Бухоро вилояти Когон туманидаги хонадонда хўроз уриштириш ўйинларида қатнашаётган 40 нафар шахс аниқланди, дея хабар қилинди Zo‘r TV телеканалининг «Бу кун» дастурида.
Таъкидланишича, 2021 йилнинг 16 январь куни Когон туманида олдиндан олинган маълумотларга асосан Бухоро вилояти ИИБ, Жиноят қидирув бошқармаси, Когон туман ИИБ ҳамда ДХХ Бухоро вилояти филиали ҳамкорликдаги тезкор тадбир ўтказилган.
Шу куни, тахминан, соат 20:30 ларда 1982 йилда туғилган Когон тумани «Ўзбекистон» маҳалласида яшовчи фуқаро ўзи яшаётган қурилиши тугалланмаган 2 қаватли хонадоннинг 1-қаватидаги хонада Когон ва Бухоро туманларида яшовчи 40 нафардан ортиқ фуқарони жамлаган ҳолда қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ёки ўтказиш мақсадида хўрозлар жангини ўтказаётгани аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан олиб берилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида 6 дона хўроз ҳамда хонадон эгасидан 470 минг сўм нақд пуллар тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 191-моддасига (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этиш) мувофиқ қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этган ва унда қатнашган шахсларга нисбатан Когон туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.