланади.