Hokimiyat matbuot xizmati
Жорий йил 13 апрель куни Учқудуқ туманидаги 18-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчилари фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг биносига ташриф буюрди. Ташриф давомида фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг раиси Б.Қ.Шерматов ўқувчи ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини янада ошириш, уларда қонунларга ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш, шунингдек ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш борасида тушунтириш ишлари олиб борилди. Ташриф давомида суд раиси Б.Шкрматов ёшларни суд-ҳуқуқ соҳасига оид қизиқтирган барча саволларга жавоб берди. Тумандаги 18 мактабнинг 11-Б-синф ўқувчиси Абдуллаева Мадина болалигидан суд-ҳуқуқ соҳасида ишлашга бўлган қизиқиши юқори эканлигини, келгусида албатта олий юридик маълумотга эга бўлиб, суд-соҳасида фаолият олиб бориш энг катта орзуси эканлигини билдириб ўтди.
Шунингдек, суд раиси Б.Қ.Шерматов ёшларга юртимизда суд тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, тизимда соҳага оид замонавий ахборот коммуникация технологиялари ва уларнинг кенг имкониятлари юзасидан маълумотлар берди.
Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди, судья ёрдамси Б.Қ.Давидов
Учқудуқ тумани чўл ҳудуди бўлганлиги сабабли мўтадил иқлим ҳарорати ошади, натижада юқумли ва паразитар касалликларни фаоллашиши кузатилади. Жумладан, Ўзбекистон ҳудудида учрайдиган вицериaл зооноз, тери антропонози ва зооноз лейшманиоз касалликлари учрайди.
Лейшманиоз бу дунё бўйича 98 та давлатдаги юқумли касалликларнинг глобал таҳлили бўйича 9-ўринда турадиган касаллик ҳисобланади.
Лейшманиоз – одамларда ва ҳайвонларда учрайдиган трансмиссив протозой касаллик бўлиб, қўзғатвчиси лейшмания ҳисобланади искабтопар чивинлар ташувчи бўлиб, чақиш йўли билан юқтирадилар.Инсонда иситмалаш, ички аъзолар ёки тери тўқималарининг шикастланиши билан намоён бўлади. Сут эмизувчилардаги лейшаниозлар 2 гуруҳга бўлинади:
1.Тери лейшманиози қўзғатувчиси (улар тери, териости тўқималарида ривожланиб, терида локал патологик ўзгаришлар пайдо қилади.)
2.Вицериал лейшманиози қўзғатувчилари (жигар, талоқ, лимфа тугунлари ва тўқималарда ривожланиб, аста-секин одам организмининг заҳарланишига олиб келади.
Вицериал лейшманиоз бу паразитар трансмиссив зооноз юқумли касаллик бўлиб, сурункали кечиши билан ҳарактерланади. Ушбу касаллик билан касалланган беморларда лимфоид-макрафагал тизимнинг шикастланиши, узоқ давом этувчи иситма, талоқ ва жигарнинг катталашиши, камқонлик ва иккиламчи иммуносупрессия ҳолатлари кузатилади.
Вицериалл лейшманиозни 3 та типда ўчоқлари бўлиб;
1.Табиий типи (қўзғатувчиси тарқалишида бўри, тулки ва чия бўрилар иштирок этади.)
2.Қишлоқ типи (қўзғатувчиси тарқалишида итлар),
3.Шахар типи (асосий манбаи итлар баъзан одам ҳисобланади).
Аҳоли пунктларида лейшманиоз касаллигини қўзғатувчиси итлар ҳисобланади. Дайди ва қаровсиз итлар ва уй ҳайвонлари туман Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан тутилиб, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлим соҳа вакиллари тиббий кўригидан ўтказилиб, текширилади.Тери лейшманиози касаллигини олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар асосан, дератизация, дезинсексия ва дезинфекция тадбирлари киради.аҳоли яшайдиган ва яшамайдиган пунктларда искабтопар, чивинларни кўпайишига йўл қўймаслик, бостирмалар, айвонлар, ҳожатхоналар, ўралар, чиқиндихоналарда кемирувчи инлари бўлишига йўл қўймаслик талаб этилади.
Бугунги кунда Учқудуқ туманида лейшманиоз касаллиги билан оғриган беморлар аниқланмаган. Шунингдек касаллик аниқланмаслиги, касаллик ўчоғи бўлмаслиги, эпидемиологик барқарорликни сақлаб қолишда баҳор мавсуми кунлар исишини ҳисобга олиб, эшик-деразаларни тўр сетка қўйиш, аҳоли яшаш хонадонларини тоза сақлаши, чиқиндихона, ҳожатхоналарни тоза тутиши, уй ҳайвонларини ветеринар кўригидан ўтказиши ҳамда ёз мавсумида пашшахоналардан фойдаланиш кераклигини маълум қиламиз.
Учқудуқ туман Санитария-эпидемиологик
осойишталик ва жамоат саломатлиги
бўлими энтомологи Г.А.Назарова
“Qrim-Kongo gemorragik isitmasi” tamanning deyarli barcha qismida qon quyilishlar hamda yuqori xarorat bilan, og‘ir kechuvchi, davolash muolajalari o‘z vaqtida boshlanmasa o‘lim bilan yakunlanuvchi yuqumli kasallik hisoblanadi.
Kasallik qo‘zg‘atuvchilari tabiatda odamlar faoliyatiga bog‘liq bo‘lmagan holda uzoq yillar saqlanishi kasallikning tabiiy o‘chog‘i deb ataladi. Tabiiy o‘choqda ushbu hududda yashovchi yovvoyi hayvonlar–cho‘l sichqonlari, tipratikonlar, yumronqoziqlar, quyon, bo‘ri, tulki, chiyabo‘ri kabilar kanalarning yil davomida yashab ko‘payishiga imkon yaratadi, kanalar esa o‘z navbatida tanasida kasallik qo‘zg‘atuvchisi bo‘lgan viruslarni saqlaydi.
Tabiiy o‘choqlar mavjud bo‘lgan hududlarga chorva mollarni boqish, oziqa jamg‘arish, dam olish uchun yoki ekspeditsiyalarga kelgan odamlar kana chaqishi natijasida kasallikga chalinishi, kanalarni o‘zlari bilan birga olib ketishi mumkun. Shuningdek kanalar ushbu hududlarda boqilgan chorva hayvonlari bilan birga ham olib ketiladi. Uy hayvonlarini parvarishlash, ozuqa berish, sog‘ish, junini qirqish jarayonida kanalar hayvonlar tanasidan odamlarga o‘tib kasallikni yuqtirish holatlari ro‘y berishi, yoki hayvonlar tanasidagi kanalarni yulish, kesish yo‘li bilan olib tashlaganda qon sachrashi natijasida odamlar kasallikni yuqtirib olishlari mumkin.
Kasallik mavsumiy bo‘lib, bu kasallikning asosiy tashuvchilari bo‘lgan kanalar kunlik harorat 10 daraja va undan yuqori ko‘tarilganda faollashib ozuqa manbaasi issiq qonli hayvonlar yoki odamlarga hamla qilishi bilan bog‘liq va asosan baxor yoz mavsumlarida qayd etiladi.
Kasallikning yashirin davri o‘rtacha 4-6 kunni tashkil etadi. Kasallik tana xaroratinig keskin ko‘tarilishi (39-40 darajaga), bosh og‘rig‘i, mushaklarda, qorin va bel sohasida og‘riqlar paydo bo‘lishi bilan boshlanadi. Bemorning ishtahasi yo‘qoladi, darmoni quriydi, kungli aynib qusadi, ichi suyuq o‘tadi, yuzi va shilliq pardalarning qizarishi kuzatiladi.
Ozroq vaqt (bir necha soat yoki kun) o‘tgandan so‘ning tana harorati tushadi va odam xuddi sog‘aygandek tuyuladi, lekin sal o‘tmasdan kasallikning ikkinchi –gemorragik davri boshlanadi. Bunda burindan qon ketishi, terida nuqtasimon quyilishlar, ukol qilingan joylarda qon quyilishlar kuzatiladi. Qon quyilishi ichki a’zolardat (oshqozon–ichak, bachodon) ro‘y berishi mumkun. Kasal odam ajratmalarida (qon, kusishmoddalari, siydigi, va boshqalar) ko‘plab kasallik viruslari bo‘lib, atrofagilarga katta havf tug‘diradi. Ko‘p qon yo‘qotish natijasida bemorning ahvoli og‘irlashib, yurak-qon tomir etishmovchiligi va boshqa organlar faoliyati chuqur buzulishi ro‘y beradi, o‘z vaqtida tibbiyot muassasasiga murojaat qilmasa bemor halok bo‘lishi mumkin.
Bemorni uyida davolash mumkin emas, davolash faqat maxsus statsionarlarda o‘tkaziladi, kasallikni uyda davolash bemor hayotiga va atrofdagilarga katta havf tug‘diradi. Kasallik barvaqt aniqlansa va tegishli davo choralari o‘z vaqtida o‘tkazilsa bemorlar to‘liq sog‘ayib ketadi.
Kasallikni yuqtirmaslik uchun quyidagi qoidalarga qat’iy amal qilish lozim:
-birinchi navbatda kanadan himoyalanish choralarini ko‘rish, cho‘l hududlarga chiqqanda vaqtin-vaqtin o‘zingizning, hamroxingizning ustini ko‘zdan kechirib kana bor yo‘qligini aniklab turish, kana kirmasligi uchun imkon darajasida oyoqqa etik keyish, shimning poychasini paypoq ichiga tiqib yurish;
-dorixonalarda mavjud bo‘lgan, kanalarni yaqinlashtirmaydigan maxsus priparatlardan foydalanish;
-chorva va uy hayvonlariga kana yopishganligini aniqlangan hollarda uni qo‘l bilan olib tashlashga yoki qaychi bilan kesishga harakat qilmasdan darxol veterinariya mutaxassisiga murojat qilish va uning maslahat va ko‘rsatmalarini bajarish;
-kana darhol chaqmaydi, odam tanasiga o‘tib olgandan keyin o‘ziga qulay issiq va pana joy (qo‘ltiq osti, chatan va boshqa) qidiradi bu vaqtda uni payqab qolsangiz darhol tibbiyot hodimlariga murojaat qiling, yaqin joyda tibbiyot maskani bo‘lmasa imkoni boricha kanani pensit yordamida, rezina qo‘lqop bilan olib tashlash kerak, agar kana tanaga yopishgan bo‘lsa uni yulib olmasdan, kananing ustiga kamfora yog‘i, agar u yuq bo‘lsa oddiy o‘simlik yog‘ini tomissangiz kana o‘zi so‘rg‘ichini tanadan chiqaradi, keyin uni osongina pensit yoki rezina qo‘lqop bilan olib tashlash mumkin;
maxsus vositalar yordamida kanalarga qarshi ishlov berilmagan qishloq xo‘jalik hayvonlarni junini qirqmaslik;
chorvachilik fermer xo‘jaliklari qirqimga jalb qilingan ishchilarni to‘liq maxsus kiyim (etik, kambenzon,qo‘lqop) bilan ta’minlashi, ishchilar shaxsiy gigiena qoidalariga qatiy rioya qilishlari;
veterinariya hodimlari tomonidan ko‘rikdan o‘tkazilib, sog‘lomligi haqida xulosa berilmagan xayvonlarni so‘ymaslik;
mavjud va sotib olinganchorva va uy hayvonlarini o‘z vaqtida yaqin veterinariya muassasalarida ro‘yxatga qo‘yish, ularni muntazzam ravishda veterinariya ko‘rigidan o‘tkazib, kanalarga qarshi ishlov berilishini ta’minlash;
sichqonlar va boshqa kemiruvchilar ko‘payishiga, axlat va go‘ng yig‘ilib qolishiga yo‘l qo‘ymaslik, kanalarga qarshi dezenfiksiya tadbirlarini o‘tkazib borish.
Xurmatli hamyurtlar! O‘z sog‘ligingizga befarq bo‘lmang! Yuqorida qayd etilgan qoidalarga qat’iy amal qiling, o‘zingizning va atrofingizdagi kishilarning sog‘ligini o‘ta havfli Qrim-Kongo gemorragik isitmasi kasalligidan muhofaza qilishga o‘z hissangizni qo‘shing!
Bo‘lim boshlig‘i R.Rizaqulov
Мамлакат фуқаролари тўғрисидаги маълумотлар ҳар қандай давлат миллий статистикасининг муҳим қисми саналади. Бундай маълумотлар маълум вақт оралиғида аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари орқали тўпланади. Улар нафақат республика, балки Ер юзи аҳолисининг сони, ижтимоий ҳолати, даромадлари каби бир қанча муҳим ахборотларни ҳисоблаб боришга хизмат қилади.
БМТ дунё мамлакатларига фуқаролар билан юзага келадиган бир қатор ижтимоий муаммоларнинг ечими ҳамда иқтисодий кўрсаткичларнинг демографик кўрсаткичлар билан мутаносиб равишда ўсиб боришини таъминлаш учун ҳар ўн йилда камида бир маротаба аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишни тавсия этади. Афсуски, юртимизда мустақилликдан сўнг кенг кўламда аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилмаган. Шу боис, мамлакатимизда илк бор 2023 йилда ўтказилиши кўзда тутилган аҳолини рўйхатга олиш тадбирига айни пайтда қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Аҳолини рўйхатга олиш мамлакат ҳудудида миллати, элатидан қатъий назар барча инсонларни бирлаштирадиган умуммиллий тадбир бўлиб, унинг ўтказилишидан барчамиз, сиёсий қарашларимиз ва ижтимоий мавқеимиздан қатъи назар бирдек манфаатдормиз. Боиси, мазкур йирик ижтимоий тадбир орқали, биринчи навбатда, жами аҳолининг сони, фуқаролиги, никоҳ ҳолати, одамларимизнинг таълим даражаси (ўрта, ўрта махсус ёки олий), яшаш учун даромад манбалари, уйсизлар сони, уй хўжалинининг яшаш шароитлари каби бир қанча кўрсаткичлар бўйича бугунги кунда етарлича мавжуд бўлмаган маълумотлар базаси шакллантирилади. Шаҳарча, маҳалла, қишлоқ ва овуллар сони ҳамда уларнинг чегаралари, турар жойлар сони, улардаги мавжуд шарт-шароитлар тўғрисидаги маълумотларга аниқлик киритилади.
Аҳолини рўйхатга олиш, аввало, давлат ёки ҳукумат эмас, балки жамиятнинг ўзи учун зарур бўлиб, у вақти-вақти билан ўз-ўзини кўзгуда кўриш орқали ривожланиш натижаларини баҳолаш имкониятидир. Рўйхатга олишда қатнашаётган ҳар бир фуқаро ўзи ҳақидаги маълумотларни тақдим эта туриб, ўзлари мансуб бўлган кишилар гуруҳига тегишли ижтимоий дастурларни ишлаб чиқишда иштирок этади.
Мисол учун, ишсизларнинг сўровномадаги жавоблари меҳнат бозорини ўрганиш ва айнан керакли жойда янги иш ўринлари яратиш имконини берса, болалар сони тўғрисидаги маълумотлар мактаб, мактабгача таълим муассасалари ва шу каби муассасалар қурилиши режаларини тузишда қўл келади. Ёш ҳақидаги маълумотлар пенсияга чиқадиганлар сони, уларнинг пенсия тўловлари учун зарур бўладиган маблағларни жамғариб бориш имконини беради. Ҳар йили мактабгача таълим, умумтаълим мактаблари ёки олий таълимга қабул қилинадиган ёшлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам худди шундай шаклланади. Яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар эса ҳар биримизнинг уйимизгача келадиган йўллар қурилиши, коммуникациялар билан таъминлашни режалаштириш учун зарур.
Ушбу тадбирларнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, улар орқали нафақат ўзимиз, балки келажак авлод учун муҳим маълумотларни тўплашга эришамиз. Аҳолини рўйхатга олиш натижалари мамлакатимизнинг кейинги демографик ва ижтимоий сиёсатини белгилаш билан бирга, республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозлари ҳамда дастурларини тузишда кенг қўлланилади. Кейинги ўн йилликка мўлжалланган оилаларни қўллаб-қўвватлашга қаратилган ижтимоий дастурларни шакллантириш, шифохоналар, болалар боғчалари, мактаблар ва уй-жой қурилишини режалаштиришда фойдаланилади.
Рўйхатга олиш натижасида шакллантириладиган мамлакатдаги иш берувчилар ҳақидаги маълумотлар хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва рағбатлантиришга йўл очади. Бизнес вакиллари рўйхатга олиш маълумотлари орқали меҳнат ҳамда истеъмол бозорининг ҳолатини баҳолаш, талаб ва таклифлар эҳтиёжини аниқлаш имконига эга бўлади. Бир сўз билан айтганда, аҳоли тўғрисида тўпланадиган маълумотлар барча соҳаларни ривожлантириб, мамлакатни янада тараққий эттиришга, жаҳон майдонида Янги Ўзбекистоннинг янгича қиёфасини акс эттирувчи омил бўлиб хизмат қилади.
Учқудуқ туман статистика бўлими
Интернет фирибгарлари томонидан фуқароларнинг банк пластик карталаридаги пул маблағларини турли хил ноқонуний усуллар ёрдамида талон-торож қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Хусусан, Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайтларига ўхшаш бўлган сохта веб-ресурслар орқали жиноятчилар ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда фуқаролардан банк пластик карта маълумотларни тақдим этилишига эришиб, ундаги маблағларни ўзлаштириб келаётганлиги аниқланди.
Хусусан, Телеграм ижтимоий тармоғидаги бир қатор гуруҳ ва каналларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги номидан COVID-19 вирусига қарши вакцинациядан ўтган фуқаролар бир маротабалик 750 минг сўм пул маблағларини беришга оид “фейк” ҳабар тарқатилиб, ушбу ҳабар остига бириктирилган ҳаволага кирилганида, 750 минг сўмни олиш илинжида бўлган фойдаланувчилардан банк пластик карта реквизитлари ҳамда СМС-хабарномада кўрсатилган махфий код-рақам сўралаётганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан ижтимоий ва демографик ҳолатни яхшилаш учун фарзанди бор оилаларга бир маротабалик 650 минг сўм пул маблағларини моддий ёрдам сифатида беришга оид қонун кучга кирганлиги тўғрисидаги “фейк” хабар тарқатилганлиги, хабар остидаги ҳаволага кирилганда, 650 минг сўм олишга эришиш учун фойдаланувчидан ўз банк пластик карта рақамларини ҳамда СМС-хабарномада кўрсатилган махфий код сўралади ва “эҳтиёжманд мижоз” ушбу маълумотларни киритгач, пластик картасидаги мавжуд пул маблағларидан маҳрум бўлиши аниқланди.
Тезкор тадбирлар натижасида, “фейк” хабар таъсирига тушган 1 нафар фуқаронинг 7,5 миллион сўм пул маблағлари Тошкент шаҳрида яшовчи 2000 й.т. Рустамов Ислом (исмлари ўзгартирилган) томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганлиги аниқланиб, ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, барча интернет фойдаланувчиларини мазкур “фейк” веб-ресурсларнинг ноқонуний фаолияти тўғрисида огох бўлишлари, тўлов тизимларидан фойдаланаётганларида эса, уларнинг расмий веб-сайтларида тақдим этилган хизматларга мурожаат этишлари сўралади.
Шимолий кон бошқармаси маънавий - маърифий ишлар бўйича кадрлар бўлими бошлиғи ўринбосари Бадалов Умирзоқ Нормуродович ҳамроҳлигида туманда жойлашган Шимолий кон бошқармасига қарашли “Кончи” сиҳатгоҳи билан танишиш мақсадида бу ерга ташриф буюрдик.
Шифо масканига киришимиз биланоқ, кўм-кўк дарахтлар, бир қатор ўриндиқлар, ҳовли саҳнидаги фаввора ва сунъий шаршара бизда катта таассуротлар қолдирди. 1968 йилда ташкил этилган сиҳатгоҳ биноси 2018 йилда капитал таъмирдан чиқарилиб, тўлиқ фойдаланишга топширилган.
Муассаса 90 ўринга мўлжалланган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 106 кишининг дам олиши ва даволаниши учун шароитлар яратилган.
- Сиҳатгоҳ ренит, бронхит, остеохондроз, умуртқа поғонаси грижаси каби 100 дан ортиқ касалликларда қўлланиладиган 20 га яқин янги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Шунингдек, физиотерапия, магнит терапияси, лазер терапияси, лемфотренажор ва сув муолажалари ҳам олиб борилади, - деди муассаса даволовчи врачи Дилора Тўхтабоева.
Бизни қувонтиргани дам олиш масканидаги катта кутубхона бўлди. Рус тили, ўзбек тили ҳамда қозоқ тилидаги бадиий - илмий адабиётлар, газета ва журналлар мутолаа учун мўлжалланган сокин залда жамлаб қўйилган.
-7 кун бўлди бу ерга келганимга ҳам даволанаяпман, ҳам дам олаяпман. Шифо масканидаги яратилган шарт-шароитлар, даво муолажалари, хизмат кўрсатаётган ходимларнинг муомаласи менга жуда ёқди, - дейди ШКБ темир йўл цехи ҳаракатдаги тартибни таъминловчи чилангари Салимжон Делов.
Сиҳатгоҳ фаолияти билан танишиш жараёнида дам олувчиларнинг аксарияти спорт залида стол тенниси, бильярд ўйинлари билан машғул эканлигининг гувоҳи бўлдик. Тренажер зали, сунъий қопламали мини футбол стадиони ҳам аҳоли хизматида.
Бундай спорт машғулотлари ва даво муолажалари давомида дам олувчиларнинг тўғри ва сифатли овқатланишлари ҳам жуда муҳим. Шу боис навбатдаги манзилимиз шу масканнинг овқатланиш хонаси бўлди. 80 ўринга мўлжалланган бу шинам ошхонада нонушта соат 06:00 дан 09:00 га қадар, тушлик 12:00 дан 14:00 гача ва кечги овқат 17:30 дан 19:30 гача давом этади. Айниқса, рўзаи Рамазон ойида рўзадор дам олувчилар учун саҳарлик ва ифторлик таомлари тайёрлаб берилаётганлиги таҳсинга лойиқ.
- Шимолий кон бошқармаси ишчи ходимларига қулайликлар яратиш мақсадида ишдан оиладан ажралмаган ҳолда келиб муолажаларни олиб, истасалар яна уйларига кетишлари ва эртасига яна келишлари мумкин, - дейди биз билан суҳбатда муассаса раҳбари Елена Александровна. –Корхона ишчи-ходимлари ва нафақада бўлган собиқ ходимлар 14 кунлик дам олиш ва даволаниш учун бор – йўғи 62 000 сўм тўлайди.
Бошқа дам олувчиларнинг тўловлари билан қизиқдик. Агар сиз Шимолий кон бошқармасида ишласангиз, турмуш ўртоғингизнинг 14 кунлик тўлови 2 182 000 минг сўм, бу тизимга умуман алоқаси бўлмаган дам олишни хоҳловчилар учун эса тўлов миқдори 3 800 000 сўмга тенг экан. Яна бир жиҳат, эндиликда сиҳатгоҳ бошқа ҳудудлардан ҳам меҳмонларни қабул қилишга тайёр эканлиги яхши янгилик бўлди.
“Кончи” сиҳатгоҳига ташрифимиз давомидаги таассуротларимиз билан ўртоқлашадиган бўлсак, Қизилқум бағрида жойлашган Учқудуқда ана шундай бетакрор, инсонни баҳри дилини очадиган жаннатмакон гўша борлигидан беҳад шод бўлдик.
Ўз соғлигига беэътибор бўлмаган сиз азиз юртдошларимизни барча-барчани “Кончи” сиҳатгоҳига таклиф этиб қоламиз!
Дилноза ТОШНИЁЗОВА.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, чекка ҳудудлар аҳолиси учун муносиб турмуш шароитларини яратиш борасида кенг миқёсли ишлар амалга оширилмоқда.
Буни биргина Учқудуқ тумани мисолида айтадиган бўлсак, олис овуллар инфратузилмасини яхшилаш, аҳолининг ҳаёт ва яшаш даражасини ошириш, ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида “Қулқудуқ”, “Мингбулоқ”, “Узунқудуқ”, “Шалхар”, “Йўлчилар”, “Бузаубай” ва “Кокаяз” сингари овулларда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.
Жумладан 2017-2021 йиллар давомида 35,8 км. ичимлик сув қувурлари тортиш ва реконструкция қилиниши натижасида 6 та аҳоли пунктида 27 км узунликда тоза ичимлик суви билан таъминланди. Ушбу даврда 10 км электр тармоқлари реконструкция ва модернизация қилиниб, электр энергия таъминоти тўлиқ ечилди.
Шунингдек, 18 км. автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди. Ўнлаб мактаб, мактабгача таълим ташкилоти, қишлоқ оилавий поликлиника, овул фуқаролар йиғини биносида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Ёки бўлмаса, 2 та мактабгача таълим ташкилоти, 1 та қишлоқ оилавий поликлиника, 2 та овул фуқаролар йиғини биноси, 1 та сунъий қопламали майдон бутунлай янгидан бунёд этилди.
Мазкур ишларни амалга ошириш учун 2018 йилда – 8168,7 млн. сўм, 2019 йилда – 24259, 1 млн. сўм, 2021 йилда – 11971,0 млн. сўм миқдорида бюджет маблағлари сарфланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Учқудуқ туманида ҳам 14 нафар ҳоким ёрдамчилари фаолияти йўлга қўйилган.
Улар томонидан йил бошида тумандаги мавжуд 10 457 та хонадон 100 фоиз хатловдан ўтказилди. Бугунги кунда туман овулларида 2177 та хонадонда 7576 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Хатлов натижаларига кўра 4 тоифага ажратилди. Биринчи тоифа – даромади кам, бироқ даромад топишга ҳаракат қилаётган хонадонлар 79 тани ёки 4,1 фоизни ташкил қилади.
Иккинчи тоифа – доимий даромадга эга, қўшимча даромад топиш истагида бўлган хонадонлар 1043 тани ёки, 53,9 фоизни ташкил қилади.
Учинчи тоифа – ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва ўзига тўқ хонадонлар 730 тани ёки 37,7 фоизни ташкил қилади.
Жорий йил январь-март ойларида 62 нафар овуллар фуқароларига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 1896,5 млн. сўм миқдорида кредит ажратилди.
Жумладан, қишлоқ хўжалиги йўналишига 1784,0 млн. сўм, шундан майда шохли чорва моллари учун 111,5 млн. сўм, туячилик учун 120,0 млн. сўм, йилқичилик фаолиятини йўлга қўйишга 549,0 млн. сўм йўналиштирилди. 112,5 млн. сўм маблағ хизматлар соҳасини ривожлантиришга ажратилди.
Ушбу рақамларни ҳудудлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, Шалхар ОФЙ – 399,8 млн. сўм, Мингбулоқ ОФЙ – 303,6 млн. сўм, Йўлчилар ОФЙ – 305,1 млн. сўм, Кокпатас МФЙ – 248,8 млн. сўм, Узунқудуқ ОФЙ – 245,6 млн. сўм, Алтинтау ОФЙ – 207,0 млн. сўм, Боздун ОФЙ – 117,4 млн. сўм, Кокаяз ОФЙ – 75,2 млн. сўм маблағлар мазкур ҳудудлардаги фуқароларга имтиёзли кредит асосида ажратилди.
Иш излаётган 159 нафар фуқаронинг 13 нафари доимий ишга жойлаштирилган бўлса 63 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган.
Овулларда истиқомат қилаётган аҳоли асосан чорвачилик йўналишини яхши ўзлаштирганлиги боис, 93 та хонадонга 2772,2 млн. сўм ҳисобига 1656 бош қўй ва эчки тарқатилди. Бу ишлар ҳали давом эттирилади.
Шунингдек, Бандликка кўмаклашиш мақсадли жамғармаси ҳисобидан 13 нафар фуқарога иссиқхона ташкил этиш, меҳнат қуроллари сотиб олиш ҳамда ҳунармандчиликни йўлга қўйиш учун 54,0 млн. сўм миқдорида субсидия ажратилди.
Жумладан, Алтинтау овулидан “Ёшлар дафтари” га киритилган Жанна Оринбасарова, Рзагул Қожабекова, Мингбулоқ овулидан Молдир Ерназароваларнинг олий таълим муассасаларида ўқиш учун шартнома пулининг 50 фоизи тўлаб берилган.
Кокпатас маҳалласидан Азизбек Бердиёров, Олег Абдиғаниев, Аброр Ҳамроев, Мафтуна Расулова, Шалхар овулидан Камшат Ерғалиеванинг ҳайдовчилик гувоҳномасига ўқиш пулларининг 75 фоизи тўлаб берилган.
Алтинтау овулидан Аружан Смагулова, Мингбулоқдан Зуҳра Жумамуратовага субсидия асосида тикув машинкаси берилган бўлса, Амангелди Улғасбаевга сафарбарлик чақируви резерви учун тўлов суммаси тўлаб берилди.
Туман марказидан олисда жойлашган овуллар аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга кўрсатилаётган кўмаклар хусусида кўплаб мисолларни келтириб ўтишимиз мумкин.
Бундан ташқари, овуллар аҳолиси ёшлари ва аёллари нафақат иқтисодий томондан қўллаб-қувваланмоқда, балки улар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, билим ва кўникмаларини ошириш, истеъдод ва салоҳиятларини рўёбга чиқаришга доир бир қанча спорт мусобақалари, маърифий-маданий тадбирлар ҳам ўтказиб келинмоқда. Ушбу беллашувларда фаол иштирок этаётган ёшлар мунтазам рағбатлантирилмоқда.
Минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрку зийнати бўлиб келаётган янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўзи олам олис овулларимизда ҳам муносиб тарзда нишонланди.
Барча овулдошларни миллий ва баҳорий таомлар билан безатилган дастурхон атрофига бирлаштирган халқ сайлларида қадимий қадрият, урф-одат ва анъаналар намойиш этилди. Спортнинг миллий кураш, арқон тортиш, тош кўтариш, армрестлинг турларидан беллашувлар бўлиб ўтди.
Айниқса, Мингбулоқ, Боздун овулларида улоқ-кўпкари мусобақалари ташкил этилганлиги ёшлар ўртасида миллий халқ ўйинларини ифода этган от спортига бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганидан далолатдир.
Дарҳақиқат, Янги йил – Наврўзнинг юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни беқиёсдир.
Юқорида қайд этилган тадбирлардан кўзланган мақсад юртимизда рўй бераётган ўзгаришлар, олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг барчаси аввало инсон қадрини улуғлаш ижтимоий кўмакка муҳтож аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборатдир.
Албатта, Учқудуқ туманида аҳолини айниқса марказдан олисда жойлашган овуллар аҳолисини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга доир ишлар бундан кейин ҳам изчил амалга оширилади.
Райҳон ҚОДИРОВА,
махсус мухбиримиз.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ўлкамизга ойларнинг султони, Аллоҳнинг муборак китоби — Қуръони карим нозил бўлган ой моҳи Рамазон ташриф буюрди. Бу ой Қуръон, тақво, барака, раҳмат, мағфират ойидир. Шу боис, бутун дунё мусулмонлари бу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиради.
Рамазон ойи гуноҳлардан ювилиб, дўзахдан паноҳ бўладиган ой. Ҳақ таоло барчамизни мана шундай муборак ойга насиб этиб турибди. Расулимиз алайҳиссалом марҳамат қилиб айтадиларки: “Рамазон ойи кирганда жаннат эшиклари очилади, жаҳаннамга қулф солинади ва шайтонлар кишанланади.” (Имом Бухорий). Шу боис, ҳар йили юртдошларимиз ушбу ойни кўтаринки кайфият, ўзгача шукуҳ, алоҳида тайёргарлик ва катта хурсандлик ила кутиб олади.
Аллоҳга шукрки, масжидларда мўмин-мусулмонлар билан таровеҳ намозларини адо этамиз, хатми Қуръон ўқиймиз, юртимизга қут-барака ёғилишини Ҳақ таолодан сўраймиз.
Бунинг учун барча шароитлар яратилган, имкониятлар етарли. Энг муҳими, икки бебаҳо неъмат ҳаётимизни, турмушимизни файзиёб қилиб турибди. Булар – юртимиз тинчлиги ва халқимиз саломатлиги. Расулимиз Муҳаммад (с.а.в) “Икки неъмат борки, кўпчилик унинг қадрига етмайди. Булар сиҳат-саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир”, дедилар.
Тинчлик бўлмайса, тўй татимайди, дейди доно халқимиз. Шукрки, мамлакатимизда тинчлик-хотиржамлик ҳукм сурмоқда. Рамазон рўзасини тутиш, ибодатларда собит бўлиш учун давлатимиз томонидан барча шароит ва имкониятлар яратилган.
Рамазон фазилати ҳақида Салмон (розияллоҳу анҳу) қилган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир”, деганлар.
Моҳи Рамазонда адо этиладиган солиҳ амаллар эвазига мўмин-мусулмонлар жуда катта ажр-савобларга эришади. Рамазон ойида Аллоҳ таоло фарз қилган рўза тутилади, масжидларда таровеҳ намозлари адо этилади, хатми Қуръон ўқилади.
Рамазон – Қуръон ойи. Аллоҳ таолонинг каломи айнан шу ойда нозил бўлган. Ҳақ таоло бундай дейди: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят манбаи ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир” (Бақара сураси, 185).
Тафсир китобларида келишича, Қуръони карим Рамазон ойининг Қадр кечасида Лавҳи маҳфуздан дунё осмонига туширилган. Сўнгра йигирма уч йил давомида воқеа ҳодисалар ривожига мувофиқ равишда бўлиб-бўлиб Пайғамбаримизга индирилган.
Рамазон — хайр-саховат ойи. Пайғамбаримиз бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетардилар. Рамазон инсонларни ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга, кексалар ва беморлар, яқинлар ҳолидан хабар олишга, муҳтожларга хайр-саховат қилишга чақиради. Шу орқали шахсда меҳрибонлик, хокисорлик, бағрикенглик фазилатларини тарбиялайди.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “...Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (“Саба” сураси, 39-оят). Бинобарин, карамли инсон ҳеч қачон зиён кўрмайди, мол хайр-эҳсон қилиш билан камаймайди, балки савоб кўпаяди, Рамазон баракотидан исломий шахсият тўкис бўлади.
Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг бир ҳадиси шарифида рўзадорнинг сифатлари зикр этилиб, рўзадорнинг дуоси мақбулдир, дейилди. Чунки инсон Аллоҳ таоло учун нафсининг орзуларини тарк этгани боисидан дуоси ижобат бўлади. Шунинг учун ҳам бу қутлуғ ойда чин қалбдан, ич-ичдан, дунё ва охират саодатини астойдил сўраб дуолар қилишимиз керак.
Рамазони шариф ҳар бир хонадонга, жонажон юртимизга қут-барака, соғлик-омонлик ва бахту саодат ҳамда файзу шукуҳ олиб келсин!
Барчамизга фазилатли Рамазон ойи муборак бўлсин!
Абдижалол ТУРДИЕВ,
“Қизилқум” жомеъ-масжиди имом-хатиби.
Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ҳар ҳафтанинг чоршанба кунида Шимолий кон бошқармаси объектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш бўлими томонидан ўрганишлар олиб борилмоқда.
Тасдиқланган режага асосан ўтказилаётган ўрганиш тадбирларида корхона-ташкилот ва бўлинмаларнинг баҳорги ёзги мавсумга тайёргарлик жараёни текширувлардан ўтказилмоқда. Шунингдек, фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш, ис газидан сақланиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш бўйича тарғибот ишлари ҳам қўшиб олиб борилаётир.
Ана шундай тарғибот тадбирлари Геотехнология кони ва участкалари, 3-сонли гидрометаллургия заводи, «Шарқий» кон масканининг участкалари ва тоғ-кон механизмлари, Автомобиль транспорт бошқармаси, Марказий физика ва кимё лабораториясида ўтказилди. Видеороликлар тайёрланиб, намойиш этилди.
Жорий йил биринчи чорагида тезкор текширишлар давомида аниқланган камчиликлар юзасидан объектлар раҳбарлари номига 13 та тақдимнома киритилди. Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида берилган 48 та назорат таклифларининг ижроси таъмиланди.
Юқорида қайд этилган корхона ва масканларда 32 маротаба тарғибот тадбирлари ўтказилиб, унда 598 нафар ишчи-ходимлар иштирок этди. 64 нафар янгидан ишга қабул қилинувчи фуқаролар билан 7 маротаба бирламчи йўриқномалар ўтказилди. 38 та носоз ҳолатда бўлган электр қурилмаларининг фаолияти вақтинчалик таъқиқланди.
Шунингдек, баҳорги-ёзги мавсум даврида амалдаги ёнғин хавфсизлиги қоида талабларига риоя қилмаган 29 нафар раҳбар ва ходимларга нисбатан 6 миллион 48 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди.
Бундан ташқари, жойларда баҳорги ёзги мавсумда хавфсизлик талаблари ва ис газидан захарланишнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ишлари ҳам олиб борилмоқда. Бунда ШКБ объектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш бўлимининг барча ҳарбий хизматчилари жалб қилинган.
Фуқаролар билан ўтказилаётган тадбирлар ва давра суҳбатларида электр қурилмалари ва газ мосламаларидан хавфсиз фойдаланиш, таъмирлаш ишлари вақтида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Санжар БАҲОДИРОВ,
ШКБ ОЁХТТEБ ходими, капитан,
Даврон АСАДОВ,
ШКБ ОЁХТТEБ ходими, сержант.
Аҳолининг ёрдам ва кўмакка муҳтож қатламларини аниқ, манзилли асосда қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати йўлга қўйилган.
Шу жумладан Учқудуқ туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди қошида “Саховат ва кўмак” жамғармаси фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, жамғармага ўтган 2020-2021 йиллар мобайнида 1 млрд. 330 млн. сўм миқдорида хайрия ва ҳомийлик маблағлари келиб тушган. Ушбу маблағлар Халқ депутатлари Учқудуқ туман Кенгаши қарорлари асосида 887 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож вақтинча ўз даромадини йўқотган ишсиз оилаларга 1 млрд.235 млн. сўмлик кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари, пул маблағлари ва бошқа маҳсулотлар кўринишида берилган.
Жорий йилнинг биринчи чорагида эса кам таъминланган тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож 59 та оилага 107 млн. 980 минг сўм нақд пул кўринишида бир марталик моддий ёрдам берилди. Уларнинг 13 нафарига соғлигини тиклаш учун 32 млн. 500 сўм, 46 нафар фуқарога оилавий шароитини яхшилиш учун 75 млн. 480 минг сўм кўмак кўрсатилди.
Меҳр-мурувват, хайр-саховат каби эзгу амаллар халқимизнинг азалий қадрияти ҳисобланади. Бу каби саховат кўмаклари бундан кейин ҳам тизимли амалга оширилади.
Икром РАХИМОВ,
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди
Учқудуқ туман бўлинмаси бошқарувчи раиси в.б.