Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Турсунов Кобул Бекназарович Учқудуқ туманида бўлиб, депутатлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан тарғибот йиғилиш ўтказди.
Тарғибот тадбири Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз учинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонун ва кўриб чиқилган масалаларнинг мазмун моҳиятини аҳоли ва кенг жамоатчиликка етказиш масаласига бағишланди.
Йиғилиш аввалида Учқудуқ тумани ташкил этилганлигининг 40 йиллиги муносабати билан чоп этилган “Учқудуқ кеча ва бугун” китоб альбоми туман ҳокими томонидан Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Турсунов Кобул Бекназарович эсдалик учун топширилди.
Шундан сўнг, 2022 йил 7 октябрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда сенаторлар томонидан қабул қилинган 11 та масала, шу жумладан 6 та қонун юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Ҳар қандай глобал шароитда, ҳар қандай вазиятда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, иқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, ёш авлод таълим-тарбиясига янада жиддий эътибор қаратиш муҳим вазифалардан саналади.
Олий Мажлис Сенатининг ўттиз учинчи ялпи мажлисида ушбу йўналишларнинг ҳуқуқий асосини такомиллаштиришга оид бир қатор масалалар сенаторлар томонидан атрофлича кўриб чиқилди ҳамда қизғин фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Сенатнинг ялпи мажлисида сенаторлар янги таҳрирдаги “Стандартлаштириш тўғрисида”ги Қонунни муҳокама қилдилар.
Қайд этилганидек, амалдаги қонун 1993 йилда қабул қилинган бўлиб, бугунги кун талабларига ва стандартлаштириш соҳасидаги халқаро ҳужжатларга мазмунан тўғри келмайди.
Қонун мақсади стандартлаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдир. Қонунда давлат стандарти тушунчаси мажбурий бажариш маъносини англатгани боис хорижий тажрибаларга таянган ҳолда “миллий стандарт” тушунчасига ўзгартирилмоқда. Чунки миллий стандартлар ихтиёрий асосда қўлланилиши белгиланмоқда.
Жаҳон Савдо ташкилоти, Стандартлаштириш бўйича халқаро ташкилот ва бошқа ташкилотлар талабларига мувофиқ, ишлаб чиқарувчилар истеъмол бозорлари ёки хорижий бозорларга кириб бориши ҳамда рақобатбардошлилигини ошириб бориши учун стандартлар ихтиёрий асосда қўлланилади.Қонуннинг қабул қилиниши билан 18 мингдан ортиқ стандартлар мажбурий тусдан ихтиёрийликка ўтади. Шу билан бирга халқаро, минтақавий ва хорижий стандартларни Ўзбекистон Республикасида қўллаш тартиби жорий этилмоқда. Бунда улар Миллий органнинг қарори билан миллий стандартлар сифатида ўзгаришсиз қабул қилиш орқали қўлланилади.
Шунингдек, стандартлаштириш соҳасида муайян муддатга қабул қилинадиган “дастлабки стандарт”ни (DS – Dastlabki Standart) қўллаш тартиби жорий этилмоқда.
Турли хил идоралар кесимида стандартлаштириш бўйича ишларни алоҳида-алоҳида олиб бориш амалиёти бекор қилиниб, стандартларни экспертизадан ўтказиш, тасдиқлаш, рўйхатга олиш, янгилаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколати стандартлаштириш бўйича Миллий орган – Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Ўзбекистон Стандартлар институтига берилмоқда.
Қолаверса, стандартлаштириш фаолиятини ташкил этиш тартиби аниқ белгиланмоқда. Жумладан, стандартлаштириш ишларини режалаштириш, стандартлар ахборот базасини яратиш ва юритиш, стандартларни қўллаш, нашр қилиш ва тарқатиш, Стандартлаштириш соҳасидаги низоларни ҳал қилиш тартиби, яъни Апелляция комиссиясини тузиш белгиланмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларига замонавий ва хорижий стандартлар асосида ўз маҳсулотлари ва товарларини ишлаб чиқишда ҳамда хизматлар кўрсатишда қулайликлар яратиб беради. Бу аҳолига сифатли маҳсулотлар ва хизматлар кўрсатишга хизмат қилади.
Шунингдек, Сенатнинг ўттиз учинчи ялпи мажлисида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига пенсия тайинлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда аҳолини, айниқса ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ижтимоий адолат принципларидан келиб чиқиб моддий қўллаб-қувватлаш, турмуш ҳамда ҳаёт даражасини оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 782 минг ёки аҳолининг
2,4 фоизини ногиронлиги бўлган шахс сифатида пенсия ва нафақа олувчилар (шундан 376 минг нафари I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар) ташкил этади.
Қонуннинг асосий мақсади – ижтимоий адолат тамойилидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг даромадини ошириш ҳамда меҳнатини муносиб қадрлаш, фуқароларнинг пенсия таъминоти бўйича қонун ҳужжатларини амалиётда қўллашда юзага келаётган турли хил ёндашувларнинг олдини олишдан иборат.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақти ёшга доир ёки боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланаётганида стажга қўшиб ҳисобланади. Бунда ногиронлик пенсияси олаётган фуқаро пенсия ёшига етганда ёки боқувчисини йўқотганда ногиронлик пенсиясини олишни давом эттирса (бошқа пенсия турига ўтмаса) I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақтини қўшиб ногиронлик пенсияси қайта ҳисобланмайди.
Қонунга мувофиқ 2023 йил 1 январдан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсия тайинланганидан кейинги камида 1 йиллик иш стажи ва иш ҳаки миқдоридан келиб чиқиб ҳар 2 йилда бир маротаба тайинланган пенсия қайта ҳисобланади ҳамда пенсия миқдорига қўшиб борилади.
Қонун қабул қилинса, 2023 йилда (1994–2022 йилларда иш стажига эга бўлган) 75 минг нафар I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсияларига ўртача 300 минг сўм қўшилади. Келгусида меҳнат фаолиятини олиб борганларнинг (бугунги кунда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг
43 минг нафари расман банд) пенсияси ҳар 2 йилда бир маротаба иш стажи ва ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб, қайта ҳисоблаб борилади.
Қонунга мувофиқ пенсия олиш ҳуқуқи белгиланган ўгай фарзандини 18 ёшгача камида 5 йил тарбиялаган ўгай ота-оналар болани тарбиялаган даврини аниқлаш тартиби, Ўзбекистон Республикаси олдида алоҳида хизматлари бўлган шахсларнинг пенсияларига пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 100 фоизидан 150 фоизгача миқдорида устамалар тўлаш тартиби Ҳукумат томонидан белгиланиши кўзда тутилмоқда.Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши амалиётда мавжуд турли хил ёндашувларнинг олдини олиш, коррупциоген факторларни келтириб чиқарувчи ҳолатларга барҳам бериш, ижтимоий адолат тамойилидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг даромадини оширишга хизмат қилади.
Шундан кейин ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда.
Жорий йилда “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Бунинг натижасида жамоат эҳтиёжлари учун компенсация эвазига ер участкаларини олиб қўйиш масалаларини тўғридан-тўғри амал қиладиган яхлит қонун билан тартибга солинмоқда.
Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми экани қайд этилди.
Қонун билан “Гаров тўғрисида”ги Қонунга ва Фуқаролик кодексига мулкий ҳуқуқларни мустаҳкамлашга қаратилган ўзгартишлар киритилмоқда.
Хусусан, “Гаров тўғрисида”ги Қонунда агар гаровга қўювчининг гаров нарсаси ҳисобланувчи мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи мол-мулкнинг жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида қонунда белгиланган асосларда ва тартибда бекор бўлса, гаровга қўювчига бошқа мол-мулк берилиши ёки тегишли товон тўланиши белгиланмоқда.
Шунингдек, мулк ҳуқуқи билан боғлиқ муносабатлар махсус қонун, яъни “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинаётганлиги инобатга олиниб, Фуқаролик кодексининг тегишли моддаларидаги “қонун ҳужжатлари” деган сўзлар “қонун” деган сўз билан алмаштирилмоқда.
Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши амалдаги қонунларда назарда тутилган қоидаларнинг турлича талқин қилинишининг олдини олишга ҳамда мулкка бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш ва мулкка доир муносабатларни фақат қонун доирасида тартибга солишга эришилади.
Шу билан бирга, мулкдорларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилиниши ва хусусий мулкнинг бут сақланишини таъминлаш учун қўшимча ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилади.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.