Талабалик даврларимиз ўқиганим Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” асарини ёзиш учун адиб туғилажак асар қаҳрамонлари билан кенг далаларда меҳнат машаққати ва роҳатини тотган, бирга ухлаб, бирга тонг оттирган, хуллас, улар билан ҳамнафас бўлган экан. Бу жараёнлар натижасида “Отамдан қолган далалар” дунёга келган. Тоғдек ёзувчига ўзимни тенглаш фикридан йироқлигимни таъкидлаганим ҳолда, мен ҳам бир кунга шаҳар марказидаги атмосферадан бироз узоқлашдим. Ишчи-ходимлар билан бирга, бир автобусда, уларнинг меҳнат шароитлари, саноат ҳудудларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида, Шимолий кон бошқармасининг йирик, аҳамиятга молик бўлинмаларидан бири Автомобил транспорти бошқармасида бўлдим.
Автомобил транспорти бошқармаси туман марказидан 35 километрлик масофа, ярим соат-қирқ дақиқалик йўлни ташкил этади. Яна бир янги кунни хайрли ўтказишни мақсад қилган бир неча ишчи-ходимлар билан автобусга ўтирдим. Аҳоли талқинида “13-микрорайон” дея аталувчи “Чўл гули” кўчасидан кейин бошланадиган кенгликлар ортидан куз фаслида яшаётганини унутгандек, ёзга хос нур сочаётган қуёшнинг тафтини иссиғу совуққа саботли саксовуллар сингдириб, доимий ҳамроҳларига айланган ходимларга тонгги майин шабода тақдим этаётгандек. Автобусдаги мусиқа кимгадир эрталабки сокинлик орқали ишда ва оилада янги мақсадлар тузишга имкон беради, кимдир фарзандлари тарбияси ҳақида ўйлаб қолади, кимлардир битмайдиган рўзғор юмушларини битириш илинжида, яна кимдир ота-онасини хурсанд қилиш ўйида... хуллас, ярим соатлик йўл тафаккур қилувчилар учун мушоҳада этишга айни муддао!
Автобус Автомобиль транспорти бошқармаси томон қайриларкан, ўнг томонда ўзгаришлар бўй кўрсата бошлайди. Ҳурматли Президентимизнинг иқтибослари ифодаланган ёзув илдирилган бокс янгидан барпо этилган. Автомобил транспорти бошқармаси азаматлари авваллари саҳронинг инжиқ табиати, ёмғир, қорларини енгиб, очиқ осмон остида баҳайбат техникалар таъмирини амалга оширишарди. Ходимлар меҳнат шароитларини яхшилаш, таъмир ишларини олиб боришда унумдорликка эришиш, мақсадида, ана шу таъмирлаш бокси қуриб битирилди. Бокснинг ички ҳудуди “гулливер” техникалар учун қулай таъмирлаш зонаси ҳисобланиб, ҳаво-айланиш (вентилляция), ёз ва қиш мавсумида иситиш-совутиш тизимига ва юк кўтариш қобилияти
16 тонна бўлган кўприкли кранига эга.
Автомобил транспорти бошқармасида инструментал омборхонанинг қурилиши ҳамда, ташкилотнинг аҳамиятга молик қисми бўлмиш марказий таъмирлаш устахонасига ўрнатилган юк кўтариш қобилияти 32 тонналик кўприкли кран таъмирлаш жараёнларини жадаллаштириш учун мутлақо зарур жиҳоз! Бу ҳудудда шижоат ва тезкор техник ечим бир дақиқа бўлсин, тўхтаб қолган эмас.
Мутахассислар ва тажрибали ходимларнинг катта тоғ-кон юк автомобилини қуршаб олиб музокара қилишаётган қизғин пайтидан фойдаланиб, улкан техниканинг салобатидан ҳайиқиш мени унга яқинлашмасликка ундаса-да, кўнглимдаги қизиқиш устун келиб техника қоидаларига амал қилган ҳолда, оғир юк автотехникасини кузатаман. Ҳайдовчи курсисидан пастга қараб ўлчанганда 3 метрни ташкил қиладиган баландлик ва кузов кўтарилганида 8 метргача борадиган юксаклик ҳар қандай нозик жинс вакилаларига баҳайбат кўринади, албатта! Шундай бўлса-да, кўнгилдаги шижоат техниканинг кузовини ҳам обдон томоша қилишга ундади. Эндигина 2 ёшга тўлган алпкелбат техниканинг ҳайдовчи учун мўлжалланган кабинаси гўё смарт хонадек!
Хуллас, бу оғир юк техникаси ичида яратилган қулайлик кимнингдир уйида ҳам топилмайди. Шинам, хавфсиз, самарали техника! Фидойилик билан меҳнат қиладиган, давлат мулкини кўз қорачиғидай асрай оладиган ҳар қандай моҳир ҳайдовчига бундай техника билан катта маош насиб этиши тайин!
Миллиардлаб маблағлар эвазига келтирилган техниканинг “организми” учун ҳам ана шундай харажат сарфланади. “Биз йилига фалон тонна олтин ишлаб чиқарамиз!”, дея фахрланамизу корхонамизга, бизнинг ризқимиз боғланган ташкилотимизга милён-милён харажатлар ортидан келтириладиган маҳсулотларни ҳисобга олмаймиз. Шундай пайтларда фаросатли Фармонбувининг “Боқивой, сен оиламизга келаётган даромаддан ҳайратланганингда, бу рўзғорнинг харажатини ҳам ёддан чиқарма!”, деган пурмаъно сўзларини ҳам эслайман.
Сўнгги йилларда Автомобил транспорти бошқармасига жаҳон андозалари даражасидаги замонавий янги тоғ-кон технологиялари жорий қилинди, йирик ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Япония давлатининг “КОМАТSU”, АҚШнинг “CATERPILLAR”, Беларуссиянинг “БелАЗ” компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган катта ҳажмдаги тоғ-кон жинсларини ташувчи автоағдаргичлар, бульдозерлар, фронтал юклагичлар, автогрейдерлар, таъмирлаш устахона автомашинаси, ёқилғи тарқатиш автомашинаси, шиналарни сочиб-йиғиш стенди келтирилди. Хориж техникаларининг барқарор ишлаши, ишлаб чиқариш унумдорлигини ошириш, техникаларнинг кафолатли муддатларини назорат қилиб бориш ва доимий техник сервис кўрсатиш мақсадида, Автомобил транспорти бошқармаси ҳудудида “КОМАТSU”, “CUMMINS” ва “CATERPILLAR” компанияларининг вакиллик бинолари қурилди.
Юқорида келтирилган техникалар бу – барчаси ишчи-ходимлар манфаатини кўзлаб, турмуш сифатини яхшилашни мақсад қилиб бажарилган ишлардир.
Суҳбатдош бўлганим фойдаланиш бўлими оғир юк автомобили ҳайдовчиси Жасур Уралов бугунги кунда ўзи ва ҳамкасбларининг эришган ютуқларини ташкилот раҳбарларининг адолати, ташаббускорлиги ортидан деб билади. Тиришқоқ ва меҳнатсеварлиги юз-кўзидан аён ҳайдовчи шу пайтга қадар ота-онасига моддий томондан юк бўлмагани, аксинча, бугунги кунда оилавий бюджетидан орттириб, улар кексайган пайтларида кўмаклашиб, ота-она ризолигини олаётганидан бахтиёрлигини тўлқинланиб гапирди.
Яқин йилларда ҳайбатли ғилдираклар - катта ўлчамли шиналарни таъмирлаш ва ямаш ишчилардан катта куч талаб этарди. Улкан шинани “кўтариб олган” техникани кўрдиму мен авваллари ишчиларнинг шиналар билан қандай тил топишишганини тасаввур ҳам қилмасдим.
“TIP-TOP” деб аталувчи цехда ана шу шиналар таъмирланади. Цехнинг аҳамиятли томони - цехнинг цехга ўхшамаслиги! TIP-TOP ҳозирги замон талабларига мос келадиган қуйма пол билан жиҳозланди. Ички ёнув двигателларини таъмирлаш цехи ҳам худди шундай замонавий кўриниш олди. Шинам ва ёрқин зални эслатувчи цехлар ишчиларга маданий ҳордиқ кайфиятини улашади, жонли табиат бурчагидаги қушлар ва аквариумдаги балиқлар олами эса Автомобил транспорти жамоаси мўъжиза ярата олишга қодир жамоа эканига ишорадир!
Жамоада меҳнат қилаётган Комил Эшонов, Авазмурот Юлдашев, Бахтишод Маматов, Санжар Тагаев, Нурали Жўраев, Меҳриддин Бўранов, Нодирбек Ниёзов, Мирзо Камолов, Дадахон Эшқувватов каби илғор ходимлар яратувчанлик фикри билан бўлинма ҳаётида муҳим ўринга эга мутахассислардир.
Бунёдкорлик бутун Автомобил транспорти бошқармасини қамраб олган. Жиҳозларни таъмирлаш бўйича навбатчи чилангарларнинг кийиниш ва ювиниш бинолари, аккумулятор цехи, лаборатория биноси тўлиқ капитал таъмирланди ва спектрометр қурилмаси олиб келиниб ишга туширилди. Фойдаланиш маъмурий биноси ва ишчи-ходимлар учун янги ошхона қуриб фойдаланишга топширилди.
2021-2022 йиллар Автомобил транспорти бошқармасида амалга оширилган диққатга сазовор ишлар ортида бутун жамоа, қолаверса, Ўткир Қодиров, Шерали Худойбердиев,
Фаррух Ризоев, Умиджон Арипов, Достон Қаххоров, Самандар Баротов каби салоҳиятли, ғайрат-шижоатли ходимлар ва ташаббускор ёшлар ҳам бор.
Шимолий кон бошқармасида инсон ҳаёти хавфсизлиги энг асосий масала. Зеро, ташкилот ҳар бир ходимнинг уйига - оиласи бағрига соғ-омон қайтишини кафолатлайди.
Ишчи-ходимларнинг ҳам меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилган ҳолда, виждонан меҳнат қилиши бу – касбига, ташкилотга, қолаверса, оиласига кўрсатган садоқати, десак муболаға бўлмас.
Ҳар тонг масъулиятли касбини талофотларсиз ўтказиш ўйи билан иш бошлайдиган Ўткир Зиёевнинг қалбида ҳам ишчи-ходимларнинг оилавий бутунлигини сақлашга эришиш, саломатлигини назорат қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш каби эзгу мақсадлар бор.
Ана шундай эзгу мақсадлардан яна бири ҳайдовчиларнинг касбий маҳоратини оширишдир, зеро моҳир ҳайдовчи билан кўзланган маррага омон етиб бориш мумкин! Автомобил транспорти бошқармасида қуриб фойдаланишга топширилган ўқув-машғулот биноси симулятор ўқув-амалиёт тренажери билан таъминланган бўлиб, тренажер баҳайбат тоғ-кон автомобилининг кабинасини эслатади, ускуна ишга тушиши билан кўз олдингизда каръер майдонлари пайдо бўлиб, гўёки
кон-қазилма ҳудуди бўйлаб алпқомат техникада ҳаракатланаётгандек ҳис этасиз ўзингизни. Ҳайдовчилар бу ерда алоҳида йўналтирилган тажрибали устозлар Ҳомид Жумаев ва Петр Коптев ёрдамида амалиёт ўтайдилар. Амалиёт натижалари компьютер орқали - инсон омили иштирок этмайдиган холис баҳолаш методи бўйича аниқланади. Авваллари ўқув-амалиёт ўташ учун бир гуруҳ ҳайдовчиларга конда ташиш ишлари билан банд бўлган техникани кунлик жадвалидаги ишдан озод қилиш, ёқилғи-мой маҳсулоти сарфи, шиналар таъмири каби кўплаб оворагарчиликлар бўлган, яъни кон бошқарма ўқув-амалиёт учун миллионлаб зарарларга ишлар эди. Ҳозирда мўъжизанинг ўзи бўлган симулятор орқали ҳар соҳада катта иқтисодий тежамкорликка эришилган.
Шу ўринда бўлинмада Автомобил транспорти бошқармаси касаба уюшма қўмитаси раиси Зафар Санаев меҳнат фаолиятига қисқача чизги бериб ўтсам. Уни чин маънода ўз ишига ва виждонига содиқ меҳнат қиладиган касаба уюшма қўмитаси раиси, десак муболаға бўлмайди. Бўлинма ишчи-ходимларининг ижтимоий мазмундаги масалаларига одил ечим топишда, ишчиларнинг меҳнат таътилини муносиб ўтказиш, таътил кунларида ўз саломатлигига аҳамият бериш, маданий дам олишларини таъминлаш мақсадида йўлланмалар тақсимоти учун ниҳоятда адолатли. Халқ демократик партияси депутати сифатида ҳам бажарган ишлари таҳсинга лойиқ.
Бу ҳақда албатта, кейинчалик батафсилроқ ёзишни дилимга тукканман.
ХУЛОСА ЎРНИДА
Бир неча йиллар аввал ушбу ташкилот ҳақида кўрсатув тайёрлаганимда, Қаҳрамон Бомирзаевнинг ёш мутахассис бўлишига қарамай, ўзининг қатъий қарорига эга эканига гувоҳ бўлгандим. Бугун раҳбарларнинг илмга чанқоқ ходимни қўллаб-қувватлови асосида унинг транспорт саноатига керакли, муаммоли саволларга тезкорлик билан ечим топувчи мутахассис бўлганини кўриб, ўша пайтлар хаёлимдан ўтган фикрда янглишмаганимни тушундим.
Бугунги Автомобил транспорти бошқармаси аввалгисидан бутунлай фарқ қилади. Жамоадаги
техник-технологик янгиланишлар, кон бошқарма бўлинмалари орасида ҳамиша олдинги сафда туришга интилиш, илғор ғояларни реал ҳаётга – саноатга тадбиқ қилиш бўлинма раҳбари
Ахат Қурбановнинг кундалик режаси ва мақсадидир. Бугун, Автомобил транспорти бошқармасига бўлган бир кунлик кичик “сафарим” асносида ана шу режаларнинг аниқ мақсад асосида бажарилган ифодасини кўрдим. Албатта, босиб ўтилган муваффақият бир ёки бир неча чоғли гуруҳ билан амалга оширилмайди, балки бунинг ортида катта жамоанинг улкан ва машаққатли меҳнати бор.
Автобусда қайтарканман, ўша – бизларни кутиб олган таниш қуёш қайтишимизда ҳам ойнадан нур таратиб ҳамроҳлик қилди. Энди автобус ичи эрталабки сокинлик ўрнига ходимларнинг ўзаро ҳазил-ҳузули билан жонланган, фаҳмимча, улар Ватан олдидаги вазифаларининг бир кунини ёруғ юз ила якунлаганлари ва магнитдек ўзига чорлаб турувчи
маскан – оилаларига омон бораётганларидан хурсанд!
Тонгдаги мақсадимни жамлаб, ўй-хаёллар оғушида қайтарканман, беихтиёр орқа ўриндиқда бир ходима аёлнинг (менимча яқиндагина ишга қабул қилинган бўлса керак!) шукрга тўлиқ, Шимолий кон бошқармасидан миннатдор, тақдиридан рози оҳангдаги сўзларидан қалбим қувончга тўлди. Ундаги шукур менга кўчгандек бўлди! Кун давомида кўрганим кўплаб хотин-қизлар учун номаълум техник дунё кўз олдимдан ўтдию мендек бир сўз тузувчи, оддий бир аёл учун техник янгиликлар оламини очган тақдиримдан ўргилай, дедиму автобусдан тушиб уйимга фарзандларим оғушига ошиқдим.
Нилуфар Муйдинова
ШКБ кадрлар бўлими мутахассиси