Давлатимиз раҳбари ташаббусига кўра маҳаллалардаги ижтимоий ҳимояга мухтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш янги босқичга кўтарилган.
Куни кеча Учқудуқ тумани ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 11 майдаги “Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 252-сонли қарорига асосан тумандаги ишсиз хотин-қизларга маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш маблағлари ҳисобидан субсидия асосида тикув машинкалари топширилди. Жами 90 млн. сўм маблағ эвазига тикув машинаси, дазмол ва дазмол доскасидан иборат жамламани 9 нафар опа-сингилларимиз қабул қилиб олди.
– Тикувчиликка жуда қизиққаним боис маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчисига субсидия асосида тикув машинаси олиш мақсадида ариза топширган эдим, – дейди “Абай” маҳалласидан Зебо Нормаматова. – Уч ой давомида ҳунар ўргандим. Бугун эса мутасаддилар томонидан менга субсидия асосида тикувчилик машинаси топширилди. Энди мен ҳам тикувчилик орқасидан оиламга моддий наф келтираман. Бундан жуда хурсандман.
Йил якунига қадар Учқудуқ туманида ижтимоий дафтарларга киритилган ва ишсиз хотин-қизларга белгиланган тартибда субсидия асосида тикув машиналари бериш давом этади.
Нафиса НАЖМИДДИНОВА,
туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи.